ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли
намояндаси Асқад Мухторни билган кишиларнинг деярли ҳаммаси, жумладан, танқидчи
Наим Каримов ҳам санъаткорнинг «Оқибатли дўстлари кам бўлганидек, оқибатли
шогирдлари ҳам қарийб бўлмаган» («Қаранг: Асқад Мухтор. Уйқу қочганда… Т.,
«Маънавият», 1997 й. 30 бет)лигини, унинг «бутун ҳаёти давомида бирдан-бир
дўсти китоблар бўлгани»ни таъкидлайдилар.
Минг шукрки, адибнинг шогирдлари бор
экан. Улар «бениҳоя ориф ва камсухан инсон»ни, «устоз билан кечган
мулоқотларни» бугун эслаб, соғиниб ҳикоя қилишни бошладилар. Улардан бири
ёзувчи Нусрат Раҳматдир, унинг «Асқад Мухтор дедилар» (Т. «Чўлпон» нашриёти,
2003 йил) номли охори кетмаган бадиасидир.
Унда учта соҳа – заковат, ижод, ахлоқ
бўйича Асқад Мухторнинг ўйлари, туйғулари, қарашлари, хулоса ва сабоқларини гўё
жамлаб, диалог воситасидан унумли фойдаланган ҳолда (бу усул фикр ва туйғуларни
қабартириб беради, сиқиқ ифодалашни, топиб айтишни талаб этади) Асқад
Мухторнинг маънавий қиёфасини, бу қалбнинг тириклигини, яратаётганини,
умрбоқийлигини кўрсатишга саъй-ҳаракатлар қилинган.
«Заковатга эришиш хусусида» номли
биринчи суҳбатдан бир парча тингланг-а:
«Дедим:
– Баландликка ўхшаш пастлик недур?
– Дедилар:
– Нописандлик.
Дедим: – Ожизлик аломати недур?
Дедилар: – Миллатчилик, маҳаллийчилик.
Дедим: – Бу иллатлар нималарга олиб
келади?
Дедилар: – Адоватга.
Дедим: – Адоват-чи?
Дедилар: – Хунрезликка.
Дедим: – Бу нохушликларга қарши қалқон
недур?
Дедилар: – Аввал айтганимдек – ақл!»
Кўраяпсизки, кишиларнинг диққатини
тортадиган энг долзарб муаммолар тилга олинади ва кўпинча бир сўз билан ишончли
тарзда жавоби берилади, айни пайтда, бу муаммонинг энг асосий қирралари ўсиб,
ривожланиб, бутун борлиғини очиб, сабоқланиб боради.
Бу тарзда Асқад Мухтор (донолиги)
фалсафасини гавдалантириш катта меҳнатни талаб этади. Асқад Мухторнинг ҳаёти ва
ижодини тўлиқ билишдан ташқари, бу умрнинг, бу ижоднинг моҳиятини тушуниш,
англаш, таҳлил ва тадқиқ этиш ва квитэссенцияси (қаймоғи)ни бермоқ асосий
вазифа саналади. Биринчи суҳбатда Нусрат Раҳмат ана шу йўлдан боради, кашф
қилган янгиликлар бўй кўрсатганда муаллиф ва Асқад Мухтор ҳамкорлиги қалбларни
уйғотади, ундаги ғуборларни ювади, эзгуликка йўналтиради.
«Ижод хусусида» ва «Ахлоқ ҳақида» номли
суҳбатларда эса, юқоридаги усулдан ташқари муаллиф Асқад Мухторнинг ўзини
чорлайди, унинг турли асарларида айтган фалсафий мушоҳадаларини айнан
келтиради:
«Дедим: –
– Ахир ҳозирги танқидчилар сизни айни
дадиллигингиз учун танқид қилишаяпти-ку?
Дедилар: –
– Ҳа, ҳамма мантиқсизлик шундаки, улар
бизни қўрққанимиз учун эмас, дадиллигимиз учун уришади.
Дедим: –
– Биз бор-будимизни рад этаяпмиз.
Эҳтимол бу ҳам мантиқсизликдир?
Дедилар: –
– Зеро, тақир ерда ҳеч вақо пайдо
бўлмайди.
Эски мафкуранинг таъсири бор, деб ҳамма
нарсани инкор қилишнинг ўзи ҳам бир мафкура эмасми? Биз бадииятнинг бьарча
намуналарини ардоқлашимиз керак. Бадииятдагина эмас, илм, фалсафа, динда ҳам
буюк ва табаррук сиймолар шундай қилганлар. Ҳатто ғайридинлар ибратли меросни
тан олишган. Яҳудийлар ўз динларига Миср маъжусийларининг барча қадриятларини
қабул қилган. Форобий, Беруний каби алломаларимизга бош эгиб ҳурмат бажо
келтирган ўнлаб афлотунлар мусулмон эмас эдилар-ку!» (17-бет).
Ушбу диалогга Асқад Мухторнинг
«Тундаликлар»идаги қуйидаги икки асар (парча) асос қилиб олинган:
1. Бизни танқидчилар қўрққанимиз учун
эмас, кўпинча дадиллигимиз учун уришди (130-бет).
2. Бизда ҳозир бор-будимизни рад қилиш
авж олган. Ваҳоланки, тап-тақир ерда ҳеч вақо пайдо бўлмайди. Эски мафкуранинг
таъсири бор деб, ҳамма нарсани инкор қилишнинг ўзи ҳам бир мафкура эмасми? Биз
бадииятнинг барча намуналарини ардоқлашимиз керак.
Бадииятдагина эмас, илмда, фалсафада ва
динда ҳам энг буюк ва табаррук сиймолар шундай қилганлар. Ҳатто ғайридинлар
ибратли меросни тан олганлар. Яҳудийлар ўздинларига Миср маъжусийларининг барча
қадриятларини қабул қилганлар. Форобий, Беруний каби алломаларимиз бош эгиб
ҳурмат қилган ўнлаб афлотунлар мусулмон эмас эди-ку?! (23-24-бетлар).
Ушбу таққос юқоридаги фикримизни исбот
қилганидек, яна Асқад Мухторнинг баъзи фикрларини Нусрат Раҳмат ўзгартириб
(иккала асарнинг охирги жумласига эътибор қилинг) юборишини кўрсатади ёки баъзи
ўринларида Асқад Мухторнинг фикр-у мулоҳазаларини ўзининг «кашфи»дай беришини
ҳам кўриш мумкин. Жумладан, «Уйқу қочганда»… (Тундалик)да Асқад Мухтор ёзади:
«Умар Хайём майин куйлаган. Аммо буни
Абу Нувоснинг хамриятлари, Манучехрнинг мусамматлари ва кўп сонли соқийномалар
билан аралаштирмаслик керак. Хурсандчилик майхўрлиги бошқа, аламзадалик
майхўрлиги бошқа. Хайём кайфи – бениҳоя аламли ва фожеий кайф: инсон ўлимга
маҳкум, у бир лаҳза бўлса ҳам лаззат излаши керак. Чинакам шодлик лаҳзаларини
гулдек узиб эмас, Данте айтган абадий сўлмас гулзорга кўз тикиб яшайди. Абадий
сўлмас гулзор эса – умид. Хайёмда инсоннинг худодан бўлак умиди йўқ.
Хайём рубоийлари фоний банданинг
жавобсиз фарёдларидир» (19-бет).
Ушбу фикр-мулоҳаза «Асқад Мухтор
дейдилар»да шундай ифода қилинади:\
«Дедим: –
– Хайём рубоийлари фоний дунёнинг
фарёдлари эмасми?
Дедилар: –
– Илло, шундай! Фоний дунёнинг жавобсиз
фарёдларидир улар. Умар Хайём ақидасича, инсоннинг худодан ўзга умиди йўқ. Буни
ҳис этмоқ, тушунмоқ учун юракда эътиқод, ўт, дадиллик керак» (17-бет).
Бундай ҳолатлар бир неча ўринларда
учрайди-ки, бу Нусрат Раҳматга олқиш келтирмайди, балки, ўзганинг (ҳатто
устознинг ҳам) фикрини ўзгартириш ва ўзлаштириш, бизнингча, ижодкор этикасига
хилофдир, тайёрга ташналикдир, осоннинг устидан юришди; Асқад Мухтор ижодини
билмаганлар учунгина «кашфиёт»дир.
Яна бир мулоҳаза Нусрат Раҳмат аллома
Асқад Мухтор умрининг охирларида, 90-йилларда ёзган «Уйқу қочганда…» асарига ўндан
ортиқ ўринларда мурожаат этади. Лекин бадиада бу 80-йилларнинг бошларидаги
суҳбатларда бўлиб ўтганди, деган тасаввурни беради. Натижада тарихий аниқлик
дарз ейди. Ҳолбуки, бадиада ҳам «ёзувчи ёлғонни тўқийди-ю, ҳақиқатни ёзади»
(А.Мухторов). Бу бадииятнинг бош қонунидир.
Нусрат Раҳматнинг ютуғи шундаки,
«Тундалик»даги хронологик тартибга бўйсунмаган воқеалардан, Асқад Мухтор таъкид
этган «бири боғдан, бири тоғдан бўлган гаплардан… саъй-ҳаракатига туртки олиб»,
уларни маълум мавзуларга тартиблаштирган, мантиқан бир-бирини тўлдирувчи яхлит
суҳбатлар яратишга муваффақ бўлган. Устозининг «Одиссей арвоҳларни ўзи билан
суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий
шахслар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак» ўгитига амал қилган ва унинг
самараси ўлароқ Асқад Мухтор замондошимиз, буюгимиз, дономиз, устозимиз бўлиб
гавдаланади.
«Асқад Мухтор дедилар» бадиасида
шоирнинг бир неча шеърларини келтиради. Шулардан бири қуйидаги тўртликдир:
Икки нарса оғирдир кўнглимга асти,
Икки нарса учун йўқ менда бардош:
Бири – душманимнинг шўх қаҳқаҳаси,
Бири – дўст кўзида йилтиллаган ёш
(26-бет)
Тўғри, бу асар 45-йилда шундай ёзилган
бўлиши мумкин, лекин кейинги йилларда Асқад Мухторнинг бадиий маҳорати ўсган
сайин, у ҳам ўзгариб, тобора тиниқлашиб, ёниқлашиб, охирида қуйидаги тўртликка,
«биринчи ёзилишдаги руҳий қуввати ва сеҳрини йўқотмаган» (Абдулла Орипов)
дилбар тўртликка айланган:
Икки нарса оғирдир кўнглимга асли,
Икки нарса учун йўқ менда бардош:
Бири – душманимнинг шодон қаҳқаҳаси,
Бири – дўст кўзида милтиллаган ёш.
Таъкидланган сўзларнинг (гарчи
бошқаларининг ҳам аҳамияти кам бўлмаса-да) биттасига эътибор қилайлик. Дўст
кўзидаги ёш (йилтиллаган)да – унинг аҳволи ночорлигини, оғирлигини билдирмайди,
балки унинг аҳволи яхшилигини, нур таратаётганини англатади. Ёш «милтиллаганда»
– унинг аҳволи чатоқлигини, оғир аҳволда эканлигини, пичирлаб, аранг ёниб
турганини билдиради ва ана шу ҳолатдагина асардаги маъно ва мантиқ ўзаро
боғланади, «дўстнинг ёши» поэтиклашади…
Демак, бадиада асарнинг мукаммал
вариантини келтириш Асқад Мухтор поэтик дунёсининг гўзаллигини бекаму кўст
кўрсатган бўларди.
Жажжигина, «бир нафас» билан ўқиладиган
бадианинг бунчалар фикр-мулоҳаза уйғотганининг ўзиёқ, китобчанинг зарурлигидан,
қизиқарлилигидан, бетакрорлигидан дарак беради.
Сизни ҳам бу асар ўзига чорлаши турган
гап эканлигига ишониб,
Ҳотам
УМУРОВ.
«Зарафшон»
газетаси
20
ноябрь, 2003 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий