Публицист-ёзувчининг
таъна ва тазаррулари
Елкадошим, фикрдошим, азиз китобхон! Сен билан
бақамти туриб, гаплашиб олишга аҳд қилдим. Менинг монологимни зоҳирий
илтижолар, ботиний илтимослар ўрнида қабул эт! Ёз бўйи тер тўкиб меҳнат қилган,
баракалигина ҳосил етиштирган, кўзда не-не умидлар, ҳаяжонлар ила бозорга олиб
чиққан, аммо шундай сархил неъматларни сотолмай, уйига қайтариб келган деҳқонни
кўз ўнгингга келтира оласанми? Орзу-истаклари ногаҳон саробга айланган бу
шўрлик хотини, бола-чақалари кўзига ҳам тик боқолмай қолади бундай пайтда…
Билсанг, мен ҳам айни пайтда бозори касод бўлган ана шу ғамзада деҳқон
ҳолатидаман. Чунки не-не машаққатларда қоғоз тирнаб ёзган ва гоҳида ғурурим, руҳимни
поймол этиб чиқарган китобларимни харид қилмай қўйдинг. Китоб дўконига йиллаб
йўламаслигинг менга садоқатсизлигингдан ўзга нарса эмас!