ЁЗУВЧИНИНГ ОНЛАЙН ПОҒОНАСИ
Абдулла Қодирий ҳамон яловбардор: 2015 йилнинг биринчи июлигача адибнинг
“Ўткан кунлар”ини 13780 киши ўқибди. Бу фақат ziyouz.uz ёки “Зиё истаган
қалблар учун”сайтида. Ўнлаб бошқа адабий сайтлар ва адибнинг электрон
китобларини қўшиб ҳисобласангиз, бу рақам миллиондан ошиб кетиши аниқ.
Ана шу кўрсатгичлардан бохабар бўлганингиздан кейин, “ Ёшлар ўқимай
қўйди”, деган даволарга қўшилмайсиз,
албатта. Чунки Интернет сайтларидан асар ўқийдиганлар, асосан ёшлар эканлиги
аниқ. Масалан, Хуршид Давронга қарашли TurkLib сайти бағоят серқамров бўлиб,
унда Марказий Осиё республикаларидан ташқари Туркия, Озарбайжон адабиёти билан ҳам танишиб бориш мумкин.
Мазкур сайтда менинг тўрт китобим жойлаштирилган ва ҳар гал очганимда ўқувчилар
сони ошаётганидан ички бир қониқиш ҳис этаман.
Ziyouz.uz да эса ўзбек насри ва ўзбек
замонавий шеърияти бўлимлари ташкил этилган бўлиб, унда Алишер Навоийдан
тортиб, яқиндагина китоби чиққан ёшларнинг асарлари ҳам жойлаштирилган. Сайт
бағоят мукаммал тузилган, ундан фойдаланиш ўнғай.
Шу муддатгача Ойбекнинг “Навоий” романини 2569, “Қутлуғ қон” романини
2477 киши кўчириб олибди. “Қутлуғ қон”ни эндиликда ноширлар “советизм”да айблаб чоп этишмаябди. Аммо романдаги бадиий сеҳрнинг жозибаси, драматик
жараёнларнинг изчиллиги, воқелик билан бадиий тўқималарнинг бағоят
мутаносиблиги ёшларни ҳамон ўзига жалб этмоқда. Демак, бу асар боқийдир.
Энг кўп ўқилган асарлар орасида Абдулла Қаҳҳорнинг “Майиз емаган хотин”
(2277), “Даҳшат (2168) сингари ҳикояларини санаб ўтишга тўғри келади.
Ўтган давр мобайнида бу уч буюк адибга етадиганлар кўп бўлмади. Саид
Аҳмаднинг “Жимжитлик” романини 3395, “Қирқ беш кун” романини 792 киши, Ўткир
Ҳошимовнинг “Ўзбек иши” ҳикоясини 1767, “Севги қиссалари”ни 1520 киши сақлаб
олибди. Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбек характери”ни 1057, “Укки сайраябди” 500,
“Жарга учган одам” ҳикоясини 596 киши ўқибди.
Юқорида тилга олинган асарлар, асосан 2012 йилда эълон қилинган. 2014
йилда эълон қилинган Тоҳир Малик, Тоғай Мурод ва бошқаларнинг ўқувчилари ҳали
кўп эмас.
Шу ўринда муҳтарам шоирларимизнинг рейтингларига ҳам бир назар ташласак,
ортиқчалик қилмас. Муҳаммад Юсуф ҳамон халқимизнинг севимли шоири бўлиб
қолганлигига тан бермоқ керак. Унинг
мазкур сайтдаги шеърларини 6055 киши кўчириб олибди.
Ўқувчилари беш мингдан ошган шоирлар орасида
Абдулла Шер, Гулбаҳор Саидғани қизи, Жаҳонгир Исмоилов, Муҳаммад Исмоил ва
бошқаларни учратиш мумкин. Мирпўлат Мирзо, Турсун Али сингари шоирлар ҳам бу
маррага яқинлашиб келишган.
Аввал айтганимиздек, бу сайтдаЎзбекистондаги аксар ижодкорларнинг асарларини
топиш мумкин. Масалан, камина икки йилдан буён ўқувчилар сони жиҳатидан биринчи
ўнликдан тушганим йўқ. “Омадсизлик”,
“Фожиа” сингари ҳикояларимнинг ҳар бирини қарийб 1500 киши кўчириб олди.
Мен аминман: сайтда сизнинг ҳам асарларингиз бор. Шунинг учун
ўқувчиларингиз сонидан, аниқроғи ўз рейтингингиздан хабардор бўлиб боришингиз
шарт. Бугун ҳар бир хонадонда компютерни биладиган кишилар бор. Шунинг учун сайтни очиб кўриш ҳеч кимга
муаммо туғдирмайди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий