вторник, 26 сентября 2017 г.

ЖАДИД Иккинчи боб

САМАРҚАНДДАН ҚУДДУСГАЧА


         Менинг номим “тирикдир”, “бедор”нинг  ўғлиман. Жаҳон асрорларидан воқиф бўлмоқ учун саёҳат қилмоғим, олам бўйлаб  юрмоғим керак.
                                                                    Абу Али ибн Сино
                
    Маҳмудхўжа Беҳбудий  ХХ аср бўсағасидаги       Туркистоннинг  орзу-армонларидан бири сифатида  майдонга келди.
                                                                      Бегали ҚОСИМОВ
                 
                                                            1     

    1914 йилнинг 29 май санаси, эрталаб Самарқанддан йўлга тушган маҳобатли (ўша давр учун) поезд тобора кўтарилаётган ҳароратдан қочиб қолмоқчи  бўлгандек,   тезлик маромини ошириб,  олдинга қараб интиларди. Бир-бирига ўхшамайдиган тўрт вагонни судраб кетаётган бесўнақай паровознинг бурун қисмидан буғнинг ўқтин-ўқтин, аммо бир маромда  отилиб туриши, пойгадаги отнинг ҳансираб нафас олишини эслатарди.  Орқага шиддат билан чекинаётган дарахт ва буталар ўрнини  гоҳида чорва моллари ўтлаб юрган яйловлар, гоҳида яккам-дуккам дарахтлар эгаллардилар.

  1-класс вагони купесидаги қирқ ёшнинг нари берисида бўлган, хушбичим, замоннинг пешқадам зиёлиларига монанд ихчам салла ўраган, оқ оралаган соч-соқоли қисқа қилиб олинган, сокин ва латиф чеҳрасида зукколик аломатлари мана-ман деб турган, ўткир кўзларида меҳр-у истеҳзо ёлқинланган  ёлғиз йўловчи  билан лутфан танишиб қўйинг. Бу муҳтарам зот  ўз асрининг том маънодаги зиёлиси,  уйғониш даврининг  яловбардори, жадидлар ҳаракатининг сардори, ўзбек драматургияси ва публицистикасининг асосчиси  Маҳмудхўжа Беҳбудий ( Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа бин Солиҳхўжа бин Ниёзхўжа) дирлар.
   Бундан  юз йил илгари яшаган боболаримизнинг ташқи қиёфалари, кийган либослари батамом ўзгача бўлган, албатта. У пайтда  мазкур ёшдаги аксар эркаклар  кўкраги очиқ кўйлак устидан ёзда узун яктак, қиш фасли пахтали чопон кийишган. Шу билан бирга анчайин серсоқол бўлишган, каттагина салла ўрашган.  Гоҳида элликка кирмай, қўлга асо олишган.
    Биз таърифламоқчи  бўлган солиҳ  зиёли эса юқорида айтганимиздек,  анчайин замонавий кийинишни одат қилган;  гарчанд андак кибор ва нописанд бўлиб кўринсада, хушфеъл, зукко, ҳазилкаш суҳбатдош; гапирганда, товушидаги бағоят дилкаш оҳанг сезилиб туради. “Худо хоҳласа”,  “Мантиқ қани”, “Меъёрни бузмайлик” каби ибораларни хуш кўради ва бот-бот такрорлаб туради.
   Давралар, машваратлар ва матбуотда бу киши ҳақида гап кетганда “лар” қўшимчасини қўшмаслик одобсизлик ҳисобланади. “Устоз дедилар,” “Маҳмудхон келдилар” ва ҳакозо.  Бу назаркарда бандада валиларга ўхшаш сир-у синоат бор деб ҳисоблашади; отларининг жиловини тутишни кўплар шараф деб билади. Уезд, волост бошлиқлари бу киши ҳақида зинҳор ва зинҳор ноўрин гап қилишмайди. Ҳатто, Тошкентдан келадиган генерал губернатор, аввало ана шу беназир зотни ёнига таклиф этиб, суҳбат қуриши; жиноятчиларни дорга осиш, қўлини кесишга қарши чиқиши;  жоҳил падаркушни шарманда қилганлиги ва ҳоказо-ҳоказолар бунга сабаб бўлганди, албатта.
   Бу киши ҳаммани “сиз-сиз”лаб гапирадилар, суҳбатдошнинг нутқини бўлмай, одоб билан тинглашни кифтини келтирадилар, сарамжон-саришталикни, интизомни хуш кўрадилар.
    Устозни учратганда, кўпларни зоҳирий салобат босади ва бу ҳолдан у кишининг ўзи ҳижолат тортади. Чунки бундай суҳбатдош очилиб гаплашолмайди, ноўнғайлик юзага келади.
   Бу галги қасди сафардан муддао Кавказ, Туркия, араб мамлакатларида бўлиш, азиз саждагоҳларни зиёрат қилиш билан бирга янги кутубхона учун китоблар; газета ва журнал учун суратлар, мақолалар келтириш; дунё янгиликларидан воқиф бўлиш, айниқса, ўша юртлардаги мактаблар, жаридаларни кўриш, ўрганиш сингари нажиб мақсадлар ҳам эди.
  Ҳозир эса хаёллари, боя вокзалда кўз ёши билан хайрлашган фарзандда – Масъудхўжада эди.  Онаси вафотидан сўнг дадасига суяниб қолган  ўсмирни ўзлари билан сафарга олишга ваъда ҳам бергандилар. Аммо гимназияда фақат аъло баҳолар билан ўқиётган толиби илмни дарс ва имтиҳонлардан қолиб кетишини ўйлаб, бу фикрдан қайтдилар. Масъудхўжа иккинчи курсдаёқ   рус, француз, немис тилларини анчайин яхши ўзлаштиргани, бошқа фанларга ҳам иштиёқи баландлиги талабчан  отани мамнун этарди.
     Йигитча бўй басти, феъл атвори билан муфти жанобларининг тоғалари беназир инсон қози Муҳаммадга жуда-жуда ўхшаш эди.  Тўғри, қози Муҳаммад анчайин пакана,  аммо серзарда, чуқур мулоҳазали инсон эди. Унинг катта ҳовлисига кирган киши саранжон-саришталикни кўриб, бу даргоҳда қаттиққўл хўжайин яшашини дарҳол сезарди. Дарахт ва экинлар баргларининг тозалиги, намчил супалар, картдаги оҳорли кўрпачаларни бошқа жойда учратиш қийин эди.  Қози Муҳаммад заминдор ҳам эди. У кишининг Сиёб ариғи бўйларидаги мулкларига ғўза, шоли экишарди. Магарам, ер давлат ҳисобида бўлсада, амирлик замонида ҳам, Россияга тобе бўлгандан сўнг ҳам у кишига бировнинг иши бўлмади. Солиқни эса вақтида тўлаб қўядиган одати бор эди.
 Қози, жумладан боғдорчилик илмини ҳам сув қилиб ичганлардан эди. Зарафшон қирғоғидан тошиб, жар қилиб кетган жойларда дарахтзор, токзорлар барпо  этганди.
    Маҳмудхўжанинг ёдидан кўтарилмайди: пахта пайкалларидан жуда кечпишар бўлган миср ғўзаси кўракларини  қишли-қировли кунларга бориб,  юлиб олишарди. Кейин ишбоши ( Ҳайдар девкор) уларни аравага ортиб, хонама-хона тарқатиб чиқарди. Одамлар сандал атрофида ўтириб, кўрак чувишарди. Шолининг бир қисмини обжувозга, қолганини эса Жомбойга олиб боришарди; у ерда немисларнинг шоли оқлайдиган фабрикаси бор эди; маълум миқдорда улуш олиш шарти билан тозалаб беришарди.
   Одамлар қозидан зоҳиран ҳайиқиб туришарди. Бу инсонда аллақандай сирми, сеҳрми бор деб ўйлашарди.  Маҳмудхўжанинг ўзи ҳам шундай фикрда эди.  Қозининг айвонидаги немисларнинг батамом ўзгача шамоилдаги думила милтиғи, туркийни тушунмайдиган, серилтифот яҳудий файтунчиси  ва энг муҳими, қози кароматларининг бот-бот тўғри чиқиши, саховатпешалиги  бошқалар қатори унда ҳам ҳайрат ва меҳр ўйғотарди.
   Бу музофотда тоғасидан яхшилик кўрмаган кишини топиш қийин эди. Шу боис ёшу қари эҳтиром кўрсатарди
  Маҳмудхоннинг дуогўй отаси ҳам ўқимишли киши эдилар, қишлоқ масчитида имом-хатиблик  қилардилар. Аммо уни Самарқанддаги Мир Алишер Навоий таҳсил олган Фазлуллоҳ Абу Лайсий  мадрасасига илк бор ана шу тоғалари олиб борган эдилар. Мадраса  таълимидан кейин эса ўзларига мирзо қилиб олди. Мирзолик эса у кишининг ҳаётидаги энг катта мактаб бўлиб қолди.
  Раҳматли тоғани охирги бор касал кўргани борганлари ёддан кўтарилмайди. У киши ёғоч каравотда ётар, ориқлаб, бемажол бўлиб қолганди. Шундай кесиб гапирадиган, жиддий инсоннинг, афтодаҳол ҳолатга тушиши ачинарли эди. “Сизни русларнинг шифохонасига элтурман” дедилар Беҳбудий иштибоҳ билан.
  Гап шундаки,  шаҳарда госпитал очишганди ва у ерга фақат русларни даволашарди. Аммо шаҳар ҳокими ва бошқа чиновниклар Беҳбудийни ҳурмат қилишар ва муаллимнинг айтганини ерда қолдиришмасди.
  Тоғаси жавобан сарак-сарак бош тебратди.
  Орадан ҳафта ўтмай, жаноза хабари келди. Жуда кўп одам тўпланганди. “Гўрков ҳам йиғлаб-йиғлаб гўр қазиди” дейишди қариндошлар.
                                                   
                                         *  *  *
   Поезд, ногаҳонда борлиқни сескантириб қичқирди. У навбатдаги бекатга яқинлашиб қолганлигидан далолат  эди.  Чап томондаги чексиз ғаллазорларда арпа ўрими  давом этарди. Узоқдан худди  қизалоқлардай бўлиб кўринадиган аёллар чўкалаб олиб, бир маромда ўроқ тортишар ва салмоғи мўлжалга етган бошоқпояни чаққонлик билан  боғлаб, ортда қолдиришарди. Икки ўсмир уларни эшак аравага ортиб, хирмонга таширди. Хирмонда ориқ ва нимжон саманга миниб олган бола ҳўп ҳайдар, отдан ташқари тўрт ночор ҳўкиз ҳам болага итоат қилиб, давра айланарди.
   Зум ўтмай, буларнинг бари ортда қолди ва Маҳмудхўжанинг ёдларига Ҳайдар девкор (  унинг ўзидан ҳам, саман отидан ҳам, негадир пичан ҳиди келиб турарди)  ҳўп ҳайдашга, обжувозга  олиб боргани тушди. От ҳам, ҳўкизлар ҳам ориқ,  ўта итоатгўй эдилар ўшанда ҳам. “ Мана бу ердан маҳкам ушлаб олинг”, деди у ўсмир хўжайинни отга миндирар экан, эгар қошига ишора қилиб. У йиқилиб кетишдан қўрқиб, икки қўли билан эгарни махкам ушлади. Кейин отни астагина ниқтаган эди, у бир маромда  юриб кетди. Ёндаги ҳўкизлар ҳам мўмингина  давра айлана бошладилар. Завқли ва ҳаяжонли эди буларнинг бари. Кейин ҳўкизларга дам берадиган бўлишди ва ечиб юборишди. Жониворлар саркашлик қилмай, узоқлашмай, шу атрофда ўтлаб юришди. Нарида юрган ғунажинлар, сигирлар улар билан қизиққанда, келиб ҳидлаганда ҳам  пинакларини бузишмади. Бу шўрпешоналар ахта қилингани яъни бичилганини ёш Маҳмудхон ҳам, ғунажинлар ҳам билмасдилар, албатта.
      Обжувоздаги манзара ҳам мароқли эди. Баландликдан отилган сув зарб билан урилиб, бесўнақай парракларни айлантирар, мосламалар эса тўсиндай келадиган,  учи болғага ўхшаб ясалган икки улкан ёғочни даст  кўтариб, сўнг ташлаб юборарди. Катта келига ўхшаган  идишда оқланмаган шоли бўларди. Ҳалиги болғалар бир маромдаги зарблар билан уларни қипиғидан ажратарди. Сувнинг бир маромда шалдираши, ёғоч мосламаларнинг ғалати оҳангларда ғичирлаши қизиқ эди. Аммо обжувознинг эгаси  хушфеъл эмасди. Ямоқларга тўлиб кетган тўн кийиб, белини каноп билан боғлаб олган бу бадқовоқ  одам ҳар гал Ҳайдар девкорга ҳам, унга ҳам аллақандай нохуш нигоҳ билан боқарди.  Бошқа жойларда ўзини чинакамига хўжайиндан тутадиган  девкор бу ерда анча мўмин, қобил бўлиб қоларди. Бу ҳол ёш Маҳмудхўжанинг ҳам дилига хавотир соларди.    “Рамазонда етти қоп шолиларингни оқлаб бердим, бир сиқим ҳам ҳақ қолдирмадинг” деди бадфеъл амаки бир куни  девкорга тик боқиб. “Хўжайин...” У айбни хўжасига юкламоқчи бўлдию, тағин фикридан қайтди. “ Майли, деди обжувозчи, Худонинг золим бойларга ҳам олиб қўйган жазолари бордир, ахир...”
 Поезд тағин бир бор қичқирди ва тормоз берди; вагонлар силкиниб кетди.  Бекатда кимлардир тушди, тағин кимлардир минди. Купега  тўладан келган, ўрта ёшлардаги киши ва тахминан ўн ёшлардаги болани эргаштириб олган паранжили  аёл киришди. Кўзлари қизариб, шишиб кетган бола ҳамон овоз чиқармай дард билан ўксиб йиғлар, аёл эса оналарга хос меҳрибонлик ила зўр бериб уни овутарди. “Айтдимку, холангникида турасан, ҳеч ким сени хўрламайди, деб, опанг тузалса,  ўзим ҳам бораман. Ёнингда бўламан...” Аёл шоша-пиша болани овутиб, юзидан ўпди ва жудоликдан ўксиганича тушиб кетди, вагонлар тағин ҳаракатга кирди.
   Маҳмудхўжа ҳамсуҳбат топилганидан мамнун  бўлсаларда, мабодо  дилгир вайсақи ёки ўта мижғов бўлса қандай қиламан, деган хавотирда ҳам эдилар. Бу одамнинг енгилгина салла ўрагани, ичкаридан  боғланган кумуш тўғали камари унинг анчайин зиёли  эканлигидан далолат берарди. Янги шерикнинг салом-алигидан, аниқроғи шевасидан унинг барлос эканлиги, савдогарлик билан шуғулланишини тахминладилар. Кейинроқ эса, янги ҳамроҳ ўзини Тоғошар барлос эканлиги, савдо-сотиқ билан банд бўлишини  айтиб, бу фикрни тасдиқлади ҳам. Янги ҳамроҳ ҳақида тағин нималар дейиш мумкин? У вазиятга, яъни одамига қараб муомала қиладиган, бандаи мўминларни табақага бўлишни хуш кўрадиганлардан  ва гапириш олдидан қўлларини бир-бирига ишқалаб оладиган одати бор эди.
  Улар, аввал икковлашиб, ҳавонинг иссиқлигидан нолиган бўлдилар; кейин эҳтиёткорлик билан суҳбатлашиб кетишди. У ўзини банкда ишлашини, баъзан судхўрлик билан ҳам шуғулланишини,  Бухорога бир савдогардан қарзини ундиришга бораётганлигини яширмади; ўша савдогарни роса лаънатлади, сўкди. Ножўя каломидан ҳижолат бўлди шекилли, вазиятни ўзгартириб, ҳамон пиқиллаб йиғлаётган болани койишга киришди.
 – Ҳали ҳам йиғлаябсанми, каллаварам. Ўғил бола ҳам шунақа бўладими? Тағин йиғлайверсанг,  поезддан тушириб юбораман! Бас қил!
  Сўнг Беҳбудий томон ўгирилб, изоҳ берган бўлди:
  – Бу қоқвош – синглимнинг ўғли, жияним. “Бухорога бораётган бўлсангиз, шуни мадрасага беринг,” деганди. “ У ерда муллаваччалар савод чиқармайди, сув сотади, тиланчилик қилади,” десам ҳам кўнмади. 
   – Илло, шундай,- илиб кетдилар  Беҳбудий,- аммо Бухорои шарифдан кўра Самарқанд яқин. Боз мадрасадан кўра янги мактаблар афзалроқ деб билурман. Амирликда аҳвол анчайин  ночор деб эшитурман...
  – Самарқандни қўйинг, деди у норози оҳангда, кўнглим қолган. Катта ўғлимни ўрисларнинг тузем мактабига қўйгандим. Имом-хатибимиз: “Болани кофирларга яқинлаштирманг” деганди, қулоқ илмадим. Ўғлим ўрис болалар билан жўрачилик қилди, улар билан майнўшлик қиладурғон бўлди.  Кейин Москов, Петербургга қуруқ мева элтди. Ўша ёқларда ҳам бетайин дўст зиёда қилди ва  майнўшликка берилиб кетди. Бала тамом бўлди. Ичмаса туролмайди, мени хонавайрон қилди, даюс. Уришсам: “Энди оғзимга олсам, бетимга туф денг, дада”, дейди, аммо боз ўша гап.
   У дил тўла дард билан гапирар, надоматлар чекарди.
  – Мана сиз кўпни кўрган, ўқиган кишига ўхшайсиз. Айтинг, нима қилай, нима қилай. Тирикчилигимни дўзахга айлантирди,  падарлаънат!
  – Айб ўрисчани билганида эмас...
  – Нимада бўлмаса, нимада, айтинг...
   Беҳбудий  сукут сақладилар. Бир оздан кейин,  ҳалиги одам жилла тинчлангач, мавзуга қайтдилар.
  Бу балани ўрис мактабига бермасангиз,  Самарқанд атрофинда жадидлар мактаби бор. Ажзий, Шакурий, Ализода, Ҳожи Муйин...
  – Худо сақласин! Жадидлар мактабига яқин йўламайман. Имом-хатибимиз уларни  ўрисдан ҳам батарроқ , дедилар.
  Орага тағин жимлик чўкди.Устоз чаламулла имом-хатибларга ишониб яшайдиган чала зиёлилирга ачиндилар, жаҳолатни лаънатладилар.
   Бола дераза олдига келиб, бир-бирига туташиб кетган қирларни томоша қилабошлади. Ёнбағирдаги ўт-ўланлар қовжираб, қирлар сариқ либос кийишга улгурган эдилар. Баҳор ўзининг ранго-ранг гуллари, ям-яшил гиёҳлари, хушчақчай оҳанглари ва бошқа сарполарини йиғиштириб, келаси йилгача яшириб қўйганга ўхшарди. Қўй боқиб юрган  болакайлар, қизиқиш билан поездни томоша қилишар, вагонларни санашарди.  Боқийлик сингари чексиз ана шу даштлар, уларнинг сарғайган гуллари, бир-бирига мингашган тепаликлари, соғлом ва хушчақчақ болакайлар Беҳбудийнинг дилида ногаҳоний ва мавҳум ифтихор ўйғотарди.
  – Ундоқ бўлса, Жомбойга – Беҳбудий мактабига элтишингизни маслаҳат берур эдим, деди у киши.
   У киши “жадид” сўзини атайин ишлатмади. Аммо бир қўнимга келмаган суҳбатдош мавзуни батамом бошқа томонга буриб юборди.
   – Ана шулар – ўзбаклар,-деди у, лой, пастак уйлар ва ночоргина ўтовлар атрофида уймалашиб юрган чорвадорлар томон нописанд  имлаб, Шайбоний авлодлари, кўчманчилар... 
   Бу гапни у фақат нописандлик билан эмас, анчайин қаҳр ва нафрат аралаш гапирди. Дарҳақиқат, сўнгги асрларда собиқ Олтин ўрда ва қозоқ чўлларидан яйлов излаб, кўплаб ўзбеклар кўчиб келдилар. Бу ҳол Шайбоний ғалабасидан кейин бошланди ва ҳозиргача давом этаётган эди. Илиқ дарёлар соҳилларидаги серўт яйловлар улар учун айни муддао эди, албатта.
    Маълумки, ҳокимиятга Шайбоний ўзбеклари келгач, Темурий авлодларни бешафқат қиличдан ўтказдилар. Барлос уруғи жон сақлаш учун тоғларга  қочиб кетишди. Улар ўзларининг барлос эканликларини яширишга ҳаракат қилишарди. Аммо Тоғошар деганлари  унақа бўлиб чиқмади: барлослиги билан зоҳиран фахрланиб, бошқаларни паст табақа эканликларига мунофиқона урғу беришда давом этди. Лекин бошқа давраларда, айниқса ўзбеклар бўлган жойларда батамом ўзгача оҳангда гапиришини, уларга ҳамду сано ўқишини тахминлаш қийин эмасди.
 – Алар илму маърифатдан йироқ бўлган, жоҳил одамлар. Бисёр нарсаларга фаҳму фаросотлари қосирлик қилур. Алар билан қўл бериб кўришиш, бир дастархонда ўтиришдан ор қиламен, давом этарди у ўзига хос нописандлик ва бадбинлик билан.
 – Ман ундоқ қилолмасман,- дедилар Беҳбудий босиқ овозда.
 – Нечун,- сўради, бу ғийбатнинг узоқ давом  этишидан умидвор бўлган  янги ҳамхона
  – Боиси, маним ўзим, ўзбакдурман.
   Тоғошар барлос деганлари қизарди, алланима деб жўясиз дудуқланди ва бирдан жимиб қолди. Унинг кўзлари ва қиёфасида аллақандай қўрқув, хавотирланиш зоҳир бўлди. Кейин, ноўнғай вазиятдан чиқиш учун бўлса керак, осмонда учиб кетаётган кафтарлар галасига томон имлаб, анчайин мунгли хотираларни эслашга киришди.
   – Бобом катта савдогар бўлганлар. Араб, ўрис, форсийда равон гапирардилар; кафтарни бисёр дўст тутардилар. Маҳоват эмасу, бир том кафтарлари бор эди. Бирор шаҳарга борадурғон бўлсалар, тўрт бештасини олиб кетардилар ва ҳафта ўтмай, алардан икки учтаси қайтиб келарди. Қолганлари йўлда қирғийга ем  бўлганини ёки  чарчаб нобуд бўлганлигини фаҳмлаб олардик. Биз ҳалиги жониворларни беозоргина тутиб, оёғига боғланган қоғозни ечиб олардик. Аввал соғ-саломат етиб келганликларини ёзиб, у шаҳардаги нархларни битган бўлардилар. Бухородан келган нома ёдимдан чиқмайди: “Қўй 3 сўм, қул 7 сўм; туршак, майизнинг бир пути 2 сўм; жун, тери арзон.” Дадам зудлик билан карвон жиҳозлаб, қуруқ мева жўнатардилар. Тошкандга ўнта кафтар олиб кетган эдилар, фақат биттаси қайтиб келди. Карвон у ерга жун, чарм, парварда олиб кетган эди. Кейин телеграф, телефон чиқди, поезд юрадурғон бўлди. Хат ташийдурғон кафтарга ҳожат қолмади. Душманлар бобомни хор қилдилар. Бор буди-шудини тортиб олишди, биз тоққа кўчиб кетдик. Тирикчилигимизни дўзахга айлантиришди. Сиз мени ирқ, уруғ ажратар экан деб ўйламанг, тақсир. Худо сақласин!
  Тоғошар барлоснинг овози титраб кетди, ўша оғир кунларними эслаб, ғамгингина хаёлга чўмди.  
   Аммо бу сукунат қаҳрамонимизга маъқул эмасди. Нималар ҳақидадир гаплашиб, янги ҳамроҳининг ички дунёсидан бохабар бўлгилари келарди ул зотнинг. Унинг дилидаги ҳасрат, надоматлари, саргузаштлари эса бисёр эди.
  – Камина, муфтидурман. Ўзимни даштлик ўзбак атадим, амалан хўжалардандурман. Бир умр Қуръони карим ва фиқҳ қоидаларига бош эгиб, амал этдим. Бу муқаддас китобларда эса  бор мардумлар худонинг бандаси эканлиги қайд этилғон;  мўминларни табақа, миллатга бўлиш уволи азимлиги битилғон. Туркнинг қисмати шундадурким, экки эшик  аросиндаги кўтоҳ умрни ғийбат, жанжол, хунрезлик бирла  ўтказур. Ана шу кўчманчилар бир замонлар ғолиб эрдилар ва дерларким, фотеҳлар ҳамиша ҳақ бўлур.  Воқеан, алар эмди ўтроқ бўлдилар; зироаткорлик бирла бандлар. Шудгор тимдалаб сочган донлари тамаддун уруғи ҳамдир. Демакки, фарзандларини мактабга қўюрлар.  Боз устига алар бисёр тиришқоқ, бисёр серуруғдирлар.  Келгувси замон шаксиз, аларникидур. Ва зарури, бу бандаи мўминлар ўзимизнинг туркий элатимиз, ватандошларимиз, жигарларимиздурлар. Аҳил бўлиб яшамоқдин ўзга йўлимиз йўқдир.
   Беҳбудий,  миллий, ирқий масалалар ҳамма замонларда ҳам мураккаб бўлиб келганлиги ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажагини кўп таъкидлардилар.  Шунинг учун ҳеч кимни заррача камситмаслик, муроса йўлини танлаш шартлигини уқдиришдан чарчамасдилар. “Ойна”журналини илк сонларини тайёрлашда, унинг ярми туркий, ярми форсий бўлиши керак, деган талаб қўйилди. “Биродарлар, деди бош муҳаррир, турк бирла тожик –бир халқ. Аёндурким, уруғ авлодларим Яссавий ҳазратларига бориб тақалади. Локинда, уйда форсийда мулоқот қилурмиз.  Шаҳримизда Зомини, Тошканди, Хавоси деган маҳаллалар, атрофда Андижони, Ўзбеккент деган деҳалар бор. Аталмоғидан  аёнки, бу фуқаролар мазкур жойлардан келғон туркийлардурлар ва  аср давомида шаҳар таъсирида тожиклашган. Тағин бир ибрат:  Мирзо Бобур Марғилонда фақат форсийзабонлар умргурзонлик этмоғини битибдурлар. Ҳозир ул шаҳри мукаррамда тожикни топмоқ амри маҳол. Баски шундоқ экан, ақл, заковат бирла иш тутайлик, яъниким, айни замонда  туркийлар бисёр экан,  кўпроқ шу забонда мақолалар эълон этайлук. Ҳазрат Алишер Навоий тушуниб етғон ҳақиқатни тўрт аср ўтуб ҳис этмаслик ножоиздир.   Биз туркистонийларға туркий, форсий бирла арабий ва русий ҳам билмоқ лозимдур.  Туркий, яъни ўзбекини сабаби шулки, Туркистон халқининг аксари ўзбакий сўйлашур. Форсий бўлса, мадраса ва идора тилидур...Туркистоннинг Самарқанд ва Фарғона вилоятларинда форсийда сўйлайдурғон бир неча шаҳар ва қишлоқлар бордур. Бухоро ҳукуматининг тили форсийдур...Арабий тил дин учун на даража лозим бўлса, русий ҳам тириклик ва дунё учун лозимдур.  Бизға лозимки, ўз нафъимиз  учун русча билайлук, ҳукумат мактабларинда ўқуйлук. Давлат мансаблариға кирайлук. Ватанимизға ва ўз динимизға хизмат этайлук...
          Тоғошар барлос  очилмай, сукут сақлашда давом этарди, чунки қаршисида  матлаб, мартабаси анчайин ғани  инсон турганлигини ҳис этганди. Муфти ҳазратлари бу гал уни гапга солмоқчи бўлдилар, аммо ҳамроҳининг салобати босиб, бояги оғзиботирликдан нишон қолмади, савол берилганда, қисқа жавоб берарди, холос.
   – Самарқандга бориб турурсизми?
   – Ўзимизнинг хўжазода оқсуяклардан бўлуб, ўзбакман дедингиз, деди у гинаомуз ва ундан кейин саволга жавоб қайтарди. Қиш фасли боргандим: театруга киргани.
  – Кирдингизму?
  – Ҳа, ўқимаган, ноқобил бала падари бузрукворига пичоқ урди.  Мардум оҳлаб юбордилар. Ўзим ҳам бадазон  ўғулни мактабга қўйдум.
   Беҳбудий бу одам “Падаркуш”ни кўрганига ишонч ҳосил қилган  ва таассуротларини эшитишни истаётган бўлсаларда, савол бермай турдилар.
  – Бала пайтим онаизорим бошимни силаб қўйсалар, беихтиёр ҳаловат топардим,- дедилар у киши, ҳозир сиз ҳам шундоқ қилдингиз.
   Суҳбатдош бу гапнинг туб моҳиятини тушунмади ва сукут сақлади.
   Беҳбудий “Падаркуш”ни ёзиб, уни саҳнага олиб чиқиш учун  чеккан уқубатларини ўйлаб, зоҳиран изтироб чекдилар. Цензурадан ўтказиш учун асарни Тифлисга олиб боришга мажбур эдилар. У ердаги ходим эса ҳафсаласизлик билан варақлаб чиқиб, аввал рус тилига таржима қилиш зарурлигини айтди. Анча маблағ ва вақт сарфлаб, русчага ҳам ағдартирдилар, аммо шунга қарамай, уларнинг сирли тортмаларида бир йил  ётди. Чоп этишга рухсат берилгандан кейин, саҳнага қўйиш ҳам қийин кечди. Роллларни ижро этадиган кишиларни топиш, тайёрлаш осон эмасди. Аммо томошабинлар ҳаддан ташқари кўп бўлди. Саҳна асари учун йўл очилган эди. Шундан кейин  Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Ҳожи Муйин, Ҳамза Ҳакимзода ҳам талай саҳна асарлари ёздилар. Тошкентда цензура идораси иш бошлади. Ҳаваскор труппалар кўпайди. Беҳбудий “Ойна” журнали ва “Самарқанд” газетасини чиқариш билан банд бўлдилар. Аммо шунга қарамай каттароқ асар ёзиш нияти у кишини тарк этмаган эди.
       
   Театруни сифатладингиз, хўш неси қизиқ экан,- қитиқлаб қўйгилари келди ҳамроҳларини.
  – Болаларни ўқитмоқ лозим,- деди у енгил оҳ тортиб.
   – Аммо, аввал айтганимдек, Бухоро мадрасасида эмас, янги мактабларда...
   У инкор этмади, аммо бу фикрга қўшилганини ҳам англаш мушкул эди.  Узоқ мулоҳазалардан  кейин деди.
    –Ўзим ҳам бир куни Мир Арабга кириб, мулловачаларнинг ҳолига раҳм этдим. Аҳволлари забун эди. Эмди синглим жони ҳолимга қўймагани боис...Жомбойдаги мактаб борасида ҳам эшитган эрдим. Аммо Беҳбудий жанобларини бисёр калондимоғ дедилар...
 – Нодуруст гап. Ул зот яқин бародарим бўладилар.
   Тоға-жиян навбатдаги бекатга тушиб қоладиган бўлдилар. Бу ерда ҳам андак юмушлари борлигини айтди у. Паровоз сигнал бергач, ҳалиги киши Беҳбудийга илтимос қилиб қолди.
  – Беҳбудий бирла бародарлигим бор, дедингиз, бир энлик хат ёзиб берурсизми, жиянимни ул зотга элтурга қарор қилдим.
   Беҳбудий қўлларига қалам олдилар.
   – Сизни худонинг паноҳига топширурман, насиб этган бўлса, боз учрашурмиз, деди ҳалиги киши.
   Улар тушиб,  янги ҳамхоналар ташриф буюрдилар. Янги шериклардан бири,   ўттиз  ёшлар атрофидаги  бўлиб, нимсариқ  соч-соқоли ўсган, елкалари анчайин тор, кўзларининг ранги ноаниқ; бошига ёзлик шляпа кийган, сергап, новча рус; иккинчиси эса, ўн олти-ўн етти ёшлардаги қизини етаклаб олган,  ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, костюм кийиб, галстук боғлаган, қўнғиз мўйловли,  хушқомат ва хушқилиқ яҳудий эди. У анчайин руслашган бўлишига қарамай, тавозе ва эҳтиромларни жойига қўйиб  салом берди. Сўнг қизига мурожаат қилди. 
   – Анна, юқорига чиқиб, дамингни олиб ёт,- деди  русчалаб, анча қатъиятлик билан. 
    Қизалоқнинг сулувлиги, дафъатан ҳамманинг эътиборини тортди. У ҳадемай очиладиган атиргулга ўхшарди.  Табиат бор эҳтироси, ҳунарини ишга солиб, бунёд этгандай эди бу муъжизани.  Муфти жаноблари ҳам,  ҳалиги рус кишиси ҳам қизнинг беқиёс гўзаллигини ҳис этишди, аммо улардан бирортаси ҳам бу сулувликни таърифлаб беришдан ожиз эдилар. Қоп-қора қош, оппоқ пешона ва буйин, ҳали етилиб улгурмаган кўкрак, барча симметрия ва табиийликнинг жобажолиги, мукаммаллиги намоён эди унда.  Ҳавонинг қайноқлиги юмшаб, баҳор насими эсгандек бўлди.
   Наврасида Анна семиз ҳам, ориқ ҳам эмас, қадди-қомати баланд ҳам, паст ҳам эмасди. Ҳатто шу стандарт (таъбир жоиз бўлса) ҳолат ҳам унинг жозибасига жозиба қўшгандай бўлиб туюларди. Қизнинг чиннидай ҳақиқ, юпқа лаблари туйғулари тошга айланган кишининг ҳам эътиборини тортмай қолмасди.  Либослари оддий матодан бўлса ҳамки, нафис баданига чипиллаб ёпишган эди.
   Эҳ, гўзал эди у! Кўпчиликнинг ёдига ўсмирлиги, йигитлик чоғи, илк муҳаббати тушган бўлса ажабмасди. Новча унга икки бор қараб, тамшаниб қўйди.
    Тақсиримиз ҳам, беихтиёр,  ҳамма “акои Миша” деб мурожаат қиладиган тоғасининг яҳудий  файтунчисини ва унинг соҳибжамол қизини эсга олдилар. Навқирон Маҳмудхўжа тоғасига мирзолик қилган пайтлари акои Миша унга “мулло” деб мурожаат қилар, керагидан ортиқроқ тавозе кўрсатар, файтунига минишни таклиф этарди. Ўша куни бозорга боришганди.  Акои Миша ҳам ўзига нималардир харид қилди ва уларни уйига ташлаб ўтмоқчи бўлди.  Жуҳутон маҳалласининг фақатгина бир файтун сиғадиган жин кўчасидан анчагина юриб, хароба ва тор ҳовли олдида тўхташди ва акои Миша ёш мирзони ичкарига таклиф этди. Ичкарида эса кенг кўйлак кийган аёл тиззаларига уриб, мусулмонларни лаънатларди. “Мусурмон мури биёд, мусурмон мури биёд!” (Мусулмонларга қирон келсин) Акои Миша бу ҳолдан ҳижолат бўлибми, қўрқибми хотинининг оғзига кафтини қўйди. Кейин, ўғлидан таҳдид билан алланарсаларни сўраб, уни уришиб берди. Маълум бўлишича, ўсмир бозорга бораётганда, қўшни маҳалладаги тожик болалар уни ўртага олиб, калима қайтаришини талаб қилишибди. Калима қайтариш эса яҳудий учун – уволи азим.
    Маҳмудхўжа яҳудийларнинг камситилганлиги, хўрланганига кўп бор гувоҳ бўлгандилар; улар энг паст юмушларни бажаришарди.  Дилда инсон ҳуқуқини оёғости қилишга қарши зоҳирий исён ҳам шулар сабаб шаклланган бўлса ажабмасди.
     Шунда Маҳмудхўжа айвоннинг бир чеккасида қовоғини уйиб турган балоғат ёшидаги  рангпар қизга эътибор берди. Худди Аннадек унинг ҳам сочлари, қошлари қоп-қора эди. Ҳатто қовоғини солиб туриши ҳам унга зеб бергандек бўлиб туюлсада, маюс кўзлари жовдираб турарди. Акои Миша ҳам нимадандир хавотир тортди, шекилли, қизини ичкари киритиб юборди.
    Худди шунга ўхшаб, янги ҳамроҳлари ҳам қизининг гўзаллигини ҳис қилгани учун бўлса керак, уни ёт кўзлардан узоқроқ сақлаш ташвишида бўлар,  ўша ерда ўранибгина ётишини қайта-қайта тайинларди. Аммо “Бўйи  мушк пинҳон намемонад”,  яъни мушкнинг ҳиди пинҳон қолмайди, деганларидек, унга бот-бот кўз қирини ташлаш имкони бор эди.
 Муаллим бу қизга беихтиёр, хавотирона назар ташладилар. Беқиёс гўзал ҳусн кўп ҳолларда унинг соҳибаларига дилсиёҳликлар, нохуш кўргиликлар, қисматлар келтиришини; тақдир уларга усма-уст чап қўлини чўзишига гувоҳ бўлган, кўрган эдилар.
                                                    *  *  *
     Тоғаси – қози Муҳаммад Сиддиқнинг  Малика исмли ёлғиз қизи бор эди. (Бошқа фарзандлари чақалоқлигидаёқ нобуд бўлишган). Бу музофотда ана шу хушгуфтор ва хушрафтор нозанинни Маликаи хубон,  гоҳида, қисқа қилиб,  “хубон” ҳам дейишарди. Маҳмудхўжа эса ўз шевалари билан “ойти” дерди. Унинг қош-кўзлари, дудоқлари худди Аннаникидек бўлса ҳамки,ўзи анчайин гавдали, хушқомат эди.  Малика деганларидан  ҳамиша мушки анбарнинг дилни қитиқловчи ҳиди келиб турарди; озода кийинарди, сарамжон саришталикни хуш кўрар,  сочларини оройиш бериб тарар, хуллас сулув, истараси иссиқ эди. Маҳмудхон унинг шоҳисталигини, хандон отиб кулиши ва ўшанда кўзлари ҳам ёниб кетишини; момиқдай дудоқлари, узун киприкларини яхши кўрар; идроки, хушсуханлигидан завқланарди.  Бу қиз биби халифадан таълим олган бўлиб, арабини равон ўқирди.  “Девонаи Аҳтам” қиссасини бошдан-оёқ ёд билар, баъзи давраларда машъуқа (Маликаи хубон)нинг қабрдаги муножотини ўзига хос киборона навозиш этганда,  аёллар ҳувиллаб йиғлардилар. Шунда қизнинг ўзи ҳам юз, кўзларига таърифлаб бўлмайдиган, изтиробли тус берар, овозлари  қалтираб кетар, ўз муножотидан лаззат топаётганлиги юзидан кўриниб турар ва аёлларнинг йиғи овозлари баландроқ пардаларга кўтариларди. 
     Бедилнинг ноёб қўлёзмасини  илк бор опасининг қўлида кўрган эди.
    Эҳ, ғаройиб эди буларнинг бари!
   У замонлар, қишли қировли кунларда шаҳарда яшашар, баҳор келиши билан тағин қишлоққа кўчиб кетишарди. Шундай кунларнинг бирида шаҳардаги гузарга Афғонистондан бир доктор ҳовли олиб, онаси билан кўчиб келди. Оила аслида самарқандлик бўлиб, бир замонлар, нону насиба, деганларидек, Ҳиротга кўчиб кетишганлиги, раҳматли дадаси қурол-яроқ савдоси билан шуғулланган бадавлат киши бўлганлиги (уни кечаси уйида отиб кетишган экан) докторнинг ўзи Лондонда бир неча йил докторлик курсидан таълим олганлиги аён бўлди.  Ота вафотидан кейин эса онаси ватанга қайтишни, бу дунёдан кўз юмса,  қавмлар ётган Шоҳи  зиндага қўйишларини истабди.  Докторнинг ўзини эса русларнинг шаҳардаги ягона ва нуфузли шифохонасига ишга таклиф этишди.
 
  Кунлардан бирида, гузардаги мачит билан чойхонада, доктор Маликаи хубонга совчи қўйганлиги ҳақида гап шип-шиплаб қолади. Илло, миш- мишлар рост экан, қози ҳам кўп хархаша қилмай, рози бўладилар. Бўлажак куёвнинг  қиздан ўн беш ёш катталиги,  ўтмиш кечмишининг мавҳумлиги,  шундай донишманд ва обрўманд Муҳаммад Сиддиқни ташвишга солмаганлиги Маҳмудхўжани ҳозиргача ажаблантириб келади. 
   Тўйдан кейин Маликаи хубоннинг руҳиятида айрим ўзгаришлар содир бўлабошлади: киборона хушчақчақлик ўрнини  аллақандай хавотирона ташвишлар эгаллади ва бу ҳолни зийрак ота сезмаслиги мумкин эмас эди.  Аммо Хубон ҳам анойилардан эмас: рўзғоридаги гапни дастурхон қилиб ёйиш бефойдалигини обдон биладиганлардан эди.
    Чойхона билан мачит ҳам жим турмайди: доктор ҳақида рост ёки ғийбатлигини аниқлаб бўлмайдиган гаплар тарқатабошлайди. “Доктор носни чекмай, ҳидлар экан”, “Шиа экан, намоз ўқиши бошқача эмиш” Қози Муҳаммад Сиддиқ синчковлик билан бу гапларни охирига етиш ташвишида бўлади. Дарҳақиқат, куёви носни ҳидлаб кайф қилар экан, аммо бунинг нимаси ёмон? Намоз ўқишида ҳам фарқ бор экан, амо шиа эмас, ислом динининг аллақандай оқимига риоя қиларкан ва бунинг учун ваҳима қилиш чикора. Шу орада докторнинг онаси бандаликни бажо келтириб қўяди. Туппа-тузук юрган экан, нагоҳонда йўтал тутиб, нафаси ичига урибди. Қози Муҳаммад маъракаларга бош-қош бўлиб турди ва аён бўлдики, аёлнинг узлуксиз йўтал тутадиган касаллиги бор экан  Эри уни даволатиш учун Парижга олиб борганда, улар роса текшириб томоқ, ўпкада бирор иллат йўқ, бу мия билан боғлиқ ирсий дард, шунинг учун асабни бузмай юриши керак, дейишибди.
  Йил ўтмай, Малика ўғил кўрди, ҳаёти батамом изга тушгандай эди, аммо шу орада, чойхона билан мачитда янги гап чиқиб қолади. “Докторни Афғонистонда хотини бўлган экан, талоғини бермай келган эмиш”.
   У вақтларда Маҳмудхўжа ўсмир ёшида эди. Аммо шунга қарамай,  доктор поччасининг руҳиятидаги бир-бирига зид бўлган икки қутбни англаганди. Бу одамнинг фақат шеваси, ўзини тутишига эмас, кутилмаганда ўта саховатли, хушфеъл бўлганидек, дафъатан носамимий, мунофиқлик қилиши ҳам  ҳеч гап эмас эди. Маҳмудхон уларникига бориб турар, чунки Маликаи хубонни соғинар, уни кўргиси келаверарди. Кунлардан бирида икковлон гаплашиб турганда, доктор ишдан келиб қолди ва Маҳмудхон унинг нигоҳида аввалги меҳрни эмас, қандайдир  рашкка ўхшаган бегона нигоҳни пайқаб қолди. Кейин уларникидан оёғини узди.
   Хуллас, нотавон доктор Ҳиротдан хотинини олиб келди. Шундай сулув Маликаи хубон ҳафта ичида ориқлаб, рангпар  ранги униқиб, тундлашиб, таровати анчайин йўқолиб қолди. Маҳмудхон ойтисига раҳми келиб,  изтироб чекиб юрди. Бу ҳам етмагандек, кўп ўтмай, доктор уни уч талоқ  қўйди. Малика ўғилчасини ота уйига олиб кетишдан олдин бир энлик хат       ( қарғиш) ёзиб, докторнинг хонасига қолдирган экан: “Илоҳим жувонмарг бўл, сан фосиқ, кўрнамак! Худди онангдай нафасинг тиқилиб ўл! Оғзи-бурнингдан қон келсин!” Доктор уйга келиб, хатни ўқибди-ю, бирдан йўтал тутибди. Кейин нафасини ростлаб ололмабди. Тўғри,  оғзи-бурнидан қон келгани йўқ, аммо жон келиб, (аниқроғи, кетиб) тўғридан-тўғри дорулбақога равона бўлибди...
  Қози Муҳаммад жаноза кунлари бел боғлади, ҳамма маъракаларни ўтказиб, учинчи куни халққа ош берди. Ахир, набирасининг – ягона меросхўрининг отаси эди доктор. Аммо, ҳалиги қарғиш ҳақидаги гапни зўр бериб инкор этди. “Бизнинг авлодда қарғиш умуман йўқ, худога ташлаб келганмиз” деб туриб олди. Аммо қизига: “Минбад бирор бандани қарғама, авлодимизнинг қарғиши ёмон. Бувинг бир миробни: “Сувга чўкиб ўл,” деганди, ҳафта ўтмай жасадини Зарафшондан олиб чиқишди”, деди.
    Йиллар ўтиб, Маҳмудхўжани уйлантиришганда,  ёш келинчакдан (Унинг номи ҳам Малика, аниқроғи, Маликабону эди) интиқлик билан Маликаи хубондаги хислат ва жозибаларни излайдиган бўлди. Хотини ҳам билимли эди, арабчани тутилмай ўқирди, художўй оилада тарбияланган, сарамжон-сариштали бўлиб, эрининг ҳурматини жойига  қўярди. Аммо унда аллақандай кемтикликлар бордай эди. Биринчи фарзандлари – Масъудхўжа дунёга келгач, бу мавҳум қусурлар  ўз-ўзидан йўқолди. У хотинига, самарқандликлар одати бўйича, ўғлининг номи билан  ва албатта, “сиз-сиз”лаб мурожаат этарди ва аёли айниқса, намоз ўқиётганда, меҳмоннавозлик қилаётганда кўзига фариштадай бўлиб кўринадиган бўлди. Кейин Мақсудхон, Парвина дунёга келишди ва бу  ёруғ оламда бир бирларидан айро яшашни тасаввур қилолмай қолдилар. Аммо тақдир ногаҳонда уларга чап қўлини чўзди: бечора аёл уйқусида бандачиликни бажо келтириб қўйди.
   Тағин бир соҳибжамолнинг қисматини эслаб қолди Беҳбудий.
    Маҳалладаги сандиқсоз устанинг Зебузар деган шаддод ва сулув қизини  никоҳ маросимидан қайтаётган пайтда олиб қочишгани ёдида. Бирор ҳафтадан кейин қўшни маҳалладаги бир безори, ўғри бола ана шу номаъқулчиликка қўл урганлиги аён бўлди. Ота-она йиғлаб-сихтаб наврасида қизларини ўша ярамасга тўй қилиб беришга мажбур бўлишди.  
   Бу орада ёш Маҳмудхўжа акои Мишанинг қизини тағин бир-икки бор кўрди, аммо унга етишиш учун на дин, на ота-она, ва жамият рози бўлмаслигини ҳис этиб, илк муҳаббатидан, аниқроғи, ҳавасидан воз кечди.
                                                   *  *  *
    Янги йўловчилар сабаб, ўзаро мулоқотлар,  беихтиёр рус тилида давом этадиган бўлди. Ҳалиги рус кишиси ҳеч ким сўрамаса ҳамки, очиқлик билан ўзини  Фома деб таништирди ва Петербургдан келганлигини, “пролетар”лигини, Самарқанд босмахонасида бошланғич ташкилотлари борлигини, Каттақўрғонда ҳам бу иш жонланганини айтди. Энди Кармана билан Когонга бориб, ишчи социаллар яъни болшевиклар сафини кенгайтириш ниятида экан. Беҳбудийга унинг беғубор бир самимият билан очилиб гаплашиши, болаларга ўхшаб ишонувчан эканлиги маъқул бўлди.
   Аммо яҳудийга  ёш болшевикнинг турқими, тилими ёқмади, шекилли, унинг иштиёқ тўла монологини бўлиб, баланд овоз билан қизига юзланди.
  – Анна, чой ичасанми?
   У  инкор жавобини берди. Шунга қарамай, отаси чиқиб кетди ва кўп ўтмай икки қалайи кружкада чой олиб келди, улардан бирини Беҳбудийга узатди.
  – Тақсир, сизга чой келтирдим.
  – Қуллуқ,- деди у киши  ҳам  жавобан ва   қўлни куйдиришдан чўчиб, эҳтиёткорлик билан  олдилар. Шу билан бирга яҳудийга эҳтирому, эътиқодларини изҳор этиш  илинжида давом этдилар.
  – У йили Қуддусда бўлиб эдим. Бисёр қадимий обидаларни кўрдим. Дедиларки, Парвардигор Тавротни анда Мусо пайғамбарга нозил қилибдур. Бисёр бой ибронийлар бу шаҳарда мулкдор бўлибдурлар...
   Яҳудий беҳад қониқиш билан, мамнун жилмайиб қўйди ва негадир бу мавзуга алоқаси бўлмаган гапларни гапирди. Илтифотлардан икковлари ҳам дилхушлик сездилар. Шундан сўнг бу одам ўзи ҳақида андак очилиброқ гапирди: Мари шаҳрида ошхонаси борлигини, қизи Самарқанддаги гимназияда ўқишини маълум қилди.
 Шу пайт кондуктор ўттиз ёшлардаги, тўладан келган, кўринишиданоқ анча  бепарво кишини эргаштириб келди ва суҳбат узилиб қолди. Бир қарашдаёқ бу одам  анчайин тўқликда вояга етганини, бойваччалигини англаб олиш қийин эмасди.
  – Шу кишилар билан кетасиз,- деди.
        Менга барибир,- деди у.
   Шу тариқа ҳамхоналар кўпайиб қолишди.
      Янги ҳамроҳлар Беҳбудийни илк бор кўраётган бўлишса-да, қаршиларида  анчайин салоҳиятли инсон турганлигини ҳис этиб бўлгандилар.  Яҳудий эса тақсирга бот-бот  илтифот кўрсатишдан чарчамас, бошқаларга ҳам енгилгина таъзим қилиб, сиҳатлари, кайфиятларини сўраб қоларди. Қизининг наздида бирор киши яҳудийлигини юзига солиб, камситишидан хавотир тортаётганлигини англаш қийин эмасди. 
    Фома деганимиз эса ҳеч ким сўрамаса ҳам  Россия ва Туркистонниннг келажакдаги ҳаёти, ёрқин истиқболлари ҳақида, рўй берадиган ўзгаришлар ҳақида гапирар, Бухородаги режалари борасида сўзларди.
  – Амирлик ҳудудида болшевикларни тарғиб қилиш андак хавотирли,- дедилар Беҳбудий пролетарга юзланиб. Олимхон қўрқувга тушган деб эшитурмиз, манғитлар сулоласининг поёнига етишидан хавфи бор, дейишади. Шу боис рақиб излайдур,  ҳар қандай номақбул одамларни ўлдиришга фармон берадур. Меъёрни бузмоқ ножоиз...
   – Биз эса ўлимдан қўрқмаймиз! Шунинг учун ғалабага ишонамиз,- деди пролетар, тантанали оҳангда,- бизда буюк мақсад бор, баланд руҳ бор! Худо ҳаммани тенг қилиб  яратган, демак, биров дворян, бошқа бировнинг батрак бўлиб қолиши адолатдан эмас. Қонимизга ташна қилишди-ку, бу бойлар!
   Фомани тинглаш мароқли ва андак хавотирли ҳам эди.
   – Подшоҳларни ҳурмат қилиш керак,­- дедилар Маҳмудхўжа, нотиқ бир зум тин олгач.
  –Халқ қонини ичадиган подшоҳларни ҳамми,- истеҳзоли савол берди у. Худди ана шунинг учун ҳам   сизлар қолоқ ўлка бўлиб қолябсизлар! Дунёни ўзгартириш керак! Бошқа йўл йўқ! Туркистон мусулмонлари ҳам бизга қўшилишларига ишонаман!
   Устоз мунозараларга  мойил бўлган бу саркаш билан баҳсга киришишни хушламадилар. Лекин фурсат топиб, ён дафтарга: “Бу тоифага қўшулмоқ биз мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдур”,  деб ёзиб қўйдилар.
                                         *  *  *
    Туркистон халқларининг боши асрлар давомида  уруш ва низолардан чиқмай келгани Беҳбудийга сир эмас.  Ана шу нотинчликлар халқнинг тинкасини қуритганди. Аммо руслар келгандан кейин хунрезликлар ва вайронагарчиликлар жилла бўлсада барҳам топди. Аслида, халққа тинчлик таъминлаб берилса бас, қолганини ўзи яратади, деган қарорга келиб қўйган эдилар муфти ҳазратлари.  Россиядек қудратли мамлакатга эса ҳужум қилишга ҳамма ҳам журъат этолмайди.
   Аммо  янги шерикнинг монологидан  хавотирга тушдилар. Ҳукумат болшевикларни тинчитмаса, халқ бошига тағин кулфатлар тушишини ўйлаб қолдилар.
   Фоманинг бир кўзи ҳамон Анна томонда эди. Унга бот-бот қарашдан тап тортмас, қизнинг латофатидан тўйишга ошиқарди.
   Ҳамма суҳбатга киришиб кетган бўлса-да, биз “Бойвачча”  деб атаган киши индамайгина, лоқайд ўтирар, ҳатто Аннанинг жозибалари ҳам унинг эътиборини тортмаганлиги ғалати эди.. Аммо Фома, келажакда одамлар жуда бахтиёр бўлиши ҳақида сўзлаётганда лоқайдгина қилиб, “ Бўлмағур гаплар. Ўладиган дунёда ташвиш орттириш шартми, барибир ўлиб кетамиз” деб қўйди.
    Ўзаро мулоқотлардан тағин шу нарса  равшанлашдики, унинг отаси қоракўл тери савдоси билан шуғулланаркан ва падари бузрукворига эргашиб, Петербург, Ростов, Одесса сингари шаҳарларда бир неча бор бўлган экан. Айтганлари рост бўлса, Россияда бир муддат ўқиган, адабиёт, фалсафани дўст тутаркан. Суҳбат пайтида чўнтагидан карта чиқариб, атрофдагиларга “ўйнаймизми” дегандай кўз ташлади, аммо шерикларда хоҳиш кўрмагач, жойига солиб қўйди ва беихтиёр суҳбатга қўшилиб кетди. Маълум бўлишича, у  ҳозиргача уйланмаган ва бола-чақа орттириш ҳам ортиқча дахмаза деган хулосага келиб қўйганлардан экан.   Бойваччанинг қадимги юнон донишмандлари, рус адабиёти ҳақидаги мулоҳазалари ҳам унинг ҳазилакам одам эмаслигидан далолат берарди. Аммо шунга қарамай ва шу ёшдаёқ  лоқайд, ҳаётга бепарво қарайдиган бўлиб қолганлиги, сизга қараб худди “Мен бахтли, тўқ ва соғломман, бошқаларга ишим йўқ” дегандай туриши, ҳамма нарсага кесатиш, киноя билан қараши, ғийбатга мойиллиги Беҳбудий ҳазратларига ўтиришмади;  у Фома билан ҳаётнинг бебақолиги ҳақида баҳслашаётганда, сўзини бўлдилар.
 – Бундай фикрлар одамнинг ўзига ҳам атрофдагиларга  ҳам зарарли, дедилар.
  – Нимаси зарарли?- сўради у.
  – Худо берган мана шу тирикчилик, авлодлар яратган бойликлар, улар ёзган китоблар бари беҳуда нарса эмас. Инсонга жуда катта мақсад керак. Ва ана шу мақсад учун курашмоғи лозим. Бу дунёда ҳамма ўткинчи, бефойда деган хулоса ноўриндир, дедилар устоз. Айниқса сизнинг ёшингизда киши шундай фикр билан заҳарланиб қолса қўли боғланади, бундай кишилар пастки зиналарни босмай нарвоннинг учига чиққанга ўхшашади. Руҳсиз яшаб бўлмайди! Камина, ўзини осган кишиларни биламан: уларнинг бари умидсизлик ботқоғига ботиб, руҳи тушган одамлар эди.
 – Сиз китоб кўрган одамга ўхшайсиз. Хуш, мен ҳам мана бунга ўхшаб ( у Фома томон ишора қилди) дунёни ағдар-тўнтар қилишим керакми? Худо берганига қаноат қилмаслигим лозимми?
  – Инсон ҳаётнинг беҳудалиги, пучлиги ҳақидаги тўхтамга келдими, у шу ерда тин олади. Ўқимайди, ишламайди. Буларнинг бари беҳуда, деган фикр калласига ураверади. Бундай кишилар ўзгаларни ҳам заҳарлайдилар. Тушкунликка тушган одамдан кўра, кетмон урган, ариқ қазиган, мол боққан инсон чандон устун, бахтлидур.
  – Бу – қирқ ёшга етмай қариб қолган киборлар жамияти арзандаларининг фалсафаси, суҳбатга  қўшилди Фома, ҳаттоки дорга осишга ҳукм қилинган одам ҳам ҳаётдан умидини узмайди. Мен шахтада ишладим, каторгага тушдим, аммо келажакдан умидимни узганим йўқ: ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт саодати учун бўлмоғи керак! Шунинг учун курашаман! Бу қандай бедодлик: биров худонинг бандаси, биров бировнинг бандаси. Икки ҳолат ҳам мантиққа ва бизнинг  ғояларга зид. Ваҳоланки одамлар худони ноиложликдан ўйлаб топишган  ва мавжуд бўлмаган илоҳий куч инсониятни бахтиёр этиши мумкин эмас!
  – Қирол билан қаролнинг фарқи битта ҳарф,- жим ўтирмади суҳбатдоши ҳам. – Сиздан аввал ҳам одамларни бахтли қиламиз, камбағалларни бойга айлантирамиз, деганлар бўлган. Улар ҳам: “йўқолсин бойлар, яшасин йўқсиллар!” деб бақиришган. Аммо бу мантиққа зид-ку! Ўша йўқсил бахтли бўлиши учун худога сиғиниши ва қулоғини қимирлатмай, бойнинг хизматини қилишга мажбур, Бошқа йўл йўқ! Булар – беҳуда гаплар!
    – Маним назаримда, ҳаётнинг беҳудалиги, бебақолигига урғу берадиғонлар, ўзларининг эрта қариб қолганликлари, дангасаликларини хаспўйлаш учун шундоқ йўл тутишса керак,- дедилар Беҳбудий бигизвозликка чек қўйиш учун, бойваччага кўз ташлаб,- тирик одамнинг жисмоний уринишлардан, ҳаёт ва табиат олдида курашдан қўрқмоғи  худога ҳам, бандасига ҳам хуш келмайди. Зоҳидлик, таркидунёчиликни пайғамбаримиз ҳам хуш кўрмаганлар. Зеро, аксар пайғамбарлар  бирор касби-кор билан банд бўлган, уйланган, бола-чақа орттирган. Муддатидан анча олдин иссиқ чопонга ўралиб олмоқ  мардликдан эмас. Арқон ҳамиша ингичка жойидан узилади, душман қўрғоннинг омонат жойини излайди. Бундай кишилар алал оқибат, ҳаёт зарбаларига тоб беролмай хор бўладилар. Руҳ керак, руҳ!  Баланд руҳ! Ўзини отган, осган кишиларни биламан – улар руҳлари тушиб, умидсизликдан қўллари осилиб қолган, толеи паст бандалар эдилар!
   Сўнг нигоҳларини Фомага қададилар: “Бойларни йўқотиб, ҳаммани йўқсилга айлантириб қўйишдан худонинг ўзи асраган бўлсин!  Модомики миллионлаб одамлар минг йиллардан бери худога сиғинар, ундан нажот кутар эканлар, ана шу эътиқодга нописанд бўлиш ярамайди”.
   Поезд ҳамон иссиқдан қочиб, пишқирганича олдингга интилар, аммо тағин ҳам дим ва қайноқ иқлим қўйнига кириб борарди. Купедагилар безовталаниб, ойналарни каттароқ очишар, қўлларига тушган дафтар, китобни елпуғич қилиб олишганди.
   Темир йўл ёқаларида руслар яшайдиган қишлоқлар пайдо бўлганлиги янгилик эди, албатта. Рус хотинлар кир ёйишар, овқат пиширишар ва ўзларига хос рафторлар қилишарди.
  Ҳадемай Чўли Малик бошланди. Маҳмудхўжа бу саҳродан аввал ҳам ўтганларини хотирладилар. Биринчи бор Бухоро мадрасасига йўл олганда, тоғаси билан дадаси туя карвони билан жўнатишганди. Таниш савдогарга  қайта-қайта илтимос қилиб, мадрасага элтиб, фалон мударриснинг қўлига топширишни сўрашганди. Карвон ўрнидан жилганда, ҳали ўсмир Маҳмудхўжа йиғлаганини эслади. Ҳалиги савдогар амаки буни сезиб қолиб,  насиҳат қилганди. “ Хафа бўлма чироғим, худога шукур қил. Ўқиган одам хор бўлмайди. Хадисларда ҳам шундай деб ёзилган.”  Туялар узоқ йўл босгандан кейин қақроқ саҳродаги сардоба олдида тўхташгани ёдида. Одамлар ҳам, туялар ҳам шовқин солиб сарғайиб кетган сувни ичишар, чўллаган паррандалар кўлмакчаларга ёпирилишарди.”Келиб қолдик, ҳов ана Вобкент минораси”, деди туякашлардан бири. Жуда узоқда минора мезанаси элас-элас кўзга ташланганди. Шундан кейин Маҳмудхўжа ҳар бор  ўтганда ташна нигоҳлари билан Вобкент минорасини излайдиган ва унга кўзлари тушиши билан дилда қониқиш пайдо бўлганини ҳис этадиган бўлгандилар.
   Кейинлари  бир неча бор поезд билан Тбилисига бориб келдилар: “Ойна” журналини шу ердаги цензурадан ўтказиб туриш талаб этиларди. Ҳар гал Вобкентга тушиб, минорани томоша қилгилари келар, аммо имкон, вақт тополмасдилар.
  Саҳрони иккига бўлиб, олдингга интилаётган поезд чийиллаб давомли  ва андак таҳликали ҳуштак чалди. Кейин юриши секинлашиб, охир-оқибат тўхтади. Йўловчилар бир-бирларига савол назари билан қарашар ва жавобан елка қисишарди. Бу қақроқ ва қайноқ саҳрода тўхташ талай йўловчилар дилида зоҳирий хавотир ҳам ўйғотганди. Бирин-кетин вагондан тушишди, бошқа купедагилар ҳам кўзга ташландилар. Улар орасида башанг кийинган рус зиёлилари, арманлар, ҳатто ўзига зеб берган хонимлар билан бирга бир- ярим мусулмонларни ҳам кўриш мумкин эди.  
   – Йўл берк,- деди ҳаммадан олдин пастга  тушган саркаш болшевик, сайғоқлар ўтяпти...
  Дарҳақиқат, темир йўлни кесиб,  сайғоқлар подаси ўтаётган эди. Беҳбудий бу саҳродан ўтишда сайғоқдан ташқари оҳу,  буғу, кийик галаларини ҳам кўргандилар, аммо бундай улкан тўдани  учратмагандилар. Улар бир- бирларини уриб суриб, темир йўл устидан сакрашар ва сурувнинг охири узоқ-узоқларга чўзилганди.
   –Устидан бостириб ҳайдаш керак,- деди кимдир андак жаҳл билан.
    – Бўлмайди: поезд ағдарилиб кетиши мумкин,- деди бошқаси. 
    – Бизнинг томонларда тўнғиз билан ёввойи эчки кўпайиб кетган,- давом этди,  тағин суҳбатдоши,- уларнинг дастидан экин қилиб бўлмайди, деворларни ҳам бузиб, бир кечада барини хоку туроб қилиб кетябди, савил қолгурлар. Ҳукумат тўнғизни ҳам, ёввойи эчкини ҳам, мана бу сайғоқларни ҳам камайтириш чорасини кўрмаса бўлмайди. Шу йилларга келиб, бўри ҳам кўпайди. Қизталоқлар, мана бу зараркунандаларни овламай, қўйларимизни бўғизлаб кетяпти.
  Беҳбудийнинг диққат-эътиборлари эса боядан бери бошқа томонда эди: у киши уфқларга диққат билан термулиб, интиқ бир нигоҳ ила Вобкент минорасини излардилар. Иссиқдан ҳаво жимирлаб, еру осмон орасида денгизга ўхшаш манзара ( эҳтимол, саробдир) яратилганлиги сабаб ҳеч нимарсани кўриб бўлмасди.
   Поездга қайтишда Фома эҳтиром билан у кишининг қўлидан тутиб, мадад кўрсатган бўлди ва савол берди.
  – Сиз ҳам дворянлардан, шекилли а, ҳурматли зот?
  – Ҳа. Мен ҳам ўзимга тўқ кишиман. Дарё бўйида мулким, ерларим бор. Аммо сиз назарда тутган бойлардан фарқим шундаки, топганимни мактаб- маорифга сарфлайман.  Болаларга таълим бераман.
  – Бепулми?
  – Албатта, бепул.
  – Бизнинг уездда ҳам бир савдогар  ўз ҳисобидан черков қурган эди. Муштипар онам билан бориб, шам ёқиб келган эдик.
  – Онангиз ҳаётми?
  – Билмайман. Каторгадан чиққандан кейин қайтиб бормадим.Илтимос, мени “сен” денг. Ноқулай...
  – Сабабини билсак бўладими?
 – Нимани? Қамоққа тушганимними?
  – Ҳаммасини..
 – Мен Фролов деган бойнинг отларини боқардим. У княз авлодларидан эди. Отлари, асосан орлов йўрғалари зотидан  бўлиб, кундузи уларга ем берардим, навбатма-навбат совутиб келардим, суғорардим. Кечаси шу отхонада ётардим.
  – Хуш, кейинчи,-тергаб қўйдилар, тақсир.
  – Менинг қўлимдан кўп нарса келади. Михайловкамизда отни мендан яхши тақалайдиганни топиш мушкул эди. Шундай отнинг оёғини икки оёғим орасига олиб, тақалаб ташлардим, жониворнинг ўзи ҳам билмай қоларди. Бундан ташқари,  буқаларни бичаман, дарахт пайвандлайман, чўт қоқишнинг ҳам кифтини келтираман.
 – Бисёр хўп.
 – Бир кун отхонага  ўзим тенги бола келиб қолди. “Менга тақалашни ўргат, истаганингча арақ олиб келаман” деди. Мен кўндим. Иккинчи куни роса ичдик. Мен учиб қолибман. Эрталаб турсам, отхона бўм-бўш на отлар бор ва на ҳалиги бола. Маълум бўлдики, у от ўғриларининг шериги экан. Кечаси ярим тунда занжирни очиб, шерикларини киритибди. Ишбоши билан Фролов мени роса сўкишди, дарахтга боғлаб қамчилашди , аммо ҳарчанд қилишса-да, отларнинг дарагини топишолмади. Суд мени ўн йилга каторгага сургун қилди. У ерда дарахт кесдим, қурилишда ишладим.
  – Кейинчи...
 – Дилимда бир орзу пайдо бўлди. Биз ҳар куни соқчилар қуршовида ўрмонга кетишда, бир қишлоқдан ўтардик. Мусулмон оиласи яшайдиган бир хонадонга суқ билан қараб ўтардим.  Эрталаб бутун оила рўзғор ишларига ёпишган: эркаклар ўтин ёрган, олов ёққан, сув ташиган; аёллар эшик олдини супурган, сигир соққан, стол безаган бўлишарди. Кечқурун қайтишимизда ўзгача манзарани кўрардим: иссиқ, ёруғ уйда эр-хотин, болалар билан бирга  стол атрофида чол-кампир ҳам мамнунгина бўлиб ўтиришарди. Худо ҳақи,  уларга ҳавасим келарди. Шундай уй-жойим бўлса, болаларимни яхши ўқитсам, кийинтирсам, хотиним билан меҳрибон бўлсам, ота-онамни тўрга ўтқазиб қўйиб, баримиз уларнинг ўгитларини тингласак, риоя қилсак, дердим.  Кексайиб қолганимда эса, шу чол-кампирдай ёруғ, иссиқ хоналарда беармон яшашни орзу қилардим. Эҳ, нимасини айтасиз, совуқ ва сассиқ баракларда ётсанг, кейин соқчиларнинг дўқ-пўписаси остида, тиззагача қор ёки лой кечиб, дарахт ағанатсанг...Тунда, зим-зиё қоронғуда пароходга кўмир юклатишарди. Кейин бизни Сахалинга кўчиришди. Эҳ, у  жойларнинг совуқ бўронларини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Ҳайвонларча қўрс муомала, нодонлик, бераҳмлик, жаҳолат...Инсонни эзиб юборадиган бундай ҳаётдан безмай бўладими?! Барига бойлар сабаб, дейишарди. Кейин, ўзим ҳам шунга ишонч ҳосил қилдим.
   Аммо у ердан чиққанимдан кейин  Россия бўйлаб сарсон-саргардонликда кезиб, бир парча замин тополмадим . Очофат бойлар барини эгаллаб олган эдилар.  Кейин меҳрибон, ҳамфикр дўстларни эса қовоқхоналардан, ертўлалардаги клублардан топдим.  Ишчи социал-демократлар мен ўз сафларига қабул қилишди. “Помешчикларни йўқотамиз, ерларни ҳаммага баравар тақсимлаб берамиз” дейишди. Улар кўзимни очишди. Дарҳақиқат, қаёққа қараманг, ҳамма жойда қашшоқлик, мунофиқлик, мастлик. Лекин худди шундай бўлиши керакдек, бунга ҳамма лоқайд қарайди, ана шу тубанликнинг  иштирокчисига айланади. Бир ҳовуч бойлар фароғатда яшаши учун, бахтсиз кимсалар лой, қор кечиб, оч яланғоч  яшашлари таомилга айланиб қолганга ўхшайди. Ақлимни таниганимдан буён уларнинг давомли уқубатидан бошқа  нарса кўрмадим.  Бунга қарши ким курашади? Нега энди менинг умрим совурилди, аммо ҳозиргача бир парча ерим, кулбам йўқ?! Бунга ким жавоб беради? Худо ҳам, подшо ҳам бунга гувоҳ-ку...
   Орага мавҳум жимлик чўкди. Уни Беҳбудий буздилар.
 – Биласизми, Фома! Ҳозир сизга бир гап айтаман. Дарров жавоб  қайтарманг. Аввал ўйлаб олинг.
 – Эшитаман.
 – Сизга ер бераман. Дарё соҳилидан.  Ана шу бекорчи жойдан бир неча кишига ер берганман, уй-жой қилишди. Бу уйларда бола-чақадан тортиб, чол-кампиргача бахтли яшашмоқда. Уларнинг ҳам бирови тақа уради, бошқаси ниҳол пайвандлайди ва ҳакозо. Сиз ҳам келинг, бўталоғим. Уй қуришга ҳам, уйланишга ҳам кўмаклашаман. Сизга ҳеч кимнинг иш бўлмайди, бунга кафолат бераман. Йўқ, деманг. Кексайганда набираларга насиҳат бериб ўтирасиз...
  – Йўқ,- дарҳол жавоб берди у. Эътиқодимдан, буюк мақсадимдан ҳеч қачон қайтмайман! Қасам ичганман!
  Орага тағин жимлик чўкди. Фома бу гал жилла  ҳижолатомуз оҳангда давом этди.
   – Сиз яхши одам экансиз. Сиздай хушфел кишини учратмаган эдим. Аммо фақат ўзимни ўйласам, худбинлик бўлади-ку. Бошқаларчи?!
   – Афсус! Ундай бўлса, ихтиёр ўзингизда! Зоримиз бор, зўримиз йўқ.
     Сайғоқлар подаси охирлаб қолиши билан йўловчилар яна аллақандай хавотир, саросима аралаш вагонлар томон шошилдилар ва уларнинг бир қисми дафъатан қадамларини сусайтириб, ниманидир томоша қилабошлашди. Йўловчиларнинг қаршисида эса, ўзи билмаган ҳолда бутун табиий тароватини намойиш қилиб, ўша  нозанин Анна турган эди. Шуниси ғалатики, бу сулув муъжизага ташналик билан боқаётганлар орасида кексалар, аёллар ҳам бор эди. 
    – Анна, ичкарига кир, тез бўл,- койиб берди дадаси.
    Поезд ўрнидан жилди.
    Улар алламаҳалгача сукут сақлаб кетишди; бу сукунатни фақат релсларнинг бир маромда тақирлаши бузарди. Суҳбатга камдан-кам аралашиб келаётган  яҳудий ногаҳонда купедагиларга  пулнинг қадри тушиб кетаётганидан шикоят қилди ва бундай шароитда сармояни ҳукумат банкларида сақламоқ энг маъқул   восита эканлигига урғу берди; аниқроғи, ана шу фикрга атрофдагиларнинг муносабатини билмоқчи бўлди. Бойвачча эътироз билдирди.
  – Давлат тўнтарилишига ўхшаш ҳол рўй берса, бутун умр давомида йиққанинг кўкка совурилади.
    Россиядек қудратли мамлакатда ундай ҳол рўй бериши мумкин эмас!
   – Жуда ҳам мумкин,- қўшилмади пролетар. Биз кўпчиликмиз, мустаҳкам эътиқодга эгамиз.
  Бу кескин жавоб вазиятни чигаллаштирди. Бойвачча деганимиз гап ўзанини бошқа томонга бурди: аниқроғи, ногаҳонда яҳудийга мурожаат қилди.
    Сизнинг халқингиз жуда доно. Улар умрлари давомида орттирган пулларига тилло олиб қўядилар, “қизилча” эса ҳамма замонларда ҳам қадр- қийматини йўқотмаган. Ҳатто давлат тўнтарилиши, уруш бўлганда ҳам олтиннинг қадри пастга тушмайди. Тағин  иккинчи йўли: судхўрлик қилиш. Биринг икки  бўлиб қайтиши аниқ.
   Шундай мулоҳазаларни гапириб, у Маҳмудхўжага юзланди.
   У киши бир дақиқалик сукутдан кейин дедилар: “ Мани назаримда сармояни фарзандлар истиқболига сарфлаш жоиз. Уларни яхши мактабларда ўқитмоқ, таҳсил бермоқ учун доно муаллимларни ёлламоқ ва маблағни шу мақсадда сарфламоқ лозим.  Шунда сарф харажатингиз катта  фоиз билан қайтмоғига кафилдурман. Бу йўл фақат фарзандингиз, ўзингизгамас, халқингиз, миллатингизга  ҳам наф келтирур. Худо хоҳласа, Туркистонимиздан солиҳ фарзандлар: олимлар, адиблар, санъаткорлар етишиб чиқурлар! Мантиқ шуни тақозо қилур...
   Дастлаб суҳбатдан ўзини тортиб, зум бўлиб турган яҳудий,   Беҳбудийнинг қарашларини маъқуллади.
   – Тўғри! Тўғри! Ўзим ҳам топганимни ўғлим билан қизимга сарфлайдиган бўлиб қолганман. Бир куни  қариб,  кучдан қолсам, суянчиғим бўлишар... Ўғлим Петербургдаги юридика факултетида ўқияпти. Уч йил ўша ёққа қатнадим, кучли репетиторлар топиб, айтганини бердим. Хотиним ижарага уй олиб, бир йил Петербургда яшади. Аннани ( у қизи томон имлади) Самарқанддаги қизлар гимназиясига қўйганман. Ҳар ой  Маридан келиб, хабар олиб кетаман, қўлига пул бераман.  Иккинчи курсни битирди, аълода ўқийди, французчани равон гапиради.Таътилга чиққандан кейин Каттақўрғонда яшайдиган опам уйига олиб келган; энди Марига қайтяпмиз.
  Беҳбудий ҳазратларининг қизлари Парвин ҳам шу гимназияни битирганди, ўғил эса ўқияпти. Парвин француз, рус тилларини мукаммал ўрганди, Масъудхўжанинг ҳам ўқиши тузук. Аммо, булар билан қониқиб бўлмади, аниқроғи, бора-бора одамлардан ҳижолат чекадиган бўлдилар. Боиси: руслар дастлаб шаҳарда гимназия ва ерли аҳоли учун саноқли рус-тузем мактаблари очишдию, кейин бу ишни давом эттиришмади. Асосий аҳоли эса атроф қишлоқларда яшарди. Энг муҳими, гимназияда ҳам, рус-тузем мактабларида ҳам уларнинг тили билан айтганда,”сартлар”нинг тарихи, урф-одатлари, маънавияти ҳисобга олинмаганди. Тараққийпарвар  одамлар, ҳукумат туркистонликларни  саводли қилишга хоҳишманд эмаслигини тушуниб етишди.  Буларнинг бари жадид мактаблари очишни тақозо этарди. Биринчи бўлиб Ражабамин қишлоғида Шакурий домла мактаб очдилар. Беҳбудий ўша куниёқ етиб бордилар, муборакбод этдилар, мадад кўрсатдилар, дарсликлар тайёрлаб берадиган бўлдилар. Кейин Ҳалвойида Сиддиқий Ажзийнинг жадид мактаби иш бошлади. Шулардан сўнг муаллимнинг ўзлари ҳам Жомбойда иккита мактабга асос солдилар. Бу ташаббус ўлка бўйлаб тарқалди, Тошкентда Абдулла Авлоний, Фарғонада Ҳамза Хакимзода сингари маърифат соҳибларининг  мактаблари илмга ташна болаларга сабоқ беришни бошлаб юборди. Жадид   мактаблари рус-тузем мактаблари ёки гимназияга нисбатан  анча миллий эди, дарслар асосан туркий (қисман форсий) тилда ўтар, дунёвий фанлар билан бирга диний таълим ҳам жорий этилганди.
    Табиийки, хайрихоҳлар ҳам, рақиблар ҳам юз кўрсатиб қолдилар. Янги усул мактаблари асосчиларини ҳукумат “пантуркистлар”; уламолар эса “кофирлар” деб атайбошлади.  
                                                       2
  
   Поезд тағин қулоқни қоматга келтириб  қичқирди: паровоз Когонга яқинлашиб қолган эди. Анчайин иккиланишлар, хавотирлардан кейин, тақсиримизда Бухорога тушиш,   дўстларни кўриб кетиш;  Фитрат, Мулло Бақо, Обид қориларни учратиш; уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш; азиз жойлар ва айниқса,  Минори калонни томоша қилиш истаги устун келди.
  Бекатда поезд вишиллаб тўхташи билан,  “ Ана, оби яхдак! Ана, оби яхдак!”  (Мана муздай сув)  деб бақиришганича, мешкоб кўтарган ўсмирлар  ёпирилиб келдилар. Улар яктак кийиб, белини боғлаган, салла ўраган ва бари ялангоёқ эди.  Поезддан  тушмаёқ, кишининг кўзига, қашшоқлик, ифлослик, жаҳолат ўзини намоён қилиб турар, дилни хуфтон этарди; атрофда, қўлингга оч эчкидай термуладиган тиланчи ва гадолар сероб эдилар. Паранжига ўралган аёллар тупроқ устига ўтириб, турли егуликлар сотишарди.  Буларнинг бари кишида нохуш дилгирлик ўйғотар, таъбини хира қиларди.
    Муфти жаноблари, ўзи ҳам, оти ҳам қоқсуяк бўлиб кетган кекса бир файтунчидан Кулолон маҳалласига олиб боришни сўрадилар. Мазкур маҳаллада, бундан ўн тўрт йил муқаддам Байтуллоҳ сафарида  ҳамроҳ бўлган Мулло Бақо яшарди. Бу ориф инсоннинг хонадонида эса кўп бор меҳмон бўлгандилар.
   Файтун жойидан жилиб, андак йўл юргач, аввалги фикрдан қайтдилар.
   - Аввал Минори калонни кўрайлик.
   Файтунчи отни беихтиёр айтилган томонга бурди.
   Беҳбудий ҳар гал Бухорога қадам ранжида қилганларида, бу салобатли минорани  кўрмай кетмасдилар. Кўп ҳолларда, уни соғинар ва қумсардилар ҳам. Бу гал ҳам шундай бўлди. Минора эса, одатдагидек бор маҳобатини намойиш қилиб турар, боболар қудратини кўз-кўз этарди. Бу улуғворлик ва умрбоқийлик наздида инсон ўзини хору хасдек ожиз сезарди. Зеро “маҳобат” деган каломнинг ўзи бу пурвиқор санъат таърифига камлик қиларди. У боқий салобат, пурвиқор обида, беқиёс мўъжиза ҳам эди. Минг йиллар давомида зилзилалар, қор ёмғирлар, бақаламўн сиёсатлар унга тариқча ҳам таъсир этмаганлиги ҳайратли эди. Тағин ҳайратомуз бир синоатни ҳис этардилар у киши; ана шу  беқиёс ҳайбатни зиёрат қилгач, ўзларини тағин улуғворроқ, қудратлироқ бўлгандай ҳис этардилар, кўнгилда буюк мақсадлар ниш урган бўларди.   Аҳмад Донишнинг: “Ҳамма нарса вақтдан қўрқади, аммо вақт ҳам Минори калондан қўрқади”, деган гапини эсладилар; ҳаяжон ила бошларини сарак-сарак тебратиб, минора мезанасига узоқ тикилиб қолдилар ва файтунчини  таажжубга солиб,  обидани қучмоқчи бўлдилар.
  Инсон тафаккурига сиғмайдиган, башариятни лол қолдириб, асрдан асрга бемалол ҳатлайверадиган  бебаҳо ёдгорликларни  бунёд этган боболарга раҳматлар ёғилсин, раҳматлар!
   Самарқанддан жадидлар сарвари ташриф буюрганини эшитиб, Мулло Бақонинг уйига бир зумда, бухороликлар учун эрку саодат сароби бўлиб туюлган маърифатпарвар кишилар тўпландилар. Булар орасида  Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Обиджон қори,“Ёш бухороликлар” уюшмасининг бир неча аъзолари бор эдилар.  Ҳамфикр дўстларнинг сиёсат, маърифат, иқтисод ҳақидаги баҳс мунозаралари авж олиб кетди. Улуғ бўлсанг, улуғларни улуғла, деганларидек, марҳум ва беназир Аҳмад Дониш номини қайта-қайта тилга олишди, у кишини “мислсиз хотира соҳиби эдилар” деб тарифлашди, китобларидаги нодир фикрларни такрорлашди.
   – Аҳмад Дониш, энг бирламчиси – ақл, деб ёзадилар,- деди Садриддин Айний,- у киши  амирзодаларни, айнан ақлсизликда айблайдилар. Амирнинг император билан суҳбатига Аҳмад Дониш таржимонлик қилганлар ва амир одамларида, айнан ақл етишмаслигига урғу берганлар.
   Муаллими калон вазминлик билан гап бошладилар: 
    – Подшолар, одатан истеъдод соҳибларни ёнга олмоққа, сарой кишисига айлантирмоққа мойил бўлурлар, локинда ҳақиқий худодод банда саройдан йироқроқ туришни афзал  билур. Ҳукмфармо бўлса, ўша қалам соҳибидан хавотир ва шубҳа қилиб юрадур, назорат этадур. Боиси, шоир ўз замонасининг мухолифи эканлиғини  ҳис этадур. Замон соҳиби бўлғон Бобур ёзадилар: “Ким кўрубдур, эй кангул бу замондин яхшилик”  Чунки замон ва ҳукумат  жоҳил миршабларга таянадур. Камина Бухорои шарифга қадам қўйуб,  авваламбор қашшоқлик, ночорлик кўрдум. Бу, бисёр адолатсизликдур.   Бухорои шарифда янги мактаблар очмоқ, газет ва жаридалар  чиқармоқдан   чўчимоқ ножоиз. Буни фурсат тақозо этур. Зеро боре ночорликлар ва бахтиқароликларни енгмоқ учун, аввало маърифат ва тамаддун зарурдир.
    – Амир батамом ҳаддан ошди,- илиб кетди Мулло Бақо, ҳаттоки фарзандини  янги мактабга берган, газета ўқийдурғон бегуноҳларни  ҳам ҳукми қатл этмоқда, дийдоринг қурғур!
   Айний уни маъқуллаб, Регистонда ҳар куни ўнлаб бегуноҳлар қатл этилаётганини анчайин тафсилотлари билан гапириб берди.
      Иби, о амирни куни битди, давом эттирди Обидхон қори, шаҳарда русларнинг якчанд банклари очилди, Эмди  Бухоро тангаси жойига аларнинг пули амал қилобди. Ўриснинг бойлари Бухоро атрофидан бисёр мулк харид қилмоқдалар;  темир йўл бўйларида  қишлоқлар пайдо қилдилар.
   Фитрат руслар учун халақит берадиган фақат амир қолганлигини таъкидладилар.
   Ғиждувон, Шофирконда халқ ғалаёнлари бошланганини,  амир уларнинг қўлга тушганини, ўлимга ҳукм этаётганлигини гапиришди.
   – Ягона умидимиз Руссиядан деб юрур эдик, аммо ҳозир ул юртнинг ўзида ҳам нотинчликка ўхшайдур,- илиб кетди Обиджон қори, болшавойлар подшони ағдарамиз, деб бел боғлашган кўринишади. Николай пошшо ҳам бизнинг амирга ўхшаб, нима бўлса ҳамки, тахтни сақлаб қолмоқ ташвишида. Лекин ҳокимиятга болшевиклар келса, амирни қўйишмайди.
  – Хуш, борингки, шундоқ бўлганда, аҳли улуснинг тириклик тарзи тузук бўлармиди,- қизиқдилар меҳмон. –Умуман мардум нима истайдур, анинг ҳоҳиши надур?
  – Икки томондан ҳам на умид ва на ишонч бор  Амир солиқ ва ўлпонларни йил сайин кўп қилиб, зулмни оширябди,-деди суҳбатдошлардан бири, лекин руслардан ҳам ҳозиргача рўшнолик кўрмадик.
    Ҳадемай машшоқлар ҳам етиб келишди, шикаста оҳанглар остида пиёлаларга шароблар қуйилди. Жиддий гапу гуфтор ўрнини умидвор хандалар эгалади. Танбўрчи созни жўр қилиб олгач, “Гулузорим”ни бошлаб юборди. Ихчам саллалар бир маромда, оҳиста сарак-сарак тебранабошлади.
  “Ки, хазон фаслидаги япроқ ила тенг ўлмишам...”
  Худди шу нуқтадаги авжда даврадагилар ҳам якдил жўр бўлдилар. Бечора улуснинг  ночорлиги, маърифатсизлиги; зулм ва истибдод, қўйингки, жаъми ғам-ғуссалар бир зум бўлса ҳамки унут бўлди, дилларига таърифлаб бўлмайдиган нури мунаввар, саркаш орзулар ва  ширин туйғулар ёпирилиб кирган эди!
     Шундай боқий, ғазал ва  сеҳрли оҳангларни яратган, мерос қилиб қолдирган боболарга шарафлар ёғилсин, шарафлар!
                                      *  *  *
    Эртаси шаҳар кезадиган бўлишди.
   Аммо кечаси у кишининг уйқуси қочди – қаламкашлар суҳбати дилидаги ижодий ниятларни жунбушга келтирган эди.  Туркистонда театр санъати  энди тараққий этиб кетади, бунинг учун пойдевор яратилди: драматурглар ҳам, уни саҳнада ижро этабиладиганлар ҳам пайдо бўлдилар. Катта асарларга қўл уриш керак! Рус ва жаҳон ёзувчилари, бугунги инсонлар характерини моҳирлик билан яратиб, жамиятни ўзгартиришаётганидек, Туркистонда ҳам забардаст романнавислар зарур; даврнинг  энг муҳим муаммоларни кўтариб чиқадиган вақт етиб келди.  Кўнглида эса тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқ прототипи ўрнашиб олган эди. У кишининг қозилик фаолиятидан ҳам хўжалик юритиш, боғбонликдаги рафторлари  ибратли бўлиб кўринарди  назарида. “ Маҳмудхон (у киши шундай деб мурожаат этарди) мана бу ҳовучимдаги тупроққа қаранг, жавдар ноннинг ушоқларига ўхшайди. Кўп юртларда бўлдим: тупроқлари шўрланган, ботқоқлашган, қашшоқлашган, сертош, қумоқ, совуқ... Бизни тупроққа чўпни қададингми, албатта униб чиқади. Бу – худонинг инояти. Соҳиби қалам бўлиб етишсангиз, одамларга бу ҳақиқатни тушунтиринг. Тирноқнинг юзидай жойдан бир бурда нон берадиган бошоқ униб чиқиши маъжиза; бу тупроқни хор қилган, хор бўлади, боғ-роғларни кўпайтирмасак, уволга қолиб кетамиз”! Сиёб ариғига бораверишдаги қияликда бир шохи балхи, иккинчиси марвартак бўлган катта тут дарахти бўларди.  Бир замонлар тоғаси ўтқазган ва  пайвандлаганини биларди.  Дарё тошган йили жарлик пайдо бўлиб, дарахт илдизининг ярми яланғочланиб қолганди. Бир  қараганда, бу илдизлар ярми ерга суқилган катта-катта савзиларга ўхшаб кетар, баъзида  эса тупроқ тирнаётган, аниқроғи уруқ қадаётган  деҳқоннинг дастпанжаларини эслатарди. Ёдида: бир куни бу ерга, ҳукумат вакиллари: мингбоши билан оқсоқол келишди. Қози уларга эҳтиромлар кўрсатди.
  –Губернатор ҳазратлари пахта бирла пиллани кўпайтирмоқ учун қарор чиқардилар,-деди мингбоши. Барча  волост, уезд раҳбарларига топшириқ бўлди: бирор десятина ер бекор қолмасин, дейилди.
   Муборак бўлсин! Муборак!
  – Эмди шу тутингизни баргини берурсиз, қурт марвартакни истамайдур, ижозат бўлса, фақат балхини кесурмиз.
 – Ҳукумат шуни хоҳиш қилган бўлса, монелик қилмасмиз, деди  тоғаси, аммо истайдурманки, юқори шохларини уришса, пасти кўпнинг насибасидур. 
  Мингбоши билан оқсоқол рози бўлишди.
 – Аммо истаклар бор эрди ва уларни жаноб губернаторга ёдовар қилсаларинг. Камина ул зоти олийнинг қабулларида бўлганим эрдим ва илтимос қилиб эрдимки, Зарафшонга тўғон тикланса ва сув тақсимланса. Бундан ҳукумат бисёр наф кўрур: экинзорлар кўпаюр ва дарё тошиб, борлиқни вайрон этмас. Сув балосидан зириллаб қолғонмиз. Абрамов зоти олийлари ёзиб олғон эрдилар ва маъқул кўрғон эрдилар. Дағе бир хоҳиш: амирлик замонида вақф ерларидан, заминдорлардан солиқ олмас эрдилар. Ҳозир ҳаммани солиққа тортибдурлар, боз анинг  миқдори йил сайин ошиб борур, бу андак  нохуш ҳолдур.
   Одатда бундай ҳолларда ҳукумат кишилари ўзларини қандай тутишни яхши билишади. Улар ҳукумат сиёсатини ётиғи билан қўллаш баробаринда, хусусан,   зиёлиларни ранжитмаслик йўлидан боришади. Мингбоши, ҳукумат қарорига  биноан вақфга ва аҳоли эҳтиёжи учун ажратилган ерлар миқдорини тилга олди. Талайгина рақамларни санаб, ҳукуматнинг ғамхўрликларини  исботлашга ҳаракат қилди.
    – Одатан ва ҳамма замонларда ҳам ҳукумат амалдорлари яланғоч рақамларга қараб хулоса ясайдурлар, камина бўлсам, одамлар бирла мулоқот қилиб, кўз бирла кўриб,  бир тўхтамга келурман,- дедилар қози.
    Кейин мезбон уларни боққа олиб  кирган эдилар. “Мана бу қатор кета- кетгунча ўзимизнинг яхак олма, у қатор наманган олмаси, буёққа ўтсак, русларнинг антоновкаси...”    Бу орада карт устида кўрпача тўшашди, дастурхонга оппоқ бўлиб пишадиган ва хушбўй ҳид тарададиган моҳтоби ўриги, қирмизак олмаси қўйишди. “Меванинг фақат таъми эмас, ранги, ҳиди ҳам одамларнинг диққатини тортиши лозим,”  деди тоғаси. Меҳмонлар мамнун бўлишди.
  Бу боғни кўрган одам мақтар, боғбонга ҳамду сано ўқир,  шундай дарахтзор эгаси бўлишни орзу қиларди. Лекин  бу яшил олам қанчалик меҳнат ва уқубат эвазига шу ҳолга келганлигини; олма, ўрик, гилосларнинг шафақранг бўёқлари, асалдек ширин таъми, кўзни  қувонтирадиган ранглари тагида оғир меҳнат, асабийлик ётганлигини; боғни боқсанг, боғ бўлади, деган нақлнинг нақадар ҳақлигини  ёш Маҳмудхўжа  ўшандаёқ обдон ҳис этган эди.
    Эрта баҳорда дарахтлар гулга кирганда, саҳарлаб похол ёқиш мавсуми бошланарди. Хизматкорлар туни билан ухламай, боғ жўякларига похол, хас хашак, ҳўл ўтин ёйиб чиқишарди. Кейин уларни ёқишарди ва зум ўтмай атрофни қуюқ тутун босарди. Тоғасининг жарангдор ва асабий овози боғнинг гоҳида  у чеккасидан, гоҳида бу чеккасидан янграб турарди. “Девкор, қаёққа йўқолдинг, мана бу ерга ким похол тўшайди”. “Шамол қаёқдан эсябди, шамол”... “Ҳамманг лакаловсанлар” Тутун орасида одамлар кўринмас, аммо уларнинг йўталлари эшитилиб турарди. Бу ҳол қуёш икки-уч қулоч кўтарилгунча давом этар, кейин тоғаси файтунга миниб қозихонага жўнарди. Бошқалар ҳам эркинликни ҳис қилиб, ўзгача бир ҳаловат билан тин олишарди. Бу тадбир гулларни совуқ урмаслиги учун қилинишини ҳамма ҳам тушунмасди. Аммо атрофдаги боғларда ҳосил бўлмаганда ҳам, бу ерда мева сероб бўлишига ишонч ҳосил қилишарди. Орадан нақ йигирма кун ўтгач, тоға  дафтарига қараб, дори сепиш вақти келганлигини айтарди. Хизматчилар бир қопча қуритилган нос тамаки баргини катта қозонга солиб, роса қайнатишарди ва у совигач, дарахтларга пуркашарди. Аваллари супурги билан сачратиб чиқишарди, кейин тоғасинингг буюртмаси билан савдогарлар Россиядан насос олиб келишди. Бир киши муттасил дам бериб турар, иккинчиси эса дарахтларга  заҳарли аралашмани  сепарди: у бирайўла ўсимлик битлари ва мева қуртларига қирон келтирарди. Орадан йигирма кун ўтгач, фақат олма билан нокка сепишарди. Бу боғда  мева зараркунандага ем бўлмасди. Тоға ниҳол пайвандлаш, новда чилпишнинг ҳам кифтини келтирар, бошқаларга ҳам эринмай ўргатарди. Ёзнинг охирида ниҳолларни пайвандлаш, қиш давоми новдаларни чилпиш, яхоб оқизиш ишлари машаққатли эди.
   Мева йиғим-терими пайтида ҳам тоғаси боғда бўлар, одамлар ундан  зириллаб туришарди. Боғнинг бош қисмига буйра тўшалиб,   унинг устига мевалар алоҳи-алоҳида қилиб уюларди. Турли навдаги  нок, ўрик ва олма навлари уюлгач, савдогарлар пайдо бўлишарди.
  Тоғанинг ёмон кўргани – тавушқон яъни ёввойи қуён билан эчки эди. Четан даворни ҳарқанча мустаҳкамлашмасин, улар кириб, дарахт пўстлоғини кемириб қўйишарди. Бу ҳолдан тоғаси тутақиб кетарди ва қоровул ҳам Ҳайдар девкор ҳам роса гап эшитарди.
    Муҳаммад Сиддиқ қозиликдан кетгандан кейин, батамом боққа боғланиб қолди, у тўйларга ҳам, мачитга ҳам кам борар, чойхонага умуман чиқмас, дарахтзорда эса юмуш ҳамиша  топиларди.
  Боғ ва боғбон ҳақида китоб ёзиш фикри Маҳмудхўжанинг миясига Чеховнинг “Қора монах” ҳикоясини ўқигандан кейин пайдо бўлганди.  Кекса боғбон Егор Семёновичнинг  бахти ҳам бахтсизлиги ҳам  у яратган боғ туфайли эканлигини ёзувчи баланд истеъдод билан тасвирлаганди ва Маҳмудхўжанинг адибга ҳам, бош қаҳрамонга ҳам  ҳаваси келганди.
     Ўзи ёзадиган китоб, камида роман бўлиши, тоғасининг бойитилган, йиғма образи яратилиши ва ундаги асосий ғоя Туркистонни боғ-роғларга ўраш ва буни халқ онгига синдириш эди. Ҳарқалай, пахтадан кўра боғ-роғнинг афзаллигини исботлаш ва  ўзбек романчилигини бошлаб бериш эди. Аммо “Самарқанд” газетаси, “Ойна” журналини чиқариш, янги нашриёт ҳамда кутубхона ишини йўлга  қўйиш учун жуда кўп вақт, куч-қувват, маблағ  керак эди. Кейинги вақтларда асаб касаллиги сабаб,  тунларни уйқусиз ўтказарди; кўнгли хотиржам кайфият, тинч асаб истарди.
   Маҳмудхон, тоғаси оламдан ўтгандан кейин ҳам боғ оралаб, ўша илдизларининг ранги ҳам, шакли ҳам улкан сабзига ёки  уруғ қадаётган деҳқоннинг дастпанжаларига ўхшаш   кекса тутнинг олдида хаёлга чўмиб қоларди. Ҳар йил унинг шохларини кесишар ва у яна новда чиқариб, ипак қуртига ҳам одамларга ҳам насиба улашарди. Даҳоларга ўхшарди... Ҳукумат арбоблари даҳоларнинг боқий умридан қизғанишса керакки, уларни қамаш, бадарға қилиш, ўлдириш пайида бўлишади. Бу тутни каллаклашганда, қайта новда чиқариб, яшашда давом этганидек, уларни ҳам ўлдириб бўлмаслигини тан олишмай, хато қилишади.
                                                *  *  *
  – Кўчаларда амир соқчилари санқиб юрибди,- деди Мулло Бақо, эртаси шаҳарни кезишга чиқишдан олдин, ҳар қандай гумонли  бандага кишан урадилар.  Аммо тақсири олам, сиз хавотир тортманг: ёнингизда биз бормиз!
   Устоз таклифи билан  файтунчига “Заргарон” маҳалласидаги янги мактабга ҳайдаш буюрилди. Бу гумбазли бино хароб ҳолга келган кўплаб Бухоро обидаларига ўхшаб, қандайдир мадраса ёки мачитнинг омон қолган қолдиғи эканлигини  фаҳмлаш қийин эмасди. Беҳбудий  мамнунлик изҳор этиб, табассум қилиб турган бўлсаларда, мактабнинг аҳволидан қониқмадилар. У “усули жадид”дан кўра кўпроқ эски мактабга ўхшарди. Бинонинг харобалигидан ташқари, парта ўрнига  шу вайроналардан чиққан ғишт парчалари териб қўйилган, доска бўялмаганди.
   Беҳбудий файтундаги жомадонини очиб,  янги дарсликлар ва “Ойна” журналининг бир неча сонларини уларга тақдим этдилар.
  Бундай янгиликларга, умуман, зиёга ташна аҳли маърифат беҳад қувондилар. Газета-журналларга кўмилиб яшаётган ҳозиргизамон кишиси учун бу одамларнинг ҳаяжонлари эҳтимол эриш туюлар. Уларнинг  ҳолатлари эса узоқ йиллар бедарак кетган жигаргўшаларидан мактуб олгандай, ёки висолига ташна йигитнинг севгилисидан келган хабарни ўқиётгандай гап эди.
  Кейин  Регистон майдонигача пиёда ўтадиган бўлишди. Бу ердаги мадрасаларнинг ҳужра ва хонақоларини уй- жойсиз қашшоқлар макон қилиб олган, айрим хоналарда икки-уч оилани кўрса бўларди. Инсонга уч газ ер кифоя, дейишади, аммо уч газ ер ўлик учун етарли. Бу ерда, ҳатто тирикларга теккан ер ҳам бундан кўп эмасди. Бамисли мамлакатда уруш бошлангану, қочоқлар айнан шу кулбаларга зичлаб жойлаштирилгандай нохуш ва ночор бир ҳолат эди. Обидаларнинг аксари вайрон ҳолатга келганди, “Ҳовузи калон”нинг атрофи мешкобчиларга тўлиб кетган эди. Улар анчайин чуқурга кетган, ифлосланган сувни талашиб-тортишиб олишар ва сотишга шошилишарди.
    – Бухорода тарқалган ўша вабога   ҳам сувнинг ифлослиги сабаб бўлган,- деди Садриддин Айний.
    Бундан ўн беш йил илгари тарқалган ва бухороликлар ёстиғини қуритиб кетган вабога ҳам ва бугун кенг тарқалган ришта касалига ҳам, айнан сувнинг ифлослиги сабаб бўлганлигини Россиядан келган комиссия тасдиқлаган экан. Улар ариқ зовурларни тозалаш, водопровод ўтказиш, санитария-гигиена қоидаларини мустаҳкамлаш ҳақида маслаҳат  беришган экан. Аммо ўз тақдири билан андармон бўлган амир буларнинг бирортасини амалга оширмабди.
  Регистон майдонида одам, аниқроғи, ўлим ҳукми, унинг ижросини кўргани келган  томошабин бисёр эди.  Анча ҳаялликдан кейин арк томондан тўрт нафар маҳбусни етаклаб чиқишди. Уларнинг қўллари олд  тарафга қараб боғланган, бир неча кун зиндонда ётган, калтакланган бўлишса керак, аҳволлари афтодаҳол эди; айримлари ёнидаги маҳбусга суяниб қадам босарди. Олдинда ғоз юриб келаётган жаллоднинг икки ёнида ғайритабиий катта  пичоқ ёки ханжар ғилофлари кўзга ташланарди. Миршаблар овозларини кўтариб, маҳбусларга таҳдид қилардилар.Одамлар қизиқиб томоша қилишар, уларнинг юзларида ҳангоматалабликдан ўзга ҳис-туйғу, яъни жилла бўлса ҳам раҳм-шафқат   зоҳир бўлмаганлиги ачинарли эди. Оломоннинг, худди дарвоз ёки қуғирчоқбозни томоша қилаётганга ўхшаб бефарқ туриши, воқеанинг давомини бесабр кутиши Беҳбудийга қаттиқ ботди. Шу пайт балоғат ёшидаги бир қиз дил тўла дард билан йиғлаганича, Беҳбудийнинг оёғига бош қўйди.
  – Тақсир! Акамни сўйишябди! Худо хайрингизни берсин, ёрдам беринг , ёрдам беринг! Унда айб йўқ, Худо урсин, айб йўқ...
   Адолатсизликдан дили дардга тўлиб кетган ва Беҳбудийни амирликнинг одами деб билган сингилни нарироққа олиб кетишди.
  Бир маҳал жаллоднинг ишораси билан тин олишди ва ниманидир кутиб қолишди. Кейин саройдан  миршаб югуриб чиқди, жаллоднинг қўлига бир варақ қоғоз тутқазди. Бу ҳукм эди. Жаллод қоғозни эҳтиром ила  ўпиб, юқорироқ кўтарди ва ўқишга тутинди
 Давомли ва жуда нохуш, ғализ ёзилган  ҳукмда бу тўрт банданинг жиноятлари бандма-банд баён этилганди. Жумладан, биринчи маҳбус узоқ йиллардан бери солиқ тўламаганликда айбланган бўлса, ғиждувонлик, иккинчи маҳбус исёнчиларга қўшилиб, амир салтанатига хавф солишда айбланган эди. Учинчи шўрлик маҳбус эса нодонлик қилиб арк олдидан от чоптириб ўтган экан. Ваҳоланки, бу ердан ўтувчи ҳар бир фуқаро амир ҳазратларига ҳурмат бажо келтириб, от, эшак ёки файтундан тушиб; пиёда ўтиши шартлигини билиши зарур экан.  Тўртинчи йигитча “Ёш бухороликлар” фирқасига аъзоликда айбланди. Шерикларнинг изоҳларига қараганда, уни қутқариб қолишга роса саъй-ҳаракат қилишган экан, аммо...
    Кейин бечораларни нарироққа – кушхона деган жойга етаклаб боришди. Жаллод ёрдамчиси калтак билан қулочкашлаб, бир маҳбуснинг  оёғига урди. Бечоранинг оёғи синиб ўтириб қолди. Жаллод пичоғини суғуриб, унинг кўкси, қорни аралаш бир неча пичоқ урди. Шу маҳал лунги кийган бир неча қопқора ўсмирлар пайдо бўлиб, ўликни кўтариб кетишди.
  – Булар кимлар,- сўрадилар, руҳлари тушиб кетган Беҳбудий
    –Тақсир, булар ҳиндваччалар.
    – Майитни қаёнга олиб боришади?
    – Эгаларига сотишади,­- деди Айний ва устознинг жуда ҳам ўксимаслиги учун бўлса керак, қўшиб қўйди, - ман буларни бор ҳолича қоғозга қайд этиб бормоқдаман,токи бўлғувси авлод амирнинг золимликларидан воқиф бўлсин...
   – Энди кетамиз,- дедилар Беҳбудий,- бу қонхўрликни кўришга зиёда тоқатим йўқ.
   У киши шундай деб худога нола қилдилар.
  “Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга басират эт. Эшитар қулоқ, англар ақл бер...
Эй Оллоҳи азим-у шон! Бу магар сенинг ғазабингмидур? Афу эт, биз-инсонларни; ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умуми ато айла, инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният! Омин...” 
  Беҳбудий хавотирга ҳам тушган эдилар: мадомики,  фирқага аъзо бўлган йигитчани тутиб қатл қилишаётган ва дўстлар уни қутқаришдан ожиз эканлар, демак ўзининг ҳам ҳаёти хавф остида. Икки ёнида инсонни сўйиш учун иккита бесўнақай пичоғи бўлган бундай жоҳил юртда жами адолатсизликлар, сотқинликлар, шафқатсизликлар рўй бериши оддий ҳол. Жаллод учун эса одамни баҳоят совуққонлик билан сўйиш – касбу кор, кундалик юмуш; унинг худоси ҳам, виждони ҳам, қонуни ҳам йўқ.  Оллоҳ, ўзинг мададкор бўл!
   Устоз, мулло Бақо ҳовлисидаги райҳон ўтқазилган жойдан бир сиқим тупроқ олдилар. Тоғаси мулло Сиддиқнинг таъбири билан айтганда, у ҳам жавдар ноннинг мағзини эслатарди. Мантиқни мададга чорлайдиган бўлсак, шундай унумдор тупроғи бўлган юртда фаровонлик бўлиши керак эди. Демак, бу ерда ҳукумат халқ учун эмас, баракс халк ҳукумат учун, аниқроғи, амир ҳазинасига олтин тўплаш учун керак. Мантиқ ва меъёр бузилибди ва бу зулм учун тангри Олимхонни жазолаши муқаррар!
  Қадрдон Бухорои шариф у кишининг ўзлари учун, эндиликда  батамом бегона шаҳарга айланганини ҳис этдилар ва тезроқ жўнаб кетиш ташвишига тушдилар.
      Тақсирнинг тушига  икки ёнига бесўнақай пичоқ тақиб олган жаллод кирди. У уфқларга қараб  елиб бораётган сайғоқларни завқ билан томоша қилаётган эмиш...

  Эрталаб, мухлислар устозни Когонга чиқариб, поездга миндириб юборишди.
                                                
                                                 *  *  *
    Бу гал купеда у кишига қош кўзи ва сочлари қора, ҳарбий либосдаги келишган йигит билан ҳаж сафарига  йўл олган бухоролик бешиксоз уста ҳамроҳ бўлдилар. Улар мулоқотга мойил бўлишса ҳамки, алламаҳалгача сукут сақлаб кетишди.
     Муфти ҳазратларининг кўз ўнгидан ҳамон Бухоро жаллодининг ваҳший қиёфаси, унинг икки ёнига  осилган бесўнақай пичоқлари гавдаланар, шўрлик маҳбусларни ўйлаб, инсон тақдири нақадар забунлигини, жаллод наздида хору хасдай беқадрлигини хаёлдан ўтказардилар...Қонхўр одамкуш биринчи маҳбусга икки бор пичоқ урди ва чалажон бандани ҳиндваччалар шошилинч тарзда судраб олиб кетишди. Ана шу жаллоднинг намозхон эканлигини ҳам айтишганди. Нега у худога ишонадию, гуноҳлари учун яратганнинг  жазоси муқаррарлигини ўйламайди, деб мушоҳада юритардилар у киши. Бухорои шарифда ҳамма нарса худди Минораи калондай қотиб қолган, уларга қўшилиб вақт ҳам тин олгандай эди, у кишининг наздида.
 
                                               *  *  *
    Тағин анча йўл юргандан кейин тўғрида ўтирган ҳарбий киши билан беихтиёр гаплашиб қолишди.
 – Россия денгиз флотида хизмат қиламан, отим – Мурат,- деди, у рус тилида ва  туркман эканлигини ҳам қисдириб ўтди. Туркманлардан ҳарбий киши чиққанлиги  Беҳбудийни қизиқтириб қўйди. Чунки муаллим ҳар гал поезд билан бу юртдан ўтганда, асосий юмуши чорвадор бўлган талай туркманларнинг чўлу саҳроларда илм-маърифатдан бебаҳра қолиб кетаётганлигидан изтироб чекардилар.
   – Қайда таҳсил олғонсиз, йигит,- сўрадилар устоз ҳам русчалаб.
   – Россия ҳарбий ўқув юртида.
  Демакки, авлодингизда илм олғон маърифат соҳиблари бўлғон эканда...
   – Ҳа, бўлишган ва бунинг тарихи жуда қизиқ,- давом этди у. – Менинг катта бобом чапдаст, ёвқур чавандоз бўлган. Ўша замонлар Бухоро бозорига қул, чўри келтириб сотган. Касби кори шунақа бўлган. Узоқ қишлоқлардан ўғил ёки қиз болаларни  ўғирлаб, шу билан тирикчилик  қилган.  Кунлардан бирида Эрон даштларида гул териб юрган қиз болани отига ўнгариб олади. Қиз бола  дод дейди, типирчилайди, аммо... Хавф-хатар ортда қолгач, уни орқасига мингаштириб, белига боғлаб олади.Ўша пайтларда қул савдоси ман этилган, бозорлари барҳам топган бўлса ҳамки,  олиб-сотарлар бу иш билан шуғуллаверарканлар. Бобом таниш савдогарнинг уйига бориб, ҳалиги қизни сотади;  кейин ўтовига қайтади. Аммо кечаси уйқуси қочади. У замонларда бизда қалин деганлари анча баланд бўлгани сабаб уйланолмай юрган кезлари экан, денг. Бобом ҳалиги қизни орқасига мингаштираётганда бир бор кўрган, юраги жизиллаган ҳам экан.   Ўйлаб-ўйлаб, эртаси тағин Бухорога қайтади; ҳалиги савдогарга ўша асира қизга уйланишга аҳд қилганини гапиради.  “Менга қара, дейди савдогар, у оддий қиз эмас, хат-саводи  бор экан. Гаплашиб кўрсам,  Саъдийдан шеър айтди. Модомики, уйланиш аҳдинг қатъий бўлса, қайтариб бераман, аммо уни сира хор қилмаслика сўз бер. Билсанг, даргоҳингга билимли киши киришининг хосияти жуда катта.”
    Шундай қилиб, қизни олиб келиб, унга уйланади. Биринчи фарзандлари  ўғил бўлади.( Яъни, дадамнинг дадаси.)  Дарҳақиқат, она ўғлига,  араб имлосида  ўқишни ўргатади. Ўғил ҳали вояга етмай туриб, таниқли муллага айланиб қолади. Чунки бизнинг овулларда китоб кўрган киши анқонинг уруғи бўладида ўша замонларда. Кейин Бухорога бориб, мадрасада ўқиб келади; шуҳрати тағин ошади. У киши ўқимишли бўлгани боис, ўғлини яъни дадамни шаҳарга  ўқишга қўяди. Бобом авлодимиздан чиққан биринчи  ветеринария мутахассиси бўлади. У вақтларда ветврач деганлари жуда муҳим фигура ҳисобланган. Ҳамма чорвадор бўлгандан кейин... Болаларни ўқитиш анъанаси шу тариқа давом этган; отам мени муаллим ёллаб ўқитди; Вера опа, деярдик, жуда доно, хушфеъл аёл эди. Евгений Онегинни ёд олдирган эди; ҳозиргача айтиб юраман. Кейин Петербургга ҳарбий академияга ўқишга кирдим;  қавмимиздан  чиққан биринчи ҳарбийман.
   Аслида, бизнинг миллатдан,  олимлар, шоирлар, созандалар ҳам кўп чиқишган. Махтумқулини олам билади...
  Улар тин олишди. Энди атрофдаги манзаралар ҳам ўзгарган эди. Кенгликларда дов-дарахт умуман кўзга ташланмас, ҳар ер-ҳар ерда ўтовлар, қўйлар, қорамоллар подаси кўзга ташланарди.
   Беҳбудий туркман ҳарбийсининг очилиб гапирганидан қувондилар; унинг қалбига тағин чуқурроқ кириб боришга эҳтиёж сездилар.
  – Илмсиз қолган миллат, ўзга  миллатлар оёғи остида қолиб нест-нобуд бўлиб кетмоғи аниқ. Бир замонлар юнонлар илму тамаддунга пойдевор қўйдилар. Арастудан сўнг дунё Суқрот, Эпикурга ўхшаш забардаст соҳиби илмларни кўрди. Аларнинг ихтиролари инсоният мулкига айланди ва қадимги юнонлар жаҳонга ҳоким бўлдилар.  Мир Алишер Навоий демишларким: “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламоқ бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”.  Сизнинг авлод ўша асира заифага ҳайкал  қўймоқларинг лозим. Боиси, у якчанд бандаи мўминни ботқоқдан чиқариб қўйди. Маним раҳматли тоғам, ҳарф ўргатдилар, мадрасага элтиб қўйдилар ва алал-оқибат муфти Беҳбудий бўлдим. Худо хоҳласа...
  Худди шу ўринда юқори қаватда ётган бухоролик муйсафид ўрнидан қимирлаб, тилга кирди.
   – Тақсир, ижозат этинг...
   У эринмай  ва тартиб билан пастга тушди, қучоқ очиб Беҳбудийни бағрига босди. – Мартабангиз бисёр баландлигини биламан. Худо чеҳрангизни кўришни насиб этди; ўзига шукур. Шуҳрати шонингизга қуллуқ қилурман! Ҳаттоки, тушларимга ҳам киргансиз...
   У ўзи ҳақида ҳам гапирди. Бешиксоз уста экан. Чорсуда бобосидан қолган дўкони борлигини, ҳозир ўғли, набираси ҳам шу касб билан бандлигини таъкидлади.
   Бобом ҳам шоири замон бўлғонлар, ҳам туркийда ҳам форсийда ашъор битгонлар. Мавлоно Румийнинг
                         “Бишнав аз най чун ҳикоят мекунад
                            Аз жудойиҳо шикоят мекунад”,   
 деган дубайтларини:
                         “ Тингла най андоқ ҳикоятлар қилур,
                           Ул жудоликдан шикоятлар қилур”
деб ағдарганлари хотирамда қолғон.
     Офарин, офарин,- суҳбатдошнинг ҳис-ҳаяжонларини қўллаб турдилар Беҳбудий.
  У давом этди: Бобом Шайх ур Раиснинг
                  “Куфри чу ман газоф ва осон набувад,
                  Маҳкамтар аз имони ман, имон набувад...”
  У шу ерга келганда шеърнинг қолган қисмини унутиб қўйди. Беҳбудий ибн Сино шеърини давом эттирдилар.
                      “ Дар даҳр чу ман яке он ҳам кофир,
                        Пас, дар ҳамма даҳр як  мусулмон набувад”
      (Мени кофирликда айблаш осон бўлмас, чунки дунёда менинг имонимдан маҳкамроқ имон йўқ ва у ҳам кофир бўладиган бўлса, бу дунёда мусулмоннинг ўзи йўқ экан)
  Шундан кейин  у тирикчиликдан нолиди. Уч ойдан бери бирорта ҳам бешик сотолмаганини гапирди; ҳеч замонда ҳам бунақа йўқчилик бўлмаганини айтди ва тағин Румийдан шеър ўқиди.    
                     “Бишнавед, эй дўстон, ин достон,
                      Худ ҳақиқат, нақди ҳоли мост он”.
    ( Бу достонни тингланг, дўстлар,  у  аҳволимизни ошкор этадиган ҳақиқатдур).
   Бешиксоз одатан, анчайин сержағ чиқиб қолди. Бобосидан кейин ота-онаси ҳақида ҳикоя қилди. Уларнинг олтмиш йил бирга яшаганликлари. Онаси ўлган куннинг эртаси отаси ҳам бандаликни бажо келтирганини гапириб, кўзига ёш олди.
  – Раҳматли аёлим падари бузрукворим билан модари меҳрибонимнинг дуосини олган эди: чол-кампирнинг кўнгиллари нима исташини уларнинг нигоҳидан фаҳмлаб оларди,- деди.
   Беҳбудий, аёлларимизнинг бир-бирига ўхшаш тақдири, кечинмалари ҳақида  гапирдилар. Раҳматли умр йўлдошлари – Маликабону  фақат эрига, болаларигагина эмас, унинг ота-онасига ҳам меҳрибон бўлганлигини, аёлининг вафотидан кейин  икковлари ҳам кўп яшашмаганини гапирдилар.
  Туркман йигит ҳам жим ўтирмади. У ҳозиргача уйланмаган экан. Аммо унинг севги тарихи қизиқарли, ҳатто ибратомуз эди.
                                                 *  *  *
    – Мен у пайтларда шаҳар ҳарбий горнизонида хизмат қилардим. У ерда   Осип Варламович деган генерал билан танишиб қолган эдим.Унинг мавқеи жуда баланд эди: байрамларда кийиб чиқадиган костюмининг икки томони ҳам орден, медалларга тўлиб кетарди. Горнизонимизда Осип Варламовичнинг рус-француз жангларида,  рост ёки афсоналигини фаҳмлаб бўлмайдиган жасоратлари ҳақида ҳикоя қилишарди. Бу одамнинг Кутузов, княз Багратион билан яқин бўлганлиги рост эди. Фронтда мина портлашига дуч келиб, юзи чўтирга ўхшаб хунук бўлиб қолганди. Аммо, хушфеъллик, дилкашликда унга тенг келадиганини топиш қийин эди.  Баҳор кунларидан бирида у менга: “Марат ( у номимни шундай талаффуз қиларди), эртага биз билан юр, чорбоғдан хабар олиб келайлик”,  деб қолди. Уйига етиб борганимда, тўрт кишилик файтун олдида кучер билан гаплашиб, кимнидир кутиб турган экан. Ҳадемай уйдан тахминан йигирма-йигирма беш ёшлардаги жувон чиқиб келди. Унинг ўқимишли, маданиятли эканлиги мана- ман деб турар, шунингдек у сулув, рангпар ва жозибадор эди. Бу нозанин санам, генералнинг қизи бўлса керак, деб ўйлаган эдим, аммо кўп ўтмай, у Осип Варламовичнинг хотини Кристина Петровна эканлиги аён бўлди. Мен ана шундай ёқимтой чеҳрани аввал учратмаган эдим. Йўл-йўлакай Осип Варламович боғдаги мужиклардан нолиди, барини дангаса, ароқхўрликда айблади.
  Гап-сўзлардан шу нарса аён бўлдики, шаҳар чеккасида генералнинг отасидан мерос бўлиб мулки, аниқроғи, боғи қолган экан. Аммо ўзининг уқувсизлиги ва умуман боғдорчиликка қизиқмаганлиги боис, боғ хароб ҳолга келган экан. Мени олиб боришдан муддао эса у ердаги ишларни эпақага солишга кўмаклашиш эканлиги аён бўлди. Хотини эса боғни сотиш, бошқа ердан тузукроқ мулк олиш зарурлигини такрорларди. Кристина Петровнанинг овози жарангдор, гапирганда қошларини чимириб гапириши ўзига ярашарди ва ундан дилни энтиктириб юборадиган хушбуй ҳид келарди. Оппоқ бармоқларидаги қимматбаҳо узуклар жувоннинг бекаму-кўст ҳаётидан далолат берарди.
   Манзилга етиб келиб, энг аввало аллақачонлар қулаган четан девор, қуриган, кексайиб қолган дарахтларни кўрдим. Кейин жулдур кийимли мужиклар пайдо бўлишди. Уларнинг айримлари маст эди. Мен қизиқиш билан боғ оралаётганимда,  Кристина Петровна ҳам етиб келди ва изоҳ берабошлади “Мана бу ерда савсан гуллар очилиб ётарди, ариқдан тиниқ сув оқиб турарди, қаранг  уларнинг бирортаси йўқ. Бу текинхўрлар эманлар билан теракларнинг кўпини сотиб юборишди. Бу ерга бир қатиққўл ишбоши керак”, деди. Назаримда, бу юмушни менинг зиммамга юкламоқчидай эди. Генералнинг илтимоси билан шу ерда  бирнеча кун қоладиган бўлдим ва улар билан хайрлашдим. Ўша куниёқ болохонали уйни эпақага келтирдим, унинг синиб кетган ромларини тузатдим, эшикни кимдир умарган экан, устани топиб янгисини ясатдим. Эртаси мужикларга арақ олиб бериш шарти билан уй атрофидаги ерларни юмшатдик, ҳар хил гуллар экдик. Аммо, кўп ўтмай, бу замин худонинг қаҳрига учраганига  гувоҳ бўлдим. Чунки атроф ботқоқлик бўлгани сабаб ёзда ер ости суви кўтарилиб дарахт ва экинларни қуришига сабаб бўларкан.
   Орадан тўрт кунлар ўтгач, шаҳарга тушдим ва ювиниб, янги либосларимни кийиб, кечқурун генералнинг эшигини аллақандай хавотир ва ҳаяжон билан тақиллатдим. Хизматкор эшик очди ва мени эргаштириб кирди; ташрифимдан икковлари ҳам жуда қувонишди.   Кристина  бугун келишимни ҳис қилганини қайта-қайта такрорлар, уларни боғдаги аҳволдан кўра менинг кайфиятим, ҳолатим, соғлигим кўпроқ қизиқтираётганлиги ғалати, аниқроғи, ҳижолатли эди. Дастурхонга мазали сомсалар, қовурилган ва буғланган балиқлар, котлетлар қўйишди. Икковлари ҳам менга эҳтиром кўрсатишар ва бу ҳолдан ноўнғай бўлардим. Уларнинг тахминан икки ёшларга кирган қизалоқлари борлигини  у билан энага шуғулланишини ҳам сездим.  Ўзлари сўрайвермагач,  боғ ҳақидаги фикримни яъни уни сотиб бошқа мулк олиш фойдали бўлишини гапирдим.
   “Кўрдиларингми, Марат билан фикримиз бир жойдан чиқди”, деди кўзлари ёниб Кристина, Осип Варламович бўлса, “отамдан қолган ерни сотмайман” дейишдан нарига ўтмайди”, қўшиб қўйди гинаомуз.
   Тушликдан кейин у мени роял тинглашга таклиф этди. Бу оҳанглар мен учун бегона, ҳатто ёқимсиз бўлса ҳамки, одоб юзасидан лабимга табассум суртиб ўтиришим керак эди.  Аммо бу нозаниннинг ингичка, оппоқ бармоқларининг клавишлар устида кўзга кўринмас тезликда ҳаракат қилишини кузатиш мароқли эди.  “Туркманча куйларни ҳам чаласизми”, сўрадим алламаҳалдан кейин. “Ҳа, чаламан”,   деди у ва бир куйни машқ қилабошлади. Бу туркманча эмас, қандайдир эрон ёки озарбайжон оҳангларидан эди. Шунга қарамай, у дилимга ҳаловат ато этабошлади.
   Эртаси келганимда уйдагилар янада қувонишди. Генерал ўзининг садоқатли шогирди ёки фарзандини кўргандай бўлса, бека  жуда ҳам соғинган, қумсаган қадрдонини кўргандай сарафроз бўлишди. Кофе ичаётганимизда,  Осип Варламович княз Багратион полкида  французлар билан бўлган жанглар ҳақида гапираётганда, бека зерикдими ёки бу ҳикояларни кўп бор эшитганми. эрининг гапини бўлиб. “Марат, юринг мен сизга янги куйлар чалиб бераман”,  деди ва қўлимдан ушлаб, роял олдига олиб борди.
  Бу оҳангларни илк бор эшитаётган бўлсамда, дилимда илиқ туйғулар, жўшқин ҳислар ўйғонабошлади. Булар ҳам озарбайжонча ёки эронча шўх ва дилтортар оҳанглар эди ҳамда уларни қачонлардир, қаердадир тинглаган, завққа тўлгандай бўлардим. Бека гавдасини гоҳ чапга,  гоҳ ўнгга ташлаб, ўзгача бир илҳом, иштиёқ билан чалар, гоҳида ярим яланғоч елкаси менга тегиб кетар ва мен,  ҳам сесканардим, ҳам завққа тўлардим. Роялнинг сеҳрли куйлари гоҳида баланд пардаларга кўтарилиб навозиш қилар ва дилимда завқу-шавқ сел бўлиб оқарди. Бир замонлар ҳарбий хизмат билан Қорабоғда бўлганимни, у ерда жуда ўлкан сарв, санобар дарахтларининг қуюқ сояларида, сув бўйларида дам олганимни эсладим.  Бебош ҳисларим менинг қўлимдан тортқилар, ўзимни соҳибжамол Кристина билан ўша  бетакрор гўшаларда кезиб юргандек, унга гуллар дасталаб бергандек  тасаввур қилардим; нозаниннинг оппоқ елкалари ва садаф мунчоқли бўйнига, бўлиқ кўксига қараб, ҳайёлларим ҳар томонга тортар ва  эҳтиросларим жўш уриб кетарди. Роял эса ҳамон жўшқин муҳаббат, оташин ёшлик, бесар туйғулар ҳақида жўшиб ҳикоя қиларди. “Нега бу нозанин менга эмас, анчайин кекса ва чўтир бедавога тегибди,”  деган хаёл ўтди бошимдан  ва бу фикримдан хижолат  чекиб кетдим.
   Ногаҳонда туркман йигит жимиб қолди.
  – Давомини сўзланг,- тергаб қўйдилар Беҳбудий,- китоб қилиб ёзадурғон саргузашт экан.
   – Сизлар мени хоинлик, мунофиқликда айблашларингдан хавотир тортябман,- деди у мавҳум андишаларини  яширмай.
   – Охиригача эшитайлик, сизга  кейин баҳо берурмиз,- дедилар Беҳбудий, ҳозирча бизни зериктирмай ва бегона кўрмай,  сир-асрорингизни гапирганингиз учун қуллуқ қилурмиз.
   У давом этди.
  – Вақт алламаҳал бўлиб қолганда, оила билан хайрлашиб, ҳовлига чиқдим ва тасодифан, кир ёйиладиган торда беканинг сийнабандини кўриб қолдим.  У каттагина, кенг ва Кристинанинг елкалари, билаклари сингари оппоқ эди. Мен уни яланғоч ҳолда тасаввур қилдим ва вужудимда ёввойи ҳислар жунбушга келганини сездим. Умри давомида бирор бор аёл кишини бағрига босмаган бўйдоқ йигитнинг туйғуларини тушунишларингни  сўрайман, албатта. Кейин уйимга келиб, виждоним билан якама-якка қолганда, шу оиладаги  турмуш рафторини, менга бўлган самимиятни бузмаслик; виждон  олдида дахлсиз бўлиш муҳимлигини ўйладим. Бунинг учун эса у даргоҳга қайтиб бормаслигим керак эди! Чунки Кристина Петровна ҳам мени севиб қолганди ва унинг учун жуда кеч, мен учун эса барвақт боғланган бу ришталарни узиб ташлашдан ўзга чорам йўқ эди.
  Мен у пайтларда шаҳарнинг шимолий томонидаги  камбағаллар яшайдиган маҳалласида поручик Харламов билан  ижарада турардим. Бир куни кечки маҳал шеригим билан гаплашиб ўтирганимизда, кўчада  ғала-ғовур бошланди. Қарасам, эшигимиз олдида рессорли файтундан бир хоним тушиб келябди. Бошида катта қора шляпа, узун кўйлак. Бу кўчаларга юқори табақага оид, оқсуяк хонимлар камдан-кам ташриф буюришлари сабаб болалар, қўшнилар қизиқиш билан уни томоша қилишяпти. Қарасам, Кристина Петровна экан. У мени излаб келганлиги ҳис этдим дилимда фахр аралаш хавотир пайдо бўлди. Шунинг учун ҳам бизни ёлғиз қолдирмоқчи бўлган Харламовга “қимирламай ўтир” ишорасини қилдим. “Марат, нега ҳаяллаб кетдингиз, гилалашдан бошлади бека, биз хавотир тортдик: касал бўлдингиз  деб”...   Эр- хотин мени ҳар куни кутишганини ва каминага чалиб бериш учун янги куйлар ўрганганини анчайин эзмалик билан гапирди.  Кристина мен билан ёлғиз қолгиси келар, шунинг учун ҳам Харламовга бот-бот нохуш назар ташларди.   Охирида эса, эртага уйларига аллақандай ҳарбий меҳмонлар  келишини ва мен, албатта у ерда бўлишим зарурлигини тайинлаб,  жўнаб кетди. “Бу хоним сени севиб қолган, деди Харламов у жўнаб кетиши билвн” “Шунга ўхшайди” эътироз билдирмадим. “Сен ҳам мажнунона севиб қолгансан, чунки шундай ҳурилиқога ошиқ бўлмаслик – гуноҳи азим!”. “Иқрорман, аммо маврудсиз муҳаббатдан вақтида воз кечиш шарт, деган хулосага келганман!”, кескинроқ жавоб бердим. “ Галварс, тўнка, вағиллатиб бағрингга босмайсанми, оқтомоқни” жеркиганнамо жавоб берди у. Ўрнингда мен бўлсам, кечаси  билан ўзим ҳам ухламасдим, уни ҳам ухлатмасдим!”  “Шундай ширин хаёллар билан яшайвер!” дедим. Биз жимиб қолдик. Андак танаффусдан кейин давом этдим. “Хуш, фараз қилайлик, мен уни олиб қочдим, уйландим ҳам  дейлик. Кейинчи? Фақат эҳтирослар билан яшаб бўлмайдику! Уни қаерга олиб бораман. Кўриб турибсан, у бадавлат, тўкин; мен бўлсам, маош билан кун кўраман.  Булар бари ўткини ҳою-ҳаваслар-ку! Виждон олдидаги азобларчи. Генералнинг ишончи-чи...Хатолар эса, келажакда пистирмада туриб, нақ юрагингни мўлжалга оладиган овчига айланишади. 
   Шундай қилиб,  мен  уларнинг хонадонинигина эмас, бу шаҳарни тарк этишим кераклигини ҳис этдим. Шу орада Россия негадир Туркияга қарши уруш ҳаракатларини бошлаб юборди  ва Қора денгиз флотига кўнгиллиларни оладиган бўлишди. Мен ҳарбий комиссариатга ариза ёздим  ва ҳафта ўтмай каминани Босфор томонга жўнатишди. Аммо, мана олти  ойки уруш эълон қилинмади.  Мен командиримдан бир ойга жавоб олиб, уйга қайтябман.
  Мурат шундай деб тин олди. Беҳбудий билан сандиқсоз уста бу ҳикоя таъсирида анчагача жим боришди.
  – Марлик қилибсиз,- сукунатни буздилар Беҳбудий,- аёлни ҳам, ўзингизни ҳам бахтсизликдан асраб қолибсиз. Фарзандлари бор экан... Ўткинчи ҳавасларга, ёввойи ҳисларга берилиб, хато қилмоқ ножоиздур. Бунинг устига бизни ҳам зериктирмадингиз.
   – Одоб – бошингдаги тож, дейдилар ҳазрати Жомий,- у кишини қўллади уста,- уни кийиб истаган жойингга бормоғинг мумкин.
   Улар Марига етгунча, худди  йигитлардай севги, муҳаббат ҳақида суҳбатлашиб бордилар ва поезд тўхтагач, Марат билан қуюқ хайрлашишди.
   Бир замонлар шаҳарлар шоҳи ҳисобланган Марв яъни Марида асосан руслар, арманилар, эронийлар кўзга ташланарди. Юрт соҳиби бўлмиш туркманлар ҳамон чўл саҳроларда, ночор кун кўраётганлиги устозни бу гал ҳам изтиробга солди ва ён дафтарга қайд этдилар.
  “Йўл устиндаги туркманларни бошиндаги узунлиги уч ярим қариш, эни экки қаришдан зиёда телпагидан башқа   кўргу ери йўқ, фақат ҳануз белида аксария ила ханжари бордур. Аммо алар ханжар ўрниға қалам тутиш замони келганини билмайдурлар”.
      Маридан баҳри Ҳазар яъни Каспий денгизигача бўлган йўл олис ва қақроқ дашт эди. Икковлон маърифат, тарих ва тирикчилик тўғрисида гаплашатуриб, ухлаб қолдилар.
                                                        
                                                 3

       Беҳбудий ҳазратлари параходдан тушибоқ, Боку қиёфаси ўтган йиллар давомида батамом ўзгарганига гувоҳ бўлдилар. Баҳри Ҳазар соҳилидаги қатор нефт миноралари, нарироқда эса кўп қаватли бинолар, дарҳақиқат эътиборга молик эди. Ҳали кемадан тушмаёқ, ул зоти муҳтарам бу  шаҳардаги садоқатли ҳамкасблари Ҳошимжон Вазир ёки “Иқбол” журнали муҳаррири Содиқий билан учрашишни мулжаллаган эдилар. Жилла иккилангач, файтунчига Ганж томон яъни журнал идорасига ҳайдашни буюрдилар. Ўтган гал ташриф буюрганларида таҳририят бир бинонинг ертўласида жойлашган бўлиб, аҳвол анчайин хароблигидан ранжиган эдилар. Аммо бу ерга келиб, таниш ертўлани қулфлоқлиқ кўрдилар. Ноилож, шаҳарнинг шимол томонига, Ҳошимжоннинг уйига боришга қарор қилинди.
   Ўзини муфти ҳазратларининг содиқ муриди, шогирди деб ҳисоблайдиган Ҳошимжон  ҳар йили Самарқандга бориб, ул зоти бобарокатнинг зиёратларини канда қилмайдиган хушфеъл инсон.
   Эшик қоқишган эди, дилкашгина бир ўсмир чиқиб, дадаси Содиқ афандининг янги идорасига кетганини маълум қилди.
    – Чароғим, бизни у ерга бошлаб бормайдурсанми,- илтимос оҳангида сўрадилар устоз.
   Йигитча мамнунлик ила файтунга минди. Ногаҳонда эътиқоддош дўстни, пири муршидни кўриб, шогирдлар нақадар ҳаяжонланишини тасаввур этардилар ҳамда шаҳар кўчаларининг ободлиги, янги биноларни кўриб завқлари ошарди.
  Файтун катта ҳовлига ҳам етиб келди. Аммо бу мулкни ҳовли дейиш ноўрин бўларди. Атрофи девор билан ўралмаган уйлар ва  бир томони баландликка туташиб кетган токзор ястаниб ётар, шубҳасиз, манзаранинг ўзи жозибали эди.
    Ҳошимжон билан Содиқий  устозни кўриб,  тақсирни қучоқлаб олишди ва ҳис-ҳаяжонларини яширолмаган Содиқий  у кишини бағридан бўшатмаёқ, Фузулийдан шеър ўқиди.
     Агар сендан тонар ўлсам, насибам хору зор ўлсун,
    Баҳорим кузга айлансун чечаксиз бир диёр ўлсун.
Беҳбудий ҳазратлари ҳам ҳаяжонландилар ва беихтиёр, мушоирани давом эттирдилар.
        Ғамим пинҳон тутардим ман, дедилар ёра қил равшан,
       Десам, ул бевафо билмон, инонурму, инонмасму?
Шу пайт Ҳошимжон ҳам четда қолмай, Фузулийхонликни давом эттирди:
        Лабинг сиррин келиб гуфтори мандан ўзгадан сўрма,
        Бу пинҳон нуқтани бир воқифи асрор ўландан сўр...
  Эй, худойим! Ҳаяжонларни жиловлаш мушкул бўлиб қолганда, мададга шошиладиган Фузулийнинг қабрини нурга тўлдир!
   Беҳбудий жомадонларини очиб, ҳамкасбларга “Ойна”нинг бир неча сонларини тақдим этдилар. Икковлон завқ-шавқ билан журнал варақлашга тушишди.
  – Хўш, камина не юмуш қилур?  “Иқбол” ўқумоқ мумкин ўлурму?
    Тезда улар ҳам журналнинг янги сонларини топиб келишди. Ҳар иккала томон сукут сақлаб, катта ташналик ила журнал ўқишга тутиндилар. Кейин саволлар бердилар, мулоҳазалар юритдилар.
   “Фақат иккаламиз қолдик, бошқалар кетиб қолишди, уларга маош топиб беролмадик, деди Ҳошимжон, гоҳида туни билан ухламай чиқамиз, аммо журнални қўлга олгач, чарчоқларимиз ҳам, уқубатларимиз ҳам ёддан чиқади.”

   Бу туйғу Беҳбудийга таниш эди.
  Тақсир муҳаррир ва муассис сифатида эрталаб ишга борганда, идорада  фақат қоровул билан фаррош бўларди. Хонага кириб, энг аввал газетани қўлга олардилар. Негадир охирги саҳифадан бошлаб,  синчиклаб ўқирдилар. У кишидан кейин пайдо бўлган Ҳожи Муйин, Саидризо Ализода, Нодир Ғойиб ҳам худди шундай йўл тутишарди. Енгилгина саломлашиб олгач, ютоққунча газета ўқишга киришардилар.  Бу – худди боғбон  ўзи ўтказган ниҳолнинг илк мавасини кўргандай  завқли, қаноатбахш ва ҳаловатли лаҳзалар эди. Алламаҳалдан  сўнг бош кўтариб, у ёки бу мақола ҳақида сўз юритишар, долзарблигини таъкидлашар, тайёрлаш қийин бўлганини, Ғайбуллин ( цензура раҳбари) инжиқлик, қўполлик қилганини гапиришарди.
Ундан кейин эса моддий мадад кўрсатган кишиларни сифатлашар, тағин кимдан ёрдам сўраш мумкинлигини тахминлашар, волост ва шаҳар раҳбарлирини калтабинликда айблашарди.
   “Биз айнан ана ўшаларни  қаламга олмоғимиз зарур, дерди одатдаги норозилик билан Нодир Ғойиб, ўзлари пора олурлар, калондидимоғлик қилурлар, локинда бизга мадад кўрсатмайдурлар”.
   Ализода билан Ҳожи Муйин ҳам унга қўшилишар  волост, уезд бошлиқлари,  чиновниклар, ҳатто  губернаторни ҳам айблашарди.
   “Хўп, якун ясардилар устоз, дилдаги ғуборларинг андак тарқалдиму, эмди меъёр керак, ўзинг тобе бўлган ҳукуматга пешхезлик қилмоқ ножоиздур, Нима, газетимиз бирла жаридамизни ёпиб қўймоқларини истайсизларму?! Аларнинг қўлларидан  ҳар не бадбинликлар келур.”
   Шундан кейин мавзу ўзгарарди: адабиёт, унинг истиқболи хусусида баҳслашишарди.
   “ Рус адабиётига ихлосим баланддур ва ҳавасим келур, сўз бошлайдилар устоз, Гогол, Достоевский, Чеховни ўқиган сайин ўқимоқ истайсан. Биз туркистонликлар Саъдий, Бедил, Алишер Навоий ва дигарлар бирла фахр этурмиз, локинда катта наср ёзиб,  мардумларни ўйғотадурғон замон келди.”
   Баҳсни Ҳожи Муйин давом эттиради:
 “Абдулла Қодирий, Садриддин Айний, Ҳамза машқларини  ўқидим, аларни нашр этмоққа ҳам шайлаб қўйдим.   Бу қаламравлардан умидим каттадур. Келгувсида ёзғувчи ва шоирларимиз билан бирга таржимонларимиз ҳам етишиб чиқур, иншооллоҳ ва  хориж асарларини туркийга ағдарурлар.”
    “Тахминан юз йилдан сўнг нималар  бўлмоғини тасаввур этолмайман, давом этадилан устоз, аммо ўша замонга бориб, бир лаҳза тирилмоқни ва авлодларни кўриб, тағин дорулбақога кетмоқни хоҳиш қиламан. Худога нола қилурман: уруш ва жанжол бўлмасин деб. Жамики дилсиёҳликлар, қайғулар, жаҳолатларга уруш сабаб бўлур.”
  Суҳбатга  Нодир Ғойиб қўшилади:“ Лекин болшевикларнинг уруш бошламоқлари аниқдур. Алар подшони ағдармоққа жазм қилғонлар. Босмахонага борганимда, машваратларига тушиб қолғон эрдим, аларнинг сардори Михаил Марозов бирла ҳам танишлигим  бор. Баччағарлар  рўйи-рост  авоз чиқориб, “подшони ағдарурмиз”  деюрлар. Болшевикларнинг: “Ер –деҳқонларга, завод фабрикалар – ишчиларга, ҳокимият – шўроларга” деган шиорлари каминага маъқул.
  “Аларнинг фирқасига аъзосизми?” андак хавотир билан Нодир Ғойибнинг  сўзини бўлади  Ализода. У инкор маъносида бош тебратиб  давом этади. Ўртоқ Марозов  якчанд “Правда” газетидан бериб дедиларки: “буни ёшуриб ўқинг, бародарларингизга ҳам беринг”.
   “Ўқидук, маъқулладилар устоз, Лениннин миллий масала борасида мақоласига таҳсин дедик. Ҳар бир миллат ўз тақдирини ўзи белгиламоғи зарур” дейилибди. Дилдаги гап, аммо ҳамма иллат шундаки, алар худобехабарлик йўлини танлаганлар. Баръакс, одамларни худога яқинлаштирмоқ зарур.”
   “Агар худо бўлмаганда ҳам одамлар уни яратардилар” дейди бир донишманд”  Беҳбудийни маъқуллаган бўлди Ализода.” “Мадомики, инсоният минг йиллар давомида ҳашамдор ибодатхоналар бино этиб, оллоҳга сажда этиб келган экан, ана шу эътиқодга ҳурматсизлиқ килиш – уволи азим.  Ҳаммани тенг қилмоқ муаммоси ҳам душвордир, Боре замонларда ақл ва тадбир соҳиблари пешқалам  эрдилар. Шу боис, бири бой,  башқаси унга малай бўлган.”
    “Эҳтимол аларнинг мақсад-муддаолари, ғояларини яхши тушунолмаётгандирмиз, деди  Наим Ғойиб, атрофингизга қаранг, ҳаммаёқда жаҳолат, машаққатли меҳнат, одамлар оч-яланғоч, юз минг йиллардан бери аҳвол шу. Инсон дегани бир бурда нон дея аз саҳар то шом тер тўкадур, анинг сиҳати, гўдакларининг келажаги, маънавият ва маърифати борасинда  ўйлайдурғон одам йўқ!  Болшевиклар бундан изтироб чекурлар ва тириклик тарзини тубдан ўзгартириш тарафдоридурлар.”
   “Наимжон, унинг сўзини бўлдилар устоз, сиз мардумнинг маънавияти, маърифати борасинда сўз юритдингиз. Мантиқни мададга чорлайдурғон бўлсак, фақат гапни эмас, ишни ҳам шундан бошламоқ жоиз. Тамаддуни бой инсон ҳаётнинг маъносини тушунадурғон, жумладан ўз ҳақ-ҳуқуқини идрок этадурғон   бўлади; абадий ва умумий мақсадларга интилади, худога яқинлашади. Бизнинг муддаомиз – айнан ана шу. Газета, журнал чиқармоқ, театру ишини йўлга қўймоқдан мақсад – халқни саводли, маънавиятли қилишдир:  болшевикларнинг матбуотларидан, аз ин жумла “Правда”да баракс,  нуқул ҳукуматни ағдаришга даъват этмакдир. Болшавойлар худони, подшони ҳурмат қилишга эмас, аларга зид бормоққа   чорламоқдалар. Бундан кишилар ҳукумат тепасига келиб қолгудай бўлса, зўравонлик, зулм йўлини танлайдурлар.  Асосий юмушлари душман ахтариш бўлиб қолғай. Худодан қўрқиш керак: бунинг учун уни танимоқ лозим.”
   “Бу газетда боз қизиқ ҳангомалар бор экан, давом этди Ҳожи Муйин, қайбирам юртнинг прокурори пора олибдур,  бисёр бойликларни хорижга чиқорибдур:  о бу на шармандалик... Йигирманчи аср бошида-я. Ишонгиси келмайдур кишининг.” “Тағин бир юртнинг подшоси ҳамсоялар кирмасун деб, сарҳадларга бомба  қўйибдур. Якчанд бегуноҳлар портлаб ўлибдурлар. Бунга ким жавоб берадур..
  Эмди ишга ўтайлук, ҳангомаларга якун ясайдилар устоз, ...
       Эшик олдида ходимлар тўпланиб қолишгани учун суҳбатни тўхтатишади. Гап шундаки, кутубхона билан нашриёт ҳам шу бинодан ўрин олган эди, жадидлардан ташқари ҳам ўнлаб ходимлар хизмат қилардилар.  Дастлаб бу одамларнинг барига Беҳбудий ўз ҳисобидан маош тўлади.  Кейин, гарчанд ҳечким айтмаган, шаъма қилмаган бўлсада Абрами қалам билан Истам бойвачча келиб, анчайин пул ташлаб кетишди.
   Одамлар маош олишаётганда ёки жамиятдаги ноҳақлик, жаҳолатни кўришганда, гоҳида кўзларига рўйи заминни гуноҳ босиб кетганидан тўйиб кетишганда ҳам орқаларида Беҳбудийдек балогардон ва назаркарда таянч инсон борлигини эслаб, тасалли топишарди.
                                                           *  *  *

     Сўнг Ҳошимжон Бокудаги ўзгаришлар ҳақида  гапириб берди. Айрим кишиларнинг  ерларидан нефт чиқаётганини ва улар каттагина маблағ эгаси бўлишаётганини ҳам батафсил сўзлади.  Шундан сўнг Беҳбудий ҳазратлари янги  мулкнинг Содиқийга тегиб қолиши тафсилоти билан қизиқдилар.
    Бу жойлар Аббосзода деган ўқимишли бир кишининг отасидан қолган мулки бўлиб, унинг ўзи серғайрат, янгиликка интилувчан бўлиш билан бирга анча қайсар, тез ловуллаб кетадиган феъл-атвори ҳам бор экан. Ҳовлининг қияликка туташ ерлари токзор бўлиб, Аббосзода, ана шу ток учун, уйма-уй юриб нури тўпларкан, кейин баҳор ёзда ток ораларини юмшатиш, хомток қилиш сингари юмушларни ўзи, гоҳида одам ёллаб бажараркан. Кузда вино ва мусаллас тайёрларкан ҳамда  шишаларга солиб, сотаркан. Унинг маҳсулоти озарбайжонларнинг қадимий анъаналари асосида тайёрлангани сабаб, қимматга сотиб олишаркан. Тирикчилиги яхши экан. Бу одам янгиликка ўч бўлгани сабаб, “Иқбол” журналининг ҳар бир сонини интиқлик билан кутиб яшаркан. Бундан ташқари Гаспиралининг “Таржимон” журналини ҳам топиб ўқимаса кўнгли тинчимас экан. Содиқий билан дўстлашиб қолганининг боиси ҳам шу экан.
   Аббосзоданинг Апшеронда яшайдиган бир укаси полвон экан, тош кўтариб, кураш тушиб анча пул ва шуҳрат соҳиби бўлибди. Бора-бора эса маишатга берилиб, кўп ичадиган, муқим эр кўрмаган сатанглар билан ресторанларда вақт ўтказадиган одат чиқарибди, жанжаллар кўпайиб, хотини ҳам чиқиб кетибди. Кунлардан бирида ўша  укаси Аббосхоннинг ҳовлисига нефт излайдиган геологларни эргаштириб келибди.
   “ Ака,- дебди,- булар шу ерни бир қазиб кўришсин, зора нефт чиқиб қолса. Агар худо қўлим деб  нефт чиқса, бу ернинг пулига истаган жойдан ўнта мулк олиш мумкин бўлади”.
   ”Ғилай товуққа қум ҳам дон бўлиб кўринади. Мен бу ерни юзта мулкка ҳам алишмайман. Отамнинг васияти улардан қиммат туради!”,- деб рад жавобини берибди ака.
    “Инсонга уч газ ер кифоя” иддао қилибди ука.
     “Уч газ ер ўликка етади,  мен эса тирикман” жавоб берибди ака.
   Хуллас муносабатларга дарз кетибди. Орадан бир икки ой ўтиб, полвон Апшерондаги  уй-жойини сотиб, зарда ва надоматлар билан ота ҳовлисига кўчиб келибди, Аббосзода бунга қаршилик қилолмабди, чунки ота мулки ва унга уканинг ҳам ҳаққи бор. Муносабатлар эса кун сайин таранглашаверибди. 
      “Ака, деркан полвон, ҳар куни такрор-такрор, қозилашган қариндош бўлмас, дейишади, нима учун тушунмайсиз ё тушунишни истамайсиз. Қазиб кўришсин, чиқмаса кетишади, лекин нефт чиқса савдолашамиз. Сиз айтган жойдан, сиз айтган мулкни олиб бериш менинг зиммамда.
   Қайсар аканинг эса рад жавоби ўзгармайди.
Бора-бора ука маст бўлиб,  мижғовлик қилабошлабди, овозини кўтарадиган одат чиқарибди.. Акани эса кўндириш қийин бўлиб қолаверибди.
   Кунлардан бирида полвон ширакайф ҳолда акага қўл кўтарибди. Табиийки, ака ҳам қаршилик кўрсатибди. Полвон акани остига олиб, дўппослаётганда, у пичоғини олиб, уканинг қорнига  суқиб юборибди,  Полвон кўп қон йўқотиб, оламдан ўтибди. Аббосзодани ўн беш йилга Сибирга сургун қилишибди.
  Орадан икки ойлар ўтгач, Содиқий ундан қуйидаги мазмунда хат олибди. “ Содиқий афандим! Идорангизни менинг ҳовлимга кўчиринг. Бу ердаги учта хона сиз учун етарли. Мен ҳеч қанақа ижара пулидан умидвор эмасман. Фақат ҳар ойда бир дона “Иқбол” билан “Таржимон” юборсангиз кифоя” Шундай қилиб, Аббосзоданинг Тифлисда ўқийдиган  ўғли калитни Содиқийга беради. Улар вайрона ертўладан катта ҳовлига кўчиб ўтишади.
    Бу гапга бир йилдан ошганини айтишди
Беҳбудий, шунингдек, мактаблар, дарсликлар ҳақида сўрадилар.
  – Аббосзодага жарида йўллағонингизда, бир дона “Ойна” ҳам қўшунг,- илтимос оҳангида дедилар муаллим.
  Аён бўлдики, ўшанда  юборилган журналлар бечора Аббосзодага етиб бормабди; маҳбусларга газета-журнал ўқиш ман қилинган экан.  Ўтган йил куз маҳали ундан қуйидаги мазмунда хат келибди.” Бу ерлар жуда совуқ, пахтали  камзул юборинглир. Чокини сўкиб, ичига журналнинг бирнеча сонини жойланглар”.
   Шундай қилишган экан, бояқиш олиб ўқиб, роса қувонибди.
    – Аббосзоданинг йўл-йўриғига амал қилиб, бултур кузда узумни уздик,- суҳбатни давом эттирди Содиқий афанди. Ўн чоғли кишини ёлладик, нақ ўттиз икки кажава узум чиқди. Ҳар биттасини икки киши зўрға кўтаради денг.  Атрофни  одамни маст қиладиган муаттар мускат узумининг ҳиди босди. Унинг виноси ҳам шунуқа хушбўй бўлишини билардим. Аввал Аббосзоданинг Тифлисда ўқийдиган ўғлини чақиртирдим, сўнг винопазни топдим. Кўтара савдо қилдик – яхши ҳақ тўлади. “Бу пул Аббосзоданики, дедим ўғлига, аммо менда туради. Сенга ҳам  кераклича маблағ бериб тураман”. Аслида,  Аббосзода, пулни керагича журнал зарурати учун сарфланг деганди. Аммо бир тийинига хиёнат қилмайман! Ўзи учун зарур харажатлар бўлса – ноилож. Бу йил баҳорда хомток қилувчиларга, жўяк олувчиларга бироз сарфладим,  холос. 
  Улар қоғоз нархи, цензуранинг инжиқлигидан нолишди. Кечқурун шаҳар айланишди, қаҳва ичишди.
  Ётиш олдидан устоз қоғоз олиб:
 “ Боку ...ҳийла вусъат топиб,(кенгайиб Н.Р.) иморатлари беш-олти табақағача юксалибдур... Боку Русиянинг ободонлик жиҳатидан бешинчи шаҳри бўлиб, аммо мусулмон давлатлигининг кўплиги ила Русияда иккинчи шаҳардур. Чунончи, мунда юз милйўн сўмлик мулку сармояға доро ( эга ) бир неча мусулмонлар бўлуб, милйўн соҳиби мусулмонлар яна ортуқроқ...бўлуб шаҳарнинг аксари мулки мусулмонлар қўлидадур. Оллоҳ зиёда этсун! Бул шаҳарнинг еридан нафт (нефт), бошқа тил ила, олтун чиқур. Бу кун меҳнаткаш бир кишининг еридан нафт чиқса, эртаға милйўнга эга бўлур...
     деб ёздилар ҳамда эрталаб почтага бориб, уни Самарқандга, аниқроғи Ҳожи Муйин билан Саидризо Ализодага номига йўлладилар ва “Ойна”нинг  навбатдаги сонида чоп этишни тайинладилар.
   Эртаси дўстлар устози кабирни Бокудан Минводга борадиган поездга миндириб, оқ йўл тилаб қолишди.
    Дарҳақиқат, саёҳат – эрк-у саодат сароби, некбинлик, устиворлик чашмасидир,  Имкон бўлганда, бот-бот уйдан чиқиб кетиб, хонадон аҳлини андак соғинтириб туриш маъқул деб ўйлардилар у киши. Сайру саёҳат қилиш имкони бўлганлиги учун ҳам тириклик жозибалидир. Инсон ўз ҳаётини узлуксиз завқ-шавққа айлантириши зарур.
   Эндиликда  муҳтарам зот қаршисида афсонавий Кавказ ўлкаси ястаниб ётибди. Тарихи ҳам,  табиати ҳам бетакрор бўлган ажойиб ўлка. Ҳазар ва Қора денгиз оралиғида ёстанган бу минтақадаги  мамлакатларни Худо сийлагани рост. Ёзи иссиқ бўлмаганидек, қиши ҳам қаҳратон эмас − иккала денгиздан ёзда салқин, қишда илиқ  шабада эсиб туради. Хуллас,  табиатнинг киборона, бокира навозишлари ҳар қадамда ва узлуксиз дилингни аллалайди.
       Навбатдаги бекатда купега либослари ҳам гавдаю феъл-атвори ҳам эркакка ўхшаш, рангпар бир аёл билан ўттиз ёшлар чамасидаги, нигоҳлари андак бежо эркак кирди. Кейинроқ аёлнинг грузин, эркакнинг чечен (эҳтимол черкесдир) эканлиги аён бўлди. Аммо уччовлари ҳам алламаҳалгача жим кетишди. Аёл гоҳида қўлидаги қалин китобни ўқир, навбат билан атрофни кузатишни ҳам канда қилмасди. Бу ҳолдан қониқмаган қаҳрамонимиз. Ҳалиги эркакка сўз қотдилар.
    – Узр. Бу минтақаларда қайси миллатлар рўзгурзонлик қилурлар?
    – Бу жойлар чеченлар замини. Қўмиқ, лезгин, доғистоний ҳам бор, жавоб берди у.
    – Чеченлар мусулмонми?
   Чеченнинг юзи ўзгарди. Тақсирга олайиб қаради.
    – Чеченнинг мусулмонлигини билмайсанми? Шунақа ҳам одам бўладими?
    – Узр, минг бор узр, билмабман.
    – Билмабман, дейди. Осиёлик...саводсизлар...
   Тақсиримиз унинг бадфеълроқ эканлигини фаҳмлаб, андак хавотирга тушдилар
   Чечен эса ҳамон мижғовлик  қилар, жанжал чиқарадиган кайфияти ҳам йўқ эмасди  густоҳнинг.
   Сукут ҳам, узр сўраш ҳам кор қилмайдиган бир вазиятда, ҳалиги грузин аёл орага кирди. Чеченга тик боқиб, пўписа қилди.
    – Нима дейсан, бу одамга. Сенга савол берди, холос. Куркага ўхшаб, қулқуллайверасан! Мусулмон бўлсанг, бўпсанда, бунча жириллайсан.
   Чечен ҳам жим турмади.
  – Сенга нима, ишингни қил, китобингни ўқи. Шаҳар кўрган эчкига ўхшаб...
  – Жим ўтирмасанг, навбатдаги бекатда поезддан тушириб  юбораман.
  – Нима, сан жандарм бошлиғимисан?
   Аёл вазминлик билан портфелини очди, ундан маузерини чиқариб, деди:
      Ҳей, қоқвош, тағин гап қайтарсанг, келган жойингга қайтариб юбораман.
   Чечен жимиб қолди. Купеда  сукунат чўкди.
   Алламааҳалдан кейин чечен паст овозда аёлга мурожаат қилди.
    – Мени қамоқдан келганимни қаёқдан биласан?
    – Мен ҳаммасини биламан.
    – Турма назоратчисимисан?
        ...
   – Мени қайтариб юборолмайсан. Ўн беш йилга ҳукм қилишган эди, нақ ўн беш йил ётдим. Аввал олти ой Грознийда, сўнг Тбилиси қамоқҳонасида. Кейин Сибирга жўнатишди, даюслар. Дарахт кесаётганимизда, эман икки русни босиб ўлдирди. Ўзи ҳам, икки кишининг қучоғига сиғмайдиган дарахт эди.  Мени айбдор деб билишди ва тағин беш йил қўшишди. Аслида мен гуноҳкор эмасдим. Тўғри, арра менда эди, дарахтни кесиб, охирги  сонияда “қочинглар” дедим, ўнг томонга ишора қилиб. Аммо чапга қулаётган дарахт, йўлини ўзгартириб, ўнг томонга бурилиб кетди. Худо ҳақи, шундай бўлди. Менда айб йўқ эди. Айб, дарахтда эди.
  Тақсиримиз унга ачиндилар ва зоҳиран не қилмиши учун жазоланганлиги билан қизиқдилар, Аммо буни сўрашга  мулоҳаза этдилар. Грузин аёл эса сўради.
    – Нега ётган эдинг? Қиз ўғирлаганмидинг?
   – Ҳа, Гудермас яқинидаги овулдан бир қизни олиб қочдим. Шундай энкайиб, белидан қучоқлаб, кўтариб олдим. Кейин отга қамчи босдим, дулдулим учиб кетди. Отмисан от эдида ўзи ҳам, фақат  забони йўқ эди. Биз бир-биримизга шундай нигоҳ ташлаб, нима истаётганимизни фаҳмлаб олардик.
    – Қизни ўғирлаб қочдинг, кейинчи,- суҳбатдошининг ўтлаб кетишини чеклаб қўйди аёл.
   – Оббориб никоҳ ўқитдим. Бир ойдан кейин икки акаси дараклаб топиб келди. Қўлида ханжар бор эди. Каттасини кўкрагини мўлжаллаб тиғ урдим, кичиги орқамдан пичоқ санчди. Отимга миниб, қамчи босдим. Йўлда ярамни ювиб, боғладим.  Кейин полиция ушлаб олди, суд ўн йилга ҳукм қилди. Даюслар!
   Навбатдаги бекатда поезд кўпроқ туриб қолди. Устоз ён дафтарларини чиқариб, хотираларни дафтарга туширабошладилар. Кавказ табиатини роса таърифлагач, ҳар бир миллатнинг ўз камчиликлари борлигини таъкидладилар. Биз туркистонийлар бор будимизни тўй-маракага сарфлаб, ўзимиз қашшоқ яшашимиздек, бу ердаги мусулмонлар жаҳолатдан ҳамон қиз ўғирлаб, умрларини қамоқхоналарда ўтказаётганилигидан надомат чекиб ёздилар.
   У кишининг хат саводли эканлигини кўрган ва латиф чеҳраларида зукколик аломатларини ҳис  этган грузин аёл чеченга юзланди.
   – Сан туркистонликларни саводсиз дединг. Кўрдингми , жаноб қандай равон ёзар эканлар. Сан ўзинг саводсизсан; агар мактаб кўрганингда эди, умринг бунақа қамоқхоналарда ўтмасди. Шармандага шаҳар кенг эканда..
   – Қаерда ўқийман? Мактаб фақат Грозний билан Гудермасда   бор, холос. Бирорта овулда мактаб йўқ.
   Беҳбудий бу ўлкаларда ҳам Россиянинг ҳалқни саводли  қилиш нияти йўқлигини фаҳмладилар. Бу орада эса чечен бобосини мақташга киришди.
   –...шунда бобом рус офицерининг биқинига пичоқ санчган. Руслар овулимизни босиб олиш учун уч кун жанг қилишган. Оқсоқолларимиз мадад сўраб, Шомилга одам юборишган, аммо мадад келмаган. Руслар бостириб кириб, уйлармизга ўт қўйишган. Мен айтган офицер нописандлик билан мачит устунига сийган. Шунда ичкарида беркинган бобом югуриб чиқиб унинг биқинига ханжар урган. Ярамас ўша ернинг ўзида ўлган. Бобомни ҳам ўша ерда бир неча душман ўқ узиб ўлдирган. Уч кунгача жасадини олишолмаган.
  Орага мавҳум сукунат чўкди. Грузин аёл бу гал тақсиримиз томон юзланди.
      Назаримда, Толстой буларни барини ўз кўзи билан кўрганга ўхшайди. Қаранг, нима деб ёзади.
   У китобнинг очиқ турган саҳифасидан ўқиб кетди.
 
   “ У овулга қайтиб, ўз уйини батамом вайрона ҳолда кўрди: том ўпирилиб тушган, эшик,  айвонларнинг устунлари ёндирилган ва уйнинг ичи булғатилган эди.Унинг ўғли,  ўша музаффар Ҳожимуродга шодона тикилиб турган, чиройли,  ялтироқ нигоҳли  ширин фарзандининг жасади  устига чопон ёпилган ҳолда, отда,  масжид ёнига келтирилганди. Унинг елкасига найза санчилгани аён бўлди. Ҳожимурод келган вақтда, унга хизмат қилиб турган хушқомат ва хушрўй аёли энди мусибат дардидан кексайиб қолгандай. Ёқаси йиртилган кўйлагидан, буришган кўкраги кўриниб турарди. Тўзиб кетган сочлари билан ўғлининг бошида турар, юзини қора қонга бўяб юларди ва тинмай  фарёд чекарди.
    Садо қариндошлари билан бирга теша ва белкурак олиб, ўғлига гўр қазишга кетди.
   Боғчадаги икки ғарам пичан ёндирилган, чол ўтқазган ва кўкариб чиққан ўрик, олча кўчатлари синдирилган, куйдирилган  асалари билан бирга уларнинг қутиларига ўт қўйилганди. Аёлларнинг оҳу-нолалари бутун уйлар ва тағин икки ўлик келтириб қўйилган майдонни эгаллаганди. Норасида  болалар оналари билан бирга бақириб йиғлардилар. Каттароқлари ўйнамас, балки қўрқиб кетган, мунгли кўзлари билан катталарга ҳайратона термулиб турардилар.
   Сувлоқ атайин  нажасланган бўлиб, ундан сув олиш мумкин эмасди. Худди шунингдек, мачит  ҳам нажасланган, имом-хатиб шогирдлари билан уни тозаламоқда эди.
    Ўрисларга бўлган нафрат ҳақида ҳеч ким гапирмас; кичигидан тортиб каттасигача жаъми чеченлар томонидан  идрок этилаётган туйғу ҳар қандай нафрат ва интиқомдан кучлироқ эди. Йўқ,  бу туйғу нафрат туйғуси эмас, бу – ўрис итларини, ўша бедаво, манфур, ғаддор башараларни одам ўрнида эътироф этмаслик ва шу махлуқларнинг ахмоқона шафқатсизлиги, қабоҳатига жавобан беҳисоб ғазаб ва ҳайрон қолишлик туйғуси эдики, худди каламушларни, заҳарли ўргимчакларни, бўриларни қириб битириш истаги сингари, уларни қириб юбориш истаги, худди ўз-ўзини сақлаш истаги янглиғ табиий бир ҳол эди. Чеченлар олдида ё шу ерда қолиш ва не-не машаққатлар эвазига бунёд этилган, аммо кўз очиб юмгунча ваҳшиёна тарзда  хоку туроб қилинган  вайроналарнинг барини ва энг ёмони,  тағин шундай  вайрон қилиниши мумкинлигини билган ҳолда, куч сарфлаб, бошқаттан тиклаш ёки вазиятга ҳамда ўрисларга нисбатан беҳудуд нафрат, интиқом ҳиссини  жиловлаб, уларга буйсунишдек икки йўл турарди. 
   Муйсафидлар намоз ўқидилар ва ундан кейин Шомилдан мадад сўраб, унинг олдига вакиллар юборишга қарор қилдилар ҳамда шу замониёқ вайроналикларни тиклашга киришиб кетдилар”.
  Орага тағин ғамгин сукунат чўкди, уни Беҳбудий буздилар.
    – Дунёга Толстой, Ломоносов, Пушкин каби даҳоларни берган миллат вакилларининг  бу қадар жаллодликларига ишонмоқ қийин.
   Поезд сигнал берди. У манзилга етиб келган эди. Учовлон илиққина хайрлашиб, поезддан тушиб кетдилар.

     Шундан кейин жадидлар сарвари Кисловодск, Ессентуки, Железноводск шаҳарларида бўлдилар, уларга таъриф бердилар.
  Железноводскда эса тақсиримиз диққатини Бухоро амири бунёд этган қаср тортди.
   “ ...қаср темур панжаралар ила иҳота қилинибдур. Яна араб усулида дарвозалар қурулиб, барида кошин ила “Ассалому алайкум ва алҳамдуллилоҳ, омин” ёзилгандир. Устига русча “Кирмоқ мумкин йўқ”  деб ёзибдурлар. Қаравулни топиб сўрадим. Деди: “Бу қасрни Бухоро амири бино этиб эди, ўзи баъзан мунда келарди. Вафотидан сўнгра,  ҳозирги амир бизни импературға туҳфа этди”.
  Муаллим ўша куни бир мусулмон дўконига кирдилар
   – Эрондан чиқадурғон газет ва жаридалар сотилурми?
   – Бундан бехабармиз.
     Кавказдан чиқатурғонлари ҳам йўқми?
    – Йўқ.
    Беҳбудий бу бехабарликдан надомат чекканларини изҳор этдилар.
   Маъдан сувига даволаниш учун келган кишилар ҳақида ўзига хос юмор билан ёздилар.
   “Бу маъдан сувларға ҳар навъ касаллар келур. Қартайган, бир мушт ила охиратга кўчадурғон муйсафид бойлар, боши қалтирайдурғон чоллар,  ҳолсиз генераллар, бинниси(бурни)дан тутсанг, жони чиқадурғон сил ва қонсизлар, кўп ўқугон, мияси ачиган талабалар ва муаллимлар...”
   Тағин икки кундан кейин устоз Одесса шаҳридан Истамбулга борадиган пароходга чипта харид қилдилар.
   Каютада у кишига ўрта ёшлардаги серсоқол яҳудий ҳамроҳ бўлди. Бу одамнинг кўпни кўрганлиги, хушфеъллиги, сайру саёҳатни хуш кўриши, бармоғидаги бриллиант узукка қараганда, анчайин давлатмандлиги сезилиб турарди. Яҳудий анчайин синчковлик билан янги шеригига разм солди ва ўзича хулосалар ясади. Бу одам табиатан истеҳзо, кесатиш билан гапиришни хуш кўрар: ҳаёт, император, аёллар ҳақида гап кетганда ҳам, ўзига хос истеҳзо қилар,  гоҳида тан олмай, ғийбат қиларди.
  – Саёҳат хуп нарсада,  сўз бошлади у,- кеча Петербургдан чиққан эдим, бугун  маъдан сувга кирдим. Мана энди денгиз сайри. Тел Авивга боргунча Истанбул, Дамашқни зиёрат этурман...
    – Инсон фарзанди, энг ками  тўқсан  йил яшамоғи керак, дейди Саъдий Шерозий деган шоиримиз, ва бунинг  ўттиз йили билим олиш; иккинчи бўлаги  эса сайру-саёҳатга ва ниҳоят охирги қисми авлодларга мерос қолдиришга сафарбар этилмоғи лозим.
   Яҳудий очилиб кулди ва давом этди.
    – Шерозда ҳам бўлганман. Ажойиб шаҳар. Бизнинг Ави Шаул деган машҳур шоиримиз, бир шеърида саёҳат дунёни билиш, гўзаллик ва жозибаларни ҳис қилиш, маънавий бойиш манбаидир, деб ёзади. Дунё кезиш феълу-атворни шакллантириш, раҳмдил ва саховатли бўлиш, борлиққа ўзгача нигоҳ билан қарашга ўргатади.
   У Шероз, саёҳат ҳақида сўз юритган бўлсада аслида яҳудий шоирини тарғиб қилмоқчи бўлганини  фаҳмлаш қийин эмасди.
   – Туркистонда ҳам бўлганман,- мавзуни бошқа томонга бурди у. Самарқанд, Бухорода  дўстларим бор. Эҳтимол Абрами қаламни биларсиз?. Қуруқ мева,  қоракўл савдоси билан шуғулланади.  Самарқандда катта мулки бор, аммо... Ўтган йил уникида меҳмон бўлгандим. Ўша музофотдан мулк харид қилиш ниятим бор эди. Боиси, сизларнинг тупроқларинг олтинга тенг. Мен эса ердан фойдаланишни кифтини келтираман. Бунинг устига, энг арзон ишчи кучи. Аммо бу мумкин эмас экан. Россия қонунлари чет эл фуқароларига мулк сотишни таъқиқлабди. Калтабинлар! Кейин ўзим ҳам истамадим.
   Кейин у юнон донишмандларидан айримларини тилга олиб, уларнинг талай хатоларини гапириб кетди.
   Ҳазратимиз хаёлга чўмган эдилар. У киши жадид мактаблари учун табиий география дарслигини ёзиш жараёнида талай мамлакатларнинг тупроқлари тош, шағал, шўрланган, ботқоқланган, сувсиз эканлигига гувоҳ бўлгандилар ва буни тоғалари ҳам таъкидлаганди.  Яратган эгам бу борада туркистонликларга  чинакамига қарашганига ишонч ҳосил қилган эдилар. Аммо шунга қарамай, халқимизнинг қашшоқлиги у кишини изтиробга соларди. Янги суҳбатдошларининг бу халқни “энг арзон ишчи кучи” дегани дилларини ғаш қилди. Қашшоқлиқ ва ночорликларнинг сабаби эса ҳеч шубҳасиз, билимсизликда, тамаддундан узоққа тушишда.  Халқни саводли қилмай туриб эса ҳеч нимарсага эришиш мумкин эмас.
  – Абрами қалам деганимиз Россиядаги нотинчликдан жуда хавотирда экан, давом этди у, “болшевиклар ҳокимиятга келса, бор-будимни тортиб олиши аниқ”,- деди. 
  “ Бор будингни топширу, жонингни омон сақлаб қол, деб маслаҳат бердим. Чунки тирикликданда буюк неъмат йўқ. Аммо Самарқанддаги оддий яҳудийларга жуда ачиндим. Уларни камситишади, тирикчиликлари эса ночор. Келажакда ўз давлатимиз бўлса, яҳудийларни она тупроғимизга  кўчирсак деймиз...Қуддус атрофидаги аҳолидан пул йиғиб, янги шаҳарлар барпо этяпмиз. У ерда биринчи яҳудий банки, гимназиялар бор. Ўзимизнинг она тилимизни ўрганяпмиз. Булар бари бошланиши...
   У мухтор ва мустақил яҳудий мамлакатини кўз ўнгига келтириб, орзу- армонлар, катта умидлар, ҳаяжонлар билан тўлиб-тошиб гапирарди. Беҳбудий ҳам  хаёлга чўмдилар. Бу яҳудий мухторият ва мустақиллик ҳақида катта умид, ҳаяжон билан гапирябди.Туркистонимиз ҳам мустақил бўлса, айни муддао бўлардику. Руслар яхши халқ, подшо ҳам унчалик золим эмас, аммо ҳокимият ўз қўлимизда бўлса, ҳамма ерда мактаблар очардик, ўзбек тилида газета журналлар чиқарардик, ўз қонунларимиз, байроғимиз бўларди...
  – Сизлар учун эса бунга анча бор,- тақсирнинг фикрларини уққандай илиб кетди яҳудий.
  – Нега? 
 “ Халқларинг  тайёр эмас! Бунинг учун ўз-ўзини бошқаришга қодир бўлган халқ керак. Оломонга ишониб, боши кесилган қаҳрамонларни ҳам, жабр кўрган аҳли улусни ҳам кўп кўрганман. Озодлик машъали, энг аввало, уни кўтарган қаҳрамонларнинг қўлини куйдиради. Бу аҳволда озодлик  эълон қилиш мумкиндир, аммо уни  сақлаб қолиш қийин. Россия калтабин эмас, шундай бебаҳо хазинани осонлик ила қўлдан чиқариб юбормайди. Бунинг устига  ҳарбий кучларинг ҳам йўқ. Ҳокимият эса, ҳамиша ҳарбий куч соҳиблари ихтиёрида  бўлади. Ҳозир ҳокимиятга ишониш ярамайди. У ғирромликка мойил. Милтиқли кишига мушт ўқталиш, довдирликдан бошқа нарса эмас!  Ростини айтсам, мен  ўзим худога ишонмайман, аммо дин керак  деб ҳисоблайман. Акс ҳолда, халқ бошбалдоқсиз бўлиб кетади. Одамларни қўрқитиш, бошқаришда подшолар айнан диндан фойдаланадилар.”

     Кейин ётиб, ухлашди.
   Нақ икки кеча кундуздан кейин кема буғиқ сигнал бериб, Басфордаги портда тин олди.
                                                     4
  Туркия!
   Қадрдон ўлка. Туркистон фақат шу муаззам юртнинг йўлидан бориб, тамаддун ва истиқболга эришмоғи мумкин! Тилимиз бир, динимиз бир, тарихимиз бир...
   Туркия – эзгу  умидимиз, маёғимиз, таянчимиз! Аҳли Туркистон, зарур бўлганда фақат шу халқ елкасига бош қўймоғи мумкин!
   Тақсиримиз бу қарорга анча илгари келгандилар. Ҳукумат  газеталари, эҳтимол шунинг учун муфти жанобларини ва жами жадидларни “пантуркист”ликда айблагандир...
   Ул зоти олий саёҳатни Булғорияга туташ Андра (Эдирне) шаҳридан бошлашга аҳд қилган эдилар. Боиси: мазкур шаҳардаги жаҳонга машҳур Султон Салим жоме масжидини кўриш; иложи бўлса, пешин ёки шом намозини бу табаррук даргоҳда ўқишни орзу этгандилар. Шу билан бирга бу ердаги  мактабларни кўриш, ибратли тажрибаларни ўрганиш ниятлари ҳам йўқ эмасди.
  Илк таассуротлар дафтарга тушабошлайди.
   “Андра Истанбулни бошқа тил ила айтганда, Туркия давлатининг дарвоза ва устунидир... Истанбул ила Андра ароси қитор (поезд) ила ўн соатлик йўл бўлуб, Австриё насоралари темир йўлнинг соҳиби... Бечора мусулмонлар беш юз йилдан бери Оврупода ўлтуруб, оврупо одати, либоси ва ямон ишларини одат қилиб, аммо илм, ҳунаридан керагича ҳисса олмабдурлар. Бул ҳар ерда шундайдур. Бу кунгача бир чақирим темир йўли бино қилмоқға бутун мусулмонларнинг илм ва иқтидори йўқдур, аммо папирус, ичкулик ва бузуқлик тарафига бор кучимиз ила аъло ҳолда тирмашармиз”.
   Шу билан бирга у киши яқинда ана шу шаҳар учун бўлиб ўтган булғор-турк уруши ҳақида ҳам кенг маълумот бериб ўтдилар. Анчайин давом этган урушлардан кейин булғорлар серблар билан ҳамкорликда шаҳарни забт этишган экан. Бу ердаги мачитларни калисоларга мослаштириб ҳам олишибди. Шунда Анвар пошшо шаҳарни булғорларгамас, сербларга топширибди. Натижада Эдирне учун булғорлар билан серблар орасида низо пайдо бўлиб, уруш бошланибди. Ҳар иккала томон ҳолдан тойгач, турк армияси ҳужум уюштириб,  шаҳарни қайта  қўлга олибди.
   Аммо шаҳар ҳали ҳамон ярим вайрона ҳолатда экан.  Беҳбудий ҳазратлари уни  тиклаш ишлари давом этаётганлигини ёздилар. Кўчаларда файтун ва аробалар билан бирга автомобиллар ҳам юраётганлигидан, бир неча замонавий мактабларда болаларга таълим берилаётганлиги у кишини мамнун этди. Ҳукуматнинг мактаб сиёсатидан қониқиш ҳис этдилар.
  Султон Салим жоме масжидининг таърифига эса сўз ожиз. Бу жомеи шариф мусулмонлар учун энг қадрли эканлигига урғу бериб, яхлит мармар устунлари, қуббалари, қимматбаҳо тошлари ҳақида батафсил ёздилар.
   – Шаҳар теграсиндаги мактаблардан бирини  кўриш истагидаман,- дедилар маориф бўлимидагиларга.
   Улар меҳмони олийқадрни Мерич дарёси соҳилидаги янги мактабга олиб боришмоқчи бўлишади. Йўл бошловчи – турк ўғлони  мазкур мактаб бир башоратчи аёлнинг пулига қурилганини маълум қилгач, муаллимимизнинг қизиқишлари тағин ортди. Ўша башоратчи аёл ва мактабларга мадад қўлларини чўзаётган саховатпешалар ҳақида саволлар бердилар.
   – Ҳукуматчи, маорифга пул ажратурми,- қизиқдилар  муаллими калон.
    Шериклари ҳукуматнинг саводсизликка барҳам бериш дастурлари ҳақида сўзлаб, ҳар бир қишлоқда замонавий мактаб бино этмоққа киришганини аён қилади.
   Улар узун кўприкдан ўтиб, икки қаватли серҳашам иморат қаршисида тин олишди. Бу, тақсиримизнинг Жомбойда бино этган, ёки Шакурий, Ажзий мактабларидан чандон устивор ва  ҳашамли эканлигига ишонч ҳосил қилдилар, надоматлар чекдилар. Аёл бошқа жойларда ҳам шунақа бинолар бунёд этганлигини айтишади.
     Мудир меҳмонни сарафрозлик ила синфларга, кутубхонага, биология хоналарига олиб киради, болалар билан гаплаштириш имконини беради. Ва тақсиримиз, биз Туркиядан йигирма йиллар чамаси ортда эканлигимизга тағин бир бор тан бердилар. Нега Россия болаларимизнинг ёппасига билимли бўлишига моне, деган савол у кишини қийнайбошлайди. Россиянинг бир неча замбараклари, Босфор соҳилида ўрнатилганлиги, бу ҳарбий харажатлар мактаб маорифга сарфланиши ўрнига, Туркияга муттасил таҳдид солиб турганлигини ўйлаб, афсус чекдилар. Шу билан бирга бой ва мулкдорларимиз мактабларга мадад қўлини чўзмаётганлиги ҳам таксирни ўйга солди.
 –Ўша башоратчи заифа бирлан ҳам гаплашмоқ  мумкин бўлурму, сўрайдилар у киши.
  Йўл бошловчи рози бўлди, файтунчига қўшни қишлоққа ҳайдашни буюрди. Бу ерда эса башоратчи хонимдан дилхуш муждалар эшитиш илинжида навбат кутиб турган аёлу эркакнинг саноғига етиб бўлмасди. Чамалаб кўришса, навбат кечга яқин келиши мумкин экан.
  Беҳбудий йўл бошловчи йигитга ташаккурлар айтиб, жавоб бердилар ва фурсат бефойда кетмасин, деган умидда, пиёда юриб, атрофларни  кузатишга киришдилар. Дарёгача бўлган йўлакнинг икки томонидаги ҳовлилар четан девор билан ўралган бўлиб, мандарин, лимон дарахтлари шиғил ҳосил қилганди, қаердандир рояль овози эшитиларди.
   – Қизим, мана бу дарахт на дейилур,- сўрадилар у киши бир қизалоқдан, ҳосилнинг кўплигидан шохи эгилган дарахтга имо қилиб.
  – Ул – зайтун,- қисқа  жавоб берди қизалоқ.
   Токлар тиккасига ўсаётганидан ажабландилар. Бу ерларда қиш қаттол келмаслиги, ёз ҳам мўътадил бўлишини, шунинг учун токлар кўмилмаслигини айтишди.
  “Яратганнинг меҳри тушган юрт,” дедилар тақсир, кафтларига олган бир ҳовуч тупроққа тикилиб.
    Дарё соҳилларини сайр этгач, башоратчи заифа уйига қайтиб келдилар.  Гумашта  тақсирни огоҳлантирди.
  – Анда сўроқ айламанг,  бир дақиқадан сўнг чиқмоқ лозим.
    Бошдан оёқ қора либосга бурканган  эркак у кишини икки қаватли қадимий бинога олиб кирди ва  негадир юқорига эмас, ертўлага қараб бошқарди. Ним қоронғу йўлаклардан ўтиб, катта ва узун хонага киришди. Андак мавҳум ва ҳавотирли эди буларнинг бари. Тўрда, хонтахта устида ҳайкалдай қотиб турган заифани зўрға илғаб, салом берадилар. Унинг ортида шамлар ёқилган бўлиб, аёлнинг сояси кўланкадай бўлиб туюлади.  Хонада ҳамма нарса: нимқоронғулик ҳам, аёлнинг алик олмагани ҳам, кўланкалар, ҳатто девордаги фаришталарнинг осмонда учиб юрган ғаройиб расмлари ҳам сирлидай, мавҳум бир ҳилқатдай бўлиб туюлар ва буларнинг бари аёлни илоҳий бир маъбудага айлантиргандай эди. Унинг юзи яхши кўринмасди, аммо шунга қарамай, башоратчини турк аёлидан кўра кўпроқ насронийга, аниқроғи,жумбоқларга тўла қадимги юнон ҳайкалига ўхшатиш мумкин эди.
  – Узоқдан келдингми,- дағалгина оҳангда савол берди аёл.
  – Жуда узоқдан, хоним афандим..
  – Аввал  келган экансанку, тағин нега келдинг?
  – Туркияни севаман, хоним афандим!
  – Мулкдор одам экансан, мактабга ёрдаминг текканми?
  – Сан башоратчи бўлсанг, ўзинг англаб бил, хоним афандим...
 – Сенга айтадиган гапим шу: узоқ яшайсан, мабодо ўлдиришса ҳам тағин тирилиб, яшайверасан! Ҳатто қайта-қайта ўлдиришса ҳам...
  – ....
  – Энди чиқ! Бошқа гапим йўқ!
  – Эй фаришта аёл! Юртим ҳақида, жафокаш Туркистон ҳақида, эзилган адои тамом бўлган мардумларим ҳақинда сўйла!  Нелар кутади, биз бахтиқароларни? Айт, онагинам!
  – Ҳеч нимарса! Озодликдан бўлса, умид ҳам қилманглар! Худонинг ўзи раво кўрмагунча, унинг учун курашманглар ҳам.. Аёл боласини тўққиз ой тўққиз кун кўтариб юриши шарт.! Одамларга тез юрадиган соат керакмас, тўғри юрадиган соат керак!
    Нахотки.. Мантиқ қани?!
 – Гўдакларни ўқитиш керак! Муаллимларнинг бошини силангиз! Бусиз ҳеч нимарсага эришиб бўлмас!
  Гумашта вақт тугаганлигини тағин эслатди.
  Тақсирдан,  негадир пул ҳам олишмади.
                                                  *  *  *
  У киши ўша куниёқ, Истамбулга жўнайдиган поездга билет сотиб олдилар. Эртаси Аё София зиёратидан кейин Аҳмадия жомесида шомни ўқиб, меҳмонхонада дам олдилар. Кечқурун Гулхона истироҳат боғига чиқдилар ва бу ерда кутилмаган воқеа содир бўлди. Боғда устоз Исмоилбек Гаспирали билан тасодифан  учрашиб қолдилар.
    – Ҳов, хўжа, - деб мурожаат қилди ногаҳонда,  татарча либос кийган  киши.
  Устоз ўгирилиб,   Исмоилбек Гарпарали билан таниш муҳаррирни кўриб қоладилар. Учовлон ҳам беҳад қувонишади. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Гаспирали  Шакурийнинг сиҳати ва мактабининг тақдири билан қизиқади. Аммо Беҳбудий Шакурий мактабига қилинган ҳужумлар ҳақида гапиришдан ўзларини тиядилар. Чунки шу хушчақчақ дамларга рахна солиш ножоизлигидан ташқари, Исмоилбекнинг анчайин бетоблигини, енгил-енгил йўталаётганлиги бунга монелик қилади.
 Бироздан кейин Исмоилбек ҳалиги муҳаррирга жавоб бериб,  Беҳбудийни ўз меҳмонхонасига таклиф этади. У ерда дастурхон ёйилади.
  – Хўш, Маҳмудхўжа, бақолим гапиринг.Самарқанддан гапиринг.
  – Ўзингиз ёзмишсиз:  “Самарқанд қиблаи олам вал−адаб!  Эски шаҳарларнинг эскиси, энг гўзал шаҳарларнинг гўзали, машҳур шаҳарларнинг машҳури, илм ўчоғи... Жаҳонгирнинг буюк пойтахти, улуғ шаҳарларнинг улуғи”...
    Бақолим, обидалар ҳамон харобми?
   Инсонни  йиғлатадиган даражада.
  – Самарқандда ҳар на кўрдим, чўх гўзал, ҳар на кўрдим, чўх хароб. Масалан, Бибихоним масжиди ақлларга ҳайрат беражак бир бинойи латифдир. Бунинг ила баробар ажнабийларни йиғлатажак қадар бир харобатдир! Икки кун шаҳар айландим. Энг инжа, энг латиф маҳорат ила бино этилмиш эски замон иморатларини, мадрасаи жомеъ ва қабристонларни, чинни деворларга қулоч-қулоч рангба-ранг чиний нақш этилган кўфий оятларни сайр ва мутолаа ва Шоҳи зинда саройи ила Афросиёб ёдгорлигини томоша этганимдан сўнг шоҳ Темур қабрига келдим.
 – Ёдимда: камина бирла Шакурий сизга ҳамроҳ эдик.
  Рус маданиятидан қочмангиз. Улар билан эҳтиромли муносабатда бўлингиз
    – Одоб – бошингдаги илоҳий тож, уни кийиб истаган жойга боришинг мумкин,  дейдилар Жомий ҳазратлари.
 – Тарбия виждон иши, билим бермоқ эса бизнинг зиммада. Кейинчалик билим ва виждон иши бир-бирини тўлдириб борур.
 – Дарҳақиқат, билим туфайли инсон дунёни қайта қуражак. Бу сафар яна “Китоби мунтахаби жуғрофияйи умумий”ни нашр қилганингиз идорамизга юборилган нусхасидан маълум бўлди. Гўзал тартиб ва гўзал турк тили ила ёзилмишдир
 – Локинда нуқсонлардан холи эмас. Эмди адабиёт хусусинда ҳам дарслик ёзмоғим зарур.
 – Ҳожи, ул китобингизга шарқ халқларининг бир эртагини киритурсизми?
 – Сўйлангиз...
  – Бир бой савдогарнинг ягона ўғли вор эрди. Ул савдогар истайдурким,   меросхўри  ота касбини давом берса. Бу мақсадда карвон тайёрлаб, ўғлига берадур. “Ани Шомга элт ва сотиб кел”, тайинлайдур чандбора. Ўғул юкни омон олиб борадур ва  пул қиладур. Шаҳр кезиб юрса, бир инсон, “Камина фалон пулга билим берурман, ёзмоқ ва ўқимоқни ўргатурман” деб овоз берур. Йигитча бор тангасини унга тутқазиб, қирқ куну қирк кеча давомида ёзиш ўқишни ўрганадур ва  юртига қайтадур, Бу хабарни эшитган ота дарғазаб бўладур, ўғилни ноқобилликка айблайдур ва йил ўтуб, дашномлар ила дағи юк тайёрлаб берадур. Мисрда бор юкни сотиб бозор кезса, бир одам: “Фалон мадрасада дунё билимларни ўргатурлар”, деб авоз берадур.  Йигитча бор маблағни бериб, мадрасада бир неча йил таҳсил оладур. Ва уни битиргач,  подшо хизматига кирур. Подшонинг ягона қизи уни кўриб севиб қолур, аммо йигит бу тантиқ қизни ёқтирмас.  Лекин билингки, энг яхши подшонинг ҳам  ишончли ва бераҳм жаллодлари бўлажак, шу боис ҳам подшолардан адолат кутмоқ ноўриндир. Кунлардан бирида подшо ҳалиги йигитга махфий мактуб тутқазиб, уни фалон  вилоят ҳокимига элтиб беришни буюрадур. Йўлда йигит ҳалиги хатни очиб ўқиса. “Шу мактубни элтган кишининг бошини зудлик бирла  кесдур” деб битилган экан. Йигит бу мунофиқликдан ғазабга миниб, ўрнига бошқа хат ёзадур. “Шу мактубни элтган йигитга қизингни никоҳлаб бер ва давлатингни ярмини унга топшир.”  Ҳоким хатни ўқиб, халққа катта тўй берур, мулкининг ярмини янги куёвига хат қилиб берур.   Давомини биласиз: у йигит олган билими боис бора-бора   одил подшо ҳам бўладур.
  – Ибратомуз эртак. Одил подшо бўлса, бу халқнинг асрий орзуси. Аммо уларнинг одили бўлишига ишониш қийин. Шунинг учун ҳам халқ подшолар ҳақида нуқул нохуш ривоятлар тўқийдурлар.
  “Оллоҳнинг лутфи ила устод ҳазратларининг танҳо 7 соат суҳбатларидан у қадар файз топиб, мамнун қолдимки, айтган ила адо этолмайман. Он айш гузашта ки, дигар бор нагардад”. ( Ул ишрат ўтди, бошқа қайтиб келмайди)” деб ёздилар кейин ён дафтарларига.
                                            *  *  *
     Энди навбат Дамашқ,  Байрут, Қуддус, Порт-Саид  ва бошқаларга. 
    Булар худди Самарқанд, Бухородек дунёнинг қадимий шаҳарлари, тамаддун бешиклари. Бу шаҳарларда  турфа тил ва диний эътиқодга мансуб бўлган араб, юнон, яҳудий, турк, француз ака-укадек бўлиб яшашади. Булар бари, инсон иноқлигини қадрлайдиган устозни хурсанд қилади.
    “...бул Қуръони Каримни бошқаларни дину виждонининг озод қўйганидан ва умарои исломиянинг ғайридинларни ҳимоя этганидандур,” деб ёздилар у киши.
    
    Устоз баҳри уммонда сузар эканлар, йўл-йўлакай, шаҳар қишлоқлар  манзараларидан баҳра оладилар ва Ўрта Ер денгизи жозибаларини шоирона тасвирлайдилар:
     Бўғоз ичинда  чодир(елкан)ли балиқчи қайиқлари хейле кўп бўлуб, денгиз қушларидек гашту гузор этмакдалар. Оқшом денгиз юзи ойдинлик ила кумуш қопланди.  Ва поёнсиз кумуш мавжлари ичинда параходимиз сузулур. Маркаби баҳрия(кема)мизға яҳудий, турк, араб, туркистоний, насоро, хулласа, Байтул Муқаддаснинг ҳар диндан ҳожилари бордур”.
   У киши пароходда  хаж сафарига чиққан  фарғоналик якчанд эркак, аёлларни учратиб беҳад қувонадилар, улар билан суҳбатлашадилар, айримларига, ҳатто дакки ҳам берадилар.
  – Сафарга қайси маҳал чиққан эрдингиз,- савол берадилар ногаҳонда қорни оғриб қолган   юртдошларидан бирига.
  – Бир ой муқаддам.
  –Нима тановул қилгандингиз?
 – Мана бу гўштни.
 – Уни қаердан олгандингиз?
  – Уйда қайнатиб олганман...
  – Бир ой аввала... Бу иссиқда гўшт айниб кетишини билмабмидингиз? Меъёрни бузибсиз.
   Тақсиримиз шу жумладан паранжисининг ортида иккита узун почаси бўлган аёлни ҳам огоҳлантирдилар.
   Бу думлар қайиқ  паррагига илиниб кетса, ҳалокатга учрайсиз, қизим.
  Буни қарангки, бундан юз йил муқаддам ҳам пулни ўз юртида аккердитив қилиб, уни истаган шаҳардан олиш мумкин  экан. Аммо шунга қарамай, талай бўлажак ҳожилар пулларини белга боғлаб юрганликларидан куйиндилар.
   Шунингдек, бу жойларда муқим яшайдиган айрим туркистонликларнинг ҳар қадамда қўлингга оч эчкидай боқишлари у кишининг дилига ўтиришмайди.
   Аввал таъкидлаганимиздек, тақсиримиз  қайбир шаҳарда бўлсалар, мачит, мадраса, мактаб,  матбуот билан ҳам қизиқадилар. Бир шаҳардаги таҳририятга кириб, газета,  журнал ташкил этилаётганлигига гувоҳ бўлдилар ва у ерда “Ойна” журналининг бир сонини кўриб қолдилар. Журналнинг шу ерларга ҳам етиб  келганлиги унинг муҳаррири ва муассисини беҳад қувонтирди, албатта.
     Дамашққача  поездда боришга тўғри келган эди.
   “Бир-икки кичик туннел ва тош куфруклар остидан ўтуб, икки тарафи боғчалик ерлардан кечармиз. Ҳамма ток, зайтун, анор, хурмо, анжир, патак анжир боғчаларидур. Экинжойларға ҳар уч газға бир тут ниҳоли ўтқарилубдур. Ҳар йили бир-икки дафъа тутларни шохи урулуб, ипак қурти ёки ҳайвонотга берилар экан. Боғлар темир йўлға у қадар яқинки, меваларини оташ ароба устидан узмоқ мумкиндур... Оташ ароба доимо баланд тоғларга эгри-бугри йўллардан чиқар. Бутун Жабали Лубнон ( Тоғли Ливия) қишлоқ ва  қасабалари хуш ҳаводур. .. Миср тарафиндан бойлар келиб, ёзни  мунда ўткарарлар...”
     Устоз  Шом яъни Дамашқ шаҳрини  меҳр билан тасвирлайди. Ўша пайтлардаёқ у жойларда тоғ тунеллари, электр билан чароғон бўлган кўчалар, водопроводлар, шинам дорихоналар мавжудлигининг ўзи ҳам,  улар анчайин илгарилаб кетишганидан далолат беради.
    Дамашқда ўша пайтлар  катта қаҳвахоналар, театрлар борлиги;  оқшом чоғлари кўчалар гавжум бўлиши, таомхоналарда қонни қиздирадиган ичимликлар сотилмаслиги у кишини янада қувонтирди.
      Дамашқдаги Ҳамидия бозори, Беҳбудий ҳазратларига нимаси биландир Самарқанднинг Сиёб бозорини эслатади.  Бу ерда  ёнғоқ, майиз, туршаклардан ташқари,   илк бор кўриб, номини билмайдиган ҳўл ва қуруқ меваларга дуч келдилар. Сотувчи ва харидорларнинг ўзаро, бир неча забонда сертавозелик ила муносабатда бўлишлари дилларига илиқлик солди.
   Жадидлар сарвари шаҳардаги мактаблар билан ҳам қизиқдилар, уларни бориб кўрдилар. Давлатга қарашли тайёрлов мактаби, ҳарбий мактаб, ўрта мактабларга таъриф бердилар, шунингдек,  давлатга қарашли кутубхоналар, дорихоналар, театр борлигини;  мебел, шиша, сигарет фабрикалари мавжудлигини, бу ерда бир нечта журнал чоп этилишини  қоғозга туширдилар.
   Дамашқда Беҳбудийни  ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳайратга солган ёдгорлик Уммавия жомеъ мачити бўлганлигини у кишининг ҳаяжонларидан ҳам билса бўлади.
   “Инсон ўзини бир олам ҳунар, бир дунё санъат ичинда кўруб, аввалги мусулмонларнинг дин йўлинда этғон сайъи ва қилғон ихлосларининг ҳамда ҳунар ва нафис санъатда этган тараққийларининг ўйловиға ғарқ бўлуб кўз тинар ва ҳеч нимарса кўрмас даражаға келур. Ё раббий! Мусулмонлар ва у баъдавий араблар бу қадарми аҳли санъат бўлдилар? Бир сўз ила тамом этайин. Роқими ҳуруф ҳинд, эрон ва Испаниё жомеъларидан бошқа ислом  оламининг барча жомеълари зиёратиға мушарраф бўлдум, аммо жомеъ Уммавиядек зийнатлик ва осори нафислик бир жомеъ кўрмадим”.
   
      
                                           * * *
     Сайёҳимиз Беҳбудий ҳазратлари Дамашқда  бир неча кун туриб,  Байрут шаҳрига йўл олдилар. У киши йўлда учраган  шаҳар,  қишлоқлар  манзарасини кичик деталларигача,  ўзига хос синчковлик,  меҳр билан тасвирлардилар.
   Бекатларда араб аёллари мева, қатиқ, сут сотишини  кўриб,  нарх-наво билан ҳам қизиқдилар. Бу ерларда яшайдиган арабларнинг  дарзи деб аталадиган қабиласи одатларини қаламга оладилар. Уларнинг ўз яқинларидан хотин олмасликлари, талоқ қилган аёлларига қайтиб уйланмасликлари, мазҳабларини анчайин пинҳон тутишларини қоғозга туширдилар.
      Байрут шаҳрида муаллимимизни  маориф ва маданият ишлари даражаси қувонтирганини сезиш қийин эмас.  Шаҳардаги дорулфунун дарслари араб тилида бўлса ҳамки, жумладан инглиз, француз, немис тиллари ҳам ўқитилар экан. Дунёнинг аксар юртларидан талабалар келиб ўқишини, аммо Туркистон ёки Бухородан бирор  киши йўқлигини  надомат билан қоғозга туширадилар у киши.
  “Қасди сафар” яъни   саёҳат хотираларида Қуддус ёдгорликлари ўзгача бир меҳр ва ҳаяжон билан тасвирланди. Сайёҳимиз Қуддусга бориш учун Байрутдан Ёфа шаҳригача  чипта харид қилиб, биринчи даража йўловчилари – киборлар жамиятининг арзандалари сафига қўшилдилар.
   “ Ёфа шаҳриғача 20 соатлик йўл учун 13 сўмға биринчи даражадан жой олдим. Парахўдда мисрий, шомий, истамбулий кибор мусулмонларда  бир хейле бор. Иттифоқо, уч кишилик бир ўйча ( каюта)ға бир ўзим кириб, аъло бир уйқуга толдим. Таом вақти ходим ўйғотди. Катта солунга  чиқдик; катта стол, бирига парахўд маъмурлари, иккисига овруполик хамула (йўловчи) лар, бириға кешти (кема)дағи  мусулмонлар ва ҳар кимни уйи ва каравот рақами табақи олдиға ёзилгандур. Ходим нўмирамизни кўрсатди, ҳамхоналар саломлашиб ўлтурдик.
   Хон (стол)имиз устида ҳар нав мускиротларда ( спиртли ичимликлар) бордур. Таомлар бирин-кетин келдики, шундан иборатдур: макарон, кабоб пиёз, кабоб танўри, бир навъ шўрбо, кабоб, картошка, балиғсардника, пеннир(пишлоқ),  янғоқ, мева, қаҳва, конфет, печени. Ҳар ким буғўзигача тўлдурди. Аммо шишадаги мускиротдан на ул бойбаччалар ва на ул оврупомижоз бўлган араб ва турклар бир қатра бўлсун ичмади. Дедим: “На учун ичмайсизлар?” Дедиларки: “Алҳамдуллилоҳ, мусулмонмиз. Оллоҳ азим−шон ҳазратлари Қуръони Каримда афандимиз воситалари илан наҳйи этибдурки, 1300 сана сўнгра оврупойилар бу ҳабис( қабиҳ)ларнинг зарарини билиб, ўзларини сақламоқдалар. ...бизнинг мактабларда мунинг зараридан баҳс этарларки, инсоннинг ичкиси келмайдур. Дедиларки, Туркистону Бухоро қандайдур?” Мажбуран тўғрисини сўйладим... Дедилар:  “Астағфирилло!”
    Беҳбудий ҳазратлари ал-Ақсо мачитига кириб,  икки ракъат намоз ўқуб, шу кунга етказгани учун оллоҳга шукурлар этдилар. У киши мачитнинг салобати ва ҳуснидан беҳад лаззат топдилар: “Эй ўтмиш муқаддас мусулмонлар! Эй бонийлар! Эй фотийлар! Оллоҳ сизларни ниҳоясиз раҳматларға ғарқ этсунки, замонангизда бу қадар лоҳутий асарлар ва муқаддас буқъалар бунёд этибсиз чин мусулмонлар, ҳақиқий инсонлар сизларсиз! Сизнинг изингиздан кетмоққа жаҳолатимиз монеъ бўлди.”
 Илоҳо! Бу азиз ва фаол бандаларинг ҳурматига бизға басират эт. Эшитар қулоқ, англар ақл бер! Оҳ у эзгулар қандай эканлар? Биз на ҳолдамиз?
   Эй, Оллоҳи азимуш-шон! доимий дуоларини такрорлайдилар у киши, бу  магар сенинг ғазабингмидур? Афу эт, биз инсонларни ҳидоят эт!  Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умумий ато айла. Инсонларға инсоният бер! Золимларни қаҳр эт, мавҳ бўлсун зулм, яшасун адолат ва ҳаққоният. Омин...”
    Ногаҳонда ҳазратимиз Қуддус атрофида тошкентлик  аттор билан учрашиб қоладилар. Унинг ёймасида ҳожи ва сайёҳларга зарур бўлган ип, игна, қайчи, гармдори, исириққача кўриш мумкин эди. Аттор Беҳбудийга ўзбекчалаб салом берди.
 – Ваалайкум ассалом,- алик олдилар тақсиримиз. Ўзимизнинг туркистонлика ўхшайдурсиз.
 – Иншооллоҳ, шундоқ.
        Исму шарифингиз?
        Абдулваҳоб…
  – Асли фарғоналик кўринадурсиз.
  – Тошканликман, тақсир.
  – Бу масканларда...
  – Худои таоло насибамизни шу томонларга сочган экан,  териб юрибмиз, тақсир.
   Устоз чарм халталаридан, ўз нашриётларида чоп этилган “Туркистон харитаси”ни чиқариб, унга узатдилар. “ Мана бу Тошкан, кўрсатгич бармоқларини бир нуқтага қададилар. Бу харита каминадан сизга  инъом, юртингизни эслатиб турғай”.
  Аттор саводли киши экан, харитани кўлга олиб, ўша нуқтани эҳтиром ила ўпди. Сўнг “Ойна”нинг ҳам бир неча сони тақдим этилди. Аттор, ўғли борлигини, уни русча ва арабча мактабга бериш ниятида эканлигини айтди.   Кейин дорилфунунда ўқитиб, Туркистонга ишга юбормоқчи  ва  у маҳкам ўрнашиб олгач, ўзи ҳам кўчиб кетиш орзусида эканлигини яширмади.
    “Ватан ва аҳли диёрнинг қадри мусофиратға маълум бўлур,- дедилар устоз,- Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак. Сотмасға ва ўлгунча айрилмасға керакдур. Эй қодир худо, мусофир бандаларингни тингла, уларни муродга еткур.”
   Ҳа, она тилинг жозибаларини ўзга осмон остида  янада теранроқ идрок этишинг, дилинг ҳаприқиб кетиши аниқ!
   Зеро,   юртни фақат байрамлардагина севиш, том маънодаги ватанпарварлик эмас!  Устоз таъкидлагандек, у: “Сотмасға ва ўлгунча айрилмасға керакдур”.
     Дарҳақиқат, фақат ватандагина қувонч ва  некбахтликлар,   сенга икки қўлини чўзган гўдакдек талпиниши мумкин!
   Шуниси қизиқки, кечга яқин Абдуваҳоб деганлари меҳмонхонага муфти жанобларини дараклаб келиб қолади.
   – Тақсир,- илтижо қилади у, аёлим бирла ўғлим илтижо қилдилар, кулбамиз меҳмони бўлинг.
  Унинг илтимоси ерда қолдирилмади:  Абдуваҳобнинг уйигача, автомобилда боришди.  Хотини араб экан, нарироқ туриб, эҳтиром ила таъзим бажо келтирди. Хонтахта усти ноз-неъматларга сероб эди.
   Гапдан гап чиқиб, Абдуваҳоб, “ бу ерларга сочилган насибаси” ҳақида ҳам ҳикоя қилиб берди. Дадаси уни Байтуллоҳга олиб келганда ёшгина бола бўлган экан. Шу шаҳарга келганда, ногаҳонда дадаси бандаликни бажо келтирибди. Марҳумни  кимлар олиб кетган, қаерга кўмишганини эслолмас экан. Кўчада дилхун бўлиб йиғлаётганда, ўша ердаги аттор уни овутибди, сўнг уйига олиб кетибди.
    Абдуваҳоб Тошкентнинг Кўкча деган маҳалласида Воҳид деган муаллим тоғаси борлигини биларкан, холос. Онаси эса эртароқ оламдан ўтган экан. У ҳозиргача, тоғаси уни дараклаб келишидан умидвор бўлиб яшаётганлигини гапирди.
  – Туркистондан келганларни кўрсам, дилим шавқу ширин армонга тўлиб кетади,- деди у . Бир куни Тошкентдан келган ҳожиларни учратдим, уйимга таклиф этдим. Улар тоғамни излаб, дарагини етказишга ваъда ҳам бергандилар, аммо қайта хабар бўлмади.
  Хуллас, ўша араб аттор уни вояга етказиб, кейин  ягона қизини унга тўй қилиб берибди.  Атторнинг ўлимидан кейин, ҳамма молу мулк ва ҳатто касб ҳам унга мерос бўлиб қолибди.  Бу шаҳарда мустаҳкам илдиз отган бўлишига қарамай, Тошкент меҳри уни тортаркан.
 – Завжам билан ўғлим ҳам Тошкентга кўчиб кетишимизга моне эмас,- деди у андак ўксиб.
   Устоз хайрлашиш олдидан, манзилларини ёзиб бериб, дедилар:
  – Худо хоҳласа, сизнинг мададкорингиз ва дуогўйингиз бўламан!
  Саҳар чоғи эса у киши нохуш тушдан ўйғониб кетдилар. Мақсудхўжа имтиҳондан йиқилган эмиш ва марҳум аяжониси уни бағрига босиб, ширинзабонликлар ила овутаётган эмиш.
  Уч ўғил ва бир қизни қавмлар ихтиёрига топшириб,  ойлаб  сафарда юрганликларидан надомат чекдилар.
   Мақсудхўжанинг кўз ёшларини артаётган Маликабону билан ўтказган ширин дамлари ёдларига тушди. Муштипар аёлнинг ўлими олдидан айтганларини эсладилар. “Болаларимни сизга, сизни эса худога топширдим. Уларни ўкситиб қўйманг”.
   Тақсиримиз шу ердан ортга – ватанга қайтишга қарор қилдилар.
   Биз ҳам, мантиқни мададга чорлаган ҳолда, шу ерга келганда,  саёҳатимизга нуқта қўйишга мажбурмиз. 
    Бир рекламада: “Ҳаётнинг ёрқин тарафида бўлинг”,  деган  ният билдиришади. Биз бу жумлани андак таҳрир қилиб, “ Ҳаётнинг ёрқин тарафи ҳамиша сиз билан бўлсин!” деб қоламиз.
  


Комментариев нет:

Отправить комментарий