Бағоят маъруф устозим, таниқли адиб Асқад Мухтор «Ўзбекистон адабиёти
ва санъати» газетасида бош муҳаррир бўлганларида, мен бўлимда ишлардим;
кайфиятлари хуррам дамларда хоналарига кирардим ва у кишининг мумтоз
суҳбатларидан баҳраманд бўлардим.
Дедим:
– Жаъми жумбоқлар ва истиқболлар эшигини
бирма-бир очадиган калид недур?
Дедилар:
– Илм, ҳунар, заковат.
Дедим:
– Миллатни камолот сари етаклайдиган
кишилар кимлар?
Дедилар:
– Билимли, ҳунарли, ақлли кишилар.