НОМА
№ 17
Москов шаҳринда мусофир бўлғон ҳамватанларни
рўйхатга
олмоқ илинжи бирла якчанд масофа йўл ўтуб,
мадорим андак қочди
ва Марямхоннинг таваллоси бирла кечани анинг
ўйида ўтказдим.
Тонг отиб, вақти нонушта ул маҳваши меҳрибоним
деди: “Акои
Калвак, токай бундоқ ўғрунча кириб-чиқиб
юрурсиз? Хоҳиш изҳор
қилсангиз, тўрт-беш наздик бародарларни чорлаб,
эр-хотунлигимизни
ошкор этиб қўйсак. Билурман: вақту-соати келиб,
мандан воз кечиб
кетурсиз. Шу боис, никоҳ рўйхатидан ўтмоқ зарур
йўқ, локинда
мачитдан мулло чорлаб, қубба ўқитмоқ жоиздур.
Боз: кулбаи
камтаринимга кўчиб келурсиз ва хобгоҳга ақча
бермоқ ташвишдан
батамом холи бўлурсиз. Ладнами”? “Ладна, дедим,
саркашлик этмай,
якчанд сана фикр юрутуб олғоч, аммо билмоқ
истайманки, кимларни
чорлайдурмиз?” “Рўбарўда турадурғон ҳамсоямиз -
бобой бирла
кампирни, боз хизмат жойимдан бир-экки заифани,
дағи ўзум
ўқитадурғон якчанд баланинг волидасини, қисса
кўтоҳ, ўн бошга
етар-етмас. Хоҳишингиз бор ўлса, бир-ярим наздик
бародарларингизни айтурсиз?” “Зинҳор, рад
қилдим, бу гап
Маҳаллага етиб борса, шармандаи-шармисор
бўлурман”. “Ихтиёр – ба
дасти Бахтиёр, давом берди ул, агар малол
топмасангиз, бугун бозор
ва дўкон тушиб, лозим неъматларни келтирурсиз.
Мана бу - ақчаси.”
“Даркори йўқ, рад қилдим, маблағ ўзумда бор”.
Вақти шом ҳаммадан пеш, ростимизда турадурғон
мўйсафед
бирла анинг кампири юз кўрсатдилар.
Марямхон бу банда хусусинда гапуриб эрди. Бир
замонлар
Брежнев жаноблари бул тулфорини Литва деган
юртга иморатсозлиқ
бўйунча вазир қилиб юборғон экан. Ул жойда, анга
эҳтиром изҳор
этиб, қайсиким ҳокимият шўроларға тобе бўлған
кунлар хорижга
қочиб қолгон бойнинг ўй-жойини инъом этибдурлар.
Эмди, бу одам ҳам Москов йўриғи бирла боргон
вазир бўлғони
сабаб, ул мулкдаги эски иморатларни бузуб, ўзига
дуқавата ўй
битибдур, обод этибдур. Шўролар замони барҳам
топмоғи бирла
ҳолиги бедаво бой пайдо бўлубдур ва ўй-жойни
бозуд бўшатмоққа
фармон этибдур. “Сан қурган иморатдан бир ғишт
ҳам қолмади, ман
уни буздум...” “Бузганинг боис жарима
тўлайдурсан”, дебди ул хориж
тилинда. Баҳсу мунозара қилибдурлар. Аммо,
таассуфки, қонун бой
тарафда бўлиб чиқибдур. “Начора, дебди бу
мўйсафед ҳам, аммо сан
ўзум қурган шу кошонадан ягона хонани инъом қил,
токи кампирим
бирла то умри охир рўзгурзонлик этай”. “Ман
босқинчи бирла ҳамсоя
яшамоқни истамайдурман”, жавоб айлабди ул
бадфеъл. Бадазон алар
Москов келиб, бир гуржига тобе бўлғон мазкур
хонани ижораға олғон
ва ночоргина тириклик қилур эканлар.
Алар бизга мубораклар изҳор айлаб, жой олғач,
экки
тожикистонлиқ хотун савғо-салом бирла ташриф
қилдилар. Бу
заифалар на ўзбекини ва на руси забонни
билмайдурғон, жилла
саҳройироқ эрдилар. Сўғун манга шинос ва ношинос
тўрт-беш нафар
заифу мард ташриф қилдилар. Таажжубки,
Марямхоннинг қизи пайдо
ўлмади. Меҳмонлар жо-бажо бўлуб, Марямхон
эккимизни келин куяв
ҳисобладилар ва турдан жой олмоғимизни
қистадилар. Биз аларга
бўйсўндук. Бадазон тожик хотунлардан башқа
бандалар
майнўшликни бошладилар. Яратганнинг ўзи кечирган
бўлсун-у,
аларнинг қистави бирла Марямхон эккимиз ҳам
қонни сал-пал
қизитдук. Гапзанонлар, чақ-чақлар, эккимизга
ҳамду-санолар авжига
минди Тожик занаклар бўлса, ўз забонларида
каминани ғийбат қилур
эрдилар. “Бу бетутуруқ боз намозхон эмиш”.
“Кишварида бача-чақаси
бўлса лозим, гарданшикастанинг...”
Бу нохонда хотунлар билмайдурки, биз - асл
самарқандликлар
дузабонадурмиз. Бошпуртимизға “ўзбек” деб
ёздирурмиз, валек
тожикча гаплашадурмиз. Умар Хайём ҳазратлари:
“На чин
мусурмонмиз, на кофир тамом”, деб битгонларидек,
тожиклар
даврасига тушсак, шу тамонга оғадурмиз, ва
ўзбеклар арасинда –
баракс. Яъни, жилла дурўялик ҳам қиладурмиз.
Якчанд муддат ўтуб, аҳли давра гала бўлуб
“Горка, горка” деб
авоз бердилар. Биз тобелик бирла, лабимизни
лабга босдук.
Бир маҳал нигоҳим тушса, бобой йиғлаб турибдур.
“ Ул жойга
қанча ўйлар, мактаблар қурдум, локинда
охир-оқибат босқинчи
номини бердилар. Бир кулбани ҳам лозим
кўрмадилар, падарлаънат,
нонкўрлар! Сволочи, сволочи!!!” деб такрор этур
эрди.
Аларни ҳақорат қилгани каминага ёқмади. “Баттар
бўл, гўсала”,
дедим ўзумча, пишириб қўйгон эрдими санга у
жойларда.
Буни кўз ёш тўкконини кўруб, ногоҳ қудомиз ёдга
тушди. Ул ҳам
кўнгли нозук бўлуб, сал нимарсага дийдалари
шашқатор бўлур эрди.
Бозорда бодом, писта, майиз киби неъматларни
сотадурғон бу
бародари азиз бирла мачитда танишғон эрдик.
Имом-хатиб магар
амри маъруф бошласа ҳам ўпкаси тўлуб кетар эрди
бечоранинг.
Бора-бора, касби корида, яъни савдосида ҳам
якчанд муаммолар
юз кўрсатди. Шаҳар, вилоят катталари хорижий
меҳмонларни бозорга
бот-бот эргаштириб келадурғон ва қуруқ мева
растасига киритуб,
олиб-сотарлар ҳисобидан саховат кўрсатадурғон,
яъни меҳмонларга
писта, бодом улашадурғон нохуш одат пайдо
қилдилар. Ақчасини
чўзиш бўлса, ёдларидан фаромуш бўлур эрди.
Амриқога Клинтон жаноблари подшо бўлғон
замонларда
шаҳримиз ҳокими қудомизга бир бор ниҳон
тариқасида ақча
узатғонини хотир қилмоқдин тин олмайдур.
“Бозорга подшо
ҳазратларининг завжалари келадур, деб вақти
саҳар расталарни
тўсдилар. Локинда меҳмонлар пешин маҳали пайдо
бўлдилар. Якчанд
мард ва занак ҳабашлар ҳам аларга ҳамроҳ эрди.
Гала ўртасинда
нозанин бир заифани кўрдум. Гап ўлдики, бул
занакча Клинтон
ҳазратларининг жуфти ҳалоли бўлмай, балки
ўйношидур. Иби, дедим,
о шундоқ арбоблар ҳам ўйнош орттирурлар эканми?
Алар растани
тамошо қилдилар. Бир маҳал ҳоким аларга:
“Ўзбакистон
неъматларидан марҳамат қилинглар”, деди.
Падарлаънатлар ҳавучлаб
олдилар. Машойихлар: “Бош ёрилса, қалпоқ
тагига”, деюрлар. Нима
бўлса ҳам кўйган калладак, тишимни оқини намоён
қилиб турдум.
Локинда ҳоким мардлик қилди: ошкор этмай, бир
даста ақча берди.
Бадазон қанча сана ўтди, не-не ҳокимлар келиб
кетди, локинда
боинсофи пайдо бўлмади”.
Бир куни шу қудомиз бирла чой ичиб, гурунг ясаб
турғон эрдик.
Тилвизорга “ Темур хотун”ни намоён қилур эрдилр.
Бир маҳал
Аломатхон Қўчқорбойга: “Йиғланг, йиғланг,
кўнглингиз бўшайдур,
охи бу не кўргулик, не бедодлик”, деб даъват
этғон эрди, ани тинглаб
турғон қудомиз, тоб беролмай, ҳиқилламоқни
бошлади.
Шу ҳолни хотирга олдим-у, ўзумнинг ҳам ўпкам
тўлуб кетди.
Боз: майнинг таъсири ва башқа бир сабаб ҳам куч
кўрсатғон эрди.
“Что за мужчин” деди урус занаклардан бири,
норози бўлуб.
“Баттар шав, гўсала” деди тожик заифа.
Аслини олғонда, ин даража кўнгли нозук банда
эмасдурман.
Бугун бозор аралаб, рўйхат тузар маҳалим рўй
берган гап ҳам
хотиримга тушиб, тоқат этолмадим.
Майиз сотадурғон андижонлик мусофирни хатга тушуруб,
“Муаммолар юз кўрсатса, мадад берурмиз,” деб
эрдим, даъфатан
илтижо қилмоққа киришди. “Бир жиянимини уруб
ўлдурдилар. Ҳафта
ўтди – темир тобутни Ўзбакистонга жўнатолмай
хунобман.” “Балани
қайси жаллод, не сабаб нобуд қилди” савол
айладим. “ Бир
худобехабар, ҳароми боғ ҳавлисига олти ой
ишлатиб, сариқ чақани
ҳам раво кўрмабдур. Ҳақ сўраган маҳали,
калтаклаб, қорга ташлаб
кетибдурлар, лаҳатга кўндаланг бўлгурлар. Дарак
топган санамизда
зинда эрди: “Онамга аён қилманглар, қурқмасун,
иншооллоҳ тузолиб
кетурман,” деди. Локинда...”
Ман балани исму шарифини қайд қилиб, ўша жойдан
жиянга сим
қоқдим, муддаони фаҳмлатдим. “Харашо, ман кўшиш
қилурман, шул
ҳафта кетур”, деди. “Боз ҳафта кутарму,” норози
ўлдум. “Тағо,
тушунмоқ даркор, ўлукни жўнатмоқ тирикка нисбат
якчанд баробар
қиммат ва боз мушкул. Навбат кутган тобутлар
бисёр.”
Бу нохушлик ва мусибатлар боронидан йиғламай
бўлмас эрди.
Бад Марямхоним яқинлик ва меҳрибонликлар изҳор
қилиб, бет-
қўлумни ювди, уст либосларимни чечиб, жойимга
ётмоққа кўмак
кўрсатди.
“Минбад ичманг, сизга хуш келмайдур экан”, деди
эртаси вақти
саҳар андеша бирла.
“Эмди оғзимга олсам, бетимга туф де”, жавоб
айладим.
НОМА
№ 18
Вақти нонушта Марямхон илтижо оҳанги бирла
дедики: “ Акои
Калвак, хоҳиш қилур эрдимки, бугун кулбамизда
бўлсангиз: ман
дўкон чиқадурман ва мактабхон балалар келадур,
аларни андармон
қилиб турурсиз. Ладнами?” “Ладна”, жавоб
айладим.
Бадаз якчанд соат, аввол уч ва дақиқалар кечмай
дағи экки ўзбек
бала ташриф қилди. Ишни алар бирла танишмоқдан
бошладим.
Балакайлар Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд
вилоятидан эрдилар.
Хоразмли экки бала онаси сабаб Москов келгонини
ва волидаси
фаррошлик бирла бандлигини гапурди. Отаси
хусусида савол
бермоққа андеша қилдим. Эккови ҳам ўндан ошган
бўлуб, мактаб
бормас эканлар. Бу жойга урус забонида ўқимоқ ва
ёзмоқ илинжи ва
умеди бирла қатнар эрканлар.
Қолгон балалар дадалари бирла боҳамро Москов
келғонларини ва
падари бузрукворлари якчанд юмушлар бирла банд
бўлғонлиғини
гапуришди. Марямхон таъкид этгонидек, алардан
вазифа сўрадим.
Дафтарлариға якчанд руси суханларни битған
бўлуб, мазкур
калималарнинг мазмунини ҳолба-қудрат ҳикоя
қилдилар ва бундин
сарфароз ўлдум. Ёши жилла каттароқлари урус
тилинда
рўзгурзонликлари хусусинда чала-чулпа гаплар
битган эрдилар.
Ҳаяжон, ҳасрат ва имловий хатоларға сероб ушбу
баёнларни ўқуб,
аларнинг тириклик тарзи хусусида хулосалар
ясамоқ мумкин эрди.
“Бир хоначада саккиз киши ётадурмиз. Вақти саҳар
турурмиз ва
кечаси ишда бўлғонлар бу жойга келиб ётур,” деб
қоғоз қаролаған
эрди балалардан бири. Дағи башқаси скинхедлардан
қўрқуб, куни
бирла хонадан чиқмаслиғини ошкор этғонди.
Ман аларни ўқуб, надоматларға тўлуб турган
маҳалим Марямхон
пайдо ўлди ва бу юмушни ўз ихтиёрига олди.
Бир пиёла чой ичадурғон фурсат ўтар-ўтмас
қунғироқ авоз берди
ва хонамизга келишган, сертакаллуф бир мардак
кириб келди.
Қиёфаси ё ўзбек ёки тожиклигидан далолат берур
эрди. Бадаз салом-
алек аён ўлдики, бу банда хўжандлик тожик ўлуб,
акои Сафар дер
эканлар. Ва бизнинг асл самарқандликлар мисол
ўзбеки, тожикини
равон гапирур экан. Ул неча йиллар давоми
Московда рўзгурзонлик
қилғонини, якчанд муддат пеш ани Кастрома отлиғ
шаҳарга
тожикистонлиқ мусофирлар сардори этиб
тайинлағонларини гапурди.
То ин сана фарзандиға Марямхон савод ўргатур
экан, кетар маҳали
аёлимиз (таъбир жойиздур) бирла ҳисоб-китоб ва
хайр-у хуш
қилмоқни ният қилиб, эшик қоқибдур.
Суҳбат асносида шу нимарса аён ўлдики,
тожикистонлик
мусофирларнинг (уруслар гастербайтер деюрлар)
ҳар бир шаҳр ва
вилоятда ўз уюшмалари мавжуд ўлуб, алар
ҳамватанларини муҳофаза
қилмоқ бирла банд эрканлар. Бирор банда тожик
балаларга зидди
қонун фармойишлар берса, ҳақини уруб қолса,
золимликка йўл қўйса,
булар аралашур эканлар. Аларнинг касаба
уюшмалари мавжуд ўлуб,
ёрдам, нафақа масалаларини гарданига олғон экан.
“Бизнинг жумҳурликликлар нечун андоқ тадбир
қилмаған”, савол
айладим.”Иншооллоҳ, эмди қилурлар, дигар йўл
йўқдур”, жавоб
қилди у.
Акои Сафар дегонимиз бисёр равшанфикр,
алалхусус, сиёсат ва
дунёбинлик бобида серандеша, доно мардак чиқди.
Алламаҳал анинг
пурмаъно гапларига қулоқ тутуб ўтурдим.
“Ўзбакистон бирла Тожикистон бозуд дўст бўлмоғи,
бирлашмоғи
зарурдур. Овруподан ибрат олмоқ вақти келди.
Эътибор қилинг:
подшоларимиз бир-бирлари бирла бағр очуб, ўпушуб
кўрушадурлар,
якчанд қоғозларга тантана бирла имзо чекадурлар,
локинда сарҳадлар
дарвозалари занжирбанддур, тўй-азага бориш
имкони йўқдур.
Тарихимиз, дарёларимиз, йўлларимиз бирдур, то
наздик бир мамлакат
фуқаролари эрдик. Аммо шайтонга қулоқ тутдук,
бир-биримизға ало
кўз ташлайдурғон нохуш ҳол пайдо қилдук. Рудакий,
Алишер Навоий
киби фозил-у комил боболарнинг доно ўгитлариға
нописанд бўлуб,
беҳурматлиғ йўлиға ўтдук, ҳасад бирла аввол
сарҳадларни, бадазон
дарёларни, йўлларни беркутдук. Рақибларимиз
бундан хушҳол ўлуб,
гиж-гиж қилмоққа зўр бердилар ва биз соддадиллар
аларга бовар
қилдук. Хусусан Ўзбакистон тамон”...
“Авф этинг, тақсир, юртпарварлиғим тутди мани
ҳам, айб бизда
йўқ. Сизлар тамон тарих талош қилди ва
мардумларини олий ирқ деб
билди. Ваҳолан Машраб айтадурларки: “Сайидсан,
хўжасан - зинҳон
мағрури насаб ўлма, Агар аслингни билсанг,
қатрайи оби
ҳаромдурсан. Бу – бир. Эккинчидан: Ўзбакистон
бисёр бой жумҳур.
Жаъмики йўллар бизнинг ҳудуддан ўтур, боз газга
соҳибмиз.
Даркорки, иззат-ҳурмат шунга яраша бўлса.
Ҳукуматимиз
раҳнамолиғи шарофати бирла иқтисодий буҳрон ҳам
бизни четлади ва
бунга жаҳон тан берди”.
“Акаи Калвак, сиз ҳақ, давом берди янги шиносим.
Аммо,
бародарлик – баробарлик, деюрлар. Газ охир
бўлур, биз башқа юрт
арқали янги йўл барпо қиладурмиз. Рогунни ҳам
қурадурмиз. Хуш,
бародарлик-чи. Ёдда тутунг: қўлида бир ҳавуч
тиллоси бор ялғуз
бандадан, якчанд бародари бўлғон киши бахти
чопғон ҳисобланур.
Эмди сиз таъриф этғон бўҳрон хусусида. Бизнинг ва
сизнинг
кишварга иқтисодий буҳрон таъсир этмагайдур.
Боиси: экки жумҳур
то ҳануз бозор иқтисодига батамом ўтмади.
Сизларда қандоқ
англамайдурман, аммо бизда пахта, чорвони,
тоҳаттоки обуна
қилмоқликнинг ҳам плони бор. Шўролар замонида
бир латифа бор
эрди. Экки вилоят сардори рў-барў бўлуб
қолибдур. Бири дебдурки:
“Бизда жун плони ижро бўлмай қолди ва зану-мард
баданимиздаги
тукларни тарошлаб топшуришга мажбур ўлдук.”
Униси хомуш тортиб
дебду: “Сизларга осон кечибдур, бизга тухум
плони тўлмай
турубдур”. Деҳқон-у, чорводорнинг аҳволи ночор
эрди ва бугун ҳам
тузук ўлмади. Фалон фоиз халқ пахса ўйда
яшайдур. Энг ямони:
Уруссия ва дигар юртларда нобуд бўлаётган
балалар сони шўролар
замонидаги Афғон урушига нисбат кўпдур”.
Ман дағи ани инкор қилдим. Бизнинг жумҳурда
тириклик чандон
тузуклигини гапурдим. Шу тариқа узоқ мубоҳаса -
сўҳбат қурдук ва
охир-оқибат, тилифонларимизни хатга тушуруб,
хайр-хуш қилдук.
Соат ўтмай боз эшик қунғироғи авоз берди. Очсам,
баласини
қўлидан тутган бир ҳабаш турубдур. Алар шу қадар
қаро эрдиларки,
бандаси сесканиб кетур эрди. Меҳмон Марямни
дараклади ва камина
эҳтиром кўрсатиб, аларни ичкари киритдим.
Аён ўлдики, бу занги ўғлига урус тилидан сабоқ
берадурғон
муаллим дараклаб юрғон маҳали қайбир мўмин
бизнинг эшикка
ишора қилибдур. Гапзанон асносида аён ўлдики,
ҳабашбачча ўз она
забони бирла англисини билур экан. Ва алар
якчанд сол муқаддам
қалам, дафтардан воз кечиб, наутбук отлиғ
мўъжиза воситаси бирла
билим олмоқни таомил қилибдурлар.
“Ҳукумат мактабға борадурғон ҳар бир хонандаға
наутбук савғо
этадур. Анда жамики дафтар ҳам, китоб ҳам
муҳайё”, деди меҳмон ва
боримиз бу гапдан ҳайратга тушдук. “Надомат
бўлғайким, ман бу
асбоб бирла сабоқ беролмасман” гарданига олди
завжам.
Занги бу гапдин зарра ранж топмади ва хайр-хушни
қуюқ қилиб,
эшик ёпди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий