среда, 14 сентября 2016 г.

САРҲИСОБ 38



          Самарқанднинг Гагарин кўчасидаги марказий авиакассадан жануб томонга қараб, тахминан беш юз метрлар  ўтсангиз, чорраҳа чиқади. Ўнг томонда   беш қаватли, ғиштли бино бор.(128 уй)  Бу иморат Иттифоқ даврида ёш оилалар учун мўлжаллаб қурилган бўлиб, энсиз, олд қисми айвонли, бир ёки икки хоналидир.  Бинонинг биринчи ва иккинчи  қаватида “Сапфир” деган хусусий  клиника жойлашган. Ҳарҳолда, одамлар бу шифохонани шундай аташади.  Унинг пешонасида эса  “Som So’zani Plus medical klinic” деган ёзув бор.
  Агар эътибор берган бўлсангиз,  Тил байрами кунлари мухбирлар ўзга забонда ёзилган  вивескалар, шиорларни танқид қилишни хуш кўришади. Газетада “Сапфир” деган русча ибора танқид қилингандан кейин, хўжайин уни инглизчалатиб қўйган. Мухбирлар тағин бир ҳақиқатни тушуниши керакки,ҳозир реклама ҳақидаги қонунда унинг қай тилда ёзилишини эгаси (рекламадател) белгилаши керак.  Аниқроғи,  бу инглизча ном  айрим мухбирларга нисбатан иддао сифатида битилган.

   Аммо бугунги дардли монологимиз биринчи ва иккинчи қаватдаги шифохона ёки тил ҳақидаги қонунда эмас, ҳамма−ҳамма мамлакатлар, миллатларда ҳам энг манфур ҳисобланган қабоҳат хусусидадир.
   Ана шу юқори қаватдаги  уйларнинг анчагинаси эгасиз эканлигини уларнинг деразалари ойнасиз, синиқлигидан ҳам англаш мумкин.  Магарам, бу хоналарни текинга беришса ҳам, жилла ор−номусли  одам мазкур бинога қадам қўймади.
   Кечки сайрга чиққанимда  (мен қишда яшайдиган “дом” бу ердан уч бино нарида) ва унинг дарвозасига яқинлашганда, кўчанинг нариёғига ўтиб оламан. Одамлар бу бинони ва ундаги одамларни энг тубан ва фаҳш сўзлар билан тилга оладилар. Мен бу калималарни тилга олишга ноўнғайлик сезаман. Хуллас, Худонинг ғазабига учраган уй.
   Бинонинг дарвозасидан анча баландда қайбирам ҳаваскор бўёқчи  қийшиқ ва беўхшов қилиб Б.Б. деб ёзган. Балки Борисдир,  Боратдир, Бўривойдир... Ҳарҳолда, фамилияси ҳам шу ҳарф билан бошланадиган довдир.
    Бу икки ҳарфни эса одамлар “Бузуқ бевалар”,  деб шарҳлашади.
   Кечқурунлари бу дарвозадан  саросималаниб ( биров кўриб қолмасин деб) кираётган  ёшларнинг оқимини кўриб, қабиҳ баданпурушлар жуда кўплигига ишонч  ҳосил қиламан. Икки бино наридаги баландликдан кузатсангиз, айвонда ёш−яланг ҳангилар қаторлашиб турганини ва қўшмачи аёл уларни хонама−хона тақсимлаётганига гувоҳ бўласиз.  Ҳаво исиганда,  ялпайиб ўтирганича, сигарет чекаётган фоҳишаларни кузатиш ҳам мумкин. Улар гоҳида жанжаллашиб ҳам қолишади, аммо узоқдан овозларини эшитиб бўлмайди. Бу бахтиқароларнинг аксарияти нашаванд эканлигини узоқдан туриб ҳам чамалаш мумкин бўлади.
  Мени,  бир журналист сифатида уларнинг  тақдири қизиқтиради.  Нега бу ифлос қафасга тушиб қолдийкин улар?  Кимлари бор экан ва хоҳишмандларини   бу  бадном катакдан  халос эттириш мумкинмикин?
    Газетада ишлаган пайтларимда адолат учун, қўлда қалам ва блокнот билан жиннихона, қамоқхона, моргга ҳам кириб чиққанимни “Мен мухбирман” деган  китобимда батафсил ёзган эдим. ( Китоб билан  “Ziyo istagan qalblar uchun” ёки  TurkLIB” сайтлари орқали танишиш мумкин).  Аммо ҳар қанча қизиқсам ҳамки, бу бинога киролмайман. Етмиш уч йил давомида қурган иморатимнинг охирини қийшайтириб қўйишдан жуда ҳам қўрқаман.
   Мазкур бино бузуқ бевалар масканига айланиб қолиш жараёнини тахминан биламан. Мустақиллик эълон қилингач, бу ердаги русизабонлар кетиб қолишди. Зеро, ҳар қандай империя тугаши билан унинг ўша юртда қолган фуқаролари ғарибга айланиши ҳам кузатганман. Ахир, ҳамма нарса учун жавоб бериш керак−ку!  Ёш оилаларга мўлжаллаб қурилган бинода  ҳам қашшоқлар, алкашлар, ночорлар қолишди ва уларнинг бир қисми фоҳишаликни касб этди. Кейин ишбилармонлар, аниқроғи, чапдаст қўшмачилар  вазиятдан фойдаланиб, бу ерга оёғи енгил беваларни жалб қилишди. Шундай қилиб, мазкур уй шаҳардаги энг катта ва норасмий фоҳишахонага айланиб қолди.
    Эҳтимол, бу – жамиятимизга “бозор иқтисоди” номи билан айёрона  кириб келган капиталистик тузумнинг бағоят аччиқ мевасидир.
   Милиция ва ҳокимият қаёққа қараябди, дейсизми?
   Аввалги йиллар милиция бот−бот рейд уюштирар, кириб−чиқувчиларнинг ҳужжатларини текшириб ҳам кўрарди. Шунда ҳангилар девор ошиб ёки деразалардан кирадиган бўлишди. Деворга чирмашиб чиқаётган алпинист− жўжахўрозларни кўп кўрардим. Айрим пайтларда “тунги капалаклар”нинг ўзларини  ҳам тутиб кетишарди ва кўп ўтмай қўйиб юборишарди. Милиция бу ҳолдан чарчади. Кейин эса уларнинг айримлари эшик олдида туриб, меҳмонлардан бож ўндиришни одат қилди. Бора−бора эса қораларини ҳам кўрсатмайдиган бўлишди. Айтишларича, бевалар шикоят ёзиб, милиция уларнинг ҳақига  шерик бўлаётганини маълум қилган эмиш.
   Ким билади дейсиз, буларнинг бари кўча гаплари ҳам бўлиши мумкин−ку.
  Шу йил ( 2014) январ ойининг бошлари эди. Кечки сайрга чиқиб, бинони милиция ўраб олгани устидан чиқдим. Институт томон кетадиган кўча батамом беркитилган,  машиналар тугул, одамларни ҳам ўтгани қўйишмаябди. Атрофда  талай ўт ўчириш машиналари, бақириқ−чақириқлар, сирена сигналлари ёниб ўчаётган ўнлар милиция машиналари...  Овоз кучайтирувчи карнайдан ўзбекча, тожикчалаб одамлардан зудлик билан тарқалишни,  бу ерда туриш ҳаёт учун хавфли эканлигини бот−бот такрорлашаябди. Тўғри келган кишининг ҳужжатларини текширишаябди.
    Аммо шунга қарамай, ҳеч ким чекинмас, ҳангоматалаблик билан нарироқ бориб кузатишарди.
    Одамларга аввал нон керак, кейин ҳангома, деган нақлни эшитганмисиз?  Аммо каминанинг кузатишимча, ҳозирги одамларга аввал ҳангома керак, кейин нон. Табиийки,  мен ҳам нима гаплиги билан қизиқдим. “Учинчи қаватга бомба қўйишибди”, деди, томошабинлардан бири.
  Мен  дарвоза томон ўтдим ва ним қоронғуликда бир неча ёш−ялангларнинг ортига бориб турдим. Олдимдаги новча  йигитча, ёнидаги паканоғига алланималарни тушунтирарди. Шеваларига қараганда,  улар тожик ёки эронига ўхшашарди. Назаримда,  дўкондорлар, кичик бизнес эгалари эдилар. Эҳтимол, эҳтиросларини қондиргани келиб,  томоша устидан чиқишгандир.
  “Мина қўйиб тўғри қилган,  бу ифлосларнинг барини йўқ қилиш керак”,  деди новча. “Бомбани ваҳобийлар қўйган бўлиши мумкин.  Арабни ҳам ўшалар сўйиб кетган,  дейишди−ку”, уни маъқулаган бўлди шериги
  Бир маҳал ҳовлидан ҳам карнай овози эшитилди. “Ҳамма чиқиб кетсин! Беш минутда бинони бўшатинглар! Ҳаётларинг хавф остида!”  Бу гапларни у рус тилида ҳам такрорлади.
  Мен “тунги капалаклар”ни кўриш уларнинг ёши, миллати, шаклу шамойили ҳақида қитдай бўлса ҳам тасаввурга эга бўлишимдан зоҳиран қувондим.  Кўп ўтмай, улар гуруҳ−гуруҳ бўлиб чиқиб келабошлашди.
  Бирор жойда атайин қўпорувчилик, портлатиш  юз берса, масъуллар:  “Террорчининг миллати бўлмайди”,  деган иборани кўп ишлатишади. Аслида, миллатсиз банда бўлмайди. Аммо ана шу миллатдаги бошқа кишиларнинг иззат−нафсига тегмаслик, уларнинг кайфиятини бузмаслик учун шундай йўл тутишади.
   Назаримда, тўғри қилишади.
  Шу мантиқдан келиб чиқиб, фоҳишанинг ҳам миллати бўлмайди, десак ўринли бўлур эди. Бу бевалар орасида наша чекиб, арақ ичиб, ранги  заҳил ва фаҳш бўлиб кетган европаликлар билар бирга, атроф туман ва қишлоқлардан келиб қолганлар ҳам анчагина эди.  Шаҳар кўрган бу эчкиларнинг кимларгадир тақлид қилиб, юз−кўзларига бўёқ чаплашлари, ҳаддан ташқари тор ёки кенг, беўхшов кийимлар кийишлари,  фаҳму−фаросатдан ҳам мосуволикларидан  далолат берарди.   Бузуқлар орасида ўзига зеб берган, супта шаҳарликларни ҳам учратиш мумкин эди. Лекин буларнинг баридан қатъий назар, улар жирканч ва тубан аёллар эди. Бир−икки “бомж” эр−хотинлар ҳам пайдо бўлишди. Ёнимдаги пакана  тожикчалар “ Шў хар шавад, зан ғар мешуд” ( Эр эшак бўлса, хотини ғар бўлади) деб қўйди.
   Сизда ўз миллатингиздан ор қилган, ундан тонишга рози бўлган ҳолатлар юз берганми? Бу ерда худди шу ҳолатга тушасиз, надоматлар чекасиз.
   Бир маҳал саланглаб юрадиган семиз,  ранги  заҳил  аёл пайдо бўлди. “Бу − “Мама роза”, деди қаршимдаги йигитлардан бири. Катта ж... эди, ҳозир қўшмачилик қилади.”
    Қўшмачиларни “Мама роза” дейишларини эса билмас эканман.
   Милиционер ҳалиги тасқарани жеркиб, тезроқ юришни буюрди. “Ҳой бола, деди, хомсемиз милиционерга нописанд боқиб, ким билан гаплашаётганингни  биласанми?  Ўша каттанг ҳам менга “опажон” деб зорланади. Билмасанг, билиб қўй!”
     Мен бу бедаво ётиб қолгунча, отиб қол қобилида иш тутаябди, деб ўйлагандим. Аммо новча  масалага ойдинлик киритди.
“ Бу мочахарнинг гапида жон бор: бахтиқаро студенткаларни қўлга илинтириб,  катталарга, пулдорларга сотади”.  “Қандай қилиб...” сўради шериги. “Тўрига туширадида. Кантрактдан қийналиб қолганлари,  ночорлари, соддалари қанча уларнинг.   Ж.ларга солиқ ҳам солади. Бу қораялоқни чиқариб отса ҳам давлатнинг ҳақи кетмайди”.
   Ўзи бағоят бадбаша бўлганлиги устига қилаётган  гуноҳининг  чандон хунуклиги боис бу  манфур тасқара кўзингга балодай кўринарди.
  “ Ана, “Русалка”   чиқди”,  деди ўртароқда тургани.
    Қаршимизда хушқомат, хушқилиқ бир сулув пайдо бўлди. Нури уюми устида унган катта гулга ўхшаб кетди у ўша онда. “Сув париси”га таъриф берадиган бўлсак, унинг елкасига енгилгина ташлаб олган қундуз ёқали палтоси остидан этаги  ерга деярли тегиб турган ҳаворанг кўйлаги, таранг сийнабанди  кўриниб турарди. Буларнинг бари, ҳақиқатан ҳам сув парисини ёдга соларди. Нозаниннинг  қирра бурни, катта−катта ҳаворанг кўзлари овруполикларга; турмакланмай елкаларига ёйиб ташланган қоп−қора сочлари, юз тузилиши,  яна алланималари осиёликларга ўхшашлигини кўриб, унинг онаси рус, отаси ўзбек ё тожик деб тахминлаш мумкин эди. Веналарида оқаётган ана шу икки қон унга соҳибжамоллик, тароват ва андак ғурур бахш этган эди.
   “Сув париси” телефонда, жилла саросималик ила, русчалаб кимгадир дашном берар, унинг ўзгариб турадиган юз ифодаларини кузатиш ҳам мароқли эди.
   Ҳатто фоҳишалар ҳам унга ҳавас ва ҳайрат билан боқиб, йўл бўшатишар, бадқаҳр ва тунд милиционерларнинг юзида аллақандай майинлик, мойиллик акс этгандай бўларди.
   Эҳ, соҳибжамол эди у!
   “Бу нозанин бир кечага юз доллар олади, деди пакана. Мана буларнинг ставкаси  беш мингдан − ўн минг сўмгача”  “Худди у билан ётгандай гапирасан−а”,  ишонқирамади шериги. “Ётганим йўқ, лекин биламан”.    “Қаердан биласан?”  “Бахи,( Ҳойнаҳой, Бахтиёр бўлса керак. Н.Р.) Мансур уччаламиз уйига меҳмон бўлганмиз. Ишонмасанг, сўра улардан. Унинг бу ерда ҳам, маҳаллада ҳам  уйи бор”, анчайин ишонч билан жавоб берди шериги. Майда−чуйда қилиб бордик, яхши кутиб олди. Шампанский ҳам ичдик. Шеър ёзар экан, ўқиб берди. Тушунмасак ҳам бош силкиб турдик. Сволоч Бахи балони билмаса ҳамки, ҳар замон: “ана шу ери зўр чиқибди, ана шу жойи бошқача бўлибди” деб турди.  Мансур иккаламизни кулгимиз келарди.  Кейин, бу ойимтилла пианино ҳам чалиб берди. Ўзи аввал театрдами, телевидениедами ишлаган экан: гапга жуда чечан. Бахи ўзини селхознинг профессори деб таништирди.  Мансур иккаламиз ростини айтдик. Шундан бери Бахининг оти профессор бўлган. Кечки маҳал уччаламизни ҳам совуққина кузатиб қўйди. Йўл−йўлакай Бахини роса мазах қилдик. Балиқпурушнинг бир юмалаб профессор бўлиб қолиши қизиқ эди−да. Аслида, бу ғарга,  ҳам ўқиган, ҳам серпул ўйнаш керак. У доно одамлар билан мириқиб гаплашишни яхши кўради. “Менга хўрозлар эмас, ҳамдардлар керак”, деди шеърида.  Аммо қарангки,  номард Бахи бироздан кейин  телефон қилиб зорланса, уни қайта таклиф қилибди”.
   Пакана тин олди. Давомини эшитишга ошиқаётган шериклари уни тергаб қўйишди.
   “Роса мазасини кеткизибди, бечора Бахини, ўзини тарозига солмай, давом этди пакана.  Мусорлари тўпланиб қолган экан, аввал шуни чиқаришни буюрибди”. Йигитчалар мазза қилиб кулишди. “Қайтишда магазиндан кир ювадиган порошок олиб келишини ҳам тайинлабди.” “Баттар бўлсин,” деди новчаси. “Буниси ҳам майли, давом этди бояги, ўзини роса массаж қилдирибди. Экономикадан, адабиётдан хар хил саволлар  берибди”.
   Тағин мириқиб кулишди. “Эрталаб ётган жойидан шўрлик Бахига  юз доллар қолдириб кетишини тайинлабди”. “Хўп, ҳалиги иш бўлибдими, ишқилиб”  “Ҳа, Бахиям анойи эмас, бўлмаса қарийб бир ҳафтада топадиган пулидан воз кечмасди−ку, бу қурумсоқ.  Ўша куни у уйдагиларига “Ҳайдаркўлга балиққа кетдим, бу кеча ўша ерда қоламан”, деган эканда. Эрталаб туриб, ўша ёққа жўнабди. Тўрт қоп  сазанни келтириб, ошхоналарга тарқатибди, ювиниб, тараниб, тағин “Русалка”никига борибди. Биласанми, у нима дебди. “Кечирасиз, бугун сиз билан бўлолмайман”.  “Нима учун” сўрабди Бахти. Биринчидан, сиз иқтисодчи профессор эмассиз, ҳатто иқтисодиёт билан экономика бир нарса эканлигини ҳам билмайсиз”.  “Йўқ, профессорман!”  ўрлик қилибди жўрамиз. “Агар профессор бўлсангиз, даромад билан соф даромад ёки нарх билан таннархнинг фарқини  айтиб берингчи”. Шўрлик Бахи дудуқланиб қолибди. “Ёлғон гапирганларни ёқтирмайман”, дебди “Русалка”.  Гап бунда ҳам эмас, сиздан балиқнинг ҳиди анқиябди. Бунга тоқат қилолмайман. Назаримда, балиқ савдоси билан шуғуллансангиз керак”.  “Икки юз доллар бераман”,  дебди довдир Бахи. “Йўқ, гап  пулда эмас”,  дебди−ю,  эшикни ёпибди”.
     Улар тағин қаҳ−қаҳ отиб кулишди. “Биласизларми Бахи менга нима деди?”  “Нима деди?”  “Шу хушомадларимни юздан бирини хотинимга қилганимда, кечаси билан мени ялаб чиқарди. Аёлим  мусор тўкиб келиш ёки уни массаж қилишимни буюришини тасаввур қилолмайман. Ўзи, биз − эркаклар ахмоқ!”  “Бахининг ўзи аҳмоқ”,  деди новча жавобан. “Лекин  Бахи гариллашидан қолмайди. “Ялинса ҳам қайтиб бормайман, ўша ойимтилланга”,  деб қўяди.
   “Русалка” майда қадамлар ташлаб, бизга яқинлашиши билан баримиз жимидик ва зимдан уни кузатдик.  Атрофга бир зум фарангларнинг машҳур “Shanel” атрининг ҳиди тарқалди ва бундан сархуш бўлдик. Табиат “Сув париси”ни нуқсонсиз қилиб яратганди. У биз томонга ўзгача, жуда ёқимтой табассум қилгандай бўлди.
     Бу куйдирмажон мендек бир чолнинг эҳтиросларини жунбушга келтирган экан, йигитчаларнинг аҳволи нечук бўлишини тасаввур қилиш қийин эмасди. У сал нарироқда уни кутиб турган “Каптива”га миниб, кўздан ғойиб бўлди.
   “Фариштам, қўлингни бер, мен сени шу бадбўй ботқоқдан чиқариб қўяй, дедим ғойибона. Барига сен эмас, биз − эркаклар айбдормиз”.
   Ҳамма чиқиб кетгач,  ичкарига сапёрлар кирдилар ва кўп ўтмай илжайиб қайтиб чиқдилар. “ Топилмадими, ложний сигнал эканмими?” сўради пакана таниш милиционердан. У овозини пасайтириб жавоб берди: “Учеба эди”.
    Ўқув машқи учун шунча ваҳима қилинишини эса хаёлимга ҳам келтирмагандим. Сўнг тарқалиш ҳақида команда берилди. Ўт ўчириш машиналари тағин бир бор қулоқларни қоматга келтириб, сигнал беришди ва  йўлга тушишди.  Милиционерлар, ўт ўчирувчилар, ҳангоматалаб томошабинлар ҳам писандалик билан тиржайиб, йўлларига равона бўлдилар.
  Ўзимга қадрдон бўлиб қолган йўлакда сайрни давом эттирар эканман, аввал  Б.Б масканига юҳолик билан тикилганича,  шошилиб келаётган тўдага йўл бўшатдим. Улар қишлоқдан келган мардикорлар эканлиги  уриниб кетган, кир−чир либосларидан билиниб турарди. Бу шўринг қурғурлар бола−чақани боқаман,  деб не−не азобда топган   пулларини ана шу ифлосларга бериб кетишади.  Аниқроғи,  бир лаҳзалик ҳайвоний!!!  ҳирсларини қондириш учун пуллари, виждонларидан воз кечишади. Кейин сипороқ кийинган студентлар гуруҳи яқинлашди. Ота−оналар  машаққат ила топган,  кун кўриш ва домлаларга пора пули (домлаларнинг ставкаси фоҳишаларникига нисбатан жилла кўпроқ) учун берган ақчаларини бебош эҳтиросларини қондириш йўлида сарфлашади. Бедаво дардларни илаштириб олиш эҳтимоли ҳаёлларига ҳам келмайди, бу бадбахт новвосларнинг!
   Қўшилиш арафасида бўрилар, йўлбарслар ҳаддан ташқари ваҳшийлашишини билардим. Сут эмизувчилар синфига мансуб homo sapiens ҳам бундан мустасно эмас. Шунинг учун чўчиб, ўзимни чекканга олдим ва Бахининг : “Ўзи, биз − эркаклар ахмоқ” деган иқрорини эсладим.
   Кейин кўз ўнгимга “Мама роза”нинг инсон ҳазар этадиган, мараз башараси гавдаланди. Бинога шунча милиционер, ўт ўчирувчи, мина қидирувчилар кириб чиқишди. Лекин ундаги энг манфур бомба − “Мама роза”ни кўришмади, судраб чиқишмади нодон, нобарорлар. Жаҳлим чиқди. Наҳотки, гулдай қизларни пуллайдиган бу жирканч аблаҳга ҳеч кимнинг кучи етмаса?! Чиқариб отиш керак,  қанжиқни! Бу қандай бедодлик?!
   Бу дардларимни ёзсам, газеталар эълон қилмаслигини биламан, ҳокимиятдагиларга айтсангиз: “Кўзингиздан қора қўзойнакни ечиб, атрофга  қаранг!  Қанақа бинолар қад кўтарди,  равон кўчалар бунёд этилди”, дейишини биламан.  Милиция бўлса, фоҳишаликка қарши қонун йўқ, деб важ кўрсатиб турса, дардингни кимга айтасан?! 
     Вазиятни ўзгартиролмасанг,  вазиятга муносабатингни ўзгартир, дейишади. Мен вазиятни ҳам, унга бўлган муносабатимни ҳам ўзгартиролмайман. Шунинг учун, бу фожиани аввал Интернетда, аниқроғи, фаесбукка эълон қилиб кўраман, кейин республикадаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи амалдорларга хат ёзаман...
   Шу пайт энсам қотиб, иккала қулоғим ҳам жиринглаб қолди. Демак, қон босими кўтарилди. Докторнинг: “Сизга нохуш эмоциялар тўғри келмайди. Хушнудлик билан яшанг,  хушвақт лаҳзаларни кўз олдингизга келтиринг, хаёл фантазиясига эрк беринг”,  деган тавсияси тушди. Зеро, бу ҳолни, яъни “хушҳоллик  терапияси”ни синаб ҳам кўрганман. Бир оз хушчақчақ бўлсам, худди “Энап НЛ” таблеткасини ютгандай енгил тортаман.
   Инсоннинг хаёлидай эркин ва озод нарса борми бу оламда. Фикран билган номаъқулчилигингни қилсанг ҳам бировнинг иши йўқ.
    Кўз ўнгимга “Сув париси”ни гавдалантирдим. Эҳ,  ёш йигит бўлиб қолсам ва уникига меҳмон бўлиб борсам. Мириқиб суҳбатлашсак. Фикрларимиз уйғунлигидан роса қувонсак, кулсак.  Ора−орада  шампан виносидан ютиб, сиёсат, иқтисодиёт борасида баҳслашсак  ва ҳар гал мен ул сарвқоматни қойил қолдирсам, ҳайратга туширсам... Кимларнидир ғийбат қилсак ва дафъатан енгил тортиб, тағин кулсак... Кейинчи, кейин...
  Ўзи,  биз−эркаклар...
   Сут эмизувчилар синфига мансуб, кичик ҳарф билан ёзиладиган  homo sapiens”мизда...
                                                           Март  2014
  
            
ШАРҲ. “Сарҳисоб” туркумидан анча нарса ёзиб қўйганман. Аммо уларнинг аксари таржимаи ҳол  ёки кундалик ҳаётга оиддир. Аммо ўқиса бўладиганлари ҳам бор. 37 дан 43 гача бўлганларини блогимнинг “ўзбекча” бўлимидан ўқишингиз мумкин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий