Ўз замонасининг забардаст сиймоси,
нақшбандия таълимотининг ашраф арбоби, беназир файласуф Хожа Аҳрори Вали (Хожа
Убайдулло Шоший) таваллуд топган кунга 600 йил тўлмоқда. Шу муносабат билан
Вазирлар Маҳкамаси махсус қарор қабул қилиб, масъуллар олдига аллома юбилейини
муносиб нишонлаш, унинг маънавий меросини тарғиб қилиш вазифаларини қўйди.
Хўш, Хожа Аҳрори Вали ким эди? Ҳаётлиги
ва вафотидан сўнг бу табаррук зот ҳақидаги гоҳида афрўз, гоҳида нописанд
гапларнинг боиси нимада?Мирзо Улуғбек ва унинг ўғли Абдулатиф билан ҳазратнинг
муносабатлари қай даражада бўлган? Бу соҳиби даврондан мерос бўлиб қолган
маънавий бойликлар нималардан иборат? Ўзбекистон ФА академиги Ботурхон
Валихўжаев билан публицист-ёзувчи Нусрат Раҳматнинг суҳбалари шу хусусида…
–
Домла, сиз истиқлолимиз эълон қилинишидан анча олдин Хожа Аҳрори Валига бахшида
ўзбек ва тожик тилларида китоб ёзиб қўйганингиздан хабардорман…
– Балли! Ҳар ҳолда 80-йилларнинг
бошларида демократия жумраклари андак очилгандай бўлди, озодлик эпкинлари эса
бошлади: буюк боболаримиз ҳақида қимтинмай гапирадиган бўлдик. Лекин, шунга
қарамай, китобни ёзишимдан уни нашр этишгача бўлган вақт анчайин чўзилганини
таъкидлаб ўтишим керак. Асарнинг тожик тилидагисини илк бор «Овози Самарқанд»
газетасининг муҳаррири қўлга олди ҳамда 1990 йилнинг охирларида тўлиғича нашр
этди. Ундан кейин «Овози тожик», орадан кўп ўтмай, ўзбекчасини «Мулоқот»
журнали қисман эълон қилди. 1992-1993 йилларда иккала тилдаги рисола ҳам
нашрдан чиқди.
–
Суҳбатни эътибор талаб жойдан – Мирзо Улуғбек ҳамда Хожа Аҳрори Вали
муносабатларидан бошласак. Мирзо Улуғбек ўлимига Хожа Убайдулло фатво
берганлиги ҳақидаги гапда, наҳотки, ҳеч қанақа асос бўлмаса? Сиз билан суҳбат
қуришдан олдин бу борадаги адабиётларни варақлаб чиқиб, амин бўлдимки, ўша – XV асрлардаёқ бу шариф инсонни ёқтирмаганлар анчагина
бўлган экан. Жумладан, Шайх Хожа Мавлоно сингари ўз замонасининг салоҳиятли
кишилари ҳам Хожа Аҳрори Вали ҳақида нохуш гапларни тарқатган экан.
Ўзингиз
бағоят қадрлайдиган – ўзбек ва тожиқ мумтоз адабиётининг зукко билимдони
Бартольд бобомизни «маданиятга қарши курашувчи», деб атайди. Абдурауф Фитрат
асарларидан ҳам шундай нохуш кафиятни илғаб олиш мумкин. Энди бу борадаги
марксистик қарашлар ҳақида гапирмаёқ қўяй…
– Тарихий шахсларнинг тақдири ҳамиша
зиддиятли, маҳзун бўлган. Гоҳида шахсий манфаатлар, иқтисодий-ижтимоий
зилзилалар, нохуш муҳит ёки ғараз сабаб бўлиб, ғийбатлар тафти кўтарилиб турган.
Лекин Хожа Аҳрори Валининг порсолиги ва эминлигини чинакамига ўрганмоқчи бўлган
киши унинг замондоши Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-форфин»; Абдураҳмон Жомий,
Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини ўқиши; Вамбери, Вяткин,
Болдирев сингари йирик шарқшунос олимларнинг бу буюк зотга
эҳтиромларидан хабардор бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Хожа Убайдулло Самарқандга биринчи 1427
йили (Улуғбек ҳукмронлиги даврида) ўқишга келади, аниқроғи, Қутбиддин Садр
мадрасасида таҳсил ола бошлайди. Аммо кўп ўтмай, касалланиб (тиф бўлиб) қолади.
Андак оёққа тургач, Хиротга (Шоҳруҳ Мирзо ҳукмронлиги даврида) кетиб қолади. Бу
ерда тахминан 5 йил яшагач, она шаҳри Тошкентга қайтади ва узоқ муддат шу ерда
яшайди. У Самарқандга Улуғбек ва Абдулатиф ўлимидан кейин келади. Шу асослардан
кўриниб турибдики, унинг Улуғбек ўлимига фатво бериши мутлақо мантиққа тўғри
келмайди.
–
Аслида, тарихни ўрганишнинг ўзи кифоя эмас, уни ҳимоя қилишни ҳам билиш керак.
Хожа Аҳрори Улуғбек ўлимидан сўнг унинг расадхонасини вайрон қилишга кўрсатма
берган, дейишади. Марҳум академигимиз Воҳид Абдулло билан бунинг туҳмат
эканлигини исботлаган эдингизлар. Дарҳақиқат, Улуғбек вафотидан 20 йил ўтиб,
Самарқандга келган Алишер Навоий:
«Расадким
боғламиш зеби жаҳондур,
Жаҳон
ичра яна бир осмондур!..»
дейишининг
ўзи ҳам унинг бузилмаганидан далолатдир.
– Бу масалада кўпроқ Муҳаммад Қозининг
китобига таяниш зарурга ўхшайди. Бу порсо инсон бир умр ҳазрат билан бирга
бўлган, қабри ҳам айнан Хожа Аҳрор даҳмасидадир.
–
Келинг энди, Хожа Аҳрори Валининг беҳад бойлиги ҳақидаги афсона ва ҳақиқат
чегарасини белгилашга ҳаракат қилайлик. Бир ривоятда нақл қилинишича,
аллақандай йўловчи кета туриб, чўлда мол подасини кўриб қолибди. «Бу кимнинг
моли», сўрабди у. «Хожа Аҳрори Валиники» дейишибди. Нарироқ бориб, яйловларни
тўлдириб юрган қўй-қўзига кўзи тушибди. «Бу кимники», сўрабди яна. «Хожа Аҳрори
Валиники», дейишибди. Учинчи бор отлар сурувини кўриб қолибди. Бу гал ҳам ўша
жавобни олгач, тоқати тоқ бўлиб, эшагидан тушибди-ю: «Ол, шу эшагим ҳам Хожа
Аҳрорники бўла қолсин», деган экан. Аксариятимизнинг руҳиятимизда бой бўлиш
илинжи бор, аммо
қосирлигимиз шуки, бойларни ёмон кўрамиз. Большевизм даврида бу иллатимиз тағин
тафт олди; боиси замон шуни талаб этарди.
– Хожа Аҳрори Валининг мол-мулки
беҳадлиги ҳақидаги гаплар беҳуда эмас. Ул зоти бобаракотнинг Тошкент,
Самарқанд, Бухоро мавзеларида катта ерлари, мол-мулклари бўлганлиги рост. Худди
ана шунинг учун ҳам эшоннинг замондоши бўлмиш шайх Хожа Мавлоно, кейинчалик
чоризм вакиллари, большевиклар ҳазратга таъна тошлрини отдилар. Лекин мазкур
бойликларни не мақсадларда сарфлагани билан қизиқмадилар, аниқроғи, буни
истамадилар. Биргина мисол: Умаршайх Мирзо Шош вилояти аҳолисидан 250 минг
динор солиқ талаб қилганида, Хожа Убайдулло буни ортиғи билан тўлаб
юборганликлари ҳақида ҳужжатлар бор. Айтингчи, қачон, қайси бой бутун бир
вилоятнинг солиғини гарданига олган? Бу ўринда тағин бир нуқтага эътибор
қаратишга тўғри келади: кўпгина деҳқонлар ўз ерларини Хожа Аҳрори Валига назр
қилиб беришган. Боиси шундаки, Убайдулло ҳазратлари
номидаги ердан подшолик нисбатан кам солиқ олган. Ер ва мулк расмий жиҳатдан бу
бобаракотнинг номларида бўлса ҳамки, амалда ўша деҳқоннинг ўзи тирикчилик
қилаверган. Булар ҳаммаси эмас: Хожа Аҳрори Вали ўзлари қурдирган масжид,
мадраса, хонақоҳларни таъмирлаш билан бирга ундаги барча мударрис,
муллаваччаларни моддий қўллаш ниятида кўпгина ер, мол-мулкларни вақф қилиб
берганлар.
–
«Даракчи»нинг аксар ўқувчилари – ёшлар. Улар «вақф» нималигини тушунмасликлари
мумкин…
– Вақф, бу – ер, мол-мулкни маълум муддатда
ўзгалар ихтиёрига (ҳеч қанақа тамасиз) бериб қўйиш. Ҳазратнинг ўзлари дейдилар:
«…қурдирган иморатларда истиқомат қилувчиларни таъминлаш учун 254 вақф қилинди.
Бундан муддао шуки, биз ҳаёт эканмиз, биродарларимиз тирикчилик ташвишини
тортмасинлар».
–
Домла, ҳазратнинг темурийзодалар ўртасидаги низолар олдини олиш, уларни
яраштириш борасидаги хизматлари ҳақида гапирсангиз. Назаримда, ҳар қандай
зиддиятни қуролсиз ҳал қилиш мумкинлигини бу ашраф инсондан ўрганиш керакка
ўхшайди.
– Балли! Келинг, аниқ асосларга
таянайлик. Темурий шаҳзодалардан Умаршайх Мирзо ҳамда Султон Аҳмад Мирзо
орасида, Шоҳруҳия яқинидаги муқаррар жангни тўхтатиш тафсилотини олайлик. Юз
минглаб лашкарлар бир-бирига беҳудуд интиқом ила юзма-юз турганда, Хожа Аҳрори
Вали етиб борадилар ва ўртага оқ чодир тиклашни буюрадилар. Ҳар икки томондан
лашкарбошилар, беклар таклиф қилинади. Кўп ўтмай улар чодирдан сулҳга имзо
чекиб чиқадилар. Тағин бир тарих: 1487 йили Султон Аҳмад Мирзо Тошкент томон
лашкар тортади. Хожа Убайдулло уни йўдан қайтармоқчи бўлганда, рад этади. Лекин
орадан кўп ўтмай, мағлубиятга учрайди ва ҳазратнинг олдига келиб, тавба-тазарру
қилади.
–
Домла, сиз Хожа Аҳрори Валининг Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийга ёзган
мактубларидан айримларини таржима қилганингиздан хабардорман. Хожа Убайдулло Шоший ўткир ва ҳассос қалам соҳиби
эканликларини ҳам биламиз ва «Фикрат ул-орифин». «Волидия» сингари
асарлари 600 йиллик юбилейлари муносабати билан ўзбекчага таржима қилиниб, чоп
этилар, деган зоҳирий умидимиз ҳам бор…
– Айтганингиз келсин! Мен бу асарлар
ҳақида ҳаяжонланмай гапиролмайман! Биргина «Волидия»ни олинг. Заҳириддин Бобур
бу асарни тожикчадан ўзбек тилига таржима қилиб, аниқроғи, насрий асарни 243
байтлик манзумага айлантирганлар. Айтинг, биргина шу мисолнинг ўзи ҳам Хожа
Аҳрори Валининг беназир аллома эканликларидан далолат эмасми?! Ёки тағин
асослар керакми?
–
Йўқ, керак эмас! Юринг домла бу шариф ва покиза бобомизнинг қабрларини тағин
бир бор зиёрат қилиб, Қуръон тиловат этамиз!
Нусрат
РАҲМАТОВ.
«Даракчи».
03.06.2004
Комментариев нет:
Отправить комментарий