Кўпчилигимиз бултур 16-23 сентябрь
кунлари Краснодарда ўтказилган мамлакат чавандозларининг Бутуниттифоқ
мусобақаси натижаларидан бехабармиз. Начора, биз от спортидан кўра футбол,
хоккейга кўпроқ қизиқамиз, уларни ҳаяжон билан кузатамиз. Футболчиларимиз ва
хоккейчиларимизни олдингиз сафда кўриш иштиёқи бизга тинчлик бермайди.
Ваҳоланки, халқимиз от спортини жуда яхши кўради. Бу анъанавий курашда
инсоннинг, азалий йўлдоши бўлмиш отнинг учқурлиги, мускулларининг бақувватлиги
билан чавандознинг эпчиллиги, зийраклиги уйғун тарзда намоён бўлади. Ана шу
ўйинда инсон ва унинг измидаги жониворнинг бир-бирига меҳрибонлиги, ишончи
барча жозибаси билан акс этади.
Краснодарда ўтказилган мусобақада
бизнинг қорабайирларимиз РСФСР ва Украина дулдулларидан кейин учинчи ўринни
эгаллади. Яхши-ку, деярсиз, учинчи ўрин бўлса?! Футболчиларимиз билан
хоккейчиларимиз ишончни оқламай, мухлисларни ранжитаётган бир маҳалда безабон
жониворлар республикамиз шуҳратини улуғлабди-ку, дерсиз. Йўқ, ундай эмас!
Бизнинг учқур арғумоқларимиз биринчи ўринни забт этиши мумкин эди! Чунки
азалдан шундай бўлиб келаётганди. Назаримда, уларнинг учинчи ўринда қолишларига
андак эътиборсизлигимиз сабаб бўлди.
Темир йўл транспорти ходимларининг айби билан
отларимиз мусобақага кечикиб борди. Улар чарчаган, толиққан эди, бегона муҳитга
мослашиб олишлари учун бирор ҳафта кутиш керак эди. Лекин улар ўша куннинг
ўзидаёқ мусобақага қўшилишди, оқибатда дастлабки натижалар яхши бўлмади.
Кўпкарида қорабайирларимиз улоқни ҳеч
кимга беришмади. Қиз қувмоқ мусобақасида чавандозларимиз курашда ғолиблик
қилаётган рус, украин, қозоқ қизларига осонлик билан етиб олдилар. Лекин
бизнинг қизларимизни ҳеч ким ўполмади. Туёқларидан ўт чақнайдиган
қорабайирларимиз бундан номус қилгандай, уларни шиддат билан учириб кетишди.
Оломон пойга ҳам ҳаяжонли бўлди. Ғиркўк
лақабли отимиз тўдадан юлқиниб чиқди ва бор кучи билан маррага қараб чопди.
Чавандозлар отларига устма-уст қамчи босишар, аммо уфқларни кўзлаб кетаётган
Ғиркўкка яқинлашиб бўлмас, аксинча, орадаги масофа дақиқа сайин йироқлашарди.
Лекин, бахтга қарши, судья Ғиркўкнинг
ғалабасини инобатга олмади. Сабаби, унинг чавандози йўлда йиқилиб қолган ва маррага
отнинг ёлғиз ўзи етиб келганди.
Шундай қилиб, умумий ҳисоб бўйича учинчи
ўринга эришилди.
Муқаддимани Краснодардаги мусобақадан
бошлашим бежиз эмас. Йўқ, бу билан мен республикамизда от спортини
ривожлантириш муаммосини ўртага ташламоқчи эмасман. Ҳатто қорабайир отларини
кўпайтириш масаласини кўтариш ҳам ҳозир ўринсиздай бўлиб туюлади. Чунки ҳозирги
кундаги энг муҳим проблема мавжуд отлар миқдорини сақлаб қолишдир.
Бундан ташвишга тушмаслик мумкин эмас.
Мен қорабайир отларининг аччиқ қисмати хусусида бундан ўн йил муқаддам ҳам
ёзган эдим. Лекин ўтган ана шу давр мобайнида отларимиз тағин 29 минг бошга
камайди. Салкам ўттиз минг-а! Ўзбекистонимизда жами бўлиб, 70 минг бош от
қолди, холос. Бу икки рақамни таққослаш, улар хусусида кенгроқ мушоҳада юритиш
лозим. Аҳвол шу тариқа давом этадиган бўлса, яқин йигирма йилда бу отлардан
батамом айриламиз.
Наҳотки, ота-боболаримиз минг йиллар
давомида авлоддан-авлодга мерос қилиб келаётган бебао бир бойликни қўлдан бериб
қўйсак?
Наҳотки, келажак авлодларимиз қорабайир
отларини фақат китоблар ва кинолардагина кўрса?!
Ҳа, юқорида келтирилган икки рақам фақат
мутасадди кишиларнигина эмас, ҳаммамизни ташвишлантирмоғи керак. Авваллари
биргина С.М.Будённий номидаги Жиззах от заводининг ўзида70 мингга яқин от
бўларди. Улардан қарийб ярми Улуғ Ватан урушининг биринчи якунлариданоқ фронтга
жўнатилди. Мамлакатимиз сарҳадларида, ҳаёт-мамот кураши бораётган жангларда
нобуд бўлишди жониворлар!
Бу ерда қолганларими? Хўжаликлар кўплаб
автомашина ва тракторлар ола бошладилар. Улар биринчи навбатда
қорабайирларимизни кушхоналарга элта бошладилар. Ҳамма нарсани иқтисодий тарози
билан ўлчашга ўтдик. Техника иқтисодий жиҳатдан арзон эди ўшанда. Отлар ўз-ўзидан
камайиб кетаверди.
Ҳозир аксарият отчилик хўжаликларида
аҳвол жуда оғир. Министрлик бу соҳага бир йилда ҳаммаси бўлиб 600 тонна ем
ажратяпти, холос. Буни 70 минг бош отга тақсимласангиз, атиги 8,5 килограммдан
тегади. Ваҳоланки, бу миқдор отнинг бир ҳафталик рационига ҳам етмайди! Боз
устига ажратилаётган омухта емнинг тақсимланишида ҳам катта тафовут бор. Мазкур
озуқанинг 400 тоннаси Тошкент ипподромида боқиладиган 300 бош атрофидаги Англия
отларига берилади.
Тўғри, ем ҳам ошиб-тошиб ётгани йўқ. Бир ёқда
«Госптицепром»даги паррандалар яна бир томонда «Живпром»даги қорамоллар чирқиллаб
турганда отнинг кишнаши қулоққа киравермайди. Ҳар ҳолда отни табиат анча
бардошли қилиб яратган.
Лекин сабру бардошнинг ҳам чегараси
бор-ку! Модомики, министрлик озуқа ажратиш имконига эга эмас экан, от заводлари
ва хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатсин. Улар ёрдамга жуда ҳам муҳтож. Биргина
Жиззах от заводининг яйловлари 1957 йилдан бери 22 минг гектарга қисқарди. 22
минг гектарга-я! Ваҳоланки, от учун энг аввал сарҳадсиз яйловлар керак! Бу ҳам
етмагандек, имкониятлар заррача оширилмаган ҳолда, от заводига чўчқа боқиш
мажбурияти ҳам юкланди. Хўжалик етиштирилган ғаллани давлатга топширишга
мажбур.
Завод 400 тонна ғалла топшириши керак.
Ортгани отларга қолади. Лекин орттириш жуда қийин. Қорабайир отларини йил сайин
кўпайтириб, хўжаликларга айғирлар сотишга мўлжалланган Ўрта Осиёдаги энг
қадимий бу заводда атиги 1100 бош от қолган. Булар орасида биялар 312 бош.
Хўжаликда қорамол, қўй ҳам бор.
Қолган от заводлари ва совхозларида ҳам
аҳвол бундан яхши эмас. Лекин шундай хўжалик раҳбарлари борки, улар ҳар қанча
қийинчиликка қарамай, бу соҳани ривожлантиришга, отчилигимиз шуҳратини
кўтаришга муваффақ бўлмоқдалар. Уларнинг тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш айни
муддао.
Бундан тўрт-беш йил муқаддам касб
тақозоси билан Томди районида бўлганимда, бу ерда йилқичилик ва туячилик
совхози ташкил эттилганини кўриб жуда қувондим. Районнинг бошқа совхозларида
ҳам отлар йил сайин кўпайтирилаётган экан. Тўғри, Томдида от – зарурат.
Қиш-қировли кунларда кўчма барханлар орасида бемалол юрадиган бошқа транспорт
воситасини топиш қийин. Ёз жазирамасида-чи? Ёзда унинг шифобахш қимизи чўпон
учун жон роҳати.
Жиззах район Навоий номидаги колхоз эса
асосан пахтачилик бўйича ихтисослашган. Аммо колхознинг йилқичиликни тараққий
эттиришдаги ютуқлари айрим отчиликка ихтисослаштирилган совхозларга ҳам ибрат
бўларлидир. Колхозда отлар йил сайин кўпайиб боряпти. Ҳозир хўжаликда 400 бош
от бор. (Айтайлик, Хоразм областида жаъми бўлиб, 700 бош от қолганлигини
ҳисобга оладиган бўлсак, бу рақамнинг салмоғи янада аниқроқ намоён бўлади).
Навоий номидаги колхоз қорабайир айғирларини сақлаб қолгани ва кўпайтиргани
учун икки марта, жумладан 1982 йили ҳам Бутуниттифоқ халқ хўжалик ютуқлари
кўргазмасининг мукофотига сазовор бўлди.
Бу колхозда ёш чавандозлар мактаби бор.
Улар ҳар йили область ва республика мусобақаларида ғолибликни қўлдан
бермаяптилар. Хўжаликда бригада бошлиқлари, агрономлар, механиклар мотоцикл ёки
машинада эмас, отда дала айланишади.
Сабзавотчилик, боғдорчилик, полизчилик,
тамакичилик билан шуғулланадиган колхоз, совхозыларда отлар бажарадиган юмушлар
камайган эмас. Нарядсиз системага ўтиш, оилавий бригадалар ташкил этиш отнинг
қадрини оширди. Самарқанд, Калинин, Тошкент районларида отлар тағин кичик
майдонларга ишлов бераётганлиги, енгилроқ юкларни ташиётганининг гувои
бўляпмиз. Трактор ва автомобиль ёқилғиси танқис бўлгандан кейин фермалар, ўрмон
хўжаликларида ҳам отнинг хизматига эҳтиёж ўсиб бормоқда.
Маънавий томонини қўйиб эндиликда
иқтисодий тарозига солиб қаралса ҳам от билан бажариладиган юмуш арзонга
тушаётганини кўриш мумкин. Масалан, бирор гектар майдонга эга бўлган оилавий
бригада учун битта от бўлса, трактор топиб келиш, юкни қабул пунктига олиб
бориш ташвишлари ва харажатларидан батамом қутилиш мумкин.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети
ва Ўзбекистон ССР Миристрлар Советининг 1978 йилги махсус қароридан кейин от
заводлари ва хўжаликларига эътибор бирмунча ошди. Улар учун қўшимча
суғориладиган ерлар, яйловлар ҳам ажратилди. Натижада бир қатор областлар отлар
миқдорини кўпайтиришга эришдилар.
Областларимизда бу муҳим юмуш билан
шуғулланиши керак бўлган масъул ташкилотлар йўқ. Эндиликда аравасозлар ва
тақачилар тайёрлаш жуда ҳам зарур. Лекин бу юмушни ким ўз зиммасига оилади?
Балки ипподромлар ташаббус кўрсатишар, балки ҳунар-техника билим юртлари ана шу
эзгу ишга қўл урар.
Республикамизда от спорти мактаблари
ташкил этилаётганлиги қувончли гап. Ҳозир уларнинг сони 27 тага етди. Бу
мактаблар от заводлари ва хўжаликларидан чопқир ва ҳушбичим қорабайирлар
қатнашяптилар, отга меҳр кўяптилар. Тақачилик, эгар-жабдуқ тайёрлаш, улардан
фойдаланиш ишларина ана шу ўсмирларни жалб қилиш лозимдир балки. Бундай
мактабларни ҳар бир районда очиш зарур, деб ўйлаймиз. Республикамиз шуҳратини
кўтарадиган ёш чавандозлар аслида худди шундай мактабларда етишиб чиқади.
Энди қимиз тайёрлаш масаласида икки оғиз
сўз. Бу йил республикамиз бўйича 320 тонна қимиз ишлаб чиқилди, холос. Ана шу
миқдор Ўзбекистонда тайёрланадиган асалдан олти марта кам! Қишлоқ хўжалик
министрлигидаги айрим мутасадди ўртоқларнинг айби билан бу борадаги план атиги
32 пронцент қилиб бажарилди.
Республикамизнинг ҳамма шаҳарларида
дўконлар очиш пайти келди. Бу ишни шундай ташкил этиш керакки, шаҳарликлар
сифатли қимиздан баҳраманд бўлсин, хўжаликлар ҳам бу соҳадан катта даромад
олсин!
Қорабайирлар! Биз уларни сақлаб қолиш ва
келажак авлодларга етказишга масъулмиз. Бунинг учун эса мазкур муаммоларни
амалий жиҳатдан ҳал қилишни кечиктириб бўлмайдиган вазифа деб биламиз!
Редакциядан:
Автор қорабайир отларининг тақдиридан ташвишланаётганлиги бежиз эмас, албатта.
Хўжалик аҳамиятидан ташқари от табиатнинг бебаҳо бойлиги эканлигини ҳам
унутмаслигимиз керак.
Редакция
мазкур мақола юзасидан хўжалик раҳбарлари, мутахассислари ва бутун
газетхонларнинг фикрини билишни истайди. Хатларингизни кутамиз!
Нусрат
РАҲМАТОВ
«Ўзбекистон
адабиёти ва санъати»
1985
й., 11 январь.
Комментариев нет:
Отправить комментарий