– Қурхони каримда Аллоҳ буюради: «Эй Одам, сиз
жуфтингиз билан жаннатда маскан тутинг» Бугун эса ҳаётини шу доруфанода хам
жаннатга айлантира олган оилапарварлар ҳақида фикр юритишингизни истардим. Ҳар
ҳолда, сизнинг мънавий ҳаққингиз бор: Рухсора янгамиз билан 36 йилдан бери
тотув яшаяпсизлар. Фарзандлар, набиралар дегандай…
– Бу хусусда баландроқ овозда гапириш, рўзғорини боқий байрамга
айлантира олган жуфти ҳалолларни кўплаб ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш зарур деб
биламан. Оила учун курашмоқ керак. Чунки барбод бўлган ҳар бир никоҳ ўша
эр-хотин учун ҳам, жамият учун ҳам катта йўқотишдир. «Оила қасос олади» деган
ҳикматда катта мазмун бор.
– «Фарзандга ўгитлар» деб номланган китобингизнинг
сўнгги, бешинчи нашрида оила ва уни эъзозлаш масаласига анчагина ўрин
ажратибсиз. Бир парча ўқишга ижозат этсангиз.
«Қизим! Бизнинг гоҳ турғун, гоҳ сершиддат замонамизда келин билан
куёвнинг ажралиб кетиши бот-бот рўй бериб турадиган нохуш ҳол: бунинг сабаблари
бисёр, лекин энг аввалгиси оила деб аталадиган муқаддас уюшмани сақлаб қолиш
учун курашмаслик, унга беписанд қарашдир. Агар билсанг, бева бўлиб қолиш,
фарзандлар дунёга келган бўлса, уларни тирик етиб қолдириш – гуноҳи азим».
– Ҳа, бир вақтлар рус шоири Евгений Евтушенконинг икки қатор шеърини
таржима қилгандим:
Инсонга
жуда кўп нарса керакмас,
Уйда
уни кимдир кутиб турса бас!
Оила ҳақида бунданда лўнда ва самимий
қилиб ёзиш мушкул. Ҳар қандай эркак ёки аёл
кексайганда ёлғиз қолиб кетиш ваҳимасидан хавотир тортмоғи зарур, деб биламан. Мавлоно Румий ёзадилар:
Бишнав аз най чун ҳикоят мекунанд,
Аж
жудоиҳо шикоят мекунад.
Жудоликлардан Яратганнинг ўзи асрасин!
–
Нусрат ака, бир нохуш ҳолда эътибор бераяпсизми: сўнгги пайтлар айрим эстрада
хонандаларимиз эридан ажралганини аллақандай фахр билан ёзадиган бўлибди.
Хонандаларимиздан бири ўтган йил газетага бир неча эрга тегиб, уларнинг
бирортасидан ёлчимаганини хижолат чекмай ёзганди. Инсон ўз ярасини яшириб юриши
керак эмасми?! Айниқса мусулмончиликда…
– Бу ҳақда фикрларимни ёзган эдим.
Такрорласам, ортиқчалик қилмас. «Буни ҳаёт дебдилар» асаримни ёзиш жараёнида
кексалар уйи ҳаётини акс эттиришга тўғри келиб қолди ва бир неча бор у ердаги
онахон, отахонларнинг сардафтарларини варақладим ҳамда инсон қисматининг
нақадар ранго-ранг, маҳзун бўлишига имон келтирдим. Тағин: ана шу – одамлари
тинглашдан кўра гапиришни хуш кўрадиган даргоҳда русларнинг: «Кексалик –
бахтиёрлик эмас», деган нақли бот-бот ёдимга тушаверди. Боиси – бу ерда тақдир
эзиб, майиб қилиб ташлаган бандалар кўпчилик эди.
«Конферансе номимни тилга олиши билан
зал қарсакдан ёрилгудай бўлиб кетарди, деди мен билан суҳбатда, ранги синиққина
онахон. (Уни бу ерда аллақандай кесатиш билан Дездемона, дейишаркан).
Спектаклдан кейин ҳам, давом этди у, ўринларидан туриб, алламаҳалгача қарсак
чалишар ва мен сарафроз бир дилхушлик ила уларга таъзим бажо келтирардим. Ўлгур
эримдан ажралган кунларим эди. Гастролда тўққиз ойлик ўғилчам ўлиб қолди: мен
унинг устига оқ чойшаб ёпиб қўйдим-у, ролимни боплаб ижро этдим. Бу жасоратимни
газеталарга роса ёзишди ва менга орден беришди…»
Шу ерга келганда, қўшни каравотдаги аёл
аллақандай нописандлик, бетгачопарлик билан ўзбекчалаб, русчалаб гапга аралашиб
қолди: «Худо шунинг учун ҳам сани наказат қилди».
Мен ажабланиб, хижолатомуз суҳбатдошимга
ўгирилдим. «Тўғри айтаяпти, тан олди у, касал болани совуқда гастролга олиб
бормаганимда тирик қолармиди… Мени олқишларга кўмган томошабин ҳам, кўкларга
кўтариб мақтаган газетачилар ҳам бугун йўқ. Булар майликуя: эрта ўлиб қолсам,
бел боғлаб, дилхун бўлиб йиғлайдиган жигаргўшам ҳам…
У ёғини айтолмади. Сукунатдан
фойдаланиб, боя суҳбатга қўшилган аёл ўзи ҳақида пайдар-пай гапириб кетди. Агар
айтганлари рост бўлса, иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, фашистларнинг додини
берган, шунинг учун имтиёз беришган: бу ерда икки кишилик хонага жойлаштиришган экан ва ҳоказо. Шу пайт фаррош аёлнинг дағдағали, тўнгу такаббур овози
эшитилди: «Бирортанг хонада сигаретми, носми чексанг… (у беҳаё гапни қўшиб
қўйди). Ҳамма хавотирона жимиди. «Фашистларнинг додини берган» аёл ҳадик
тортиб, чўкиб кетгандай бўлди. Мен ўзимни ноўнғай
сезиб чиқиб кетдим.
Орадан бирор йил ўтгач, Наврўз байрами
арафасида – ҳалиги аёлдан хабар олиш ниятида майда-чуйда харид қилиб,
пештоқига: «Хонаи ғарибон» деб ёзилган «Дамас»га миндим. Таниш эшикни секин
қоқиб, ичкари кирсам, онахоннинг каравотида бегона рус аёли ётибди. Ўзини тётя
Флора, деб таништирган кампир суҳбатдошга
интиқ бўлиб ўтирган экан, бирдан гапга киришиб кетди. У шанғиллаб, танаффуссиз
гапиргани сабаб фикрини тўлиқ уқиб олиш қийин эди.
«Дездемонадан фақат мана шу қолди», деди
у эски латтага ўралган орденни кўрсатиб. Тириклигида хат ёздириб олган эдим:
Ўлсам ўрнимни Флорага беринглар», деб: аввал беш кишилик хонада ётардим. Ёмон
одам эди, бош врач қабристонгача боришимизга рухсат бермади, фақат саккизта
эркакка ижозат бўлди…»
У ёғини эшитгим келмади.
«Бекажон».
10.11.2005
Комментариев нет:
Отправить комментарий