Кўпчилигимиз болаларимизда илк бор дуч келган ариқ ёки анҳорни яхши
эслаб қолганмиз. Эҳтимолки, соҳилларини ажриқ, ялпиз, қирқбўғимлар босиб ётган,
ичида балиқлар ғужғон ўйнаган, сувтиндиргичлар бетиним чарх ураётган сўлим гўша
бўлгандир у. Эҳтимолки, баҳорда тошиб оқадиган, кейин тиниб-тинчийдиган тоғ
дарёсидир.
Ариқларни заминнинг қон томирлари,
дейилиши бежиз эмас. Сув бор жойда ҳаёт бор. Сувни эса улкан дарёлардан, тоғ
чашмаларидан ана шу ариқлар олиб киради
ёки олиб чиқади.
Ҳа, биз улкан дарёларни мадҳ этишга, улар билан фахрланишга кўникиб
қолганмиз. Аслида ҳар қандай дарё кичик ариқлар йиғиндиси эканлигини ҳам
унутмаслигимиз керак! Эътибор берган бўлсангиз, одамлар азал-азалдан катта
дарёларнинг соҳилларида эмас, ариқлар, анҳорлар, кичик дарёларнинг бўйларида
яшашган.
Ариқ табиат деб аталмиш экологик дарахтнинг ажралмас илдизи, ҳаёт
манбаи. Ариқ ҳам касалланади ва агар ғамхўрлик қилинмаса нобуд бўладиган «тирик
организм». У бўлган жойда минглаб гиёҳлар, сувда ва қуруқликда яшовчи
жониворлар, ҳашаротлар, қушлар, дарахтлар пайдо бўлади. Ариқ ва анҳорлар ҳавони
мўътадиллаштирадиган энг яхши восита, ҳам эстетик завқ манбаи.
Сўнгги йилларда илонлар, калтакесаклар, айрим регионларда тепаликлар,
ҳатто ботқоқликлар ҳам ҳимояга олинганини назарда тутадиган бўлсак, ҳаёт манбаи
бўлган ариқ ва анҳорларни сақлаб қолиш нақадар муҳимлигига тағин бир бор ишонч
ҳосил қиламиз. Аммо ҳеч кимга сир эмаски, сўнгги йилларда республикамизда
ариқлар, анҳорларнинг қуриши, ифлосланиши авж олмоқда. Бунинг оқибати хусусида
биз деярли ташвиш тортмаяпмиз.
Мен бир маҳаллар Самарқанд областидаги ариқлар сони, ҳолати, сув сиғими
ва тозалигини ўрганишга уриниб, бу масалага мутасадди ташкилотни тополмагандим.
Зотан, ҳозир ҳам республикамизда ариқ ва анҳорларнинг ҳақиқий эгаси йўқ!
Табиатни муҳофаза қилиш жамияти, сув хўжалиги муассасалари ариқ ва зовурларни
сақлаб қолиш масъулиятини ўзларидан соқит қилишган.
Сўнгги йилларда республикамизда карталарни яхшилаштириш, янги
қурилишлар жараёнида кўплаб асрий ариқлар кўмиб ташланди. Пахта плантацияларини
мумкин қадар кенгайтириш одат тусига кирди. Майдонларни 30-40 гектарлик қилиб
яхлитлаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Эндиликда эса олимлар энг қулай
ҳажмдаги карталар 8-10 гектар эканлигини исботламоқдалар. Чунки майдон ҳаддан
ташқари катта бўлганда сув пайкалнинг ярмига етмай унинг бош қисми захлаб
кетади. Бунинг устига чигит, ўғит етказиб бериш, ҳосилни ташиш мураккаблашиб,
бир қатор қийинчиликлар туғилади. Карталарни кенгайтириш сингари, уларни тағин
ихчамлаштириш унчалик мураккаб эмасдир. Аммо ўша ариқларни тиклаш энди осон
эмас. Чунки асрий ариқни кўмиб ташлаш асрий чинорни қулатишдай гап!
Қишлоқ атрофидаги ариқларни текислаб юбориш эса, экологик бойликни
поймол этиш билан бирга шахсий молларни боқишни ҳам жуда танг аҳволга солиб
қўйди. Чунки ариқлар билан бирга табиий ўтлоқлар, уватлар ҳам текислаб
ташланди.
Бир қатор шаҳарлардаги ариқларнинг аҳволи бундан ҳам ночорроқ.
Самарқанд шаҳридан оқиб ўтадиган Сиёб ариғи қарийб тўрт минг йиллик тарихга
эга. Уни бир маҳаллар Бобур таърифлаган, Ҳамид Олимжон унга бағишлаб шеърлар
ёзган. Бугун эса минг афсуски, унинг яқинига йўлаб бўлмайди. Чунки шаҳардаги
«Ҳужум» пиллакашлик фабрикаси, терига ишлов бериш заводи ва бир қатор ташкилоту
муассасалар чиқинди сувларини ана шу ариққа ташлайдилар. Эндиликда Сиёбнинг
қўланса ҳидига тоқат қилиб бўлмайди. Унинг соҳилларида лоақал сассиқалаф ҳам
ўсмайди. Чунки сув таркибида нефть бирикмалари, заҳарли моддалар, кислоталар
бор. Шаҳардаги Обираҳмат, Жўйи шаҳар ариқлари ҳақида ҳам худди шундай фикрларни
айтиш мумкин.
Тошкент шаҳрида санитария ва эпидемиология хизмати анча яхши йўлга
қўйилгани ва тозалаш иншоотлари яхши ишлаганидан бўлса керак, бу ерда ариқлар у
даражада ночор эмас. Лекин шаҳардаги Салор ёки Кайковус ариғини, масалан Москварекага
таққослайдиган бўлсак, бу ердаги сувлар ҳам бирмунча ифлосланаётганига ишонч
ҳосил қиламиз. Москварека соҳилларида кўплаб балиқчилар қармоқ ташлаб
ўтиришганини кўришингиз мумкин. Бизда бундай эмас. Балиқ эса сувнинг тозалигини
белгилайдиган энг яхши барометр.
Халқимизда сув етти бор юмаласа ҳалол бўлади, деган нақл бор. Бу бежиз
айтилмаган. Чунки сув оқиш жараёнида ундаги кимёвий моддалар, чиқиндилар
ўсимликларга илашиб қолади ва сингиб-парчаланади. Шаҳар сувлари
Калинин райони территориясига борганида уларда балиқлар пайдо бўлаётганини ўзим
бир неча бор кузатганман.
Менингча, санитария ва эпидемиология
станцияларининг мутасаддилари тағин бир муҳим масалани эътибордан четда
қолдиряптилар. Сўнгги йилларда қурилаётган чорвачилик фермалари ва фабрикаларнинг
лойиҳаларида кўп ҳолларда ахлатни сақлаш ва ерга солиш масалалари кўзда
тутилмаяпти. Натижада, мол ахлатлари яқин орадаги ариққа оқизиб юборилмоқда.
Врачлар бу муассасаларни беркитишга юқори ташкилотлардан андиша қилишади.
Мутасадди ташкилотлар эса сувни ҳаром қилишни давом эттиришмоқда.
Зарафшон дарёси бундан йигирма йиллар
муқаддам Қоракўл райони территориясидан ҳам ўтиб кетарди. Энди у Навоий
районигача етиб бормоқда, холос. Унинг йўли атиги йигирма йил давомида икки юз
километрга қисқарганини ҳисобга оладиган бўлсак, яна 50-60 йилдан кейинги
қисматини тасаввур қилишдан ҳам чўчиб кетасан киши!
Бунинг сабаблари маълум, албатта. Юқори
зонада кўплаб янги ерлар ўзлаштирилиб, суғориладиган майдонлар кенгайди. Лекин
сув камайишининг бошқа сабаблари ҳам бор. Сўнгги йилларда Зарафшонга сув
берадиган ариқларга эътибор берилмади. Натижада уларнинг бир қисми қуриб қолди.
Булоқларнинг қуриб қолишига эса жумладан ер ости сувларининг пала-партиш
олиниши ҳам сабаб бўлди.
Ер остида битмас-туганмас сув манбалари
бор, деган тушунча унчалик тўғри эмас. Табиатда ҳамма бойликнинг ўз ўрни,
миқдори, нормаси бор, албатта. Аслида ер усти ва ер ости сувлари алоҳида
манбалардан олинмайли. Юқорида сув мўл бўлгандагина у сизиб, пастки қатламга
ўтади. Шунинг учун ҳам ер ости сувларининг тартибсиз олиниши унинг сатҳини
пасайтириш билан бирга сув манбаларининг қуриб қолишига ҳам сабаб бўлади.
Тан олиш керак, кўпгина областларимизда
сувдан фойдаланиш коэффициенти жуда паст бўлиб қолаяпти. Сувдан фойдаланишнинг
юксак маданиятига эришмас эканмиз, унинг танқислигидан азият чекаверамиз.
Аввало, экинларни жойлаштиришнинг географик ва гидрологик шароитлари ҳисобга
олиниши лозим. Кейинги йилларда Шимолий Кавказ, Узоқ Шарқ, Поволжьеда шолидан
мўл ҳосил олинмоқда. Демак, шолизорлар бизда эмас, ана шудай серсув ўлкаларда
кўпайтирилиши маъқул. Тегишли ташкилотлар ана шундай таклифни расмий тарзда
киритадилар, деган умиддамиз.
Бизда ҳозиргача ғўзанинг янги навига
баҳо беришда унинг вилтга чидамлилиги, толасининг узунлиги, машинабоплиги асосий
мезон қилиб олинарди. Эндиликда ўсимликнинг қўрғоқчиликка бардошлилиги асосий
талаблардан бири бўлиши керак. Вегетация давомида 2-3 бор суғориш билан мўл
ҳосил берадиган навлар истиқболли деб ҳисобланиши лозим. АҚШда кўпгина
фермерлар лалми ерларнинг ҳар гектаридан 22-23 центнердан ҳосил олаётганликлари
матбуотдан бизга маълум. АҚШ селекционерлари ана шундай навларни вужудга
келтиришганига кўп йиллар бўлди. Бундай навлар бизнинг пахтакорларимизга ҳам
жуда зарур!
Шу билан бирга, суғоришнинг энг илғор
усулларини жорий этиб бормас эканмиз, сув танқислигини енгиш, деҳқончилик
маданиятига эришиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
Мен Р.Шредер номидаги Боғдорчилик ва
узумчилик илмий-ишлаб чиққариш бирлашмаси Самарқанд филиалининг илмий ходими
Рафиқ Насимовнинг тажрибалари билан қизиққан эдим. У токни томчилатиб ва тупроқ
остидан суғориш усули билан одатдагидан мўл ҳосил олишга эришяпти.
Томчилатиб суғориш учун токзорга махсус
шланг тортилади ва махсус мослама билан ҳар бир кунданинг остига томчилатиб
қўйилади. Тупроқ яхши намиқади. Бунинг устига токзорда бегона ўт ўсмайди. Жўяк
олиш, чопиқ ўтказиш сингари бир қатор тадбирлар ўз-ўзидан йўқолади.
Тупроқ остидан суғориш ундан ҳам
прогрессивроқ. Токзор ташкил этишдан олдин ҳар бир қатор остига ингичка азбест қувурлар ётқизилади. Сув ўша қувурларга
ҳайдалади ва у сизиб чиқади. Тупроқ тагдан намиқиб келади. Бу усул сув
нормасини олтмиш процентгача тежаш имконини беради. Олтмиш процент! Бу жуда
катта резерв!
Бундай усуллар фақат сувнигина эмас,
ишчи кучи ва кўплаб бошқа харажатларни ҳам тежаш имконини беради. Ана шундай
прогрессив усулларни жорий этиш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир.
Статистик маълумотларга қараганда,
планетамиздаги сув запасларининг 94 проценти денгиз ва океанларнинг шўр сувига
тўғри келади. Қолган олти процент ҳам доимий музликлар, катта кўллардаги
сувлардир. Дарё ва ариқларнинг чучук сувлари атиги 0,0001 процентни ташкил
этади. Бу атиги бир томчи деган гап. Тирикчилигимиз манбаи бўлган ана шу бир
томчи сувни эъзозлаш, тоза сақлаш ва келажак авлодларга етказиб бериш инсоний
бурчимиздир.
Нусрат РАҲМАТОВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий