Ҳурматли бош муҳаррир!
«Ўзбекистон
адабиёти ва санъати» газетасининг шу йил 10 март сонида Чирчиқдаги
«Электрохимпром» бирлашмаси она табиатимизни аёвсиз заҳарлаётганини ёзган эдим.
Ўзбекистон телевидеесининг шу йил 24 март кунидаги «Ахборот» танқид қилади»
кўрсатувида бу ҳақда батафсил тўхталиб, заводнинг Чирчиқ дарёсига ташлайдиган заҳарли
чиқиндиларини қайта намойиш қилдик. Бу дарё сувини фақат тошкентликлар эмас,
Сирдарё соҳилларида яшайдиган миллионлаб одамлар ичишини таъкидлашга тўғри
келди.
Гарчанд
такрор бўлса ҳам, ана шу рақамлар ва фақтларни тағин бир бор тилга олиб
ўтмоқчиман. Шу билан бирга, муҳтарам газетхонлардан бу машъум рақам ҳамда
фактларга лоқайд қарамай уларнинг мағзини чақиб кўришларини илтимос қиламан.
СССР
минерал ўғитлар ишлаб чиқариш саноати министрлигига қарашли мазкур корхона
азотли ўғитлардан ташқари сунъий тола учун хом ашё бўладиган капралактам ҳам
ишлаб чиқаради. Завод қудратли – унда олти минг киши ишлайди ва ҳар куни қарийб
миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Завод маҳсулотлари асосан чет
мамлакатлар ва бошқа республикаларга жўнатилади. 1981йили ишга тушган
капралактам цехининг ўзи бир заводга тенг. Мазкур завод лойиҳаси Италияда
тайёрланган. Корхона четдан олиб келинган кислотали хом ашёни қайта ишлаб,
нейлон, капрон ва бошқа сунъий тола оладиган хом ашёга айлантиради ва уни
республикамиздан четдаги заводларга тарқатади. Завод Москвага бўйсунгани учун
унинг даромади ҳам, табиийки, умумиттифоқ фондига ўтиб кетади. Хўш, бундан
Ўзбекистонга нима қолади? Дарё-дарё заҳарланган сув, ифлосланган ҳаво қолади! Ҳа, «Электрохимпром» бирлашмаси
Чирчиққа ҳар йили 240 миллион кубометр ифлос сув ташлайди. Бу чоғроқ дарёнинг
суви деган гап. Ўзбекистон бўйича 390-400 миллион кубометр сув
ифлосланаётганлигини эътиборга оладиган бўлсак, мазкур рақам янада аниқроқ
намоён бўлади.
Эндиликда
Чирчиқ дарёсининг сувини ичиш ёки унда чўмилиш хавфли. Экспертиза натижалари бу сув
таркибида нитратлар, кислоталар, капралактам бирикмалари ва бошқа заҳарли
моддалар борлигини кўрсатди.
Бўстонлиқ райони территориясидаги тоғли
зонада бу заводнинг ўн гектарли «чиқиндилар қабристони» бор. Мен у ерда бўлиб,
она табиат душманларча топталаётганлигига гувоҳ бўлдим. Чунки завод чиқиндилари
– кучли заҳарли моддалар. У нафақат ҳавони, шу билан бирга ерости сувларини ҳам
заҳарлайди.
Ерости сувларини заҳарлаш – келажак
авлод олдида қилинган жиноят. Чунки ерости сувларини қайта тозалаш мумкин эмас
ва у асрлар оша фарзандларимиз, набираларимиз, пушту камаримиздаги
зурриёдларимизни ҳам заҳарлайверадим. Келажак авлод бир умр бизни лаънатлайди.
Фақат тоғ бағрига ташланаётган ярим қотишмаларгина эмас, Чирчиққа оқизилаётган
заҳарли ерости сувларига бориб қўшиляпти.
Мен бу хусусда тағин газеталарда ёзишим,
телевизор ёки радиода чиқиш қилишим мумкин. Хўш, бундан нима ўзгаради? Ҳеч
нима! Минг афсуски, янгидан ташкил этилган Ўзбекистон ССР Табиатни муҳофаза
қилиш давлат комитети ҳам бу заводни ёпиб қўйиш ҳуқуқи ва имкониятига эга эмас
экан!
Шунинг учун ҳам мен сўнгги имкониятни
ишга солишга – завод директори А.Голубев билан унинг бош инженери П.Юсуповни
судга беришга қарор қилдим. Сиздан илтимос, ушбу мақолани газетада чиқариб,
завод раҳбарлари устидан жиноий иш қўзғатиш учун уни Ўзбекистон ССР прокурорига
юборсангиз. Шу билан бирга, тергов ва суд жараёнларидан газетхонларни хабардор
қилиб туришингизни сўрар эдим.
Судда давогар сифатида қатнашишга
тайёрман. Бунинг учун етарлича ҳужжатлар, айбномалар ҳам бор.
Каломи эҳтиром билан, публицист-ёзувчи
Нусрат
РАҲМАТОВ,
«Ўзбекистон
адабиёти ва санъати».
1989
й., 21 апрель
Комментариев нет:
Отправить комментарий