среда, 14 сентября 2016 г.

Фарзандларимиз ўз муаллимларидан ибрат олсин



Бугунги меҳмонимиз – публицист ва адиб Нусрат РАҲМАТ.
Нусрат Раҳматнинг асли касби – агрономлик. Унинг илк китоби «Агар табиатни севсангиз» деб аталиб, 1975 йили «Ўқитувчи» нашриёти томонидан нашр этилганди. Ўтган давр мобайнида эса бадиий китоблар чоп эттирди.
Нусрат Раҳматнинг «Буни ҳаёт дебдилар» романи, «Фарзандга ўгитлар», Мен редакцияданман», «Асалари мўъжизаси», «Сўқмоқлар ва сабоқлар» сингари китоблари бир неча бор қайта нашр қилинган.
Меҳмонимиз – Нусрат Раҳматов мустақиллигимизнинг 13 йиллиги муносабати билан кўп йиллик самарали, ҳалол ижодий фаолияти учун Президентимиз фармонига биноан, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан тақдирланди. Яна бир жиҳат: умрида ўқитувчилик қилмаган бўлса-да, уни «муаллим» деб аташади.
 
-         Мукофот муборак, Нусрат ака. Суҳбатимиз муқаддимасида анъанавий саволимизга жавоб берсангиз, яъни илк муаллимингиз ҳамда устозларингиз ким бўлганлигини батафсилроқ ҳикоя қилсангиз.
– Раҳмат! Менинг мактаб остонасига илк бор қадам қўйишим 1947 йилга тўғри келади. Табиийки, ўқитувчиларимизнинг бир қисми урушдан ногирон бўлиб келган кишилар эди. Биринчи муаллимим – Абдураҳмон ака, тўлиқсиз ўрта маълумотга эга бўлсада, ўша давр кишиларига хос тиришқоқ, диёнатли одам эди. Гоҳида дарс қолиб, уруш таассуротларини гапириб кетар ва биз сукут сақлаб, қулоқ тутардик. Қий-чув қилаверсак, вужудининг ўқ теккан жойларини зарда билан кўрсатиб қолар ва биз зоҳирий хавотирланиш билан жимиб қолардик. Орадан йиллар ўтиб, уруш ва тинчлик ҳақида туркум публицистик мақолалар, шеърлар ёзганим – ўшанинг таъсири эди.
Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин –
Одамларга баён этар.
Сарҳасрат арзин:
«Мен садақайрағоч
              эдим бир замон –
Она ергинамнинг
              чайир ўғлони
Чорак аср аввал
              кесиб беомон,
Кесилган оёққа
              улашди мани.
Чорак аср мадад
              бўлдим-у, аммо,
Оёқ бўлолмадим,
              бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки,
              менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун,
              одамни-одам?!»
Эрнест Хемингуэй «Урушни ёмон одамлар бошлайдилар, аммо унда яхши одамлар қурбон бўлишади», дейди. Менинг фалсафам ҳам шунга яқин: «Урушни ёмон одамлар бошлайдилар, унга қарши эса публицистика бош кўтаради».
Устоз ҳақида гап кетганда, кўп ҳолларда Асқад Мухторнинг жиддий, сокин, аммо салобатли қиёфалари кўз ўнгимда бутун борлиғи билан намоён бўлаверади. Ғалати-да: у киши бирор бор елкамга қоқиб, «баракалла» дегани йўқ, «бу менинг шогирдим», деб эътироф этганини ҳам эслолмайман, ҳатто бақамти ўтириб, маслаҳат берганлари ёдимда йўқ. Аммо ортида, ҳавас қилса арзигулик ашраф ва комил сиймо турганини доим ҳис этардим. Асқад аканинг Дўрмондаги дала-ҳовлиларига бориб, ток, дарахтларни чилпишга киришганимда, устознинг ўзлари ҳам, умр йўлдошлари ҳам хижолат бўлишар ва мен агроном эканлигимни айтиб, ижозатларини сўрагач, жилла мойил бўлишарди. Шунда Асқад ака бир қўлда чойнак, бир қўлда радио кўтариб чиқардилар. «Майли, биз далада ишловчиларга хизмат кўрсатамиз», дердилар ҳазиллашиб. У киши билан суҳбатлашиб ишлаш бағоят мароқли, сурурли ҳиссиётларга тўла бўларди. Аммо бу ҳол узоқ давом этмасди: янга дастурхон безаб, бизни ичкарига таклиф этарди.
– «Фарзандга ўгитлар» китобингизда: «Меҳрибон қизим! Майли, ёшлигингдаёқ Оврупо ва Ғарб адабиёти, маданиятига меҳр қўй, аммо бир оёғинг мўйсафид Шарқ заминидан узилиб кетмасин», дейсиз хавотирона бир ташвиш билан. Ҳаёт эса Оврупо ва Ғарб маданиятига меҳр қўйган айрим ёшларимиз урф-одатларимиз, удум ва анъаналаримизга андак нописанд бўлиб қолишаётганини кўрсатмоқда.
– Агар, ҳақиқатан ҳам шундай ҳол рўй бераётган бўлса, бунга энг аввало биз – ота-оналар, муаллимлар, устозлар айбдормиз. Худди шу ўринда мени бот-бот ташвишга соладиган бир муаммо ҳақида тўхталмоқчи эдим. Ҳозир, айниқса қизларимиз, эстрада юлдузларига тақлид қилиш, улардан ибрат олишга мойил бўлиб боришаяпти. Ваҳоланки, айрим эстрада хонандаларининг турмуши, оилавий ҳаёти, кўп ҳолларда анчайин нохуш, кўнгилсиздир. Улар орасида уч-тўрт мартагача эрга тегиб чиққанлари борлигини биламиз. Шунинг учун ҳам гулдай қизларимиз ўзларининг ибратомуз муаллимлари, зиёлилари, қавмларидан намуна олса, тузук бўларди. Бундай кишилар эса атрофимизда оз эмас.
– Бугун таълим-тарбия соҳасидаги муаммолар хусусида гап кетганда, нималарга кўпроқ урғу берган бўлардингиз?
– Гапни маорифимиздаги ислоҳотлар, жадидчилик ҳаракатларидан бошламоқ лозим. Жойларда қурилаётган ҳашаматли коллеж, мактаб бинолари, спорт иншоотлари; ўқиш, ўқитиш борасидаги дигаргунликлар ўз мевасини бермай қолмайди, албатта. Мен бунга аминман! Модомики, муаммолар ҳақида гап кетар экан, фикрларим кўп. Газетада жой масаласини ҳис қилиб, улардан бирига тўхталишни лозим деб билдим.
Биз болакайларимизни табиатга юксак муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида бошқалардан анча ортда қолиб кетдик.
Яқинда Самарқанд давлат университети хиёбонида бўлиб ўтган бир ибратомуз воқеани эътиборингизга ҳавола этсам, ортиқчалик қилмас.
Япониядан келган ёш сайёҳ қўлида сигарет қолдиғи – у томон, бу томон аланглаб, ахлат қутиси изларди. Скамейкада ўтирган ёшларимиз унинг бу ҳаракатини андиликка йўйиб, устидан кула бошлашди. Шунда талабалардан бири японга ариқни кўрсатиб, шунга ташлашни ишора қилди. Япон ҳалиги ўсмирга надоматли нигоҳларини қадаб, алланима деди ва сигарет қолдиғини қоғозга ўраб, кичик сумкачасига солиб қўйди. Энди у қачон ахлат қутисини кўрса – ташлайди, бўлмаса йўқ! Чунки у боғчада, мактабда шу руҳда тарбияланган.
Бир ҳақиқатни ҳисобга олинг: республикамизга оқиб келадиган тоза сувнинг саксон фоизи Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудидадир. Эндиликда ҳеч ким ариқ ёки ҳовуздан сув ичмайди, ҳатто водопровод жўмрагига лаб босишдан ҳам хавотир тортишади: санэпидемиология врачлари бу сувда турли микроблар пайдо бўлганлигини ёзишаяпти. Дўконларга чиқариладиган тоза сувнинг нархи эса тобора ошиб бормоқда: бошқа жойларни билмадим, Самарқандда бир литр «Нестле» сувнинг нархи шунча миқдордаги сутга тенглашади. Хўш, ўн йилдан сўнг аҳволимиз нечук бўлади? Йигирма, ўттиз йилдан сўнг-чи… Наҳотки, сизни ваҳима босмаётган бўлса…
– Юқорида жадидлик сўзини ишлатдингиз. Сизни ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва фаолияти тадқиқотчиларидан бири деб ҳисообласак бўлар…
– Йўқ! Тадқиқотчилар ҳақида гап кетганда, Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Мўмин Фаттоев, Бегали Қосимов сингари олимларга таъзим қиламан. Мен, улар қазиган ариқдан сув ичадиан ижодкорман ва жадидлар тўғрисида нимаики ёзган бўлсам, шу заҳматкашлар яратган манбалардан фойдаланганман. Фақат, аҳли илмга нисбатан радикалроқ хулосалар чиқарган пайтларим бўлган.
– Масалан?
– Сўнгги пайтларда Беҳбудийнинг қатл этилишига бевосита большевикларни айбдор қилиб кўрсатишга кўпроқ урғу берилаяпти: факт ва асосларни ҳам қалаштириб ташлашаяпти. Аммо мантиқни мададга чақирсангиз…
Бу борада шахсий фикр, мулоҳазаларим қуйидагича. Ҳар қандай ҳокимият дастлабки пайтда ўз рақиблари билан муроса-ю мадора йўлини тутади; кучланиб олгандан сўнггина уларга ўт очади. Беҳбудий қатл этилган 1919 йилда большевик партияси жуда ожиз эди ва душман излашдан кўра зарурроқ вазифалари бошидан ошиб ётарди. Лениннинг ўша йиллари ёзган мақолаларини ўқисангиз, имкон қадар компромисликка, мамлакат иқтисоди тиклангунча келишиб ишлашга даъват қилганига ишонч ҳосил қиласиз.
Ва, магарам шундай бўлганда, яъни Беҳбудийнинг қатл қилинишида ленинчиларнинг қўли бўлганида, улар орадан олти йил ўтиб, 1926 йили Қарши Шаҳрига унинг номини беришмасди. Айнийнинг «Бухоро жаллодлари» асарида айнан 1919 йилги воқеалар қаламга олинган. Адибнинг ёзишича, амир айнан ўша йилга келиб, жадидларни аёвсиз қатл этиш ҳақида фармон берган. Ҳатто, боласини янгича мактабда ўқитган, газета билан алоқадор бўлган, ўзгача кийиннган, худрафтор қилган кишилар ҳам шафқатсизларча ўлдирилган. Модомики, шундай экан, жадидлар сардорининг Бухоро тупроғига қадам қўйишидан амир айғоқчилари бехабар қолмасди ва унинг қисмати ҳам бошқача бўлиши мумкин эмасди.
– Бу фикрингизга қўшилмасликка ижозат беринг. Бизнинг қўлимиздаги ҳужжатлар фикрингизнинг аксидир…
-         Биринчидан, сизу бизга мажбурлаб ўқитилган В.Лениннинг ёзганлари, яъни «компромислиги» бир томон – ёлғон бўлаяптию, унинг барчани террор қилиш, жисман йўқотиш ҳақидаги буйруқлари, айтганлари – ваҳшийлиги бир томон – ҳақиқат бўлаяпти. Буни Россия олимлари аллақачон исботлаб беришди. Бу каби маълумотлар кенг оммага етиб борганича йўқ.
Иккинчидан, 1917 йилда Беҳбудий Туркистонда мухторият бўлиши, уни парламент бошқариши, парламент аъзоларини эса маҳаллий халқ сайлаши лозимлиги ҳақидаги фикрларига биринчи бўлиб большевиклар қарши чиқишгани давр матбуотини таҳлил қилганимизда аён бўлди. Демак, большевиклар вақт пойлагани йўқ.
Учинчидан, Қаршига Беҳбудий номининг қўйилии большевикларнинг «сиёсий ўйини» эди. Туркистон мухторияти қонга ботирилгач, большевикларнинг навбатдаги мақсади Бухоро ва Хивани қўлга киритиш эди. Қарши эса Бухоро амири қўл остида эди, қолаверса, тарихдан маълумки, яъни бу ҳудудда унинг тарафдорлари, шунингдек, озодлик тарафдорлари 30-йилларда ҳам большевикларга қарши курашган. Беҳбудий номи амир тарафдорларини камайтириш ва маҳаллий аҳолини амирга қарши қўйиш учун «ишлатилган».
Тўртинчидан, Беҳбудийнинг чора қидириб, Самарқанддан ташқарига чиқишига большевикларнинг халқ мулкини талон-тарож этиши, ҳатто хотин-қизлар номусини, ўз-ўзидан миллат руҳини топташга асосланган муҳит сабаб бўлганди…
– Майли, иккаламиз ҳам ўз фикримизда қолайлик. Дарҳақиқат, большевиклар 1936 йилга келиб, ҳазратнинг руҳига ҳужум, унинг номини тарих саҳифаларидан ўчириб ташлашга аҳд  эди. Ва масаланинг қай тариқа давом этгани барчамизга аён.
– Билишимизча, сиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг муфтилик фаолиятига анчагина ойдинлик киритган экансиз…
– Мен қўлга киритган ҳужжатларга таянадиган бўлсак, Беҳбудий 1911 йилда Жомбойда муфтилик қилган. Бу ерга ҳафтада икки бор (файтунда) келиб кетганига қараганда, у киши Самарқандда ёки бошқа жойларда ҳам муфти бўлган. Муфтилик – ҳозирги прокурор ёки адлия раҳбарига ўхшаш унвон десак, адашмаган бўламиз. Жумладан, қози чиқарган ҳукмларни тасдиқлаш (муҳр босиш) ёки рад этиш; энг муҳим диний ҳолатларга фатво бериш, вақт ишлари билан шуғулланиш муфтилар зиммасига тушган.
Биз ҳозирги пайтда «Эски Жомбой» деб атайдиган қишлоқ ўша пайтларда волост маркази бўлиб, обод, гавжум шаҳар бўлганлиги аён. Бу ерда олмонларнинг каттагина шоли тозалайдиган фабрикаси, талай қандолатчилик корхоналари фаолият кўрсатган. Бундан ташқари, карвонсаройлар, дорихоналар, дўконлар, масжидлар, хонақоолар… дегандай. Волост бошқарувчиси – ургутлик Нарзиқул Салимбой ўғли Беҳбудийни жуда ҳурмат қилган, у билан маслаҳатлашиб иш тутган.
Маҳмудхўжа ҳазратлари муфти сифатида иш бошлагунча қози Абдулмажид Юнус ўғли фуқароларнинг ишларини ўз ҳовлисида кўраркан. Беҳбудий кўрсатмаси билан қозилик ишлари катта масжидга ўтказилган.
Шу билан бирга у киши Жомбойда янги типдаги мактаб ҳам очган. Мазкур мактаб ўқувчиларидан бири Мирзахўжа Ўринхўжаев ўз эсдаликларида қайд этишича, мактабда диний дарслар билан бирга адабиёт, тарих, география фанлари ҳам ўқитилган.
Биз бугун бир ҳақиқатни айтишдан андиша қилмаслигимиз керак. Беҳбудий ҳазратлари бой бўлганлар. Таажжуб, биз – ҳаммамиз ҳам бой бўлишни истаймиз, аммо бойларни ёмон кўрамиз. Бу иллат қонимизда бор – ҳатто ўша пайтларда ҳам муфти ҳазратларининг бойлиги ҳақида сафсата сотадиганлар оз бўлмаган. У кишининг Самарқанд, Жомбой теграларида катта ерлари, боғлари бўлган. Аммо улардан келадиган даромадни ҳазрат нима мақсадларда сарфлаганини бугун кўпчилик билади, деб ўйлайман.
– Сўнгги йилларда Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасини абадийлаштириш борасида Самарқандда анчагина ишлар қилинди, чамаси…
– Унчалик эмас. Беҳбудий қурган уйни набираларига олиб бериб, музей қилиш, каттароқ кўчага унинг номини қўйиш борасида саъй-ҳаракатларимиз беҳуда кетаяпти.
Самарқанд ўқитувчилар малакасини ошириш институти ректори Азиз Аминовга минг бор раҳмат. У киши елиб-югуриб, ушбу институтни жадид бобомиз номига қўйдириб олди. Энди, янаги йили у кишининг 130 йиллик юбилейини ўтказишда вилоят ҳокимиятининг раҳбарлари бу борадаги арз-додларимизга қулоқ солар, деган умиддамиз.
– Тағин анъанавий савол: «Marifat» ўқувчиларига айтадиган гапингиз, тилакларингиз…
– Билишимча, гатезанинг асосий ўқувчилари – муаллимлар. Биз томонларда эса ҳаммага ҳам «муаллим» деб мурожаат этишмайди: комил ва порсоларгина бу номга сазовор бўлиши мумкин. Муаллимни эъзозламаган, у билан ҳисоблашмаган жамият ҳамиша инқирозга юз тутган.
Муаллимлар ва бошқа муштарийларнинг остонасига осойишталик тилаб қоламан.
Ҳалим САЙИД суҳбатлашди.
«Marifat» газетаси.
2004 й. 9 октябрь

Комментариев нет:

Отправить комментарий