Тарихда машҳур кашфиётлар ҳамиша ҳам ўз
вақтида етарлича қадрланмаганлигини биламиз. Йиллар, асрлар оша ана шу
кашфиётлар одамлар учун заруратга айланиб борган ва қадриабад бўлган. Мисол
учун Христофор Колумб кашфиётини олинг. Беш юз йилдан бери унинг жасорати турли
нуқтаи назарлардан баҳоланиб келинмоқда.
Маълумки, Колумб Америка қитъасини 1492
йилнинг кузида кашф этган эди. Худди ўша пайтларда Хуросонда Ҳусайн Бойқаро
ҳоким бўлган, Алишер Навоий «Хазойин ул-маоний» китоби устида иш бошлаган.
Колумбгача жаҳонда икки ҳоким ортиқча, деб даъво қилган македониялик Искандар
ҳам, Чингизхон ҳам, бошқа фотиҳлар ҳам океан ортида улкан қуруқлик борлиги ва
унда одамлар яшашидан бехабар бўлишган.
Тўғри, Американи Колумб очмаганда, бошқа
бирор сайёҳ уни кашф этиши муқаррар эди. Бизга шу нарса маълумки, Абу Райҳон
Беруний шундай қитъа борлигини тахминлаган, нормандиялик бир группа кишилар эса
Колумбдан юз йиллар муқаддам бу қитъа бойликларини талаб келишган. Аммо Христофор
Колумб Америка қитъасига тўрт бор экспедиция уюштирди, уни ўрганди ва география
фанига жуда улкан янгилик киритди. Колумбнинг хизматлари хусусида сўз кетар
экан, у бизга кўпгина экинларнинг уруғини олиб келганлигини унутишга ҳаққимиз
йўқ. Ўша даврларда Европа ва Осиё халқлари картошка, кунгабоқар, маккажўхори,
кунгабоқар, маккажўхори, помидор нималигини билмаган. Уларни Колумб ва унинг
сафдошлари олиб келдилар.
Биргина помидорни олинг. Яқин-яқин
йилларгача «кофирнинг қони» деб ҳисобланган ва умуман дастурхонга йўлатилмаган
помидор бизга худди нондай, туздай заруратга айланиб қолиди. Бу экин йилдан-йил
янада кўпроқ экин майдонларини забт этаяпти. Ҳозир биргина сабзавоткор
хўжаликлардагина эмас, тоғли зоналарда, узоқ-узоқдаги яйловларда ҳам баҳоли
қудрат помидор экишади. Эътибор берган бўлсангиз, катта-кичик шаҳарлардаги кўп
қаватли уйларнинг олдидаги бир парчагина ерга ҳам помидор экадиган бўлишди.
Буғдой, ошқовоқ, оқжўхори эмас, помидор экилади. Чунки помидор тайёр таом-да!
Шундайгина палакдан узиб, дастурхонга тортаверасиз. Бу неъматнинг таркибида
инсон организми учун жуда зарур бўлган органик кислоталар, турли-туман
витаминлар кўп.
Биз Колумбни ҳам, помидорни ҳам яхши
биламиз. Бу ҳақда гапириб ўтиришнинг ўзи ортиқча. Аммо мен ҳикоя қилмоқчи
бўлган Карим ака Юсуповни ҳаммамиз ҳам билмаслигимиз мумкин. Ваҳоланки, бу
ҳамюртимиз ҳам ўз соҳасининг ҳақиқий Колумбдир.
Начора, биз ўзи шунақамиз. Аксариятимиз
тўпни тузукроқ оширадиган футболчини, микрофонни сал бўлмаса оғзига тиқиб ашула
айтадиган эстрада артистини таниймиз, уларнинг таржимаи ҳолига оид
маълумотлардан бохабармиз. Аммо ноёб бир кашфиёт эгасини эслолмаймиз.
Карим ака Юсупов номини энциклопедиялар,
ҳурмат тахталари ёки кашфиётчилар рўйхатидан излаб юришнинг ҳожати йўқ. Бу
номни сиз кўпроқ колхоз бозорларида, уруғчилик станциялари, министрликларда
эшитишингиз мумкин. «Менга Юсупов помидоридан торнинг, қиммат олсангиз ҳам
майли», дейди харидор бозорларда. «Колхозимизга озгина бўлса ҳам Юсупов
помидорининг уруғидан топиб беринг, илтимос», дейишади хўжалик раҳбарлари
уруғчилик станциялари ва министрликларда.
Юсупов помидори!
Помидор, аслида италянча сўз бўлиб,
«олтин олма», деган маънони билдираркан.Топиб қўйилган ном. Дарҳақиқат, у
олмага ўхшайди. Америкадан олиб келинган помидорларнинг ҳажми ҳам олмадан йирик
бўлмаган. Юсупов помидори эса… кўпроқ юракка ўхшайди: ҳажми ҳам, шакли ҳам,
ранги ҳам…
Карим ака Юсуповнинг ҳеч қандай илмий
даражаси йўқ. Лекин шунга қарамай, ўнлаб фан кандидатлари ва фан докторлари
ишлайдиган бутун бир илмий-текшириш институти хизматига тенг кашфиёт қилиб
қўйди. Тўғри, олимларимиз ҳам кўплаб янги навлар яратаяптилар, уларни ишлаб
чиқаришга тавсия этмоқдалар. Аммо бу навларнинг бир қисми самарасиз бўляпти.
Бири касалликка чалинади, иккинчиси кечпишар бўлиб, чиқади, учинчисининг эса ҳосили
кўнгилдагидек эмас. Аммо Карим ака яратган помидор бунинг акси ўлароқ, йиллар
ўтган сари қадрли бўлиб бормоқда.
Селекция ўзи шунақа соҳа. Жуда кам
навларгина кексайишни билмайди. Ғўзанинг 108-Ф, буғдойнинг безастоя,
картошканинг Лорх, помидорнинг Юсупов навлари давр синовидан ўтиб бўлди,
халқнинг бебаҳо мулкига айланди.
Эътибор берган бўлсангиз, фанда халқ
селекцияси, деган ибора бор. Чунки амалдаги энг яхши навларни халқ яратган.
Узумнинг ҳусайни, васарға; қовуннинг амири, кўккалапўш; сабзининг қизил
мирзойи, сариқ мирзойи каби навлари тоабад инсон дастурхонини безаб туражак.
Булар орасида Юсупов помидори ҳам бўлади!
Юсупов помидори яратилганига нақ ўттиз
йил бўлди. 1952 йили Карим ака Ўрта Чирчиқ район Карл Маркс номидаги колхозда
агроном бўлиб ишлаётган пайтларда озгина майдонга помидорнирнг Чударенко ва
Марглов навлари экиладиган бўлди. Европадан келтирилган бу навлар иссиққа,
касалликларга жуда ҳам бардошсиз бўлиб чиқди. Шунинг учун Карим ака
Ўзбекистонда биринчилар қаторида маҳаллий навларимиз бўлиши учун кураш бошлади.
Бу Колумб жасоратига ўхшаш эди!
Маълумки, янги нав яратишда асосан
дурагайлаш йўлидан фойдаланилади. Карим ака бир неча йиллар давомида Чударенко
навининг оталиқ чангдонларини битталаб юлар, унинг оналигини беркитиб қўяр ва
вақти келиши билан Марглов навининг оталиғи билан уни чангларди. Бу шунчаки
дурагайлаш эмас, балки худди кўз операциясидек нозик, мураккаб жараён. Масалан,
оталик чангдонлари юлинган гиёҳни бир зумда асалари чанглатиб қўйиши ва
операция барбод бўлиши ҳеч гап эмас. Ҳатто шамл ҳам бошқа ёқдан бегона гулнинг
эркаклик уруғларини учириб келаши мумкин. Шунинг учун ҳам оталик чангдонлари
юлинган гулнинг оналигини ёпиб қўйишга тўғри келади. Сўнг лупа билан кузатиб
туриш керак. Битта гулни эмас, минглаб гулларни шундай қилишга тўғри келади.
Ана шу минглаб гуллардан бир ёки иккитасигина бошқача ҳосил берса бас. Ҳақиқий
меҳнат ўшандан кейин бошланади!
Колхознинг бош агрономи хўжаликдаги энг серташвиш кишилардан бири бўлади. Чунки у
ҳосил учун жавобгар. Культиватор чуқурлигини ўлашдан бошлаб нарядларга имзо
чекишгача бўлган юзлаб юмушлар агроном зиммасида. Уни бошқа кишиларга топшириб
бўлмайди. Аммо кўриниб туриптики, селекция билан ҳам иккинчи сменада шуғулланиш
мумкин эмас. У ҳам фидойи бўлишни талаб қилади. Бу ишда унга турмуш ўртоғи
Салтанат опа Юсупова, фарзандлари, колхозчилар ёрдам бердилар. Гулларни
дурагайлаганда кейин ҳосил пишиб етилгунча фенологик кузатиш, дафтарга қайд
этиб бориш керак. Аммо ана шунча ташвишга қарамай дастлабки йилда олинган
ҳосилнинг бирортаси Карим акага маъқул бўлмади. Уларнинг айримлари онасига,
қолганлари эса отасига ўхшаш эди (Ўсимликнинг онаси ва отаси деганда
ажабланмаслигингизни сўрардим. Ҳар бир гиёҳ тирик мавжудот эканлиги, у урчиши,
зурриёд учун курашиши, бунинг учун эса унинг ота ва онаси бўлиши табиий ҳол).
Келаси йил бу жараён яна бошидан
бошланди. Ёзга келиб айрим помидорларгина фарқ қила бошлади. Селекционер
улардан энг йирикларини танлаб, уруғини олди. Кейин эса етти йил давомида ундан
олинган ҳосилнинг энг яхшиларини эринмай саралаш йўли билан Юсупов помидорлари
юзага келтирилди. Йўқ, Карим ака унга ном қўйишга улгурган эмас, уни дастлабки
йилларданоқ деҳқонлар олиб кета бошладилар ва Юсупов помидори деб атадилар.
Яхши навни тарғиб қилишнинг ҳожати йўқ.
Ёдингизда бўлса ғўзанинг «Тошкент» навлари тажриба станцияларида синовдан
ўтмасдан ва ҳали нав сифатида қабул қилинмасданоқ республикамизга тарқалиб
кетган эди. Чунки пахтакорлар вилтга чидамли навга жуда-жуда муҳтож эдилар.
Юупов навлари ҳам худди ана шу тарзда тез тарқалиб кетди. Чунки янги навнинг
мағзи тўқ, ҳажми йирик эди.
Юсупов помидори 450 граммгача тош боса
олади. Икки дона помидорнинг оғирлиги салкам бир килограмм келиб турса, бу
кашфиёт бўлмай, нима?! Биз ҳозир далаларимизда мавжуд бўлган Волгоград,
Майкопский навларидан нари борса 300-350 центнер ҳосил оламиз. Юсупов
помидорининг ҳосилдорлиги эса гектар ҳисобига 750 центнерга етяпти. Тўғри, янги
нав камчиликлардан ҳоли эмас. У анча тарвақайлаб ўсади. Бу эса ўз навбатида
механизацияни жорий этишни қийинлаштиради. Лекин шунга қарамай, янги нав ҳам,
унинг автори ҳам таҳсину тавсифга сазовор.
– Шундан кейин мени илмий-текшириш
институтига ишга таклиф қилишди, – дейди Карим ака.
– Қайси институтга?
– Бунисини айтмай қўяқолай. Аммо бориб
хато қилган эканман. Улар ихлосимни қайтариб юборишди. Мен у ерда Юсупов
помидори билан Болгариядан келтирилган София – 4 навини дурагайлашни бошладим.
Ҳар донаси камида бир килограмм тош босадиган помидор яратишни орзу қилган
эдим. Аммо ҳисоботларим, энг яхши кўчатларим ўз-ўзидан йўқолиб қоладиган бўлди.
Улар билан ишлолмадим.
Карим ака ҳозир пенсияда. Калинин
районидаги «Партия XXI съезди»
совхозининг иккинчи бўлимида, Қирғизовул қишлоғида яшайди. У киши пиру бадавлат
мўйсафид. Беш ўғил, уч қиз, кўплаб набиралари отанинг иззат-ҳурматини жойига
қўяди. Ўғилларнинг ҳам аксарияти ота касбини танлаб агроном бўлишди.
Аммо шуларнинг барига қарамай, у киши
билан танишганимдан буён бир мулоҳаза менга тинчлик бермайди. Карим аканинг
етмиш тўрт ёшга кирганига ишониш қийин. Ҳали у киши бақувват, бир зум ҳам тиниб-тинчишни
хаёлига келтирмайди. Агар Карим акага селекция билан шуғулланиш учун имконият
яратилса, яъни тажриба участкаси, лаборатория ажратилса, яна мўъжизалар яратиши
ва келажак авлодлар учун қолдириши мумкин бўларди!
Зотан, Карим ака Юсупов бусиз ҳам мангуликка
дахлдор одам.
– Отам бир юзу тўрт ёшга киргандирлар, –
дейди у.
Карим ака ундан кўпроқ яшайди. Чунки
Юсупов помидорлари бир неча асрлардан кейин ҳам авлодларимиз дастурхонини
безаб, селекционер-деҳқон юрагини эслатиб тураверади!
Нусрат
РАҲМАТОВ
«Ўзбекистон
адабиёти ва санъати»
1983
й., 4 октябрь.
Комментариев нет:
Отправить комментарий