среда, 27 сентября 2017 г.

ОҚ КАЛАМУШЛАР

                                                       Мардикор жувоннинг кундалиги
   
Қирмизи рангли (бунақасини биринчи бор кўришим) «Neхia» ҳайдовчиси кабинадан тушиши билан,  бу ердаги таомилга кўра, бошқалар қатори Барно иккаламиз  унга яқинлашдик, юзимизга табассум суртган бўлдик. Қирқ ёшлар чамасидаги, бўйчан, кўринишидан анчайин пухта, дилкаш бу одам нигоҳи билан бизни бир сидра пайпаслаб чиқди-ю, менга қараб, эски танишлардек яқинлашди.     
- Машинага мин,- деди ярим буйруқ оҳангида «Nexia»си томон имларкан. - Сенбоп иш бор.
- Вой, биз икки киши,- дедим, Барно томон ишора қилиб.
- Бўбди, иккаланг ҳам мин,- деди,  иккита эркак мардикор ҳам олиб келаман.     
   У эркаклар томон  кетди; кабинанинг орқа эшигини хавотирона очишим билан димоғимга дилкаш атир ҳиди гуп этиб урилди;  обдон дазмолланган, доғ тегмаган оппоқ сурп тўшалган ўриндиққа ийманибгина жойлашдик.
- Бу олифта нима иш буюраркан?- қизиқди Барно.   -Пулини ҳам келишмадик…
- Яхши одамга ўхшайди - хафа қилмас,- дедим зоҳирий умид билан.
Машина рулини  шаҳар томон буриб, хўжайин масалага равшанлик киритабошлади.
- Сизлар билан келишмадик-ку,  неча пулдан олаябсизлар?            
- Ихтиёр ўзингизда,- дедим,  сахий одамга ўхшайсиз.  Фақат соат олтига жавоб берсангиз бўлгани: бола-чақа, дегандай, кечки овқат тайёрлаш керак.

- Сани отинг  нима?- сўради у кутилмаганда.     
Мен андак хижолат чекиб, жавоб бердим. - Менга қара Малика,- давом этди у,- нима қайнона-пайнонанг йўқми? Куни билан ишласанг, тағин…
- Қайнонаси раҳматли бўлган,- мен учун  жавоб берди Барно.
Орага мавҳум сукунат чўкди. Уни тағин хўжайин бузди:     
- Ҳа, сенга ҳам қийин экан.  Эринг нима иш қилади?
Ана шу савол мени не изтиробларга солишини бу одам қаердан ҳам билсин? Индамадим. Сукутим уни хавотирона ноўнғайликка солгандай бўлди. Вазиятдан чиқиш учун бўлса керак, гап ўзанини бошқа томонга бурди. 
- Табиатнинг яшаш учун кураш қонуни бор. “Борьба за существование”, дейди буни русчасига. Ҳаммамиз ўшангга бўйсуниб яшаймиз.
У алламаҳалгача фалсафа суққач, ўзи ҳақида ҳам узуқ-юлуқ маълумотлар берди. Оти Жовли ( бунақа номни ҳам биринчи эшитишим) экан. Аслида форишлик; отаси амалдор бўлган, унинг вафотидан кейин  яшаш учун кураш машаққатларини бошдан кечирган эмиш. Ўзини бизга яқин тутиш учун бўлса керак, бир афсонани ҳам ҳикоя қилди…
- Бир подшо овга чиққан экан. Чанқаб қолибди-ю, аъёнлари билан тўғри келган деҳқоннинг ҳовлисига яқинлашибди. Уй соҳиби эҳтиром кўрсатибди, саросималик ила  сув чиқарибди. Подшо қараса, деҳқоннинг аҳволи жуда ночор, кийиниши юпун, ўзи қоқсуяк… «Ўн иккини саккизда урмаган  экансан-да» дебди унга қараб. «Урган эдим, олампаноҳ, дебди деҳқон, аммо ўттиз икки қўймади». «Майли, дебди жавобан шоҳ, сенга бир ғоз юбораман, патини юлиб ол».
Қайтишда подшоҳ, ногаҳонда  вазири томон ўгирилиб,  деҳқон билан бўлган гуфтугўнинг мазмунини  сўраб қолибди. У елка қисибди. «Эртагача билиб келмасанг, бошинг кетади!» қисқа қилибди ҳукмфармо зуғм билан. Вазир подшони саройгача кузатиб келгач, зудлик билан  орқага - деҳқоннинг ҳузурига қайтибди. «Менга қара, дебди, шоша-пиша, оладиганингни ол-у, ўша гапнинг мағзини чақиб бер!» «Бу жуда жўн, тушунтирибди деҳқон. Подшоҳи оламнинг: «Ўн иккини саккизда урмаган  экансан-да» дейишида  - қишнинг ғамини ёзда емабсан, деган дашном  бор. «Ўттиз икки қўймади», деб, тишга, аниқроғи, насибага ишора қилгандим.  «Ғозчи?», - шошиб сўрабди вазир.  «У -  сиз, дебди деҳқон: олганингни - ол дедингиз-ку!   
   - Ҳақиқатан ҳам ҳамма гап ўша ўттиз иккига бориб тақалади,- давом этди Жовли, гапига русча ибораларни аралаштириб. Сизларнинг тонг билан  бозорга чиқишларинг, менинг мардикор излаб келишим замирида  нафс, аниқроқ қилиб айтсак, манфаат бор! Бутун жамиятни ҳаракатга солувчи куч, манфаатдир! «Шахсий манфаатини кўзлабди», деб ёзади гоҳида  бемаъни мухбирлар. Шахсий манфаатни кўзламаслик - нодонлик! Бир донишманд: «Дунёни худбинлик бошқаради», деб ёзган экан. Турфа тоифадаги арбоб-у, амалдорларга эътибор беринглар:  халқ ҳақига хиёнатни гуноҳи азим, деб  ваъзхонлик қилишади-ю, одамлар ҳисобидан данғиллама иморатлар қуришади, ўмарган пулларини чет эл банкаларига  қўйишади. Уларнинг пинҳоний мақоллари қулоғимга чалинган: “Халқ денгиздир, унинг ҳақини ўмармаган, тўнғиздир”. Шундай яшамоқ керак-ки, соат миллари фақат сенинг фойдангга айлансин!  Ўзингни честний ҳисоблаб, бировнинг олдига дастурхон ёйолмасанг, суф бунақа ҳалолликка!”.
Тахминан уч-тўрт километрлар йўл босгач, машинамиз чап томонга бурилди ва тош тўшалган қинғир-қийшиқ кўча бўйлаб анча йўл босдик; қўш дарвозали,  данғиллама ҳовли қаршисига келиб тўхтадик.
Ҳовлини сарамжон-саришта деб бўлмасди: ҳар ер, ҳар ерда қутилар, сув идишлари тартибсиз сочилганди. Бизга эътибор бермай ишлаётган ўсмирлар, аёллардаги аллақандай ғайрат (32 туфайли, албатта) сезилиб турарди. Аён бўлишича, Жовли деганимиз уйида минерал сув чиқарадиган корхона ташкил этган экан. Биноларнинг ости катта ертўла:  талай кишилар шиша, «бакалашка» ювишар, ундан нарида - ҳовлидаги артезиан қудуқдан резина шланглардан оқиб келаётган сувни идишларга қуйишарди. Барно иккаламиз газланган сув солиб, оғзи беркитилган бир литрли пластик идишларга ёрлиқлар ёпиштирадиган бўлдик. (Унга: «Зарафшоннинг шифобахш суви» деб ёзилган, таркиби, муддати кўрсатилганди). Тожикча талаффузда гапирадиган  жувондан андак сабоқ олгач, тушгача бир маромда ишладик. Соат ўн иккида ҳаммани пиёздоғ  ҳиди анқиб турганига қарамай анча шинам ошхонага таклиф этишди; ўзгалар қатори  ўзимизга шўрва сузиб келдик. Жовли ҳам биз билан  ўтирди, ҳазил-мутойибалар қилди, менга бот-бот сирли назар ташлаб, нимадир дейишга лаб жуфтлади-ю, аммо, бунинг мавруди бўлмади. Кеч соат бешда  ювиниб, жомакорларни алмаштириб олдик.
- Малика, жуда сулув бўлиб кетибсан-ку,- деди Жовли душдан чиққанимдан кейин, чўнтагидан пул чиқарар экан,- мана бу ҳар бирингга тўрт доллардан - бизнинг пулда беш минг сўм бўлади. Бир ойда юз эллик минг, дегани. Менинг маошим эллик минг сўм. Демак, сизлар мени эсксплуатация қилаябсизлар. Нима бўлса ҳам бу пулларни яшириб қўйинглар, сарфламанглар.
- Яшириб қўярдиг-у,  ўттиз икки қўймайди-да, - ҳазиллашгим келди.
Жовли мазза қилиб кулди ва хушфеъллик билан сўради.
- Ўнинчини битирганмисан? 
- Ҳа, институтда лаборант бўлиб ишлардим,- негадир андак мақтангим келди.
- Яхши! Эртага ҳам келинглар - иш бор. Малика сани котибами, бухгалтерми қилиб олишим мумкин. Ўйлаб кўр. Ҳозирча хайр!
- Эртага ҳам келамиз-а,- дедим йўлга тушгач Барнога,- бунинг устига мени доимий ишга ҳам таклиф этаябди. Яхши одамга ўхшайди.
- Оқ каламушнинг эркаги,- деди у жавобан.
Мен дафъатан ҳушёр тортдим,  надомат чекиб,  бу ерга қайтиб келмасликка қарор қилдим.
Оқ каламуш ҳақидаги ҳикояни эшитмоқчи бўлсангиз, андак ортга  чекинишга тўғри келади.

* * *
Келин бўлиб тушганимда, муллоамаким (қайнотам)  ветеринария илмий-тадқиқот институтида ишлардилар.  Тўйдан кейин кўп ўтмай, мени ҳам ишга олиб кетдилар.
- Ҳозирча лаборант бўлиб туринг, келаси йил биофакка кирасиз, кейин…
Барно билан илк бор ўша ерда танишганман.  Зерикмаслигим, ноўнғайлик сезмаслигим учун бўлса керак, қайнотам  таништиргандилар бизни. Барно  қишлоқдошимиз эканлигини, уни ҳам муллоамаким ишга олиб келганликларини ўзи айтиб берди. У оқ каламушларга қараркан. Катакларда, қуённинг боласидек оппоқ, момиқ; кўзлари шишаранг жониворлар бир талай эдилар. 
- Нима қилишади буларни?- қизиқдим.
- Барини ўлдиришади, фан учун қурбон қилишади,- деди совуққина қилиб, файласуфона. - Медицинанинг рамзи - илон; ветеринарияники − оқ каламуш дейишади бу ерда - Чунки юз минглаб оқ каламушлар ана шу фан учун жон беришади.
- Қандай?- давомини батафсилроқ эшитгим келди.  
- Тажрибалар ўтказишади -  бардошларини синашади: паст,  баланд ҳароратга, юқумли касалликлар, радиацияга; янги дори-дармон, химикатларни аввал шуларга қўллаб кўришади, кейин молларга ва ҳаказо. Энг ёмони, ҳушёр бўлиб турмасам, болаларини еб қўйишади, бу очофатлар.
- Нега ундай қилишади?- сурайман ачиниб.
- Билмадим, озодликда болаларини эъзозлашади-ю, тутқунликда… Эҳтимол, бу зулмга қарши исёнлари бўлса.
   Барно  менга ёқиб қолди. Файласуфона фикрлар юритишдан ташқари, у анчайин шўтқари ва журъатли  эди. Ўша куни ҳеч чўчимай, катта каламушни тутиб, қўшни катакка солганини кўриб, этим жўнжикиб кетди. «Ўлим олдидан бир маза қилсин», деб қўйди. Кейин билсам, нар билан модани қўшган экан. Улар аввал бир-бирларини   роса ҳидлаб кўришди, кейин эркаги урғочисини ялаб-ясқайбошлади. Аввал ўзини четга олаётган мода ҳадемай мойил бўлди ва  беҳаёлар  ҳа йўқ, бе йўқ, шаҳвоний ишларини бошлаб юборишди. Роса кулгандим ўшанда.
   Барно боя ана шу ҳолатга ишора қилганини айтиб ўтишим, эҳтимол ортиқчадир.
Муллоамаким чорва молларининг ирсий  касаликларини ўрганиш устида тадқиқот ўтказардилар. Идрок этишимча, ўша  йили  Европадан келтирилаётган зотли молларнинг қон сийиш касаллигига қарши илмий  иш бошладилар; бунинг учун зотли молларни жайдари буқалар билар қочириш, шу тариқа иммунитетини мустаҳкамлаш буйича тажрибалар ўтказдилар. Аммо бу мавзуни илмий кенгашми, Тошкентми  тасдиқламади; оқибатда маҳсулдорлик тушиб кетишини важ қилишди. Шу билан бирга докторлик диссертацияси учун бошқа мавзуни тавсия этишди. Муллоамаким бўлса бу ҳолдан қаттиқ ранжидилар. Аслида, андак тажрибалар ўтказилган, аммо диссертация ёзилмаганди. Кўпчилик ётиғи билан тушунтиришига қарамай, у киши буни омадсизлик деб  билдилар ва руҳлари тушиб кетди. Дарҳақиқат, у омадсизликкина эмас, талай мусибатлар, қисматларнинг дебочаси бўлиб чиқди. Ветеринария факультетининг учинчи курсида ўқийдиган хўжайиним ёзда  тоғаси билан  Тошкентга бир машина картошка олиб кетишди.  Аммо шу кетишда, ҳафталар ўтса ҳамки,  дарак бўлмади. Биз хавотирона излашга тушдик: қавмларимиз бозорлар, меҳмонхоналарни суриштириб, бирор хабар топишолмади; милиция ҳам надомат чекишдан нарига ўтолмади. Шу орада бир жиноий гуруҳ қўлга тушганлиги, улар яқинда суд қилинишини ўқиб қолдик; бу қашқирлар Тошкентга юк олиб келган деҳқонларнинг маҳсулотини кўтара харид қилиш баҳонасида дарё соҳилига олиб боришар ва ўлдириб, бор бисотларини олишар экан. Судга муллоамаким билан бордим. Панжара  орасидаги гўрсухталар арзимайдиган пул ёки юк учун кўплаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишганини лоқайдгина, худди суваракни ўлдиргандай бепарво гапириб беришарди. Ана шулар орасида Самарқанддан келган машинада шофердан ташқари кексатоб киши билан йигитча бўлганлигини айтишди, аммо уларнинг қиёфасини чизиб беришолмади.
- Ҳалигиларнинг ёшроғи милтиғимни кўриб, қочди - мен отдим, йиқилганини  кўрдим, аммо ўлиги ё тиригини тополмадик,- деди, қорасоқол, ранги заҳил ярамас. - Картошкани тушириб, машинани ёқиб юбордик. «Балки улар эмасдир, ўшалар бўлганда ҳам хўжайиним қочиб кетгандир,  тирикдир» деган умид ҳозиргача дилимни тарк этгани йўқ.
Ҳалиги соқолнинг тағин бир иқрори тўпланганларни ларзага солди.  
- Сурхандарёнинг мошини эди - юкнинг эгаси бир эркак билан аёл экан. Шеф шоферни  ўлдирди, мен ҳалигиларни отдим. Қарасак,  бир бола қўрқиб, қопнинг тагига кириб кетган  экан. Шеф: «Гумдон қил», деди. «Пешин бўлиб қолди, намозни ўқиб  олай», десам кўнмади.  Болани ётган жойида пичоқлаб ташладим.
Бу хунхўр нокасга дастлаб сўз беришганда: “Иншоолоҳ, мусулмонман, ўзбекман: ёлғон гапирмайман” деб қасам ичган бўлувди ва бу билан эътиқод, миллат шаънини таҳқирлаганини хаёлига ҳам келтирмаганди. Муллоамакимга сўз беришганда, унинг иқрорига урғу бериб: «Ҳар бир дин ё миллат ўзининг буюк фарзандлари билан фахрлангани сингари, ноқобил болаларидан ор қилишни ҳам унутмаслиги керак!» дедилар.
Қўлимда бир ярим яшар қизчам бор эди, ўзим оғироёқ эдим ўшанда. Дунёда қувонч деган нарса батамом тугагандай эди: биз кулгини ёддан чиқариб қўйгандик. Тўрт ойдан сўнг туғилган болакайга Ёдгор деб ном қўямиз, дейишганда кўнмай, Умид деб атадим. Аммо қисмат-у ғуссаларнинг ҳали давоми бор экан - ягона ўғилнинг мусибатини қайнонам кўтаролмади: қандли диабетга мубтало бўлиб, йил ўтмай оламдан кўз юмди.  Омадсизлик бир келса, ёғилиб келади, дейишади: институтимизда қисқартиришлар бошланди. Дастлаб кўплаб фаррошлар, лаборантлар, шу жумладан, Барнога ҳам жавоб беришди ва икки ой давомида каламушларга ўзим қарадим. Сўнг, муллаамаким иккаламизни расмий  қисқартиришмади-ю, маош бермай қўйишди.  Кўп ўтмай, бўғзимизгача қарзга ботиб қолдик. Ана шундай кунларнинг бирида қайнотамнинг қаршиларида  тиззамда чўкалаб анчагина ўтирдим-у…

Кечирасиз, шу ўринда мавзудан андак чекингим келди.  Бир куни «Ошин» телесериалини томоша қилатуриб, ёддан чиқмайдиган ҳолатнинг гувоҳи бўлгандим. Тирикчиликнинг оғир аравасини тортиш жонига теккан, ҳолдан тойган, асабийлашган  жафокаш эр хотини − Ошинни тепиб юборди.  Шўрлик жувон думалаб кетди ва ўрнидан чапдаст туриб, эриниг қаршисига чўнқайди, таъзим бажо келтириб, ундан кечирим сўради. Эри ҳам бўлган ишга надомат билдирди, дудуқланиб узр сўради, нохушликка хотини айбдор эмаслигини,  барига тирикчилик - еб тўймагур ўттиз икки сабаблигини ич-ичдан ҳис этганди у. Бу ибратомуз ҳолатдан оила учун фақат кечиримли бўлиш керак, деган фалсафани, мантиқни уқдим. «Хўжайиним қайтиб келса ва (майлига) мени тепиб юборса, худди ана шу тариқа таъзим бажо келтираман», деган илинж ўтди кўнглимдан. Кейин ички бир умид билан машқ қилдим. Аввал ўн дақиқа, сўнг кўпроқ; ҳозир шу алпозда бир соатча ўтиришим мумкин. Хуллас, мен учун бағоят қадрдон бўлган, мусибатлар ва жафоларга қасдма-қасд яшашни биладиган, отам ўрнида ота деганим, дилкаш, эмин инсоннинг қаршисида чўккалаб ўтирдим-у, минг андиша билан сўрадим.
- Барно билан ишга борсам майлими?
Гап шундаки, Барно ўшандан бери мардикор бозорга чиқиб, рўзғор тебратаётганидан хабардор эдим,  ундан бу юмушнинг айрим асрорларини ҳам сўраб олгандим. Гап тағин шундаки, қишлоғимизнинг шундайгина биқинида – Тошкент − Термиз кўчаси бўйида («Бетонка» дейишади) катта мардикор бозори вужудга келганди;  у кўпчиликни  боқарди. Тоғ ёнбағридаги қишлоқларни - тоғ; денгиз соҳилида яшайдиганларни - денгиз боқишига эътибор бергандирсиз. Биринчиси, тоғда мол боқади, хашак жамғаради; тоғдаги гуллар, шифобахш гиёҳларни сотиб, ўттиз иккини тинчлантиради; иккинчиси - балиқ, денгиз маҳсулотларини пуллаб рўзгурзонлик қилади. Бизнинг қишлоқда  эркак-у аёл  бу бозорни яшаш учун кураш майдони, нажот қалъаси деб билади.
- Йўқ! - деди у киши кескин.
Аслида, келини мардикор бўлишини тасаввур этолмас, буни ҳамияти кўтармас, ор қиларди, қайнотам. Аммо бошқа илож қолмаганди: қашшоқлик чилвири кекирдагимизни тобора зичроқ қисаётганди.
Бирор ҳафтадан кейин ўзгача оҳангда гапирдим:
- Барно ток баргини чилпишга таклиф этаябди, борсам майлими?
У киши сукут сақлади.

Мардикор бозорга илк бор чиққаним ( бундан олти ойча муқаддам) сира ёдимдан чиқмайди. Мингдан ортиқ аёл-у эркак бор эди бу тонгги анжуманда. Дугонамнинг изоҳига қараганда, қўшни қишлоқ ва туманлардан ҳам айнан шу ерга келишаркан.
- Ана у олифталар томон йўламаслик керак, деди у дарахт остида уймалашиб турган, рафтор-у кийинишлари ўзгача  аёллар томон имлаб, улар - баданпурушлар!
Бу ҳақда аввал эшитган бўлсам ҳамки, нафрат аралаш қизиқиб кузатабошладим, аммо шу пайт харидор чиқиб қолди. Тасодифни қарангки, ўрта ёшлардаги  деҳқон  бизни, дарҳақиқат, ток чилпиша олиб кетмоқчи бўлди. Савдолашиб олгач, «Dаmаs»га миниб, қўшни қишлоқ томон жўнадик. Ўша куни фаҳмлаганим шу бўлдики, бу амаки яқинда фермер бўлган экан, аммо қарзга ботиб қолган, шекилли, тирикчилиги ўзимиз қатори эди: тушликда иссиқ овқат емай, нон, мураббо билан қаноатландик. Бир ҳафтача ишлаб, уйга қайтаётганимизда Барнога илтижо қилдим.
- Менга бироз пул бериб турсанг, нима қилади; магазинчи билан қассобнинг қарзини узиб қўймасам, муллоамаким кўчага чиқишдан ҳижолат бўлаябдилар.
 У  рози бўлди, амаким қилган яхшиликларни эсга олиб, у кишини сифатлаб ҳам қўйди.

* * *
Бунақа салобатли, шукуҳли боғни биринчи бор кўришим. Киши ўзини ногаҳонда бокира, улуғвор гўшага кириб қолгандай ҳис қилади, атрофдаги анвойи гулларнинг хушбўй ҳиди туйғуларингизни қитиқлаб, руҳингизга сокинлик ато этади. Намчил асфалт йўлаклар сизни боғнинг тўрт томонига чорлайди. Дарвоза (ёғочдан ўймакор қилиб ясалган)дан кирган заҳотингиз арғувон, эман, сановбар ва номлари кўпчилигимизга ноаниқ бўлган манзарали; нарироқда эса  мевали дарахтларга дуч келасиз. Ўртада баланд қилиб қурилган, зиналари мармар қуббали шийпон.
Биздан ташқари ҳам талай кишилар ариқларни тозалаш, супуриш-сидириш, сув сепиш билан банд эдилар; шийпонда  стол безатишарди, ўша томондан доғланаётган зиғир ёғнинг ҳиди анқирди - буларнинг бари  анчайин нозик меҳмон ташрифидан далолат берарди.
Бизни бу ерга олиб келган амаки ишбошиларга тақсимлади. Мени, скамейка тузатаётган, нимаси биландир қайнотамга ўхшайдиган олтмиш ёшнинг нари-берисидаги, ўртабўй, босиқ нигоҳли отахонга рўпара қилди. 
- Сизга бир киши етадими? 
- Етади,- қисқа жавоб берди амаки ва беихтиёр сўради: - Опанинг келишини Ўлмас аканг биладими?
 У жавобан маъқул ишорасини қилиб, бош силкиб қўйди. Амакининг топшириғи билан  арча ва кўпчилигимиз «ўрис қарағай» деб атайдиган дарахтларнинг танасини оқлашга киришдим. Иккинчи дарахтни қўлдан чиқарган  ҳам эдимки, «Опа келдилар?» деган даъват эшитилди: кўпчилик саросимага тушди, ишбошилар эшик томон равона бўлдилар. Аммо амаки ўрнидан жилмади, унинг юзидан «қилт» этган бирор ифодани ҳам англаб ололмадим. Бу - ғалати ҳолат эди. Атрофдагиларнинг  таъзим-у тавозеларидан сармаст бўлган меҳмонга таъриф берадиган бўлсам, қирқ беш ёшларнинг нари-берисидаги хушфеъл, хушсурат жувонни кўз ўнгингизга келтиришингизга тўғри келади.  Унинг тўладан келган қомати, ана шу қоматга монанд тикилган қимматбаҳо либослари; олтин, бриллиант тақинчоқлари, киборона юришлари  кишини лоқайд қолдирмасди. Жувон атрофдагиларга ўзбекча, тожикчалаб сўз қотар, одамларнинг дилини топишга уринар, буни қойилмақом қилиб уддаларди.  
- Йўқ, йўқ, дерди у,- чой ичмайман - боғни соғинганман, сизларни соғинганман: аввал роса айланишим керак.
У одамлар қуршовида, икки томонига кумушранг арча ўтқазилган  йўлак бўйлаб, алланималарни эслаганича, оҳиста-оҳиста, улуғвор, сармаст қадам ташларди. Мен ўша томонга тикилиб, йўлак бошида аллақандлай кўлни, унда сузиб юрган ўрдакларни кўрдим.          
- Эҳ, қармоқ олиб келмабман, қармоқ,- деди  меҳмон боладай ҳайқириб.   
- Қармоқ бор, ойтимулло,- деди кимдир ҳозиржавоблик билан.
- Ишларингдан қолманглар, боринглар - мен ёлғиз сайр қилишни яхши кўраман,- деди у инжиқ эркаланиш билан. Аммо ҳеч ким уни тарк этмади. Чунки опа бу гапни шанчаки илтифот учун айтганини  ҳис қилиш қийин эмасди.
Бу ердагилар ўз ролларини  анчайин уддалаб бажараётган актёрларга ўхшаб кетарди. Ўгирилиб,  амакига қарадим ва  унинг юзида  зоҳирий изтироб, бу ҳолатга қарши қаҳрга ўхшаш ифодани туйгандай бўлдим. Нохуш хотиралар дилини ўртадими, чучмалликларга тоби йўқ эканми - бир нимарса дейиш  мушкул эди.
Биз ишимизда давом этавердик. Бирор соатлар чамаси вақт ўтган эдики, меҳмон бизнинг йўлакда пайдо бўлди. У ёнидаги бир аёл, бир эркак лаббайгўйга гап уқдирарди.     -  
-…бутун бир районда халқ дам оладиган жой бўлмаса-я. Катта сессияга чиқиб айтдим - пул ажратишди - атрофини панжара қилдик. Мана шу шийпонни Москва орқали ҳал қилганман. У пайтларда асфалтни каттанинг ўзи тақсимларди. Боғнинг дарвозаси ҳам йўқ эди…
Буни эшитиб, муллоамакимнинг бот- бот такрорлаб турадиган гаплари ёдимга тушди: «Ҳар бир амалдор  ўзини дунёдаги энг халқпарвар, адолатпеша, ҳалол раҳбар деб ҳисоблайди».  Ҳадемай улар бизга яқинлашиб қолишди. Опа ногаҳонда амакини кўрди-ю, беғам ва мамнун қиёфаси, равон монологида зоҳирий ўзгариш содир бўлди.
- Яхшимисиз, соғ-саломат юрибсизми, дугонам яхшими,- шоша-пиша ҳолпурслик қилди қўлини кўксига қўйганича.   
 Унинг андак саросималаниб гапиришидан сезилар-сезилмас ҳижолат, надомат ва тағин аллақандай номукамалликни  уқиб олиш қийин эмасди. 
- Хотиним ўлди,- деди амаки жавобан совуққина қилиб,- олти ойлар бўлиб қолди…
Бу тўмтоқ жавобдан опа  баттар ноўнғайликка тушди ва вазиятдан чиқиш учун шоша-пиша, тўхтовсиз гапиракетди.
- Вой-бўй, эшитган бўлсам, ҳарна бўлай! Буларнинг бирортаси менга айтмабди. ( У ёнидагиларга ёвқараш қилиб олди). Эшитгандирсиз, менинг ҳам бошимга кўп ташвишлар тушди: ишдан ноҳақ олишди, аварияга учрадим - қовурғам синди…Шу жой, шу одамларни деб…
- Йўқ, одамларни қўйинг,- меҳмоннинг гапини бўлиб ва қаҳрини имкон қадар жиловлаб, сокинлик билан гапирабошлади амаки. - Инсоннинг қадри чумолидан фарқ қилмасди: эзғилаб кетавериш мумкин, деб ҳисоблашарди. Амал курсиси не-не покиза одамларни бузмади. Шу боғни олинг. Унинг атрофини панжара қилдиргунингизча, одамлар киришар, мева-чевага оғзи тегарди. Кейин амалдорлардан ўзганинг йўли тўсилди. Улар кечқурунлари  маст-аласт бўлиб қийқирганда,  ниҳоллар, гулларни оёғости қилишмадими, деган хавотир билан панжара ортидан кузатардим. «Бу боғни мен ташкил қилдим» деманг - яхши эмас. Ана шу жойлар дарахтзор қилинганда, сиз мактабда ўқирдингиз; дадангиз сомсапурушлик қиларди у вақтларда. Оёғингиз остида катта жарлик бор эди, кўлнинг суви шу ерларгача келарди. Булдозер, тракторлар топиб текислатдим. Сиз панжара ўрнатган жойлардаги ўрикларни Ўратепадан олиб келган эдим - унинг туршаги бозорнинг олди бўларди. Бари нес бўлди. Олмаларимиз, ҳарқалай кесилмай қолди. Себи сафед деган бу нав бошқа жойда йўқ. Шийпоннинг ўрнида дилафрўз деган нок бўларди - ҳар бири ҳандалакдай келарди, қурт емасди уни; ниҳолини тошкентлик  боғбон жўрам топиб берганди. Уни ҳам кесишди, аммо, шукурки, пайванд олишга улгуриб қолдим. «Боғ райкомнинг дачаси бўлармиш» деган шов-шув чиққанда, ҳузурингизга кирганим, ҳайтовур ёдингиздадир.  Қабул кунингиз эди: ўнг ёнингизда прокурор, чап томонингизда милиция бошлиғи ўтирарди. Ёпирай: Бухоро амири ҳам ўзини бундай кибрли тутмагандир. Одамлар билан шу тариқа гаплашиш мумкин эмас-ку!  Мен боғдан сўз очишим билан: «У  сизникимас - колхозники», дедингиз. Ғалати замон эди-да: боғни барпо қилиб, колхоз ҳисобига ўтказишга мажбур бўлгандим, у тузумда хусусий боғли бўлиш жиноят эди.  Аммо раис диёнатли экан: ўзимни боғбон  қилиб қўйганди. Сиздан ҳам фақат шуни илтимос қилдим: боққа боғбонми, қоровулми қилиб тайинланг, у хоку туроб бўлмасин, демоқчи бўлдим. Қулоқ солгингиз ҳам келмади-я! Бу қувлик, қайсарликнинг сабабини ҳозиргача тушунолмай ҳалакман. Қабулингизга кирганимга  надоматлар чекаман. Раҳматли хотиним, сиз билан бир синфда ўқиганини пеш қилиб, хузурингизга кирмоқчи бўлганда -  қўймадим.  Қоровул мени ичкари киритмайдиган бўлди;  панжара ортидан  юриб, ўзим ўтқазган дарахтларни  кузатардим, санардим; ниҳолларнинг бирорта шохи синганини кўрсам, изтироб чекардим. Эҳ, нимасини айтасиз?!
Орага  сукунат чўкди, Опа бундай аччиқ дашномларни кутмаганлиги, ёнидагилардан ҳижолат чекаётганлиги ва алланималар деб раддия билдиргиси келаётгани сезилиб турарди. Уни кузатиб юрган сипо амаки жим ўтиришни ўзига эп кўрмади.
- Опамиз қилган хизматларини тан олмаслик - адолатсизлик…
- Ҳа, опангиз  дастлаб одамларни ўйлаб, анчайин тузук ишлар қилди,- унинг сўзини илиб кетди амаки,- аммо ёнида нобоп лаббайгўйлар кўпайди. Бу киши бирор ерга борса ёки шу боққа келса, атрофида ўнлаб эркаклар кузатиб юришарди. Улар турфа тоифадаги амалдорлар эди. Опангиз эрталаб ишга келганда, улар кутиб олишар, кечқурун кузатиб қўйишарди. Орқаворотдан эса Екатерина деб мазах қилишарди.  Опангиз ҳам  уларга: «Ишларингдан қолманглар» демасди, балки бора-бора думини ликиллатиб турмаган амалдорнинг кавушини тўғрилаб қўядиган одат чиқарди. Виждонли раислар бирин-кетин инфаркт бўлиб ўла бошладилар. Начора, одам боласига сиғиниш ёки ўзини сиғинаётган қилиб кўрсатиш қонимизда бор.  Бу орада мустақиллик эълон қилинди; опа ҳоким бўлди. Хусусийлаштириш бошланганда,  экин майдонлари, бинолар тап тортмай пулланди…
- Асосингиз йўқ! Биринчи бор жиддий эътироз билдирди меҳмон, овозини андак кўтариб. 
- Асосим бор, - деди амаки ҳам, ўша вазминлик билан, унинг юзига  тик боқиб,- мана шу боғни Ўлмас бойваччага қанчага пуллаганингизни аниқ биламан! Лекин Ўлмас бойвачча  узоқни кўрадиган киши экан - эртасигаёқ мени топиб: «Энди боғнинг хўжайини ўзингиз», деди; сизнинг наҳанг бўлиб кетганингизни ҳам қўшиб қўйди. Одамларни  бунчалик нодон деб ўйламаслик керак - улар кимга қайси иморат ёки ерни  қанчага  сотганингизни баралла гапириб юришарди, ахир, эл оғзига элак тутиб бўларканми?!  Ҳатто, юқори ташкилотларга қанча пора берганингизни ҳам билишарди. Телевизорда камбағалларга ёрдам кўрсатаётганингизни, ногиронларга аравачалар улашаётганингизни кўрсатишарди. Пинҳона олган пулларнинг  арзимас улушини шу тариқа сарфлаб, ўзингизни саховатпеша  қилиб кўрсатишингиз ҳақида латифалар тўқишарди. Бошлиқ ҳақида латифа тарқалдими - билингки, бир гап бор!  Шунчалик ҳам мунофиқлик қилиш мумкинми, ахир?! Бу гапларни кек сақлаб юргани учун айтаябди, деб ўйламанг, Худо ҳақи, ачинганимдан гапираётганимни тушунинг!  Ўз вақтида, ихтиёрингиз билан кетганингизда, шармандаларча ҳайдашмасди, бадном бўлмасдингиз, деб ўйлаб қоламан гоҳида. Худди қизимдай яхши кўрардим сизни…
- Шунақа замон эди,- деди аёл анчагина юмшаб.
Бу билан барча иллатни замонга юкламоқчи бўлдими, гап ўзанини бошқа томонга буриш ниятидамиди - англаш қийин эди.
- Ҳа, саркотиблик даврингизда идорангиз пештоқига: «Ҳамма нарса инсон учун,  инсоннинг бахт-саодати учун» деган  шиор бўларди; фақат идорангиздамас,  ҳушёрхона, қамоқхона деворига ҳам шундай деб ёзишарди. Аслида эса ҳамма  нарса амалдорлар учун, уларнинг равнақи учун эди. Аммо, бор иллатни замонга тўнкаб, сувдан қуруқ чиқишга уринишимиз ҳам инсофдан эмас! Ўз-ўзимизни танқид қилиш, енгишни ўрганмас эканмиз, хатоларимиздан сабоқ чиқармас эканмиз, ҳеч нимарсага эришолмаймиз! Қайсарлигимиз, худбинлигимиз эса бизни охир-оқибат хароб қилади.
Орага қисқа, аммо дилни ўртантирувчи сукунат чўкди.
- Энди боринг: шийпонда сизни кутиб қолишди, хайр,- деди амаки бу гал аллақандай дилкашлик, меҳрибонлик билан ва ишида давом этди.
Муҳтарам меҳмоннинг руҳи тушиб кетганди, у дастлаб алланима демоқчи бўлди-ю,  нохуш учрашувдан, маломатлардан қутилганидан қувониб,  йўлида давом этди. Мен зимдан амакига разм солдим: зилдай оғир юкни елкасидан тушириб, ҳаловат топган кишининг мамнун, хушфеъл қиёфасини ёдга соларди у. Негадир бу одамга меҳрим ошиб кетди.
Опа шийпонда кўп ўтирмади, нимадир кўнглига сиғмади шекилли, жўнашга шайланиб қолди. У одамлар билан хайрлашаётганда, амаки менга мурожаат қилиб қолди.
- Қизим, отинг нима сенинг?
Номимни айтдим
- Раҳматли аёлимнинг  ҳам номи Малика эди,- деди у эминлик билан ва илтимос қилди: - Мен бир даста гул териб берай - опанинг қўлига элтиб бер - дилини оғритиб қўйдим чамаси. Отаси яхши одам эди…
Розилигимни ҳам олмай, боғ оралаб кетди ва зум ўтмай бир даста гул қучоқлаб чиқди. Гулдастанинг чеккаларида   атиргуллар, ўртада   майдабаргли райҳон, ёввойи чучмомолар бор эди; у тут новдасининг пўстлоғи билан шоша-пиша боғланганди. Мен  устки жомакоримни ечиб,  дарвоза томон югурдим. Меҳмон аллақачон машинанинг орқа ўриндиғига ботиб ўтирганди. Андак салобат босишига қарамай, одамлар қуршовидан  ҳижолат бўлиб ўтдим-у,   опага рўпара бўлдим. 
- Буни амаки бериб юбордилар,- дедим боғ томон имлаб.
Унинг юзи аввал андак тундлашди, сўнг мамнун жилмайиб қўйди, хушрўй чеҳраси дилимда илиқлик пайдо қилди.     
Қайтишда бўлиб ўтган воқеани Барнога гапириб бераётганимда, у сўзимни кесди.
- Ўша аёл бизнинг ёнимиздан ҳам ўтиб кетди - ёшлигида жуда сулув бўлганга ўхшайди. Иккита эрга теккан, дейишди. Обруйи баланд: камбағаллардан ёрдамини аямаскан, бу ерда катта бозор қурдирган экан. Ҳозир ҳам ўзининг ресторанлари, иссиқхоналари бор эмиш. 
- Нега одамлар бунча лаганбардорлик қилишади унга?- сўрадим.
 - Булар - авваллари икки букилиб юрган тоифалар. Бугун собиқ амалдордан илкис юз ўгиришса, мунофиқликлари билиниб қолади,- деди у.
Унинг фикрига эътироз билдирмай  опанинг боғбон амаки билан бўлган мулоқоти ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилдим.  
- Ҳаётда ҳалол, фидойи одамлар кўп,-деди у,- Жовли деган бор эди-ку - учига чиққан эгоист - дунёни худбинлик бошқаради, деганди. Олиб келиб кўрсатиш керак! Аслида дунё шунақа одамлардан қарздор. 
- Ёки менинг муллоамакимни олайлик - боргунимча овқатимни тайёрлаб қўядилар, болаларимни боғчадан олиб келадилар. Хўш, қанақа худбинлик ёки шахсий манфаат бор бунда?
Мабодо Жовлини кўриб қолсак, саволимизга жавоб сўрашга келишиб қўйдик.

* * *
Жовлини бирор ойлардан кейин кўрдим.
Бу орада бир неча кун шаҳарга бориб, бойларнинг гиламларини ювдик, орада талабгор бўлмай, уйда  тўпланиб қолган юмушларни саришталадим. Ўғлини ит қопгани  сабаб, Барно бир ҳафта ишга чиқмади - бошқа аёллар билан  помидор тердик.    
Бугун эртароқ келиб, одатдаги жойда турганимизда, аллақандай таниш овоз:
- Менинг Маликам шу ерда экан,- деди.
Сесканиб тушдим ва ўгирилиб, Жовлини кўрдим.
- Сен жуда сулувсан,- деди у пастроқ овозда шипшиб, аммо ана шу гўзаллигингни мардикор бозорида хор қилаётганингни тушунмайман. Ҳар гал ёдимга кимни солишингни билсанг эди! Эҳ, афсус! Сенинг жойинг…
Унинг ногаҳоний нохуш муомаласи - фикри бузуқлик,  қарашлари - ғаркўзлик бўлиб туюлди, хушомадига қулоқ  солмай, дарахт остидаги олифта аёллар томон имладим:
- Сиз айтганлар, ҳув ана у ерда!
Бу жавобим унга бориб турган бетгачопарлик, андишасизлик бўлиб туюлди, шекилли, қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди.
- Менга қара,-деди, қаҳрини аранг жиловлаб,- қадимги Рим хонзодалари эркак қуллар олдида яланғоч бўлиб чўмилишган, чунки уларни одам ўрнида  кўришмаган. Аммо мен бичилган қул эмасман! Не-не нозанинларни қўлга киритиб юрган Жовлиман! Мен нотавон сени бир бевафога ўхшатгандим, холос.
Нохуш машмашадан хавотирланиб, нари кетдим. У бир нечта аёлни, шу жумладан, Барнони ҳам «Nexia»сига миндириб кетди. Шундай вазиятда мени ёлғиз қолдириб жўнагани учун Барнодан андак ўкиниб қолдим. Аммо  эртаси у ўзимни айблади. 
- Ҳозир лўлининг эшагини суғориб, пулини оладиган замон - бориш керак эди. Ҳам маврудини топиб, ҳалиги гапни айтардик. Бундай одамларнинг ҳазилидан жаҳлга минмаслик керак.
- Оқ каламушнинг эркагини ёдимга туширди.
 У аввал кулди, кейин жиддийлашди. 
- Азизим, Малика! Оқ каламушдан фарқимиз қолдими? Қадримга йиғлайман, дейди-ку - ўша каламушларни иссиқ, тоза жойда боқардик, озуқа, сувидан хабардор бўлиб турардик. Бизга ким ғамхўрлик қилади? Қиши билан уйимизда на газ бўлди ва на свет. Бултур кўмир олишга пулимиз етмади, ўтинимиз бир ойда тугади. Ўғлимни шаҳардаги коллежга қуйганимдан хабаринг бор - бориб-келиши, овқатига ҳар куни бир ярим минг сўм бераман. Бу ҳам етмагандай, пахта теримига олиб чиқишганда, ит қопиб олибди. Кўргани борсам, ҳувиллаб ётган катта залда бир ўзи ётибди - хўрлигим келиб кетди. Оёқ шишиб кетган.  Гўрингда тўнғиз қўпгурлар  касалхонага жўнатмайдими?! Уйинг куйгур духтур  кўриб: «Ўтиб кетади», дебди. Не азобда олиб келиб, духтурхонага ётқиздим.  «Аввал  ўша итни топиб келасиз - у қутурган бўлиши мумкин». дейишди. Қаердан топаман -  қишлоқларда эгасиз итдан кўпи борми?!  «Ундай бўлса, боланинг киндигидан укол қилишга тўғри келади», дейишди. Барига кўндим. Жонимни ҳам ҳамёнимни ҳам шилишди бу гўрсўхталар. Лекин ҳозиргача ваҳима билан юрибман - мабодо ит қутурган бўлса, боламдан ажралиб қолмайин, деб.  Оқ каламушлар, дейсан. Табиат билан жамият ҳам бизнинг бардошимиз устида тажриба ўтказаётгандай хаёлимда.
Хуллас, ўша куни Барно Жовли билан кетганда,  талабкор кутиб турган эдим, мардикор бозорни милиция босди. Улар баримиздан кўчанинг нариги томонига ( Қўшни тумани ҳудудига) ўтиб туришимизни талаб қилишди. Аён бўлишича, ўтган ҳафта тевидениедан мухбир келиб,  бир нечта аёллардан интервю олган экан. Табиийки, улар бир бурда нон учун мардикорлик қилишга мажбур бўлишаётганини айтишган. Аммо ўпка мухбир батамом бошқа гапларни алжирабди. «Буларнинг мардикорлик қилиши ўзбек аёли деган номга доғ», дебди. Бу мухбир деганининг бўлар-бўлмасга миллатни тиқиштиришининг сабаб, моҳиятини ҳозиргача тушунолмайман. Яхши иш, тузук маош бўлса, табиийки, ўзим ҳам воз кечардим  касби-коримдан. Ярамас бу билан  қаноатланмай туманимиз  ҳокимиятини ҳам роса танқид қилган, дейишади.  Энг ёмони, қурғур милиционер машина билан келган харидорларнинг  ҳужжатларини текшириб, ишкал излашга киришди, бу ерда тўхташ ман этилганини важ  қилди. Шунинг учун мардикорларнинг аксарияти уйига қайтиб кетабошлади. Тушга яқин биз ҳам қишлоқ томон жўнаётганимизда, бир «Nexia» шиддат билан келди-ю, йўлимизга кўндаланг бўлиб тўхтади. Чўчиб кетдик.  Ундан тўладан келган олтмиш ёшларни қоралаб қолган амаки тушди. Кийинишлари, ўзини тутишлари анча сипо ва  шу билан бирга чапанироққа ўхшарди у.
- Тўйга хизмат қиласизларми,- сўради ҳа йўқ, бе йўқ ва жавобимизни ҳам кутмай машинанинг орқа эшигини очди. Биз учун бу ҳол айни муддао эди, шунинг учун  савдолашмаёқ кабинага  тиқилдик.
Тўйхонага киришимиз билан димоғингизга гуп этиб, кабобнинг иштаҳани қитиқловчи ҳиди урилди. Ҳовли  ҳашаматли, бунинг устига  файзли қилиб безатилган; тўкинлик ва файзбахш арафанинг ўзи руҳиятингизни аллалайди. Тўй ҳали  бошланмаганди. Бизни ёшимиз,  ўзимизни тутишимиз (эҳтимол чиройимизга ҳам) қараб, турли юмушларга  тақсимлашди.  Бир қиз билан менга оппоқ халат тутқазиб, официантлик қилишимизни уқдиришди, анчайин йўл-йўриқлар кўрсатишган, тиржайиб туришимизни тайинлаган бўлишди; қолганларга  қозон-товоқ ювиш, супуриб-сидириш дегандай юмушлар буюрилди. Тағин англаганим шу бўлдики, набира тўй бераётган амаки аллақандай лавозимда ишлаб, нафақага чиққан, бундан бир неча муддат муқаддам қишлоғига кўчиб келган экан.  Аммо маҳалла билан кирди-чиқдиси дилдагидай бўлмаганми ёки  маҳалла оқсоқоли  билан  ораларидан қора мушук ўтганми, ҳайтовур,  хизматга бизни олиб келган кўринади.
- Кўр бўлади булар,- бир аёлнинг ( кейин билсам, хотини экан) надоматли овози қулоғимга чалинди,- озмунча яхшиликлар қилгансизми?! 
- Майли, дамланган ош қозонда қолмайди,- деди эри жавобан, анчайин хотиржам.
Ҳадемай меҳмонлар гуррас-гуррас бўлиб кела бошладилар. Шунга монанд хизматкорлар ҳам кўпайди - турфа қавмлар-у жиянлар дегандай.  Хизмат қилаётган қўшиқчининг республикада хизмат кўрсатган артистлигини микрофонда таъкидлаб ўтишди. Биз иккаламиз ҳам, бошқалардек, дастурхон устини зийраклик билан кузатиб, зарур неъматни муҳайё қилардик, меҳмонларга имкон қадар тавозе кўрсатардик, бу ҳолдан ўзимиз ҳам ширин бир хушбахтлик туйгандек бўлардик.
Тўй якунланай, деб қолганда, хизмакор-у баковуллар орасида «келди-келди» деган зоҳирий шов-шув бошланди.  Билсам, маҳалла оқсоқоли бир неча аёнлари билан ташриф буюрган экан. Бу одамга таъриф берадиган бўлсак, чўққи соқоли, дўпписи ўзига  ярашиб тушган, художўй, кексатоб амаки эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим бўлади. Унинг бўлар-бўлмасга кечирим сўраб туриши, сертавозелигини кўриб, табиатнинг ўзи уни маҳалла оқсоқоли қилиб яратган деган фикрга келади киши. Йўқ, мукаммал демоқчи эмасман, аслида унда ё алланима етишмас, ёки ортиқчадай бўлиб туюлар, буни англаб олиш қийин эди.                                                                                 
Тўй эгасининг топшириғи билан чеккароқда алоҳида стол безатишди ва унга оқсоқол икковлари жой олиб, дуога қўл очишди. 
Патнисда уларга энг аввало, буғи чиқиб турган нони осиё ва чой келтирганимда, туйчи амаки, бирайўла менга ва суҳбатдошига мурожаат қилиб қолди.
- Чет элда бўлганимда, негр официант стол бошида қаққайиб тураверди. Ноўнғай бўлиб, «Ўтир биз билан» десам, «Мумкин эмас» дейди. «Бўлмаса, бориб нарироқ тур» десам, «Буниси ҳам мумкинмас,» дейди. Лекин сен қизим, узоқ кетма - атрофимизда тур!- деди шаҳодат бармоғини силкиб.
- Кечирасиз, кечикдик,- иккинчи бор такрорлади оқсоқол,- газнинг пулини териш билан оворамиз.
- Газнинг ўзи йўқ-у, нимасига пул оласизлар? Мана, менинг ўзим ҳақини тўлаб  қўйганман-у,  қиши билан ўтин ёқдик. Назаримда юқоридагилар  учун шуниси ўнғай: тўловни баҳона қилиб, чет элга истаганча газ сотиш мумкин бўлади. Виждонлари қилт этмайди-я! Матбуотга ишониб яшайдиган халқ тақдирга тан беради; гап шу экан, деб ўзини, ҳамқишлоқларини айблаб юраверади.
- Бизнинг давримизда…
- Қўйинг, мақтаманг, бизнинг замонни,- негадир унинг сўзини кесди тўй эгаси,- тўғри, у давр кўзимизга оловдек бўлиб кўринади - чунки ёшлик, жўшқинлик давримиз эди; шўролар даврининг амалдори эдик;  бошлиқ деганнинг эса этаги ҳамиша гуноҳга ботиб туради. Нолишимиз ноўриндир, аммо мақтамайдиган  экан.  Олтмиш йил яшаб,  идрок этганим шу бўлдики, онанг сени  тараққиётнинг қай палласида туғиши бахтинг ё қисматинг бўларкан. Биз билан сиз икки жамият ва икки асрнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Суҳбатдоши  бу гапнинг мазмунини илғамагани учун бўлса керак, тўйчи амаки тушунтирди. – Социализмни кўрдик, энди ўзимиз нуқул инкор этиб келган капитализмдамиз. Йигирманчи асрда яшадик, мана, йигирма биринчисига ҳам оёқ қўйдик. Тахминимча, қирқ-эллик йилдан кейин дунёга келадиганлар жуда бахтли бўлишади.
- Мен ҳам бунга ишонаман; аммо, кечирасиз-у, ўша бахтиёрлик пойдеворини яратганлардан бири биз эмасми, ахир. Унгача Худо, илоҳим бизни урушлар,  офатлардан сақласин, денг!
- Инқилоблардан ҳам… Ҳар қандай уруш, инқилоб халқнинг бировгамас, ўз-ўзига қарши маънисиз кураши экан, деган хулосага келганман. Аммо одамлар уруш, инқилобни қоралаб туриб, тағин қўлларига қурол олишлари тушуниб бўлмайдиган мавҳумот. Назаримда биз идрок  этмаган бир куч, қудрат бор-у, баримизни ўша бошқарадигандай - тарих қўлидаги қуғирчоқдаймиз.
- Сиз айтган  ўша куч - Яратганнинг ўзида!
- Мен ҳам Худога ишонаман, аммо сизга ўхшаб эмас!
 Бу гап оқсоқолнинг дилига ўтиришмаганини унинг қовоғи билинар-билинмас солинганидан фаҳмлаш қийин эмасди. У анчайин қизишиб гапга киришиб кетди: бу дунёда ҳар бир киши қилмишига яраша тақдирланиши, излаганини топишидан  бошлади.  Худди шу орада мен ўз вазифам билан андармон бўлиб, унинг ибратомуз гапларини  англолмай қолдим. Сочиқ олиб келганимда, у давом этарди:
- …қаердадир ўқиган эдим: «Ёшликда экстремист, кексаликда компромис бўлиш нормал ҳол» деб. Тўғри, бизнинг ўзбекларда истеъдодли киши қусурсиз бўлмайди, аммо баъзиларнинг йиллар ўтиб, пешонаси деворга тегавериб ҳам қайсар бўлиб қолишининг сабабини билолмайман. Сен ўз ҳалқингни, халқинг сени тушунмай яшаши ғалати эмасми?! Кечирасиз-у,  кўнгилдаги бўшликка шайтон кириши шудир балки?!
- Муддаойингизни тушунаман,- ўзига ишонган ҳолда,  овозини андак кўтариб давом этди хўжайин. - Мана сиз саркотиб эдингиз, Мустақиллик эълон қилингандан кейин ҳожи бўлдингиз; шляпани ечиб қўйиб, салла ўрадингиз; беш вақт намозингиз  канда эмас; одамларни  мачитга даъват этасиз, менга ўхшаганларни  орқаворотдан худобехабарликда айблайсиз. Аммо динни ягона нажот йўли деб биладиганларни ўша Шўролар давридагидай ҳозир ҳам жоҳилликда айблайман. «Мен ҳам худога ишонаман, аммо сизга ўхшаб эмас» дедим-ку. Бир замонлар мутаассиблар ибн Синони кофирликка айблаганида: « Агар мен ҳам кофир бўлсам, дунёда мусулмоннинг ўзи йўқ экан», деган эди. Мадомики, минг йил давомида янги ғоялар изламаган эканмиз, ҳали бери бирор нимарсага эришишимиз мушкул.  Маънавий майибликларимизнинг боиси цивилизация деган хаёлда  шаҳардан қишлоққа қочдим. «Фақат яқин кишиси дафн этилган жойгина кишини ўзига боғлайди», деб ўқиган эдим. Бу ерда ота-онам ётибди - қишлоқда қоламан; қўй, асалари боқаман, ҳовлимда ниҳоллар ўтқазаман, уларни парвариш қиламан, бўш вақтларимда чойхонага чиқаман, деган халоватбахш умидлар билан кўчиб келдим. Аммо қўй, асалари боқиш менинг ишим эмаслигини тез тушундим. Чойхонада газ, электр танқислиги, чет элга мардикорликка кетганларнинг ғамидан бошқа гап йўқ. Ҳозир уйлаб кўрсам, шаҳарда, ҳарҳолда  радикал фикрлар, ғоядошлар бор экан. Инсон учун энг муҳими шу эмасми?! Зим-зиё тунда энг яхши йўл бошловчи - кўзи ожиз кишилар бўлади. Улар қоронғуликда йўл кўрсатишни кифтини келтиришади, аммо ёруғликка чиққандан кейин кўрларнинг ортидан эргашиб юрганларга ҳайрон қоламан.
- Дунёни катта отхона дейишади,- давом этди оқсоқол,- уни ҳар қанча тозаласанг ҳам, тезак топилади. Кечирасиз-у, аммо унда фақат тезакни кўрганларга қойил эмасман. Мана шу янги ҳокимимизни олинг: шахсан ўзи маҳалла йиғилишларига иштирок этади, хокисор; ободончиликларни қаранг…
- Шу ҳокимингиз сувга чўкаётганини кўрсам, қўлимни чўзмасдим! Майли чўкавер, деярдим. Ободончилик дейсиз…  Самарқанддек шаҳри азимда, унинг атрофларида  тузукроқ кўча йўқ. Уйга кирадиган йўл дабдала бўлгандан кейин ичкарининг ободонлигига ишониш мумкинми?! Бу одам маҳалла  йиғилишларига иштирок этишга уялиши, ор қилиши керак! Майли, газ, электр, ишсизлик балоси ҳақида гапирмай қўяқолай! «Демократия яхши-ю, аммо демократлар чатоқ» деди, қайси куни телевизорга чиқиб. Мана унинг чўлтоқ савияси; даққоқ, мешчан фалсафаси…
Оқсоқол вазиятга қараб, аввал андак паст келди, аммо ўз қарашларини ётиғи билан уқтирмоқчи бўлди. Суҳбатдоши қайсарлик ва билимдонлик билан тағин уни рад этди. Зиддият жиддиятга айланиб кетмасин, дейишли шекилли, баковул столга ош қўйишимни буюрди.  Шу билан суҳбат мавзуси ўзгариб кетди.
Дастурхонлар йиғиштирилиб, қозон-товоқлар ювилгандан кейин биз ҳам уйимизга жўнадик.

* * *
- Унинг номи Лейло эди, отаси билан, кўпинча русча, онаси билан эса озарбайжонча гаплашарди.  Дунёда ҳар бир миллат ўз қизларини энг сулув, энг нозанин деб билади. Тўғри, матбуотда япон, Помир қизларини мақташади, аммо бу борада ҳар кимнинг ўз қараши бор. Албатта, ўзбек қизларини улуғласам, ватанпарварлик қилган бўлур эдим, аммо шунга қарамай, озарбайжон қизларига тенг келадигани йўқ, деб ҳисоблаганман ўшанда.  Назаримда, уларнинг қони бузилмаган; миллий ғурур, диний эътиқод бунга монелик қилган. Эътибор бер: уларнинг сочлари, қошлари қоп-қора, бўлиқ; юзлари эса ширмойдай оппоқ бўлади. Кўзлари шаҳло,  гавдалари нозик. Шунақа эди менинг Лейлом. Сени биринчи бор кўрганда, илк муҳаббатим билан юзма-юз бўлгандай ҳаяжонланиб кетдим, дилимда ёшликдаги туйғуларим жўш урди. Сулув чеҳранг, қоп-қора қошларинг, покиза лабларинг бутун борлиғинг ўша ғурурли ғўрлигимни  эслатди менга…
Шу ўринда андак орқага чекиниб, масалага жилла ойдинлик киритмасам, чалғиб қоладиганга ўхшайсиз.  Мардикор бозорида иш мавсуми, деган омил бор. Баҳор, куз ёки ёзнинг айрим ҳафталарида иш кучига талаб ошиб, нархлар  кўтарилади. Бундай пайтда мардикор  кўпаяди. Лекин ораликларда «ўлик мавсумлар»лар ҳам бўладики, талабкор кутиш жонга тегиб кетади. Шундай кунлардан бирида Барно Жовлининг ишхонасига боришни таклиф қилиб қолди, «Қачон келсаларинг,  иш топилади»,  деган ваъдасини ёдга олди.
Жовли, дарҳақат, бизни кўриб қувонди, менга шакаргуфторликлар қилди. Биз бир ой давомида «Зарафшоннинг шифобахш суви»га ёрлиқ ёпиштирдик.  Бу орада иккаламизни шаҳардаги квартирасига ҳам ишга олиб борди. Бу ердаги катта экранли телевизор, ўлкан музлатгич, юмшоқ қимматбаҳо мебелларни кўриб, алламаҳалгача қимтиниб турдик, аниқроғи, буларнигнг бари хору хасдай беқадр эканлигимизни  ёдимизга солгандай бўлди. Бир зумда дарпардаларни ювиб бердик ва Жовли қувониб, бизни зиёфат қилганди.
Бугун тушга яқин ёрлиқ қоғозлари (этикетка) билан елим тугаб қолди ва уларни олиб келиш учун Жовли беихтиёр мени  таклиф этди. Эътироз билдирмай, орқа ўриндиқдан жой олдим. Ўйлаб юрган фикрларни айтиб олиш учун бу - айни муддао эди. Йўлга тушганимиздан кейин, гапни тўғридан-тўғри боғбон амакидан бошладим. Дунё худбинлар билан эмас, ана шундай ростгўй, фидойилар билан гўзал эканлигига урғу бердим.
- Йўқ,- кескин рад этди у,- ўша амакинг ҳам боғни аслида пул топиш, обрў орттириш учун барпо этган. Айнан манфаатларига тўғаноқ бўлгани сабаб  Екатеринага аччиқ-тизиқ гаплар қилган.
 У билан баҳс-мунозара қилолмаслигимга кўзим етгач, индамай қўяқолдим. Жовли босмахонадан керакли кишини тополмагач, машина рулини тағин шаҳардаги уйи томон бурди. «Сан дам олиб тур, деди калитни тутқазаркан, ишимни битиргач, олиб кетаман». Бу ерга кириб, аввал роса чўмилиб олдим. Кейин тушлик тайёрлашга киришдим. У анча кеч келди ва  руҳиятида нечундир умидбахш хурсандлик сезилиб турарди. Сўнг диванда ёнбошлаб, илк муҳаббат ёки Лейло ҳақидаги саргузаштини ҳикоя қилишга киришганди. Дастлаб алланимадан хавотирланиб, қимтиниб турган бўлсам ҳамки, тезда ўзимни эркин тутишим зарурлигини ҳис қилдим.
- …ўшанда университетнинг учинчи курсида ўқирдим,- саргузаштини давом этирди Жовли. Таътилдан кейин аудиторияга кириб келган  хушқомат  қиз, деярли ҳамманинг эътиборини тортди; ҳис-туйғулари анчайин ўтмаслашиб қолганлар ҳам зоҳирий бир тамшаниш билан кузатишди бу соҳибжамолни. У бўйчан, озғин, юрганда кўкрагини кўтариб қадам босиши завқовар эди. Либослари ҳам бошқаларникига ўхшамайдиган: осиёча ва европача моданинг ўзига хос омухталиги манаман деб турарди. Унинг номи Лейло эканлиги, яқинда  кўчиб келишгани аён бўлди. Кўплаб ўғил болалар қатори мен ҳам унинг эътиборини тортишга бел боғладим. Ғалати эди у: ҳечкимни ранжитмай, тез тил топишарди. Биринчи ҳафтадаёқ, минг бир истиҳола, андиша билан  қаҳва ичишга таклиф этгандим,  ҳеч иккиланмай рози бўлақолди. Гарчанд биз дарслар, домлалар ҳақида жўнгина гаплашган бўлсак ҳамки, уни мажнунона севиб қолгандим;  бағоят тиниқ чеҳраси, ўзига хос лаҳжада гапириши тушларимга кирадиган бўлди. Лейлони деярли ҳар куни кофе  ёки музқаймоққа  таклиф этардим, у хархаша қилмай рози бўларди. Кейин унга совға-саломлар олиб берадиган бўлдим. Ўша пайтларда отам қурилиш ташкилотининг бошлиғи эди: пул масаласи муаммо эмасди. Кунлардан бирида конспект баҳонаси билан уйларига  бордим. Ижарада туришса ҳамки, анчайин таъминланган кишилар экан. Лейлонинг отаси билан тез тил топишдик - бу одам  ёшини аниқлаш мураккаб бўлган( касби - тиш доктори) рус табиатли одам эди. Гарчанд у хушфеъллик  кўрсатган бўлсада, онаси ташрифимдан унча мамнун эмаслиги сезилиб турарди. Шу тариқа мен уларникига тез-тез (майда-чуйда харид қилиб)  борадиган бўлдим. Ҳаммаси жойида эди-ю, аммо қизда бирор мойилликнинг кўринмаслиги ҳамон мени хуноб қилар, хавотирга соларди. Мармар тош бор-ку - суфта, ялтироқ, аммо муздай совуқ. Шунақа эди у - менинг қайноқ эҳтиросларимга совуқ сув сепишдан нарига ўтмасди. Таътилга чиққанимиздан кейин Лейло Бакуга - холасиникига борадиган бўлди ва мени ҳам таклиф қилиб қолди. Жон деб кўндим, чунки, бу - кўнглини топишим учун энг қулай имконият эди. Ўша куниёқ иккаламизга билет олдим, совға-саломлар харид қилдим. Бора-боргунча кифтини келтириб,  унга илтифотлар, меҳрибончиликлар кўрсатдим. Бизни у ерда яхши кутиб олишди, меҳмоннавозликлар қилишди. Аммо эртаси кўнгилсиз бир ҳол рўй берди-ки, бундан дилим хуфтон бўлди. Меҳмонхонада телевизор томоша қилаётганимда, нариги хонада Лейлонинг башанг кийинган озарбайжон йигит билан ҳиринглашиб турганини кўриб қолдим, сал нарироқда эса холаси хайрихоҳ тиржайиб турарди. Буларнинг бари мен учун нақадар нохуш,  ноўнғай эканлигини тасаввур  қилолмайсан. Ўзимни вазмин тутдим. Эртаси эса Лейло менга: «Жовли, сен қайтиб кетавер, мен бир неча кунга қоладиган бўлдим», деди совуққина қилиб. Жуда ўксиб кетдим. Самарқандга ёлғиз қайтган бўлсам ҳамки, умидларим сўнмаган эди.  Аммо кўп ўтмай, Лейло ўша томонда тўй бўлганлигини айтишди. Кўнглим ҳувиллаб қолди, аёл зотидан ихлосим батамом  қайтиб, муҳаббат дегани, фақат китобий  калом экан, деган хулосага келгандим. Улар мендан шунчаки, кассир сифатида фойдаланишганини уйлаб, лакаловлигимдан ор қилардим. Лекин шуларнинг барига қарамай, Лейлони юрагимдан ситиб ташлолмайман. Унга ўхшаган қизларни кўрсам, ҳаяжонланиб кетаман. Сени нега яхши кўриб қолганимни энди тушунгандирсан?
Мен бош силкиб қўяқолдим. Жовли енгилгина оҳ тортди ва телевизор пултини кўлга олди. Унинг юзлаб каналлари борлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бир тугмачани босганди -  экранда ярим яланғоч қиз пайдо бўлди. «Ёшлик беҳудага ўтиб кетмасин, кел тўшагим сенга мунтазир» деди, беҳаё (русчалаб); телефон рақамини ҳам айтди. Телевизорда шундай бешармликни берилиши менга ғалати бўлиб туюлди.    «Бошқасини қўйинг», дедим ўтинч оҳангида. Бу дастурда оҳулар тўдасини кўрсатишди: улар тоққа қараб ўқдай учиб боришарди.
Жовли ҳамон шакаргуфторликлар, хушомадлар қилар ва негадир уни ранжитгим келмай қўйганди. Боиси - ана шу меҳрибонликлар озурда дилимга ногаҳоний илиқлик, ҳаловатбахш ҳаваслар солганди. У беихтиёр елкамга қўл ташлаганда ҳам монелик қилгим келмади; эркак ҳидини туйиб, жилла энтикдим. Негадир кўз ўнгимда аввал оҳулар галаси, кейин боласини еяётган оқ каламушлар пайдо бўлишди.
Бироздан кейин Жовли кўйлагимнинг кўкрак тугмаларимни шошилинч ечди-ю:
- Бай-бай-бай! - деди, ҳаяжонланиб.


                                                                  2007

Комментариев нет:

Отправить комментарий