Бағоят маъруф устозим, таниқли адиб Асқад Мухтор «Ўзбекистон адабиёти
ва санъати» газетасида бош муҳаррир бўлганларида, мен бўлимда ишлардим;
кайфиятлари хуррам дамларда хоналарига кирардим ва у кишининг мумтоз
суҳбатларидан баҳраманд бўлардим.
Дедим:
– Жаъми жумбоқлар ва истиқболлар эшигини
бирма-бир очадиган калид недур?
Дедилар:
– Илм, ҳунар, заковат.
Дедим:
– Миллатни камолот сари етаклайдиган
кишилар кимлар?
Дедилар:
– Билимли, ҳунарли, ақлли кишилар.
Дедим:
– Бу хислатларга қандай қилиб эришмоқ
керак?
Дедилар:
– Катта мақсад ва иштиёқ билан, андак
мадад ва раҳмонлик билан.
Дедим:
– Инсон бир бор дунёга келади, уни ҳам
билим ва ҳунар йўлидаги машаққатга сарфлаши жоизми?
Дедилар:
– Киши камолот сари интилмас экан, у
жаҳолат ботқоғига ботиб қолаверади; жаҳолат эса жами иллатларнинг бошидир.
Дедим:
– Фарзандлар ва шогирдларни не илму
ҳунарларга даъват этардингиз?
Дедилар:
– Ўғилларни заминга меҳр қўйишга,
келажак касби бўлмиш илмий-техника тараққиёти, компьютер асрорларини обдон
ўрганишларига хоҳишманд эдим.
Дедим:
– Ахир, ерга ишлаш билан илмий-техника
тараққиёти қутбнинг икки томони-ку?
Дедилар:
– Келажакда уларни бирлаштирган,
уйғунлаштирган йигитларнинг қўли баланд бўлади. Зеро, Беҳбудий ҳазратлари
таъкидлайдилар: «Ўтган замон учун эмас, келажак замон учун ишлайлик».
Дедим:
– Қиз болаларга истакларингиз?
Дедилар:
– Умр ва қувватларининг лоақал ярмини
рўзғорга сарфлашга имкон берадиган соҳага сафарбар этардим.
Дедим:
– Фарзандлар ва шогирдлар ўзга йўлни
маъқул топишса-чи?
Дедилар:
– Уларга омад тилардим, кўмак
кўрсатардим.
Дедим:
– Айрим фарзандлар, шогирдларнинг
андишасизлиги, лоқайдлиги, уқувсизлиги нимада?
Дедилар:
– Ота-оналар ва устозларнинг бебурдлиги,
беғамлиги, бетутуруқлигидан.
Дедим:
– Фарзандлар ва шогирдларга тағин
тилакларингиз?
Дедилар:
– Касбу корига – садоқат, қавмларга –
меҳр, табиатга – муҳаббат!
Дедим:
– Бунга қандай қилиб юришмоқ керак?
Дедилар:
– Садоқатга – эҳтиром, меҳрга –
самимият, муҳаббатга -шафқат ва эминлик туфайли.
Дедим:
– Зиддиятларнинг боиси недур?
Дедилар:
– Икки дарвоз бир дорда ўйнолмаслиги,
икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаслиги.
Дедим:
– Исённинг сабаби недур?
Дедилар:
– Зулм!
Дедим:
– Зулмнинг сабаби недур?
Дедилар:
– Жаҳолат!
Дедим:
– Хасислик ва шуҳратпарастликдан қочмоқ
учун нима қилиш керак?
Дедилар:
– Бот-бот пул ва мукофотдан воз кечиб
турмоқ керак.
Дедим:
– Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик
учун-чи?
Дедилар:
– Оқибат ва охиратни ўйламоқ керак!
Дедим:
– Атрофингда таъбингга ўтиришмайдиган
биқсиқ ва ипирисқи одамлар кўпайиб, дилинг ғуссага тўлганда, нима қилиш керак?
Дедилар:
– Мавлоно Муқимийнинг тўртлигини ёдга
олмоқ керак:
Шерсиз
эмасдир бешалар,
Бордур
саховатпешалар.
Қилманг
ёмон андишалар,
Яхшилари
ҳам бор экан!
Комментариев нет:
Отправить комментарий