«Бу
ҳудудда русийзабон сотувчи, ошпаз, сартарошлар пайдо бўлганлиги қувончли, аммо
шу тилда гапирадиган фоҳишаларнинг ҳам пайдо бўлганлиги ор-номусни ғани
тутадиган хитойликлар учун нафратомуз эканлигига ишонч ҳосил қилди», дейди
публицист Нусрат Раҳмат.
–
Хитой сафаридан қайтибсиз, деб эшитдик…
– Хайриятки, «нега борувдингиз?» деб сўрамадингиз.
Хитойда: нега келдинг ёки кетяпсан, ёнингда қанча пулинг бор, деб сўрашни
беодоблик, ношоисталикка йўйишар экан. Ваҳоланки, Тошкент аэропортида ёшгина
йигитча, энг аввало, аллақандай шубҳа билан, «нега боряпсиз?» деган саволни
берди. Пулим қанчалигини айтсам ҳамки ишонқирамай чўнтакларимни титкилаб кўрди.
Қайтишда ҳам юкларни анча ағдар-тўндар қилишди.
–
Барчамиз чет элга борсак, ўшаларга ҳамду сано ёғдиришга ўрганиб қолганмиз.
Гўёки бизда ҳаммаси ёмон-у…
– Сиздай пайтимда мен ҳам суҳбатдошимнинг сўзини кесиш одатий ҳол, деб билардим. Эндиликда бу
ҳол дилимга ўтиришмайди. Агар қулоқ солиб турсангиз, барчани бир бошидан
гапириб бераман.
Йўқ, бу юртни кўп ҳам кўкка кўтариб
мақтамоқчи эмасман. Пекин кўчаларида гадойларни кўрдим, ерда ўтириб савдо қилаётган
деҳқонлар билан гаплашдим, тузумдан норози уйғурларнинг ҳасратларини ҳам
тингладим. Аммо кўзгуга қараб, аввал ундаги доғни кўрмаслик керак. Мен бозор
иқтисодига ўтиб, жаҳонда ҳамма соҳалар бўйича биринчиликка даъво қилаётган
Хитой билан юзма-юз бўлдим.
Аслида ҳозир Хитойга бориб-келиш муҳим
бир воқеа эмас. Тошкен аэропортидан кунора «Боинг» парвоз қилиб турибди. Аммо
бу йўлда қатновчи кишиларнинг аксари тижоратчилар, ишбилармонлар… Журналистлар,
адиблар, олимлар деярли учрамайди.
Ваҳоланки, ижод ва фан аҳлигина илғор
технологиялар, ибратомуз тажрибалар, эзгу анъаналарни олиб келишга, дўстлик
ришталарини мустаҳкамлашга қодирдилар. Хитойликлар Ўзбекистон ҳақида камроқ
тушунчага эга. Боиси маданий алоқаларимизнинг сустлигида бўлса ажаб эмас.
Бу ўринда миллий боғлар, яшил ҳудудлар
тўғрисида тўхталмоқчи эдим. Москва ёки Европадаги кўпгина йирик шаҳарларда
бўлсангиз, уларни ўрмонлар ўраб олганига ишонч ҳосил қиласиз. Аэропортдан Пекин
марказигача ёки ундан Буюк Хитой деворигача бўлган катта ҳудудда «шаҳар ўпкаси»ни
вужудга келтиришибди улар. Дарҳақиқат, фақат тарихий обидалар билангина эмас,
миллий боғлар билан ҳам фахрлана билиш керак, деган хулосага келасиз.
Пекинда пиёда юрсанг, унинг юрак уришини
ҳис қиласан, киши. Салкам ўн олти миллион аҳолига эга бўлган дунёнинг бу йирик
шаҳрида каттадан кичиккача фақат савдо ва сервис хизмати билан
шуғулланаётгандай бўлиб туюлади. Ҳамма кўчада супермаркет, савдо ва сервис
шохобчаси. Дўконлар ихтисослашган: бирида болалар либоси, иккинчисида
тақинчоқлар, учинчиси чой… Чой дўконига киришингиз билан хуштавозе хитойлик
ўтиришга таклиф этади ва эҳтиром ила кичик пиёлаларда чой узатади. Уларнинг
ранги, таъми, ҳиди бир-биридан фарқ қилади. Сиз дўкондан қуруқ чиқмайсиз.
–
Бизда ҳам дўконлар оз эмас, улардан исталган нарсангизни топишингиз мумкин.
– Аммо фарқимиз
шундаки, улар фақат ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни сотиб, юрт қудратини
мустаҳкамлашади, биз ҳам, асосан, уларнинг маҳсулотларини сотиб, ўша
мамлакатнинг иқтисоди учун хизмат қиламиз. У ердаги тижорат тамойили. сервис
қулайликларини жорий этиш – давр талаби. Аэропортдан чиқишингиз билан бир неча
киши ташриф қоғозини узатади. Улар ўз хизматини таклиф этаётган таржимонлар.
савдо ходимлари, ҳайдовчилар бўлиб чиқади. Хотиржам бўлиб олгач, зарур
бўлганига сим қоқасиз ва у сизнинг хизматингизга ҳозиру нозир бўлади.
Буларнинг ҳаммаси меҳмонга эҳтиром
десак, ошириб юборамиз. Бу ҳолатни харидорга эътибор, уни қўлдан чиқармаслик
учун қилинган саъй-ҳаракат десак, ўринлироқ бўлади. Меҳмонхонадан чиқишингиз
билан бир неча аёл ва эркак велосипедчи рикшалар хизматларини таклиф қилиб
қолишади.
–
Аёллар ҳам борми?
– Нозиккина қизлар ҳам бор. Вазиятнинг
ўзиёқ аёлни бахтли ва озод кўриш учун унга пул бериш
кераклигини, бунинг учун унинг ҳалол меҳнатидан фойдаланиш зарурлигини тақозо
этаверади. Биз жой олган «Ритан» меҳмонхонаси ва унинг атрофида хизмат ва савдо
кўрсатиш даргоҳлари собиқ СССР ҳудудидан келадиган меҳмонларга мослаштирилган.
Хитойликлар бу ҳудудда қийналиб бўлса ҳамки, русча гаплашишади, афиша, эълонлар
рус тилида. ТВ Россиянинг бир йўла уч каналини намойиш қилиб туради.
–
Уларда давлат тили ҳақидаги қонун йўқми?
– Бу ўринда тилнинг ёзилмаган қонунлари
амал қилади. Бу фаровонлик, самимийлик, дўстликка олиб борадиган устуворроқ
қонун бўлса керак. Аслида бизнинг давлат тили ҳақидаги қонунимизда ўзга
миллатлар яшайдиган ҳудудда ёзувлар ўша тилда ҳам ёзилиши мажбурий қилиб
қўйилган. Аммо кўп ҳолларда биз буни унутиб қўямиз. Тағин бир надоматли ҳол.
Мен тилга олган ҳудудда русийзабон сотувчи, ошпаз, сартарошлар пайдо бўлганлиги
қувончли, аммо шу тилда гапирадиган фоҳишаларнинг кўпайганлиги ор-номусни ғани
тутадиган хитойликлар учун нафратомуз эканлигига ишонч ҳосил қилдик.
Умуман, Хитой халқ республикаси келажак
сари бағоят собит қадамлар билан одимлаяпти. Улар айнан ишлаб чиқариш, савдо ва
сервис хизматининг кифтини келтираётганликлари сабабли ана шундай ашрафликларга
эш бўлишяпти. Масалан, ҳаво исиб кетса, кўчаларда совуқ ичимлик сотувчилар,
ёмғир томчилайдиган бўлса, соябонфурушлар кўпаяди ва ҳоказо. Бу ҳақда уларда
«агар вазиятни ўзгартиролмасанг, вазиятга муносабатингни ўзгартир», деган нақл
бор экан. Улар вазиятни ҳам, вазиятга муносабатни ҳам ўз вақтида ўзгартира
олишди. Минг йиллар давомида не-не ижтимоий, иқтисодий зилзилаларни кўравериб,
ҳушёр бўлиб қолган халқнинг тараққиёт йўли кўпчилик учун ибратлидир.
Суҳбатдош:
Н.УСАНБОЕВА.
Нусрат
РАҲМАТОВ.
«Даракчи».
20.10.2005
Комментариев нет:
Отправить комментарий