среда, 27 сентября 2017 г.

2 ҚИСМ: НОМА № 7. НОМА № 8

НОМА № 7

Бадаз намози аср, ногаҳон хотиримга Мурод муаллим намоён
ўлди ва якчанд сана ўтуб, ул хокисор, ҳақгўй банда бирла рўбарў
бўлмағонимдан надомат тортдим. Боиси, ул мардак кундуз мактаб
қатнаб ва бадазон қаравуллик қилгани боис деҳага кам келур эрди.
Кел-ей, Калвак, шу инсонни бир зиёрат эт, кўнглуни кўтар, деган аҳд
бирла эмдиликда “дача” деб аталадурғон Шўро бобонинг боғи тамон
равона ўлдум.
Бу фоний дунёнинг ишлари ғалат. Мурод муаллим адолат,
ҳақиқат ва кори савоб ниятинда амалдорлар эшигига сарғаядур,
юқорига шикоятлар ёзадур. Қисса кўтоҳ, шу мардум, шу юрт, деб жон
сўзон қиладур. Аммо бечорани “ёзувчи” деб маломат қилурлар.
Таажжубки, нопок бандалар ҳам, амалдорлар ҳам анга нафрат нигоҳи
бирла қарайдурлар. Тоҳаттоки жоҳил, қалоқ бандалар ҳам бунинг
моҳиятига етмай, муаллимни ғийбат қиладурлар.

Боғнинг этак тамонидан кирдим. Бу манзиллар чала қурулган
иморатлар бирла банд бўлуб, теграсинда ғишт, шағал бисёр эрди.
Боз андак юруб, бир маҳалллар тегирмон турган масканни
танидим. Бу жойни гум деюрдик ва хандон отиб чўмилур эрдик,
тошлар тагидан қўл бирла балиқ тутур эрдик. Эмдиликда ариқдан
ном-нишон йўқ, чуқурга андова учун қаро қум тўкулган эрди. Боз
давом бердим. Якчанд янги ҳавлиларнинг дарбозасига бўрибашара
кучукнинг расми акс этган ўлуб, аларнинг қопағонлиги ва огоҳ
бўлмоқ зарурлиғи битилғон эрди. Бадазон рўпарўмдан бир иморат
чиқди ва камина “Ё, тавба” деб яқо тутдум. Тахмин йигирма сотих
замин девол қилинган ўлуб, чор бурчида худди қамоқхона янглиғ,
соқчи турадурғон хонача бунёд этилғон эрди. Иморатнинг пештоқи
Биби Хоним масчит мадрасаси тархига таққос этилғон, яънеким
дарвоза усти ярим доира шаклида бўлуб, дарун тамонда экки гумбаз
кўзга намоён бўлурди. Рост тарафда чорқабата иморат бўлуб, ул ҳам
башқа бинолар мисол кошин бирла зеб қилинган. Ушбу боҳашам
иморат ўйми, мачитми, мадрасами, тамошогоҳми - фарқини англамоқ
душвор кечур эрди. Темир дарвозага қулф солинган, анинг ўнг
тамонига қайбирам бебош кўмур парчаси бирла бош чаноқ ҳамда
тирсак устихонлари расмини чизган, тагига: “Мана оқибат, мана
оқибат!” деб битғон эрди.
Мурод муаллим қаравуллик қиладурғон дуқавата ва дударвоза
иморатни топмоқ мушкул кечмади. Муаллим каминани кўруб, бисёр
мамнунлиғ тобди ва ичкари кирмоққа даъват қилди. Ҳавли тахмин ўн
беш сўтухлар чамаси бўлуб, пеш қисми гулзор қилинган, ундан
нарисига жўяк олиниб, картошка, бодринг ва диган зироатлар
экилганди. Араликдаги ниҳоллар ҳам мевага кирганлиги аён эрди.
Булар бари муаллимнинг меҳнати боиси бўлғонлиғини тахмин
қилдим.
“Муаллим савол айладим, бадаз гуфтигўй, ул чорқабата иморат
нимадур, кимга тегишдур фаҳм қилмадим.” “Эй, ул баднафс вилоятга
ҳоким эрди, қамоққа олдилар, шўрлукка бу қаср насиб қилмади.”
Бундан тахмин тўрт-беш йил муқаддам “Даракчи” отлиғ газитда
вилоят ҳокими қўлга тушганини ўқуганим хотиримга тушди. Анинг
жами кирдикорларини батафсил битган эрдилар. Надомат чекиб,
вилоят сарвари шу қадар нопок ўлса, дигар майда каламушлардан не
умед, деб дилим хуфтон бўлғонди.
Бадазон қаравулхонага кирдук. Бу жойда экки киши ўлтирур эрди.
Бири азимжусса, полвонсифат бўлуб, дигари анинг акси - нимжонгина
мардак бўлғонлиғини айтмоғим лозим. Алар ҳамсоялар ўлуб,
равшанфикр бандаларга монанд эрдилар.
Мурод муаллим каминани аларга шинос қилди. Даме ўтмай дағи
экки банда ташриф қилди алардан бири жиккак, синчкав, ҳозиржавоб
бўлуб? Жамил дер эканлар. Қайбирам олийгоҳга сабоқ бермоғи аён
ўлди. Эккинчиси камгап ва андак эҳтиёткор бўлуб, алар бари кўҳна
улфат бўлғонини фаҳмлаш душвор эмас эрди. Дастархонга ноз-
неъмат қўйдилар.
Гапзанон нечундур, беихтиёр қимматчиликдан, пулнинг рўз-барўз
беқадр бўлиб бормоғидан бошланди. Бултур шу кунга нисбат гўшт,
нон, ёғ, дору дармон нархи чандон ошгонлигини исбот қилмоққа зўр
бердилар. Чамалаб кўрсам, дарҳақиқат рост. Билинар-билинмас,
нархларни баланд қилибдурлар ва бу ҳолдан бехабар қолибдурман.
“Тўғри, нархлар андоқ қиммат, аммо шукр қилмоқ керак, юрт
тинч, хунрезлик ёхуд қаҳатчиликдан холимиз”, фикр билдирдим
ғийбат кўпаймоғидан хавотир тортуб. “Илло, рост, ҳамфикр бўлди
Мурод муаллим араб юртларини, афғонни кўрунглар. Бир жанжол
қўпдими, бад тинчитмоқ бисёр мушкул кечур. Бегуноҳ бандалар
хонумонларидан жудо бўлурлар. Боре тоат-ибодатларимиз
бандасининг бир чакка қонига арзимайдур” Башқалар ҳам маъқул
қилдилар ва то ҳаттоки, бу илтифот, хушбахтлик учун ҳукуматга
ҳамду-сано ўқудилар. Ўзум ҳам сарафроз ўлдумки, арзу-додларга роҳ
бермай, бу бандаларни шукроналикка даъват қилдим.
Бадазон аҳли давра мардакларга хос фел бирла ўзларини андак
сифатламоқ ва ҳаттоки мақтамоқ кўйига эш ўлдилар. Ҳолиги
азимжусса, калхоз замони полвон бўлғонлигини, кураш тушуб,
фалон-фалонларни мағлуб этгонини гапурди. Раис анга маош тайин
қилиб, якчанд балаларни, аз ин жумла экки ўғлини ҳам анга шогирд
қўйғонини айтди. “Ул замонлар хуб эрди, якун қилди полвон, мўҳтож
бўлуб қолган бечорага раис дон, ақча берур, юмуш бирла таъмин этур
эрди. Фермер нима бу? Хеш-ақрабосини ишга олиб, дигарларни пеш
қилди. Ўн йилки, бизнинг деҳада на газ бор ва на элект лампа. Боре
аҳли деҳа мол боқиб, рўзгурзонлик қиладур”. Суханидан боз шу нарса
аён ўлдики, экки йил сана бери ҳамсоя ҳавлига қаравуллик қилур
эркан. Соҳиби ҳавли бисёр хушфеъл мардак ўлуб, доруфурўшлик
бирла банд бўлғонини гапурди.
Гапдан-гап чиқиб, аҳли давра андак ташвишталаб бир масала
хусусинда ҳам суханронлик қилдиларки, то ин маҳал бу борада фикр
этмаганимдан надомат тортдим.
“Бугун шаҳр ва деҳаларда қизларнинг ёши ўтиб бормоқда”, деди,
ҳолиги Жамил деганимиз. Боиси, ўғул балалар башқа юртларға нон-у
насиба охтариб кетурлар. Гоҳида ўша жойдан хотун олурлар. Ёхуд
бадаз чанд сол келурлар ва имкон қадар ёшроқ қизга ўйланурлар.
Эмдиликда гулдак қизларга эр йўқлиги бисёр нохушдур. Камина
бирла олийгоҳга таҳсил топган якчанд бофаросат, ҳусндор қизлар то
ҳозир эрсиздурлар. Бизни гузардан якчанд куявбаччалар қўлларига
грант киритуб, Амрикога равона ўлдилар, эмди қайтгилари
келмайдур. Бу жойда хотун ва бала-чақа аларга зор бўлиб
яшайдурлар. Шавҳари Уруссияга кетган бир келинчакни билур эрдим,
тоқат қилмай талаба бала бирла қочиб кетди.”
Бу одамнинг салоҳияти ғани, суханлари тагдор, эл ташвишини
тортмоғи аён, локинда нечундур амалдорларни нафратламоқни хуш
кўрур, боре кўргулукларга аларни айбдор, деб билур ва тахминимча,
буни ошириб юборур эрди.
Шу маҳал дағи бир мардак пайдо ўлди. Бунинг либослари ҳам
рафтори ҳам дигаргун эрди. Аёғида этик, бошида катта самон шляпа,
гаплари қатъий, либослари зебо, кўрунишидан гоҳ хушчақчақ, гох
серзарда, дангал, локинда башарм гапларга андак мойил эрди. “Салом
халқу халойиқ”, авоз берди меҳмон.
Аён ўлдики, номи Самандар ўлуб, Мурод муаллим бирла
олийгоҳда таълим олғон, эмдиликда йўл ва кўпрук қурилмоғига
муҳандислик қилур эркан. Бадаз салом-алек меҳмон киссасидан
“Аргументы и факты” отлиғ газит чиқорди ва андак ғурур ила огоҳ
этди. “Буни ўқунглар: Уруссия бу йил биздан экки ҳисса мўл мошин
харид қилмоқчи. Путин мошинларимизга тан берғонини битганлар.”
Меҳмоннинг ҳаяжон ила айтғон гапига нечундур тузук эътибор
этмадилар. Бо ин сабаб суханни башқа тамон равона қилди. “Биз
ўқуш маҳали Мурод муаллим бирла Гулсанам отлиғ бир қизни яхши
кўруб қолғон эрдик. Эккимизга ҳам тегмади. Муродни пессимист,
мани оптимист, яъне ҳавойи деб айб қўйди. То ҳоли анга эр йўқ, ...га
зор бўлуб яшайдур”. У суханига якун ясаб, хандон отиб кулди.
Башқалар ҳам анга жўр ўлдилар.
Бу одамнинг ташрифи боис даврага дигаргунлик, яъни андак
хуррамлик, эҳтиёткорлик содир ўлди. Бадаз якчанд ҳазил-
мутойибалар, боз беихтиёр норозиликлар, арзу додларга мойил
ўлдилар. Ул мардак жиддийлик ихтиёр этиб давом берди. “Инсонга
бева нолишлар эмас, катта мақсадлар даркор, эрта не юмуш бирла
банд бўлмоғини билмаган банда омадсиздур. Ҳар бир инсон ўзи
ўтқазган дарахт мевасини кўруб қувонмоғи, тиклаган иморатидан
роҳат томпоғи шарт. Баракс тирикликнинг мазмуни қолмайдур.
Гоҳида ман қурган кўчадан зебо либос кийган навқирон куявча ёнига
нозанин келинчагини миндириб, ўз “Nexia”сида шамолдек учуб
ўтмоғини кўрсам дилим ҳипқириб кетур, бисёр шодликка тўладур.
Алар бирданига олти қатор мошин юрадурғон бу кўпрук ва кўчани
ман бунёд қилганимдан бехабарлар, албат. Локинда, майли, дейман.
Гоҳида хаёлан аларга мурожаат этурман. “Ҳой йигитча, сал нарида
ҳордиқ оладурғон жой ҳам қурганман. Шу жойга тўхта,
келинчагингга яхдак ичимлик олиб бер, бад лабидан бўса ол ва йўлда
давом эт! Биз бундоқ кўчалар, кўпруклар, сайлгоҳларни санга
ўхшаганлар учун бунёд қилдик. Сан меросхўримизсан ва бу ватанни
санга топшириб кетурмиз!”
Самандар отлиғ киши юракдан кўйуб-ёниб гапурса ва анинг
суханида зарра мақтанчоқлик, ҳавобаландлик бўлмаса ҳамки, аҳли
давра беэътибор ўлуб, ўз юмуши, хаёли бирла банд эрди. “Биз қурган
бу кўчалар, давом этур эрди ул, Ўзбакистон тараққиёти йўлида хизмат
қилур. Тахмин ўн, ўн беш йил сана ўтуб, иншоолоҳ, юртимиз жудо
ҳам бойиб кетур. Боре кўчаларимиз шу киби равон, сербар ўладур.
Биладурсизларми: Оролнинг суви қочган масканларидан пайдо
қилинғон газ, нефт конларининг ҳисоби йўқ. О, ўша кунларни кўрсам
эрдим...”
“Имкон бўлса, монологингни тўхтатиб тур!”, анинг суханини
кесди Мурод муаллим. Ўтур, сабзини тўғра. Бу хушфел, дили
некликлар ва орзуларга лиммо-лим одамнинг қайноқ ҳаяжонларига
Мурод муаллимнинг бир сатил савуқ сув сепиб юбориши манга
ўтуришмади. “Меҳмонни тинч қўйунг, сабзини ман тўғрайман”
дедим.. “Майли, бу юмуш эҳтимолки, анинг қўлидан келмас, давом
берди муаллим, кеча-кундун тиним билмай кўча, кўпрук қурушни
удда қилур, локинда сабзи тўғрамоқдан бехабардур”.
Аҳли давра ош пиширмоқ ташвишига бирла банд ўлдилар. Соқи
пиёлаларга арақ қуйди. “Ичмоқ ихтиёрий, сухан бошлади ул, аммо
айтинглар, биринчи пиёлани нима учун кўтарурмиз?” “Ман таклиф,
қилай,” қўл кўтарди Самандар. “Сиёсатни аралаш қилмасанг,
амалдорларга ҳамду-сано ўқумасанг, майли”, деди Мурод. “Бул
қадаҳни Михаил Сергеевич Горбачев учун кўтармоқни таклиф
қиладурман” деди у. Давра кутулмаган бу гапдан қаҳ-қаҳ қилиб
кулди. “Биладурсизларми: агар Горбачев бўлмаса мустақил
бўлмоғимиз бисёр душвор эрди. Ўзларинг мандиқни мададга чорлаб
кўрунглар.Ул мардак ошкоралик жумракларини очиб юборди ва
магарам ўзи истамаса ҳамки биз ва дигарларга истиқлол насиб ўлди.”
Алар ичдилар ва мардакларга хос эзмалик ила хотунларни ғийбат
қилдилар. Аларнинг аёқлари, кўкракларига нисбат бердилар. Бадазон
обидаларга таъриф бердилар. Шу фурсат Жамил домло
Ўзбакистоннинг етти муъжизасини бошумор қилди ва аларни қоғозга
тушуриб олдум.. Биринчи ўрунга ўзумизнинг Регистон, бад
Бухородаги Сомоний мақбараси, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Бухородаги
Минори Калон, Бибихоним масжиди, Хивадаги Ичан Қалъа мажмуаси
ҳамда охирги жойга Тошкандаги опера балет театруси биноси сазовор
ўлғон экан. Бу хусусда баҳс этдилар. Самандар ушбу рўйхатга Бухоро
арки, Тошкан телеминораси ва дигарлар бўлмоғи жойизлигини
гапурди.
Магарамки, бу банда батамом дигаргун фикр қиладурғон ва гоҳ
сержоғ бўлса ҳамки, дилимга ўтурушди. Анинг борлиққа, юртга,
тирикликка меҳр нигоҳи бирла боқиши каминада ҳавас пайдо қилғон
эрди.
“Бу ўрунда катта дўлона бор эрди, деди бир маҳал Мурод
муаллим, тирамоҳ фасли гала бўлуб устига чиқар эрдик.” “Манга
қара, анинг суханини илди Самандар, шул дўлона ва боғ хусуссинда
кўп сухан юрутдинг, оби дийда қилдинг. Дўлонанинг жойи - ана тоғ.
Уни ўша жойга ўстирмоқ лозим. Эмди Шўро бобонинг боғи
хусусинда айтай. Рост, ўн гектор келадурғон боғ гум бўлди. Аммо сан
Янгиариқ тамон чиқ. Ҳар йил эллик гектор боғ бунёд қилмоқдалар.
Биз қурган кўчанинг экки тамони шундоқ дарахтзор. Меваси шиғил-
шиғил. Ҳозир ҳосилни яхдонга сақлаб, қиш фасли ҳалққа берурлар.Не
боис буни кўрмайсан? Охир ушбу бунёдкорлик, дигаргунликлар
мустақиллик шарофати йўқми?
Фикр қилсам, Самандар ҳақ. Янгиариқ тамон борган маҳалим бу
боғларни кўруб, ҳайратим чандон ошган эрди. Алма, нок, қаролу,
анор... бисёр эрди. Ул жойда завод ташкил топган ўлуб, мева
шарбатини олмоқ бирла ҳам банд эрдилар.
Гап Москов тамон кўчди. Давра аҳли Московдаги фуқароларимиз
аҳволидан шикоя қилдилар ва бу ҳол каминага бегона эмас эрди.
“Нодуруст айтарсизлар, эътироз қилди Самандар ва буни исбот
қилмоққа кўшиш қилган маҳал анинг суханини кесдим. “Ман ул
жойда олти ой зиндагонлик қилдим. Кўча супурадурғон, қор
курайдурғонлар аксар бизнинг фуқаролардур”. ”Сиз ҳам мана бу
одамлар янглиғ, ойнага боқиб, аввол андаги доғни кўрур экансиз,
камина тамон бурулди Самандар. Московдаги “Ўрикзор”,
“Самарқанд”, “Бухоро” янглиғ ресторанлар, “Шарқ” “Регистон” савдо
мажмуалари салобатини биладурсизми ва алар бизнинг ҳамюртларга
тегиш эканлигидан хабардорсизму. Московдаги энг бой одам бизни
земляк. Ул зотнинг фалон миқдор ақчаси бор ва бу миқдор ўртача
мамлакатнинг йиллик даромадидан бисёрдур. Лондоннинг
“Арсенал”ини харид қилди-я, шаввоз. Таассуфки, бунинг моҳиятини
ҳамма ҳам чақиб кўролмайдур. Боиси: иқтисод ва бизнес оламидан
бехабармиз. Маҳалладан чиққан Қўчқорбой мисол бойбачаларнинг ул
жойда ҳисоби йўқ. Бизнинг ўзбеклар бисёр ҳушёр, ишбилармон.
Уруссияда корхона очган ўндан зиёд бародарларим бор.”
Аслида. Самандар санаган боҳашам биноларнинг бир-яримини
кўрган ва бизнинг бандаларга тобе эканлигини эшитган эрдим,
инчунин якчанд ишбилармон ўзбеклар ила шинос эрдим. Аларни
нечундир фаромуш этганимдан надомат тортдим. Бо ин сабаб сукут
қилдим.
Самандар деганлари Жамил домло бирла ҳам баҳс қилди. “Бир
умр қониқмаган, жамият ва ҳукуматдан нолиш қилиб рўзгурзонлик
этадурғонларга раҳм этурман. Бул тойифадаги мешчан файласуфлар
навқирон ёшларни заҳарлайдурлар. Бундоқ муҳит ва кайфиятга
тушган банда тараққиётдан, фаровонликдан завқ тополмайдур, ани
ҳис қилмайдур, тан олмайдур, Охир-оқибат қўли ишга бормай,
борлиқдан савуб қоладур, юрти, рўзғори учун курашмайдур,
умедсизликка тушадур. Мисол келтурай: у полвон тамон ишора
қилди, мана шу полвонни чан бор ишга таклиф қилдим, экки баравар
зиёд маош ваъда бердим. Кўнмади. Боиси, санларнинг бағоят тушкун,
сернолиш ва бозарар дунёбинликларинг бу одамни ҳам заҳарлаган.
Оқибатда юрт равнақини хаёлига келтурмай, бойнинг мулкига
қаравуллик қиладур. “Мақсад на эди жаҳона келдинг, Кайфиятингни
баён этиб кет,” дейду Нодирабегим. Аксарларинг янглиғ бу полвонда
ҳам мақсад йўқ. Бизда Чин юртининг якчанд роҳсозлари
ишлайдурлар. Ишонинглар, вақтдан қизғониб, тик туруб нонушта
қиладурлар. Ман мардикор бозордан якчанд даштлик лакалавларни
ишга келдурдум. Маош тайинладим, ётоқ бердим. Ғалатки, бу
гўсалалардан биронтасини қайнисими, божасими тўй қилса, уч
кунлаб ишга келмайдур. Ҳай авсар, дейман, калланг борму? Сандан
яхшиликлар, иморатлар, кўчалар, кўпруклар, дарахтлар қолмаса
яшашдан не муддао. Яшамоқ, яратмоқ саросимасида бўл! “Умр чун
боди баҳор мегузарад, Бо кор бош-ки бакор мегузарад, дейди шоир.
Агар бу суханларим қизил ёинки шалдироқ варсоқилик бўлса исбот
этинглар!”
“Ман бунга қўшилмайдурман ва исбот қиладурман, деди Жамил
домло, аслан тирикликни ҳаракатга келтирадурғонлар ўша қониқмай
яшайдурғон, арзу-додга мойил фидоийлардур. Алар бош кўтариб,
адолат ва ҳақиқатни талаб этурлар, мизғиб яшайдурғон бандларни
бедор этурлар, нопок амалдорлар ва то ҳатто ҳукуматни ҳам
ҳушёрликка, тўғри йўлга чорлайдурлар. Миллатга мамнунбойлар
эмас, қониқмаган бандалар кўпроқ наф келтирурлар. Ўша сиз ай тган
Нодирабегим ҳам, Беҳбудий ҳазратлари, Муқимий, Файзулло
Хўжаюф, Қодирий, Чўлпон ва дигарон қониқмаган одамлар эрдилар.
Ман эмди Умар Хайём, Жалолиддин Мангуберди, Кооперник,
Пугачов ва дигарларни тилга олмай қўяй.”
Чоғимда олимона ва боасос жавоб айлаган эрди Жамил
деганимиз. Самандар андак сукут қилди ва деди: “Хуш, бугун
нимадан нолиш-у, ношукурчилик қилурлар? Эмдиликда чорчархасиз
рўзғор қолмади, бир хелларда эккитадан мошин бор. Тўйларни
кўрунглар, қандоқ тўкун, фаровон. Иморатлар дуқабата. Ҳой
гумроҳлар, айтинглар бу нимани шарофати?” “ Башқа юртлар ҳам
бадаз мустақиллик қашшоқ бўлиб қолмади, боз фикр билдирди
Жамил, Уруссияни, Қазоқни олинг, то ҳаттоки Тожикистонда ҳам
тўй, иморатлар дабдабанок. Ҳа эмди шунча миқдор тилло, уран, пахта
берадурғон юрт бой бўлмоғи керакда”. Самандар боз суханини давом
бериб, якчанд мисоллар ва рақамларни саноқ қилди, ҳукуматга чин
дилдан тасанно айтди. “Бародарлар ошдан аввол бир қултдан
олайлук, боз Самандарнинг суханини ноўрин бўлди Мурод муаллим,
шу алпозда баҳс қилсак, бу фидойи жўрамиз мадҳияни ўқушни
таклиф этадурғонга ўхшайдур. Биз матнни ёд олмаганмиз.”
Ногаҳоний бу киноядан алар хандон отиб кулдилар. Бу ҳол дилимга
ўтуришмади, фикримча Самандар ҳам андак ранж топди. Мурод
муаллим муддаога ўтди: “Хуш, нима учун ичадурмиз?
Самандар енгил жаҳл бирла киноя қилди: “Ватан мадҳиясини
билмайдурғон, локинда қадаҳ тутуб варсоқилик қиладурғон
гумроҳлар учун!” Фикри ожизимча, у мўлжални аниқ олғон эрди ва
жанговар оҳанг бирла давом берди: билиб қўйунлар, моҳиятига
етунглар: бизнинг она юртимиз бор. Не-не инсонлар анинг бир ҳавуч
тупроғига зор”... “ Ватан мадҳияси, демоқ ғалат, ани тўхтатди Жамил
домло, расман Давлат мадҳияси деб аталур. Бу иборалар ғайри-ғайри
тушунчалардур.” “Мани ватаним ҳам давлатим ҳам битта –
Ўзбакистон,” деди у андак авоз кўтариб. “Майли, бу қадаҳни ватан
учун ва қониқмай яшайдурғон фидойилар учун оладурмиз,” ҳаммабоп
суханни топиб гапурди Мурод муаллим.
Ошни келтурдилар. Самандар деганимиз бир-экки қошуқ олди-ю,
ёнбош тортган куйи уйқуга кетди. “Майли дам олсун, деди Мурод
муаллим юмуши бисёрдур, шўрлук тиним билмайдур. Олам ичра
буноқа юртпарварни топмоқ мушкул. Ўзбакистон учун жонингни бер,
десалар, дорнинг тагига мардона борадур. Гоҳо бу фидойи инсонга
ўзумнинг ҳам ҳавасим келиб, ибрат олмоқ истагида бўлурман,
валокин ўша мешчан қайсарлигим роҳ бермайдур. Ўғлум шу
жўмарддек бўлмоғини орзу қиладурман.” “Ман баракс, ўғлум бундоқ
бўлмоғини истамайдурман”, деди нечундир Жамил домло.
Шу маҳал Самандар ўйқусираб гапурди: “Ватанни севмоқ -
иймондан...” “О, боядки, ватан ҳам бизни севсунда, жонидан” деди
Мурод муаллим жавобан паст ва эрка авоз бирла гинаомуз. Самандар
боз ўйқуга чўмган эрди. Мурод муаллим авоз чиқормай, оҳиста
қўзғолди, деволдаги мехга авезон қилинган эски чапонни олиб,
авайлаб анинг устига ёпди. Биз ҳам шавқун қилмай, дастархонга
фотиҳа қилдук ва беозор қўзғалдук. “Не боис вилоятга шундоқ
юртпарварларни ҳоким қилиб қўймайдурлар-у, ўзига қаср қуруб,
қамоққа бориб ётадурғонларга имкон берадурлар,” фикр қилур эрдим
ўзумча. Хотирингизда ўлса, бир вақт номини “Алибек” деб дигаргун
қилган Алиқул лақма хусусида ёзғон эрдим. Ул ғалча тарғибот
идорасида хизмат қиладур, бот-бот мардумни жам қилиб ваз айтадур,
яънеким бошдан аёқ ҳукуматга ҳамду сано ўқуйдур ва газитдаги
чучмал таъриф-тавсифларни такрор қилғани боис зиқ бўлуб кетурсан.
Боиси онки, ул варсоқининг вазифаси шулдур. Аммо Самандар
дегонларининг ҳар бир иборасида ҳақиқат, самимийлик, замин бор.
Бу фидокор юртга меҳрини меҳнати бирла исбот ҳам қиладур ва
хусусан, жавонларга ибрат бўладур. Юртга меҳр бул мардакнинг
қонига сингиган бўлуб, ани эътиқодидан зинҳор ва зинҳор қайтариб
бўлмас!
Ман Шўро бобонинг боғларидан бевақт қайтдим. Ростики,
Самандарга дилимда ботиний ва зоҳирий меҳр пайдо ўлди. Шу
шариф инсон ташриф этадурғон кунлар боз келишни, келажакда
ўғулларимдан бирини анга шогирд қилмоқни дилга тугдим.


НОМА № 8

Дачага дубора борганимда Мурод муаллим таклиф этди: “Бу
жойда бир пракурорнинг чала иморати бор. Тотор бала қаравул эрди,
Уруссияга кетди. Батамом. Пракурорнинг заифаси мандан қаравул
даракламоқни сўраган. Ўзунгизми, ўғлунгизми бу юмуш соҳиби
бўлсаларинг тузук бўлур эрди. Маоши камроқ, локинда юмуши ҳам
ҳаминқадар...”
Ўйга бориб, Найимбекка маслаҳат солғон эрдим: “Тузук, бир
ҳафта ман қаравуллик қиладурман, дигарига сиз”, деди. Бадазон
эккавлашиб бордук ва Мурод муаллим ул жойни намоён қилди.
Саккиз сўтух келадурғон ҳавли бўлуб, иморат деволи рост
қилинғон, локинда томи ёпилмаган, фақат қаравулхона эбга
келтурулган, то ҳаттоки ранг қилинган эрди. Ниҳолларнинг пеши
ҳосилга кирган, аммо замин парваришга, меҳнатга муҳтож бўлуб,
қаблан бул даргоҳда ўғри илиб кетадурғон бир нимарса кўрунмасди.
Локинда дачада ҳар бир кишининг қаравул, инчунин боғбон
тайинламоғ таомил боз аниқроқ дейдурғон ўлсак зарурат бўлғонди.
Мунинг боиси хусусида жилла батафсил сухан юратидурғон
ўлсак, бундан экки чақирим нарида, яънеким ўша Самандар гапурган
кўчанинг қибла тамонида бир деҳа мавжуд ўлуб, ани Арабқишлоқ
деюрлар. Мардумлари араббашара, локинда батамом
ўзбеклашгандурлар. Эҳтимолки, минг йиллар пеш Қусам ибн Аббос
бирла келгандурлар, то ҳаттоки бобойлари ҳам арабини билмайдур.
Ўн йил аввал Шўро бобо боғида иморатсозлик бошланмоғи бирла,
Арабқишлоқнинг чапдаст балалари келтурилган ғишт, тахта, то
ҳаттоки, дарахт ниҳолларини ҳам ўмармоқни авж олдурдилар. Газ
баллонлари, қазонлар, тавуқлар ҳам гум бўладурғон ўлди. Милиса
қўйдулар, наф бўлмади. Бадазон ҳамма қаравул тайинламоқни одат
қилди. Ҳозир ҳам бировнинг сув тортадурғон матори, томидаги
антеннаси гум бўлиб турур ва давогарлар муни араблардан кўрурлар.
Мурод муаллим ман бирла ўғлумни микрорайонга, яънеким
пракурор яшайдурғон домга элтиб, шинос этмоқ лозим деб билди ва
роҳ-бароҳ уқдурди. “Хўжайинни мардум прокурор деюр, аммо у
киши аслида жонишин, яънеким ўринбосардурлар. Исм-у шарифлари
Фидел Арабович Арабов. Детдомда тарбия топганлар. Бисёр ҳалол
одам. Шўролар замони Куба подшоси Фидел Кастро Московга келган
маҳал бу киши дунё кўрганлар ва бунинг шарофати боис анинг
номини олганлар. Сағирхонага у кишини бир араббашара банда
топширган, деюрлар ва шу сабаб Арабов аталганлар. Локинда калла
зўр. Ўз қувватлари бирла ўқуб, шу даражага соҳиб бўлғонлар.
Завжалари урус, асли немис, аммо уруслашган. Локинда тилло заифа.
Мария апа деюрмиз. Асл исм-шарифлари Мария Зигерс. Бисёр
хушфеъл хотун. Алар олийгоҳда боҳамро таҳсил топганлар”.
Мария апа деганларининг рафтори бизга ҳам манзур ўлди. Ўйига
таклиф қилиб, дастархон ёйди. “Иморатнинг устини то ин вақт ёпган
бўлур эрдик, аммо элликдан зиёд бололимизни араблар ўғурлар
кетдилар. Фидел милиса юборди, аммо нишони чиқмади”, деди аёл
урусилаб. Бо ин жумла, истаган миқдор экин экиб олмоққа ҳам
ихтиёр берди. “Авволги қаравул баланинг мошини бор эрди, ул-бул
юмушимизни ҳам бажарур эрди”, деди. “Биз хам хизматдан
қочмасмиз”, жавоб айлади Найимбек ва анинг бу ҳозиржавоб
суханидан мамнунлиқ топдим.
Шул тариқа вақт-у имконга қараб, бир ҳафта камина ва дигар
фурсат Найимбек ул даргоҳни қўруқлайдурғон ўлдук. Бу арада ерни
оғдариб, тирамойи картошка қададик, токларни беаяв хомток навда
урдук, бори ниҳолларни шаклу-суробини тузотдук.
Зиндалик шу тариқ давом берур ва шукри Худо қилиб юрур
эрдик, локинда саратон аёқлаб қолган кунлар рўзғорда бир
дилсиёҳлик юз бердики, бу хусусда тил тишласам, инсофдан ўлмас.
Аслида бандасининг тириклик тарзи шуноқа: қисмат деб аталган
кўргулук бот-бот бигизини суқиб олмоқни хуш кўрадур ва бунга
бардош бермоқдан дигар иложинг йўқ.
Аниқ хотирамда турубдур, рўзи чаҳоршанба эрди, вақти хуфтон
Мурод муаллим сим қоқди. “ О, сизлар қанақа қаравул: уч кундан
бери қароларинг кўринмайдур,” деди надомат бирла. “Найимбекнинг
навбати эрди, ул жойда йўқми?” сўроқ айладим. “Бир кўриниш
берадир-у, қочиб қоладур”, жавоб айлади ул. Аниқлик киритмоққа
ваъда бердим, локинда хавотирим чандон ошиб, ўғлумнинг ўзига
тилфон қилдим. “Найимбек. Яхшисанму, асал? Қаёндасан?”
“Дачада”!
Ялғон гапурди, муттаҳам. Локинда бир нимарса демадим,
яънеким жилла сир бермадим. “Бала чапга кетган, яънеким ўйнош
зиёд қилган бўлмасун,” деган бисёр нохуш фикр келди калламга ва
бундин хавотирим чандон зиёд ўлди.
Саҳармардон Мурод муаллимни кўруб, батафсил сўроқ айладим
ва ани тинглаб, гумонимни изҳор қилдим. “Мумкин, деди ул, ёш
одам...” “Бир хизмат қилинг, муаллим сар хам қилдим илтижо бирла.
Баланинг арқасидан пойлаб, қайси эшикка бош суқмоғини
аниқламоққа кўмак кўрсатинг.” Ул қайсар беандешалик ва дағаллик
ила жавоб қайтарди. “ Айғоқчилик қўлумдан келмайдур!” Бу
жавобдан бисёр ранж топдим, боисики, бошингга ташвиш тушган
маҳал бародаринг мадад қўлини узотмаса, бу - дард устига
чипқондур. Бадаз намози бегоҳи ҳамсоямиз Мўминжоннинг эшигини
қоқдум. Баласини қўлидан тутуб чиқди ва каминани кўруб сарафроз
ўлди. Науфал каминага салом берди ва истиқболимга чопди. Бу
ҳолдан эккимиз ҳам бисёр хушнудлик топдик. “Фақат сиздан
бегонасирамайдур, деди Мўминжон, башқалардан қочадур. Яввойи.”
Дарҳақиқат рост. Балакай ҳавлимга бориб, чўжаларга дон бермоққа
кўнуккан. Лақаби жет аталган лайча кучугимизни ҳам дўст тутадур.
“Бу балалар шундоқ ялғуз шароитда вояга етган, дедим иккимиз
қолғач, одамларға эш бўлмоғи душвор кечур. Сиз анга яхши
кучукбачча, канарейка, тавушқон савғо қилинг. Жаниворларни дўст
тутса, бад одамларга ҳам кўникур, меҳр намоён қилур”. Фикрим анга
маъқул тушди.
Бадаз бир пиёла чой муддаога ўтдум. Дедимки: шундоқ ташвиш
пайдо қилдук. Эмди мадад кўрсатсангиз, яънеким, вақти шом
мошинингиз бирла ани арқасидан юруб пойласак, қай даргоҳга
кирмоғини аниқ қилсак. Мурод муаллимдан озор топдим, ул қайсар
рад қилди.” “Биринчидан, муаллимдан ранжимоқ нодуруст, жавоб
қайтарди Мўминжон, илло, ул охир-оқибат ўғлингиз бирла
хафалашиб қолмоқдан хавф тортадур. Эккинчидан, Найимжонни
арқасидан пойламоққа ҳожат йўқ, қайси ўйга кирмоғини
биладурман”. “Иби, дедим о, барвақтроқ бизга аён этмайдурсизми? “
“Ўғлунгизни мошини гоҳи шаби дароз ошхона поёнидаги дом
рўпарасида турадур. Локинда Найимжон не муддао бирла қайбир
эшикка кирадур – каминага қаронғу”. “Мўминжон, илоҳо умрингизга
барака ато этсун! Қолғонини ўзум ҳал қилурман,”дедим. “Локинда бу
гапни сизга ман айтмадим...” деди ҳамсоям.
Эртаси вақти шом Мўминжон ишора қилғон жойга бориб,
паналаб ўтурдим. Тахмин экки соатлар ўтуб, “Matiz”имиз пайдо ўлди.
Найим саросима бирла тушуб, мошинга қулф урди ва сарафрозлик,
хушбахтлик ила биринчи қаватга кириб, тўғридаги эшик тугмасини
босди. Эшикни аёл очди ва нокас ўғлимиз кириб кетди. Бисёр қўрқув
ва хавотир бирла вужудимга ларза кирди. Фикру ўйимни саришта
қилолмай, гаранг бўлуб қолғон эрдим. Бадаз якчанд дақиқа ўзумни
қўлга олиб, боз тилифон қилдим. “Найим, тузукмисан? Қаёндасан?”
“Дада, дачадаман”, деди мунофиқлик ила. Бир нимарса демай ўйга
қайтдим.
Жамила каминани кўруб қўрқуб кетди. “Дадаси, сизга нима
бўлди, рангингиз учган, хотирингиз бисёр паришон” “Сўрама,
жонидан,” маюс жавоб айладим. Хотун хавотир бирла арқамдан
кирди. Боре кўргуликни изҳор этмоқдан дигар чорам йўқ эрди.
Заифамиз ҳам қаҳр-у ғазабга минди. Дедики: “Ҳозир борадурмиз,
шарманда қиладурмиз.” “Шошма, бу юмушни эртага қолдурсак, тузук
бўлмасму?” жавоб айладим хавотир бирла. “Зинҳор бўлмайдур, ҳозир
борадурмиз, сабру тоқатим ҳалқумимга келур! Зоту зурёдимиздан
буноқа бузуқи ҳайвон чиқмаган эрди,” жавоб айлади ғазаб бирла.
Даме кечмай либосини кийиб чиқди. Надоматлар бўлғайким, бу
ҳодисотдан келинимиз ҳам ногоҳ хабардор ўлди. Андин пинҳон
тутмоққа ҳарчанд кўшиш қилғон эрдим, аммо қай тариқа бохабар
бўлди – каминага торик. Бул шармандалик катта қазонда
қайнамоғидан ва алалхусус, аларнинг рўзғорига савуқлик тушишидан
хавотирим бисёр зиёда бўлди.
Қисса кўтоҳ, уччавлон қаёндасан Лабиғор ошхонаси, деб йўлга
тушдук. Такси даме ўтмай бизни ул жойга элтди. Роҳ-ба роҳ бир оғуз
сўз қотмадик, баримиз Найимнинг нопок қадамидан бисёр ранж
топғон, ғусса тортгон эрдик..
“Matiz”имизни ул манзилда кўруб, заифаларнинг қаҳру ғазаби
боз жўш урди. Ларзон панжаларим бирла эшик тугмасини босдим.
“Ким у?” хотун киши шоҳиста авоз берди. “Маҳалладан, мусур
масаласида келдук,” фикрлаб қўйғон ялғонимни ишга солдум. Эшик
очилмоғи баробар, шавқун солиб, ичкари суқулдук ва анда
Найимбекнинг пойафзалини кўруб, қаҳримиз чандон ошди. “Қани у
сволич, ҳанги? авоз кўтардим, бошини сапчадак узуб ташлайдурман,
ифлосни”. Хотуним бирла келиним ул заифани ҳақорат қилмоққа,
қарғамоққа тушдилар. “Бузуқ” ҳам дедилар, “жалаб” ҳам... Уччавлон
бўлуб Найимни охтарурмиз денг, нишонини топмаймиз. Фикримча,
ўзини тиризадан ташлаб, қочган кўринадур, бетамиз. Жувоннинг
ранги-рўйи учиб кетган, бир сухан демас, қалт-қалт ларзон эрди.
Аёлим бирла келиним шукрки, ул заифага кўл кўтармадилар, локинда
шавқун солиб, лаънат қилмоқдан тин олмас эрдилар.
“Вай, қаранглар, деди бир маҳал келиним йиғлаб, мани тилло
зебигардонимни ўйношига келтириб берибдур, нокас! Охтармаган
жойим қолмаган эрди. Ахмоқ! Кўрнамак!”
Ул бўйунга тоқадурғон забигардонни олиб, боз бир
нимарсаларни дарак қилди. “Шу тилло узукни ҳам мани эрим олиб
берган, деди ва ани олиб киссасига солди. “Қўйунг, у ўзумники,
эрингиз олиб бергани йўқ, деди, жувон кўз ёш бирла, биринчи бора
забонга кириб. “Намоқул қилибсан, сан бузуқи, мана шу ҳалқани ҳам
ўша олиб берган” деди келин ва ани ҳам қўлга олди. “Жойига қўйунг,
инсофингиз борму, деди заифа зорланиб, алар ўзумники.” “Инсоф,
дедингми, жаҳлга минди Жамила, сан биравнинг эрини йўлдан
урсанг, бу инсофданми, ғар?! Юзинг қурсун сани!
Бадазон ул жувон авоз қўюб, дард бирла йиғлади. “Олинглар,
олинглар, майли борини олинглар,” деди иддао ва алам бирла.
Биз бисёр хафагарчилик бирла ўйга қайтдик. Бир-биримиздан
ҳижолат чекар эрдикки, чеки йўқдур. Шу боис гапурмас эрдик.
Деҳага кирар маҳал келин деди: “Ман бу заифани танийдурман, Ул
аввол боғчада Маржонанинг тарбиячиси эрди. Ҳозир у жойда
ишламайдур.
Маржона, бу – неварамиз. Демакки, ўғлумиз ул занак бирла ўша
замонлар шинос ўлган. Падарлаънат! Ота ўғул! Бу – худонинг манга
берган жазоси! Московда қилғон зино ишларимни жавоби, фикр
қилдим ўзумча.
Найимбек пайдо бўлмади. Вақти шом Мурод муаллимга тилфон
қилиб, дарагини сўрадим. Дедики: “Бу жойда қаравуллик қиладур”.
Андак хотиржамлик топдим. Аммо заифаларимиз ҳамон ғазаб
оғушида эрдилар.
Экки кун ўтуб, қаҳрим андак сустлик топгач, дача тамон равона
ўлдум. Найимбек қаравулхонала ўлтурур эрди. Ҳижолат тортур
эрдики, онча бор. Ман сўроқ айламай, ўзини оқламоққа тушди. “Ул
заифа Маржонанинг тарбиягари эрди ва экки ойлик пулини
бермаганим боис борган эрдим.” “Намоқулни нонини ебсан, жавоб
айладим, ундоқ бўлса не сабаб чиқиб қочдинг.” “Сиздан қўрқдум” “
“Гапур: ул заифа ким?” сўроқ айладим якчанд дақиқа сукут тутгач.
Ўғлумизнинг беҳад хавотир ва андеша бирла берган жавобларидан
аён ўлдики, ул жувоннинг исму шарифи Сафия бўлуб, падари
Каттақўрғондан экан. Волидасини тоторка деди. Жувоннинг бир ўғли
бўлиб, бобо ва момоси бирла зиндагонлик қиларкан. Заифа қайбирам
мактабда сабоқ бериб, боз ўқуркан ҳам. Эри мундан ўн йил аввол
Португалия отлиғ юртга иш охтариб кетганлигини аён қилди.
Хорижда ошпазлик қилибдур ва қачанки ўз корхонасини очмоқ
ташвишига тушган маҳали, ўша юрт фуқаролигини олмоқ
зарурлигини таъкид қилибдурлар. Шўрлик шундоқ йўл тутубдур.
Эмди Ўзбакистонга қайтмоғи бисёр душвор кечур эмиш. Миршаблар
хориж фуқароси, деб қадамда ақча талаб этурканлар. Бундоқ бандани
салкам сотқинга баробар билиб, иш ҳам бермас ва бисёр қийноққа
солур эрканлар. Шу боис келмас эмиш. Завжасини ул юртга
чорларкан, локинда заифа бормоққа рози бўлмабдур.
“Дегин, сўроқ айладим ўғлимни, зебигардондан дигар бирор
тиллолик савғо этдунгми” “Баракс, у манга якчанд либослар тақдим
қилди”деди. “Сани гулдак келинчагинг, қизинг бор, рўзғоринг
бузулишидан қўрқмайдурсанми, номард?!” “У жойга эмди аёғимни
қўймайман, дада!” “Қасам ич!” Ул нокас худони арага қўйуб қасам
ҳам ичди. Биз боз сукутга чўмдук.“Гап энди бундоқ, диққат қил,
дедим бадазон. Сан қарзимни элтган эрдим, деб ялғон гапурдинг.
Аммо эков хотунинг бирла бийингни шу гапга ишонтирмоғимиз
зарур. Дигар илож йўқ. Ман сан тараф ўтуб, суханингни тасдиқ
этадурман, шул гапда маҳкам тур! Шундоқ йўл тутайликки, бу гапни
иси чиқмасун. Зурриётимиз бирла бадном булурмиз, бала! Рўзғоринг
вайрон бўлмоғидан бисёр қўрқадурман.
Ўйга келиб, хотун бирла келинни чорладим. Дедимки: “Кеча биз
қаҳр -ғазаб устида андак ошириб юборганга ўхшайдурмиз. Найимбек
экки ойлик ақча қарздор экан, ведомусни кўзум бирла кўрдум. Фикри
кўтоҳимча, шу пулни олиб борган. Ниятбузуқлик бўлганми, йўқми –
худо биладур. Анга бисёр зуғум этмайлук”. “ Мани зебигардонимчи?”
сўроқ айлади келин ва дард бирла йиғлаб юборди. “Келинжон, вазмин
бўлмоқ зарур, мулойим гапурдим. Мунинг ҳам тагига етгандакман.
Ул заифа тиллошунос эрмиш: кўрсатмоққа элтган. Тиллони ҳам,
тошни ҳам тоза нарса, дебду ва бугун нархи фалон ақчага
ошганлигини айтибдур.
Бу ўйдурмаларимга келиним кўпроқ, завжам камроқ бовар қилди.
Локинда шунинг ўзи кифоя эрди. Рўзғорга савуқлик тушиши, гап
тарқалишини имкон қадар чеклаган эрдим. “Эмди, келинжон
йиғламоқдан тин олинг ва ул заифани буюмларини чиқориб беринг.
Ўзум элтиб топширурман. Бизга ҳаром муюм керак йўқ!
Эртаси боз вақти шом, хавотир аралаш ул жувоннинг эшигини
қоқдим. “ Ман Найимбекнинг дадаси бўлурман, дедим мулойим авоз
бирла, кеча тиллоларингизни ноҳақ олғон эканмиз, келтурдим.” Ул
заифа эшик очди. Фикримча кўп йиғлаган эрди, қабоқларида шиш
кўрунди. Раҳмим келди. “Дедимки, биз кеча жаҳл бирла андак
бадқаҳрлик қилдук. Ман муюмларингизни кетурдум. Олинг!”
Шундоқ деб, анга тагдан назар ташладим. Ул хушқомат, хушрў,
оқбадан эрди ва қиёфасида оврупоча ва осиёча рангу шамойиллар
жобажо бўлуб, бисёр зеболиқ топғон эрди. Бир маҳал кўзум анинг
аёқларига тушди ва беихтиёр Марямхонни ёдга олдим. Анинг ҳам
аёқлари шундоқ бўлуқ, аппоқ, сонлари ларзон эрди, Меҳр, шавқ ва
эҳтирос бирла аларни силар эрдим.
Шу фурсат ногоҳ фаҳмлаб қолдимки, чап елкамдаги шайтон мани
фикримни бузмоқ ниятиндадур. Анга ҳай бердим ва хайр-хуш қилиб,
чиқиб кетдим.
Йўлда давом берур эканман, хотиримга Москов бозорида бахту
тахтимдан фол очган жўги занак тушди. “Агар бир рубл берсанг,
бисёр ҳикматли гап айтурман, деган эрди ул. Ҳангоматалаблик ила
кафтига бир сўм қўйдум. Ул деди: “Бегона заифа бирла танишмоқдан
кўра, андин ажрашмоқ мушкул кечур. Хотунлар бисёр маккор
келурлур. Огоҳ бўл!”
Эмди падарлаънат Найимбекимизни мана шу нозаниндан
ажратиб олмоқ осон кечмас. Ул ҳанги қасамдан андеша қилмай, бу
оҳанраболи даргоҳга муқаррар қайтиб келадур.
Қандоқ қилмоқ керакки, бу ташрифнинг иси чиқмасун.
Локин инсоф бирла гапурганда, шу аппоқ ва бўлуқ аёқлар,
бежирим, ларсилдоқ сонларни, боз аниқроғи, навқирон, хушрў

жувонни, лоақал бир кечага ҳам ялғуз қолдирмоқлик, гуноҳи азимдур.

Комментариев нет:

Отправить комментарий