Фарангларнинг: «Шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда
ўлади» деган мақоли умумжаҳоний аҳамият касб этгани бежиз эмас. Тошкентимизда
яшаб, ижод этаётган шоира ёзувчиларимизнинг ҳам аксари қишлоқ, туман.
вилоятлардан келишган. Бу – табиий ҳол:
пойтахтда ижодий муҳит, газета-журналлар, радио, ТВ, нашриётлар… дегандай.
Аммо
пойтахтдан узоқ чекка ҳудудларда – қишлоқ, шаҳарларда қолаётган қаламкашлар ҳам
анчагина.
Хўш,
уларнинг бугунги аҳволллари нечук? Қандай муаммолар билан юзма-юз бўлишмоқда?
Улар қанақа асарлар ёзишяпти?
Мухбиримизнинг
Самарқанд туманининг Кўтарма қишлоғида яшовчи публицист-ёзувчи Нусрат РАҲМАТ
билан суҳбати шу ҳақда бўлди.
–
Мазкур мавзу бўйича суҳбатлашиш учун сизни танлаганимиз бежиз эмас: қишлоқда
туғилиб ўсгансиз. Қишлоқ хўжалик институтини битиргансиз, ва шу билан бирга,
бир неча йил Тошкенда ҳам яшаб, ижод этдингиз. Демакки, масала сиз учун бегона
эмас. Гапни ана шундан бошласангиз.
– Мен гапни кўпчилигимизга таниш бўлган
зидлама фикр (парадокс)дан бошламоқчиман. Марказга интилувчи ижодкорлар (бу
осон эмас: яшаш жойига қайддан ўтиш, иш, бошпана топиш, маблағ масалалари)
катта куч ва вақтларини шу мақсадга сафарбар этадилар-у, жойлашиб олгандан
кейин, қолган умрларини ўзлари тарк этган қишлоқни улуғлашга сарфлайдилар.
Марказдан четда қолган шоир ва ёзувчилар, аксинча, пойтахтни улуғлайдилар,
қишлоқ муаммоларини марказдагилардан кўра чуқурроқ очиб берадилар. Эҳтимол,
бунинг сабабларини ижодкорнинг андак ўжар ва радикалроқ табиатидан излаш
керакдир.
Энди, тафовут ёки муаммога келадиган
бўлсак, фақат бизнинг шаҳар ёки қишлоқларимиздагина эмас, собиқ шўролар
ҳудудидаги деярли барча мамлакатларда китобхонлар камайиб кетдики, оқибатда
шоир ва ёзувчиларнинг асарлари нусхалари ҳам камайди. Иқтисодий муаммолар,
китоб дўконларининг хусусийлаштирилиши, шунга олиб келди.
–
Лекин шуларнинг барига қарамай, ижодкорлар ёзишяпти, китоблар чоп этишаяпти.
– Ҳа, мустақиллигимиз туфайли кўпгина
вилоятларда нашриётлар ташкил этилди, ҳомийлар пайдо бўлаяпти. Буни инкор этиш
инсофдан эмас. Биргина бизнинг Самарқанд вилоятимизда Ёзувчилар уюшмасининг
аъзолари ўттиз кишидан ошиб кетди. Қийинчиликларга қарамай, яхши китоб
ёзганларга Аллоҳдан раҳматлар ёғилсин, дейман. Муҳтарам академигимиз Ботурхон
ака Валихўжаевнинг Ҳожа Аҳрори вали ҳаёти ҳамжа ижодига бағишланиб, ўзбек ва
тожик тилларида чиқарган китоби ҳар биримизнинг китоб жовонимизда бўлиши лозим,
деб биламан. Асар далил ва асосларга бой. Жумладан, улуғ зотнинг Алишер
Навоийга йўллаган мактубларини ўқисангиз. ҳаяжонингиз ошиб кетади. Профессор
Ҳотам Умуровнинг адабиёт назариясига оид китобини варақлаб,
бу соҳани теран биладиган кишигина шундай қўлланма ёзиши мумкинлигига ишонч
ҳосил қиласиз. Шунингдек, Суннатулла Жумақуловнинг «Фалсафий мавсум» деб
номланган шеърий китобига талай тақризлар чоп этилдики, бу бежиз эмас.
–
Билишимизча, бошқа вилоятлар, қўшни республикаларда ҳам сизнинг елкадош
дўстларингиз анчагина.
– Тошпўлат ҳмад Бухородан Тошкентга
ўтаётганда эшигимни қоқмаса, ранжишимни яхши билади. Наманганга борадиган
бўлсам, кўз ўнгимга Ҳабиб Саъдулла, Хоразмга йўл оладиган бўлсам Ошиқ Эркин,
Тожикистон томон отлансам, Ўлмас Жамол кўз ўнгимга келишади: мени кутиб
оладиган, иззатимни жойига қўйиб, кузатадиган кишилар борлигидан дилим таскин
топади. Фақат меҳмоннавозлигини эмас, уларнинг ижодини ҳам юксак қадрлайман.
Тошпўлат бухоролик азиз-авлиёларнинг ботиний дунёсини очиб берадиган туркум
асарлар битди. Ошиқ Эркиннинг қўшиқлари ижро этилаётганда ва атрофингдаги
кишилар оммавий бўлиб рақсга тушаётганда, бундай дўст билан фахрланасан,
албатта. Пойтахтда яшайдиган қўшиқчи шоирлардан ҳеч нимаси кам эмаслигига ишонч
ҳосил қиласан. Ўлмас Жамол бўлса, бугун бир республикадаги ўзбек шоир ва
ёзувчиларини атрофига жамлаб, уларга руҳий қувват бўлаяпти. Ўлмас Жамол
баҳонасида шуни айтиб ўтишни истардимки, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа айрим
юртларда ҳам унга ўхшаш адабиётимиз жонкуярлари анчагина. Биз улар ҳақида нима
биламиз? Ҳеч нарса. Чунки улар пойтахтимиздан олисда. Уларнинг ҳам китобларини
чоп этиш пайти етиб келди чамамда.
–
Нусрат ака! Ҳар ҳолда истеъдодлар Тошкентда тўпланганини тан олмай иложимиз
йўқ.
– Худди ана шу нуқтаи назар, яъни ҳамма
истеъдодлар марказда тўпланган, деган ақида четда яшовчиларга нисбатан
қандайдир нописандликка олиб келишидан эҳтиёт бўлишимиз керак. Қишлоқда
яшайдиган ижодкор пойтахтдаги айрим дўстларининг калондимоғлигига бот-бот гувоҳ
бўлиб туради. Сен янги асар ёзасан ёки китоб чиқариб, пойтахтдаги дўстингга
етказасан. Сен учун муқаддас бўлган бу бойликни у ойлаб варақлаб ҳам кўрмайди.
У келганда, иззатини жойига қўйиш пайида бўласан, дўстинг бўлса тўйингда ҳам
лоақал телефон дастагини кўтариб: «Ҳов, табриклаймиз», – деб қўймайди ва сен
гоҳида бундан ўксиб кетасан.
Шофирконнинг номи кўпчиликка таниш
бўлган Талисафед қишлоғида яшовчи истеъдодли шоир Самандар Воҳидовнинг
«Самолётда ёзилган шеър»и инсонга юқоридан туриб баҳо берадиган ана шундай
дўстларга бағишланган бўлса ажаб эмас:
Бу
дунё ажиб яралганда…
Юқоридан
туриб қаралганда:
Тоғ
– култепа,
Дарё
– энсиз камар,
Саҳро
– тарам-тарам кафт,
Одамлар
– ғивир-ғивир чумоли –
Ёлғиз
тирикчилик хаёли…
Юқоридан
туриб боқсанг оламга –
Шундай
туюларкан одамга…
Бу
дунёга бермоқ-чун баҳо –
Юқоридан
кўз солма,
бўлсанг ҳам даҳо!
–
Модомики, ўз фикрингизда қолар экансиз, шаҳар ва қишлоқларда яшайдиган қайси
шоир, ёзувчиларнинг ижодларини алоҳида таъкидлашни истардингиз?
– Фарғоналик Алишер Ибодинов ҳикоя ва
қиссаларини, бухоролик Садриддин Салимов шеърларини, хоразмлик Матназар
Абдулҳаким таржималари… эҳ-ҳе, қай бирини ҳам айтай? Қамчибек Кенжанинг Бобур
ҳақидаги, Душан Файзийнинг Ал-Бухорийга бахшида қасидасини Тошкентда туриб ижод этиш мушкул эди. Комил Авазнинг
Хоразм, Яздон Худойқуловнинг Каттақўрғон театрига кўрсатаётган улкан мададини
ҳам. Бу рўйхат жуда узун. Андижонлик Тўлан Низом, Олимжон Холдор, Тўхташ
Ашуров, бухоролик Аҳад Ҳасан, Музаффар Турсун, фарғоналик Охунжон Ҳакимов,
сирдарёлик Тўра Сулаймон, Ҳамроқул Ризо, сурхондарёлик Шафоат Раҳматуллаев
ҳамда мен билган ва билмаган ўнлаб истеъдодлар. Айнан ўша номи қайд
этилмаганлардан бир йўла узр ҳам сўрайман. Ва мен тилга олган ва олмаган
қаламкашларнинг ўз қишлоқлари ва шаҳарларида обрўлари устивор эканлигини
таъкидлаб ўтаман.
Бугунги истеъдод соҳибига осон эмас. У
қишлоқда яшайдими, пойтахтдами, аллақандай жамғарма ёки идорага мадад сўраб
боришга ғурури ҳамиша ҳам йўл бермайди. Имконият эса у қадар катта эмас. Шундай
экан, энг аввало, истеъдодларнинг ўзлари бир-бирларига эътиборли, мурувватли
бўлишлари зарур, деб ўйлайман.
Суҳбатдош
А.ХОЛМУРОДОВ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий