среда, 14 сентября 2016 г.

Қайдасиз, Сибир сувлари?..



Публицист ёзувчининг далиллари ва армонлари

Узоқ ва мавҳум сукунатдан сўнг Россия оммавий ахборот воситалари Сибирь дарёлари сувини Қозоғистон ҳамда Марказий Осиёга ташлаш лойиҳаси ҳақида тағин пичирлаб гапира бошлади. Бугун мазкур ўлкада дарёларнинг ўз ўзанидан тошиб чиқиши, сайёра ҳароратининг ошиши натижасида келажакда бу ҳол яна авж олиш эҳтимоли рус биродарларимизни ташвишга солмаслиги, сув балосидан қутулиш йўлларини изламасликлари мумкин эмас эди. Бу экологик катаклизмни ҳал қилиш йўлларидан бири асов дарёларни ташна саҳроларга буриб юбориш эканлигини эътироф этишмоқда улар…

Об (тожикча талаффузда сув дегани) дарёсининг маълум бир қисмини насослар кўмагида ортга буриш, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистоннинг асрий чўлларини боғ-бўстонга айлантириш ва ниҳоят, Оролни ўз ҳолига қайтаришдек эзгу мақсадлар ила бошланган ана шу лойиҳа устидан ўн йиллар давомида иш олиб борилган эди. Таассуфки, 80-йилларнинг ўрталарига келиб, айрим табақалар, айниқса бизнинг ҳамкасблар, мазкур лойиҳага қарши чиқдилар. Тўғри, лойиҳа камчиликлардан холи эмас эди, аммо ана шу ҳаракатнинг замирида анчайин тор миллий манфаатлар, аниқроғи, маҳдудликлар: рус дарёларини ўзгаларга бермаймиз, деган ғаюрликлар бор эди ва у табиатни муҳофаза қилиш қобиғига ўралганди.
1985 йил Москвада ўтказилган публицистлар анжуманида рус ёзувчиси Сергей Залигин лойиҳани кескин танқид қилгани ёдимда. Узунлиги 2250 километр, чуқурлиги 16 ва эни 200 метр келадиган ана шу маҳобатли сув иншооти неча гектар рус ўрмонлари, экинзорлари, ўтлоқларини ютиб юбориши ва охир-оқибатда шунча сув Қизилқум бағрига сингиб, миллиард сўмлаб маблағ беҳуда совурилишини айтганди. Биз – Марказий Осиёдан борган ижодкорлар уни инкор этишга тайёр эмасдик ва асосийси, иншоотнинг моҳиятини идрок этиб улгурмагандик. СССРнинг тарқаб кетиши ёки Россия дарёларида сув кўпайиши хам ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Кейинроқ, ҳатто ўзимизда ҳам Сибирь сувларига эътироз билдирувчи овозлар эшитилди: биз томонларга бир Амударёдай сув келса, ҳарорат пасайиб, пахта етиштириш муаммо бўлиши айтилди.
Баҳс-мунозаралар тафти кўтарилавергач, 1986 йили ҳукуматнинг махсус қарори билан бу борадаги ишлар тўхтатилди.
Йиллар ўтиб, ўзим ҳам талай ҳақиқатларни идрок этгандай бўлдим. Энг муҳими, илмий асосга эга бўлмаган гипотезалар миллионлар тақдирига рўшнолик ато этадиган жуда муҳим ва эзгу ишни барбод қилгани эди, албатта.
Бугун Марказий Осиёга тоза дарё суви зарурдан-зарур, Россияда эса у шаҳар, қишлоқларга хавф солмоқда. Лойиҳа бўйича мазкур канал Россия, Қозоғистон ҳудудларини кесиб, бир қисми Сирдарёга ташланиши, қолгани эса Қизилқум ва Турон пасттекисликларидан ўтиб, Амударёга тушиши кўзда тутилганди. Қозоғистон, туркманистонлик биродарларимиз биздан-да кўпроқ наф кўришарди.
Сибирь сувлари табиатга зарар етказади ёки ҳароратни пасайтириб юборади, деган гапларнинг асоссизлиги шундаки, сув борган жойда баракс табиат гуллаб яшнайди, дарахтлар кўкаради, жониворлар кўпаяди. Ҳароратнинг бир-икки даража пасайиши ҳам аслида айни муддао эди.
Яшириб нима қилдик: Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистонда ичимлик суви йил сайин муаммо бўлиб боряпти. Улар истеъмол қиладиган сув таркибидаги зарарли тузлар меъёрдагидан 2-3 баравар кўп, сувсизликдан экинлар қовжирамоқда. Ҳудудда аҳолининг кўпайиши, бунинг устига Афғонистон Амударёдан оладиган сув улушини тўрт мартагача кўпайтиришни мўлжаллагани қўшимча қийинчиликларни юзага келтириши тайин.
Ҳар қандай масалага ҳам умуминсоний нуқтаи назардан қарашни ўрганиш керак. Асрлар давомида қум барханлари кўчиб юрган миллион гектарлаб майдонларга ғалла, пахта экилса; боғлар бунёд бўлса, ундан бошқа миллатлар қатори россияликлар ҳам баҳраманд бўлиши табиий-ку!
Бу байналминал ишга МДҲ мамлакатлари штаби чинакамига сарварлик қилиши, ҳукуматлараро муаммоларни ҳал этиши лозим.
Европада чегаралар барҳам топяпти, ягона пул бирлигига ўтилди, яқин йилларда конституциялари ҳам умумлашадиганга ўхшайди.
Табиийки, биз ҳам бир-биримизсиз яшаш мумкин эмаслигига ишонч ҳосил қилаверамиз ва яқин бир неча ўн йилда Сибирь дарёлари бизга етиб келишига умид боғлаш мумкин бўлади.
Обни биз кўролмасак, фарзандларимиз кўриши аниқ!

Нусрат РАҲМАТОВ.
«Даракчи».
20.05.2004

Комментариев нет:

Отправить комментарий