МУФТИ ҲАЗРАТЛАРИ
− Агар сендан бирор масала сўралса, нима билан
ҳукм қилурсан?
− Аллоҳнинг китоби ила.
– Агар жавобни Аллоҳнинг китобидан
топмасангчи?
– Унда Аллоҳ Русулининг суннати ила ҳукм
қилурман.
– Агар Аллоҳ Расулининг суннатидан ҳам
топмасангчи?
– Унда бор билимим, тажрибамни ишга солурман.
“Усули фиқҳ”дан
* * *
Бизга бошқа масъулият – инсонларни золимлар
зулмидан қутқариш масъулияти юкланган.
Хожа Аҳрори Вали
Нуқул беўхшов Қўқон аравалар, сокин туя карвонлари ва ўйчан
мусофирлар қатновига кўникиб қолган ҳангоматалаб болакайлар учун арабий отга
қўшилган, ўзгача дид билан бўяб, безатилган файтунни томоша қилиш мароқли эди,
албатта. Икки кишига мўлжалланган рессорли “ўрис арава”ни бошқариб
бораётган йигирма беш-ўттиз ёшлар чамасидаги адлқад амакининг хушқилиқ рафтори
ҳам ўзгача: соқол-мўйлови қисқа қилиб қиртишланган, камзули тугмали, белида
кумуш туғали қайиш, салласи оҳорли, ихчам. Юзлари қуёшда тоблангандай тоза,
тароватли, нигоҳлари болаларникидай
тиниқ, тийран.
Бу зоти олий, алломайи замон, ҳаққониятни
юзага чиқарадиган муфти Маҳмудхўжа ибн Беҳбудийдирлар!
Ҳазрат Кобут бўлиси (волости) нинг маркази
(ҳозирги эски Жомбой ҳудуди)га муфтилик вазифасини адо этмоқлик ниятида
йўлга чиққанлар. Ҳафтанинг чаҳоршанба ва
шанба кунлари жоме масжидидаги ( қози фуқаролар ишини уйида кўрарди, муфти
ҳазратларининг саъю-ҳаракатлари билан шу ерга кўчирилди) қозихонада, шунингдек,
янги очилган мактабда, шолизорда интиқ, интизор бўлиб кутишади у кишини.
Ҳафтанинг шу икки куни давомида зарур фатволарни чиқариш, қозиёт ҳужжатларини
кўздан кечириш, раиятнинг арз-додини тинглашдан ташқари, эндигина эшик очган
жадидий усулдаги мактабни оёққа қўйиш, боғ ва шолизордан хабар олиш, ишбошилар
билан гаплашиш...
Ҳафтанинг қолган кунлари Самарқанд шаҳрида
ва бошқа волостларда ҳам айнан шундай юмуш-у
ташвишлар кутади у кишини.
Ташвиш сени ташвишга солмагунча, сен ташвишни ташвишга солма, деган беғамларга хос нақл бор. Аммо
бунинг акси ўлароқ, шундай кишилар ҳам борки, улар ташвишсиз каллани рўйи-рост
ошқовоққа тенглаштиришади. Ёш муфти
шулар жумласидан: унинг хаёлларини банд қилган ташвишларнинг саноғига етиш
қийин. Ва бу ташвиш, мақсадлар одатдаги жўн режалар бўлмай, бағоят улуғвор ва
жилла қалтис ҳамдир.
Улуғ вазифалар, жасурона
ислоҳотлардан чўчимайдиган,
баръакс уларга интиладиган инсонларга
Яратгандан шарафлар ёғилган
бўлсин!.
Улуғларни шунинг учун ҳам кафтда кўтариш
керакки, кўп ҳолларда улар жисм-жонларини
гаровга қўйиб, йўл бошловчилик қилишади. Синашта бўлмаган бу йўлларнинг ҳар қадамида жаҳолат чоҳлари
қазилган бўлиши ҳеч гап эмас!
Келинг, бу гал асосан, муфтиликнинг қалтис
сўқмоқлари, ташвишлари, кечинмалари ҳақида сўз юритайлик. Ҳозир у кишининг ўзлари
йўлда бўлса ҳамки, хаёлларидаги алғов-далғов фикрлар, кечинмалар, турли
томонларга тортарди. Ўтган гал худди мана шу ерда – кўприкдан ўтишлари билан
бошига катта рўмол ўраб олган, ёшгина бир жувон югуриб чиқиб, отнинг олдида
ўтириб олганича, дил тўла дард билан йиғлайбошлаганди. От тўхтади. Муфти
файтундан тушиши билан ҳалиги жувон югуриб келиб, унинг оёғига бош қўйди. − Ҳазратим, шафқат қилинг, раҳм қилинг!
Болаларингизнинг ҳузурини кўринг!- дея илтижо қилабошлади.
Нарироқда ҳам паранжили бир аёл турар,
алланима деб зорланарди. Беҳбудий
ҳазратлари аёлни тинчлантириб, арзу-додига
қулоқ тутдилар. Аён бўлишича, қози унинг эрини иккала қўлини ҳам кесиш
ҳақида ҳукм чиқарган экан. Адолат сўраб,
муфтининг йўлига чиққан экан, шўрлик жувон. Нарироқ тургани эса аввал давогар бўлган,
энди эса давосидан кечган экан.
Энди андак сабр-тоқат билан жиноят
тафсилотига қулоқ тутинг.
Булунғурга туташ Қирқ қишлоғида бир майда заминдор рўзгурзонлик
қиларкан. Унинг ихтиёрида ўн танобча ер, бир жуфт ҳўкиз, отасидан қолган бия,
уч-тўрт хизматкор бўлган экан.
Кунлардан бирида бия оппоқ, ҳа лоақал
бирорта ҳам доғи бўлмаган тойчоқ туғибди.
Тойчоқ неккадам келибди – ўша ҳафта бека
ўғил кўрибди. Аёл бундан олдин тўрт фарзанд кўрган, аммо пешанага сиғмаган
эканми, берган Аллоҳнинг ўзи уни
қайтариб олган экан. Той ва фарзанд
бағоят ардоқли бўлиб вояга етабошлабдилар. Ягона фарзандлари келажакда ана шу оқ дулдул билан
олам кезишини, пойга-ю кўпкариларда донг
таратишини орзу қилишар, бу лаззатли
умид, туйғулар билан сарафроз-у,
сарбаланд эканлар, бояқишлар.
Йил ўтар-ўтмас бола йўлга кирибди, кейинроқ отни ҳам салт минишга
ўргатишибди. Буларнинг бари оилага битмас-туганмас қувонч, беҳудуд
хуррамлик олиб келибди. Аммо бу оламда
дилафрўз дамлар ғаниматлигини зинҳор ва зинҳор фаромуш этмаслик керак. Шунинг
учун ҳам бандаси руҳан ҳар бир дақиқада шодликка ҳам, нохушликка ҳам шай бўлиб
турмоғи зарур. Ахир, соат миллари ҳамиша
сенинг фойдангга айланавермайди-ку!
Қисса кўтоҳ, ана шундай кунларнинг бирида қадрдон отлари йўқолиб
қолади. Чорбоғда боғлиқ турган тулпор йўқ, вассалом! Уни кимдир миниб кетган.
Ўша бадният ўғри тойнинг ўрнига алвастисуроб қирчанғи отини боғлаб кетганини
ҳам айтиб ўтиш керак, албатта. Эҳ, оила изтироб-у, рутубатлари қора булут каби
қуюқлашади ўша тобда.
− Кўп куйинаверма,- хотинига далда беради эр, дард билан, отимиз
узоққа кетгани йўқ − у шу атрофларда. Уни, албатта топамиз!
− Йўқ, бу яхшилик аломатимас,- кўз ёшларини тиёлмайди аёл. Эй, Оллоҳ,
гуноҳимиз нимада? Энди қандай қиламиз?
Шу дақиқадан бошлаб, бояқиш аёл фарзанди
тақдиридан дил тўла дард билан хавотир тортабошлайди; той ва бола кечмишининг
бошданоқ ҳамранг, ҳамоҳанг бўлиб келганлигини ўйлаб, ваҳима оғушида қолади.
Надоматлар бўлғайким, оқ дулдулни
дараклаб кетган эркаклар шом маҳали ноумид бўлиб, шалвираб кириб келадилар.
Аёл туш кўрса, таниш бир тепалик эмиш;
нарёғида кўча, унинг икки томонига зичлаб ўтқазилган шамшодлар... Бораверса...
от ўша ерда эмиш...У энг аввало, ана шу тепаликни қачон, қаерда кўрганини зўр бериб ўйлайди ва
элас-элас эслаб. “Ё, Жамшид!” дея илкис ўрнидан туради ҳамда Самарқанд томонни
мўлжаллагунча, йўлга тушади. Йўл-йўлакай қаршисидан талай тепаликлар чиқади,
аммо уларнинг бирортаси жилла бўлса ҳам дилини жизиллатмайди. Йўл юравериб,
Тагитеппа деган қишлоққа етиб келади. Қараса, таниш тепалик, нарёғида қатор
шамшодлар. У дил тўла ҳаяжон ва умид билан дарахтзор оралаб олдингга интилади
ва, ё қудратингдан... жигаргўшасига менгзаб кетадиган тойини топиб олади.
Шоша-пиша унинг бошини қучоғига босганича, меҳр тўла кўзларидан қайта-қайта
ўпади. Жонивор ҳам фақат оналарга хос бўлган меҳрибонлик, ҳидояткорликдан ийиб,
бошини сарак-сарак тебратади, хавотирона
кишнайди.
Энди тағин жилла орқага қайтишга тўғри
келади.
Қирғизовулда яшайдиган Мамат деган йигирма
уч ёшли бир қоқвош Ойқор тоғидан ошиб, Панжакентга туташ қишлоқлардан от
ўғирлашни, уни Самарқанд бозорларига элтиб сотишни одат қилган бўлади. Ўша куни
хуфтон намозини мўлжаллаб ( фарз учунми, ўғрилик учунми – буниси Яратганнинг
ўзига аён) Панжакент яқинидаги жоме мачитига боради. Қараса, аксарият саждага
бош қўйган бўлиб, ташқарида талай отлар ер депсиниб турибди. Бунинг устига
ғара-шира қоронғулик ҳам. Мамат дуч келган биринчи отни ечиб, нарироққача етаклаб боради, сўнг
қўрқув аралаш устига сакраб минади ва қамчи босади. Аммо кўп юрмай, саросималик билан танлаган қирчанғиси сариқ
чақага ҳам арзимаслигини ҳис этади. Боиси: қамчи кўтарса, ҳўпга қўшилган
ҳўкиздай бир жойда айланишни канда қилмайди, силаб-сийламоқчи бўлса, қулоғини
чимириб, тишлашга шайланади. Хуллас, от эмас, алвастининг ўзгинаси. Шу
уқубатларда Булунғургача етиб келади ва Қирқ қишлоғидан ўтаётганда, ногаҳонда
чорбоғда узун арқонга боғлаб қўйилган оқ дулдулни кўриб қолади.
Мамат бу ҳудудлардан от ўғирламасликка онт
ичганлигини эслатиб ўтиш керак, албатта. Ҳатто бўри ҳам ини атрофидагиларга
озор етказмайди-ку, ахир! У эса, иншооллоҳ, мусулмон фарзанди. Аммо қандай йўл
тутмоқ керак? Бу отни миниб юриш – дўзах азоби. От тойнинг эса сағринлари қуёшда ялтирайди, қомати тик, кучи ошиб-тошиб
ётибди. “Ўрнига буни боғлаб кетсам, ноинсофлик бўлмас, ўйлайди ўзича, ахир, бу
ўғрилик эмас, шунчаки алмаштириб олиш-ку”.
У шундай йўл тутади: оқ дулдул енгил
йўрғалаб йўлга тушади. Жониворнинг ҳулқ-атвори Маматга шу қадар ўтиришадики, охир-оқибат уни сотиш
фикридан қайтади ва вақтинча тагитепалик
қавминикига қолдириб кетишга қарор қилади.
Аммо тугунни бир қўли билан ечиб бўлмайди,
деганларидек, галварс Мамат қўлга
тушади. Жомбой қозиси унинг қўлини кесиш ҳақида ҳукм чиқаради,
локинда уни эълон қилмай туради: таомил бўйича муфти жаноблари ҳукмни
тасдиқлаб, муҳр босишлари талаб этилади.
Муфти иккала муштипар аёлни овутди, кўмак
кўрсатишга ваъда берди. Ишонч билан сўз беришининг тағин бир боиси шундаки, у
бундан илгарироқ Туркистон генерал-губернатори номига мактуб битиб, қозилик
ишларида ҳам ислоҳотлар ўтказиш, аниқроғи мусулмонлар учун ҳам аста-секинлик
билан бўлса-да, суд ишларини жорий этиш фурсати етганлигини, энг аввало, дорга
осиб ўлдириш ҳукмини узоқ муддатли
қамоқ жазоси билан алмаштиришни
тавсия этганди. Бунга асос қилиб эса Қуръони Каримда бундай жиноятлар учун ўлим
ҳукми буюрилмаганини кўрсатганди. Кўп
ўтмай, уни Тошкентга таклиф этишган ва фикрлари ҳисобга олинганини айтишганди.
− Йўқ, бу ҳукм жоиз эмас, эътироз билдирди
муфти Беҳбудий қозига, ўша куни мачитга
бориб, ҳужжатларни кўздан кечиргач. −
Бунинг устига, ҳукумат тез кунларда
қўлни кесиш, тошбўрон қилиш, дарра билан уришни бекор қиладиганга ўхшайди.
−
Тақсири олам, ахир, буни бекор қилиш мумкинми?
Қози анча чаққонлик, зоҳирий ифтихор ва
зарда билан “Қуръони Карим”ни қўлга олиб ўпди,
“Моида” сурасининг ўттиз саккизинчи оятига кўрсатгич бармоғини нўқиб, ишора қилди. “Ўғри эркакни ҳам, ўғри
аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлсин учун қўлларини кесинглар”, деб битилганди.
Беҳбудий ҳали ўн уч ёшдаёқ бу муқаддас
китобни ўқиб туширган, аниқроғи ёд олган эдилар. Шунинг учун ўша сокинлик ва
ишонч билан қўлга олиб ўпди ва “Нисо” суръасини очиб, тўқсон тўққизинчи оятига
бармоқ қададилар. “Аллоҳ авф этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир”, деб
ёзилганди унда.
Бу ердаги қози зоти олийни ўзининг устози деб биларди.
Муфти ҳазратлари салоҳиятини тағин бир
бор тан олганлиги ва умуман шогирдлик эҳтиромини мавлоно Саъдийнинг шеъри билан
ифодалади.
Бе пир марав ки дармони,
Магар ту Сикандари замони.
( Жаҳон Искандари бўлсанг ҳам, пирсиз иш тутма)
Уларнинг ўзаро суҳбати охирига етмай,
ногаҳонда Сиддиқий Ажзий кириб келди. Юзидан нур ёғилиб турадиган, дона-дона қилиб, вазмин гапирадиган бу
нуроний, заковатпеша инсонни кўриб,
икковлари ҳам, сарафроз бўлдилар. Гогол асарларини ўзбекча ва тожикчага таржима
қилганини эшитиб, яқинда Беҳбудий бу захматкаш алломани муборакбод этганди.
Саидаҳмад Сиддиқий яъни Ажзий асли жомбойлик
бўлиб, Шакурийдан кейин, ҳеч иккиланмай қишлоғи Ҳалвойида янги мактаб
очган, равшанфикр муаллимлардан. Мазкур
мактабда устоз икки-уч бор бўлган,
Ажзийнинг бир неча дунёвий фанлардан, шу жумладан рус тилидан ҳам ўзи
дарс беришига тасанно айтганди. Бу солиҳ
одамнинг тағин бир хислатига тан бермасликнинг иложи йўқ эди. Магарам қишлоқда
яшаса ҳамки, газета хабарларидан ҳаммадан аввал огоҳ бўларди. Беҳбудийнинг
“Хуршид” “Ҳуррият” газеталарида эълон қилинган мақолаларини идорага келтириб,
устозни муборак этганди. Жадидлар
сарвари Регистон майдонида, бир неча минг кишилик намозхон ҳузурида Шакурий, Ажзий ва унинг ўзини кофир деб эълон қилишганини ва улар
биргалашиб Ибн Синонинг зарбакор тўртлигини таржима қилиб “Ойна”да эълон
қилишганини хотирлади ва шу ҳақда гап очмоқчи бўлди. Аммо суҳбатдоши нигоҳидаги
безовталик, хавотирни фаҳмлаб, фикридан қайтди. Ҳарқалай, Ажзий муддаога ўтди:
− Тақсир, бугун ташриф этмоғингизни
эшитиб, истиқболингизга чиқдим. Якчанд юмушлар пайдо бўлдики, мададингизга
муҳтождурман.
− Хўш, муаллим, қулоғим сизда. Жоҳиллар
ҳужум қилмоқдаларму?
− Ҳа, айрим тўқимтабиатлар мактабни ёқиб
юбормоққа паймон қилғанлар. Бир ҳушёр
ўсмирни қўриққа қўйган эрдик. Шаби дароз мизғимай мактаб қўруқлар эрди. Аммо
бала тушмагур шайтонга ҳай бериб, гуноҳ иш қилди.
− Хўш...
− Бир мусулмоннинг ожизасига савчи
юборғон экан, анинг момокалони дебдики: “Кофир мактабини
қўруқлайдурғон итга қизимнинг эски
кавшини ҳам раво кўрмасман!” Бу ҳақорат
йигитчага сахт теккан чамаси, қизни ўғурламоққа аҳд қилибдур. Нисфишаб кириб,
кўрпага ўраб олиб қочибдур. Тасодифни ва хандаворликни кўрунгки, қизгина момокалони
бирла бир хонада ётар экан, ўпка ошуқ
кўр-кўрона кампирни кўтариб қочгон экан...
Суҳбат шу нуқтага келганда, улар қаҳ-қаҳ
отиб кулишди. Кейин Ажзий давом этди.
− Зиқна қози қирқ дарра урмоқликни ҳукм
қилди: кампиршонинг ўлумига ҳам балани айбдор, деб билди. Локинда кампир арадан
уч ҳафта ўтуб, оламдан кўз юмган. Мантиқан, анинг ўлумига бала айбдор бўлмас.
Қўрқадурманки, ул қирқ даррага тирик
қолмас деб.
−Хўп, ман ўрганурман, худо хоҳласа, жазони енгиллатмоққа койиш қилурман,- дедилар устоз.
Ажзий беҳад
қувонди. Кейин икковлон
Беҳбудийнинг Жомбойда очган мактабида
бўлдилар. Исму шарифи Мирзохўжа ибн
Ўрунхўжа бўлган ўсмир Саъдий, Навоий шеърларни ёд айтиб, уларни беҳад
мамнун этди. Сўнг эса тақсирга қарашли
шолизорга ўтишди.
− Аввол ғалла экардук, бироқ Зарафшон тошиб,
борини барбод қилди,- изоҳ берган бўлдилар устоз. − Дедимки, шоли сепинглар, сув босса ҳам ҳеч
вақо бўлмағай...
Улар алламаҳалда хайру хуш қилдилар. Аммо орадан бирор ҳафта ўтмай, Ажзий
муаллим “Туркестанские ведомости”
газетасини кўтарганча, шодон кириб келди. “Устоз табрик этарман”, деди қувонч билан газетани Беҳбудий афандига
узатар экан. Унда Россия Думасининг суд
ишларини ислоҳ қилиш ҳақидаги фармойиши эълон қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатда
дорга осиш, қўлни кесиш, дарра билан савалаш чораларини бекор қилиш, маҳаллий
аҳоли учун ҳам суд ишларини жорий этиш
аксини топганди.
−
Генерал Куропаткин жаноблари
ҳузурига кирувимда котиба дедики: “Сиз билан гаплашмоқ учун ўн дақиқа
вақт жудо қилинган, давом этдилар Беҳбудий, ундан зиёдига ул зоти олийнинг
имконлари йўқдур”. Бо ин вужуд, арзу
додимни тез изҳор этдим. Дедимки: “эмди мусулмонлардан ҳам равшанфикрлар
бисёр ўлди ва биз император ҳазратларига хизмат қилмоққа бел боғлагандурмиз.
− Тақсир, зиёда хайру хушлик намоён
қилмадингизму?-унинг сўзини бўлди Ажзий
− Зинҳор. Хушрафторлик, хушмуомалиликни
ўзини ерга урмоқ, ҳукуматдорларнинг
жиғига тегмоқликни ботирлик деб тушунмоқ хатодир. Кимгаким кўп ҳуқуқ ато
этилган бўлса, анинг гарданидаги масъулият ҳам шу қадар бисёрдур. Мансаб
соҳиблари, замон пешқадамлари бирлан
мулоқотдан фахр этурлар. Биз −Туркистон
мусулмонлари руслар мадади ила билим ва маърифат олмоғимиз, дунё кўрмоғимиз
зарур. Бадазон мухторият ва ёинки мустақиллик хусусида нажиб фикр юритмоқ мумкин бўлур. Халқни бевақт ғазавотга
чорлаб, қон тўқмоқлик беҳуда ва уволдур. Қисса кўтоҳ, генерал жаноблари ила
ярим соат гаплашдук, соатга қараб танг бўлдум, генерал дедиларки:
− Беҳбудий жаноблари, саросима бўлманг,
ўтурунг. Бугун мусулмон қози ва имомлари эски жазо чораларини сақлаб қолмоққа
зўр бераётган маҳал, муфти бўлатуриб,
бундоқ ташаббус кўрсатувингиз
бизни хурсанд этур. Эмди маҳаллий аҳолининг кайфияти, аларнинг бизга
бўлғон муносабатлари ҳақида сўз юритинг. Билурман, сиз соҳиби қаламсиз, роҳиб
эмассиз. Шу боис, дилингизда борини ошкор этинг.
− Дедимки: бисёр хуб. Ҳар қандоқ ислоҳот
қаршиликка рўбарў бўлур. Аммо бу ҳолдин зиёда хавотир тортмоқ чикора. Локинда,
ислоҳотни амалга оширмоқ чоғи миллий урфиятларни ҳисобга олмоқ, маърифат
соҳиблари бирла бўлмоқ, думада ҳам маҳаллий аҳоли сонини кўпайтирмоқ лозим.
Шу тариқа денг бир соат гаплашдук. Эккимиз
ҳам бисёр сарафроз бўлдук.
Комментариев нет:
Отправить комментарий