НОМА
№ 3
Пайшанба бирла жума ўтди. Аввал худога
шукроналар ўқуб, бундоқ фароғатдан бенасиб қилмагайсан, ямон ҳамроҳ, ҳамхона офати
жондур, андин ўзинг сақла, дедим, аммо билурсизларким, бандаси беқаноатдур,
ношукурдир. Уч шаби рўз кечган эрди зиқ бўлдим, дилим косаси ҳасратга тўлди.
Тағин тангрига илтижо этдим: «Москов шаҳринда забони узилган гунгга, қулоғи
қирқилган карга айлантириб қўйма. Ғариблик бирла мусофирлик азоби устихондан ўтди.
Бир сўфитабиат ҳамроҳ юборким, ул мўмин бирла адолат, диёнат ва охират ҳақинда
суҳбатлар қурайлик». Иншооллоҳ, оҳу- зорим осмону фалакка етди чоғи, эшик
нозиктаъблик бирла тақиллади. Бирор заифа келдиму, номаҳрамлик бўлмасун деб, яктагимни
елкамга олдим. Магар заифа бўлса, қандоқ муомила қилурман, деб андишаларга
бордим, то ҳаттоки шайтони лайн каминани ножоиз йўлларга бошламоқ пайида ҳам
бўлди, лек гуноҳга юз ўгурмасликка қарор айлаб эшик очдим. Остонада денглар,
эмди қиличдай хушқомат бир йигит турур эрди. Эҳтиром сақлаб: «Ассалому алайкум,
устози муҳтарам», деди. Ўзга осмон тагинда она каломни эшитмоқ – бисёр
ҳузурбахш ҳамда серҳаловат эрди; дилим завқ олиб, қарочуғимда ёш айланди.
«Ваалайкум ассалом!» дедим фақир ҳам қироат бирла. Ногаҳоний шогирд қучоқ очиб,
каминани бағрига босди. Дедики: «Сиз муҳтарам зотни фалон йилдан бери билурман
ва эҳтиромим бисёрдур. Зеро, сизни кўрмоқликдан сарбаланд-у сарафроздурман!»
Бисёр ва боз бисёр мамнунлик топдим.
Ана дейман заковат; боз тағи орифлик бирла
маъруфлик! Анинг ўзи бисёр эмин, суханронлиги шоҳиста эрди. Мисоли юз йиллик қадрдондек
апоқ-чапоқ бўлдик. «Мани Шарқий деюрлар, давом берди шогирдим, заковатпешалик
бирла, тўлуғ номим – Шарқий ибн Ота Араб Бухорий». «Бундоқ бўлса, асли Бухорои
шарифдандурсиз?», савол айладим. «Бале, деди, зукко ва аълофаҳм устозларнинг садағаси
кетсанг арзир».
Гапдан гап чиқиб, шу нарсалар аён бўлдики,
(магар деганлари чин бўлса) падари бузруквори араб, модари муҳтарамайин тожик,
ўзи бўлса ўзбек экан. Тағи дедики; «Етти тилни билурман, уч забонда шеър
битурман». Бир маҳал денглар, Қуръони шарифдан шундоқ сураъ қироат қилдики,
тукларимга жон кирди. Ҳай, ҳай, дедим сани тарбия қилгоннинг падарига раҳмат!
Бухорои шарифда ҳам, Тошкану Московда ҳам уйи бор эмиш. Ўзи олими бозарба,
шоири зукко (гапини шеър қилиб айтади) экан. «Эй шогирди камолрас, дедим, андак
андеша тутиб, магарким уй учта бўлса, хотун ҳам...» «Эй устози пурҳавас, деди
бош эгиб, бир қошуқ қонимдан кечинг, эмди, вақтида шундоқ гуноҳ қилганмиз».
Фатво бердимки, бу шариатда раводур, хижолат тортмоқ чикора?! Гуфтигўйимиз
авжига чиқди. Аён бўлдиким, казо-казо зотлар ва пешволар бирла ҳамнишин-у
ҳамроз бўлган экан. Жайхун бирла Сайхун аролиғинда ани билмайдурғон киши
чиқмоғи амри маҳол эмиш. Шарқий фақат ўзини улуғламай бот-бот каминани ҳам
сифатлар, ҳамду сано ўқурди. Бу ҳолдан сарафроз ўлмоқни ҳам, ҳижолат чекмоқни
ҳам билмасдим. Ҳа, тиллотабиатэрди бу одам. Чунони бамисли Искандар хуррак
тортмас, шаробни оғзига олмас; Дерсу Узаладек сержоғ-у бефаҳм эмасди. Гапини
етти ўлчаб гапирар, иззат-одобни жойига қўйиб қўюр эрди.
Устозу шогирд то нисфишаб суҳбат қурдик. Бевафо
умрнинг бебақо ташвишлари, пул топмоқ, рўзғор тебратмоқ хусусинда ҳасрату надоматлар
бўлди. Шарқий– Саъдий, Ҳофиздан байтлар, рубоийлар ўқуб, нопок амалдорларга
нафрат ўқирди. Аён бўлдиким, ҳақиқатгўйлиги боис, бисёр мусибатлар чеккан экан.
Зукколик ила миллат хусусинда жонсўзликлар қилар, ғайридинларга нописандлик кўрсатарди.
Нопок эркаклар, қаллоб шогирдлардан андоқ нафратландики, ҳадди йўқ.
Эртаси бади пешин кулбамга ихтиёр этсам, шогирд
шеър бирла пешвоз чиқди.
Эй устоди меҳрдор, Шарқий сизга интизор!
Дедимки: «Зукко ҳамда ҳозиржавоб шогирднинг
садағаси кетсанг.
Бундоқ жаннати одам бирла ҳамхонаю ҳамсуҳбат
бўлмоқ...» у суханимни кесиб, давом берди: «... савобларга тўлмоқ». Зуд ўтмай,
ул садоқатманд шогирд чой келтурди ва камина ҳаловатдан ийиб кетдим.
«Мулло Шарқий, дедим, сизни каминага худонинг
ўзи юборди; баръакс дилхуну дилранж бўлур эрдим. Экки банда ҳамхона бўлди – ман
қон қақшадим. Деди: «Сизга озор етказган нонкўрга худо жазо берсун! Неки
хизматларингиз бордур каминаи камтарин камарбастадур!» Жавоб айладим: «Шу
каломнинг ўзи кифоя ва андин сарафрозман.»
Бадазон хушчақчақлик қилдик. Шеърхонлик,
латифгўйлик бўлди.
Бир маҳал савол айладимки: «Эй шогирди баркамол,
хотун учта деган эрдингиз, бала-чақачи?» «Бала -бор-у, чақа йўқ, чақа бор-у
ақча йўқ», суханбозлик қилди у. Эй дедим, офарин сандай зуккога. Шарқий бўлса
шакаргуфторликда давом этарди:
Устоз отадан улуғ,
Дили шафқатга тўлуғ.
Шарқий шудир ҳақ йўли –
Табаррук устоз пули!
Во баччағар, дедим ичимда, бу нимага шаъмаю
ишора қилди? Ё шаҳри мусофирда камхарж бўлиб, пулга зориқиб қолдими?! Боз андак
танаффус ўтказиб, савол айладим: «Эй шогирд, пул дегани қўлнинг киридур ва ул
бебақо-ю бесамардур. Магарким, бесармоядурсан – ранж тортма!» Деди: «Аълофаҳм
устозларнинг қурбони бўлсанг арзир.» Жомадонимни шартта очдим-у, бойламадан
фалон сўмни олиб, қўлига тутқаздим. Дили равшан тортиб, кифригига нам олди.
Қўлимни ўпмоққа харчанд азм қилди – имкон
бермадим. «Устози бузруквор, ушбу саховатингиз ўн бўлиб қайтгай», деди.
Айни шом маҳали фалаки бебақонинг кечмишлари
борасинда гуфтигўй қилиб турган эдикки, эшиб f-30.2очилиб, остонада экки жонона
юз кўрсатди. Ушбу жувонларни таъриф этадурғон бўлсам, уларнинг ҳар бири бир
парипайкарга баробар эканлигини таърифлаб ўтмоқ ҳам қарз, ҳам фарздур. Ана
ҳақиқ лаблар-у, ана хипча беллар!
Яноқларнинг гулгунлиги, чеҳраларнинг
беғуборлиги, кўкракларнинг баркамоллигини бирма-бир таъриф этадурғон бўлсам,
гуноҳга ботишдан чўчурман. Вой сани... Кўзларнинг хуморлиги, гилосранг лабларнинг
ташналигини кўруб, хаёл қилдимки, бу ҳам оллоҳнинг бир инояти ва биз бегуноҳ
бандаларга кўрсатган кароматидур.
Алар ўзларини ичкари олиб, Шарқий бирла гарму
жўшон кўришдилар, ҳолпурсликлар, шакаргуфторликлар қилдилар.
Англадимки, қўҳна ўйношлардур. Бадазон икковлон
Шарқийни силаб-сийпашга, ялаб-ясқашга киришдилар. Камина бу ножоиз ҳолдан андак
ҳижолат тортиб, каловланиб, бо дағи эсанкираб қолганимни гарданига олмоғим
жоиздур. Бир замон алар мандан тариқча ҳам тап тортмай, бир-бирларига андак
бешарм-у беҳаё гапларни айтишга киришдиларки, фақир бисёр дилтанглик тортдим.
Жувонларнинг серишваси шогирдимга савол айлаб
қолди. «Шарқий, бу амаки кимдур?» Илло унинг сўроғидан: «Нечун бу бефаҳм чиқиб кетмайдур»,
деган сўроқни ўқудим. Ҳамхонам хориж тилинда бепарво жавоб айлади: «This is mai
costrate negvо1 (Манинг бичилган малайим) Бу каломнинг фаҳмига етмаган ўлсам
ҳамки, ани хотирга олдим. Ва беҳаё заифалардан бири нимлуч бўлғоч, тоб
беролмай, ташқари равона бўлдим. Фикр қилдимки, Искандар бирла Дерсу Узала бу
бетавқиф шогирддан чандон устун эрдилар. Қайтиб кулбамга кирмоққа юзим чидамади
ва шаби дароз совуқ кўчаларда дарбадар бўлиб юрдим. Эй Карими қудратнок шу
ситаминг ҳам бор эрдими, деб зор-зор, чун абри навбаҳор йиғлаб, илтижо этгоним бутурур.
Не гуноҳлар қилган эрдим, эй тангрим,
Кўча-куйда бани сарсон қилдинг-о.
Устихондан ўтди Москов савуғи
Мусофирни зору гирён қилдинг-о!
Садо бергил умматингга Муҳаммад,
Ман – фақирни мисли хазон этдинг-о,
Зор қақшарман эмди билсанг то саҳар
Қақшатдинг-у, тағи ҳайрон этдинг-о!
Баччағар Шарқийнинг бундоқ беандишалигидан
надоматлар тортдим. Бир маҳал луғат варақлаб, ҳалиги суханни таржима қилсам, шуноқа
гап. Жоним халқумимга тиқилди. Вой сен ҳаромининг ҳамширангни... дедим. Санақа
бетамиз шогирдни ҳиқилдоғингдан буғиб, тавба-тазарру қилдирмасам, номимини
башқа қўюрман!
Жаҳлга миниб, хонамга келсам, бу ноодами нокас
хайр-хушни ҳам насия қилиб, думини тугиб қолибди. Вой сен ипирисқининг башарангга
аёғим! Лаҳатга кўндаланг бўлгур! Шайтони лаинга берган пулим садқаи саркуя,
жомадонимдан ҳам талай заруратларни ўмарибди, падарлаънат! Қайдин ҳам топурман
эмди – бу жўгибаччани?!
Ҳа майли, бош ёрилса, қалпоқ тагида дерлар.
Тани-жон соғдур-бунинг ўзи давлатдур! Бу ҳол сабоқ бўлур ва бадазон
хушёрликқилурман.
НОМА
№ 4
Жума пешин таҳорат олиб, Аллоҳ фарзини ижро
этмоқ илинжи бирла, қайдасан Московнинг масжиди жомеси, деб йўлға отлондим.
Яхшилар йўл ишора қилдилар ва аларнинг шарофати
ила бағоят боҳашам, босалобат масжидларини топдим.
Художўй намозхонлар бисёр бўлуб, тоторлар,
Кафказ аҳли бағоят босипо ва боғурур эрдилар, якчанд қалпоқ кийганлар кўзга
кўринур, валек аларнинг либослари урунган, юпун, сақоллари поку кўрмаган эрди
ва Худои таолонинг ердаги уйи, аниқроғи анинг салобати олдинда ўзларини хору
хасдан беқадр, озурда, ҳуркак тутур эрдилар.
Бир фарғоналик носкадусини чиқарғон эрди,
ёнидаги чечен нописанд ниқтаб, девордаги “Нос туфланмасун” хатига ишора қилди.
Тотор имом-хатиб минбар миниб такбир ва
таҳлиллар қилди.
Амри маъруфинда олами ислом учун дуолар айтди.
Аҳли мажлисни инсоф, адолат ва ибодатга, уламо қавмига эҳтиромга даъват қилди.
Меҳроб сари юз буруб саф тортдук. Бадаз намоз
бисёр енгил тортдим ва бу дунёи бебақода ялғуз эмаслигимга шукр айтдим.
Дарвоза ташинда бирор таниш-билиш мусофирни
кўрурман деб кўзум жавдираб тургон маҳал эрдиким, Дўсбек духтур пайдо ўлди.
“Иби, иби, дедим, о сани манга худо еткурди.”
Биз бағр очиб кўрушдук. Бадаз ҳолпурслик у қаҳвахонага кириб гапзанон қилишни афзал
билди, ман ҳам тархашлик қилмай кўндум.
Эмди бу балага таъриф берадурғон ўлсам, анинг
бағоят художўй, имони бутунлигини айтиб ўтмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур.
Магарамки, мардум ани духтур деб атаса ҳам,
аслида молдухтурдур.
Беш йил ўқуб, яхши таълим олди. Аммо ишга кириши
мушкул кечди.
Шу боис, чорвоси бор одамларнинг ўйига бориб,
қўй-эчки-ю, қаромолларига даво бериб юрди. Иши андак авж олғач, ўйига духтурхона
очди. Одамлар сигирлари ва ҳатто кучукларини ҳам етаклаб келадурғон,
жониворлариға шифо топадурғон бўлдилар. Бир кун, айни пешин борсам, эшик
алдинда бир урус кампир пишагини ачош қилиб шашқатор ёш тўкуб ўлтурур эрди. “
Ҳа, бабушка, дедим нима бўлди?”. “ Пишагимни ичи қотиб қолди” деди. Дўсбекка
олиб кирдим, денг у дори ичдирди ва даме ўтмай жанивор тузолди.
Аммо-лекин дилсияҳлар ва таъмагирлар пайдо
бўлдилар.
Ҳамсояси нобоп эрди, устидан ёзди. Солиқ катта
жарима юклади.
Сўғун бор-ей, деб Москов равона бўлди.
Ман сўрамаёқ Дўсбек тириклик тарзи, қиладурғон
юмуши хусусинда сухан очди.
- Бир бойнинг маймунини боқурман. Ани
чўмилтирурман, авқотберурман, либос кийгизурман ва боз дағи янги ҳунарлар
ўргатурман.
Бой ойиға фалон рубл берур, ани Ўзбакистон
пулига чақадурғон ўлсак, миллиондан ошур.
Бундоқ чамалаб кўрсам, яхши пул. Бизнинг деҳада
муаллимнинг маоши экки юз минг. Анинг ярмини пластикага солурлар, қолғонини обуна
пули, газ пули, свет пули, тафтишчига нон пули, балнисага қон пули деб
қайтарурлар. Ўттиз нафар балага ҳам дониш, ҳам одоб ўргататурғон муаллимга
шимилдириқ ҳам тегмайдур. Духтур бўлса биргина маймунни боқиб шунча ҳақ олур.
Бу қандоқ бедодлик?
Бадазон духтур деҳамиздаги қавмларини бирма-бир
йўқлади ва ман аларнинг сиҳатлигини гапурдим.
- Эмди, деди бизнинг кулбага борурсиз ва бир
пиёла чой нўш қилурсиз. Ва жону ҳолимга қўймай, чорчархасига миндурди. Қибла тамон
якчанд чақирим йўл босгач, жамшедона қаср пайдо бўлди. Биз пастакрок ўйга
кирдук ва ногаҳон ичкари ўйда турғон маймунни куруб, андак хавотирим ошди.
Жаниворга жинсидан калта иштон, боз елкаси тасмали яктак кийгизилган эрди ва
либослари зебо эрди.
- Бунинг номи Жексон,- изоҳлади духтур. Ҳар кун
либосини янгилайман. Хўжайин уни бисёр дўст тутур, ҳар бегоҳ ани йўқлайдур, гапга
соладур, бағрига босадур.
– Ну, Жексон,- духтур урусчалаб, маймунга сўз
қотди,- меҳмонга таъзим қил.
Жанивор денг экки қат бўлуб, манга таъзим бажо
келтурди.
- Эмди,- деди аларнинг кафшларини тозалаб қўй.
Давай, давай!
Магарам кафшим тоза бўлса ҳам махлуқ, латта олиб
уни артди ва ман андак ҳижолат тортдим. Бадазон денг, духтур маймуннинг олдига хонтахтача
қўйуб, устига банан, пишган лўбиё, нон, шарбат ва дағи алланималарни тортди ва:
“ Қани, дастархонга марҳамат”, деди. Бад ўзимизга ҳам дастархон ёзиб, шуноқа
неъматлардан қўйди. Бадаз таом маймун алланима деб ҳиқиллади. “Яхши, яхши,
сейчас, деди ҳамроҳим ва изоҳлади - Жексонни пешоблари танг қилди.” Сўнг жаниворни
ҳожатхонга олиб кирди. “Эмди қўлингизни ювинг, деди унга, ҳаял ўтуб чиққач.
Маймун бўйсўнди. Ҳамма жо-бажо бўлди ва боз жаниворга сухан қилди. “Эмди
меҳмонга булбул бўлуб хониш қилинг.” ”Жанивор бўлса бошини сарак-сарак қилиб,
инкор ишорасини қилди. “Майли, майли, ундоқ бўлса, от бўлуб кишнанг.”
Жанивор денг, отнинг худди ўзи бўлуб кишнади ва
ман беҳад сарафроз ўлдум.. Дўсбек каминага қараб давом қилди. “Боз қарға, қарамол,
жиблажибон, Жексонга ҳам тақлид қилур. Эмдиликда нарда ўйнамоқни ўргатурман.
Бади бир-экки сана хўжайин бирла нарда сурадурғон бўладур.”
Шу тариқа таъриф-у, роса тафсин қилди ул
бадбашарани.
-Урус – яхши халқ,-давом берди у,- аммо
баччағарлар кўп ичурлар. Аёл-у эркак, бачча-ю, бобой тап тортмай, худодай
қўрқмай, майнўшлик бирла бандурлар. Ўтган якшанба денг, Худо бир раҳм қилди.
Казо-казолар меҳмон бўлиб келғон эрдилар ва базми Жамшед қилдилар.. Хўжайинни
кайфи авж олиб: “Жексонни олиб киринглар,” деб фармойиш қилди. Хавотир ва
андеша аралаш жаниворни етаклаб бордим. Хўжайин сарафроз ўлуб: “Жексон, қани
меҳмони мўҳтарамларга бир таъзим бажо қил” деди. Бу рад қилмай, заифу мардга
бирма-бир бош хам қилиб чиқди. Меҳмонлар бадмастлик ила шодон ханда қилдилар.
“Эмди хонимларнинг қўлини муччи қил” фармойиш берди. Қайсиямки заифа инжиқлик
ва ноз-фироқ қилмай қўл узотди, жанивор бўса қилди. Беҳисоб ханда қилдилар,
сарафроз ўлдилар. “Эмди, деди хўжайин Жексон бўлурсан, ўйин тушурсан” Ани
саҳнага чиқориб, мусиқани валанглатиб қўйдулар. Бу жанивор бўлса, ўзум
ўргатгандай, мусиқага ҳамоҳанг вужудини ларзага солар, Жексондак шахдам ва боз
ҳайратзеб қилиқлар қилар, авоз кўтарурди. Заифу мард жўр бўлуб, эчкидак
дикирлаб, ўйин тушур эрдилар. Шавқун-сурон эрди.
Бадаз танаффус денг, кўзига айнак олғон, депутат
меҳмон авоз кўтарди: “Эмди анга арақ ичирурмиз.” “Тақсир, дедим, қўрқуб, бу - маймун,
зинҳон ва зинҳор одам эмасдурки, шароб ичса.” “Бас қил, дурак, деди, сан
билмайдурсан, маймун - мана бизлармиз. Бу аждодимиз. Ичадур! Заставить
қилурмиз! Маймун ҳам нўш қилади, сан ҳам, деди ҳамширағар. Бу қандоқ хунук
кўргуликки, ҳамма нўш этса-ю, бу бедаво ичмаса. Ё бизни одам ўрнида
кўрмайдурми? Нима намоқулчилик?”
Рости гапки, ўттуз йиллик тоат-ибодатим хоку
туроб бўлишидан ваҳм қилиб, қўрқуб кетдим. Якчанд занғар бадмастлар жаниворни тутиб
турдилар, айнак олғон бераҳм унинг оғзига ҳишша суқди.
Жанивор бисёр азоб тортди.
Машойихлар демишларким, девона гурез, маст омад,
маст гурез, зармаст омад. Бу бандалар зармаст ва ҳар балолиққа мойил эрдилар ва
қочмоқлиқ ҳунар ҳисобланур эрди.
“Марҳамат, Жексонга газак,” деди меҳмон бир
бананни узотиб.
Аммо беандеша маймун газакдан юз ўгуруб, депутатнинг
бетига бир лахт туф деб юборди. Ул баччағар қаҳрга минди, ғазаб бирла: “таппончамни
беринглар, бу махлуқни отурман” деди. Аҳли базм саросима ҳамда хавотир ила
сукутга чўмди.
“Қоч,” дедим маймунга, баландни имо қилиб. У бир
ҳаллоз ила экинчи қаватга чиқди-ю, кўздан пана ўлди.. Ғала-ғавур бўлуб, бадбахт
депутатни алқашга, жаҳлдан тушуришга жазм қилдилар. Заифаси, қайсиким, анинг
елкаси ва тахтапушти яланғоч, этаги йиртилғон эрди ва бу нимлучлиги ҳар қандоқ
эркакни ҳирсу-хаёлини бузур эрди, ул бадмаст ва жаҳолатманд эрини қучоғига
қўчуб, Худонинг зорини қилди.
Ман пишакдак оҳиста чиқиб, надомат ила кулбамга
йўл олдим.
Қарасам, бу жанивор каминага мунтазир бўлиб
турғон экан. Дедимки: Ҳай-ҳай беодоблик қилдинг.”
Ҳижрий 1431, мелодий 2010, зулҳижжа, бегоҳи
чаҳоршанба санасинда битдим. Мусофирхона. Боз давомини ёзурман, деб қўл қўйдум.
Калвак ибн Махсум ва дағи ас Самарқандий.
Комментариев нет:
Отправить комментарий