Матбуотда илк бор эълон қилинаётган Беҳудий ҳазратларининг ушбу
суратларини бизга у кишининг қариндошлари, ака-ука Шамсихон ва Шарифхон
Пошшоевлар тақдим этишди.
Туркистон жадидларининг отаси, ўзбек драматургияси ва
публицистикасининг асосчиси, салоҳиятли дин арбоби, ўлкан ношир, муҳаррир
Маҳмудхўжа Беҳбудий бу суратни ўлимларидан бир йил олдин – 1918 йилда
олдирганлар. Мутахассисларнинг изоҳ беришича, у кишининг белидаги кумуш камар
муфтилик нишонасидир.
Ўша пайтларда муфтилик унвони фиҳқ илмини обдон билган, қозиёт ишларида
кўп йил ҳалол хизмат қишиларгагина берилган. Муфтиларни кўпроқ бугунги прокурор
ҳамда адлия раҳбарига ўхшатиш мумкин. У қозилик ҳужжатлари ва ҳукумларини
кўриб, муҳр босгандан кейингина кучга кирган, энг муҳим диний фатволарни муфти
чиқарган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий асосан Самарқанд ва Жомбойда муфтилик қилганликлари
ҳақида ҳужжатлар бор.
Чоризм истилосидан кейин ҳамма соҳаларда катта ислоҳотлар бошланган
бўлсада, қозият ишларида деярли ўзгаришлар қилинмаган. Тўғри, Самарқанд,
Каттақўрғон шаҳарларида қамоқхоналар қурилган, суд ишлари ҳам жорий этилган
аммо унда асосан, русларнинг иши кўрилган.
Бунинг талай сабаблари бўлса керак. Улар қозиёт ишларини ислоҳ қилишда
уламолардан хавотир тортган бўлишлари ҳам мумкин. Аммо асосий сабаблардан бири
маҳаллий кадрларининг умуман йўқлиги ҳамдир.
Ўз ҳаётини қозихонада мирзоликдан бошлаган ва муфтилик даражасигача
кўтарилган Беҳбудий ҳеч иккиланмай ва мутаассибларнинг хуружидан чўчимай судни
жорий этиш тарафдори бўлиб чиқади. «Ойна» журналининг 5-сонида қозилик тизими
ўрнига ҳар бир вилоятда давлат судларини жорий этиш, Олий суд палатаси очиш
кераклигини ёзади. Суд сайловларида йигирма ёшга етган ҳар бир туркистонлик
миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, қатнашини лозим деб
ҳисоблайди.
Аммо маҳаллий кадрларнинг танқислиги Беҳбудий ҳам қаттиқ ташвишга
солганлигини биламиз. У куйиниб ёзади: «Ҳой, ҳой халойиқ! Бизлар девонами,
соғ... Тўй, маърака, тазия кўпкари, базм. Бир маҳаллада аҳли савод йигирмадан
бир йўқ. Имони исломни далиллари ила биладурғонларни нари қўйдук. Эрта қозилар
барҳам бўлса, замонча қози бўлатурғон биргина киши бутун ўн милён Туркистонда
йўқ. Йўқ, яна йўқ!»
Айни Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг саъй ҳаракатлари билан мусулмонларнинг
айрим ишлари ҳам (агар судланувчи рози бўлса) кўриладиган бўлади ва айнан ана
шу ислоҳотнинг ўзи бизда дорга осиш, қўлни кесиш, дарра билан савалаш каби жазо
чораларини сиқиб чиқарабошлайди. Кўп ўтмай ҳукумат ҳам бу жазоларни бекор қилиш
ҳақида низом ишлаб чиқади. Эътибор беринг, асримиз бошидаёқ дорга осиш яъни
ўлим хукмига қарши тадбир ишлаб чиқариш ва жорий этиш осон иш эмасди, аммо Беҳбудий
ва бошқа равшанфикр кишилар бунга эришадилар.
Ҳар қандай ислоҳотчи ҳам турфа таъна-маломатларга нишон бўлиши табиий.
Аммо ўша пайтда фақат қозиёт ишларидагина эмас, мактаб маорифда, сиёсатда, адабиётда
ағдар тўнтар ясаган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳолатини кўз олдингизга
келтиришингиз қийин эмас. Жумладан, қулни кесиш ҳукмига қарши чиқишни олинг. Бу
Қуръони Каримнинг «Моида» сураси, 38 оятида ёзилади. «Ўғри эркакни ҳам, ўғри
аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлсин учун, Оллоҳ томонидан азоб бўлсин учун қўлларини
кесинглар». Беҳбудий бир гуруҳ уламоларнинг бу даволарига қарши «Нисо»
сурасидаги 99 оятни байроқ қилиб кутаради: «Оллоҳ авф этгувчи, мағфират
қилгувчи бўлган зотдир.»
Жаннати жадидларнинг ана шу кенг кўламдаги ислоҳотлари замирида бутун
жамиятни ислоҳ этишдек зоҳирий ниятлар бор эди, албатта. Беҳбудий «Баёни
ҳақиқат» мақоласида ёзади: «Биз жорий этажак қонунлар яҳудийларни ҳам ҳимоя
қилиши керак.Агар бир – Туркистон мусулмонлари биргаликда ислоҳотлар ўтказишни
истасак, бизнинг зиёлилар, маърифатпарварлар, бойлар, руҳонийлар ва олимлар
миллат, Ватан фаровонлигига хизмат қилишлари керак! Агар бизни мустамлакачилик
қонунлари билан бошқараётган эканлар, бунинг сасабчиси, аввало, ўзимизнинг
ноиттифоқлигимиздир!»
Тасаввур қилинг, бу – Қўқон мухторияти эълон қилинишидан атиги бир неча
ой олдин айтилган баёнот!
Мушоҳадага чорлайдиган тағин бир ҳақиқат. Жадидлар асосан ёшлардан
иборат эди, уларнинг ўртача ёши 25 дан ошмасди. Ва уларниг катта бир қисми
Англия, Германия, Туркия сингари мамлакатларда таҳсил олиб келишганди. Бу ёшлар
бугун рус большевизмига қарши бир мушт бўлиб жипслашаолдилар. Маҳмудҳўжа
Беҳбудий ўша – 1917 йил октябр инқилобидан кўп ўтмай уни зўравонлик деб эълон
қилди ва Мухторият учун кураш бошланди.
Воқеанинг давоми эса ўзингизга аён.
Биз жадидлар ҳаракатини ўрганишга эндигина киришяпмиз. Ва ўрганган сари
уларнинг буюк мақсад сари катта куч, иқтидор билан курашганларига гувоҳ
бўлаяпмиз.
Лекин ҳамма раҳбарлар ҳам Беҳбудий раҳбарлигидаги жадидлар жасоратини
обод идрок этаябди деб бўлмайди.
Ўтган йил биз Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 125
йиллигининг нишонладик. Тўғри, тантаналар ўтказилди, ўқитувчилар малакасини
ошириш институтига у кишининг номи берилди. Аммо ҳазратга ҳайкал ўрнатиш, у
кишининг ҳовлимини қайтариб олиб, бу уй музей қилиш Беҳбудий жамғармасини очиш
сингари саъю-ҳаракатларимиз кўнгилдагидек ўз ечимини топмади.
Албатта, ҳамма нарса вақти билан ўз ўрнини топади, аммо ҳазратнинг янги
топилган сурати баҳонасида дилимиздаги гапни айтгимиз келди холос.
Нусрат
РАҲМАТ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий