«Ошин» телесериалидаги бир ҳолат сира
кўз ўнгимдан кетмайди. Чарчаган, жаҳлга минган эр аллақандай хатоси учун Ошинни
тепиб юборади. У умбалоқ ошиб, ўрнидан туради ва эрининг оёғига бош қўйиб,
кечирим сўрайди. Эр жаҳлдан тушгач, ўйлаб қараса, ҳалиги ишга хотини унчалик
айбдор эмас экан – у ҳам ўз навбатида узр сўрайди…
Муаллиф ва режиссёр бу билан керак
бўлганида, хотинни дўппослаш мумкин, демоқчи эмас, албатта. Бунинг замирида
оила учун курашмоқ лозим, бунинг учун эса кечиримли бўлиш зарур, деган мақсад
ётибди.
Ёки «Эгизаклар»ни олинг. Хатоси учун ота
ўғлидан, буви набирасидан кечирим сўрашни ор, деб билмайди. Астойдил эгилиб,
чинакамига тавба-тазарру қилишади.
Бундай ҳолларни кўриб, гоҳида ўйлаб
қоласан, киши: кейинги пайтларда шарқона самимийлик ила кечирим сўрашни андак
унутиб қўймаяпмизми?! Қаердадир ўқиган эдим: «Ҳамма нарсага
ақли етадиган киши ҳамма нарсани кечиради», деб. Бунинг учун эса бош эгишнинг
ҳам кифтини елтира билиш керак-ку! Қуръони каримда: «Аллоҳ мағфират
қилгувчидир, кечиргувчидир», дейилади. Демак, гуноҳкор банда тавба-тазарру
қилишни унутмаслиги зарур. Аслида, ҳар қандай гуноҳ келажакда пистирмада туриб,
нақ юрганингни мўлжалга оладиган қаттол овчига айланади. Унинг тиғига қарши
кечирим сўрашдан кўра ишончлироқ қалқон топиш мушкул.
«Ўзбекистон» канали ижодкорларининг Шарқ
телесериалларига эътиборимизни қаратишдан муддаолари ҳам бизни гумроҳликлардан
огоҳлантириш, ҳидоятга, эврилишга даъват этиш эмасмикан?! «Эй, шогирд, – дейди
«Минг бир ривоят» кўрсатувида устоз, – майли, ёшлигингла Оврупо ва Ғарб
адабиёти, маданиятига меҳр қўй, аммо оёғинг мўйсафид Шарқ тупроғидан узилиб
кетмасин». Ҳа, шарқона, эзгу чорлов бу!
Биринчи канал чинакамига миллий каналга
айланяпти, дейишга тўла асосимиз бор. Беҳаё Мексика сериаллари ўрнига Япония,
Кореянинг ашрафликка, ферузаликка даъват этувчи асарларини намойиш қилиш,
хос-хатала эстрада ўрнига мумтоз наволарга йўл очиш, бот-бот ўгитлар ва
ҳикматларга ўрин бериш, шарқона шакллар, бўёқлар, овозлар, нозик тавозеларни
кўпайтириш ва бошқалар том маънодаги миллийлик кўринишлари эмасми, ахир?!
Аслида, чинакам миллийлик миллатчилик
ёки миллий маҳдудликдан ўзининг байналмилаллиги, билан фарқланади. Биринчи
канал, ҳеч шаксиз, байналмилал ҳамдир. Фақатгина шу каналда ўзбекчадан ташқари
русча, тожикча, қозоқча ва бошқа тиллардаги кўрсатувларга гувоҳ бўлишингиз
мумкин.
Ҳозирги телетомошабин ўта нозиктаъб ва
инжиқ. Бугун кўпчиликнинг томида «пораболик антенна» пайдо бўлди ва қўлдаги
пульт тугмачасини босиш билан юзлаб (ҳа, юзлаб!) каналлардан истаганига уланиши
мумкин. Бугунги томошабин, маслан, техника таъмиридай муҳим юмушни томоша
қилишдан кўра денгиз остига саёҳат қилишни, Африка жониворларини кузатишни хуш
кўради ва бунга ҳеч ким монелик қилолмайди.
Россия ТВсини
кўрадиган кўпгина зиёлиларимиз ўзимизнинг жайдари экранимизга анчайин нописанд
бўлишларини кузатганмисиз? Тўғри, уларда имконият ва ҳуқуқлар анча катта. Аммо
биз ўз телевидениемизни зоҳирий бир ватанпарварлик ҳисси билан севишга,
қўллаб-қувватлашга ҳам масъулмиз. Айнан шундай нуқтаи назар, эталон билан
ёндашадиган бўлсак, биринчи каналда жуда кучли кўрсатувлар борлигига, улардан
бебаҳра қолиш жиддий йўқотиш эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. «Меҳр кўзда» шакл
жиҳатидан РЖДдаги «Жди меня»ни эслатиш тўғри, аммо у батамом миллий ҳамда айнан
бизнинг топганларимиз ва йўқотганларимиз, изтирооб ва интизорликларимиз ҳақида дард
билан ҳикоя қилувчи, ўзига хос дастурдир. Мазкур кўрсатув қисқа муддатда улкан
аудиторияга эга бўлди, ҳатто ўз газетасини нашр эттиришга эришди.
Ёки «Келин-куёв»ни олинг. Талай
кўрсатувлар томошабин тополмай, экрандан тушиб кетди, аммо бу шоу ҳар гал янгидан-янги
мавзулар, шакллар, овозлар, тақдирларни кашф этиб, даврасини кенгайтириб
боряпти. Янги кўрсатувлардан «Ҳаёт давом этади»нинг оригиналлигига эътибор
берганмисиз? Бошловчи суҳбатдошини саволга тутмайди, у билан баҳслашмайди,
ўзига хос назокат, лутф билан уни тўлдиради, унинг янги овози, жозибаси сизни
эътиборсиз қолдирмайди.
Яна қай бирини қаламга олай?
«Интеллектуал ринг» – заковатлар кураши эмасми? Уни кўриб, фарзандларимиз
тафаккуридан фаҳрга тўлмаслик мумкинми?! «Оҳанрабо», «Бу турфа олам», «Эркин
иқтисод», «Экран хандаси»… Эҳ-ҳе, улар кўп.
Йўқ, ҳаммаси ҳам рисоладагидай, демоқчи
эмасман. Рекламалардаги бачканаликлар жонимизга тегади, эълон қилинган
дастурнинг бот-бот бузилиши дилимизга ўтиришмайди ва ҳоказо.
Шарқона камтаринлик ва хокисорликка амал
қилиб, илғор мамлакатларнинг бу борадаги тажрибаларини ўзлаштиришда давом
этишга тўғри келади. Жумладан, Россия ТВсининг
бир неча каналларида суд жараёнининг жуда сиқиқ, асосли намойиш этилиши ва ҳар
гал адолат тантанаси, Европадаги аксар мамлакатлар экранларидаги табиатни
севиш, оилани мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги
чиқишлари у ёки бу шаклда, айнан биринчи каналда пайдо бўлишини истаб қолардик.
Зеро, биринчи каналимиздаги ташкилий ўзгаришлардан мақсад-муддао ҳам шу бўлса
ажаб эмас.
Комментариев нет:
Отправить комментарий