Бундан нақ ўн йил муқаддам Болгариянинг «Олтин қумлоқ» санаториясида
АҚШлик фермер Фред Вильямс билан мулоқотда бўлган эдим. Фред менинг
самарқандлик эканлигимни эшитгандан кейин суҳбатлашишга мойил бўлиб қолди. Бу
йил Самарқанд билан Бухорога бормоқчи бўлганини гапирди.
Менинг тасаввуримда фермерлар ўта қўрс, калондимоғ, нописанд бўлиб
гавдаланарди. Лекин ростиини айтиш керакки, суҳбатдошим бағоят хокисор эди.
Унинг Самарқанд ҳақидаги саволлари ҳам жўнгина бўлиб чиқди.
Мен ўша йиллар Америка пахтачилиги билан анчайин қизиқиб юрардим.
Шунинг учун саволларига жавоб қайтаргач, гапни ана шу соҳага буришга ҳаракат
қилардим. Қанақа навлар бор уларда? Чигитни қайси усулда экишади? Ҳосилни
йиғиштириб олиш тартиби бизникига ўхшашми? Фермерлар теримга қанақа тараддуд
кўришади?
– Бизда машиналарни ремон қилиб қўйишди, – дедим, – бир қисм ҳосилни
қўлда ҳам териб олишади.
– Бизнинг Техасда ҳамма фермерлар
пахтани териб бўлишди, – деди у жавобан.
Ўшанда август ойининг охирлари эди.
Шунинг учун ҳам қизиқишим тағин ошиб, саволда давом этдим. Чунки Техас
штатининг об-ҳаво шароити бизнинг Ўрта Осиёмизга яқин туришини ўқиган эдим.
Фермер Акала Эс Жи, Акала Джи Си сингари
ғўза навларини тилга олди. Ана шу навлар узоғи билан юз кунда пишиб етиларкан.
Кўпи билан икки-уч марта суғоришаркан, холос.
Маълумки, бизда асосий диққат-эътибор
мўл пахта етиштиришга қаратилади. Фермерлар терим арафасида энг арзон пахта
етиштиришни биринчи масала қилиб қўйишаркан. Шунинг учун атиги бир марта
йиғиштириб олишаркан, холос.
Америкада пахтазорларни дефолиация
қилишмайди, ҳашаротларга қарши кимёвий модда ишлатишмайди, дейишади. Бу гаплар
беҳуда. Фермерлар бир қатор кимёвий моддаларни қўллашади. Аммо академик
М.Муҳаммаджонов ўзининг «Ерни эъзозлайлик, ҳосилдорлигини оширайлик» деган
китобда таъкидлагандек, бизда ҳар гектар пахтазорга 34,4 килограмм, АҚШда эса
атиги 2-3 килограмм химикат пуркаламоқда. «Америка пахтачилиги» журнали ва бу
борада ёзилган китоблар фермерлар тажрибасини очиқроқ, кўпроқ ёзяпти.
АҚШ пахтазорларида шпинделли пахта териш
машиналари билан бирга шпинделсиз (стрипперли) агрегатлар кўпаяётганини алоҳида
таъкидлаб ўтиш керак. Уларнинг шпинделли машиналари жуда қиммат. Шпинделлар
сони ҳам жуда кўп. Икки қаторли терим машинасига мингдан ортиқ шпиндел
ўрнатишган. Бизнинг агрегатларда эса юзтага етар-етмас. Стрипперли машиналар
анча истиқболли. Кучли шамол ёрдамида пахтани сўриб оладиган ана шундай
агрегатларга сўнгги йилларда жин машиналарини ҳам ўрнатиш тажриба қилиб кўрилмоқда.
Бундай агрегат ҳосилни териб олиш билан кифояланмай, уни бир йўла чигитдан ҳам
тозалайди. Пахтани қайта ишлашга ҳожат қолмайди.
АҚШнинг бир қатор штатларида лалми
ерлардан мўл ҳосил олишаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Статистик
маълумотларга қараганда, Техасда 1983 йили лалми майдонларнинг ҳар гектаридан
7,5 центнердан тола олишган. Буни пахтага айлантирсак, 22-23 центнерни ташкил
этади.
Аммо шуни тан олиш керакки, ана шу лалми
ерлар қашшоқ замин эмас. У баҳор, қиш, куз пайтлари обдон ишланади, нап
тўпланади, табиий жиҳатдан тўкис ҳолга келтирилади. Фермерлар лалми ерни кузда
40-45 сантиметр чуқурликда ағдариб қўйишади, баҳорда эса дискалаб чигит
экишади.
Биз фермерлардан тежамкорликни
ўрганишимиз керак. Улар бир гектар ерга кўпи билан йигирма килограмм чигит
қадайди, холос. Бизда норма олтмиш килограмм, амма амалда юз килограммдан ошиб
кетади.
Самарқандда америкалик бир
фермер билан мулоқотда бўлиб, унга ғўзани яганалаш ҳақида гапирганимда
ажабланиб қолди.
– Нега энди чигитни экиб, кўкартириб
олгандан кейин тағин юлиб ташлашади, – деб сўради.
– Чунки зич бўлиб чиқади-да, –
такрорлардим мен.
– Нега кўп чигит экишади, нега
тежамшайди?
Ҳарчанд қилсам ҳам бу хўжасизлигимизнинг
боисини унга тушунтириб беролмадим. Тўғри, АҚШ пахтакорларининг ҳамма тажрибаси
ҳам биз учун ибратомуз эмас. Чунки ҳар бир фермернинг ўзига хос иш услуби,
агротехникаси, ҳатто алмашлаб экиш системаси бор. АҚШда ерни консервациялаш
бўйича конкурс ўтказилиб турилади. Тупроқни мумкин қадар табиий сақлаган, унда
ҳаммадан кўпроқ микроорганизмлар, чувалчанглар тўплаган фермерлар конкурс
ғолиби бўлиб, катта мукофотлар олишади. Матбуотда ана шундай конкурс
ғолибларидан бири техаслик фермер Дуэн Виллз ҳақида ёзишди.
Виллзнинг алмашиб экиш далаларида
ғўзанинг ўтмишдоши сифатида кунгабоқардан фойдаланилади. Келаси йил чигит
қадаладиган майдонларнинг бир қисмига у эрта баҳорда кунгабоқар экади. Экинни
одатдагидай ўғитлайди, суғоради, култивация қилади.
Август ойида – ҳосил пишиб етилиши билан уни янчиб, тупроққа аралаштириб
юборади. Ҳар бир тийинни тежайдиган фермернинг бу иши андак ғайритабиий бўлиб
туюлиши мумкин. Аммо Виллз фойда қўриб кўйган, албатта. Кунгабоқар янчиб ташланган далаларга
жуда кўплаб жониворлар, паррандалар, қурт-қумурсқалар келади. Фермер бир ой
давомида ўз даласида овчилик қилади. (Ёввойи каптар сотади). Шу билан бирга,
тупроқда анчагина нури тўпланади. Ундаги табиий жараёнлар активлашади. Кейин
тупроқ дискаланади ва қолган-қутган дон гуриллаб униб чиқади. Совуқ тушгунча
кўкпоя одамнинг белига урадиган бўлиб қолади. Бу ҳам яшил ўғит сифатида
тупроққа аралаштириб ташланади. Баҳорда чигит қадаладиган бу майдон ғовак,
табиий жиҳатдан унумдор ҳолга келади.
Виллз энтомофаглардан, яъни фойдали
ҳашаротилардан фойдаланишнинг кифтини келтирадиган тадбиркор пахтакорлардан. У
лаборантлардан харажатни аямайди. Улар ҳафта давомида икки бор дала кезиб
фойдали ва зарарли ҳашаротларни ҳисобга олиб чиқадилар. Зараркунандалар
нисбатан ошиши билан биологик препаратлар ишга солинади.
Дуэн Виллзнинг кўсак қурти, карадринага
қарши пахта мойиш аралашмасидан фойдаланиш тажрибаси ибратлига ўхшайди. Бу
аралашмадаги сув билан мойнинг нисбати бизга маълум эмасю Оқ мой ҳашаротни
ўлдирмайди. Аммо тадқиқотларнинг кўрсатишича, зараркунандаларнинг капалаги
унинг ҳидидан қочиб, ғўзага тухум қўймас экан.
Виллз пахта мойи аралашмасини дефолиация
ўтказадиган мослама билан туман ҳолига келтириб пуркайди. Мазкур мослама бир
йўла 18 қаторга ишлов беради. Миссисипи штатида яшайдиган кекса фермер Фред
Баллард эса қарийб ўттиз йилдан бери қумоқ ерларда пахта етиштиради. Унинг иш
услуби, агротехникаси бизникига ўхшаб кетади. Кўрсаткичлари анча баланд. 1982
йилда Миссисипида баҳор серёғин келганлиги, ёзда сув танқис бўлганига қарамай,
у гектаридан 16,3 центнердан тола олган. Бу эллик центнер пахтага тенг.
Фред Баллард кузда ерни қирқ сантиметр
чуқурликда юмшатади. Февраль ойида андак имконият юзага келиши билан жўяк олиб,
унга сувсиз аммоний солади. У бир акр (0,4 га) майдонга ўрта ҳисобда 45 минг
туп, бир футда (30,5 сантиметр) тўртта ниҳол қолдиради.
Джон Нельяццо деган фермернинг калийли
ўғитлардан фойдаланиш тажрибаси ҳақида тўхталиб ўтиш фойдадан холи эмас.
Маълумки, биз тупроққа асосан азотли ва фосфорли ўғитлар оламиз. Олимларимиз
бир вақтлар: «Тупроғимизда калий моддаси етарли», деб эълон қилганликлари учун
бу ўғит жуда кам харид қилинади. Олингани ҳам пахта увотларида қолиб кетади.
«Бизнинг тупроғимизда ҳам калий кўп, деб
ёзади Нельяццо, аммо уни ўсимлик ўзлаштиролмайди. Калий етишмагач, ҳосил
тугунчалари тўкилиб кетади. Бунинг устига тупроқнинг нам тўплаш қобилияти
пасаяди». Фермернинг ёзишича, бир тонна пахта тупроқдан 50 килограмм
ҳаракатчан, яъни ўсимлик ўзлаштирадиган калийни олиб кетар экан. Демак, унинг
ўрнини тўлдириш шарт. Нельяццонинг тағин бир тажрибаси ҳақида тўхталиб ўтишга
тўғри келади. Пахта йиғиштириб олинган далаларга у кузги ғалла экади. Баҳорда
ғалладан мўл ҳосил йиғиштириб олгач, ўрнига чигит қадайди. Ҳар бир майдон
йилида икки бор ҳосил беради.
Тан олиш керакки, биз фермерлар
тажрибаси ҳақида чўчиброқ гапириш, ёзишга одатланиб қолганмиз. Тўғри, «Меҳнат»
нашриёти 1985 йили айрим фермерларнинг иш тажрибаларини рус тилида озроқ
нусхада босиб чиқарган эди. Аммо Америкада бўлган ёзувчиларимиз публицист ва
журналистларимиз ҳам бу масалага эътиборни қаратишса, айни муддао бўларди.
Инсоният минг йиллар давомида ўз
тажрибалари билан бир-бирини бойитиб, тўлдириб келганлигини унутмаслигимиз
керак.
«Ўзбекистон
адабиёти ва санъати».
1987
й., 2 октябрь
Комментариев нет:
Отправить комментарий