Диққат,
янги газета!
Жумҳуриятимиздаги
газеталар сони тағин биттага
кўпайди. Шу йилнинг 24 февралидан Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Самарқанд
вилояти бўлими, Тарғибот маркази ва «Эрк» демократик партиясининг «Мовароуннаҳр»
газетаси нашр этила бошланди. У анча радикал характерга эга бўлиб, демократия,
шунингдек, самарқандлик ижодкорларнинг асарларини тарғиб қилишни ўз олдига
мақсад қилиб қўйган.
Газетанинг
биринчи сони ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Бу сон шуниси билан
қизиқарлики, унда самарқандлик бир гуруҳ ижодкорларнинг «Шум болага мактуб»и
эълон қилинган.
Қуйида
ўша мактуб ва Шум боланинг жавобини ўқийсиз.
Ташвиш ва таассуф билан шуни маълум қиламизки, газетангизинг 24 январь
сонидаги йўқламада Самарқанд ижодкорлари
атайин четлаб ўтилган. (Кейин
эса у жуда дудмал ва узуқ-юлуқ қилиб берилди). Бу ноҳуш ҳол бизни ғазабга
келтирди. Бош мухбир Саид Аҳмад ака қорхат масаласида ҳам айнан самарқандлик Ёзувчилар уюшмаси аъзоларини хабар
қилмагандилар. Ана шу адолатсизликка жавобан биз очлик эълон қиламиз! Москвадан
бериладиган товон пулининг тўхтатилиши, ёзувчига купон берадиган идоранинг
топилмаётганлиги ҳам бунга туртки бўлганлигини таъкидлаб ўтамиз. Бу ҳол тағин
давом этар экан, биз мустақиллик талаб қиламиз. Хом ашё базаси бўлиб қолишни
истамаймиз! Тошкентдаги нашриётлар хом роман, қисса, достонларимизни қайта
ишлаб ўзимизга қиммат нархларда сотаётганлигига ортиқча тоқат қилолмаймиз!
Хўш, бизда ёзувчиларни бозор иқтисодидан
олиб ўтиш учун ҳеч иш қилинмаганмиди?! Қилинган эди ва қилиняпти ҳам! Биз биринчи
кунлар биржа ва брокерлик ишларини кенг йўлга қўйдик. Масалан, Африкадаги бир
мамлакатга Самарқанд чойидан юборган эдик. Аммо чой таркибида беда кўплиги учун
ундан эчки озуқаси сифатида фойдаланишибди. Бизга эса ўзлари учун энг нодир
таом ҳисобланган музлатилган илон билан, қовурилган чигиртка юборишибди. Аммо
ана шу бир самолёт юкдан бизга бир дона илон билан икки ҳовуч чигиртка етиб
келди, холос. Қолганини Московдан келгунча ўғирлашибди, занғарлар! Шуёғига ҳам
шукр деб, ҳалигиларни музхонага солдигу, қандай қилиб тақсимлаш ҳақида
мунозарани бошлаб юбордик. Айрим ижодкорлар илмий даражага қараб бўлиш керак,
дейишса бошқалари орден, медалларни ҳисобга олиш зарур деб туриб олишди. Шу
йиғилишда уюшмамиз учга бўлиниб кетди. Буни қарангки, биз бу ёқда тортишиб
ётсак, электр токи қимматлашгани сабаб месткомимиз музхонани ўчириб қўйган экан
денг, ҳалиги илон жонланиб, барча чигирткаларни еб қўйибди. Лекин биз
тушкунликка тушмадик. Ўша илонни ҳам қўлга ўргатиб, пул топмоқдамиз. Жониворга
айрим шоирларимизнинг коммунизм ҳақидаги шеърларини ўқиб берсангиз, асаби
таранглашиб, ўрнида тик туради.
Юқорида таъкидлаганимиздек, асосий
даромад бартер йўли билан олиняпти. Японияга қовун, тарвуз, карам юборган эдик,
улар бизга минерал ўғит, заҳарли химикат жўнатишди. Кейин билсак, ўзимиз
юборган маҳсулот таркибидан ажратиб олишган экан. Биз ҳам ўз навбатида мазкур
заҳарларни ижарачи корейсларга пуллаяпмиз.
Кундан-кун бойиб бораётганимизни фаҳмлаб
қолган мафия ва рэкетчилар изимизга ҳам тушишди. Шунинг учун навбатдаги йиғилишда
«2000 йилгача ҳар бир ёзувчига бир қурол», деган шиорни ўртага ташладик. Ундан
олдин эса: «Ёзувчиларнинг ҳозирги авлоди капитализмда яшайди», деб эълон
қилгандик. Чунки юртимизда капитализм шарпаси кезиб юрганидан воқиф эдик-да!
Хуллас, АҚШдаги «Менежер» компанияси билан шартнома туздик. Металл топиб
беришни гарданимизга олиб қўйган эканмиз, роса қийналдик. Кейин уюшмамиз
ҳовлисидаги ўтинлар орасидан Сталиннинг бронза ҳайкалини топиб, ўша ёққа
жўнатдик. Бир маҳал, тўппончалар, калашников автоматлари ва замбарак ўқларини
олинглар, деган маънода телеграмма келди. Аммо Москов тағин ғирромлик қилди –
муттаҳамлар қуролларни арманлар билан рэкетчиларга пуллашган экан, бизга
шимилдириқ ҳам тегмай қолди.
Лекин ҳайкаллар ҳамон бизни боқяпти.
Шаҳримиздаги энг катта ҳайкални йиқитиб, бошига салла ўраттирдигу вино заводи
қаршисига ўрнатдик. Супачасига зарҳал ҳарфлар билан «Умар Ҳайём» деб ёздирдик.
Заводдан пулни ундирмасимизданоқ, вилоят газетаси бизга тош отиб олди: «Нега
Умар Ҳайём қўлини чўзиб турибди? Бошига салла ўраган ҳолда костюм кийгани ва
бир қўлида кепка тутганини қандай тушунмоқ керак?» Биз ҳам жавоб қайтардик:
«СНГда ҳамма ҳайкаллар қўлини чўзиб турибди. Бу чет элдан хайр-эҳсон сўраш
рамзидир. Биз Ҳайёмга чопон кийгизишимиз ҳам мумкин эди, аммо бир-икки йилдан
кейин, бу либосни эскилик сарқити деб эълон қилинмаслигига ким кафолат
беради?».
Суперфасфат заводи қаршисида уни
қурдирган обком котиби билан оближроқўм раисига ҳам ҳайкал тиклаганимизда бизни
«Нечун обком котибининг қўлида қилич, ижроқўм раиси скафандр кийган?» деб
танқид қилишди. Фрунзе билан Гагарин ҳайкалини реконструкция қилганимизни
фаҳмлашмаса нима қилайлик? Биз ҳам жим турмадик: газета тиражи жуда пасайиб
кетганини танқид қилдик. Энди ўз газетамизни чиқариш ташвишидамиз. Африка
ҳалиги чойни олмай қўйгандан кейин (уни еган эчкиларнинг жуни батамом
тўкилибди. Экспертиза эса чойга аралаштирилган беда суперфосфат заводи яқинидан
ўриб олинган» деган хулосага келган экан) Россияга юбордик. Кўп ўтмай бир рулон
қоғоз билан хат келди. «Чой учун раҳмат, – деб ёзганди заводи директори, – уни
ичган ишчиларимиз сартарошга бориш ташвишидан батамом қутулдилар. Чунки
баданларидаги ҳамма жунлар тўкилиб кетяпти. Завод қошида жунни қайта ишлайдиган
цех очяпмиз».
Хуллас, шунақа гаплар. Ёзаверсак гап
кўп, аммо масъул котиб хархаша қилишидан хавотир олиб,
мактубга шу ерда нуқта қўймоқчимиз. Қолган ютуқларимизни алоҳида ёзиб юборишга
сўз берамиз.
Эҳтиром ила, Самарқанд ижодкорлари
номидан Нусрат ибн РАҲМАТ Самарқандий.
Маймун йили, чилла пайти, бегоҳи жума
битдим.
ЭСЛАТМА: Қалам ҳақи бозор иқтисоди
туфайли озор чекатган Рейган, Тэтчер хоним ва Горбачевга юборилсин. Улардан
президентлик солиғи ундирилмасин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий