Бу
гал диққатингизни қоқиўтга, ҳа, оддий қоқига қаратмоқчиман. Эътибор
берганмисиз, у гуллаганидан кейин гулдон ўрнида юзлаб оппоқ «парашют»чалар
ҳосил этади. Сўнг салгина шабада кўтарилиши билан ана шу «парашют»чаларнинг ҳар
бири ўзидан анча оғир уруғни кўтариб, кўкка парвоз қилади ва аллақаерга бориб,
«юмшоқ қўнади»…
Сиз уни ҳозирги замон «парашют»ларига
таққослаб кўринг-а! Парашют юкни фақат юқоридан пастга олиб тушади. Қоқиўтнинг
бағоят такомиллашган, физика ва аэродинамика қонунларига мос келадиган
«парашют»чалари эса шамол кучи билан юқори кўтарилади ва узоқ йўл босиб пастга
тушади.
Табиат қоқиўт уруғини тарқатиш учун
қўллаган бу жараённи амалда татбиқ этиш учун ҳали кўп йиллар керак, албатта.
***
Инсон қадим-қадим замонларданоқ сайроқи
қушларни хонакилаштирганини биламиз. Бугун бедана, булбул, каклик, канарейка
сингари ўнлаб парранда турлари бизга эстетик завқ ато этади.
Лекин, негадир инсоният сайроқи
ҳашаротларни қўлга ўргатишга эътибор бермаган. Ваҳоланки, улар орасида овози
ширалилари оз эмас. Бунга қора чигиртка билан жизиллоқ (цикада)ни мисол қилиб
олиш ўринли бўлар эди. Бу жониворларнинг дилкаш қўшиғидан дилим завқ-шавққа
тўлган дақиқалар кўп бўлган. Қора чигиртка кўпроқ шом маҳали хониш қилади.
Унинг бетакрор қўшиғини шаҳарларда ҳам тинглаб қолиш мумкин. Чириллаб қўшиқ
айтиши сизга гоҳида чанг, гоҳида флейта оҳанларини эслатиб қолади. Жизиллоқ
(уни саратон, ҳам дейишади) бир маромда ғижжак чалаётган санъаткорни ёдга солади.
Мен бир маҳаллар қора чигиртка билан
жизиллоқни қутичага солиб, олиб юрганман, аммо улар тутқунликда хониш
қилишмаганди.
***
Сиз уни бармоқларингиз орасига авайлаб
олинг-у, ўзгача нигоҳ билан синчиклаб назар ташланг. Шунда, табиат чигиртка
деган маҳлуқни зўр дид ва ҳафсала билан бунёд этганига ишонч ҳосил қиламиз.
Унинг кейинги чайир ва кучли оёқлари отникига жуда ҳам ўхшаб кетади, кўзлари
бургутникидай ўткир, ўмровлари кенг.
Бу жонивор вазиятга қараб юради,
сакрайди, учади. Агар инсон ўз гавдасига нисбатан чигирткадай сакраганида эди,
тўққиз қаватли уйнинг устидан ҳам ҳаккалаб кетган бўларди.
Биламан, сиз унинг зарари ҳақида кўп
эшитгансиз, аммо табиат учун «зарарли» ёки «фойдали» фарзанд йўқ. Шу сабабли бу
гал жониворни ўтлоқ орасига беозоргина қўйиб юборинг – ризқини топиб есин.
***
Жониворларнинг ўз фарзандига бўлган
ҳудудсиз меҳр-садоқатини бир неча бор кузатиб, уларнинг фидойилиги, жасоратидан
ҳайратга тушганман.
Маълумки, калхат паррандалар билан
озиқланади, ўрни келса, товуққа ҳам ташланади. Аммо, бир бор товуқ калхатга
ҳужум қилиб, уни даф этганига гувоҳ бўлганман. Ўшанда калхат унинг жўжаларига
ташланган эди – товуқ эса ўзидан бир неча ҳисса кучли рақибга ҳужум қилиб
қолди. Буни кутмаган йиртқич орқага чекинди.
Зах ва ташландиқ ертўлада кўршапалакнинг
ҳали темирқанот бўлиб улгурмаган полапонларига кўзим тушди. Она кўршапалак мени
кўриб безовталанди, сўнг мўъжиза рўй берди: у болалари қаршисига келиб
хавотирона вижирлади ва полапонларини елкасига миндириб олди. Сўнг опичлаганича
ертўлани тарк этди.
Табиат, ҳатто ҳашаротларни ҳам ана
шундай садоқатдан маҳрум этмаган. Чумолининг инини сув босганида, улар, энг
аввало, тариқча келадиган тухумларини олиб қочганини бир неча бор кузатган
бўлсангиз керак.
Зурриёд учун кураш ҳам табиат
қонунларидан биридир.
***
Икки хўрознинг жиққамушт бўлиб
чўқишаётганини кўп марта кўрган чиқарсиз? Тожларини қип-қизил қонга бўяшиб,
ҳаллослаб чўқишаверади-чўқишаверади. Улардан бири орқага чекингунича давом
этади бу шиддатли кураш.
Агар мазкур жанжалнинг сабаблари билан
астойдил қизиқсангиз, ана шу хўрозларнинг бири бошқа ёқдан келиб қолганига
ишонч ҳосил қиласиз. Ҳа, ҳар бир хўроз ўзи яшайдиган ҳовли ва унинг атрофидаги
ҳудудларга ҳокимлик қилади. Бу депарага бирорта бегона хўроз кириб қолгудай
бўлса, улардан бири мағлуб бўлгунича кураш давом этади.
Чегара учун кураш ёввойи ҳайвонларда ҳам
мавжуд. Тулки ва бўриларнинг ҳудуди бир неча квадрат километрни ўз ичига олади
ва одатда, рақибларни мазкур чегарагача таъқиб этади, холос. Ҳайвонларнинг
жанглари адолатли: бу курашда бир-бирини ўлдиришмайди.
***
Дилингизни ногаҳоний ғусса босганида,
асабингиз қақшаган лаҳзаларда мўъжазгина гулхан ёқиб, алангага андак тикилиб
кўринг-а! У худди тирик мавжудотдай тўлғанади, ён-теграсига, осмонга қараб
талпинаверади. Унинг ҳаракатигина эмас, бетакрор ранги, ҳарорати вужудингизга
роҳат бахш этади.
Сиз енгил тортасиз.
Нусрат
РАҲМАТОВ.
«Даракчи».
09.12.2004
Комментариев нет:
Отправить комментарий