Маҳмудхўжа
Беҳбудий ва умуман, жадидчилик ҳаракати ҳақида илмий мақолалар, китоблар ёзилаётганлигидан мамнунман. Аммо талай
тадқиқотчиларимиз, у кишининг ўлимига болшевиклар сабабчи, деган даъвога кўпроқ
урғу бериб, бошқа зарур қирраларни четга суриб қўйаётганга ўхшашади. Мен
эса, бу иддаолар ва тахминларга ҳамон
гумонсираб қарайман. Асосларим эса йўқ эмас ва уларни такрор бўлса ҳам тилга
олмоқчиман.
Тарихий
жараёнларга назар солсангиз, ҳар қандай янги тузум ёки ҳукумат, дастлабки
пайтда ўз рақиблари ёки бетарафлар билан мароса-ю мадора йўлини тутади;
кучланиб олгандан кейингина, улар билан ўзгача оҳангда гаплашади. Беҳбудий
Қарши шаҳрида қатл этилган 1919 йилда болшевиклар ҳали ожиз эдилар, душман
излаш васвасасидан кўра зарурроқ юмушлари бисёр эди. Чунки мамлакатда фуқоралар
уруши давом этаётганди, иқтисод ишдан чиққанди. Ўша пайтда қабул қилинган
тинчлик, озиқ-овқат, ер ҳақидаги Декретларда; Ленинниг “Пролетариат диктатураси пайтида иқтисодиёт ва сиёсат” деган асарида
ўртаҳол деҳқонлар ва маҳаллий зиёлиларга таяниш, уларни сафга қўшиш зарурлигига
такрор ва такрор урғу берилади.
Борингки,
шундай бўлганда ҳам, орадан олти йил ўтиб, 1926 йилда Қаршидек қадимий, йирик
шаҳарга унинг номини беришмасди, деб ўйлаб қоламан.
Садриддин
Айнийнинг “Бухоро жаллодлари” асарида айнан 1919 йил воқеалари қаламга олинган.
Адибнинг ёзишича, худди ўша пайтда амир, жадидларни аёвсиз таъқиб қилиш ҳақида
фармон берган экан. Ҳаттоки, боласини янгича мактабда ўқитган, газета
ўқийдиган, ўзгача кийинган кишилар ҳам арк
қаршисида қўйдек бўғизланганини, инсон қони ариқдаги сувдек оққанини
ёзади.
Мадомики шундай
экан, жадидлар сардорининг амирлик тупроғига қадам қўйишидан унинг айғоқчилари
бехабар қолиши мумкин эмас эди. Масаланинг айнан ана шу жиҳатига эътибор
қаратиб айтиш мумкинки , амир
болшевиклар билан тил бириктирган ва уларнинг айғоқчиларидан фойдаланган, деган даъволарга ишониб бўлмайди. Чунки, Амир
Олимхон чоризмни қанчалик нафрат билан ёмон кўрса, болшевикларни ҳам ўзининг
ашаддий душмани деб билган. Шунинг ўзи ҳам, унинг Беҳбудийни қатл этиш учун ленинчилар билан ҳамкорлик
қилиши эҳтимолини инкор этади.
1936 йилга
келиб, болшевиклар ҳақиқатан ҳам марҳум Маҳмудхўжа Беҳбудий, аниқроғи, унинг
руҳи-хотирасига қарши ҳужум бошладилар. Бир замонлар “болшевиклар партияси
мусулмонлар учун зарарли” деб ёзган
иборасини асосий дастак қилиб олишди, Беҳбудий номини тарих саҳифаларидан
батамом ўчириб ташлаш учун у кишини “халқ душмани” деб эълон қилишди.
Мазкур фикр-мулоҳазаларни беҳбудийшунос олим Ҳалим Сайид билан бир неча
бор ( ҳатто матбуотда ҳам) муҳокама
қилдик, аммо бир тўхтамга келолмай, иккаламиз ҳам ўз фикримизда қолавердик.
Масалани газетхонлар муҳокамасига ҳавола этишимнинг боиси ҳам ана шунда, яъни
ҳақиқатга етишишдадир.
“Одамларга
аввал нон керак, кейин ҳангома”, деб
ўқигандим. Назаримда, ана шу ҳангоматалаблар ҳам иккига бўлинадиганга ўхшашади.
Бири ўтмишни улуғласа, иккинчиси қоралашга мойил бўладим. Мен билан Абдуҳалим
ҳам бундан мустасно эмасмиз, албатта. У ҳар гал талай факт ва рақамлар билан
фикримга қарши чиқади. Аммо факт,
рақамлар ҳам мантиққа тўғри келиши зарур, деган даққоқ хулосага келиб
қўйганман. Бу ўринда динга, Сталинга, социалистик тузумга бўлган
муносабатларимиз неча бор турланганини мисол қилиб кўрсатишнинг ўзи кифоя.
Айрим
танқидчилар, Беҳбудий ҳазратларининг
муқаддас васиятномаларига ҳам шубҳа
билан қарашганлиги, ундан болшевикларнинг
ҳидини излашганлиги, булардан ҳам
ошиб тушябди.
Бугун
жамиятда, кечаги кунни қоралашга бўлган кайфият жилла устундай. Начора,
ўзимизни ношоиста тутамиз ва воқелик ҳақидаги тасаввуримиз воқеликнинг ўзига
тўғри келмай қолади. Кечаги кун эса, ўзининг барча иллатлари ва ютуқлари билан
бизнинг ёшлигимиз ва тақдиримиз эди. Энг муҳими, тарихни ўрганишнигина эмас,
уни ҳимоя қилишни ҳам уддалашимиз; ҳар
қандай шахсий ва ҳатто миллий манфаатларимиздан унинг эминлиги ва устиворлигини
устун қўябилишимиз шарт деб биламан.
Нусрат РАҲМАТ
Самарқанд
ШАРҲ. Домланинг жавоблари ҳам асосли ва тўлақонли
эди, аммо афсуски, уларни йўқотиб қўйибман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий