Одамларни тушуниш қийин. Уларнинг аксари оғма ва беқарор. Қишлоқдан
шаҳарга келиб бир азобда ўрнашиб олганларнинг аксари қолган умрларини шаҳар ва
шаҳарликларни ёмонлаш, ғийбат қилиш билан ўтказишади. Ҳамма ҳам мўйсафид
ёшларга етишни орзу қилади. Унга етиб олгандан сўнг эса кексаликни
лаънатлашади. Ўзлари танлаган касбу корни, сайлаган депутат ҳамда ҳукуматни ҳам
ёмонлашгани ёмонлашган улар.
***
Статистика – ҳақгўй ва даққоқ қария.
Фоизма-фоиз айтиб беради: одамлар қанчага кўпайгани, жиноят қанчага ошгани; нон
истеъмол қилишнинг кўтарилиш динамикаси, гўштнинг қимматлашуви… хуллас, ҳаммаси
– ҳаммасини. Аммо энг муҳим кўрсаткич – инсоннинг нечоғлик бахтли ёки бахтиқаро
бўлганлигини айтишдан ожиз у.
***
Ташвиш сени ташвишга солмагунча сен
ташвишни ташвишга солма!
***
Йўқ, миллатни ерости бойликлари фаровон
қилолмайди. Халқ заковатли, уддабурро, тежамкор бўлгандагина бири икки бўлиши
мумкин. Бир кўза олтини бор довдирдан, қўлида яхши ҳунари бўлган хушфеъл ва
ишчан одам бой ва бахтлидир.
***
Фараз ва хаёлотни хомхаёлдан фарқ қилмоқ
керак. Энг улуғ кашфиётлар фараз ва хаёлотдан бошланган. Фараз ўлжанинг изига
тушган овчини эслатади. У ёғи эса унинг жасурлиги,
сабр-тоқатига боғлиқдир.
***
Ҳар ернинг тулкисини ўша ернинг тозиси
билан овлаш керак, дейишади. Мабодо ўша тозилар ҳам тулкига айланган
бўлишса-чи?!
***
Мухбирлар билан мулоқотда бўлишга
ошиқаверма. Улар сен туфайли ўзларини тарғиб қилишга мойил бўлишлари мумкин.
***
Оиланг, авлодинг, миллатингни ўзинг
эмас, ўзгалар таърифлашсин.
***
Ошириб юборма, чироғим, ошириб юборма!
Ошириб юборилган сифат – хушомадга, танқид – ҳақоратга, дори – заҳарга, ҳазил –
зилга айланишига ишончим комил.
– Ғам ема, азизим, ғам ема!
– Йўқ, ғам мени еяпти..
***
«Бахтиёр кексалик» эмиш. Мен бунисига
ишонмайман!
***
Сен менинг асаримда нималар йўқлигини
гапирма. Унда сен айтганларингдан ташқари Гиппократ қасамёди, Гагарин парвози,
Республика мустақиллиги каби масалалар ҳам йўқ. Чунки улар менинг асаримга
керак эмас.
Сен асарда нималар борлигини гапир!
***
Халқ аташмайди, у ҳамиша ҳақ, дема. Халқ
кўп адашади, ноҳақликлар қилади. Ахир, халқ ҳам мен билан сендай кишилар
гуруҳи-да.
***
«Ўзбекча сайрайдиган бир каклигим бор
эди, шуни ўзбекча гумбирлайдиган милтиққа алмаштириб олдим», деди бир киши.
***
Йўқ, бу тўпланганлар халқ ғамида эмас.
Уларнинг ҳар бири ўзининг устун томонларини намойиш қилиш иштиёқидадир.
***
Сени номдор қилган истеъдодинг эмас,
балки атрофингдаги кишиларнинг лақмалигидир.
***
Ҳозир нотиқлар ва журналистлар ўтмишни,
марҳумларни ва мавҳумликни танқид қилишни авж олдириб юбордилар. Биз токи ўз-ўзини танқид қилишга ўтмас эканмиз, бурилишга
эришишимиз қийин бўлади.
***
Бозордан айрилманг, бозордан!
Пештахтанинг нарёғида турасизми, бериёғидами – барибир у сизни бурро, тежамкор,
хушфеъл қилади.
***
Икки киши жанжаллашса, айб – ақллисида,
икки миллат жанжаллашса, айб – зиёлиларда!
***
Войдод! Ҳуқуқшунослик ва медицина
факультетига ҳам пора бериб киришяпти. Инсон тақири… билмадим… Бор-ей!!!
Комментариев нет:
Отправить комментарий