среда, 27 сентября 2017 г.

2 ҚИСМ: НОМА № 9. НОМА № 10

НОМА № 9

Хотирингиз панд бермаса, деган эрдимки, қисмат деган шумшук
кўргулук вужудингга бигизини бот-бот суқиб олмоқни хуш кўрадур.
Гоҳида ноарзанда яънеким заррадай хушбахтлик ато этиб, эвазига
катта дилсияҳликка рўбарў этадур.
Начора: ҳар нимарса учун жавоб бермоқ керак – тоҳатто
ногаҳоний сархушликлар учун ҳам.
Якшанба дачада экинларни суғорар маҳалим эшик очилиб, Мария
апа кириб келди ва бадазон кўзойнак тоққан, бисёр озода либос
кийган, хуштакаллуф, аммо зоҳиран ҳуркак мардак намоён бўлди. Бу
одам Фидел Арабов бўлғонин бозуд фаҳмладим. Алар камина бирла
қўл бериб кўрушдилар. Бадаз ҳолпурслик, эр-хотун гул-у, экинлар
аралаб, гулгаштлик қилиб юрдилар ва иншоллоҳ, мамнунлиқ
топдилар. Бу ҳолдин камина ҳам бисёр сархушлик топдим, аларга
эҳтиромлар намоён этиб, ўтуруб ҳордиқ чиқармоқлари ниятинда жой
тайёр қилдим, алма, олболу тердим, қисса кўтоҳ дилларини топмоқ
ташвишига тушдум.

Локинда ҳарчан қилсам хамки, мардак ўтурушга хоҳиш бермади.
Ман меваларни аларнинг мошинларига солдим. Боз дедимки: “Эртага
Найимбек ўйларингга картошка бирла памидор элтиб берадур.”
Бадазон бу беозор, локинда табиати жумбоқ мардак хусусида бот-
бот фикр юритадурғон бўлдум. Фикри ожизимча, бул банда ўз
юмушини хуш кўрадурғон, сидқидил, ҳалол бажарадурғон, хуб одам.
Аммо атрофдагиларга эш бўлмайдурғон, улфатчиликка кўникма
қилмаган, ялғуз кишидур. Ул шундоқ муҳитда, яъне детдомда тарбия
топгони, хотун ҳам урус ( аслан немислигини ёдовар этғон эрдим)
бўлғони боис ҳамма урфу таомиллари ғайричадур. Худо аларни
фарзанддан ҳам қисганлигини билур эрдим. Аслан бала-чақа маҳалла,
боғча, мактаб боис кишини дигарлар бирла вобаста қиладурғон,
узлатдан тортадурғон занжирдур.
Қисса кўтоҳ, бир кун Найимбек дедики, Фидел амакини
вазифадан озод этибдурлар. Ушбу ахбордан бисёр ранж топдим.
Боиси: умри дароз бир идорада хизмат этган ва бунга дилдан
кўнуккан, диган бирор юмуши, улфат, ҳангомага соҳиб бўлмаган
мардакнинг қисматидан ташвиш тортур эрдим. Мурод муаллим бирла
гуфтигу қилиб, истеъфоси сабабларининг ҳам тагига етдим.
Тошканда катта арбоблардан бири нутқ ирод қилиб дебдики:
“Давлат тилини жорий этгонимизга фалон сана бўлди. Локинда бир
хел нобарор амалдорлар то ҳануз ҳужжатларни урус забонида
битурлар.” Мисол тариқаси якчанд айбдорлар исму шарифини тилга
олибдур. Ноомадликни кўрунгки, булар арасида “Фидел Арабов” ҳам
бор экан.
Мадомики, шундоқ бообрў арбоб бу суханни айтгон экан, зеро
чора кўрмоқ ҳам қарз, ҳам фарздур. Боиси: юқорига алар
қониқадурғон жавоб йўлламоқ жойиз. Фидел Арабовга дебдиларки:
“Сизни вақтинча бўшатурмиз, бад арқаси савуса, боз вазифангизга
ўтқазурмиз.”
Шу тариқа юмушидан жудо бўлибдур. Эмдиликда кунаро дачага
келадурғон бўлди. Домда танг бўлмоғи аниқ, боз устига дигар
борадурғон жойи бўлмагач нима ҳам қилсун. Ман кўрдумки, бул
бечора мардак рўзба-рўз дилтанг-у, дилғаш бўлур, яккалик сезур,
ўзум эътибор кўрсатмоққа жазм қилдим. Номини айтмоқ андак
нораво бўлғони боис анга “тақсир” деб мурожаат қиладурғон бўлдум.
Тавозелар намоён қилиб, бо миқдор бисёрроқ мулоқот қилмоқ
ниятида бўлур эрдим. Шу тариқа камина бирлан дил очиб суҳбат
қурадурғон ўлди. Бад анга дедимки: “Тақсир, бул жойда Мурод
муаллимнинг қаравулхонаси мавжуд. Анда ҳурфикр бандалар,
хушфеъл улфатлар жам бўлурлар ва истар эрдимки ташриф
қилсангиз.” Ул бадаз бисёр мулоҳазалар рози бўлди. Қаравулхонадаги
бандаларни ҳам огоҳ қилдим: “Бисёр нозик меҳмон келтирурман. Ул
зотнинг исму шарифини, қай жойданлиги, зоту зурёди, хизмат
жойини сўрамоқ ножойиз. Дилига қаттиқ олур. Боиси, шундоқ,
шундоқ. Ўзи бисёр боодоб банда, шу боис ножойиз ва ҳақорат гаплар
бўлмасун.
Умри дароз гузарга чиқмаган, чойхона кўрмаган, улфатчиликдан
йироқ банданинг ҳолатини тасаввур қилмоқ қийин эмас эрди. Ул
сукут сақлаб ўлтирур ва дигарлар ҳам андеша бирла нима демоқни
билмас эрдилар. Меҳмонга такаллуф бирла май узотдилар. Локинда
рад этди. Башқалар андак қонни қизитдилар ва гапзанонлар, буҳсу
мунозаралар авжига чиқди. Мурод муаллим ҳукуматдан шикоят
қилди, Самандар Ялта шаҳринда Мария номли нозанин урус аёлни
қўлга киритгонни эзмалик бирла гапурди, ман даврани одобга чорлаш
ниятинда бугун жума намозида имом хатибимизнинг амру маъруфини
гапурдим, аммо локин буларнинг бирортаси меҳмоннинг дилига зарра
ҳам ўтуришмади. Одоб билан турмоққа рухсат сўради. Ман боҳамро
чиқиб, хайр-хуш қилдим. Фикр қилдимки, эҳтимол бу одам ҳақдур ва
бизлар маънан бузулган, одоб чорчўпасидан чиққан
гуноҳкорлардурмиз. Шу боис қавушмоқ мушкул кечур.
Арадан якчанд ойлар ўтсада, ҳамкасблар ани бирор юмушга
таклиф қилмадилар, ёддан фаромуш қилдилар. Зеро миллатимиз
зиёлиларининг қисмати ҳам андаки, аксарида меҳр-оқибат оқсоқ,
анчагина худбиндурлар. Мани тақсирим бўлса рўзба рўз сиқилар,
озор тортарди.
Ва ҳамкасблардан умедини канда қилиб, хусусий натариус
идораси очмоққа жазм қилди.. Идорама-идора бисёр авора бўлуб,
рухсат олган маҳал ўша гўдаклигида норасидаги таъқиб қилган
шамшак қисмат бу жойга ҳам ҳозир бўлди. Яънеким, ҳукумат хусусий
нотариусларни ман қилди.
Магарам эътибор қаратган бўлсангиз, шўролар замонида бир хел
зиёлилар юз кўрсатдилар. Алар уруси фикр юритур, рўзғорда шу
забонда сухан қилур эрдилар. Якчандларининг заифалари ҳам
ғайридин бўлуб, балалари бизнинг забонни билмас эрди. Таассуфки,
бундоқ тоифаларга омад бот-бот дастпанжасини узотур ва алар
баланд лавозим-у амалларга осон эришур эрдилар.
Аслан, Фидел ҳам шу тоифага мансуб эрди. Локинда тафовут
бундаки, бу ғариб банда дунёга келган фурсатидан эътиборан қисмат
таъқибига рўбарў эрди.
Ман фикримнинг поёнига етмас эрдим. Хуш. Бу бандада не
гуноҳ? Ношуд ота-она уни дунёга келтурган ва шу заҳоти номардлик
ила бечорадан воз кечган. Бала етимхонада тарбия топган ва қисматга
қасдма-қасд кураш олиб борган, сабот бирла ўқуган, ишлаган,
ўйланган. Ҳалол хизмат қилган. Дунёга келиб, кўз очган заҳоти
ношуд ота-она воз кечган бандадан бугун жамиятнинг, боз аниқ
айтадурғон бўлсак ҳамкорлар-у, ҳамкасблар ҳам воз кечмоғи
бедодлик эмасму?! Таассуфларким, бул бегуноҳ банда табиатан ялғуз
эрди, дағе борлиқ чап қўлини узотди ва яккалик бағрига ҳавола этди.
Анга раҳмим келур, мадад кўрсатмоқ илинжида режалар тузур эрдим.
Шул арада ҳадисда ибратбахш гап ўқуб қолдим.
“ Дилида худони жо қилмаган ҳар қандоқ банда ялғузлик азобин
тортур”!
Илло, ботаъсир ва ҳақ гап! Ҳар бир банда Худони танимоғи зарур!
Бусиз анинг зиндагонлиги дўзахга айланмоғи муқарар! Яратганнинг
ўзигина бандасидан зинҳор ва зинҳор воз кечмаган, ани ялғузлик
азобига гирифтор этмагай!
Шул дақиқадан эътиборан ман ўзига вобаста бўлмаган ҳолда,
тириклик чорраҳаларида андак адашиб қолган бу мардакнинг дилига
нури мунавварни жо этмоққа камарбаста бўлдум.
Кун ўтуб, тилифон қилдим, Мария апа кўтарди. “Сингилжон,
дедим, ман тақсиримни бир жойга зиёратга элтур ниятиндаман,
бемалол бўлса, тайёр бўлсунлар.” “Борадур, деди заифаси, бу жойда
зиқ бўлуб, нима қилмоқни билмай ўтирибдур.” “Matiz”ни ўзум ҳайдаб
бордум. Тушуб, салом-алек қилдик ва эҳтиром ила эшик очдим. Бир
сухан демай ёнимга ўтурди. Тўғри Хўжа Аҳрори Вали
ҳазратларининг зиёратгоҳлари тамон ҳайдадим.
Ўзум бу азиз жойдаги мачитга ойига бир-экки бор намози жумани
ўқугани келадурман. Ва ҳар сафар каминани ботуний ва зоҳирий
салобат босадур, ҳаяжоним жўш урадур, эътиқодим чандон ошадур.
Ҳавлига кирмоғингиз бирла осмонранг гумбазлар, кошинкор
пештоқлар, якчанд асрни кўрган чинорлар ҳайратингизга ҳайрат
қўшадур. Бу жойдаги қадима мачит ҳам салобатнок бўлуб, устунлари
батамом ўймакорлик. Чапда Афғон подшосининг боқий хобгоҳи.( Бир
замонлар бу одам қабрини Хўжа аҳрори Вали ҳазратларининг
пойларига қўймоқларини васият қилган.) Бадазон ҳазратнинг ва хеш-
ақраболарининг қабрлари. Чан аср пеш тошга майда ҳарфлар ила
арабилаб, нақшинкор қилиб, бу зоти бобаракот хусусида батафсил
битганлар. Бу масканда табиат ҳам дигаргун. Мудом шаббода эсиб
турадур. Дарахтлар ва паррандаларнинг ҳисобига бормайдурсан.
Таассуф бирла муни кўрунгки, бародари азизимиз Фидел бир
чақирим қиблагоҳда ярим аср рўзгурзонлик қилиб, бу муқаддас жойга
қадамранжида этмаган экан. Шу боис ҳар қадамда пушмонлик қилар
ва ҳайрат-надомати ошар эрди. Мачит устунлари, чинорларни
қучоққа олар, тош ва кошинларга битилган гуллар ва хатларга
тикилмоқдан чарчамас, аларнинг мазмун-моҳиятини чақмоқ орзусида
бўлурди.
“Тақсир, дедим сиз тамошо қилиб турунг, ман экки ракат намоз
ўқуб чиқай.” Роҳба роҳ фикр қилдим, бу одамни аста секинлик бирла
намозхонлар сафига тортмоғим лозимдур.
Фарзи муслимни адо этиб чиқсам, ҳамроҳим ҳавуз бўйидаги
дўкончадан китоб хариб қилиб турган экан. “ “Султонларга
таъкидларим” деган мана бу китобчани Хўжа Аҳрори Валининг
ўзлари ёзган эканлар. Буниси ул зоти бобарокатнинг таржимаи
ҳоллари, ҳаётлари хусусида. Муни Ботурхон Валихўжаев битган
эканлар”, деди завқ бирла. Андаги мамнунлик каминага ҳам юқди ва
сарафрозлик ила ўйига элтиб қўйдум.
Кун ўтуб, оғойи Фидел манга сим қоқди. Бу анинг каминага илк
бор тилифон қилмоғи эрди. “Акои Калвак, деди, ман ҳазратнинг
китобларини ўқуб чиқдим. Бул таъкидлар бугунги султонларга ҳам
раво ва тааллуқлидур. Қулоқ тутинг: аларга нимани таъкид
киладурлар: ”Магар сан султон бўлган замонда бирор банда ноҳақ
жазо топса, қози эмас сан айбдорсан! Магар сан султон бўлган
замонда бирор заифани ғулом қилиб сотсалар, гуноҳи санинг
гарданингдадур!” Шу тариқа якчанд саҳифани шавқ-у-завқ бирла
берилиб ўқиди. Бадазон сўроқлар берди. “Не боис подшолар бу зотга
ин қадар бош эгканлар?” “Чунки, дедим, мардум энг аввало
подшогамас, ул муҳтарам зотга эргашган. Боиси: мартаба шу даража
ғани бўлган. Бундоқ алломалар подшоларга нисбат Яратганга анча
яқин турадурлар.” Шу тариқа якчанд дақиқа савол-жавоб қилдик.
Туни дароз уйқум келмади. Бир мўминнинг дилига сочган
доннинг ниш урмоғигап гувоҳ бўлмоқ бисёр мамнунлиқ эрди, албат.
Бу гал укахонимизни Исмоил ал Бухорий зиёратгоҳларига элтишни
дилга тугдим. Кун ўтуб, вақти шом боз тилифон қилди. “Ака, деди,
ман Хўжа Аҳрори Вали зиёратгоҳларига боз бир бор бориб келдим.
Бу гал ҳам муллони чорлаб, қабрлари қаршисида дуо ўқутдим. Ул
дўконда якчанд китоблар кўрган эдим. Аларни харид этдим. Надомат
бўлсунким, Хўжа Аҳрори вали тожикилаб ёзган эрканлар, тишим
ўтмай турубдур.” “Ўзбекига оғдарилганлари манда бор, мамнун этдим
ани, сизга етказурман”.
Исмоил Бухорий зиёратгоҳларига борар маҳалимиз, ўзини
каминага бисёр яқин тутди. Роҳ-бароҳ дилдан беғубор сўҳбатлар
қурдук. Анинг суханлари пурмазмун, ўзини тутмоғи ибратбахш
бўлуб, зукколик бирла хокисорлик жамулжам-у жобажо эрди. То
ҳатто фикр қилдимки, бу бандани мардумдан жудо қилиб турган
нарса айнан анинг ақли бисёрлигидур. Ваҳоланки, бундоқ инсонни
бор меҳр ила яхши кўрмаслик мумкин эмас эрди! “Тушумда акамни
кўрубман. Ани бисёр ахтариб, эмди топган маҳалим кучуклар галаси
пайдо бўлуб бизни ғажибдур...” деди бечора.
Рости гапки, ул кўрган туш дилимга ўтуришмади. Таъбири қандоқ
бўлди экан, деб ҳаёл ҳам сурдим. Эҳтимол, қайбирам масканда акаси,
укаси бордур, жигарини дараклаб юргандур. “Инсон зоти бир-
бирининг жигаридур,” дейдилар Саъдий ҳазратлари. Ростми ялғонми,
ул зоти бобаракотнинг уш бу суханлари Бирлашган Миллатлар
Ташкилоти идораси пештоқига ҳам ҳам битилган деюрлар. Зеро
инсоният Одам Ато ва Момо Ҳаво зурриётларидур. Мадомики, бул
хушфеъл, бегуноҳ одам каминани “Ака” деб зорланган экан, ул
манинг укам, жону жаҳонимдур.
Бул зиёратгоҳдан ҳам укамиз катта таассурот олди.
Кун ўтуб, майда чуйда харид қилиб, ўйига бордум. Эр-хотун
бисёр ҳам сарафроз бўлдилар. “Ака, деди ҳаяжон бирла ман Бухорий
ҳазратлари ҳадисларини ўқуб турибман. Ҳайратим бесарҳаддур.
Аммо сиздан дигар илтимосим бор. Каминага якчанд дуолар ёзиб
беринг, азиз жойларга борган маҳал, домло дараклаб авора
бўлмайин.”
Водариғ-о! Водариғ-о! Водариғ! Қисмат бешафқат бигизини нақ
юракни мўлжал қилмай суқса не қилур эрди?!
Пешин намозидан турган маҳалим эрди. Мария апа тилифон
қилди ва йиғлаб дедики:: “Акои Калвак, бозуд келинг, Фидел
Арабовичдан жудо бўлдук”. Рости гапки, дилу жигарим узулгандак
бўлди. Саросима бирла етиб борсам, эшик олдинда якчан кишилар
хомуш турубдилар. Ичкари кирдим, Мария апа елкамга бош қўйиб
йиғлади, ўзумнинг ҳам дийдаларим шашқатор бўлди. Аён ўлдики,
бародари азизим, Шоҳи Зинда зиёратига бориб, анинг зиналаридан
чопиб чиқибди ва ўша жойда йиқилиб, бандаликни бажо келтурибди.
Дилим ҳасрат-у, надоматга тўлуб кетди. Бу қандоқ қисмат, қандоқ
бедодлик?!
Мария апа дедики: “Акои Калвак, илтимос қиладурман, маракага
бош-қош бўлуб турунг, одами йўқ демасунлар. Фидел Арабович
одамларга кўп яхшиликлар қилган.” “Дедимки: “Ул манинг укам
эрди.”
Чиқиб маҳалла оқсақоли бирла қизиқдим. Тилифонда гапуриб
турган мардак тамон имладилар. “...Жўқ жўқ, боролмайман, давом
берарди у, биттаси ўлиб қопти. Ўрис амас, детдомский. Гузарга бир
тийинник пойдаси тиймас эди, аралашмасди ҳам. Ўзим бўмасам
бўмайди! Ҳали моргда. Одами жўқ!”
Оқсақолнинг бефаҳмона гапларидан қаҳрга миндим. Бу одам
даштдан кўчиб келганлиги, у жойда ферма мудир бўлғонлигини
айтдилар.
Ман билган аксар оқсақоллар борки, шуноқа калондимоғ! Бориси
мардум аларга бош эгиб, қалтираб турмоғини истайдурлар ва гўё
аларсиз ўлук кўмилмай қоладурғондай. Жаҳлимни жилавлаб, унинг
наздига бордим. “Тақсир, дедим одами жўқ деманг, ман укаси
бўладурман. Радной. Зарур юмушингиз бўлса, бормоғингиз мумкин”.
Пўсти ғасф экан, бефарасот, тўқумтабиатнинг, суханим таъсир ҳам
қилмади. Бадазон ўғулларимни чорладим, дедимки, бу жойда туруб
бел боғлайдурмиз. “Амакижоним”, деб, дилхунлик ила фарёд
чекасанлар. Маҳалладаги бародарларни ҳам чорладим, бирини
гўркобга, дағе бирини мурдашўга юбордим, ўзум кафанликларни
муҳайё қилдим. Моргдан ўлукни келтириб, вақти жанозани эълон
этдим.
Мария апа чорлаб дедики: “Харажотларни ўзум тўлайдурман”.
Дедимки, зарур бўлса айтарман, ҳозирча ўзумда бор.
Тобуткаш кам бўладурми деб хавотирим бор эрди, шукрки ундоқ
бўлмади. Идорасидан, маҳалладан, марҳумдан хубликлар кўрганлар,
инчунин таниш- билишлар келдилар. Бир сипо одам ( бад билсам
прокурор экан) мани чеккага чорлаб дедики, “Неки зарурат бўлса,
манга айтинг муҳайё этурман.” Анга қуллуқ қилдим, тавозе намоён
этдим. Жаноза ўқур маҳали, домулло марҳумнинг қавмини сўрамоғи
бирла Найимбек анга наздик бўлди ва таомилга озор бермай,
каллажуммонлик қилиб турди. Тобутни кўтармоқлари бирла
пешкашлик қилиб, авоз бериб йўлга тушдук.
“Гўрга ким кирадур, деди у жойдан туфроққа ботиб чиққан
гўркоб. “Ман, кирурман, жавоб бердим ва чаққонлик бирла пастга
тушдум. Бадазон лаҳатга кириб, марҳумни беозор тиззамга олдим,
бошини қибла тамонга қўйуб, бош ва аёқ тамондаги белбоғларни
чечдим. Боре юмушларни рисоладагидак уддалаб, лаҳатдан гўрнинг
айвонига чиқдим-у, ўпкам тўлуб кетди. Жаме алам-у, ситамлар
жамул-жам ва сарбасар бўлуб, вужудим ва руҳимни мавҳ этган эрди.
Ногоҳ ақлу вужудимни идора этолмай, фалаж бир ҳолатда қабр
деворига такя қилиб қолдим.
Шаккоклигимни ўзи кечирган бўлсин, ҳазорон ва ҳазорон тавба,
тазарру қиладурман. Локинда бу беайб ва зукко инсонни дунёга
келтурган ота-она ҳам, ҳамзамин-у, ҳамзамонлар ҳам андин воз
кечган маҳал, охирги нажот деб, Парвардигор тамон югурса-ю, Аллоҳ
ҳам анга ўнг қўлини узотмай, Азроилни юборса, бу беҳисоб бедодлик,
адолатсизлик эмасму ахир?!
Нима боис бундоқ бўлиши керак, нимага, нима учун?! Кемаси
ногоҳ ғарқоб бўлган ёхуд ботқоққа буғзи қадар ботган бандадай жаме
умедларим барбод ўлуб, бу дунёйи бебақодан кўз юмгим келди. Бор
авозимни қўйиб фарёд чекмоққа киришдим.”Во, жигаре-ем! Во
жигаре-ем! Во жигаре-ем!” Ака-ука эмди топишганимиз маҳал
кучуклар ғажимай турса нима бўлур эрди?! Во жигаре-ем! Во жигаре-
ем!”
Бу забун ва бисёр тушкун ҳолимдин юқори турган ўғлимиз
Найимбек қўрқуб кетди чамаси, “Дада, дада” деб чорлади ва чаққон
ёнимга тушди. Бад қўлтуғимдан олиб кўтарди. Баланддагилар
дастпанжаларимдан тутуб тортдилар. Вужудим бўшашиб кетган,
фалажланган эрди ва бо ин сабаб тупроқ устида ўтуриб фарёд тортар
эрдим: “Во жигаре-ем! Во жигаре-ем! Во жигаре-ем!”
Тупроқни тортиб бўлдилар. Қайтар маҳал экки ўғлум экки
тамонимга кириб, қўлтуғимдан такягоҳлик этдилар, хавотир ила
шакаргуфторликлар қилдилар. Ўлукхонага етар маҳали Найимбекка
савол айладим. “ Гўркоб бирла муллони рози қидингми?” “Рози
қилдим, дадажон,” ҳозижавоблик қилди ўғлимиз.
Эртаси ҳам вақти саҳар ўғуллар бирла қабр бошига бордик, дуойи
фотиҳа қилдик ва то вақти шом бел боғлаб, ташриф этганларга таъзим
бажо этиб турдук.
Бегоҳи се ҳалққа ош бердик, йигирма, қирқига ҳам ўзум сару-бар
бўлдум. Бу арада Найимбек мошини бирла Мария апанинг
юмушларини уддалаб турди.
Бул дилсияҳликлардан тахмин экки ойлар ўтуб, Мария апа
Найимбек эккимизни чорлади. Дастархон ёйди, эҳтиромлар намоён
этди. Фикр қилдимки, зарур сухани бор. Қисса кўтоҳ, кўзга ёш олиб
дедики: “ Ман эмди кетурман. Қазоқда бир апам рўзгурзонлик қилур
эрди. Ул жойдан Гирмонга кўчди. Эмди мани жону ҳолимга қўймай
таклиф этур.Ўша жойга кетурман. Бу ўйда Фиделсиз зиндагонлик
қилмоғим мушкул. Ўйни сотурман. Дачани Найимжонга савғо
қилурман. Боиси: катта харажот қилдиларинг.”
Бундоқ гап-у, рафтордан умедвор бўлмаган эрдик. Ва магарам,
Шўро бобо боғидан ер олмоқ якчанд саналик орзуйи муддаомиз бўлса
ҳамки, дафъатан шод бўлмадик. Боиси, бу бизнинг Фидел боис
тортган жамеки ғусса-ю, мусибатларимиз, харажотларимиз сабаб
берилган бамисли ҳақ эрдики, камина ҳам, ўғлимиз Найимбек ҳам
бундоқ манфаатни фикрламаган эрдик. Нима демоқни билмай, сукут
тутдук.
“Боз пича пул қолдирурман, давом берди заифа. Вақти келиб
ошсол қилурсизлар, қабрига тош қўюрсизлар” “Апажон, қаҳримизни
келтурманг, деди ўғлимиз зорланиб. Шунчасини қилдик, буяғини ҳам
уддалармиз. У киши жигаргўшамиз эрди! Сиздан копейка ҳам
олмайдурмиз! Бу – бир, эккинчидан, биз дача учун ҳақ тўлайдурмиз.
Баракс, даркори йўқ!” “Хай майли, концода-концо, общий язык
топармиз”, деб мунозарага чек қўйди Мария апа вазминлик ила..
Арадан якчанд сана ўтуб, вақти саратон бутун рўзғоримиз
вакзалга чиқдик ва қавмимизга айланиб қолган, бисёр саховатпеша,
доно бу заифани шашқатор дийдалар бирла кузотиб қўйдук.
Илоҳо, Худо ани ўз паноҳида асраган бўлсун!

НОМА № 10

Қизимиз Сухайло мактабни тамом қилди ва рўзғор бошига ани
дағе ўқутмоқ ташвиши бор эрди. Ўтуруб машварат қилдук. “Иссиқ
жонни иситмаси бор, ҳаммадан пеш сухан бошлади, завжамиз,
ўзумни ҳам бот-бот иссиғим ошадур, биқиним оғрийдур. Умед қилур
эрдимки, ўйда бир духтур бўлса, дори берса, укол қилса.”
“Медкаллежга киритмоқ бир ярим минг доллар турадур”, деди анга
жавобан Найимбек. “Ваҳима этмоқни бисёр хуш кўрадурсан”, эътироз
қилдим гапига. “Ҳа энди билурманда. Сали гузашта бир минг экки юз
эрди. Бу йил андак ошадур. Хотиримда турубдур, бултур шу маҳал
даштдан келган бир амак мошинимга миниб, медтехникомга элт,
деди. Анинг дарвозасидан кирмоғимиз баробари, экки-уч чаққон
шитоб бирла юриб келдилар. “Амак, нима хизмат бор, нима хизмат”,
савол айладилар алар.” “Қизни ўқутмоқ...”, деди амак хавотир бирла.
“Мадад кўрсатурмиз”, “Хизмат қиладурмиз”, дедилар алар сухан
талошиб. Ҳожатбарорларнинг бири бирла савдо қилдук ва минг
долларга тўхтадук. Ул корчаллон бирла шинос бўлуб қолганман.
Кўча-кўйда бот-бот саломлашиб турурмиз. Ўзи майда амалдор –
дегани рост бўлса, сардорнинг муовуни бўлиб ишлайдур.”
“Манга қара, дедим зарда бирла, ҳар бир банда арқасига бир
чекист қўюлган, деюрсан. Нима боис ўша чекистлар ул
ҳаромхўрларнинг ҳиқилдоғидан тутмайдур.” “Алар боре
ҳамтабоқдурлар”, жавоб берди найнавимиз.” Ҳа эмди нима ҳам
деюрмиз. Ҳамма ҳам ўз қаричи бирла ўлчак-чинак қиладур.
Масалага равшанлик киритмоқ умеди бирла ул илмгоҳ сори
равона бўлдум. Халойиқ бисёр ва нечундир дилтанг эрди. Папка
тутган қизлар, волидалар, муаллимлар... Аллоҳу аълам, алар
кимларнидур нафрат ва ҳақорат қилур эрдилар. Боиси: бу жойга
фақат экки кун ҳужжат олибдурлар ва фармойиш бўлибдурки, эмди
тўхтатсунлар, токи балалар башқа каллежларга ҳам борсунлар, дигар
ҳунарларни ҳам ўргансунлар.
Ўзумнинг ҳам кайфим андак тароқ бўлди. Бунча бандани офтоб
тиғига жизғанак қилмоқ, иншооллоҳ, гуноҳи азим деб фикр қилдим.
Кетар маҳал бу жойда ногоҳ, Жонсарак биргадни кўрдум. Қизини
ўқутмоқ илинжи бирла бир бедавога кўкидан чўзиб қўйган эрсада, то
ҳануз дакументларни супориш қилмабдурлар.
Машойихлар демишларким, ноумед – шайтон. Саҳарликни ўқуб,
Сухайло, Найимбек уччав боз ўша тамон равона бўлдук. Ота-оналар,
муаллимлар ҳамда папка кўтарган қизлар экки ҳисса кўп эрдилар. Гап
юрур эрдики, бугун соат тўққуздан бошлаб дакумент олур эмишар.
Илло рост экан, бир жойда қабул қилмоқни бошладилар. Лек кўп
ўтмай тўпаланг, шавқун кўпди, бор мардум ўша дарча тамон от солди.
Заифа иддао ва қаҳр бирла эшикни ёпди ва чиқиб кетди. Шу маҳал
Найимбек бир мардак бирла боҳамро пайдо бўлди ва ўғлимиз
каминага ўқдурдики, ўша деган шиноси бутурур ва илло миёнаравлик
қилиб, мадад кўрсатур. Панага ўтуб гуфтигў қилдук. Ул мардак аввол
қизимизнинг шаҳодатномасини бисёр диққат қилиб кўрди ва боре
баҳолар “аъло” бўлғонлигидан сарафрозлик намоён қилди. Муддаога
ўтдук. Деди: ” Бу йил бисёр мушкул кечур. Ҳар сол мингдан зиёд
талаба олур эрдик, эмди уч юзтага рухсат бўлди. Алар ҳам тест бирла
кирурлар. Баҳони Тошкан қўюр. Локинда ман койиш қилурман, зора
имкон пайдо бўлса. Бадаз қабул минг доллар берурсизлар,” деди.
Мундан якчанд ой пеш Мария апамизга бермоқ умеди бирла
Янгиариқдаги ерни уч минг долларга сотган эрдик. Аммо апамиз
пулни олмоққа зарра хоҳиш этмади. Локинда зору-тавалло бирла
ярмини тутқаздик. Бир ярим минг долларга томни ёпмоқ ёхуд янги
инкубатор олмоқ илинжи бирла хотунга бериб қўйган эрдим. Том
билан инкубатор қочиб кетмас, қиз ўқусун, деб рози бўлдум.
Бадаз рози ризолик ул мардак Сухайлонинг папкасини олиб
кетди. Интиқ ва дилтанг бўлуб ўтурдук. Тахмин экки соатлардан
ўтуб, пайдо бўлди. Дедики: “Ул жойда бегона мардак ҳозирдур.
Эҳтимол эсенбедан бўлса. Бо ин боис, сизлар кетаверинглар ман
имкон топиб топширурман.
Боз саҳармардон пайдо бўлдук. Ул миёнарав сар хам қилиб
дедики, : ”Мани тушунунглар ва авф этинглар, илож бўлмади. Бугун,
албат ҳужжат қабул қилурлар, ўзларинг уннаб кўрунглар. Топшурса
ва насиб ўлса, имтиҳонга кўмак кўрсатурман.
Шундоқ қилиб, то туш маҳали офтоб тагида тик турдук. Ҳар
замон шақилдоқ заифа пайдо бўлуб, қўлидаги қоғозга қараб, бир-экки
талабгорнинг исм-шарифини тилга олар ва аларнинг ҳужжатларини
олиб жўнар эрди. Бу эркатойлар амалдорларга ё катта ақча чўзган
худобехабарларга тегиш эканлигини фаҳм қилиб, ноҳақликдан
қаҳримиз баттар зиёда бўлур эрди. Худо қисган бу манзилда на бирор
дарахт ёинки ўтурадургон жой, ичадурғон сув йўқ эрди, то ҳаттоки
ҳожатхона эшигига ҳам қулф эрдилар, нокаслар! Оломоннинг қаҳру
ғазаби жўш урар ва бу кўргуликка қайси падарлаънат сабаблигини
билмоқ душвор кечурди. Мардаклар аллакимларни сукмоқдан,
заифалар эса қарғамоқдан тин олмас эрдилар.
Пешин маҳали эрди. Жони ҳалқумига келган бир мардак
баландроқ жойга чиқиб, дарғазаб аламонга деди. “Биродарлар! Токай
бундоқ азоблар, ҳақсизликка бардош берурмиз?! Жам бўлуб
юрунглар, юқорига борурмиз! Адолат ва ҳақиқат талаб қилурмиз!”
Одамлар якчанд дақиқа сукут тутдилар, бадазон якдил бўлуб авоз
кўтардилар. “Давай! Давай! Кетдук!”
Жам бўлиб ва шавқун авоз бериб катта кўчага чиқдук ва аввол
йўлни тўсдук. Экки тамондаги мошинлар авоз берар, шофирлар
бақирар эрди. Қўлимиздан иш келганини кўруб, бу жойда бир лаҳза
мамнун тин олдук. Ва боримиз кўзимиз тўрт бўлиб, ҳолиги
сардорнинг ногаҳоний даъватига интизор бўлдук. Шу маҳал якчанд
ҳарбий мошинлар бошитоб келиб тўхтади, алардан бетига ниқоб
кийган, қўлига резин қамчи тутган, ( алар дубинка деюрлар) савутдор
аскарлар тушуб, бизни ҳалқа қилиб ўрадилар. Пажарний мошинлар
ҳам авоз бериб ҳозир бўлдилар.
Тилвизорда худди шундоқ либос кийган кўппак миршаблар
одамларни уриб, судраганларини, алав ўчурадургон мошинлар халққа
сув сепганини кўрган эрдим. Дилимда ваҳм ўйғонди. Сухайлонинг
кўз ўнгида каминани дўппосласалар, қизим қўрқуб кетишини фикр
қилдим. “Манга қара, дедим анга, қари шумтол дарахти тагига элтиб,
сан бу жойдан кетмай тур, ман келадурман.” “Дадажон кетманг, улар
сизни урадурлар”, деди зорланиб. “Онажон, қўрқма, алар мани
урмайдурлар, о, ман нима гуноҳ қилдим?” Бадазон яккакифт бўлуб,
пеш қаторга ўтдум. Бул жойда бир заифа авоз кўтариб, амалдорларни
лаънат қилур эрди. “Бу нима бедодлик? Қирқ йил муаллима бўлдум!
Шуми эришганим? Хор қилдилар, каззоблар! Инсон баласига қулоқ
тутмайдургон, қулоқ тутмоқни истамайдургон...”
Ногоҳ миршаблардан бири заифага хезланиб, унинг гапини бўлди.
Қаҳру-ғазабим ҳалқумимга келди: магарам муаллимани урса,
ифлоснинг бошини ёрадурман, деб тош охтардим. Қўлумга офтобда
қизиб кетган асфалт парчаси илинди. Яқин бормоғим билан ҳолиги
муаллима зарра тап тортмай, миршабга рўбарў бўлди: ”Ур! Ур! деди,
ман сани онанг бўламан, кўрнамак, ур!” Ғала-ғавур авжга чиққан
маҳал, якчанд, сипо мардаклар юз кўрсатдилар. Алардан бири
аскарларнинг мошинига миниб, карнай бирла гап бошлади:
“Муҳтарам, азиз биродарлар!.. “
Мана, эмди муҳтарам-у азиз бўлуб қолдикму, фикр қилур эрдим.
Во сани сигирнинг елинига ўхшаган башарангга аёғим! Офтобда
жизғанак қилдинг-ку, хуноса! ”Тартиб сақланглар, давом берарди ул
фосиқ, андак тушунмавчилик бўлганга ўхшайдур. Ҳужжат олмоқ
бошланди, Тўрт жойда! Бугун ҳамма топширадур, бирор кимса
қолмайдур! Тез бўлунглар, арқага қайтинглар!!”
Фикр қилур эрдимки, исёнкор бандаларга, ҳарқандой шароитда
ҳам ақли зукко саркардалар даркор. Боиси, бу тўдани бошқармоқнинг
масъулияти чексиз. Ғазабга минган аламон душман излайдур ва
аларга бу кўргуликларга фалон миллат ёки ана у дўкончилар ё дигар
деб хитоб қилинса бас, ўшанга ташланадурлар! Таассуфки, бизнинг
миллат қўлига ялав эмас, тош олмоқни мақбул биладур ва бу анинг
қосирлигидур! Бу иллат ҳали бисёр сана анинг халқ бўлиб
шаклланмоғига монелик қилмоғи муқаррар! Аслида, қаҳрига соҳиб,
ҳамма нарсага соҳибдур!
Магарам қаҳр-ғазаблари чандон зиёд бўлса ҳамки, халойиқ аста-
секинлик бирла арқага қайтди ва боримиз экки соат ичида урунмай-
сурунмай, жаъме қоғозларни топшурдик.
Шоирнинг: “Халқ денгиздур, халқ тўлқиндур, халқ кучдур”деган
шеъри, дағе дигарининг “Кишан кийма, бўйун эгма, ки сан ҳам ҳур
туғилғонсан”, деган исёнкор гапи ёдимга тушди ва қадимги қалам
аҳлининг шердиллигига тасаннолар дедим. Бугун ана шу тоифадаги
шерюрак шоирлар – анқонинг уруғидай гап. Зеро Беҳбудий
ҳазратлари дейдиларки: “Ҳақ берилмайдур, у олинадур.” Биз
ҳақимизни олмоққа эришганимиздан сарафроз бўлдук. Амалдорлар
раиятнинг ана шу андак бош кўтармоғимиздан ваҳмга тушганлари,
магарам бу гап Тошканга етиб борса, шўрликлар курсисидан жудо
бўлмоғи муқаррарлиги боис, не бўлса ҳамки, мардумни хотиржам
қилмоқлари зарур эрди.
Қисса кўтоҳ, боз ҳолиги миёнарав мардак пайдо бўлди ва дедики,
“Эмди имкон бўладур ва кўмак кўрсатурман. Фақат ақчани аввол
қўлга киритмоғим зарур, токи масъулларнинг тамоғини ҳўллайин”.
Чаҳоршанба ўтуб, рўзи пайшанба минг бир андеша бирла беш юз
доллар келтириб тутқардим: Дедимки: “Укажон, бақиясини бадаз
қабул олурсиз. Бизда лафз битта, намозхонмиз”.
Камина аввол якчанд тахмин-у хавотирлар бирла, хусусан қиз
баланинг одоби доирадан чиқмоғидан чўчуб, Сухайлога қўл
тилифонидан фойдаланмоққа монелик қилган эрдим. Бо ин боис
андин фойдаланмас эрди. Бу ҳолдан Найимбекнинг шиноси андак
ранж топби. Дедики: “Бо зуд тилифон олиб беринглар, имтиҳон
маҳали ул воситасида мулоқот қилурмиз ва жаме сўроқларга жавоб
қайтарурмиз.”
Шундоқ йўл тутдук. Ҳафта ичи ул миёнарав қизимизга
тилифондан фойдаланмоқнинг якчанд йўлларини уқдурди. Аммо-
локин имтиҳон куни назоратчи занак қизимизнинг тилифонини
тортиб олибдур ва бечора Сухайломиз ночор қолиб, боре сўроқларга
калласидан чиқориб жавоб берибдур. Бу ҳолдан бисёр ранж-у
пушмонлиқ топдук. Буни қарангки, дағе экки ҳафта ўтуб, ани қабул
бўлғони аён ўлди. Хонадонда ид бўлиб кетди. Бечора Жамила
сарафрозликдан бисёр йиғлади ҳам. Бадазон ҳолиги миёнаравни
кўруб дедимки, “Жўра, эмди ақчани қайтарурсиз, қизим ўз қуввати
бирла кирди. Камина аёлмандман ва пулни бисёр азоб бирла пайдо
қилурман.” Ул нокас баланд келиб дедики: “Бу даргоҳга бирор кимса
ўз кучи бирла киролмайдур. Ман мадад кўрсатдим ва ул қабул
бўлди”. Жаҳлим чиқди, дедимки: “Бародари азиз, ман шаҳар кўрган
эчкиман. Яъни як чанд муддат Московда хизмат қилганман. Пасту
баланднинг фаҳмига етурман. Сиз мададингизни исбот қилинг,
ақчанинг қолганини ҳам тутқазмаган номард!” Машмаша авжига
чиқди, андак авоз кўтармоғим бирла ноилож дедики: “Рўзи
чаҳоршанба келинг, амонатингизни қайтарурман.” Чаҳоршанба катта-
кичик амалдорлардан бирови ҳам пайдо бўлмади. Аён ўлдики, алар
Тошкант кетибдурлар. Юздан зиёд кишидан сармояни олиб қўйган
нафси ўпқонлар, янги ўрун олмоқ илинжи бирла пулни белга боғлаб,
вазирлик тамон йўл олган эканлар.
Ҳафталар ўтса ҳамки на бошлуқ ва на анинг муовун-у, шотирлари
қароларини намоён қилмас эрдилар. Пул чўзиб, ноумед бўлуб қолган
юздан зиёд ота-она аларга интизор эрдилар. Алар арасида ақчаларини
аллақандоқ фиребгарга тутқозиб, чув тушган давдирлар ҳам муҳайё
эрди.
Тахмин ўн кунлар ўтуб, ҳолиги муттаҳамни ҳавлида кўруб
қолдим ва тариқча андеша қилмай, қаҳр бирла гирибонидан тутдум.
“Пулни чўз, онағар!”дедим. У шарманда бўлмоқдин бисёр қурқуб,
атрофга хавотир бирла боқди ва ўша заҳоти киссасидан амонатимни
чиқориб берди. Пулни санар маҳалим нечундур вазирни ҳақорат
қилди. Фикри ожизимча, янги вазир бу ҳаромхўрларга имкор
бермаган кўринадур. “Амак, деди хайр-хуш қилмоқ олдидан,
бўйинбоғини эбга келтирур экан, ким айтадур сизни намозхон деб,
одамлар арасида бировнинг гирибонидан тутуш, уни ҳақорат қилиш
уволку! Дўзах азобидан қўрқмайсизму? “ Кечиринг, дедим, мандан
ўтди, бадфеллик қилдим”. “Ҳай, ҳай, ҳай,” деди жавобан надомат
бирла.
Мурод муаллимнинг чойхонасига борганимда, бу воқеликни баён
этган эрдим, алар роса баҳс-у мунозара қилдилар.
“Тест имтиҳони фақат экки-уч йил ишлади, деди Жамил домло,-
ўшанда адолат юз кўрсатди-ю, билимли балалар ўқушга кирдилар.
Бора-бора қаллоблар, каззоб-у корчаллонлар тестнинг амонат
жойлари, тешукларини топдилар ва ани доллар топадурғон
хазинабонга айлантурдилар. Ўзум ишлайдурғон институтда дастлаб
билимли балаларнинг бари кирар эрди. Йил ўтуб ўндан тўққуз, сўғун
саккиз, еттиси кирадурғон бўлганди. Аниқ биладурман, ҳозир
билимли толиби илмларнинг ўндан бири кирадур, башқаси доллар
чўзмоққа мажбур.” “Айтингчи, анинг сўзини бўлди, Мурод муаллим
Шўролар замони қишлоқдан келган каллали талаба, ҳарҳолда ўқишга
кираолур эрди. Мана, ўзум ҳам бир тин чўзмай қабул бўлганман.
Ҳозирчи?” “Ҳозир киролмайдур, андак ишонч билан жавоб берди
домло, биринчидан институтга кирадурғонлар бир-икки йил
репетитордан таълим олмоғи зарур. Қишлоқда унақа репетиторлар
бўлмайдур. Юрфак, экономфак, стомфак киби факулталарга ҳар
қандоқ репетиторда таълим олганлар ҳам киролмайдур. Талаб, яъне
конкурс катта.” “Демакки, биз арқага кетибмизда” савол бердилар.
“Шўролар даври маориф системаси мустаҳкам сиёсий пойдевор
устида эрди. Ибрат олса арзирди. Узоқ қишлоқларда янги мактаблар
қурилди ва Уруссиядан ёш рус , татар қизлар балаларга таълим
бермоқ учун келур эрди. Алар шўролар сиёсати бирла жадид бир
маърифат, маданият ҳам келтурдилар. Шу боис ўрис забонини
ўргандик ва жаҳонга чиқдук”. “Давом этаверинглар, калтабин,
шўрпешона шўропарастлар” киноя қилди Самандар.
“Ҳозир олий мактабларда жиноий гуруҳлар реша отган, давом
берди Мурод муаллим. Булар арасинда ҳуқуқни ҳимоя
қиладурғонлар, домлолар, катта амалдорлар муҳайё. Ҳар бир гуруҳда
тахмин ўн-ўн ҳамтабақ жам бўлган. Алар аввол имтиҳон жавобларини
Тошкантдан келтириб, сотар эрдилар. Ҳозир бунга имкон йўқ: дарча
беркилди. Эмдиликда бу кимсалар ҳар талабанинг ота-онасидан
саккиз-ўн минг доллар оладурлар. Кирувчини қўл тилифони бирла
таъмин этиб, роса машқ қиладурлар. Саволларни суратини олиб
жўнатмоқ ёхуд тилифонда мулоқот қилмоқ йўлларини обдон
ўргатадурлар. Аларда любой имтиҳонга кириб-чиқмоқ учун
рухсатнома бор. Зарур бўлса, тап тортмай, тайёр жавобни киритиб
берурлар. Гуруҳ энг билимдон домлолорни ёллайдурлар ва алар боре
саволларга жавоб тайёрлайдурлар. Бундан бағарз ҳам якчанд йўллари
бир. Аз ин жумла, назорат қиладурғон кишининг кўзини шамғалат
қилиб ёки тамоғини ёғлаб, бесавод, лакалав бала ўрнига билимдонни
киритиш ҳам осон кечадур.Бу йил ана шу корчаллонлар тўдаси ҳар
бир олийгоҳга қирқ-эллик кишини жойладилар. Албат, ректор, масъул
котиб ҳам беш ўндан кишини ўқушга жойлайдурлар. Жилла жой
кўйдурмоқ ҳисобига, кўкидан саккиз-ўн минг келиб турса, андин юз
ўгирмоқ нодонлик бўлур эрди. Ҳокимиятдан, вазирликдан, манфатдор
идоралардан ҳам тилифонлар бўладур, боиси, аларнинг ҳам қавмлари
бор. Шу билан берилган ўрун тўлуб, иқтидорли талаба арқага
қайтмоққа мажбур бўладур. Буларнинг бори эмдиликда тест
имтиҳони яроқсиз бўлиб қолгонидан далолатдур.”
“Ҳой, шаҳар бедарвозами?, жим ўтурмади Самандар,- Бу жойга
ўтуруб фол очмоқ чикора. Олийгоҳларга эсенбенинг якчанд одамлари
юрадур. Алар зинҳор ва зинҳор бундоқ расволикка йўл қўймаслар.
Ҳукумат...” “Фол очмадим, жияним ҳужжат топширган эрди,
арқасидан бориб, кўзум бирла кўрдум, деди Мурод муаллим. Пул
бериб, ани ололмай юрганлар қанча. Туппа-тузук зиёлилар пора
олмоқ ва бермоқдан ор этмайдурғон бўлдилар. Мани ўзумдан Алишер
Навоийнинг ахлоқ-одоб борасидаги китобларидан дарс берадурғон
жувон, саксонга кирган бир профессор пора таъма қилдилар ва бу
ҳолдин бисёр дилтанг бўлдим. Уёт деган нарсани йўқолиши охир-
оқибат қимматга тушадур.”
“Аслида пул чўзмоқ ҳам жиноят ва борига ана шу пора
берувчилар айбдордурлар, деди Самандар. Энг аввол аларни
жазоламоқ лозим. Мана сиз намозхон одам, каминага юзланди
Самандар ногоҳ, қизингиз ўз иқтидори бирла кирадурғон экан, нечун
ақча чўздингиз. Бундоқ йўл тутмоқ увол-ку”?
Жавобан бир нимарса деёлмадим. Боиси – ул ҳақ эрди. Давра аҳли
тарафкашлик қиладур, деган умедда эрдим, локинда алар ҳам
кўндаланг қўйилган сўроққа жавоб бермоқдан ожиз қолдилар.
Эҳтимолки, бу борада адолат ва ҳақиқатга ишончимиз сўнгани боис,
пул чўзмоққа мойил бўлуб қолгандурмиз, фикр юрутдим ўзумча.
“Ким нима деса десун, билими бор талаба ҳозир ҳам кирадур.
Мана бу кишининг қизи кирибди-ку!”деди Самандар бўш келмасдан.
“Баҳс этмоқ чикора, сукут қилмади Жамил домло, ҳар як ўқув
даргоҳидан грант билан кирган ўнтадан балани олиб, адолатпеша
комиссия қайта имтиҳон қилсун - масалага равшанлик кирадур. Юз
фоиз ишониб айтурманки, аларнинг ўндан бир ёки эккиси ва ул ҳам
фақат шартнома билан ўқушга илинмоғи мумкин. Бу гапларни
“Фергана РУ”да ёзишди, “Би-би-си”да ҳам айтишди. Ҳарҳолда,
Самарқандда айни замон аҳвол шу тариқадур! Ман бунга
комилдурман!”
Самандар андак жаҳл билан авоз кўтарди: ”Санлар хориждаги
дилсияҳ, ғирром сиёсатчиларнинг тўрига тушган лаққа балиқсанлар!”
Андак сукутдан кейин Мурод муаллим фикр айтди: “Жаҳлга миниб,
авозингни кўтараябсан, демак сан ноҳақсан”!
Давра баҳсу-мунозарага барҳам бермоқни лозим деб билди.


Комментариев нет:

Отправить комментарий