среда, 27 сентября 2017 г.

3 ҚИСМ: НОМА № 7. НОМА № 8

НОМА № 7

Мусофир бўлмаган, мусулмон бўлмас, дейишади. Жамила
иккаламиз бир йилча мусофирлик жабридан ҳам бенасиб
қолмаганмиз. У кунларни эсласам: “Вой, бечора жоним,” дегим
келади. Дарҳақиқат, машаққатли йиллар эди.
Бизда янги рўзғор соҳибларини “наврўзғор” дейишади. Бу ёшлар,
катталар мададига, айниқса, камбағалроқ бўлса, моддий жиҳатдан
қўллаб-қувватлашга жуда муҳтож бўлишади. Ҳарҳолда, Жамила
иккаламиз жуда ҳам зориққанмиз ўшанда.
Саховатпеша кишилар, энг аввало ана шундай наврўзғорларга
мадад қўлини чўзишса, жуда эзгу иш бўларди ва улар бу яхшиликни
бир умр ёдларидан чиқаришмайди. Бу борада ўзим Кенгисбай деган
қозоқ чолдан бир умр миннатдорман ва ундан ибрат олиб, кейинчалик
бир неча наврўзғорларга бепул жўжа берганман.

Мен Жамилага шўролар даврида уйланган эдим. Ишдан кетиб,
камхарж, ҳаттоки анча-мунча қарздор бўлиб юрган пайтларим эди
ўшанда. Отам оламдан ўтган, ойим ҳам касалванд эди. Акам туман
газетасида ишларди. У ўқимишли, ҳалол, инсофли, лекин арзимас
маош ҳисобига кун кечирарди. Аммо унинг мақсади бор эди, яъни
партияга (коммунистик, албатта) ўтиш орзусида яшарди. Локинда мен
унинг хотини, яъни янгам билан саломлашмай қўйгандим. У бир бор
ойимга ҳурматсизлик қилгани боис кўнглим қолиб кетган эди.
Ўша йили акам орзусига эришди – партияга қабул қилишди ва
редактор ўринбосари вазифасига кўтарилди. Бу ҳолдан у беҳад
қувонганига гувоҳ бўлганман.. Раҳбарларга анчайин яқинлашди,
шекилли, томарқа ери ҳам беришди. Янгам мени ўша ёққа иморат
қилиб чиқишим тарафдори бўлса ҳамки, акам бунга кўнмади.
“Таомил бўйича, катта ўғил кўчиб чиқиши керак”, деб ўзи қурилишни
бошлаб юборди. Мен ҳам қараб ўтирмадим: эрта баҳордандоқ, ўша
ерга бориб, лой қоридим, бетон қуйдим. Иморатнинг деворини
тиклагач, акам камхаржлиги сабаб, том ёпишни келаси йилга
қолдирди. Шу билан бирга менга ҳам ғамхўрлик қилди –
мутахассислигим ( веттехник) бўйича иш топди.
- Қизилқумга борасан,- деди, у ерда “Партия ХХП съезди”
совхози бор. Қоракўлчилик билан шуғулланади. Район марказигача
автобус билан борилади. Совхозга тағин бошқа автобус бораркан.
Бош ветврач Мухторов деган киши. Биз у билан бирга ўқиганмиз.
Мен гаплашдим: сени ишга оладиган бўлди. Шароит оғир шекилли,
аммо ишлаб тур, тағин бир гап бўлар. У ерда партияга тез қабул
қилишаркан. Ўтиб олсанг, уёғи рўшнолик.
Ҳарҳолда қўйчилик мен учун янгилик эмасди: эсимни
таниганимдан бери ҳовлимизда тўрт-бешта, гоҳида ўнтагача қўй
боққанмиз. Аваллари эрталаб, кечқурун уларни ўтлатиб келардим,
Кейин атрофда иморатлар қад кўтарди, ўтлоқлар тугади ва қўйлар ҳам
камайди.
Техникумда ўқиганимда, бир бор Нуротадаги қоракўлчилик
совхозига амалиётга ҳам олиб боришганди. Саҳрода ишлаш ҳар
кимнинг қўлидан келмаслигини ўшанда обдон ҳис қилганман.Аммо,
айни маҳал оиламни тиклаш учун ҳар қандай синовга шай эдим.
“Партияга ўтиш” масаласи эса мен учун мавҳум истак эди, холос.
Аммо бир оз пул топиб, эскироқ бўлса ҳамки, инкубатор сотиб
олишни кўнглимга туккан эдим.
Бир вақтлар паррандачилик фабрикасининг инкубатор бўлимида
ишлаганимни айтган эдим, Ўшанда инкубаторни обдон ўрганган ва
кичикроғини харид қилиб, пул топишни орзу қилгандим.
Мухторов деганлири акам тенги бўлиб, ўзи паканароқ булса
ҳамки, бу ердагилардан кийиниши, ўзини тутиши билан фарқланарди.
Аммо ўзгаларга нисбатан нописандлиги ҳам манаман деб турарди. Бу
ерда у билан ҳисоблашиб ишлашларини фаҳмлаш қийин эмасди.
Мен анчайин хавотир аралаш акамнинг саломини етказдим,
муддаомни тушунтирдим. У оилавий шароитим, қаерда ишлаганимни
сўради.
- Аммо, айтиб қўяй бу ерда ишлаш осон эмас. Бир ҳафта ишлаб,
қочиб қолганлар анчагина бўлган.
У амалдорларга хос оҳангда анча гап уқтирди. Мен енгил тавозе
билан маъқуллаб турдим.
- Сен шошмай тур, мен қоғозларга қўл қўяй, ўзим олиб бораман,-
деди охирида.
Тағин бирор соатлардан кейин унинг машинаси билан йўлга
тушдик.
–Мен сени бир қозоқ бобойнинг отарига биркитиб қўяман, ўша
билан ишлайсан,-деди.
Биз йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Саксовул ва
исириқлар ўсиб ётган, кета-кетгунча қум барханлари ястанган
яйловдан ўтиб, бир ўтовга етиб бордик. Ўтовнинг олд қисмида лойдан
уй ҳам қурилганди. Бир нечта чўпон итлари бир томон вовуллаб
югуриб келишди. Аммо Мухторовни кўриб, думларини
ликиллатишди. Энг аввало диққатимни тортган нарса – қудуқдан сув
тортаётган туя бўлди. Қарийб эллик метрча келадиган арқоннинг бир
учи қудуқдаги катта челакка биркитилган бўлиб, нари учи
жониворнинг бўйнига боғланганди. Туя сўқмоқ бўйлаб оҳиста юрар
ва челак ташқари чиқиб, суви бетон охурга тўкилиши билан орқага
қайтарди. Пақир тағин қудуққа тушарди.
Ўтовдан кўзлари қисиқ пакана, чўққи соқоли сийрак муйсафид
чиқди. Шеригим билан қозоқчалаб алланималарни гаплашди.
Мухторов мени томон имлаб, нималарнидир уқдирди. Улар бир-
бирини “сен-сен”лаб гаплашиши менга ғалати туюлди, аниқроғи,
дилимга ўтиришмади. Кейин шеригим мен томон ўгирилди.
- Шу одам билан ишлайсан. Нима иш қилишни ўзи буюради.
Отделениедан бу ерга қатнашинг керак. Юр, энди мен ётоғингни
кўрсатаман.
Биз орқага қайтдик. Бўлим деганлари ўнга яқин идора ва
хонадонлардан иборат жўнгина қишлоқ эди. Тан олмоқ керак, бу ер
жуда файзсиз бўлиб, лоақал бирорта дарахт ёки кўкат кўзга
ташланмасди, Идора олдида қобирғаси бўртиб турган қорамоллар,
қўйлар ўтлаб юрарди.
Биз пештоқига “Ветпункт” деб ёзилган бино қаршисида тўхтадик.
Мухторов чўнтагидан калит чиқариб, эшикни очди. Ичкаридан
креолин деб аталадиган бадбўй дори ҳиди димоғимга урди. Чап
томондаги хоначага кирдик. Бу ерда кроват, стол стулдан ташқари
ветеринария дори дармонлари ҳам қалашиб ётарди.
- Мана шу хонада яшайсан. Умуман пунктнинг хўжайини ўзинг.
Мен раисга айтиб қўяман: шароитингни созлаб беради. Сендан илгари
бир бола келиб, олти ой ишлади-ю, қочиб қолди. Яхши бола эди.
Аммо хотинини олиб келгандан кейин аёли уни йўлдан урди. Шунинг
учун хотинингни олиб келишни маслаҳат бермайман Бу шароитга
фақат эркаклар билан қозоқнинг аёли тоб бераолади.
Мухторов чиқиб кетгач, ёлғиз қолиб, дилим ўксиди. Мендан
олдин келиб, олти ойдан сўнг қочиб қолган бола кўз ўнгимга келди.
Беихтиёр, Жамилани ўйладим. Бу шароитни кўрса, менга ачиниб
кетар, шўрлик...
Хонамдаги дори дармонларни бошқа ёққа кўчирдим. Идора
олдидаги цистернадан сув келтирдим, ҳул латта билан дераза,
полларни артиб чиқдим. Кейин дўкондан егуликар олиб келдим.
Кечга яқин мени раис, яъни бўлим бошлиғи йўқлаётганини айтишди.
Бу одам эллик ёшлар атрофидаги, тўладан келган ўзбек бўлиб,
мени илиқ кутиб олди. Танишиб олганимиздан кейин, меҳрибон
оҳангда:
“Мухторов сен ҳақингда гапирди, деди. Нима керак бўлса,
тортинма. Шароитингни яхшилаб берамиз. Шу Кенгисбайнинг
қўйларига қарасанг бўлди. Мотоцикл ҳам топиб берамиз.
Шу тариқа фаолиятимни ҳам бошлаб юбордим. Эрталаб ўтовга
бораман, Ишнинг эса ҳисоби йўқ. Дастлабки бир ҳафта давомида
қўтир қўйларни ажратиб, дори суртиб чиқдим, кейин юқумли
касалликларга қарши вакциналаш бошланди. Шу орада раисниннг
топшириғи билан туман марказига бориб, “Зооветснаб” деган
идорадан қўйларнинг қўлоғига тақадиган номерли ҳалқалар билан
гелминтларга қарши препаратлар олиб келдим.
Кенгисбай ота ҳақида гипирадиган бўлсам, у кампири ва ёлланма
чўлиқ бола билан тирикчилик қиларди. Икки ўғли Қозоғистонга ишга
кетганлиги, улардан бири жуда бойлигини айтишди. Ҳафта-ўн кунда
қозоқчани тушунадиган, оз-моз гапирадиган ҳам бўлдим.
Тушлик ва кечки овқатни бирга қилардик. Дастурхонда қўй гўшти
ва нондан бўлак нарса қўйилмасди. Кенгисбай ота деганимиз
етмишдан ошган бўлишига қарамай, арақ ҳам ичар ва бундай пайтда
кўп гапирар, жоҳиллиги ҳам, меҳрибонлиги ҳам чандон ошиб
кетарди. Қозон ва дастурхон атрофида итлар давра бўлиб олишар ва
муруввват кутишарди. Уларнинг олғирроқлари тап тортмай дастурхон
устидаги нон ёки гўштни илиб кетишдан ҳам тойишмасди.
Мухторовнинг ўзи ҳам, шу жумладан, раис, партком ҳам
Кенгисбай отанинг жаҳлидан андиша қилишар, у билан эҳтиёкорона
муомалада бўлишарди.
Икки ойлардан кейин Мухторов билан раисдан рухсат сўраб, уйга
бориб келадиган бўлдим. Эҳ, Самарканд замини! Жаннатмакон ўлка.
Тоза сув, муътадил ҳаво, истаган мева-чеванг муҳайё! Бунинг устига,
қадрдон одамларинг орасидасан. Аммо бу ердагиларга шароитимдан
нолимадим, Зеро бунинг фойдаси йўқ эди. Аммо Жамила: “Эр қаерда
бўлса, аёли ҳам ўша жойда бўлиши зарур – сиз билан бораман”,
дегандан кейин, бор гапни бўямай-бежамай гапирдим. Ичадиган
сувнинг шўртамлиги, мева-чевадан нишон йўқлиги, иссиқ гармсел ва
тинимсиз кўчиб юрадиган қумларга урғу бердим. Шунда ҳам у
фикридан қайтмади. Ноилож қолиб, бу гал келганимда олиб кетишга
сўз бердим.
Бу гал келганимда Жамила шай бўлиб турган экан. Ўзим ҳам
севимли жуфти ҳалолимсиз ҳаётим кемтик бўлишига ишонч ҳосил
қилган эдим, Табиийки, у ҳали келинчак эди ва бундай пайтда кўнгли,
шаҳарнинг серҳашам дўконларни кезиш, томоша ва концертларга
боришни кумсарди. Бу ҳол мени ўкситарди
Мен эрталаб кетиб, бир маҳал қайтганимда, аввал меҳр билан
бағрига босар, сўнг дастурхон ёярди. Шоирнинг: “Инсонга жуда кўп
нарса керакмас, Уни уйда кимдир кутиб турса бас” деган
мисраларини эслардим бундай пайтда.
Шу орада қўйларда нохуш касаллик пайдо бўлди. Туппа-тузук
ўтлаб юрган қўй турган жойида уч-тўрт бор айланиб йиқиларди-ю,
ўлиб қоларди. “Буни духтурлар “вертушка”, дейди тушунтирди
Кенгисбай ота, миясида қурт пайдо бўлган. Қолганларини ҳам укол
қилиш керак!
Мен енг шимариб, профилактикани бошладим. Эртаси отарга
Мухторов келиб қолди. Касаллик ҳақида гапирганимда, энг аввало,
нечта қўй нобуд бўлганлигини сўради. “Кечадан бери учтаси ўлди”
жавоб бердим. “Акт туздингми” сўради у. “Йўқ” “Бугуноқ ўн бешта
қўйга акт туз”, буюрди у.
Шу орада Жамила оғироёқ бўлиб қолди. Биз иккаламиз бундан
беҳад қувондик ва шу билан бирга хавотир ва масъулиятимиз ҳам
чандон ошди. Уни Самарқандга элтиб қўймоқчи бўлганимда, тағин
рози бўлмади.
Менинг юмушларим кўпайгандан кўпаяр, кечқуран ҳолдан тойиб
қайтардим. Бир куни Жамила помидорга кўнгли кетганини изҳор этиб
қолди. Мен Абдулла Қаҳҳорнинг “ Анор” деган ҳикоясини ўқигандим
ва аёл бошқоронғу бўлса, уни топиб бериш ҳам қарз, ҳам фарз
эканлигини тушунардим. Шунинг учун ишга бормай, қарийб юз
километр узоқликдаги марказга йўл олдим. Бозордан помидордан
ташқари, мева-чева харид қилиб, хонамга қайтдим. Жамила бу
меҳрибончилигимдан ийиб кетди.
Эртаси ишга борганимда, Мухторов дағдағасини бошлади.
- Менга қара, ҳой жипириқ, деди. Нега жойингда йўқсан?
Хотинингни олиб келма, деб тайинлаган эдим-ку! Мана ман ўн
йилдан бери бир ўзим яшайман! Бало ургани йўқ! Хотин, бола-чақам
шаҳарда.
Мен индамай қўяқолдим.
Тағин ишга кўмилиб кетдим. Суъний қочириш мавсуми бошланди
ва бу машаққатли юмуш мадоримни оларди. У пайтларда совлиқларга
СЖК препарати укол қилинарди. Натижада совлиқ бир ўрнига, икки-
учтадан қўзи берарди. Уларнинг бари териси учун сўйиларди ҳам.
Ана шу препаратни қўллаш ҳам менинг зиммамга юклатилганди.
Бир куни Кенгисбай ота савол бериб қолди. “Мухторов сенга пул
бердими?” “Йўқ!” “Падарига лаънат бу амалдорларни”, деди қаҳр
билан, барининг нафси ўпқон. Ўша сен акт қилган қўйларнинг ярми
саники. Тўхтаб тур, ўзим олиб бераман.” “Қўяқолинг”, дедим бош
ветврач билан муносабатимиз баттар чигалланмаслигидан чўчиб.
Совуқ кунлар бошланди. Бу ернинг ёзи ҳам қиши ҳам қаттол.
Уйчамизга печ ўрнатдим, идорадан саксовул беришди.
Бир куни ишдан келсам, Жамиланинг ранги учган, кайфияти
нохуш. “Ҳа, тинчликми” сўрадим хавотир аралаш. “Мени духтурга
элтинг, қон келаябди”деди у. Зудлик билан мотоциклнинг орқа
ўриндиғига миндириб, совхоз марказидаги мед пунктга олиб бордим.
Аммо бу ерда аёл доктор ёки ҳамшира йўқлиги учун Жамила орқага
қайтишимизни сўради. Ўша тунда маъшум ҳол рўй берди: унинг
боласи тушди. Иккаламиз ҳам ухламадик. Бечора жуда азоб чекди.
Унга раҳмим келиб, ўзим ҳам дийдаларимни тиёлмадим.
- Азизим, бу дўзахдан кетамиз! Менга партия билети ҳам, пул ҳам
керак эмас! Ўша ерда ҳам кунимиз ўтади, дедим.
Эртаси Кенгисбой ота билан ҳайрлашгани борганимда, у надомат
чекди.
- Тўхта, деди охирида, мен Мухторовдан пулингни ундириб
қўйган эдим, Шуни ол!
Йўл-йўлакай у берган пулни чамалаб кўрсам, инкубатор олишга
етадиган. Бу ҳолдан жуда қувондим.
Биз ўша куниёқ кўч-кўлонни кўтардик.

НОМА № 8

Мурод муаллимнинг қоровулхонасига ўтмаганимга бир ойдан
ошиб қолди ва уларнинг суҳбатларини анчайин қумсагандим. Кечки
маҳал унинг эшигини қоқдим. Бу ерда муаллимдан ташқари Жамил
домла билан Самандар ҳам келишган экан. Бу гал арақ ичишмади,
карта, нарда ёки шахмат ҳам ўйнашмади. Бақамти гаплашиб ўтирдик.
Самандар, меъмор бўлганлиги боис, Ўзбекистоннинг етти
муъжизасини аниқлаш комиссиясида аъзо бўлган экан. Тағин шу
ҳақда ҳикоя қилди
Лекин бундан ҳам қизиғи, Жамил домланинг ҳикояси бўлди.
Унинг илк муҳаббати сардафтарини сукут сақлаб тингладик. Бу
мароқли саргузаштни унинг ўз номидан ҳикоя қилмоқчиман.
“У вақтлар дадам бизни ташлаб кетган ва шаҳардаги кўп қаватли
уйда ойим, синглим уччаламиз яшардик. Мен университетга ўқишга
кирдим ва уни битирганимдан кейин Фориш туманига ишга йўлланма
беришди. У замонлар таомил ва талаб шунақа эди – юборилган жойга
бориб, икки йил ишлаш талаб этиларди. Форишдаги мактабда
тарихдан дарс берганман.ва бу ҳаётимдаги бағоят муҳим саҳифадир.
Район марказидагилар: “Баллосон қишлоғига борасиз, ўша ердаги
мактабга муаллим керак,” дейишди. Кейин қишлоққа бориб, дўмга
учрашишимни маслаҳат беришди. Бу отахонни сифатлашди, аввал
дўм бўлганлигини, Тоғай турк, капиталист, чавандоз деб аталишини
ҳам қисдириб ўтишди.
Отахон саксонларни қоралаган бўлиб, мошгуруч соқоли ўзига
ярашган, сипо ва художўй одам экан. У киши қишлоқ оқсоқоли
бўлиб, ҳурмат қилишар, ҳисоблашишар экан. Тоғай бобо ўша куниёқ
менга ўз уйидан хона ажратиб берди.
Бу рўзғор ҳақида сўз юритадиган бўлсам, улар оила бекаси, икки
ўғил, уларнинг хотинлари, бир қиз ва бола-чақалар, яъни
набиралардан иборат эди. Шўролар даври бўлса ҳамки, хизматкорлар,
чўпонлар ёллашганди. Отахоннинг ўзи астма касалига учраган бўлиб,
кўп йўталар, нафаси қисилар, ўзини эҳтиёт қилар, дори ютиб юрарди.
Дастлаб менга аён бўлган тағин бир ҳақиқат ҳақида ҳам сўз
юритмоқчиман. Баллосонларнинг шевалари ўзгача - тожикчага
яқинроқ эди. Улар ўзларини турк, деб ҳисоблашишарди.
Кейинроқ менга аён бўлишича, отахоннинг ўғиллари аввалги
хотинидан бўлиб, фақат қизи - Қорасоч бу аёлидан экан.
Дўм бобо бу музофотдаги обрўли инсон бўлиши билан бирга бой
ҳам эди. У тоғ ёнбағрида катта токзор, боғ барпо қилганди, қорамол,
қўйлари ҳам бир пода бўлар, эрталаб уларни ҳайдаб кетиб, қоронғу
тушганда олиб келишарди.
Отахоннинг ўғиллари – ишининг унчалик тайини бўлмаган,
анчайин лоқайд, беғам кишилар бўлса ҳамки, қизи маъсулиятни ҳис
қиладиган, ҳушёр, фойда-зарарнинг фарқига борадиган эди. Шунинг
учун бўлса керак, у отахоннинг ўнг қўлига айланиб қолганди.
Қорасоч хизматкорларга иш тақсимлаш, унинг сифатини назорат
қилиш сингари талай юмушларни бажарар, куни билан тиним
билмасди.
Мен борган пайтлар узум узиш мавсуми бошланган эди. Шунинг
учун Қорасоч асосий вақтини токзорда ўтказарди. Бир куни мактаб
директори мендан болаларни ўша ерга узум узишга олиб боришни
сўради.
Тоғ ёнбағридаги лалми жойда шундай токзор ва боғ барпо қилиш
мумкинлигини, ҳатто, бирор жойда ўқимаган ҳам эдим. Тасаввур
қилинг, теварак атрофда қақраб ётган яланғоч қирлар, бу ерда эса
шовуллаб ётган боғ. Таъкидлаб ўтаман, батамом сувсиз қияликда.
Агар Ўзбекистонда яланғоч ёнбағирларнинг юздан, ҳатто мингдан
бири шунақа боғ ёки токзорга айлатирилганда борми...Майли, бу
бошқа мавзу.
Ўқувчилар билан сап-сариқ кишмиш бошлари чош қилиб
қўйилган майизжой бошида тин олдик. Болалар беихтиёр, узум
бошларини олиб еябошлашди. Мен андишага бориб турдим.
“Муаллим, сиз нечун узум емаябсиз,” сўраб қолди, қаердандир пайдо
бўлган Қорасоч. Мен бир бош узумни олиб, чайқадим. У жуда ширин
эди.
Сим билан ўралган токзорда ўнлаб аёл-у, эркак узум узиш билан
банд эдилар. Улар чумолидан бетиним ишлашар, узумга тўлдирилган
қутиларни келтириб чош устига тўкишар ва зудлик билан орқага
қайтишар, бу ерда эса эркаклар ҳосилни хивичдан тўқилган
идишларга солиб, қайнаб турган содали сувга ботириб олишарди.
Тағин бир неча эркак уларни майизжойга элтиб ёярди. Меҳнат
давомли, оғир эди. Бирор нуқтада узилиш рўй бўлса, бутун жараён
тўхтаб қоларди. Шунинг учун бўлса керак, Қорасоч гоҳ токзорда, гоҳ
майизжойда пайдо бўлиб, ишнинг бир маромда давом этиши учун
жонбозлик кўрсатарди.
Шунда мен ҳис қилган ҳақиқат шу бўлдики, қақроқ ёнбағирларни
жаннатдай файзли қилган, узум доналарини шакарга айлантирган
нарса, энг аввало, ана шу одамларнинг тинимсиз меҳнати экан.
Албатта, уларни ҳаракатга солган куч Тоғай бобонинг чўнтагидаги
пул эди. Ўттиз икки мажбур қилгани боис, бу одамлар ана шу оғир
қутиларни кўтариб, худди чумолидай ишлашга кўниккан эдилар.
Биз Қорасоч билан беихтиёр гаплашиб қолдик. “ Биласизми, гап
бошлади у, дадам сизни сифатлаб қўядиган бўлган. Аслида, у киши
ҳеч кимни мақтамайди. Мени-ку танқид қилиб, кўзимни очирмай
қўйган.” Бу гапдан мамнун бўлдим ва оқсоқолга қайси хислатим
маъқул тушгани билан қизиқдим. “Фаҳмли, фаросотли бола экан”,
дедилар, қисқа қилди қиз.
Қорасоч шундай деди-ю, шошилинч ўрнидан турди. “Қарийб
унутиб қўйган эканман: Бугун ветврач келиши керак эди, сигирларни
эмлаш учун.. Калит эса чўнтагимда.“ У чўнтагидан бир даста калитни
шарақлатганича чиқариб кўрсатди ва жўнаб кетди.
Дилимда ғалати туйғулар уйғониб қолди.
Мен оила аъзолари билан бирга овқатланардим. Аммо бу ерда
тартиб-таомил ғалати эди. Эрталаб Қорасоч янгалари билан хонтахта
устидаги дастурхонни безатиб қўйишар ва ҳар ким вақтига қараб
нонушта қилиб кетарди.
Дўм бобонинг ўзи саҳарлаб бомдодни ўқигач, чой ичиб ишига
кетарди, мен келганимда асосан ўғиллар нонушта қилаётган
бўлишарди. Аёллар ҳаммадан кейин ўтиришарди.
Дастлабки пайтлар бу ерда текин овқатланаётганимдан ҳижолат
ҳам тортганман. Кейин қарасам, қишлоққа келиб, бир неча кун
яшайдиган ветврач, геолог, монтёр ва турли идоралар ходимларининг
насибалари ҳам дастурхонда экан. Шунга қарамай, ҳижолатдан чиқиш
учун Қорасочга кўмаклашадиган, гоҳида ўқувчиларни олиб келиб
ишлатадиган бўлдим.
Тоғай бобо узоқни кўрадиган, тадбиркор киши эканлигини айтган
эдим. Аммо шу билан бирга анча баджаҳл, бақироқ ҳам эди. У
интизомни яхши кўрар, измидан чиққанларни аяб ўтирмасди.
Бир куни дарсдан келсам, Қорасоч йиғлаб ўтирибди, Биринчи бор
бу қизни шундай нохуш ҳолда учратдиган эдим. Унга ачиниб кетдим.
Аллақандай хато учун отаси уришиб берганлиги аён эди. Нима деб
овутиш, қандай далда беришни билмай довдираб қолдим. У эса
ўпкаси тўлиб, елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди. Маълум
бўлишича, эчкилар оғилдан чиқиб кетиб, боғнинг панжарасидан
ошибди ва бир нечта олма дарахларининг пўстини кемириб қўйибди.
Отахон жаҳл ва зарда билан бор эчкиларни сўйишни буюриб, айбни
Қорасочга тўнкабди.
Бироздан кейин Қорасоч юзларини ювиб олгач, унга далда
бердим. “Қўйинг, уят бўлади, бу хафа бўлишга арзимайдиган гап.
Дадангиз ёмон ниятда уришмаганлар, албатта. У кишини ҳам
тушуниш керакдир.”
У алламаҳалгача сукут сақлаб, тинглаб турди. Сўнг хайрихоҳлик
ила сўз бошлади. “Жамил ака, одамга алам қилади. Тушунинг: менинг
зарра гуноҳим йўқ.” “Гуноҳингиз шуки, сиз кўп ишлайсиз. Кўп
ишлаган одам, ҳамиша кўп гап ҳам эшитади”, дедим кулиб. Гапим
маъқул бўлди, шекилли, у табассум қилди. Биз эмин-эркин
суҳбатлашиб кетдик.
Шунда биринчи бор унга ҳавасим келди, меҳрим чандон ошди.
“Шунга уйлансам, нима бўлар экан” деган фикр келди бошимга.
Аслида бу хусусда аввал ҳам чала-чулпа фикрлаганман. Аммо ҳар гал
аниқ бир тўхтамга келолмаганман. Чунки тарозига солиб кўрсам,
тўғри келмайдиган томонлар анчагинадай. Биринчиси, миллий
масала. Мен тожикман ва ойим ўзбек қизга уйланига монелик қилиши
мумкин. Иккинчидан, мен шаҳарда, тўртинчи қаватдаги торгина уйда
яшайман. Булар эса жуда бой, Отахон қизини менга бермаслиги ҳам
аниқ. Қорасочнинг ўзи-чи? Дала-даштда оҳудай кун кўрган қиз домга
кўникармикин? Умуман, кўнгли бормикин менда?
Одатда, биз томонларда ҳосилни йиғиштириб олгач, деҳқон-у,
боғбонлар хотиржам бўлишади, дам олишади. Баллосонда эса бундай
эмас экан. Новда чилпиш, ток кўмиш бошланди..Кейин ҳар бир
дарахтнинг остини чуқур юмшатиб чиқишди.
Қишли-қировли кунлар бошланди. Ёдимда: биринчи қор ёққан
куннинг эртаси, боғбонлар билан “қор тўплаш”га чиққанман. Бундан
тадбир ҳақида ҳатто эшитмаган ҳам эдим. Ўша қор ёққан кун отахон
Қорасочга тайинлади. “Аёл-у эркакни хабар қил. Кечқурун пулларини
нақ санаб бер!.”
Эрталаб белкурак кўтарган кишилар тўда-тўда бўлиб ёнбағирга
отландилар. Қорасоч менга ҳам бел топиб берди. Ҳар бир кишига
дарахтлар санаб, тақсимланди ва ишга киришиб кетдик. Одамлар
атрофдаги қорларни кураб, дарахт тагига тўплайбошлашди. Мен ҳам
улардан ўрганиб, ғайрат билан ишладим.
Ҳашарчилар тушликка пастга тушдилар. Бу юмуш тўрт кунча
давом этди. Қорасоч ҳар кун одамларга иш тақсимлаб берар, куни
билан ишларини назорат қилар ва кечқурун ҳақларини тўларди.
“Муаллим, мурожаат қиларди гоҳида менга у, ҳазил-чин аралаш,
келинг ҳақингизни олинг, Сизга двайной тўлайман.” “Менга шу
гапингизнинг ўзи етарли”, жавоб берардим.,
Дарахтларни тугатиб, токларнинг остига қор тўплаш ишлари
бошланган кунлар эди.. Кечга яқин отахоннинг ўзи ишдан хабар
олгани чиқди. Қорасоч у кишини койиган бўлди. “Бекор чиқибсиз,
ҳаво салқин”. “Қўрқма, томоғимни ўраб олганман”, деди у киши
бўйнини кўрсатиб. Лекин салқин ҳаво отахонга таъсир қилган экан,
шекилли, эртаси ётиб қолди.
Икки кундан кейин у кишини кўргани кирганимда, уйнинг
ўртасида кўрпаларга ўралиб ётарди. Қаршисида турли дори-
дармонлар уйилиб кетган эди. Ҳол-аҳвол сўрадим,уёқ-буёқдан
гаплашган бўлдик.
“Муаллим, деди, кетар маҳалим, ўтиринг, гапим бор. Мен андак
хавотир тортиб, қайтадан ўтирдим. Иккаламиз ҳам алламаҳалгача
сукут сақладик. “Қариб қолдим, деди ғамзада овозда, бу астма деган
бедаво дард қайбир кун мени олиб кетиши аниқ. Худодан умидим
катта. Аммо рости гапки, мендан кейин нима бўлади, деб ўйлаб
қоламан. Ўғилларим уқувсизроқ чиқишди. Мен болаларимнинг
тақдирини, боғни уйлайман, токни ўйлайман. Худо меҳрибон-у, аммо
мендан сўнг бари хароб бўлишидан қўрқаман. Бир одобли, ўқимишли
киши бўлса, тириклигимда Қорасочни ўшанга узатсам дейман. Фақат
қизим барини сақлаб қолиши мумкин”.
Баҳорда туйимиз бўлди. Ойим дастлаб бунга андак монелик
қилган бўлса ҳамки, охир-оқибат кўндирдим.
Орадан олти ойлар ўтиб, отахон бандаликни бажо келтирди. Ўша
куни бир пиёла совуқ сув ичибди-ю, нафас йўли қисилиб қолибди.
Қишлоқда йиғламаган одам қолмади, десам ишонаверинг.Ўзим
гувоҳ бўлдим – гўрковнинг ишидан хабар олгани борсам, ўша ҳам
йиғлаб кетмон урарди. Қорасочнинг фарёдларини эса айтмай
қўяқолай. Жанозада одам жуда кўп бўлди. Ҳатто қирқигача қўшни
қишлоқлардан одамлар келиб турдилар. Бечора Қорасоч жуда ҳам
куйунди.
Бу ердаги ҳаёт дастлаб аввалгидек осуда давом этаверди.
Хўжалик юмушлари батамом Қорасоч зиммасида бўлиб, ҳар бир
масалада акалари билан маслаҳатлашиб турарди. Аммо икки-уч ойдан
кейин вазият ўзгарабошлади. Янгалар, яъни акаларининг хотинлари
Қорасочга нописандлик, хархаша қилишни бошладилар.
Кечқурунлари бунинг сабабларини ўйлаб, бир тўхтамга келолмасдик.
Кейин акаларнинг ҳам муносабатлари ўзгарди. Буларнинг бари нохуш
бир ҳолат, яъни мерос талашиш бошланганидан далолат берарди.
Бу гал Қорасоч акаларини чақириб, обдон гаплашди. Мен
биринчи бор уларнинг нигоҳларида бегонисирашдек нохуш бир
ҳолатни кўрдим. Хуллас, боғ, токзор ва моллар учга тенг
тақсимланадиган бўлди.
Аммо эртаси, айнан тақсимот маҳали тағин дилсиёҳликлар
бошланди. Янгалар овозларини кўтариб, кўпроқ ҳақ талаб
қилабошладилар. Қўйлар тенг тақсимланди, аммо ўн уч қорамолдан
бизга атиги учтаси тегди. “Майли, тортишма, дедим Қорасочга биз
тағин топамиз.” Аммо боғ билан ток масаласидаги ноҳақликдан
Қорасочнинг фиғони чиқиб кетди. Бизга уч қатор ток билан уч қатор
боғ тегадиган бўлди. Бу бор мероснинг ўндан бири ҳам эмасди. Улар
бирлашган эдилар ва Қорасочнинг ўгайлигига шаъма қилишдан ҳам
тортишмасди.
“Нега куйинасан, ёлғиз қолганда овутдим Қорасочни. Яхши
қарасак, шу ёғи ҳам бизни боқади. Молни кўпайтириш, боғ-
токзорларни кенгайтириш қўлимиздан келади. Энг муҳими,
муносабатларни бузиб қўймаслик керак.”
Айнан шу мақсадда, қавмларни йиғиб, зиёфат ҳам бердик.
Қорасочнинг катта акаси отанинг руҳини қақшатмаслик учун аҳил
бўлишимиз зарурлигини гапирди ва бундан биз мамнун бўлдик. Аммо
амалда, муносабатларга дарз кетиб бўлган экан. Кўп ўтмай янгалар
тағин нописандлик ва хархашаларини бошладилар. Бир куни катта
янга: “Қизилча қани, қизилча”, деб дағдаға қилгандан кейингина,
муддаоларини тушундик. Улар, оталаридан анча-мунча олтин қолган,
уни Қорасоч яшираябди, деган нохуш ва ноўрин фикрга келишганди.
Олтин васвасаси эса жаҳолат ва очкўзликка эш бўлади. Бу ҳолдан
ўзим ҳам чўчиб кетдим. Хотиним эндиликда худони ўртага қўйиб
қасам ичса ҳамки, ишонмасликларига имон келтирдим.
Бир куни жанжал авжига чиқди ва улар Қорасочдан рўйи-рост
пул ва тилло талаб қилабошладилар. Шу пайт қаердан ҳам катта ака
пайдо бўлди. Унинг кайфи бор эди. “Ҳой, тирмизак, ўдағайлади у
Қорасочга қараб, нима отамнинг тиллоси энди тожикка қоладими?”
Бу гап гарчанд менга қарата айтилган бўлса ҳамки, Қорасочни
ўртантириб юборди. У ногаҳон акасини қучоқлаб, зорланишга тушди.
“Акажон, бу гапни бекорга айтдим, билмай айтдим денг. Худо урсин,
тилло йўқ, акажон! Рўзғоримни бузманг, акажон!” У ҳунграб
йиғлашга тушди.
Кечқурун мен ҳам ўзимнинг сўнгги қароримни айтдим. “Қорасоч,
энди мен бу ерда қололмайман! Эртагаёқ қорам ўчади!
Ҳомиладор хотинимнинг шашқатор кўз ёшларига қарамай,
юкларимни йиғиштирдим ва Самарқандга келдим.
Аммо, кутганимдек, ўн кунлардан кейин Қорасоч ҳам онасини
эргаштириб келди. У жуда кўп йиғлаган, ориқлаган эди. Биз
ойимнинг қишлоғидан эскироқ ҳовли харид қилдик. Кейин
қурилишлар қилиб, ўша ерга кўчдик.
Қорасоч бир йилдан кейин қишлоқ хўжалик институтига ўқишга
кирди. Кейин ўша ерда аспирантурани битирди. Ҳозир менга ўхшаб -
доцент.
Мен Баллосонга қайтиб бормадим. Миллий туйғумга тегадиган
кишиларни кечиргим йўқ! Аммо Қорасоч бот-бот бориб - келади.
Бир-икки жиянларини Самарқандда ўқишларига ҳам кўмаклашди.
Айтишларича, ўша боғ ва токзорлардан нишон ҳам қолмаган, ҳатто
кундаларигача қазиб, ўтин қилишган экан.
Акаларининг ўғиллари Россияда мардикорлик қилишаркан.

Оилалари шу ҳисобдан кун кўришаркан.”

Комментариев нет:

Отправить комментарий