среда, 14 сентября 2016 г.

Шикор



Табиат қўйнига кимдир милтиқ билан, кимдир фотоаппарат билан овга чиқади. Аммо қалам билан шикор қилиш ҳам мароқли экан. Турли вақтлар блокнотимга туширган «ўлжа»ларимни диққатингизга ҳавола қилмоқчиман.
Сиз ҳўкизлар, мушуклар, хўрозлар ва ҳатто чумолиларнинг ҳам бир-бири билан жиққамушт бўлиб уришганини кўп марта кўргансиз, албатта. Ҳа, уларнинг ҳам чегара низолари, озуқа ва зурриёт жанжаллари йўқ эмас. Начора, тириклик…
Лекин бирор ҳайвон, қуш ёки ҳашарот шу курашда ўз наслидан бўлган рақибини зинҳор ўлдирмайди. Ожизи маълум бўлиши ва чекиниши билан кураш ҳам, низолар ҳам, кеклар ҳам барҳам топади.
Табиат шундай гуманистик инстинкт бахш этган уларга!

***

Ота-боболаримиз азалдан ўз фарзандларини бўталоғим, қўзичоғим, лочиним, арслоним… деб эркалашган. Жониворларни севсин, бераҳм, бешафқат бўлиб ўсмасин, деб шундай қилишган бўлса ажаб эмас.

***
Табиат ҳамиша танти эмас. Бутун умри давомида бол ташийдиган ишчи арига атиги бир ой, умр бўйи ари урчитишдан бўлак иш қилмайдиган эркак арига бир йил умр берган.

***
Мен отнинг йиғлаганини кўрганман…
Араб отига ўхшаш бағоят хушбичим, гўзал қорабайр эди у. Пойгада ҳаммадан олдинда, уфқларни кўзлаб учиб кетаётган пайтда оёғи қандайдир чуқурга кириб йиқилди. Биз етиб борганимизда, унинг қоп-қора кўзларидан ёш сизарди. Ҳар замонда киприкларини қисиб қўяр ва кўз ёшлари шашқатор бўлиб оқарди. Атрофга боқиши ҳам мунгли, аламли эди…
Жуда-жуда ачиниб кетганман ўшанда.

***
Ногаҳоний шамол нозиккина гулга ҳужум қилиб, уни нобуд бўлмаслик учун бор қуввати билан ўзини ҳимоя қилди, ёвуз куч қаршисида дириллаб нажот излади. Аммо бардоши узоққа етмади, ваҳший куч уни юлқиб ташлади.
Лекин шунга қарамай шамол қанотида учиб кетаётган гул парвозида қандайдир тантана бор эди.
У ўз ўрнида мурғақ мевасини қолдириб кетганди.

***

Жониворларнинг ўз фарзандига бўлган чексиз меҳр-садоқатини бир неча бор кузатиб, уларнинг фидойилиги, фавқулодда жасоратидан ҳайратда қолганман.
Маълумки, калхат паррандалар билан озиқланади, ўрни келса товуққа ҳам ташланади. Аммо она товуқ жонини гаровга қўйиб, ўзидан бир неча бор кучли рақибга ҳужум қилди. Калхат ҳам бу ногаҳоний шиддат ва жасоратдан чўчиб орқасига чекинди.
Бир куни зах ва ташландиқ ертўлада кўршапалакнинг ҳали темирқанот бўлмаган боласига кўзим тушди. Кўршапалак мени кўриб безовталанди, болалари атрофида айланиб чирқиллай бошлади. Мен полопонларга янада яқинлашиб борганимда мўъжиза рўй берди: кўршапалак болалари қаршисига қўниб, ўз тилида вижирлади, уни тушунган полопонлар дарҳол она елкасига мингашиб олдилар. У тўртала боласини опичлаганча ертўладан учиб чиқиб кетди.
Табиат ҳатто ҳашаротларни ҳам шундай садоқатдан маҳрум этмаган. Сиз чумолининг инини сув босганда ёки бошқа сабаб билан ин бузилганда, у энг аввал тариқча келадиган тухумларини олиб қочганини кўп марта кўрган бўлсангиз керак. Арилар, ўргимчаклар ҳам хавф-хатар юз берганда жонини гаровга қўйиб бўлса ҳам, энг аввал болаларини ҳимоя қилади.
Насл сақлаш инстинктининг қудрати шунга даъват этади уларни!
Нусрат РАҲМАТОВ.
 «Ўзбекистон адабиёти ва санъати».
1981 й., 30 октябрь

Комментариев нет:

Отправить комментарий