среда, 14 сентября 2016 г.

Муносабат



                          Нусрат РАҲМАТга хат

Ассалому алайкум, Нусрат ака!
Биламан, мени танимайсиз. Лекин мен сизни… ғойибона танийман-биламан. Чунки мен тенгилар ва ҳатто мендан катталар ҳам сизнинг, қолаверса, сиз билан елкадош бўлган ўнлаб, юзлаб УСТОЗ, деган улуғ номга муносиб журналист-мухбирларнинг ижодини кузатиб шу мактаб остонасидан ҳатлаганмиз.
Тўғриси, сизга икки йилдан бери шу хатни ёзаман. Ҳеч кўнглим тўлмайди. Гўёки, сиз ўқиганингиз заҳоти кўз қирингизни бир ташлаб «бу ҳаваскор укам шу икки энлик хатини почта орқали юборса ҳам бўларкан-ку, нима қиларди газет саҳифасини банд қилиб» деяётгандек туюлаверди. Охири… бўлмади. Касб байрамимиз баҳонасида йўллаяпман. Бу мактубни ёзишимга туртки бўлган бир нечта сабаблар бор.

Энг аввало, бундан кам эмас, кўп эмас, ўн беш йил бурун сизнинг «Қўлни беринг, фермер!» деб номланган мақолангизни ўқиб ҳайратга тушганман. Негаки, у маҳаллари юртимиз озод бўлмаган, аксинча, ўзимиз ҳам, эркимиз ҳам, ҳатто қаламимиз ҳам ўзга тузум етовида эди. Бироқ, шундай пайтларда ҳам сиз океан ортидан келган бр фермернинг мамлакатимизга қилган сафари баҳонасида ўша пайтларда бизнинг деҳқонларимиз тортаётган азоб-уқубатлар ва энди узилай-узилай деб турган тушовлар ҳақида дадиллик билан шахсий кузатувларингизни эълон қилгандингиз. Айниқса, ҳалиги фермер жанобларининг бизнинг адоқсиз далаларимиздаги хўжасизликларни ўз кўзи билан кўриб, билдирган муносабатлари орқали ўзимизнинг тил билан айтганда, «коса тагида ним коса» қабилида усталик билан эскириб кетган бошқарув усули ва деҳқон шўрликнинг бошида чақилаётган миллионлаб ёнғоқларнинг зарбаларини бирма-бир шарҳлаб берган эдингиз. Мана, орадан ўн йиллар ўтди. Ватанимиз озод бўлди, ҳурлик насимлари эса бошлади. Сиз тақдирига куюнган деҳқоннинг, ўзбек миллий адабиётининг машҳур вакили раҳматлик Тоғай Мурод таъири билан айтганда, «деҳқон қуллар»нинг елкасигаям офтоб тегди. Ота-бувасининг тушига кирмаган кунлар келди. Ўз тупроғига эгалик ҳуқуқини қўлга киритди, ерли бойвачча бўлди, ниҳоят катта-катта фермерлар пайдо бўлди.
Энди четдан келган меҳмонлар ҳам ҳайратга тушадиган ўзгаришлар рўй бера бошлади. Хўш, журналист-мухбирлар-чи? Улар бу ўзгариш-ислоҳотлар ҳақида нималарни ёза бошладилар? Тан олиш керак, ўтган йилларда босилган газета-журнал тахламларини варақласангиз, кўп ҳақиқатлар аён бўлади. Аксарият ҳолларда иқтисодий мавзуларда ёритилган чиқишларни кузатиб барибир кўгил сал таскин топади ҳам. Нега десангиз, шу орада қабул қилинган қонунлар, ҳукумат баҳоли қудрат шарҳлаб боришди. Лекин…
Биласизми, Нусрат ака, мен… мен бир оддий қаламкаш сифатида бундай оламшумул ўзгариш ва ислоҳотлар таҳлилига бағишланган ижод намуналаридан қониқмаяпман. Афсуски, ўша, сиз бундан ўн беш йил аввал битган сичков нигоҳ билан кузатилган ўткир ва кескир сўзлар, мушоҳадаларга бой публицистик мақолалар очиғи, кам босилди. Сезиб турибман, менинг шу шахсий нуқтаи назарларимни ўқиб… айрим ҳамкасбларим норози бўлишлари табиий. Лекин сизнинг ўзингиз ҳам кузатиб келаяпсиз-ку Нусрат ака, айнан фермерлар ҳақида ёзилган ўнлаб, ҳатто борингки, юзлаб мақола-чиқишларда бор-йўғи иккита тараф иштирок этади, холос. Биринчиси – фермернинг ўзи, иккинчи тараф эса унга у ёки бу ҳолатда журналистлар тили билан айтганда, «тўсқинлик қилаётган» идора ёки шахслар тилга олинади. Хуллас, икки тарафдан бири ҳимоя қилинади. Охир-оқибат нима билан тугайди денг, иккинчи, қораланган томон судга беради ва ниҳоят ютиб чиқади ёки аксинча. Бир тараф куйиб қолаверади. Журналист-чи?! Унинг масъулияти, жавобгарлиги қаерда қолади, – деган ҳақли савол туғилади. Ана шундай пайтда сизга ўхшаган, яъни ҳар икки тарафга ҳам ён босмайдиган, ўзини ўртадаги «тарози посангиси» деб ҳис қиладиган ҳалол ва холис қаламкашлар тажрибаси иш беради.
Узр, бу мулоҳазаларим, ноўрин саволларим сизга оғир ботмасин. Чунки азбаройи сизнинг ижодингизга бўлган ҳурмат-эътиборим боис бугун кўнглимдан ўтаётган шундай оғриқли ўйларни сиз билан баҳам кўрдим. Қолаверса, бугун ўзини журналистман, мухбирман, деб юрганларнинг ҳадди-ҳисоби йўқ. Ҳали катта-кичик газеталарда ўқиб қоламан: «…мухбири» ёки «журналист», радиотелевидениедаги минг-минглаб «ҳамкасбларим»нинг исм-шарифларини кўриб, ёқа ушлайман. Энди иккита хабари чиққан талаба ҳам, битта саволни зўрға ёдлаб, микрофон ушлаган ҳаваскор ҳам бугун ўзича журналист!
Эътибор бераётган бўлсангиз, худди шу муаммо, яъни ЖУРНАЛИСТ МАСЪУЛИЯТИ масаласи сизга мактуб йўллашимга туртки бўлган иккинчи сабабдир. Тасаввур қилинг, Нусрат ака, бир юмалаб «журналист» ё «мухбир» бўлиб қолаётганлар назарида, тасаввурида ЖУРНАЛИСТИКА гўё «ўйин майдони!»Келади, киради, истаганча бақиради, қичқиради ва ниҳоят, секингина ўйиндан сўнг алам ё қувонч билан майдонни тарк этади. Йўқ, йўқ, журналистика деганлари аслида СЎЗ МАЙДОНИДИР, ФИКР МАЙДОНИДИР! Бу майдонда халқ дарди билан яшаётган сўз юкини ҳис қила оладиганларгина яшаб қолади.
Бир пайтлар эслайсизми, мунаққидлар даврасида «шеър кўпу шоир оз» деган кинояли ибора турли баҳс-мунозараларга мавзу бўлганди. Бугун-чи? Журналистика соҳасини кузатаётган холис дўстларимиз ҳам иддао билан гоҳо «газета кўпу мақола кам» ёки бўлмаса «муҳаррир кўп, газета оз» дея гапираётганларида ҳам балки жон бордир.
Очиғи, журналистиканинг масъулиятини, оғир юкини чин дилдан ҳис этган чинакам ижодкорларнинг аксарияти ана шу икки сўз ортида турган заҳматни ҳам, керак бўлса раҳматни ҳам англаб етганларига заррача шубҳам йўқ. Бугун уч-тўртта мақола ё рекортаж ёзиб, газетада чиққан ё ойнаи жаҳонда кўринган, ўзини МУХБИРМАН, ЖУРНАЛИСТМАН деб даъво қилаётган ёшларга сиз каби бутун ҳаёти ва ижоди ана шу икки сўз оралиғида кечган инсонларнинг тақдир-кечмишлари ҳақида фақат касб байрамларимиз баҳонасида эмас, балки ҳар доим ҳаётий ҳикоялар, ибратли мавзулар айтишдан, ёзишдан тўхтамайлик. Негаки, журналистлик ҳам аслида қисмат экан, мухбирлик ҳам пешонага битиб қўйилган тақдир экан, Нусрат ака!
Узр, хатим бироз чўзилиб кетди. Ҳали кўнглимда сизга айтолмаган қанча гапларим бор эди. Улар орасида яна такрорлайман, иқтисодий ислоҳотларимизнинг эл-улус орасидаги акс-садоси қандайлиги, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги қувонч-ташвишлар хусусида ёки кечагина тадбиркорлару фермерларимизни ҳар қандай ноқонуний аралашувлардан, сунъий тўсиқлардан ҳимоя қилувчи қарорнинг халқчил шарҳи, мазмун-моҳиятини оддий, соф халқона тилда тушунтириб бера оладиган таҳлилий кузатувлар, хуллас, ўнлаб долзарб мавзулар навбат кутиб турибди. Бундай кундалик ва ҳаётий мавзуларни ким ёритади, қачон ёзамиз? – деган саволларга энди жавоб излашимиз керак.
Дарвоқе, кечагина қутлуғ байрамимизни нишонладик. Ҳамма тақдирдошларим, қисматдошларимиз қатори сизни ҳам бу ажойиб кун билан чин юракдан қуталйман, омон бўлинг!
Самимий эҳтиром ила
Норқобил ЖАЛИЛ
«Ҳурият» газетаси.
23.06.2005 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий