Ушбу безабон номани Самарқанд илкиндаги Кўтарма даҳасинда рўзгурзонлик
қиладурғон, бугун Масков сафаринда бўлғон Нусрат ибн Раҳмат ас-Самарқандийдан
деб билурсиз.
Шукри беададки, сиҳат-саломатмен, дуои жонингизни қилиб юрибмен. Қиш
кунлари Урусияга сафар этмоқликдин муддао шул эрдиким, якчанд жиянлар,
қавмбаччалар бу шаҳри азимга йўл олғон эрдилар ва алардан зоҳирий ҳавотирим бор
эрди. Кўз бирла кўрмоқ, қулоқ бирла эшитмоқ ихтиёри тинчимни ўғурлади.
Масков шаҳрин таърифу тавсиф этадурғон ўлсам, анинг бисёр серғалва
ҳамда нотинчлигини битмоғим ҳам қарз, ҳам фарздир. Бу шаҳарнинг савуғини ман
қағозга битмай, сиз ўқуманг. Шабу рўз ёмғир, қор ёғар, валекин чапдаст
фаррошлар пешма-пеш бартараф этурлар.
Катта-ю кичик тижорат ила банд. Одам бисёр. Хаёл қилурсанки, замин ёрилган-у, бандалар юзага чиққан. Аммо миршаблари бадфеъл. Қалпоқ кийганни кўрса тутуб, ҳажжат талаб қилур.
Хобгоҳим шаҳар илкиндаги ғарибгина
мусофирхона бўлиб, мисли кафтархона, бандаи мўминлар кириб-чиқиб ётурлар.
Каминаи камтаринни еттинчи қабатга чиқориб, катакдек уйчани лозим кўрдилар.
Илк бор ёлғуз ётиб, саҳармардондан жиянни дараклаш ташвишида бўлдим. Иноятини
кўрунгки, сим қоққон эрдим, фурсат ўтмай пайдо бўлди. Эмди бу бала хусусинда
таъриф берадурғон ўлсам, бағоят гапдон, боз хушқомат-у хушқилиқ бўлғонини
айтмоғим жойиз. Даҳамизда хотун, бала-чақа, ҳавли жойига гап йўқ. Бу ёқдин пул
элтиб, улусга бот-бот зиёфат бермоқликни канда қилмас.
Алқисса, бади холпурслик дедики: «Тағо,
бу жойда ётмоғингиз ножоиз, ўйга кетурмиз».
Таомил юзиндин андак сукут қилдим ва
бадазон йўлға тушдик. Чорчархамиз бошиддат юриб кетди. Бир маҳал денг, сарву
санобар дарахтлари аросинда боҳашам қаср пайдо бўлди. Ҳабаш дарбонлар таъзим
бажо айлаб, эшик очдилар. Ичкари Боғи Эрамнинг ўзи. Эманлар, чинорлар осмон-у
фалакка бўй тортган. Чиннидек уйнинг баландига лифт бирла чиқурлар. Ҳар қадамда
хизматкор-у фаррошлар таъзим-у тавозеда. Каминани меҳмонхонага бошладилар.
Уйдаги орасталик, бойлик таърифдан ортиқ. Дастархонда денг токдан ҳозиргина
узилган узумдан бошлаб, ҳар нимарсанинг қавурдоғи-ю бо чан хил шароблар… Май,
гулобларни рад этдим, аммо буғи чиқиб турган Самарқанд нонидан тановул қилдим.
Гап ройишидан фаҳмладимки, бу мулки беҳад бир бевазанга тобе экан. «Хўш, –
дедим, – жиян бу даргоҳда нима юмуш қилурсан. Қаравулми, боғбонми?» – «Тағо,
бунисини сўраманг» деди. – «Гапур, Масков келишдан
муддаом буни билмоқдур», авоз кўтардим. Бош хам қилиб дедики, «авф этинг,
жиянингиз – ору асалнинг эркаги». Фаҳмладимки, бу бадбахтнинг қилардурғон
биргина иши ўша бевазан бирла ётмоқ. «Иби, иби, – дедим, – бизнинг авлоддан
ҳалигиси бирла кун кўрадирғон фалоқат чиқмаған эрди. Шармандаи шармисор
қилдинг». Дедики: «Пул топмоқликнинг
айби борми, тағо». «Тағо, дема, – жаҳл ила овоз кўтардим, – сандак жияндан воз
кечдим ва дигар гапим йўқдур». Жаҳл ила чиқиб, мусофирхонамга йўл олдим.
Бисмиллоҳ, дея остона ҳатласам, не кўз
билан кўрайки, ҳамсоя каравотда бир мўғулбашара, ҳирстабиат, маҳлуқсуроб одам
нимлуч бўлиб ётубдур. Бефаҳмликни кўрунгки, на салом бор-у ва на алик. Э санга
одоб ўргатганнинг зорини… Ҳамширағар! Гирдидан нари ўтдим, бери ўтдим – мисли
мурда садо бермайди денг. Бадазон
дедимки, кел шу занғарни бир гапга солай – не дарди бордур. «Как дела» дедим
ҳолпурслик ила. У шукрона изҳор этди, икки кунлик юмуш бирла сафари Масков
ихтиёр этганини изҳор айлади. Исми-шарифи Александр аталмоғини айтгач, Искандар
деб атамоққа ижозат сўрадим. Бетавфиқ рози ўлди.
Аммо-лекин бу алвастисурооб чунонан
хурраккаш чиқдими, то саҳар мижжа урган ўлсам ҳарне бўлай.
Во, ҳиқилдоғинг кесилгур! Во, авозинг ўчгур! Сизларга ялғон, худога чин –
зорағарнинг хуррагидан хона ларзага кирар эрди. Нохуш авози аввал ҳирсга, бад
ҳўкизга, палангга менгзар, бадазон тўп отқондек, «пақ-пақ» қилур эрди.
Ҳаромининг авози бир фурсат сўнар ва дилим таскин-у фароғат топар, локинда бу шодлигим
кўпга бормас, ул бетавфиқ дағи садо берур эрди.
Вақти саҳар ул барзангига дедимки, бу
қандоқ ҳамхоналик бўлдики, шаби дароз каминага озор етказдинг. Хижолат тортиб
дедики: «Извини, земляк. Пишакдек жимгина ётур эрдим, валекин бунинг учун бир
қултум оби зам-зам, яъни майи ноб зарурдир». Дедимки: “Пайдо
қилурман”.
Машойихлар демишларким, бошингга ҳар не
келибдур, қилмишингдандур. Рўзи дароз бозорлардан ҳамқишлоқларни дарак қилдим,
аммо юмуш охирламади. Бу кори хайрни эртага қолдуриб, ҳамхонам учун бир шиша
арақ олиб ғарибхонамга қайтдим. Бад бир пиёла тўлдуруб, айтдимки, «Буни заҳру
маҳрингга ичгин-у, ўлукдак бўлиб ёт». Ичди
бнокас. Боз дедики:«Тағи бир мисқол тўк, ман ётурман». Бажо келтурдим. «Ты меня
уважаеш?». Бу ҳирсбашара нокасни ҳурмат этмоқ фақир учун ҳўкизга илтифот
кўрсатмоққа баробардур. «Иззат қилурман», дедим. «Ундоқ бўлса бамисли меҳрибон
ҳамтабоқлар ўпишурмиз», деди. Айтдимки: “Муштим бозарбадур” «Майди, – деди, истасанг ман ғарибни ур,
аёғинг тагига ол, локинда бир пиёла гулобингни дариғ тутма». Жиғилдонинг
тешулсин, деб боз бир пиёла узотдим.
Ичди, мурдор, локинда хомуш бўлмади. «Эй ҳамхонаи саховатпеша, – деди,
– эмди чилвир топиб бер, ўзимни осурман. Магарам арқонни дариғ тутсанг, ўзимни
тиризадан отурман».
Алқисса, арақнинг қолғонини ҳам бердим-у қутулдим. Аммо то саҳар
уйқу бўлмади. Саҳар чоғи гина қилиб дедимки: «Мани дилранж айладинг». Бош эгиб,
айтдики: «Извини, земляк». Бадазон паноҳи худо
қилдик.
Шунақа гаплар. Эмди мухтасар қилурман.
Қолғон гапларни ҳам ёзиб юборурман. Ушбу номани тавуқ йили рамазон ойи, бегоҳи
пайшанба битдим ва қўл қуйдум.
Нусрат
РАҲМАТОВ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий