среда, 14 сентября 2016 г.

Аллома адиб ( С.Айний-125 ЎзАС 28. 03.2003)



Ўзбек ва тожик адабиётининг йирик намояндаси Садриддин Айний ўзидан катта адабий мерос қолдирган ижодкорлардар ҳисобланади. Адибнинг Самарқанддаги уй-музейи ҳамиша китобхонлар билан гавжум. Яқинда адиб таваллудига 125 йил тўлади. Шу муносабат билан мухбиримиз самарқандлик ёзувчи Нусрат РАҲМАТга бир неча савол билан мурожаат этди.
– Нусрат ака, тузумлар ўзгариши билан ўтган даврнинг пешқадам зиёлиларига муносабат ҳам ўзгариши табиий. Яқин ўтмишда адабиётшунослар Садриддин Айнийни социалистик реализмнинг йирик арбоби, деб ёзишарди…

– Аслида Садриддин Айний том маънода жадид эди. Асосларга эътибор беринг: 1915 йили Бухорода Абдулвоҳид Мунзим билан ҳамкорликда янгича мактаб очган ва илк бор «усули жадид» мактаблари учун «Таҳсиб уссибо» («Болалар тарбияси») номли китоб ёзган ва айнан шу фаолияти учун амир қаҳрига учраб, Самарқандга йўл олган Садриддин Айнийдир. Самарқандда уни Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шогирдларидан бири Исматулло Раҳматулло кутиб олиб, уйидан жой беради, кейинроқ жадид Вадуд Маҳмуднинг синглисига уйлантиришади. Бу орада Туркистон жадидларининг отаси бўлмиш Беҳбудий уни ўз қаноти остига олади. «Бухоро жаллодлари», «Қуллар»ни ўқинг – жадидларни қандай улуғлайди, улар тўғрисида қимматли маълумотлар беради ёзувчи.
– Лекин ўз асарларида, жумладан, «Қуллар»да коллективлаштириш мавзусига ҳам кенг ўрин берилган.
– Коллективлаштириш мавзуида ўша даврнинг аксар пешқадам ёзувчилари: Михаил Шолохов («Очилган қўриқ»), Абдулла Қодирий («Обид кетмон»), Ойбек («Олтин водийдан щабадалар»), Абдулла Қаҳҳор («Сароб») асарлар битишди. Коллективлаштириш ўша даврнинг зарур талабларидан бири бўлиб, адиблар бу курашни қаламга олишлари табиий ҳол эди. Аммо ҳамма гап шундаки, коллективлаштириш инсон қони ва жони ҳисобига амалга оширилди. Агар сиз юқорида тилга олинган асарларни бугуннинг нуқтаи назаридан туриб ўқисангиз, зулм ва истибдодлар сатрлар қатига жуда маҳорат билан жойланганига гувоҳ бўласиз. Келинг, «Қуллар»га қайтайлик. Қарийб 500 бетдан иборат бу қамровли асарнинг атиги 48 саҳифаси руслар босқинигача бўлган даврга бағишланади. Қолгани октябрь тўнтарилиши, коллективлаштириш ҳақида. Хўш, нега ундай бўлса, асарнинг номи «Қуллар»? Бу – ўша пайтда қул бўлиб қолганимизга шаъма эмасмикан?! Тўғри, романда этикдўз Жугашвили ўғлига ҳам ҳамду санолар бор. Аммо асар тарихимизнинг энг қора даври бўлмиш ўттизинчи йилларнинг ўрталарида ёзилганини ҳисобга олсак, буюк адибни тушунгандай бўламиз. Коллективлаштириш йилларидаги адолатсизликлар, бегуноҳ одамларнинг қулоқ қилиниши, шафқатсизлик акс эттирилган бу романда, дейиш мумкин.
– Нусрат ака, «Қуллар» романига кўпроқ тўхталдингиз. Садриддин Айнийнинг «Дохунда», «Бухоро жаллодлари», «Эсдаликлар», «Судхўрнинг ўлими» сингари асарлари ҳам машҳур, чамамда.
– Тўғри, аммо «Қуллар» ўзбек тилида ёзилиб, сўнг муаллиф томонидан тожикчага таржима қилинганини таъкидлашни истардим. Масалан, «Судхўрнинг ўлими»ни Луи Арагон жаҳон адабиёти дурдоналари қаторига қўшганидан хабардормиз. Бу асар Францияда уч марта нашр этилган. Адибнинг Самарқанддаги уй-музейида мазкур асарнинг ўнлаб тиллардаги нашрларини кўриш мумкин. Хасис, мумсик, сурбет кимсанинг бундан-да мукаммал яратилган образини учратиш амримаҳол. Ҳатто шундай одам ҳам большевиклардан озор чекади – унинг бор-будини тортиб олишади. Бу билан адиб Қори Ишкамба устидан куладими ёки большевиклар устиданми – бундай хулоса китобхон нуқтаи назарига боғлиқ. Зотан, адибнинг маҳорати ҳам ана шунда. Садриддин Айний асосан ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни талқин этгани боис ҳам унинг асарлари ҳануз китобхонлар қўлидан тушмай келаётир.
– Адибнинг ҳаёт йўли ҳам ғалати: Бухорода туғилди, Самарқандда ижод қилди, Душанбеда дафн этилди…
– У киши чинакамига икки халқ фарзандидир. Адиб ўзбек тилида битган асарларини пешма-пеш тожикчага ёки тожик тилида битган асарларини зудлик билан ўзбекчага ағдарган. Ҳатто илмий ишларини ҳам.
– Дарвоқе, Садриддин Айний йирик олим бўлганлар…
– Ҳа, Тожикистон Фанлар академиясининг биринчи президенти, Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий аъзоси. Шуниси аҳамиятлики, Садриддин Айнийнинг докторлик диссертацияси Алишер Навоий ижодига бағишланган. 1948 йили Алишер Навоий ижодига бағишланган китоби ҳам чоп этилган. Унгача эса Фирдавсий, Абу Али ибн Сино, Рўдакий, Шайх Саъдий ҳақидаги асарлари чиққан. Бу борада ҳам атоқли адиб икки халқнинг маънавиятига хизмат қилган олимдир.
1978 йили Садриддин Айнийнинг юз йиллиги ЮНЕСКО доирасида Душанбе ва Тошкентдан ташқари, Париж, Лондон сингари ўнлаб мамлакатларнинг пойтахтларида нишонланган эди. Ўтган йили ҳукуматимиз томонидан Садриддин Айнийнинг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланиши улуғ ёзувчининг халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлидаги хизматларига берилган муносиб баҳодир.
А.ОТАБОЕВ суҳбатлашди.


Комментариев нет:

Отправить комментарий