среда, 14 сентября 2016 г.

Мен кашф этган Ҳиндистон



"Stop!” команда берди политсиячи жиддий оҳангда.
Биз худди ҳарбийлардек, итоаткорлик билан тўхтадик ва мен, беихтиёр ўгирилиб, ортга қарадим. Турли ёшдаги оқ ва қора танли, эркак, аёлларнинг охири кўринмасди.Инглизча, ҳиндча, немисча, туркча каломлар қулоққа чалинарди. Олдинги қатордагилар саросималаниб, фото аппаратлари ва кино камераларини шайлашга киришдилар.
Ниҳоят, киришга рухсат берилди. Биз ичкари кирдик ва эллик метрча наридаги чиннига ўхшаган оппоқ кошонага ташналик билан термулиб қолдик.
Бу – афсонавий Тож Маҳал эди!

У негадир, кўзимга ҳавода муаллақ тургандай бўлиб туюлди. Мен кўрган жаъми обидалардан у тиниқлиги ва жуда аниқ симметрияси ҳамда салобатининг уйғунлиги билан ажралиб турарди. Кўз ўнгимда инсон тафаккурининг юксак чўққиси намоён бўлган эди.
Мармардан тикланган бу муҳаббат кошонасини 330 йилдан бери таърифлашади, улуғлашади.Хўш, мен энди янги сифат ё ташбеҳ топа оламанми? Билиб-билмай, ўзгалар чайнаб ташлаган сақични оғизга олиб қўймайманми?!
Гўзал полотнолар, завқовар шаршаралар, азим тоғлар, Алишер Навоий, “Озодлик “ҳайкали; Моно Лиза портретини ҳам аслида ана шунча узоқликдан туриб томоша қилиш керак. Шундагина ташна эҳтиросларинг қониқиш топади.
Тож Маҳални ўз умр йўлдоши Мумтоз Маҳалга атаб қурдирган Шоҳжаҳонни Аврангзеб ( ўз ўғли) бир умрлик қамоққа ташлаганда, у деворни тангадай тешиб, мақбарага термулиб ўтирган ва куннинг турли пайтларида турфа рангларда тобланишидан ҳайратланган экан.
Бу бетакрор обиданинг ички қисмини айлангач, унинг бош меъмори Туркиялик Устоз Исо Афанди айрим нуқталарда Гўри Амир мақбарасидан ҳам нусха олган, деган хулосага келдим. Бу биноларнинг муштарак томонлари шундаки, иккаласида ҳам кенотаф деб аталадиган ташқи қабр билан бирга тагда ҳақиқий лаҳад ҳам мавжуд. Йигирма минг ишчи ва усталар йигирма икки йил давомида бунёд этган бу обидада ҳам худди Гўри Амирдек устки қабр атрофида ҳордиқ чиқариш, намоз ўқиш хоналари бор; нарироқда жоме масчиди қад кўтарган. Ҳар иккала обида мармарларига Қуръони Каримдан оятлар ўйиб ёзилган.
Зеро, бунинг ажабланадиган жойи йўқ: Тож Маҳални тиклашда Ҳиндистон, Эрон усталари билан бирга Самарқанд, Бухоро ҳунармандлари ҳам меҳнат қилишгани маълум.
Мен бу бинода илк бор мармарни ўйиб, рангли ферузалардан ажойиб гуллар яратилганлигини кўрдим ва тасаннолар айтдим.
Тож Маҳал ўзига хос мажмуа: унинг атрофида ҳашамдор мачит қурилган, сайргоҳлар ташкил этилган. Ва улар, ҳозиргача яхши сақланган.
2006 йилда ўтказилган “Дунёнинг етти мўъжизаси” конкурсида Тож Маҳал бешинчи ўринга сазовор бўлди.Жаҳон миқёсида... Масалан, Миср пирамидалари, Америкадаги “Озодлик хайкали”, Москва Кремли бу еттиликнинг яқинига ҳам йўламади. Биз, аниқроғи, мен ( Эътибор берганмисиз, одатда “биз” дейилади. Аммо бу гал ана шу анъанани бузишга мажбурман. ) бу конкурсга Регистон мажмуаси билан Бухоро аркини тавсия этган эдим. Улар ҳатто қирқликка ҳам илинмади. Бизнинг матбуот бу ҳақда хабар бермагани устига, Интернет аудиториямиз торлиги ҳам бунга кўпроқ сабаб бўлди, деб ўйлайман. . Зеро ҳозир ҳам бу борада анчайин орқадамиз.
Шундан кейин биз “Бекажон” газетаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” конкурсини эълон қилдик. Мен ана шу норасмий комиссиянинг норасмий раиси эдим. Унинг натижаларини аввал бир неча бор эълон қилганим боис такрорлашни лозим деб билмадим. (Зарур бўлса, Интернетдан топишингиз қийин эмас).
Чехов сиқиқликка эришиш учун асарни ўртасидан бошлашни маслаҳат беради. Мен ҳам шундай йўл тутдим. Агар бошидан бошлайдиган бўлсак, менинг бу ерга келиб қолишим – тасодифий ҳол. Ҳиндистондаги бир формацевтика компанияси Ўзбекистондан унинг маҳсулотларини йирик миқдорда сотиб оладиган харидорларни таклиф қилган экан. Катта ўғлим – Улуғбек, шу соҳанинг одами. У мени дори сотувчи сифатида руйхатга қадабди.
Ҳиндистон мен учун Тошкент ҳалқаро аэропортидан бошланди. Самолётимизга, асосан Ўзбекистонда ишлайдиган ҳиндулар минишганди. Шунингдек, бир неча беморлар ва уларнинг кузатувчилари ҳамда савдогар аёллар ҳам ўрин олишди.
Тож Маҳал сайригача биз Деҳли, Агра шаҳарларини ҳам томоша қилган эдик. Лекин Тож Маҳални кўрмай кетиш Ҳиндистонни кўрмай орқага қайтиш билан баробар эканлигини билардик.
“Муғуллардан ( улар Бобурийларни шундай деб аташади) бизни боқадиган Тож Маҳал, инглизлардан тил қолди”, деди, тилмочимиз Феру (аслида Феруз) деган мусулмон ҳинду. Дарҳақиқат, Аграга, умуман Ҳиндистонга Тож Маҳални кўргани келадиганлар мамлакат иқтисодига озмунча фойда келтиришмайди. Инглиз тилининг эса аҳамиятини гапирмаса ҳам бўлади. Бу ерда Бобурийлар ҳақида ҳам, инглизлар тўғрисида ҳам илиқ гапларни гапиришга одатланишган экан. Бу ҳолни кўриб шерикларимиздан бири: “Руслар ҳам бизга университетлар, заводлар билан бирга буюк тилни мерос қилиб қолдиришди”, деди ва у ҳақ эди.
Буюк шоир надомат ила: “Бошимни олибон Бобур, оёқ етгунча кетгайман”, дейди ва шундай қилади ҳам. Кейин эса “Ҳинд сори юзландим, юзи қаролиғ бўлди”, деб ёзади. “Юзи қаролиғ” бўлганлигининг маъно, моҳиятини изладим ва алланималарни топгандек бўлдим.
Майли, бу хусусда йўл−йўлакай гаплашармиз...
Аграда бизнинг Самарқанддагидай тарихий обидалар кўп. Уларнинг аксариятини эса Бобурий шаҳзодалар барпо этишган. Жумладан, муҳташам Агра қасри қурилишини Акбаршоҳ бошлаган бўлса, Жаҳонгир ва Шоҳжаҳон давом эттиришган. Шахсан мен жаҳоннинг талай мамлакатларида бўлиб, бундай ҳашамдор обидани кўрмаганман. Бинодаги бетакрор ўймакорликлар ва ҳовли саҳнидаги анвойи гулларни кўриб, беихтиёр шоира Зебуннисони эсладим. У ана шу саройда яшаган, уй қамоғида ётган бобосига егуликлар ташиган бўлса ажаб эмас. Эҳтимол, бу ерга шоираларни тўплаб, мушоиралар ҳам уюштиргандир.
Интернетда Зебуннисони ҳинд шоираси деб ёзишибди. Тожик энциклопедиясида форс-тожик шоираси дейилган. Биз эса уни ўзимизники ҳисоблаймиз. Майли, талашишнинг ҳожати йўқ. У ҳамма халқларники бўлақолсин. Аммо аламлиси шуки, қабрини зиёрат қилмоқчи бўлгандим, таржимонимиз ҳам, қаср ходимлари ҳам Зебуннисо деган шоирани танишмаслигини айтишди.
Агра ва Деҳлида 63 йил яшаган шоира: “ Пир шуд−у Зебуннисо, ба ў харидоре нашуд” деб ўкинади. Зеро, шоҳ қизига, оташнафас қалам соҳибасига ким ҳам харидор бўларди?! Аниқроғи, ким бунга журъат этарди. Унинг отаси Аврангзеб эса 300 йиллик империяни инглизларга ютқазиб қўйди. “Юзи қаролиғ”бўлганлиги шу эмасми ахир.
Зебуннисо, эҳтимол, Самарқанд қизларини эслаб: “Гажак зулфлар ҳам, сурма тортилган қора қошлар ҳам шу ерда”, эканлигини битгандир. Балки, олис ва бегона Ҳиндистондан кўра Самарқанд қизлари даврасида бўлишни орзу қилгандир шўрлик.
Мазкур шеърга куй басталаган Ҳожи Абдулазиз шунинг учун бу қўшиқни “Самарқанд ушшоғи” деб атаган бўлса ажаб эмас.
Тенгини топсанг, текин бер, дейишади.Ўз қизларини муносиб куёвларга чиқарган оталар, дарҳақиқат бахтлидирлар.
Бунга эришолмаганларнинг дилини бир умрлик армон кемиражак.
Беҳбудий ҳазратларининг ягона қизлари Парвин опани кўрган эдим. Бу бағоят жиддий ва сипо аёл 82 ёшида вафот этди. Француз тили бўйича катта мутахассис эди. У кишининнг ҳам тенги топилмай, ёлғиз ўтди.
Узр, чалғиб кетаябман. Одатда, бундай пайтда “ўтлаб кетма” дейишади. Демак қўй, эчкига ўхшаб қолма, деб тўғри дашном беришади.
Аграга қайтамиз. Магарам, тарихий обидаларга бой бўлса-да, бу шаҳар дилимга ўтиришмади. Кўчаларда сигирлар, маймунлар, итлар, тиланчилар, бизнинг лўлиларга ўхшаб тақинчоқ сотадиганлар ҳаддан ташқари кўп эди. Тож Маҳалга олиб борадиган тор кўчанинг тротуари бўлмагани устига тор кўча мотореллор, арава тортадиган туялар, рикшаларга тўлиб кетган эди. Атрофга бадбўй ҳид тараларди. Бобур таърифлаган Жамна дарёсига туташ ариқлардан нохуш ҳид келарди. Одамлар асосан, мотоцикл, мотореллорда юришар, унга тўрт-бештагача бўлиб тиқилишиб олишарди. Айрим автобусларнинг эшиги йўқ эди; йўловчилар ҳаракатдаги машинага илашиб олишар ёки тушиб қолишарди.
Шаҳарда икки миллион киши яшашини айтишди. Бу Самарқанд ёки Бухорога нисбатан тўрт баравар кўп эди. Имкониятлар эса миллион киши учун ҳам етмасди. Қашшоқлар маҳалласида минглаб одамлар, шундайгина чодир тагида туғилиб, шу ерда умргурзонлик қилишларига гувоҳ бўлдик.
Гоа вилоятида бизга Қозондан келган Диана деган ёшгина татар қиз гид (тилмоч, йўл бошловчи) бўлди. Бу ердаги қорамағиз чеҳралар бадимизга урганлигидан бўлса керак, бу сулувни малика Диана деб атайдиган бўлдик. Диана инглиз, ҳинд, рус, ҳатто ўзбек тилида (татарча шевада, албатта) бағоят ифодали қилиб, такаллуф билан гапирар, унинг телефони бот-бот жиринглар ва барига назокат билан жавоб қайтарарди.
Дианадан ҳинд тўйларини кўрсатишни илтимос қилдик. “Ноу проблем”, деди у, ҳинд қизларига хос ишва-ю карашма билан.
Ҳинд океанининг қумоқ соҳилида жой тайёрланганди. Нарироқда эса келин-куёв учун алоҳида шоҳона жой тайёрланиб, у турфа гуллар билан безатилганди. Туташ ресторандан жой танлаб, егуликлар буюрдик. Бирин-кетин меҳмонлар келабошладилар. Мезбонлар бағоят назокат ва эҳтиром ила уларнинг пешонасига ҳинодан хол қўйишарди. Аёллар киядиган сариларнинг турфа бўёқлари қўзингни оларди. Катта ҳушчақчақликлар билан келин-куёв ўз ўринларини эгалладилар. Қавмлар кафтларини жуфтлаб, уларга таъзим бажо келтирдилар. Музика бошланди. Ҳинд халқининг жуда қадимий ва сеҳрли оҳанглари океаннинг бир маромдаги симфониясига жўр бўлабошлади.
Бизнинг авлод, айнан ҳинд фильмлари ва оҳанглари таъсирида вояга етди.Аёл киноюлдузлар орасидан Раж Капур билан рол ижро этган Нартсисга ўхшаганлар меҳри ҳамон юрагимиз тўрида. Тўйхонада ўшаларга ўхшаш куйдирмажон оқсуяклар анчагина эди ва улар дилингда ўзига хос сурур, меҳр ўйғотарди.
Саҳнага хонанда эркак билан соҳибжамол аёл кўтарилдилар. Улар жўровозликда, негадир анчайин ғамгин қўшиқ бошлашди. Дианага ўгирилдим. “Улар қанақа қўшиқ айтишаябди?” Бу жуда қадимий оҳанг, “денгизчилар қўшиғи”, дейишади. Сўзларини ағдарадиган бўлсак, “Сен она эмассан, жаллодсан ҳаёт, Сен она эмассан, жаллодсан уммон!” Ва ҳакозо”.
Гоага келган кунимоқ, Ҳинд уммони ва унга туташ денгизлар миллионлаб ҳиндистонликларни бағоят қаттиққўллик билан боқаётганлигига гувоҳ бўлгандим. Тонгда соҳил сайрига чиққанимда, туни билан балиқ тутган ҳиндулар қирғоққа қайтган бўлишарди. Улар белларигача сувга ботиб, балиқларни (денгиз маҳсулотлари, деса ўринли бўлар. Тўрга кўплаб қисқичбақа, тошбақа, чиғаноқ, криветка ва мен номини билмайдиган жониворлар тушган бўларди. Агар делфин илиниб қолган бўлса, зудлик билан сувга ташлашарди) қирғоққа чиқараётган, уларни саралаётган, узундан-узун тўрларнинг чигалини ёзаётган бўлишарди. Соҳил дарахт танасидан ўйиб ясалган, атиги бир киши сиғадиган қайиқларга тўлиб кетарди. Қайиқ ёнида бот-бот бир бош пайдо бўлар ва у зум ўтмай, тағин сувга шунғиб кетарди. Билсам, булар уммондан чиғаноқ тераётган ҳиндулар экан. Жониворнинг атиги ярим тишлам гўшти учун кўплаб овлашар, савдогарлар шу ернинг ўзида харид қилиб, ресторан, ошхоналарга сотишаркан.
Ҳамма нарса вақтдан қўрқади, деган нақлни эшитган чиқарсиз. Бу – инкор этиб бўлмайдиган аччиқ ҳақиқат. Аммо, одамлаар ҳам нодон эмас. Улар вақтдан ҳам устунлик қиладиган боқийликлар яратишга қодир. Шулардан бири мусиқадир. “Денгизчилар қўшиғи” тўрт минг йилдан бери куйланаркан. Жафокаш ҳинду бор экан, бу оҳанглар боқий бўлиб қолажак! Қани, вақт қудратли бўлса, уни енгиб кўрсинчи...
Узр, тағин чалғиб кетдим. Тўй ҳақида ҳикоя қилаётгандим. Эндиликда мусиқа гаммаси тағин ҳам кучайган ва эркак хонанда ошиқона қўшиқ айтарди. “Диана, азизим, у нималар ҳақида куйлаябди?” сўрайман бурро тилмочимдан. “Брахма, Вишна, Шива ва бошқа худоларга илтижо қиламан: улар мени шабадага айлантиришсин ва тонгда зулфларингни силаб, сени уйқудан уйғотай”, деябди”.
Никоҳ маросими тугади ва тўрт йигит тахти равонни кўтариб келиб, келин қаршисига қўйишди. У қимматбаҳо ёғочдан ясалган бўлиб, заррин рангда бўялган, табиий гуллар билан безатилганди. Эндиликда фақат аёл хонанда юракни эзадиган қўшиқ айтабошлади. Келинни эса тахти равонга таклиф этишди. У орқасига ўгирилиб, ота-онасига маҳзун назар ташлади, кўзлари намланди. Қўшиқ авжига чиқди.
Дианага юзландим. Қиз бу гал татарчалаб жавоб берди. “Кўзларимға яш кила, яш кила, яш кила...” Шундай деди-ю, ўзининг ҳам дийдаларидан ёш думалаб кетди. Биз алланечук бўлдик.
Тўйдан кейин Дианага миннатдорчилик билдириб, эртага океан сайрига олиб чиқишини сўрадик. Қиз аллакимларга телефон қилабошлади.Инглизчалаб роса илтимос қилган бўлди. “Бир таниш балиқчи билан гаплашдим, деди у. Қайиғи ҳам елканли, ҳам моторли; яхтага ўхшайди. У сизларни океан бағридаги оролга олиб боради. Балиқ овлайсизлар, чўмиласизлар, кечгача сайр этасизлар. Тушда яхши зиёфат қилади. Аммо, эртагамас, индин вақти бор экан. Киши бошига саксон доллардан сўраябди”.
Бу нархнинг анчайин қимматлигини сезишган бўлишса ҳамки, Диананинг гўзаллиги, хушсуханлиги ва биз учун жон куйдираётганини кўриб, индамай қўяқолишди. Кейин Диана Ҳиндистон ҳақида мароқли афсона ва ҳақиқатларни ҳикоя қилди. Менинг ҳам талай саволларимга хуштакаллуфлик ила жавоб қайтарди.
Хайрлашиш олдидан Диана, биз унгажуда ёқиб қолганимизни, ўзи ҳам бирга бориш истаги борлигини ўзига хос ҳаё билан изҳор этди.
Эҳ, сиз бизнес кишисининг табиати, руҳияти билан қизиққанингизда эди!
Улар бағоят эҳтиёткор ва зум бўлишади, бизнес фаолиятларини пинҳон тутишади. Мухбирларни ёмон кўришади, экранда кўринишни ёқтиришмайди. Ҳукуматдан (айниқса, бизда) жуда қўрқишади ва у ҳақда фақат ҳамду-сано гапларни гапиришади. Аксар ишларини пора бериб бажаришади. Одамларга унчалик ишонишмайди, бировга ёрдам беришга ҳам шошилишмайди.
Буларнинг ҳам ўз сабаблари бор, албатта. Жумладан, муҳтож кишига бир-икки бор мадад кўрсатсанг-у, кейин давом эттирмасанг, у бориб турган рақибингга айланишини билишади ва ҳакозо.
Бизнинг давра шундай тоифадаги, русизабон кишилар эдилар. Бир умр мухбирлик қилган, кўрган кишини саволга кўмишга одатланган мен учун бу давра ноўнғай эди, албатта. Шунинг учун ҳам, биринчи кундан бошлаб, камроқ гапирадиган, зарур бўлганда, улардан ажралиб иш тутадиган бўлдим. Аммо шунга қарамай, кечқурун Улуғбек менга овозини жилла кўтарди. Унинг кайфи бор эди.
“Дада, сизнинг ҳалиги гид билан савол-жавобингиз менга ўтиришмади! У Зебуннисони қаердан билади? Унга Бобурийлар ҳам керак эмас! Унинг ўзи ким? Бир жипириқ! Татаристондан пул ишлагани келган қаллоб. Пул берсангиз...”
“Биз − татарлар ҳам барча туркийлардек, Буюк муғул авлодиданмиз. Асл ватанимиз Олтой, Муғулистон ерлари бўлган” деганди у. Мен жилла эътироз билдиргандим. Зебуннисони суриштирганимда, у ҳеч нимарса билмаслигини тан олганди, холос. Шоиранинг қабри ва меросини сўрамаслигим мумкин эмас эди, боиси, бу ҳақда ёзиш ниятим бор эди. Тил биладиган бошқа одам бўлмагани сабаб, уни саволга тутишга мажбур эдим.
“Ҳай, ҳай, ҳай! Шунча нарсага ақлинг етган одам, шунга келганда оқсаганингга ҳайронман”, дедим.
Муҳтарам ўқувчи! Бу калом сизга таниш, у аввал қулоғингизга чалинганини биламан. Отабек ғазаб қилиб, Тошкент фуқароларининг жаъми азоб-уқубатларига отаси − Юсуфбек Ҳожини айблаганда, доно муйсафид шундай деб жавоб қайтарганини хотирласангиз керак.
Зеро оталар ва болалар муаммоси жуда қадимий. Боиси, оталар бошқа даврда вояга етишган, тарбияланишган, болалар эса... Даврлар орасидаги тафовут дунёқарашларда акс этиб келган ва бу зиддиятларга сабаб бўлган. Айтинг, айтинг, Шоҳжаҳон ҳам ва уни бир умр қамоққа ташлаган Аврангзеб ҳам ана шу зиддият қурбонлари эмасмидилар?! Бунинг устига Бобурийлар бир неча мусулмон ҳинд аёлларини хотинликка олдилар ва ўгай ака-укалар тахт учун бир-бирларига тиғ тортишдан тойишмади. Бундай юзи қаролиғлар Темурийлар сулоласи учун янгилик эмас эди.
Майли, мавзуга қайтайлик. Эртаси бизни таклиф қилган компания тушда зиёфат уюштиришини маълум қилишди.
Етиб борганимизда, кичикрок ресторан ҳовлисида стол безатилганди. Ҳиндистонга келганимиздан бери денгиз маҳсулотларидан ўзгасини татимаган эдик. Дастурхонда нонни кўриб, қувониб кетдик. ( Улар тандирда юпқа қилиб пиширишаркан ва “танўри” дейишаркан). Шунингдек, дастурхонда товуқ гўшти ҳам кўринди. Биздан сал нарироқда қўғирчоқбоз саҳна тиклаб, томоша бошлаб юборди. Кейин ситор ва сурнайли кишилар ҳам чеккароқдан жой олиб, бизга ҳиндча салом беришди ва музика чалишга киришишди.
Уларга чойчақа беришимиз лозимлигини тушундик.
Аввал компания раиси ташриф буюради, дейишганди. Аён бўлишича, унинг ёрдамчиси келадиган бўлибди.
Бу амалдор анчайин пакана бўлиб, рус тилида бурро гапирарди.
Менинг кузатишимча, паканалар ўз ишига пухта бўлади. Узиб-узиб гапириши, ветеринарияга оид ибораларни қалаштириб ташлаши, чечанлигини кўриб, бу одамни Худо, айнан бошлиқ ёрдамчиси учун яратган, деган хулосага келарди киши. “Раисга айтдим, ўзим бораман, мен уларни танийман”, дедим”, қисдирди гап орасида.
Аён бўлишича, бу одам Ўзбекистонда, жумладан, Самарқандда ҳам бўлган, бизникилар уни роса меҳмон қилишган экан.
Улар амалий суҳбатга ўтишди. Мезбон негадир ўзлари ишлаб чиқараётган янги ваксиналарни таърифлашга ўтди. “Биз бу борада Россия билан шартнома тузиб қўйганмиз”, деди гуруҳимиз раҳбари Михаил Григорян, андак ҳижолатомуз.
Мезбонлар сардорининг ҳафсаласи анча пир бўлди, аммо сир бой бермай, Россия ҳам, Европа ҳам ҳиндлардан ваксина олаётганлигини ўзига хос виқор, тантана билан гапирди. Кейин бизникилар ўтган йилги миқдорда дизенфексия препаратлари оладиган ва эртага офисга бориб шартнома тузадиган бўлишди.
“Эртага режаларинг қанақа”, савол бериб қолди мезбон. Гуруҳ раҳбари Диана деган қиз уммон сайрига олиб чиқишга ваъда берганини айтди. “Уни бекор қилинглар, ўзимиз олиб чиқамиз”, деди амалдор.
У билан келганлардан бири, негадир Дианани айблашга киришди. Унинг қаллоблигини, Россиядан келганларни нуқул чув туширишини, уммон сайри эллик доллардан ошмаслигини гапирди.Шунингдек, дўкондорлар билан шартнома тузишини, ҳар бир харид учун улардан фалон фоиз ҳақ ўндиришини айтиб берди.
Улуғбек менга маъноли кўз ташлади. Нигоҳимни олиб қочиб, шундайгина тепамизда қад кўтарган кокос дарахтининг бағоят тик, баланд танасини кузатган бўлдим.
Кутилмаганда, пакана амалдор менга мурожаат қилиб қолди. “Назаримда, сиз бошқа соҳа одамига ўхшайсиз?”
Мен маъқуллаб, бош тебратдим, аммо журналистлигимни айтгим келмади.“Шу баланд дарахтдан кокосни қандай териб олишни ўйлаябсиз, шекилли?” “Шундай!”У боя Дианани ғийбат қилган қоқсуяк ҳиндуга ишора қилди ва у бағоят чаққонлик билан дарахтга чиқиб, ҳар бири ҳандалакдай келадиган мева олиб тушди. Кокос пўстини қирқишди, ундан бир стакан шарбат чиқди. Татиб кўрдим, чучмал ширинлик экан. “Биз бунинг бирор донасини қолдирмай териб оламиз: ундан вино тайёрлаймиз”, давом этди меҳмонлар сардори.
Ҳадемай кокос виносини ҳам топиб келишди. У томоғимни куйдириб кетди. Кўп ўтмай, қонимни қиздирди ва юзимдаги қизилликдан ҳижолат чекиб, ўрнимдан турдим.
“Мен соҳилга бораман!”
“Эҳтиёт бўлинг”, тайинлади Улуғбек.
Уммон ҳамон чайқалар, тўлқинлар тиниқ қумларни бир маромда юварди. Қоронғу тушаётганига қарамай, чиғаноқ овловчилар ҳамон сувга шўнғишар, лўлига ўхшаш аёллар чиғаноқ ва турфа мунчоқларни кўз-кўз қилиб, сотиб олишимни сўрарди. Узоқдан ҳорғин балиқчиларнингэски кемаси худди кўланкадай бўлиб кўзга ташланар, аллақаердан мунгли қўшиқ элас-элас қулоққа чалинади. Бу − жафокаш ҳинд денгизчисининг ўлмас қўшиғи, унинг оҳу- ноласи, беҳудуд ҳасрати эди.
“Сен она эмассан, жаллодсан, ҳаёт,
Сен она эмассан, жаллодсан уммон...”
Дард ва ўкинчга лиммо-лим нидо!
Шум қисмат кекиртагини тобора зичроқ қисаётган, кун кўриш жонига тегиб кетган бахтиқаро шўрликнинг дилдан отилган ҳайқириғи!
Кўз ўнгимда белгача сув кечиб, тўрларнинг чигалини очаётган, бир тишлам насиба учун куну-тун сувга шўнғиб, чиғаноқ излаётган , чодир ичида туғилиб, умр бўйи ўша ерда умргурзонлик қиладиган ва ўлгач, ёқиб юбориладиган, тақдир чап қўлини чўзган, худолар ва қашшоқларга сероб юртнинг омадсиз ҳиндулари гавдаланди.
Инсон боласининг хору хасдек беқадрлигидан дилимни ғусса босди.
Хонага қайтаётганимда, постда ўтириб зериккан политсиячи истиқболимга чиқди. Унинг зерикканини, ким биландир ҳамдард бўлиш истаги борлигини дарҳол фаҳмладим. Зеро, мен ҳам кимгадир изҳори дил қилишга ташна эдим. Биз инглизчалаб саломлашдик. У бир нималар деди. Бош тебратиб маъқуллаб турдим. “Гуд, гуд” (яхши, яхши) дедим. Кейин, ўзим ўзбекчалаб сўз қотдим. Шўрлик ҳиндуга ҳаёт ҳам, уммон ҳам ўта бешафқат бўлганлигини айтдим. Биз бир-биримизни батамом тушунмаётган бўлсак ҳамки, гапиргимиз келарди. Жилла тин олгач, Зебуннисони излаб, унинг дарагини топмаганимни айтдим. У худди барини тушунгандек, одоб юзасидан бош тебратиб турди. Кейин бир-биримизни узоқ алдагимиз келмади ва биз хайрлашдик.
Бундан икки йил муқаддам Уммон денгизи соҳилида ҳам шу аҳволга тушгандим. Сайёҳлик кемамиз қирғоққа яқин масофада лангар ташлади ва биз қайиқларга миниб, соҳилга чиқдик. Одамлар балиқ овлаш, чўмилиш билан банд бўлишди. Менинг диққатимни эса денгиз билан нуқул қора тошлардан иборат тоғ оралиғидаги торгина жойдаги уйлар тортди. У ерда кимлар яшашаркан, тирикчиликлари қандай экан. Мухбирона қизиқиш билан ўша томонга йўл олдим.
Соҳилдаги катта қозиққа эски қайиқлар боғланганди, ориқ эчкилар кўзга ташланар, уйлар пастак ва хароб эди. Бу ерга олиб келадиган бирорта сўқмоқ ҳам йўқлигидан ажабланиб турганимда, пастак эшикдан энкайиб, бошдан-оёқ қора либосга бурканган араб аёли чиқди. Унинг юзида заррача хайрихоҳлик кўрмадим. Шунга қарамай, эҳтиром кўрсатиб салом бердим. У алик олган бўлди ва алланималарни гапирди. Бош силкиб маъқуллаб турдим. Аёл арабчани тушунмаётганимни ҳис қилиб, инглизча гапиришга ўтди. Локинда, мен − ношуд бу забонни ҳам билмасдим. Русчалаб бир нималар дедим. Аёл мени чанқаган деб ўйлади, шекилли, ўғлини чақириб топшириқ берди, у уйдан минерал сув олиб чиқди.
Йўл бошловчимиз, булар балиқчилар оиласи эканлигини, балиқ тутиб, шаҳарга элтиб сотишларини айтди.
Шу араб балиқчининг хотини инглиз тилини билиб, менинг соқов бўлиб туришим аламли эди, албатта. Уни ўрганишга аҳд қилдим. Аммо менинг ёшимда зарурмикин шу азоб, деган мешчан ва даққоқ фалсафа халақит берганди. Бугун тағин шу аҳволга тушгандим.
Республикамизда биринчи синфдан бошлаб инглиз тили дарслари ўқитилаётганлиги қувончли ҳол. Буни ўн йил илгари бошлаш лозим экан, деб ўйлаб қоламан гоҳида.
Демак, улар мендан кўра бурро ва доно бўладилар. Ҳиндистонга келиб қолишса, Ўзбекистон ҳақида тўлиб-тошиб гапирадиган бўлишади. Бобурнинг: “Ҳинд сори юзландим, юзи қаролиғ бўлди” ёки Зебуннисонинг: “ Пир шуд−у Зебуннисо, ба ў харидоре нашуд...” деган дардли мисраларининг моҳиятини гапириб беришади.
Бир вақтлар боболари ( яъни, мен) бу ерга келиб, оташнафас шоиранинг қабрини тополмаганимни надомат билан ҳикоя қилишади. Ҳа, мен бунга ишонаман!
Колумб Америка қитъсини очганда, бу хушфеъл ва ҳовлиқма сайёҳ нима деб ҳайқирганини биласизми? “Ура! Мен Ҳиндистонни кашф этдим!”
Ана шу хато ҳайқириқ оқибатида бу қитъа аборигенларини ҳозиргача индеецлар дейишади
Аслида, ҳар бир сайёҳ Ҳиндистонни ўзича кашф этади. Ҳиндистонни том маънода кашф этган буюк инсон, Берунийдир. Бу бобарака бобомиз минг йил!!! илгари бу юртнинг тоғу тошлари, шаҳар қишлоқларини яёв кезиб, араб тилида “Ҳиндистон” деган китоб ёзганлар. Бу фақат биз учун эмас, Ҳинд юрти, дунё олимлари учун ҳам қимматбаҳо илмий манбаъдир.
Ана шу китоб учун мен Берунийнинг чориғи боғичини боғлаб, чангини артиб қўйишга тайёрман!
Бундай дейишимнинг боисига эътибор беринг.
Уммон соҳиллари бўйлаб ёстанган Гоа вилоятини орол деб ҳисоблашаркан ва бунинг ўзига хос рамзий маъноси бор. Бутун Ҳиндистон Буюк Британия тасарруфига ўтганда, бу вилоят Португалия мустамлакаси бўлиб қолган экан. Аҳоли гавжум яшайдиган жойларда католикларнинг ҳашаматли ибодатхоналари қад кўтариб турибди. Бу динга эътиқод қўйган ҳиндуларни ҳам учратдик. Католик, ҳиндуизм ва исломга эътиқод қўйган ҳиндуларнинг аҳил яшаши бизни қувонтирди.
Йўл бўйларида эса сон-саноқсиз дўконлар. Ҳинд аёллари эшик олдида туриб, сизни дўконларига даъват этишдан чарчашмайди. Улар заруратдан рус тилини чала-чулпа ўрганиб олишган.
Ўша куни бир аёлнинг зорланишидан кейин унинг дўконига кирдим. Ичкарида бир эркак билан бўй етган қиз ҳам бор эди. “Жаноб, менга мурожаат қилди аёл, менинг номим Мали, бу − эрим, буниси − қизим”.
Қиз курси қўйди, мен ўтирдим. “Бу ерда ҳаво иссиқ, сиз енгил пойафзал кийишингиз керак”, деди аёл ва бир неча ёзлик пойафзалларни олдимга териб қўйди. Ўзи эса, шундайгина оёғим олдига ўтириб, ботинкамни ечди ва басаночкани кийдирабошлади. Унинг боғичларини боғлаб қўйди. Жуда ноўнғай бўлдим. “Ўзим, ўзим”, дейишимга қарамай, уни қайта ечиб олди ва бошқасини кийгизди, ўрнидан туриб, нарироқ бориб қаради ва шунисини харид қилишни маслаҳат берди. Ботинкамни эса нам латта блан артди, целлофон халтага солиб, қўлимга тутқазди. Мен ноўнғайликдан қутулиш учун айтганини тўлаб, ташқарига шошилдим. “Жаноб тўхтанг, бир дам тўхтанг”, тағин илтижо қилабошлади у.
Биламан, сизнинг хотинингиз жуда чиройли, сиз унга мана шу ҳиндча кўйлакни олиб борсангиз, беҳад қувонади”. “Биз ҳали шу ерда бўламиз, кириб оламан”, ваъда бердим.
Кечқурун Улуғбекка ҳинду аёлнинг менга кўрсатган эҳтиромидан ҳижолат тортганимда айтганда, у савол берди: “Нитше нима деган?” Мен бу немис файласуфининг: “Ҳамма нарса манфаатга бориб тақалади, ҳамма нарсага шубҳа билан қара”, деганини такрорлаб турардим. Ўғлим шуни назарда тутганди. “У сизни, албатта, алдаган. Бу ерни Ҳиндистон дейишади!” Гарчанд, бу жавоб дилимга ўтиришмаган бўлсада, индамай қўяқолдим.
Ул зоти бобаракот − Берунийнинг минг йил аввал бу ерларни пиёда кезиб, китоб ёзиб қолдирганининг аҳамиятини англаш учун инсон бағоят солиҳ ва равшанфикр бўлмоғи керак. Бизнинг ашраф боболаримиз сайру саёҳат қилиш ва кўрганлирини қоғозга тушириш зарурлигини биздан кўра чуқурроқ ҳис этишган. Шайхур раис (Ибн Сино) ёзадилар: “Менинг номим, тирикдир, бедорнинг ўғлиман. Жаҳондаги ҳамма ҳолатларни билиш учун саёҳат қилмоғим, олам бўйлаб юрмоғим керак”.
Зеро, юрган − дарё, ўтирган − бўйро.
Агар сиз саёҳатда бўлсангиз-у, таассуротларингизни гапириб бермасангиз, демак, беҳуда юргансиз!
Агар сиз қалам соҳиби бўлсангиз-у, кўрганларингизни қоғозга туширмасангиз, касбу-корингизга хиёнат қилибсиз!
Мен Пекин кўчалари, Тожикистон тоғларида; Қизилқум саҳроси, Бухоро жин кўчаларида; Қора денгиз пляжлари, Украина заповедникларида; Гуржистон чой плантатсиялари, Булғория чорвачилик фермаларида бўлдим.
Қўлда қалам ва блокнот билан, албатта!
Гоҳида, ёлғиз қолганимда, оёқларимни меҳрибонона силаб, уларга сўз қотаман:
”Қарийб етмиш килолик юкни етмиш йилдан бери кўтариб юрганларинг учун, сизларга раҳмат! Буёғи кўп қолмади, чамамда. Худо сизларни менга кўп кўрмаса бўлгани...”
Берунийнинг пойафзалини тозалаб қўйишни ўзимга шараф деб билишимнинг боиси энди сизга аён бўлгандир!
Бу дунёнинг остига ё кезма етади ё эзма. Мен умр бўйи ҳам кезма, ҳам эзма бўлдим, аммо дунё жумбоқларининг охири кўринмайди.
Сиз “Қишлоқ ҳақиқати”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Зарафшон”, газеталари; “Гулистон”, “Саодат” журналларининг 1970 − 1980 йиллардаги тахламларини варақлаб кўринг-а. Эҳ-ҳе, нималар ҳақида қалам тебратмадим мен...
Редакция топшириғи билан қамоқхона, жиннихона ва ҳатто моргга ҳам кириб чиққанман... (Эҳ, сарбаланд эдилар, мухбирлар у замонларда!).
Шунинг учун ҳам ўзимни ёзувчидан кўра кўпроқ журналист, мухбир деб ҳисоблайман. Ҳозир ҳам бирор шаҳар, қишлоққа борсам, Американи очган Колумбдай қувонаман. Бу янги масканни батамом кашф этиш учун ўзимга суҳбатдош излайман ва албатта, топаман.
Гоада менинг суҳбатдошларимдан бири – ўша дастлабки кун пойафзалим боғичини меҳрибонлик билан ўтказиб, ботинкамни нам латта билан артиб берган Мали бўлишини билмаган эдим.
Кўчанинг нари бетидан ўтиб кетаётганимда, чорлаб қолди у. “Жаноб!
Жаноб! Кираман дегандингиз...” Мен иккиланиб, дўконга кирдим. “Кирмадингиз-а, у чин юракдан гилалаётганини сезиб сўрадим. “Нима гапинг бор эди?”“Хотинингизга сирға олиб қўйганман. Арзон... Бурунга тақадиган...” “Хотиним бурнига сирға тақмайди. Биз, мусулмонмиз”. “Мен ҳам мусулмонман, тақаман-ку!” “Ундан бўлса, нега номинг Мали?”
Аслида Малоҳат, аммо Мали дейишади. Майли, мен сизнинг хотинингизга бошқа зарур нарса топиб бераман. Мана жуда ажойиб. Ҳижоб учун”. “Менинг хотиним ҳижоб ҳам олмайди, лекин майли харид қилганим бўлсин”.
У қувониб кетади, тағин ҳасрат қилишга тушади.
“Жаноб, биз бу ерда атиги уч ойгина савдо қиламиз. Кейин ёмғирлар бошланади, турист келмай қўяди. Тағин иш излашга тўғри келади”.
“Сен, Мали, хотиржам бўл. Мен жўнаш олдидан қизларим, келинларим, набираларим учун кўплаб ҳиндча сари кўйлак сотиб оламан. Ўша, ҳинд фильмларида Нартсис кийиб чиққанларидан топиб берасан...” Унинг қувонганини кўриб, мақсадга ўтаман. “Сен ҳозирча менга ҳиндлар, тирикчилик, урф-одатлар, оиланг тўғрисида гапир”“Жаноб, нимасини гапирай? Барини кўриб турибсиз. Ёппасига қашшоқлик, ночорлик... Бизнинг халқимиз, инглизлардан қутулиб, мустақил бўлсак, бойиб кетамиз, деб орзу қилишган. Лекин, кўриб турибсиз − ҳеч нимарса ўзгармади. Худонинг қаҳрига учраган ҳалқмиз. Мана сиз Россиядан келиб, (унинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввури ҳаминқадар эди) Тож Маҳални зиёрат қилдингиз. Мен неча йилдан бери орзу қилиб, боролмайман у ерга. Рўзғордан орттиролмайман”.
Мали шундай деди-ю, кўзига ёш олди. Эрига алланималар деди ва сўзида давом этди.
“Ўзим коллежни битириб, болаларга дарс берганман. Аммо у хусусий мактаб эди, ёпилди ва мен кўчада қолдим.. Қизим математикани яхши кўради. Коллежга кирди. Атиги бир йил ўқиди. Тасаввур қиласизми: 2500 долларга тушади, бир йиллик ўқув. Чиқариб олдик. Сизларда коллежда ўқиш бепул дейишадику”, савол назари билан қарайди.
“Ҳа, шундай”, унинг фикрини маъқуллайман ва: бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил, деган нақлни эслайман. Ҳинд учун ҳаёт ҳам, уммон ҳамҳақиқий она бўлолмаганидан надомат чекаман.
Мен дўкондан чиқиш олдидан майда-чуйда харид қилган бўламан, қайтимини олмайман. “Жаноб, бирор ерга борадиган бўлсангиз, эрим мотореллор билан олиб боради, қизим кийимларингизни дазмоллаб беради”.
Хонага боргач, нималар сотиб олганимни ўғлимдан пинҳон тутаман.
Бу гал дўконга кутилмаганда кириб бордим. Девордаги калтакесакка озор бермай, уни ташқарига чиқариб юбораётган Мали қувониб, курси қўйди. Мен эса, беихтиёр, биринчи куни меҳмонхона маъмурининг огоҳлантиришини эсладим.
“Мабодо, хонага илон кириб қолса, илтимос, ўлдирманглар, бизга хабар беринг, ходимимиз уни тутиб, ташқарига қўйиб юборади”.
Ҳиндларнинг табиатга муносабати мени ҳайратга солганини айтиб ўтишим керак. Тўрига делфин илинган балиқчи ҳижолат ва қўрқувдан шоша-пиша уни сувга қўйиб юборгани, Аграда мотоцикл уриб кетган маймун боласини ўша ернинг ўзида галалашиб даволашганини кўз ўнгимдан ўтади. Энди эса Мали калтакесакка ҳам озор етказмоқчи эмас.
“Мали, уни ўлдириш гуноҳми?” тергаб қўяман. “Ганеша буни кўради ва ғазабга минади”.
Генеша – фил бошли инсон қиёфасидаги Худо. Аксар ҳайдовчилар унинг ҳайкалчасини машиналарига илиб қўйганларига гувоҳ бўлгандим.
“Аммо, сен мусулмонсан-ку”. “Лекин, шу билан бирга ҳиндуман. Ҳамма худоларни ҳурмат қилишим шарт!
Менинг 1974 йилда нашр этилган биринчи китобчам “Агар табиатни севсангиз” деб аталганди. Газета-журналларда экологияга оид юзлаб мақолалар ёздим. Республика табиатни муҳофаза қилиш қўмитасини ташкил этишда иштирок этганман ва унда бўлим мудири бўлиб ишлаганман. Лекин шуларнинг барига қарамай, ҳиндуларнинг табиатга муносабатлари мен учун жумбоқ.
Нечун ўзлари оч бўлиб, минглаб маймунлар, дайди сигирларни боқишади, жониворларни ўлдиришни жиноят деб билишади? Назаримда, бу эътиқод. Эҳтимол, табиатни қонунлар билан муҳофаза қилгандан кўра, бу инсоний бурчни эътиқодга айлантириш зарурдир.
Харидорлар киришди. Улардан бири ўтган йил отасини Деҳлида даволатиб кетгани билан мақтанарди. Мали уларга сувенирлар, ички либосларни кўрсатди. Аммо Малининг умидвор бўлиб қолишига қарамай, улар харидсиз чиқиб кетишди.
“Мали, эшитдингми, одамлар аксар юртлардан келиб, шу ерда даво топиб кетишаябди”. “Жаноб, бунга ҳам камбағаллигимиз сабаб. Ота-оналар тирик қолиш учун ўзлари, болаларининг буйракларини атиги юз долларга сотишади. Автоҳалокатдан нобуд бўлганларнинг юраклари, ўтхалталари, ичаклари арзонгинага берилади”.
Бирор нимарса деёлмадим.
Жўнаб кетиш олдидан унинг дўконига кириб, совға саломларимни харид қилдим. Чўнтагимда қолган 600 рупийни ( 1$=60 рупий) унга узатдим. “Мана буниси ҳам сенга. У энди менга керак эмас, бизнинг юртда у − қоғоз”.
У аввал кўнмади, кейин оёғимга эгилмоқчи бўлганда, бунга изн бермадим.
“Боинг” бортига тиқилиб кираётганлар орасида ҳиндулар билан бирга латта-путталарни арзон-гаровга сотиб олганидан мамнун савдогар аёллар, жарроҳликдан кейин ҳали кучга киришмаган бўлишсада инсон “запас қисмлари”ни ҳемири нархда харид қилганидан хурсанд бўлган дардманлар ҳам анчагина эдилар.
“Муҳтарам хонимлар ва жаноблар! “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси сизни муборакбод этади....”
Ўзбекча бу каломдан ички бир мамнунлик, қониқиш туйгандай бўламан...
2013 ноябр − декабр

Комментариев нет:

Отправить комментарий