Газлида рўй берган табиий офат шаҳарликлар иродасини буколмади. Бу ерда
мамлакатимиз саноат корхоналари ва аҳоли хонадонларига табиий газ етказиб бериш
узлуксиз давом этмоқда.
У йил 20 март тонготаридаги зилзила бутун Ўзбекистонни сескантириб
юборди. Фақат Ўзбекистон эмас, Тожикистон, Туркманистон республикалари
территорияларида ҳам унинг кучи яққол сезилди.
Зилзила оқибатида эса эпицентрдан 200-300 километрли радиус бўйлаб оз
ёки кўп даражада кўзга ташланади. Масалан, Газлидан 200 километр берида
томлардаги кўпгина мўрилар тўкилиб кетганини кўриш мумкин.
Мўрилар. Нега биринчи зарба уларни
қулатган? Бу ерда ҳеч қанақа жумбоқ йўқ. Мўрилар ён томонлардан бирор таянч
нуқтага эга эмас. Атиги ярим метрли бу муаллақ минорачалар шу кўйга тушгач,
салкам эллик метрли Вобкент минораси ёки Минори Калонга нима бўлдийкин, дерсиз.
Хотиржам бўлинг, бу обидаларнинг бирорта ғиштига зарар етган эмас.
Бухоро шаҳрида хом ғиштдан қурилган эски
уйлар, деворлар қулаган. Кўп қаватли бинолар турли даражада зарарланган.
Замонавий кошоналардан ўн қаватли Бухоро меҳмонхонаси, тарихий бинолардан
Кўкалдош мадрасасининг деворлари дарз кетган.
Газли! Бугун бутун мамлакатнинг
диққат-эътиборида турган бу шаҳарга кираверишда она ҳайкали қад кўтарган. Ер
остидаги бебош табиий куч ҳар гал ундан ўч олмоқчидек бўлиб туюлади. Бундан
тўққиз йил муқаддам содир бўлган офатдан кейин келганимда онанинг қўлидаги
боласи анча нарига учиб кетганини кўргандим. Ҳайкалтарош уни қайта тиклаб, бир
қўлига машъал ҳам тутқазган экан. Бу гал мункиб кетган онага ўхшаб кетибди у.
Атрофига бетон тирговчилар қўйишибди.
Шаҳардаги қандайдир маъмурий бинонинг
олд девори қулаб тушган. Стол-стуллар, машинкалар кўриниб турибди. Бекат. У кўп қаватли бино эмас. Лекин шунга қарамай,
бир самосвал қурилиш чиқиндисига айланиб қолибди. Унинг бекатлигини фақатгина
скамейкасига қараб тахминлаш мумкин. Кинотеатр биносининг биргина орқа
томондаги девори омон қолган. Киномеханик ана шу деворга пардани илиб, томоша
кўрсатяпти.
Поликлиника ҳам, штаб ҳам, никоҳ уйи ҳам,
сартарошхона ҳам бугун чодирда, вагончада. Чодирларга бўр билан кўчалар,
муассасаларнинг номи ёзиб қўйилган.
Газли бугун мардлик ва жасорат
эпицентрига айлангани сир эмас. Бухоро аэропортида бир талай болакайларни
учратдим. Улар Газли болалари. Украиналик қардошларимизнинг илтимосига кўра бу
болалар «Артек»ка дам олишга жўнашяпти.
Бундан тўққиз йил олдин ер саккиз балл
куч билан силкинганда анчагина жойлар нобуд бўлган эди. Чунки бинолар
ҳозиргидек темир-бетон конструкцияли эмасди. Ўшанда газеталар Николай Кримов
жасорати ҳақида ёзганлиги ёдимда. Эндигина ўттиз баҳорни қаршилаган бу ёш
инженер компрессор станциясидаги қизларни қутқараман, деб ўзи нобуд бўлган.
Ҳамширалар Николай Кримовни унутишган эмас. Бугун шаҳарни қайта тиклашни жазм
қилган ҳар бир кишининг қалбида унинг жасорати бор!
Зилзила ер остидаги газни қазиб олиш
билан боғлиқми? Олимлар бу фикрга қўшилмайдилар. Уларнинг айтишларича, зилзила
ўчоғи, яъни гипоцентри ер юзасидан йигирма километр чуқурликда жойлашган. Газ
кони эса юз метрдан бошланиб кўпи билан икки минг метрга боради, холос. Бу
борада фан олдида турган жумбоқлар оз эмас, албатта. Поп ва Жиззахдаги
эпицентрдан газ ва нефть қазиб олинмаётганлиги ҳам олимларнинг фикрида жон
борлигини кўрсатади.
Газлида ер вертикаль ҳолда тебранган.
Бухоро ва бошқа жойларда эса горизонтал
силкиниш кучли бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, бу тектоник тафовутнинг
сабаби ерости сувларининг жойлашиши билан боғлиқ экан.
Биз юқорида Вобкент минораси ва Минораи
Калонга зиён етмаганлигини айтдик. Минг йиллик тарихга эга бўлган Исмоил
Сомоний мақбараси, юзлаб гумбазлар, тоқлар, миноралар, масжидлар ҳам омон
қолган. Аммо бундан бир томонлама хулоса чиқармаслик керак. Ўтмишда қурилган
биноларнинг аксарияти бузилиб, энг саралари бизгача етиб келган. Яқинда Газлида
бўлган Тошкент Политехника институти биноларни зилзилага бардошлигини ошириш ва
қурилиш механикаси кафедрасининг мудири, профессор Қ.Абдурашидов бу борада
ибратомуз гапни айтди.
– Қадимий усталар ҳам юқори силкинишли
зилзилалар бўлишини ҳисобга олиб иш тутишган. Масалан, минораларнинг пойдевори
чуқур ва мустаҳкам бўлган. Уларнинг остига қамиш ҳам тўшалган. Натижада ана шу
тўшалма аммортизация вазифасини бажарган. Кейинги тадқиқотлар эса қурилишдаги
қоришмага кўплаб туя сути ва тухум аралаштирилганлигини кўрсатмоқда.
Газлида яшашнинг ўзи жасорат. Тўрт томон
сарҳадсиз саҳро. Барханлар, саксовуллар. Ёзда шамол ҳам, сув ҳам қайноқ. Қишда
қаҳратон изғирини суяк-суякларга ўтиб кетади. Бунинг устига кутилмаган табиий
офат. Лекин, шунга қарамай, газлилик азаматлар ҳам кеча-кундузда 30 миллион
кубометр газ етказиб беришяпти. Агар улар табиий офатни писанд қилмадилар, бу
ерда ҳамманинг кайфи чоғ, десак
баландпарвоз гапирган бўламиз. Зилзила симёғочларни қулатди, коммуникацияни ишдан
чиқарди. Бизнинг кўпчилигимиз икки кун давомида қувурлардан табиий олов тескари
оққанини, яъни Уренгой гази билан таом пиширганимизни сезмай ҳам қолдик.
Газлидаги қудратли скважиналар, насос станциялари атиги икки кунда ремонт
қилинди ва тўла қувват билан ишлай бошлади. Бу ҳақиқий жасорат!
Шаҳарда юздан ортиқ киши
жароҳатланган. Болали аёллар, беморлар палаткаларда яшашаяпти. Лекин буларнинг
бирортаси газлиликлар иродасини буколмайди.
Ер силкинишидан кейин кўп ўтмай бу ерга
келган ҳукумат комиссияси составида СССР газ саноати министри В.А.Динков ҳам
бор эди.
– Газли бизнинг шаҳар, биз уни қайта
тиклаймиз, – деди министр. У аслида кўп миллатли совет кишилари фикрини
ифодалаган эди. Шаҳарга кўпгина қардош республикалардан мутахассислар,
қурувчилар етиб келишди. Ўтовлар, палаткалар, вагончалар, қурилиш майдонларида
турли тилларда гаплашаётган ёр-биродарларни учратиш мукин.
Район халқ маорифи бўлимининг мудири
Муратбек Бўлатбоев билан шаҳар кўчаларини кезамиз.
– Ғалати
бўлди, – деди у, – қочишга ҳам улгуролмай қолдик. Шаҳар ғала-ғовур бўлиб кетди.
Бинолар қарсиллаб, худди қайиқдек силкина бошлади. Кўриб турибсиз, мактаблар,
болалар боғчалари яроқсиз ҳолга келган. Аммо зум ўтмай,
буларнинг бари аввалгидек қад кўтаришига ишончимиз комил.
Газлида ер силкиниши сусайиб боряпти.
Олимларнинг фикрича, унинг кучи сўнади. Аммо Газли машъали ҳеч қачон сўнмайди.
Унинг алангаси тобора узоқ-узоқларни яритаверади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий