Миршариф
Хўжаевга бағишланади
1
Сиз айрим аёлларнинг бор заҳри-заққуми, нафрат ва
ғазаби мужассамлашган, гоҳида теша тегмаган қарғишларига эътибор берган,
аниқроғи, мағзини чаққан, пича таҳлил
қилганмисиз? Тадқиқотчилар аҳоли орасида юриб,
халқ қўшиқ, лапар, удумларини ёзиб олишганидек, қарғишларни ҳам тўплашса, ёмон бўлмасди, деб
ўйлайман гоҳида.
Бувим (ойимнинг онаси) дадамни бот-бот, ҳар
гал янги ибора, ташбеҳлар билан қилган дуойибадларини эшитиб, шундай хулосага
келганман. Уларнинг аксари ёдимда михланиб қолган.
«Ҳа, оғзи-бурнингдан
қон келсин, лаҳатга кўндаланг бўлгур - сан таги паст, кўрнамак!»
«Уйингга ўт
тушсин-у, тил тортмай ўл: мурдашў ўлигингни ювишдан ҳазар қилсин, тобутингни
кўтарадиган одам бўлмасин!»
Баъзан замонга
мослаштириб қўядиган одатлари ҳам йўқ эмас: «Апараста пайтида жонинг узилсин!
Моргдагилар адашиб, қавмларингга аёлнинг жасадини бериб юборсин!»
Дадамни, илк бор, мактабга борган йилим
таниганман. Дарсдан чиққанимизда, эшик
олдида бир амаки баримизга синчиклаб тикилаётганлиги, аниқроғи, кимнидир излаётганини
сезиб қолдик. Унинг нимадандир
ҳадиксираганча, жовдираган, аммо, битмас-туганмас меҳрга тўлган нигоҳлари,
бўйчан қомати, жуда танишдек эди. Бир маҳал у киши тўғри менинг олдимга келди.
-
Сан, Суннатулломисан?- сўради хавотир аралаш табассум қилиб..
Андак чўчиб, маъқул маъносида бош силкишим
билан мени бағрига босди: юзларим, бўйним аралаш ўпа кетди.
-
Мен - даданг бўламан!- деди, ҳаяжонларини жилла босиб олгач. Сўнг атрофга
олазарак назар ташлаб, соғлигим, ўқишим ҳақида пала-партиш саволлар берди,
алланималарни гапирди. - Отингни ўзим қўйганман - суннат бўлиб туғилгандинг…
Кейин жимиб қолди,
юзимга оталарча меҳр билан узоқ тикилиб турди, аллақандай ҳаловат, қониқишдан
бошини сарак-сарак тебратди. Охирида, учрашувимиз ҳақида уйдагилар билмаслиги
зарурлигини уқдирди. Ундан сўнг бот-бот
учрашадиган бўлдик.
Англашимча, опам иккаламиз ҳали боғчага қатнайдиган
пайтларда улар ажралишган экан. Бунга
кўпроқ бувим сабаб бўлганлар.
Бувим -
бизнинг меҳрибонимиз. У кишининг чоллари
(раҳматли) шўролар даврида мироблик
қилганлар. Шунчаки мироб эмас, туманлар, хўжаликларга сув тақсимлайдиган кичик
амалдор. Айниқса, сув танқис бўлган
йиллари яхши даромад қилган дейишади. (Бунинг боисини аълофаҳм ўқувчига
тушунтириш шарт эмасдир). Бувим шу
даромад-у, тўкинликка кўникиб қолганлар; фақат маош ҳисобига рўзғор
тебратадиган дадамдан норозиликлари ошиб бораверган.
Бувим табиатан тез
ловуллаб кетадиган, анчайин қасоскор, ўзларини ҳамиша ҳақ ҳисоблайдиган,
бошқалар менга йўл бўшатиши зарур, деб биладиган, замон ва вазият ўзгарганда
ҳам дигаргун бўлмайдиганлардан.
Аммо ойим билан
дадамнинг ажралишларига фақат у кишини айблаш инсофдан эмасдир. Ўзларидан ҳам ўтган бўлса керак. «Оила учун курашиш
керак», деб ўқигандим аллақаерда. Ойим бунинг ўрнига дадамдан кўпроқ шикоят
қилган ва бувимнинг кўрсатмаси билан иш тутган бўлса ажаб эмас. Оиладаги доимий
нохушликлардан тўйиб кетиб, шу йўлни танлашган улар. Дадам кейинроқ бошқа аёлга
уйланган, ундан бир ўғил, бир қизи бор.
2
Дадам қишлоғимиздан бирор чақирим
наридаги, шаҳарга туташ
интернат-мактабда ўқитувчи бўлганлар ўшанда. Бу ерда тарбиясига путур етган,
бир кори-ҳол қилиб қўйган, шумтакалар яшаб-ўқишади. У киши ҳозир мазкур мактабда директор
ўринбосари.
Тўққизинчи синфни битиришим арафасида
ҳужжатларимни қаерга топшириш масаласи оилавий баҳсу мунозарага айланиб кетди.
Бувим тоғамнинг йўлидан бориб, доришунос бўлишимни истаган бўлса, ойим келажакда жарроҳликни танлашим тарафдори эди. Бир тўхтамга келишолмай,
тажанглашганлари боисими ёки шу ўринда отанинг ўрни аён бўлганлиги сабабми,
бувим тағин дадамни қарғашга тушдилар.
-
Итга берсанг ошингни, итлар ғажир бошингни. Ҳа, бўйнигинанг узилсин, сан
ипирисқи итни!
-
Қани ўзинг гапир, қаерда ўқимоқчисан?- жим ўтирмади опам ҳам.
-
Шу қурилиш-ҳунармандчилик коллежига бориб қўяқоламан,- дедим, анча сукутдан
кейин, ўзим ҳам иккиланиб.
Бундай дейишимнинг бир талай сабаблари бор
эди. Бу коллеж уйимизга яқин, пиёда бориб келиш - йўл кирани тежаш мумкин. Бугина эмас,
мактабда расм чизишга андак қизиқиш пайдо қилгандим: деворий газеталарни
безаш, гоҳида шиорлар ёзишга кўмаклашардим. Мазкур коллежда буёқчилик, уйларга
гул чизишни ўргатишларини эшитган эдим.
Хуллас, аввал кўнишмаган бўлишса ҳамки, кейин инжилиб рози бўлишди.
Мактабда русча ўқиганим сабаб, ўзбекчада қийналиб қоламан, деб хавотир
тортгандим. Аммо бу ердаги муаллимлар меҳрибон кишилар эканлар: мослашиб
олишимга астойдил кўмаклашишди, дўстларим ҳам кўпайиб қолди.
Буни қарангки, коллежда, биринчи йилиёқ рассом сифатида танилдим.
Аксар шиорлар ёзиш, деворий газеталарни безаш зиммамга тушди. Сўнгги курсда
биноларни бўяш, нақш чиқариш ҳақида дарслар ўтган бўлишса-да, амалда яхши
ўргатишмади. Боиси: мазкур ҳунарга соҳиб бўлган муаллимнинг ўзи йўқ эди.
Ўқишни тугатишим арафасида эса, уйдагилар (бу гал баҳс-мунозарасиз)
ишни тоғамнинг корхонасида давом эттиришимни айтишди. У киши билан ҳам келишиб
қўйишган экан.
Тоғам, аниқроғи, муллатоғам…
3
У кишини Ҳожи Араббой дейишади. Лекин арабга ўхшамайди ҳам, алоқаси ҳам йўқ. Мен у кишини
кўпроқ Сталиннинг расмлари ёки кинолардаги қиёфасига ўхшатаман. Чеҳрасига ярашиқ бўлиқ мўйлови(ҳаждан келиб,
соқол ҳам қўйганди, аммо кейин қирдириб
ташлади)ни улуғворлик билан силаб қўйиши, қоп-қора сочларини орқага силлиқ
тараши, сокин ҳаракати,
дона-дона қилиб гапиришлари ва яна алланималари собиқ доҳийни ёдимга
солаверади. Шу билан бирга, тўйиб ухлаган, туйиб овқат еган, анчайин хотиржам, ўйчан кишини ҳам
эслатади у.
Тоғам ҳаж сафаридан кейин анча художуй бўлиб қолганди: намозу рўзани канда қилмас,
одамларга маслаҳат-у насиҳат беришни хуш кўрарди. Ҳозир унақамас: мачитга фақат жума кунлари
БМВ маркали машинасида, анча намойишкорона бориб келади. Қолган фарзларга,
эҳтимол, вақти йўқдир.
У киши мени эркалаб, «эркак»
деб мурожаат қилади. Ўзим ҳам шунга кўникиб қолганман ва тоғамни аллақандай
ҳадиксираш аралаш ҳурмат қиламан.
Шаҳримизда у
кишининг бир эмас, иккита дорихонаси
бор. Микрорайонда тўрт хонали квартираси, қишлоқда катта ҳовлиси бўлишига
қарамай, дарёвот томондан дала ҳовли ҳам сотиб олди. Аввал маҳалла саркори эди, аммо ариза бериб,
қутилди. Лекин шунга қарамай,
у киши билан маслаҳатлашиб туришади.
Билишимча, дадам ташлаб кетгандан кейин асосий
такягоҳимиз тоғам бўлиб қолган.
Хуллас, мен ана шундай обрўли кишининг дорихонасида ишлайдиган бўлдим.
Кўрайликчи…
Ойим билан бувим эрталабгача насиҳат қилиб чиқишди. Тоғам ҳаммани ҳам
ишга қабул қилавермаслиги, яхши ишласам, у кишидай бой-бадавлат бўлишимни
қайта-қайта такрорлашди.
Шаҳар марказидаги асосий дорихонада катта тоғам( у киши вос-вос касалига учраб, ўтган йил ўзларини
осиб қўйгандилар)нинг ўғли, тағин икки қариндошимиз сотувчилик қилишарди. Ҳафта
давомида у ерга шунчаки, кириб-чиқиб турдим. Бу маскандан дорини кўтара харид қиладиганлар анчагина эди;
уларнинг юкларини машинага ортишда
кўмаклашдим. Бирор ҳафтадан кейин, тоғам мени ичкарига - дори тайёрланадиган
хонага олиб кирди. Эшигига: «Бегона кишиларнинг кириши ман этилади» деб ёзилган
катта ва қоронғуроқ хонада кўпчилик шунчаки, «Опа» деб атайдиган аёл қизи билан
ва ўзбекчани бузиброқ гапирадиган Муршид деган ўсмир ишларди. Гарчанд бу орада
улар билан бир неча бор учрашган бўлсак-да, тоғам бизни тағин таништиришни
лозим топди.
-
Бу эркак - менинг жияним,- деди, - сизлар
билан ишласин, ўргатинглар. Опа, хабардор бўлиб туринг! Интизом масаласини
ҳамма қатори талаб қилинг!
Сўнг мен томон ўгирилиб,
Муршидни улуғлаб қўйди.
-
Бу - жуда қобил-мўмин бола. Ҳақиқий мусулмон. Иккаланг бирга бўл!
Шу тариқа иш бошлаб
юбордим. Бу ердаги юмушлар бир хил, жўн эди:
сиғими юз, эллик граммлик шиша идишларни обдон ювиб, артиб,
қуритиб, юзига «Албендазол» деб ёзилган
бир литрли идишдаги оқ рангли, қуюқ доридан уларга қуярдик, сўнг оғзини
беркитиб, ёрлиқ ёпиштирардик. Бу ёрлиқ
немис тилида битилгани сабаб, тушуниш қийин эди. Аммо улар жойланадиган картон
қутидаги варақда рус, ўзбек тилларида мазкур дори Берлинда ишлаб чиқарилгани,
инсон организмида яшайдиган гелминтларга
қарши ноёб эканлиги, шунингдек, қўллаш усуллари батафсил битилганди.
Опа жон куйдириб ишлар, бизга йўл-йўриқ кўрсатар,
шу билан бирга, ишимиз асрорларидан ҳеч ким воқиф бўлмаслиги зарурлигини
тайинларди.
Бирор ойдан кейин эса бошқа дорига талаб
ошганлигини айтишди. Биз қоплардаги унсимон, бадбўй дорига упа аралаштириб,
пластмасс идишчаларга соладиган бўлдик. Унинг реклама қоғозларида соч бити,
бургасига қарши самарали восита
эканлиги, шунингдек, каналарни ҳам нест қилиши тарғиб этилганди.
Муршид билан жуда иноқлашиб кетдик.
Тоғам айтгандай, у жуда қобил-мўмин эди. Кейинроқ менга аён бўлишича,
Муршиднинг отаси (раҳматли) ўзбек, онаси Месхетин туркларидан экан. Бундан чамаси ўн беш йиллар
муқаддам, яъни талотуп кунларда, қонга ташна аллақандай ғаламислар туркларга
қарши чиқишибди. Ўшалар бир куни Муршидларнинг уйига ҳам хат ташлаб кетишибди
ва агар ҳафта давомида кўчиб кетишмаса…
Аслида, бу - дағдағадан бошқа
нарса бўлмаса ҳамки, оила таҳликада
қолибди. Муршиднинг дадаси электр пайвандчи бўлиб, ўшанда тоғамнинг ҳовлисида
иссиқхона ясаётган экан. Устанинг дардидан воқиф бўлгач, тоғам мададини
аямабди.
-
Агар жуда хавотирланаётган бўлсангиз, менинг шаҳардаги уйимга кўчиб келинг:
уч-турт ойда бу бетайинлар тинчиб кетади, ҳукумат олдини олади,- дебди.
Муршиднинг отаси
ҳовлисини сотиб, тоғамнинг уйига кўчиб келибди. Кейин шаҳардан ҳовли олишибди.
Тоғамнинг бу
яхшиликларини Муршид бот-бот эътироф этганда, фахрланиб қўяман ва шунинг
баробарида дўстимга меҳрим ошгандай
бўлади. Гарчанд такрор бўлса ҳам, унинг беозор, ишчан, сертавозе эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. Аммо шу ёшда бунчалик
художуйлиги, ирим-сиримга муккасидан кетиши, жинлар ва арвоҳлар ҳақида ўзи
афсоналар тўқиб, ўзи чиппа-чин ишонишидан кулгим келарди.
- Сен русча
ўқигансан-да, буларнинг фаҳмига бормайсан,- дерди, эътирозларимга жавобан.
Муршид, негадир, Худо ягоналигини
такрорлашдан чарчамасди, гоҳида қўйнида
инжил бўларди ва атрофга аланглаб,( у опани, айғоқчи, деб биларди) Исо Масеҳни
улуғлаб қўярди. Бу ҳол дастлаб менга ғалати, нотабиий бўлиб туюлса-да,
кейинчалик эътибор бермай қўйдим. У, масалан, кино, концертга боришни
хушламас, ишдан кейин
ибодатга шошилаётганлигини таъкидларди. Бора-бора мени ҳам даъват этадиган, қалбида Яратувчини
эъзозлаган банда ўзгача оламга кириб қолиши, покланишини уқтирадиган бўлди.
4
Бир куни ишдан кейин унга
эргашгим келди. Шифохонанинг ортидаги торроқ кўчага киришимиз билан, ўнг
томонда «Ибодатхона» деган ёзув кўзга ташланди. Ичкарида тумонат одам; уларнинг
аксари биз тенги ёшлар ( ўзбек ва тожиклар) эди. Залга кириб жойлашдик: ибодат
бошланди. Йўғон бўйни боши билан бирлашиб кетган амаки ваъз айтишга киришди. Ҳар биримизнинг
қалбимизда Худо бўлиши зарурлигини таъкидлагач, қўлга Инжилни олиб, фалон оятни
ўқишни буюрди. Тўпланганлар жўр бўлишди.
«Раббим Исо! Мен сенга
муҳтожман, хочдаги ўлиминг ва тўлаган товонинг учун сендан миннатдорман!
Қалбимни сенга очаман ва сени нажоткорим деб қабул қиламан! Ҳаётимни ўзинг
бошқар ва мени ўзинг хоҳлагандек қилиб ўзгартир! Абадий ҳаётда сен билан бирга
бўлишни истайман! Омин».
Шундан кейин Худо йўлига
эҳсон қилишимиз зарурлиги таъкидланди ва биз томон бахмалдан тикилган халтани
узатиб юборишди. Ваъз айтувчи амаки Худо қанчадан эҳсон қилаётганимизни кўриб
турганлигини таъкидлади. Мен аввал икки юз сўм бермоқчи бўлгандим, аммо
аллақандай таъма дилимни ғаш қилди ва юз сўм ташладим. Кейин ўзбек тилига
таржима қилинган инжил ва Исо Масеҳ ҳаёти акс эттирилган DVD дискларини сотиб олишимиз
зарурлигини уқдирган бўлишди. Ҳалиги
бўйни йўғон амаки тағин микрофонни қўлига олиб, шанғи овозда, икки соат давомида
Исо Масеҳни улуғлади.
-
Дилида эътиқоди, ғояси бўлмаган кишининг роботдан заррача фарқи йўқ,- деб
нутқини якунлади у.
Рости гапки, зерикиб кетдим ва
дўстимга қайтиб келмаслигимни айтдим. У бундай рафторимни кутмагани сабаб,
ажабланди.
Ўша куни энди иш бошлаймиз,
деб турганда ишхонамизга тоғам кириб келди ва Муршид иккаламизга дори олиб
келишни тайинлади.
-
Телефонлашиб қўйганман - мошин ташқарида турибди: гижжа доридан ўн пачка, бит
доридан икки қоп олинглар,- деди.
Машинамиз қишлоқ
хўжалик институти ёнидаги пештоқига «Ветеринария дорихонаси» деб ёзилган дўкон
қаршисида тўхтади. Ичкари киришим билан бурнимга гуп этиб, бадбўй ҳид урилди. Дунёда ҳамма дорихоналарнинг ҳиди
бир хил бўлади, деб эшитган эдим. Аммо бунисиники бошқача - сассиқроқ эди. Зеро
чорва моллари, паррандалар учун дорилар,
уларнинг зараркунандаларига қарши заҳарли кимёвий моддалар сотиладиган дўконда
шундай бўлиши табиий ҳолдир.
Бу ерда эътиборимни тортган иккинчи ҳолат -
от, қорамол ва паррандаларнинг жуда жонли қилиб чизилган ва деворларга илинган
плакатлари бўлди. Рассом бу жониворларни ям-яшил ўтлоқ фонида меҳр билан
чизганлиги, ишининг устаси эканлигидан
далолат берарди. Муршиднинг таниши бизни
омборхонага олиб кирди. Бу ердаги деворда чўчқалар, каламушларнинг
бесўнақайроқ расмлари ёпиштирилган бўлиб, улар кишида анчайин нохуш ҳис
ўйғотарди. Муршид ҳалиги кишига муддаони тушунтиргач, у қия очиқ эшик томон
ўгирилди ва ташқаридаги шерикларидан тожикчалаб сўради:
-
Ҳожи ака пул ўтказганми?
-
Сталинми?- сўради ташқаридаги шериги ва
дарҳол жавоб берди: - Ўтказган!
Жилла сукунатдан
кейин давом этди: - Униси одамларни отиб ўлдирганди, буниси заҳарлаб…
Улар кулишди.
Учинчи овоз ( буниси ҳам тожикчалаб) қўшиб қўйди.
- Балки Сталинмас, Гитлер қилаётгандир
- дори Германияда ясалаябди-ку!
Улар қаҳ-қаҳ отиб кулишди.
Бу одамлар тоғамни назарда тутишдими, бошқаними яхши англолмай қолдим. Дилимда
эса нохуш бир кайфият уйғонди. Юкни олиб
келганимиздан кейин Опа норози оҳангда сўради.
-
Этикетка қани?
-
Бизга айтишгани йўқ,- тўғрисини гапирди Муршид.
Опа тоғамга телефон қилиб сўраганди, у киши
босмахонадагилар улгуришмаганини маълум
қилди ва эртага иккаламизни юборишни
тайинлади.
Аммо эртаси…
Муршид кириб келиши
заҳотиёқ, унинг кайфияти бузуқлигини англадим.
-
Ҳа, тинчликми?- сўрадим хавотирланиб.
-
Чатоқ,- деди у хомушгина,- эрталаб ботинкамнинг ичидан каламуш чиқиб қочди -
қўрқиб кетдим.
-
Хўш, нима бўбди?
-
Назаримда, у каламуш эмас - ёвуз куч, қора шарпа! Гуноҳларим эвазига Худо
юборган жазо. Бу ерга келиб, уволга қўл урдим.
Кейин илтижо
қилишга ўтди:
- Раббим Исо! Мен гумроҳни муқаддас қонинг билан юв! Сен муқаддассан,
мени ҳам муқаддас қил! Кечир! Кечир! Кечир!
- Кўрасан-у,- деди бир оз сукутдан кейин,- бир фалокат юз беради -
кўнглим сезиб турибди.
-
Қўйсангчи…
-
Сен ишонмайсан, уйимизга хат ташлангандан
олдинроқ ҳам ойим тушида
каламушларни кўрган.
Шундай қилиб, биз
одатдагидек иш бошлаб юбордик.
Опа ёрлиқларни олиб
келишимизни қистайвергач, йўлга отланаётганимизда, тоғам кириб келди. Унинг
важоҳатини кўриб, чўчиб кетдик.
-
Сен мана бу ерга ўтир!- буюрди у Муршидга стулни кўрсатиб, тўнглик билан. -
Кеча ишдан кейин қаерга бординг?
У
ибодатга борганини, аммо буни пинҳон тутишини билардим. Бу гал эса яширмади.
-
Ибодатга,- деди, ранги-қути учиб.
-
Қанақа ибодатга?- зарда аралаш овозини
кўтарди тоғам. - Ўрис мачитгами?
-
Ҳожи бово, Худо битта-ку,- деди у, бошини кўтариб.
Бу жавобдан тоғам тутақиб кетди, юзи таниб бўлмас даражада ўзгарди,
мўйлови шалвираб қолгандай бўлди.
-
Ярамас! Сан мусулмоннинг боласи-ку! Черковда п… борми санга?! Диёнат қани?
Увол-ку! Ғаламис, буни ҳам олиб борибсан!- деди, мен томон имлаб. - Гуноҳдан
қўрқмадингми? Гуноҳдан?!
Таҳқирланган
Муршиднинг сабр-косаси тўлиб кетди:
-
Мен Худо олдида битта гуноҳимдан қўрқаман, - деди у,- одамларга чўчқа дори егизаётганимдан.
Тоғам бундай
жавобни кутмаган эди: ўзини тутолмай:
«Кўрнамак!» деди ва Муршиднинг чаккасига тарсаки тортиб юборди. Унинг кўзидан ёш тирқираб кетди. Мени зоҳирий
ваҳима босди. Муршид вазминлик билан андак сукут сақлаб турди-ю, кейин секин
ташқарига йўл олди ва тўхтаб, орқасига ўгирилди.
-
Сиз мени урдингиз, сизни Худо уради!- деди-ю, зарда билан чиқиб кетди.
Тоғам жаҳл устида ошириб
юборганини фаҳмладими ёки Муршид
пинҳоний ишларимизни валдираб қўйишидан чўчидими, анча юмшоқ оҳангда деди:
-
Ҳали хатоларингни тушунасан! Кимнинг уммати эканлигингни унутиб қуйибсан, сан
гумроҳ, гўсала!
Аммо бу гапларни Муршид
эшитмади - у кетиб қолган эди. Ана шу нохуш машмашалар кутилмаганда, кўз
очиб-юмгунча содир бўлди; кейин баримиз аста-секин тарқалдик. Эртаси ишга
боргим келмади. Рости гапки, бу нохушликлардан сўнг тоғамнинг кўзига қарашга
юзим чидолмаслигини сездим. Индини ҳам,
бувим билан ойимга баҳона тўқидим.
5
Шу-шу бўлди-ю, гўёки,
пойафзалимнинг ичида каламуш қаққайиб
тургандай, пойгакка қарашдан чўчийдиган, қачонлардир ана шундай кўнгилсиз
учрашув мен билан ҳам рўй берадигандай дилгир хаёлдан хавотирланадиган бўлиб
қолдим.
Бирор ҳафтадан кейин уйимизга тоғамнинг дорихонада ҳисобчи бўлиб
ишлайдиган ўғли кириб келди. Баримиз унга эҳтиромлар кўрсатдик.
- Дадам юбордилар,- деди меҳмон,- Муршидни топиб, икковинг эртаданоқ
ишга чиқаркансан; уни кечирибдилар.
Аммо Муршид у ерга қайтиб бормаслигига ишончим комил эди. Кейинроқ
ўзим ҳам уйдагиларга бошқа юмуш топишимни айтдим. Бу ҳолатдан улар ташвишга
тушишди, бувим, одатдагидек, отамни қарғашга киришди.
-
Буни ўша жувонмарг, шумқадам йўлдан урган! Илоҳим, хулиган болалар пичоқлаб кетсин сани!
Икки-уч ҳафталик
бекорчиликдан кейин зерикиб, дадамнинг олдига бордим. У киши хонасида эди, мен
билан бош силкиб саломлашиб қўйди-ю, қаршисида қўрқа-писа ўтирган ўсмирга
дағдағасини давом эттирди:
- Ҳай, ҳўкизвой,
нега ундай қилдинг? Гапир, бадбахт! Бизни шарманда қилдинг-ку. Сан
гарданшикастадан умид шумиди?!
Бола бошини хам қилганича сукут сақлаб ўтиравергач, дадам ўзгача
оҳангда давом этди. - Ўша шоир бизнинг меҳмонимиз эди, ўзимиз таклиф этгандик,
сизларга шеър ўқиб бергани келганди. Сенга ўхшаганларни одам қилиш ниятида….
Гап оҳангидан шу нарса аён бўлдики, шоир ватан ҳақида
берилиб шеър ўқиётганда, бу шатрама
пешонасини мўлжалга олиб, помидор билан туширибди. Боладан садо
чиқавермагач, дадам унга жавоб бериб юборди.
Бўлиб ўтган
воқеалар тафсилотини андак юмшатиб гапириб берган эдим, дадам надомат чекди..
- Майли, бўлган иш бўлибди,- деди, ашрафлик
билан, аммо энди бекор юриш яхши эмас. Сани бўёқчиликка, расм чизишга лаёқатинг
бор эди. Бир устамиз бор: истасанг, шунга шогирд қилиб қўярдим.
-
Бу ерга келиб-кетолмайманку,- эътироз билдирдим, кўз ўнгимга баджаҳл бувимни
келтириб.
- Хавотирланма, уста бошқа жойда
ишлайди,- тинчлантирди у.
Мен кўндим, аммо кечқурун
вазият тағин ўзгариб қолди. Уйдагилар
поччам (у қурилиш факултетида аспирант), опамни чақиришган экан. Тақдиримни
эса менсиз ҳал қилиб қўяқолишибди.
-
Бекор юришингиз яхши эмас,- насиҳатомуз гап бошлади поччам,- бирор жойда ўқиш
ёки ишлаш керак.
Атрофидагилар уни қўллаб-қувватлагач,
давом этди. - Агар бизнинг факултетда
ўқиш ниятингиз бўлса, каналлар излаб кўраман. Ҳарҳолда, ёмон бўлмайди - олий
маълумот оласиз. Бунинг устига, ўзингизда ҳам шу соҳага иштиёқ бор.
Менинг ўрнимга ойим билан
бувим жавоб беришди, аниқроғи, ўқиш зарур эканлигини таъкидлашди. Мен иккиланиб
қолдим.
Поччамнинг озгина дарси ҳам
бор, студентлардан пул оладими, йўқми - билмайман, аммо диссертациясини ёқлолмай юрганидан хабардорман. Мен эса ўқийман, деб ойимнинг арзимас маоши
ёки бувимнинг нафақа пулига кўз тикиб қолишдан хавотир тортардим. Кўнглимнинг аллақаерида эса бу олийгоҳда буёқчилик, рассомчиликни
ўрганарман, деган илинж ҳам йўқ эмасди.
Шундай қилиб, кириш имтиҳонларига тайёргарликни бошлаб
юбордим. Ниятимни эшитиб, дадам ҳам қувонди.
- Мана бу
бетайинларни кўриб, сенинг тақдирингдан хавотир тортаман,- деди у.- ўқисанг,
зарар қилмайди.
Аммо имтиҳон арафасида билимимни синаб кўрган поччам, иккиланиб қолди:
бошқа канал излаш керак, деган хулосага келди. Ойим шифохонадагилар (у ишини,
жамоасини жуда қадрларди) билан гаштак ўйнар, яъни ҳар ўн беш кунда йиғилишар
ва ўртага пул ташлашарди. Билишимча, у бир йиллик жамғармасини поччамга чўзди.
Кириш имтиҳонида эса менга дангал кўмаклашишди.
-
Тест саволларини белгиламай туринг,- тайинлади поччам кириш олдидан.
Мен уларни ўқиб турганимда,
бир киши чаққонлик билан келди-ю, бир неча кишининг, шу жумладан менинг ҳам
билетимни олиб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг эса жавоби белгиланган билетларни
ўша тезкорлик билан тақсимлаб чиқди.
Камина шу тариқа студент
бўлиб қолдим. Қани, «олтин давр»ни ҳам бир бошдан кечириб кўрайлик-чи…
Дастлаб чизмачилик, тарих,
ҳуқуқшунослик, математика фанларини ўтадиган бўлдик. Домлалар бизга билим
беришга астойдил ҳаракат қилишар, тартиб интизом, талабчанлик меъёрида эди;
ҳамкурслар билан ҳам тез иноқлашиб кетдим. Уч ойдан кейин биринчи
имтиҳонлар (бу ерда оралиқ, дейишаркан)
бошланди ва кўпчилигимизни зоҳирий хавотир босди. Фалон домланинг ставкаси
фалон сўм эканлиги ҳақида гаплар оралаб қолди. Аммо мен пухта тайёрландим ва
бари имтиҳонлардан ўтиб олдим. Гап шундаки, гуруҳимизда пул бериб, баҳо олишга
иштиёқмандлар анчагина эди ва улар бошларини қотирмай шу ўнғай йўлни
танлашди. Кейин адабиёт ҳамда социология
деган фанлар қўшилди. Мактабда
адабиётдан «беш» олардим, талай бадиий китобларни ўқиганман. Шунинг учун бу
фандан қийналмадим. Аммо социология деганларини ҳарчанд қилсам: астойдил
тингласам, ўқисам ҳам ҳеч вақони тушунолмай қолавердим.
-
Дилида эътиқоди, ғояси бўлмаган кишининг роботдан заррача фарқи йўқ,- деди бир
куни мазкур фандан дарс берадиган домла.
Мен зўр бериб, бу каломни
аввал қаерда эшитганимни хотирлайбошладим ва ниҳоят, ибодатхона ёдимга тушди.
Домла давом этарди:
-
Юртимиздаги айрим ёшларнинг фожиаси шундаки,
уларда айнан, эътиқод ва ғоялар суст. Шунинг учун ҳам баъзилар ўз
ватанига хизмат қилиш, уни гуллатиш ўрнига ўзга юртларга бориб ишлашади. Буниси
ҳам майли: эътиқодсизлик, ғоясизлик оқибатида
гиёҳвандлик, ичкилик, фаҳш ва бошқа нохуш йўлларга киришади, ҳатто қонга
ташна оқимларга ҳам, ҳеч иккиланмай
қўшилишади.
Шундан кейин эса
шўролар замонидаги пуч ғояларни роса танқид қилди.
Дарс охирида курсдошларимдан бири кўнглимдаги саволни бериб қолди:
-
Биз қанақа эътиқод ва ғояларга эга бўлишимиз керак?
-
Бу ҳақда келгуси дарсларимизда сўз
юритамиз,- мухтасар қилди домла.
Аммо шу орада тағин имтиҳонлар бошланиб кетди. Социология фанидан дарс берган домланинг
соққаси ойимнинг бир ойлик маошига тенг эканлигни эшитиб, ўксиб кетдим.
Кимларнингдир ярасини ювиши, ифлосликларини тозалаши эвазига топадиган пулни шу
жипириқ ғояпурушга бергим келмади.
Бундан ташқари, курсдошларимдан эшитган айрим маълумотлар мени
ўйлантириб қўйганди. Ўтган йил факултетимизни битирган эллик кишидан атиги
саккиз нафари ўз соҳаси бўйича ишга илинибди. Улар ҳам қурилишда ҳисобчи,
табелчи экан. Қизларнинг аксари уй
бекаси бўлиб, фақат иккитаси савдо-сотиқ билан банд экан. Йигитлардан ўн беш
киши Россия, Қозоғистонга ишга кетганлигини айтишди, аммо нима юмуш билан бандлигини
ҳеч ким билмасди.
Нохуш статистика. Шундай эмасми?
Буларнинг бари кайфиятимни жуда бузганди, уйга бориб ҳам дилим
ўртанаверди, уйқум учиб кетди: тўлғаниб
ётдим.
Тунда ташқарига чиқаётганимда эса, кутилмаган, ғалати ва жуда
кўнгилсиз ҳол рўй берди: пойгакдаги пойафзалимнинг ичида каттагина каламуш
менга тикилиб турганини кўриб қолдим ва сесканиб тушдим. Атрофга аланглаб,
кўзим соч ювадиган шампунга тушди ва уни
олиб, иблисга қарата улоқтирдим. Каламуш йўқолди. Аммо дилимдаги беҳудуд ғашлик
чандон ошганича қолаверди. Беихтиёр, Муршидни эсладим ва бу ҳол қанақа
дилсиёликни олиб келиши мумкинлигини ўйлаб қолдим.
-
Хўш, пул нима бўлди?- сўради гуруҳ сардори мени учратиши биланоқ. - Ё чўзиш
керак, ё курсда тағин бир йил қолиш…
-
Мен учинчисини танладим,- унинг сўзини бўлдим, қатъий қилиб,- институтдан
кетаман!
6
Уйдаги дилсиёликлар кўлами кутганимдан ҳам
ошиб кетди. Ойим роса кўз ёши қилди, бувим отамни янгидан-янги иборалар билан
қарғади, поччам ялинди ва ҳоказо.
Ўн беш кунлар
чамаси бекор юргач, уйимизни таъмирлашга киришдим: ганч, оҳак, бўёқ олиб
келдим; қулаган, емирилган жойларни ямадим; эшик, ромларнинг рангини қиртишлаб,
қайтадан бўяшга киришдим. Девор ва шифтни локлаб чиққач, гул чиқардим. Буни
кўриб, уйдагилар қувонишди. Дадамнинг олдига борганимда, бу хақда
гапиргандим, у киши ҳам хурсанд бўлди.
-
Қўли гул, бир уста биродарим бор: у билан минг йиллик дўстмиз - шунга озгина
шогирд тушсанг, тузук буларди,- деди.
Бу таклифни ўқишга киришдан
олдин ҳам айтганини эслаб, рози бўлдим. Биз эртаси устанинг олдига борадиган
бўлдик.
Шаҳар чеккасидаги бу янги ҳовли каттагина
майдонни эгаллаган бўлиб, у кўпроқ
омборни эслатарди. Айвонда, ҳовли юзасида қутилар, целлофон қоплар - уларнинг
ичида турли либослар, пойафзаллар борлигини эса расмлар, ёрлиқларидан билиш
қийин эмасди. Кейинроқ менга аён бўлишича, буларнинг бари бир бева аёлга тегишли экан.
У кўпроқ Хитой, Эрон давлатларида бўлиб, ўша ёқдан товар жўнатаркан. Бу ердаги
қавмлари уларни дўконларга тарқатишаркан.
Бўйчан, кўринишдан эмин ва
хушфеъл уста айвон деворига кашта нақшини чизаётганди. Унга дафъатан кўзи
тушган киши деворга янги кашталар таранг тортилиб қоқилган, деб ўйларди. Мен
бундай нақшни биринчи бор кўраётгандим, шунинг учун, жуда ҳайратландим. Уста
мен билан дадамни кўрди-ю, қўлини,
негадир инкор маъносида тебратабошлади:
-
Керак эмас! Керак эмас!
Мен ажабландим. Яқинлашиб боргач, дадам кулиб гап бошлади.
-
Уста Бақо, «берди»сини айтмай, одамни уриб ўлдирманг-да! Бу - ўзимнинг ўғлим,
-
Шундайми?- деди у, анча хотиржамлик билан,- мен тағин ановулардан олиб келябсизми,
деб қўрқибман.
Улар кулишди.
-
Йўқ, унақаларданмас, бунинг шу касбга меҳри бор,- деди дадам.
-
Бу бола аввалги аёлингизданми?
Менинг учун нохуш
саволга жавобан, дадам бош силкиб
қўяқолди. Эртаси жомакоримни халтага солиб, тўғри шу ерга келдим. Уста
катта айвоннинг баланд деворига Регистоннинг расмини чизишимизни айтди. Бунинг
учун эса деворни тайёрлашимиз, усталар тили билан айтганда, «грунтовка»
қилишимиз керак эди. Бу юмушни зиммамга олиб, ишни бошлаб юбордим. Устанинг
мендан ташқари ҳам бир шогирди бор эди, у ганчдан чорчўп ясаб берди-ю, қаёққадир кетиб қолди.
Менга дастлаб анчайин
бадқовоқ бўлиб туюлган уста, тушдан кейин очилиб кетди.
-
Кеча дадангга «керак эмас» деганимнинг боисини тушунтириб берай санга,-
сўзамоллик билан давом эттирди у. - Бир куни ўша безори болалардан иккитасини эргаштириб
келди. «Уста Бақо, - деди, - сиз билан минг йиллик дўстмиз, бирга ўқиганмиз. Шу икковининг
қўлини ўнглаб берасиз». Рози бўлдим.
Тушгача айтганимни қилиб турди. Кейин қарасам, биттаси бурчакда сўлжайиб
ётибди. Бир кори-ҳол бўлдими, деб олдига борсам, нокаснинг қўлида шишача - бензин ҳидларкан.
Вой, баччағар, дедим, шу ҳам иш бўлдими? Иккинчиси десанг, ногаҳонда йўқолиб
қолди. Сўнг билсак, шогирд иккаламизнинг чўнтагимизни тозалаб, жуфтакни ростлаб
қолибди. Дадангни кўриб, Навоий бобомизнинг шеърларини ёдига солдим:
Гар кучук бирла
хўтукка қанча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, эшак бўлур, бўлмаски асло одами…
Даданг бу
ақидага кўнса-чи, энди. Тажанг бўлиб, буларнинг орасидан чиққан кандидатлар,
прокурорларни санашдан чарчамайди. Ўша бетайинларни яхши кўради, ишонади. Икки
ойлардан кейин тағин иккитасини эргаштириб келди. «Иккови ҳам қишлоқдан чиққан
болалар, шулар бирор ҳунар ўргансин, дейман. Уларга ишонаман! Сиз билан бир ой
юрса, ишингизни ўрганиб олади, аммо бирор ёққа чиқиб кетишмасин», деди. Кўндим.
Ҳалигилар тушгача ишлашди-ю: «Қишлоқда акамизнинг тўйи бор эди - сизни ҳам
хабар қилган» дейишди. Иложсизлигимни айтгач, «Ундай бўлса, рухсат берсангиз,
бориб-келсак», деб қолишди, бўйинларини хам қилиб. Бунисига ҳам рози бўлдим. Шу
кетишда уч кунгача дарак бўлмади. Кейин келасолиб, товба-тазарру қилишди, менга
тўн кийгизишди. «Бу сизнинг ҳаққингиз экан» дейишди.
Дилимга ўт тушиб, дадангни олдига
бордим. Бари гапни айтган эдим, кайфи учиб, ўзимни койиб берди: «Улар ҳеч ёққа
кетмасин, дегандим-ку: иккаласи ҳам учига чиққан киссавур! Кимларнидир қон
қақшатиб келибди-да, даюслар! Тўнни ҳам шунинг учидан олишган».
Орага жимлик чўкади. Бир оздан кейин уста
Бақо давом этди:
- Булар меҳнат қилиб, нон топишга кўникмаган
бахтиқаролар. Кўпининг таги паст, палаги
тоза эмас: суриштириб борсанг, бузилган оиланинг фарзанди бўлиб чиқади ёки
аллақапдай нопок аёлдан, алкашдан дунёга келганлиги билинади. Бирор ҳунар
ўрганай, ҳалол нон топай, беминнат кун кўрай, деган фикр калласида йўқ! Шунинг
учун Саъдий ҳазратлари ёзадилар:
Ўз меҳнатила нон
еган киши,
Ҳотам миннатидан озод ёз-қиши.
Бу гапларни эшитиб, дадам иккита шогирдини ҳунар ўрганиш учун таниш сартарошга бергани ёдимга тушди. Ҳуворилар кечгача
турибди-ю, ҳа йўқ, бе йўқ, сартарошни дўппослашибди. Кейин бирор тийинини ҳам
олмай, қочиб қолишибди. Дадамни роса олиб-бориб олиб келишганди.
Хуллас, биз Регистон мажмуасини чизишни бошладик. Бу жуда катта
ҳажмдаги, масъулиятли иш эди. Нуқул мумтоз шоирлардан шеър ўқийдиган, мазмунини чақиб беришдан чарчамайдиган
сўзамол устанинг ногаҳонда камгап бўлиб қолганлиги ҳам шу масъулият юкидан бўлса ажаб эмасди. У кишининг ихтиёрида эскиз ўрнига салобатли
Регистоннинг турли ҳолат-у масофадан акс эттирилган, бир неча плакатлари, фотолари бор эди.
- Суннатулло,- деди қалам билан тарҳ чизаётган уста,- сан узоқроққа
бориб, синчиклаб қара, бирор жойини бузиб қўйсам - айт, айниқса, симметрияга
эътибор бер.
Эртаси эса уста менга кошинларни бўяшни буюрди.
- Гумбазларни
ўзим бўяйман,- деди, у жуда нозик иш.
Бўёқлар чет элдан келтирилган
бўлиб, сув ва қуёш таъсир этмайдиган хилидан эди. Қадимий усталар Регистонни бўяшда ўттиз хил
рангдан фойдаланишган, дейишарди. Биз бўлсак, етти хил ранг тополдик, холос. Бу
ерда жуда катта аниқлик талаб қилинар ва уни бузиб қўйишимиз мумкин эмасди.
Иккаламиз ҳам ишга шунчалик берилиб кетган эдик-ки, гоҳида тушликка чиқишни
унутиб юборардик ёки қоронғу тушгач, лампочка ёқиб ишимизни давом эттирардик.
- Бизнинг
Бухорода «Рўзата фурўш-у, рўшнойи хар», деган нақл бор - қани каттароқ лампочка топиб келинглар,- деб
қоларди уста бундай пайтларда.
Гарчанд Регистон ҳовлисининг
саҳни тошфарч бўлса-да, уста ям-яшил ўтлоқ расмини чизди ва сўрамасимданоқ
бунинг боисини тушунтирди.
- Фон
масаласига ижодий ёндашиш керак. Шундай қилсанг, айрим қусурлар ҳам
хаспўшланади.
Ишни тугатгандан кейин эса дафъатан енгил тортдик. Ҳовлининг турли
бурчакларига бориб, биргаликда яратган, ўз иборамиз билан айтганда, монументал
Регистонни томоша қилишдан тўймасдик.
- Бу касбни қаердан, қандай
қилиб ўргангансиз?- сўрадим, ҳайратим ошиб, ҳамда унинг кайфияти чоғлиғидан
фойдаланиб.
Уста Бақо саросималанмай, солиҳлик билан батафсил ҳикоя қилишга
киришди.
- Аслида, Бухородан Самарқандга ўқишга киргани келгандим, аммо
бўлмади. Пулим тугагани сабаб, мардикор бозорига чиқдим. Бир ганчкор уста мени олиб кетди;
қоришма тайёрлаб берардим, у киши нақш чиқарарди. Кейин нақшларнинг устини
бўяшни, бора-бора гул чиқаришни менга буюрадиган бўлди. Устознинг касбини
ўрганишим зарурлигини ўзим ҳам ҳис этдим.
Тангри кушойиш берди: йил ўтмай, у кишига куёв бўлдим. Начора, насибамиз шу томонларга сочилган экан…
Эртаси хўжайин келиб, ишимизни
кўришини айтишди. Биз енгилгина хавотир тортиб, тайёргарлик кўрабошладик: атрофларни тозаладик,
ҳар ер-ҳар ерга тегиб, қотиб қолган ранглар, ганчларни қиртишладик.
Опанинг ташрифига эрталабданоқ тараддуд бошлаб юборишди: ҳовлини
пиёздоғ, сихкабоб ҳиди тутиб кетди. Бизга нотаниш кишилар пайдо бўлишди.
Бу жувонга таъриф берадиган бўлсак, унинг бағоят сулувлигини, чет
элнинг ноёб либослари тўладан келган қоматига
чиппа ёпишиб турганлигини таъкидаб ўтишга тўғри келади. У аввал пойафзал
қутилари олдида тўхтаб, атрофидагилардан алланималарни суриштирди ва биз томон
ўгирилди ҳамда Ўзбекистоннинг етти
муъжизасидан биринчисининг аксини кўриб, нимтабассум қилди. Уста иккаламиз
енгил тортгандай бўлдик. Хоним
яқинлашгач, енгилгина таъзим бажо келтириб, салом бердик. У расмга узоқ тикилиб
турди.
- Нимадир етишмаётгандай,- деди, дудмал қилиб.
Унинг малоҳатидан лол бўлиб турган уста, гарчанд, туйғулар пинҳон
тутиладиган вазият бўлса-да, лутф ва табассум билан изоҳ берди.
-
Хоним, қуёшга, гўзал аёлга ва санъат асарига
сал узоқроқдан назар ташлаш керак - тўрт-беш қадам орқага тисланиб,
томоша қилишингизни сўрардим.
Аёл ширин кулди,
хиёл орқароққа тисланди ва расмга қараб тағин жилмайди. Лекин у нимадир дейиши,
ўзини бу соҳадан хабардор қилиб
кўрсатиши керак эди.
- Ранги сал пастроқ
эмасми?
- Дидингизга қойилман,-
илиб кетди уста,- биз атайин шундай қилдик - асл нусхага ўхшасин, дедик. Истасангиз, бўёқларини қуюқроқ қиламиз…
- Йўқ,
қўяқолинглар,- деди у ва кетатуриб, ёнидагилардан сўради. - Булар тушликка
чиқишганми?
- Энди чиқишади.
- Яхши зиёфат қилинглар, уларни! Кифтини
келтиришибди!
Хоним тағин биз
томон ўгирилди, устага кулгичларини намоён этиб, шоирона лутфини ҳам аямади.
- Яшилликка маскан Регистон…
Уста бу
соҳибжамол билан андак ҳамсуҳбат
бўлгиси, хушомадлар қилгиси келаётганини фаҳмлаш қийин эмасди. Аммо жувон гапни мухтасар қилиб, хайрлашди.
Ҳамма чиқиб кетгач, уста Бақо эҳтиросларига эрк берди.
-
Ҳазрат Навоий ёзадилар:
Мени
мен истаганлар ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени
истар кишилар суҳбатин кўнглим писанд этмас.
Жилла
танаффусдан кейин давом этди: - Фузулий ҳазратлари ёзадилар:
Ул
паривашким, малоҳат мулкининг султонидур,
Ҳукм
онинг ҳукмидур, фармон онинг фармонидур.
Ювин,
энди зиёфат қуюқ бўлади.
Устанинг
қанча ҳақ олгани менга қоронғу бўлиб қолди, зеро бунга қизиқишимнинг ўзи
одобдан эмасди. Менинг ҳам қўлим пича пул кўрди. Бировнинг чўнтаги билан
қизиқмаслигингизни биламан, шунинг учун, қанчалигини айтишим шарт эмас.
- Энди Ургутга борамиз,- деди уста, - бир бой танишимиз янги иморат солиб,
бўятган ҳам. Шунга нақш чиқаришимиз керак. Тағин ёдингда тут: қиладиган
бўлсанг, бойнинг ишини қил!
Орада бир кун дам олдик ва эрталаб Ургутга отландик. Бизни эҳтиром
билан кутиб олишди ҳамда фақат меҳмонхона билан айвонга нақш чиқариш
кераклигини айтишди.
Бу орада менга шу нарса аён бўлдики, уста Бақо кўп йиллар давомида
қадимий китоблар муқовасидан, майдамихча деб аталадиган сандиқлар юзасидан, турли вилоятларга хос кашталардан нусхалар
кўчириб, қолип ( бизнинг ибора билан айтганда, трафарет) тайёрлаган экан.
- Бу жуда қийин иш эди, аммо эринмадим. Бундай қолип фақат манда бор.
Бир-икки ҳамкасблар нусха сўради - бермадим.
- Нега бермадингиз?- сўрайман.
–
Шартмас,- дудмал қилди у. - Ана шунақа нусхаларни
Тошкент, Москвада ҳам жуда қадрлашади. Бултур Москвада бир бизнесменнинг
дачасига сандиқ нақшларини чизиб бергандим, буюртма кўпайиб кетди. Аммо совуқ
тушди, келиб қўйдим. Бу йил боришга ваъда берганман. Ҳали бунақа нақшларнинг
қадри ўзимизда ҳам ошиб кетади. Ҳозирча моҳиятига етишмаябди…
Уста асосан, Шаҳрисабз, Китоб
кашталари нусхасини танлади ва биз иш бошлаб юбордик. Бу анча осон ва ўнғай
эди. Қолипни деворга михлиб, устидан бўярдик, холос. Аммо уста хўжайинни
кўрганда, негадир, иш жуда қийин кечаётганлигидан шикоят қилар, гўёки туни
билан ухламай меҳнат қилганимизни гапириб қоларди. Бу орада, иш санжоблигидан,
(у кишининг рухсати билан, албатта),
айрим қолиплардан нусха кўчириб олишга ҳам улгурдим.
–
Ишни тугатсак, Москвага бирга борамиз,- деб қолди уста,
пича пул ишлаб келайлик - ўғилни уйлантириш керак.
Мен маъқул ишорасини қилиб,
бош силкиб қўйдим.
7
«Бизни аэропортда Ҳусанвой морбоз кутиб олади»,
деганди уста, телефонда келишиб қўйганини айтиб. Мен «морбоз» иборасини яхши
тушунмаган бўлсам-да, сўрашга андиша қилдим.
Истиқболимизга
башанг кийинган озарбайжон йигит чиқди. Унинг номи Гусейн эканлигини,
уста боя шуни назарда тутганлигини кейин фаҳмладим. Бу одам иш буюрувчи эмас,
шунчаки воситачилик қилишини ҳам сўнгроқ
англадим. У бизга эҳтиромлар кўрсатди, машинасига таклиф этди.
Москва.
Болалигимдаёқ китобларда ўқиган, телевизор, киноларда бот-бот кўриб, ҳавасим келган, кеча-ю
кундуз гувиллаб ётган, саросар оломонга тўла, улкан шаҳар. Бешинчи синфда
ўқиганимда, Лермонтовнинг «Бородино»
шеърини ёдлаганимни эслайман: аланга орасида қолган Москва ва анграйиб турган Напалеоннинг мавҳум
қиёфаси кўз ўнгимга келади.
Машинамиз
шаҳарнинг кенг, серқатнов кўчалари бўйлаб шиддат билан олдинлар экан,
қаердадир: «Катта шаҳарлар - макрнинг кони, улар қулоғингга алланималарни
шивирлагани-шивирлаган», деб ўқиганимни хотирлайман.
Йўл-йўлакай шаҳарни томоша қилиш асносида уста
билан Гусейннинг суҳбатларига қулоқ
тутаман.
-
Буюртма жуда кўп: бултургидай кетишга шошилмайсиз,−деди у озар шевасида.
-
Айтгандим-ку, туй бор, деб, кенжасини уйлантирганимиз йўқ.
-
Иккита жуда зарур иш бор,- давом этди Гусейн ва бу буюртмаларни узоқдан-узоқ
тушунтирди. Асосий диққат-эътиборим шаҳар манзараларида бўлгани, бунинг устига
озарбайжончани унчалик илғаб ололмаганим боис талай гапларини англолмай қолдим.
Узуқ-юлуқ тушунишимча, аллакимнинг
меҳмонхонасига тарихий обидан расмини чизишимиз, қаергадир бориб, китоб муқова нақшларини акс
эттиришимиз керак экан. Яхши ҳақ тўлар экан.
Кўп қаватли
уйлардан бирининг подъезди олдида тўхтадик ва юкларимизни кўтариб, иккинчи
қаватга чиқдик. Хоналар
кенг, баланддай эди. Квартира соҳиблари дала-ҳовлига кўчишгани аён бўлди. Биз
эса, меҳмонхона деворига Боку шаҳридаги «Қиз қалъаси» деб номланган меъморий
ёдгорлик расмини чизишимиз керак экан.
Воситачимиз тинимсиз гапириш, ишнинг моҳиятини тушунтириш билан бирга,
бинонинг тўрт томонидан суратга олинган катта-катта фотолар, плакатларни ҳам
олдимизга ёйиб қўйди. Ўрта асрларга
тааллуқли бу бино катта-катта тош
блоклардан тикланган бўлиб, сирти кошинланмаган эди ва ҳар хил ранг талаб
қилмасди. Ёдгорлик ҳақиқатан ҳам кичикроқ қалъага ўхшар, синчиклаб
қаралгандагина, геометрик жиҳатдан анча мураккаблигига ишонч ҳосил қилиш мумкин
эди. Мезана асосий корпусдан бирор метр чамаси ташқари чиққан ва карниз ғиштдан
зинапоядор қилиб
ясалганди. Том лабида эса Хитой деворидек, соқчиларга мўлжалланган колонналар
тикланганди. Буни чизишда симметрия жилла бузилса ҳам табиийлик йўқоларди. Аммо
шуларнинг барига қарамай, бинонинг Регистонга нисбатан жўнлиги дилимдаги
ишончни мустаҳкамлади.
Иш ҳақи масаласида ҳам сал тортишув бўлди ва уста бир ярим минг
долларга кўнди. Шу уйда ётиб-туришимизни, зарур ашёлар, егуликларни етказиб беришларини айтишди.
Устани деворнинг ҳолати қониқтирмади. Шунинг учун қумқоғоз билан
тозалаб, қайтадан бўяйдиган бўлдик. Кейин икковлашиб, ганчдан чорчўп тайёрладик,
уни қуритиш, ўрнатиш, бўяш учун ўн кунлар вақт ўтди. Ваҳоланки, мен бу
юмушни ҳафта ичида якунлаймиз, деб
ўйлагандим.
Гусейн ҳам кўпинча шу ерда бўлар, ишимизни кузатар, гарчанд уста ваъда
бермаган бўлса-да, Боку шаҳридаги буюртмани бажаришга олиб кетишини
такрорларди. Уста Бақо эса гапни бошқа томонга буриш пайида бўларди.
-
Қани Ҳусанвой, Фузулийдан бирорта ғазал ўқичи,- деб қолди у бир куни.
У шеъриятдан узоқлгини тан олди, уста бундан енгилгина ранжиб,
ўзи бошлаб юборди:
Ғамзасин севдинг кўнгил, жонинг керакмасму санго?
Теға урдинг, жисми урёнинг керакмасму санго?
Уста деворга тарҳни туширгандан кейин синчковлик билан қайта-қайта
кузатдик ва бўяшни бошлаб юбордик. Фото- суратлардагидан фарқли ўлароқ, уста фонда гуллаб ётган
дарахтларни акс эттиргани айни муддао бўлди. Ҳар куни кечга бориб, ишимизни
қайта кузатар, хатоларини тузатган бўлардик ва кўз ўнгимизда бунёд бўлаётган
дурдонани кўриб, енгилгина ҳаяжонланардик.
Иш якунига етгач, хўжайин келиб
кўрадиган, ҳисоб-китоб қиладиган бўлди.
Бу одам ҳам озарбайжон миллатига мансуб бўлиб, кўп жиҳатдан Гусейнга
ўхшар экан. Уста иккаламиз зоҳиран хавотирланиб турганимизда, у деворга боқди-ю, қаҳ-қаҳа отиб юборди. Кейин биз билан кўришди. Гусейнга алланималар
деди, аммо гапини яхши илғайолмай қолдим.
- Рубл
оласизларми, долларми,- сўради у устадан. Уста долларни тилга олди. Хўжайин кўз
ўнгимизда уч ярим минг АҚШ долларини санаб, Гусейнга узатди ва шошганича,
хайрлашиб жўнади. Воситачи устага бир
ярим минг санаб берди ва совуққина қилиб қўшиб қўйди:
- Шартномада
шунга келишгандик.
Бу одамнинг жон куйдирмай,
биздан кўп даромад қилиши дилимга ўтиришмади.
- Энди
сизларни Бокуга олиб бораман,- такрорлади Гусейн, шаҳардаги катта кутубхонага
китоб муқовалари нақшини туширасизлар. Мусулмонлар китобларни қанчалик маҳорат
билан безашганини жаҳон кўриб, қойил қолиши керак! Яхши ҳақ тўлашади.
-
Боролмайман, Ҳусанвой,- унинг ҳафсаласини пир қилди уста.
Гусейн ялтоқланиб, илтимосини такрорлади, аммо уста рози бўлмади.
- Ундай
бўлса, буни олиб борақолай,- деди мен томон имлаб.
- Унинг
қўлидан келмайди,- узиб жавоб берди уста.
Аслида бу юмуш қўлимдан келарди. Қолибни деворга михлаб, турли ранглар билан бўяб чиқиш қийин эмасди.
Аслида бу юмуш қўлимдан келарди. Қолибни деворга михлаб, турли ранглар билан бўяб чиқиш қийин эмасди.
Иккаламиз ёлғиз қолгач, уста
изоҳ берди.
- Мен уч
йил шаҳарма-шаҳар юриб, китоблардан
нусха кўчирдим. Улар бу мулки мумтознинг ҳидини олганга ўхшашади. Лекин ўз
қадриятимизни арзимас пул учун бошқаларга бериб юборишимиз гумроҳлик бўлур эди.
Уни Самарқанддаги катта кутубхонанинг ўқув залига нақшлашни чамалаб юрибман.
Аммо бизникилар буни қадрига етармикин, деб чўчиябман...
Эртаси у киши билан
хайрлашадиган бўлдик.
- Мен
кетаман,- деди, аммо сен қол: пул, обрў топ!
- Балки тўйдан кейин
келарсиз,- дедим илинж билан, у кишисиз қийналиб қолишимни ўйлаб.
- Бу йил топганим
етади.
Устамни
кузататуриб, хизмат ҳақим учун олган улушимдан юз долларини
қайтариб узатдим.
- Йўлини топиб, шуни
ойимга етказсангиз, қўл телефони олсалар: боғланиб турсам…
8
Мен воситачи хизматидан воз кечишга қарор қилгандим. Шунинг учун, уста
айтгандай, газеталардан нажот излашга,
аниқроғи, эълонларни синчиклаб ўқишга киришдим. Уларда эса, аксига олиб, нуқул
сувоқчи, бўёқчи кераклиги ёзиларди.
Кейин ўзим эълон бердим: биноларга нақш ва безакли расмлар чизишимни
маълум қилдим. Буниси иш берди: газета чиққан куниёқ телефоним жиринглади.
Нотаниш кимса қўлимдан нима иш келиши билан қизиқди. Жавобимни эшитгач, биз
учрашадиган бўлдик.
Хонамга (мен ҳамон расм чизилган ўша уйда яшаётгандим) ўттиз-ўттиз беш
ёшлардаги, сипо ва кўринишдан анча жиддий йигит кириб келди.
-
Ўзбекка ўхшайсиз-ку,- деди ва жавобимни кутмай давом этди,- русча гаплашиб ўтирибмиз.
У
ўзини Эрнафас деб таништирди. Асли қашқадарёлик бўлиб, Тошкентда яшаркан. Айтганига ишонадиган
бўлсак, фан кандидати деган унвони ҳам бор экан.
-
Буни қаранг-ки, Москвадаги
ўзбекистонликлар рўйхатини тузаётгандим. Сизни ҳам ёзиб қўяман. Аммо
аввал иш ҳақида гаплашсак. Бу жиддий
масала, лекин бирорта ишингизни кўришим
керак.
-
Мана шу расмни биз чизганмиз,- дедим девор томон имлаб.
У Қиз қалъасини синчиклаб, узоқ томоша қилди
ва мамнун жилмайди.
-
Бир жойдан катта иш топганман…
-
Сиз ҳам воситачими?- ёқинқирамай, унинг гапини бўлдим.
-
Аммо инсофсизларидан эмасман, хўжайин билан ўзингиз шартлашасиз: менга ўндан
бирини берсангиз, бўлади. Дилига ўтиришадиган иш қилсангиз, яхши ҳақ тўлайдиган
одам.
-
Қанақа иш?- қизиқиб қолдим ўзим ҳам.
-
Бир бизнесмен бор, ўзи депутат, хоббиси - от,- деди у,- шуларнинг расмини чизиш
керак.
Эртаси
йўлга тушдик. Янги танишимнинг гапига
қараганда, ўша ишбилармоннинг еттита оти
бўлиб, отхонага киришда ўшаларнинг расмларини чизишни Эрнафаснинг ўзи таклиф
этган эмиш.
Унинг
ватанпарвар, миллатпарвар, ниятлари устивор эканлигини эса кейинроқ ҳис этдим
ва мавруди келганда бу хусусда
тўхталарман.
Биз шаҳардан анча ташқарига чиқдик.
Шеригим йўл-йўлакай бу ердаги ҳамюртларимиз ҳақида гапирди. Қўлида бирор ҳунари
борлари тузук топаётган бўлса-да, аксарияти
чуқур қазиш, замбил кўтаришдан бошқасига ярамаётганини айтиб ачинди.
- Энг ёмони: болалар русчани билмайди.
Республикамиз маорифи раҳбарларига хат йўлладик; юз кишига имзо чекдириб
чиқдим. Мактабларда рус тили дарсларини кўпайтиришни таклиф қилдик; бунинг
сабаб, моҳиятларини очиб бердик. Жавоб кутаябмиз. Тағин: болаларда ҳунар йўқ. Коллежни битирган айрим анқовларнинг қўлидан
раствор тайёрлаш ҳам келмайди.
Янги танишим миллат, эътиқод, қадриятлар ҳақида ашрафлик билан олимона
мулоҳазалар, ташвишли фикрлар билдирди. Бу эмин одам билан доимий алоқада
бўлишим зарурлигини ҳис этдим.
- Ҳамма гап - онанг сени
тарихий тараққиётнинг қай палласида туғишида,- фалсафий фикрларини давом
эттирарди у,- биз ҳаётга андак эртароқ келиб қолганмиз. Тахминан ўттиз-қирқ
йиллардан кейин ер юзи жаннатга айланиб кетади. Лекин шуни унутмаслик керакки,
ҳар қандай даврда ҳам одамни одам қиладиган бош омил - унинг ўзи яшайдиган
муҳитга кўрсатадиган қаршилигидир.
Ўрмонга туташ жойда, саройга
ўхшаган бино қаршисида тўхтадик. Бу - отхона бўлиб, замонавий услубда қурилган,
усти тўласинча ёпилган, орқа тарафда
катта сайисхонаси бор эди.
Отлар зотли ва қимматбаҳо
эди. Ҳар бирининг қаршисида лақаби, ёши, зоти қайд этилганди. Шу пайтгача от
деган жониворнинг зотини бир-биридан фарқлолмаслигимдан надомат чекдим. Асосан,
юк тортишга мўлжалланган Владимир зотли отни биринчи бор кўраётгандим: унинг
оёқлари йўғон, ёллари қалин, гавдаси йирик бўлса; салт минишга мўлжалланган
араб отининг оёқлари, бели ингичка, ўзи
хушқомат эди. Рус ва инглиз йўрғаси (
хўжайин уларни пойгага қўяр экан), шунингдек Осиё айғирларини ҳарчанд қилсам ҳам бир-биридан фарқлолмадим.
Отлар ётадиган жойнинг олд
қисмига қалин фанердан девор ясалганди. Аммо уни расм чизишга тайёрлаш талаб
этилар: айрим тахталарни янгилаш, барини
бир хил ҳажмга солиш, қумқоғоз билан пардозлаш, бўяш керак эди.
Бу ерда қоровул, отбоқардан
ташқари ўзбек ё тожикка ўхшаш тўрт киши ҳам ариқ қазишарди.
- Булар -
ўзимизнинг қоқвошлар,- деди Эрнафас, - ишлатинг - кўзи очилсин!
У хўжайинга телефон қилди ва узоқ гаплашди. Уларнинг айрим гапларини
эшитиб қолдим.
- Шартнома
керак эмас! Чизаверсин! Фантазиясини ишга солсин,- деди у.
Ўша куни отбоқар бу
дулдулларнинг фотоларини ҳам топиб берди. Хатога йўл қўймаслик учун картон
қоғоз топиб, от расмини каттароқ ҳажмда чизишни
машқ қилабошладим.
Иш бошлашдан олдин шу ерга кўчиб келдим. Эрнафас телефон қилиб
турар, нима зарурлигини суриштирар ва зарур буёқ, қотишмаларни зум ўтмай муҳайё
қиларди. Мен «ўзимизнинг қоқвошларга» аксар тахталарни бузиб, ўрнига бошқасини
қоқишни буюрдим. Расм чизиш жараёнида улар билан суҳбатлардан шу нарса аён бўлдики, бу азаматларни Эрнафас
топиб келган, отхонага қувур тортишни буюрган экан. Булар Самарқанд,
Хоразмнинг чеккароқ қишлоқларидан бўлиб,
ойига беш юз доллар ҳисобидан ҳақ олишаркан. Шунинг эллик долларини Эрнафасга беришларини
айтгач, янги танишим ҳақидаги фикрим ўзгаргандай бўлди. Бу ҳол худбинлик, носамимийлик бўлиб туюлди; ватан,
миллат ҳақида баландпарвоз гаплар қаерда-ю, юртдошларни шилиш қаёқда, деб
ўйладим.
Тағин шу нарсалар аён бўлди-ки, буларни аввал бир воситачи уч юз доллар ҳақ тўлаш
шарти билан цемент ортишга олиб кетган
экан. Бу ҳақда куйиниб гапиришди.
- У ерда жуда
қийналдик: елкаларимиз яра бўлиб кетди: цемент қайноқ бўларди.
Бу ҳам етмагандек,
аллақандай бегоналар шўрликларга солиқ солишибди: ойида юз доллардан беришмаса,
сўйиб кетишларини айтишибди.
Эрнафас бундан хабар топиб, шу ерга
олиб келган экан. Зеро бу ерда ҳам ишлари осон эмасди: отбоқар, қоровул истаган
юмушини буюрар, рус тилини яхши билишмагани сабаб мазах қилишарди.
- Менга қаранг,-
дедим бир куни Эрнафасга,- сиз эътиқодлар, ғоялар ҳақида гапирасиз-у, тағин
қоқвошлардан солиқ ундирасиз.
- Бу афандилар,-
деди у,- аввалги жойларида бир кунда ўн
икки соат цемент туширишар ёки ортишарди. Уч юз олишарди. Бунинг устига иккита
кавказлик пўписа қилиб, ойига фалон сўмдан
солиқ ундираркан. Ҳа, бундай тўрттови бирлашса-ку, ҳалигиларни додини беради.
Аммо, ҳамма иллат шунда-ки, биз бирлашолмаймиз. Бу борада бошқа миллатлардан ибрат олишимиз керак. Бир ой
илгари икки вилоятимизнинг болалари бир-бири билан жанжалашибди: бир ўсмирни
пичоқлашибди ҳам. А, ҳўкизвойлар, баринг бир юрт фарзандисан, ўзбексан! Лоақал
мусофир юртда бирлаш! Ҳалиги ўлган
боланинг жасадини ёнимиздан пул тўлаб жўнатдик. Ўликни жўнатиш - тирикка
нисбатан ўн баравар қимматлигини ҳамма ҳам билавермаслиги мумкин.
Суҳбат
асносида тағин шу нарса аён бўлдики,
улар уч-тўрт кишидан иборат норасмий штаб
тузишган ва мададга муҳтож бўлиб
қолган юртдошларга ёрдам беришаркан.
- Биз фақат чуқур
қазиётган, цемент тушираётган ҳамюртларни кўриб, нохуш фикрларга келишимиз, ор
қилишимиз ножўя. Бундан уч йил аввал бозорда аравача ҳайдаб юрган боланинг
бугун хусусий корхонаси бор. Демак,
калла ишлайди. Фақат уларни муҳофаза қилиш, бошини қовуштириш керак!
Фарангларда: «Йигитлар бир кун қайтиб келиш учун кетишади», деган нақл бор. Биз
бу ерларда қолиб кетмаймиз!
У юртга,
миллатга меҳр ҳақида гапираётганда,
фикрим чалғиб кетди; боиси: бу гапларни
телевидениеда кўп эшитиб, дилгир бўлгандим.
Суҳбатдошим бу кайфиятни
зийраклик билан илғаб олди.
- Гап шундаки, бизнинг матбуот энг эзгу
туйғулар ҳақида шалдироқ гапларни ўринли-ўринсиз гапиравериб, унинг сийқасини
чиқариб юборди. Аслида, ватаннинг муқаддаслигини тан олмаслик, нонкўрликдан
ўзга нарса эмас. Ҳозир бу юртда минглаб ёшларимиз меҳнат қилишаябди, топганларини уйларига
юборишаябди. Бизда туғилиш кўп, одам бисёр: ҳаммани иш билан таъминлаш мушкул.
Лекин бу ерда малака ошириб борсак ёки
болаларимизни шу ерда ўқитиб, юртга юборсак, унга хизмат қилган бўламиз. Руслар
бағри кенг халқ! Биз улар билан бирга бўлишимиз шарт! Бугунги сиёсат, вазият,
ҳатто русларнинг ўзи ҳам кечагисидан батамом фарқ қилади!
- Балки, сизлар
тузган штабни кенгайтириб, қандайдир, қонуний уюшма ёки жамғармага айлантириш
керакдир?
- Биз бу ишни ҳам бошладик. Россиянинг ҳар бир
йирик шаҳри ёки губерниясида
биттадан жамият тузамиз. Ўша ҳудуддаги
ватандошларни бирлаштириш, муҳофаза қилиш ана шу уюшма зиммасида бўлади. Энг
ёмони, айрим болаларимиз техника
хавфсизлиги, автоҳалокат, касалликлар сабаб бўлиб ўлаябди ҳам. Гоҳида уларни
ўлдиришаябди…Бу – юрт
фожиаси, Ўзбекистон фожиасидир! Йигирма
биринчи аср арафасида−я!
Эрнафас бу хусусда узоқ
гапирди. Мен зерика бошладим. Буни сезиб, гап оҳангини ўзгартирди.
- Мана
сиз: бир юмалаб уста бўлиб олгансиз. Бугун пичоғингиз ёғ устида. Лекин
бу ерга келаётган лакаловлар, аввал айтганимдай, оддийгина ҳунарга эга эмас. Бунинг устига ҳужжатлари
йўқ. Россияга жуда кўп сваркачилар,
сартарошлар, ҳайдовчилар, бўёқчилар керак. Сиз ҳам инсоф қилиб, лоақал иккита
шогирд олинг…
Мен рози бўлдим.
Ишни Владимир
отидан бошладим. Унинг расмини
эринмай чиздим ва қаршисида жониворга майса тутиб турган қип яланғоч (Одам Ато
ва Момо Ҳаво кийгизиб юборган либосдаги) ўғил болани акс эттирдим. Болакайнинг
кўзида отга, отнинг нигоҳларида эса болакайга меҳр барқ этиб турарди,
Осиё отининг (
менимча, қорабайир) эса кейинги икки
оёғида туриб осмонга сакраётганини акс
эттирдим, араб отини сарҳадсиз саҳро фонида тасвирлашга тўғри келди. Пойгада
чопаётган рус ва инглиз йўрғалари ўйлаганимдан ҳам жонли чиқди.
Ишни битиргандан кейин Эрнафас хужайинга сим
қоқиб таклиф этди. Мен андак хавотирга тушдим:
хўжайин чизмачиликдан хабардор киши бўлса ёки бирорта рассомни
эргаштириб келса, талайгина қусурларни
топиши мумкин эди. Шукурки, ундай
бўлмади − депутат тушдан кейин оиласи билан келди. Улар баббараварига қувонишди
ва мендан олдин Эрнафасни алқашди. Бу ҳолдан ранжимадим, баръакс қувондим.
-
Менга қара, ўзбекнинг боласи,- деди хўжайин,- неча пул
берай?
-
Ихтиёрингиз,- дедим.
-
Ҳар бирига беш
юз доллардан берсам розимисан?
У жавобимни ҳам кутмай, ҳисоб-китоб қилди. Бундай сахийлик ва саховатни кутмаган эдим:
рости гапки, жуда қувондим. Ўша ернинг узида Эрнафасга беш юз доллар узатдим.
Эртаси онамга телефон қилиб, пул юбораётганимни хабар бердим.
Эрнафас бу гал ҳам
гапни муҳожирларимиз ташвишидан бошлади.
-
Ҳалиги
депутат жуда қувонди. Шундан фойдаланиб, дардимни айтдим.
-
Қанақа
дард?-қизиқдим.
-
Бизникилар бу ерда йиллаб меҳнат қилишади-ю, нафақага чиқаётганда, стажлари ҳисобга
олинмайди. Шу масалани ҳал қилишда кўмаклашадиган бўлди.
Кейинчалик шундай хулосага келдимки, дадам
ҳалиги бетайин болаларни, ойим ўз беморларини қанчалик эъзозласа, уларга умид
билан қараса, Эрнафас муҳожирларимизни шунчалик яқин тутар экан.
Унинг бу гал дараклаган иши ҳам
осон эмасди: губернатор кабинетининг тўрига игнабаргли қалин
дарахтзорни акс эттириш керак эди. Бунинг мураккаблиги шундаки, миллионлаб баргларни
битталаб чизиб чиқишга тўғри келарди.
- Нима бўлса
ҳам шу ишни қилиш керак: у юзлаб юртдошларимизни ишга жойлаштириши мумкин, бу
одам билан алоқани мустаҳкамлаш зарур: айрим муттаҳамлар болаларимизни ишлатиб,
ҳақини бермаябди,- мени кўндиришга ундарди Эрнафас.
Рози бўлдим. Бошлиқ ёрдамчиси бизни кенг кабинетга олиб кирди. Губернатор (фамилияси − Мифтахуддинов)
телефонда гаплашарди, бизга эътибор ҳам бермади. Мен деворларни синчиклаб
кузатдим ва тўрга дарахтзорни, ён томонларга эса Самарқанд, Бухоро кашталарини
чизишни таклиф қилдим; шундай иш тутганда, макаммал композиция яратилишини айтдим. Гапимни эшитиб қолган
губернатор бу фикрни дарҳол рад этди, аммо кашталарнинг фотоларини кўрсатишни
сўради. Мен уларни сумкамдан
чиқармаёқ, тағин савол берди. “Бухоро кашталари борми? Мен у ерда яшаганман”.
Менда Бухоро кашталарининг олтита фотоси бор
эди. Қувониб, уларни зудлик билан столга
ёйдим. Губернатор аллақачонлар йўқотган нарсасини топгандай шодланиб, бошини
сарак−сарак тебратди.
Эртаси сарв ва
санобарзор ўрмоннинг турфа манзараларини кузатиш, ўрганишга киришдим. Бир
ҳафтадан кейин шогирдлар (ҳалиги болалардан иккитасини ишга олгандим) билан
бориб, чизишни бошлаймиз, деб турганда, вазият ўзгариб қолди.
-
Сизлар
ён томонга кашта чизишни бошланглар,- деди бу гал ёрдамчи,- тўрга ўрмоннинг
катталаштирилган фотосини ёпиштирадиган бўлдик.
Бу
гапдан дафъатан енгил тортдим: рус
ўрмонини акс эттиришга тажрибам етишмаслиги мумкин эди.
Биз ишга киришдик.
9
Тақдиримни
дигаргун қилиб юборадиган юмуш олдинда турганидан эса бехабар эдим.
Эрнафас, автомобил
савдоси билан шуғулланадиган
бойнинг сув бассейни деворига
ўзининг якка-ю ягона қизини акс эттирмоқчи бўлганининг айтди. Мен бунақа расм чизмаган эдим, шунинг
учун ҳам иккиланиб, ҳам қизиқиб қолдим. Ваъда беришдан аввал деворнинг сатҳи,
нечоғлик тайёрлиги, қизнинг ҳусни, ҳолатини кўришим керак эди.
Эртасиёқ
йўлга тушдик.
Бир
ёғи ўрмонга туташ жойда яккам-дуккам, аммо жуда ҳашамли уйлар ( эҳтимол, дала
ҳовлидир) кўзга ташланди. Биз улардан бирининг дарвозаси қаршисида тўхтадик.
Сув бассейни каттагина бўлиб, унинг девори ҳам баланд эди. Аммо уни бир бор
қиртишлаб, қайта локлаб чиқиш талаб этиларди.
-
Керак бўлса, мардикор олиб келаман: деворни тайёрлаб беришади,- деди Эрнафас,-
бошида турсангиз бўлгани.
- Ўзимиздан қолар иш йўқ,- мен учун жавоб
берди янги шогирдим.
- Пул масаласида шартлашиш зарур эмас -
оғзингизга сиққанича сўрайверасиз. Менга ҳам инсоф билан берасиз!
Аслини
олганда, бу юмуш кўпни кўрган, тажрибали рассомнинг иши эди. Аммо омаддан юз
ўгиришим ҳам қўрқоқликдан бошқа нарса
бўлмасди. Расмни девор бараварида чизса, у анча бесўнақай бўларди. Шунинг учун
қизнинг гавдасига тенг қилиб яратиш маъқул эди. Аммо бундай қилганда, икки
томонда қарийб уч квадрат метрдан жой очиқ қоларди. Бу бўшлиқни Фарғона водийси
кашталари нақши билан тўлдириш лозим, деб ҳисобладим.
Эрнафас
телефон қилиб, хўжайиннинг розилигини олди.
Нақш
чизишни тез ва кўнгилдагидай тугатдик. Қизнинг расми акс эттириладиган ўриндаги
ганчдан ясалган чорчўп ҳам тайёр бўлди. Шундан кейингина қиз (Светлана)нинг
фотолари ва ўзини кўришим кераклигини айтдим
У тақрибан ўн етти ёшларда бўлиб, оппоқ ва
нозикниҳол эди. Ҳамма унга сиз-сизлаб мурожаат этгани сабаб, мен ҳам шундай йўл
тутдим. Қиз менга турли ҳолатларда тушган суратларини тақдим этиб, шулардан фойдаланишимни уқдирди.
Дастлаб унинг денгиз соҳилида, чўмилиш либосида, чалкаштирилган чиройли
оёқларини сувга солганича, ёнбош турган қиёфаси дилимга ўтиришди.
Уста Бақонинг
насиҳати ёдимга тушиб, денгизни жонли қилиб чизиш, жумладан,
чағалайларни ҳам акс эттириш, қизнинг эса ана шу фонда санамдай ёки сув
парисидан бўлиб туришини хаёлан тасаввур қила бошладим. Аммо иш бошлагунча роса
машқ қилишим зарур эди.
-
Табиий чиқиши учун ўзингиздан ҳам андоза олишга тўғри келади,- дедим лутф
билан.
- Сиз русчани яхши гапираркансиз-ку,
қаердан ўргангансиз,- сўради у жавобан.
Мактабда
русча ўқиганимни айтдим. У қаршимда
ўтирди. Қўл телефонда кўп гапириши,
дилимга ўтиришмаган бўлса-да, эътироз билдирмай, иш бошлаб юбордим.
Эртаси
мен билан гаплашишга мойиллигин сездим ва беихтиёр суҳбатлашиб қолдик.
-
Осиёда эркаклар ҳали ҳам хотинларини уришадими?- савол беради у.
-
Уришади, хоним,- жавоб бераман хотиржамлик билан,- гапга қулоқ солишмагандан
кейин, нима ҳам қилишсин…
-
Жаҳолат!- норозилигини яширмайди у.
-
Эркаклар кўп хотин олишадими?
-
Истаганча, хоним,- атайин ошириб юборгим келади.
У
бошини сарак-сарак тебратади.
-
Москвада нега улар бунча кўп, сизларда ҳаёт оғирми?- давом этади у.
Менинг
эса жавоб бергим келмайди, аниқроғи, нима дейишни билмайман. Ўрнига ўзим савол
ёғдираман. Шу тариқа унинг Лондонда ўқигани, музика, умуман, санъатни севишини
англаб оламан. Қизнинг беғуборлиги, соддалиги, самимийлигига зоҳирий ҳавасим
келади. Уни Толстой, Тургенев
асарларидаги графиня қизларга таққослайман, худди ўшалардай озод фикрлиликни
қўллашини, инсон ҳуқуқларининг муътабарлигини таъкидлашини ёқтираман. Шу тариқа
суҳбатимиз тобора авж олаверади.
-
Нега мени музқаймоққа ёки кофе ичишга
таклиф этмайсиз?- сўраб қолди бир куни Света.
-
Мендан бўёқ ҳиди келади, либосларим ҳам осиёча,- дедим.
-
Айнан шунинг учун таклиф қилишингиз керак-да,- деди навозиш билан.
Мен
ювиниб, кўйлак ва шимимнинг ғижимланган айрим жойларини шоша-пиша текислаган бўлдим. Биз ресторанга
кирдик.
Официант
ичимлик таклиф этганда, бир-биримизга савол назари билан қараб қолдик. Қиздаги
мойилликни сезиб:
-
Энг яхши винолардан олиб келинг,- буюрдим унга.
- Сизларда ичишмайди, деб эшитгандим.
-
Бундай вазиятда ичмаслик увол,- жавоб бердим.
Бошқа
гап бўлмади. Мен уни кузатиб қўйдим. Кейин янги либослар харид қилдим ва биз
концертлар, кўнгилочар кечаларга бирга борадиган бўлдик. У менга кун сайин
кўпроқ ёқарди. Бора-бора дилимда муҳаббатга ўхшаш мавҳум, аммо безовта туйғу
уйғонганди, лекин орамиздаги фарқ жаъми эҳтиросларни жиловлаб юришни тақозо
этарди.
- Сен нега менинг қўлимни сўрамаябсан?- деди у
ногаҳонда, валс кечасидан қайтаётганимизда.
-
Сен бадавлат кишининг қизисан, мен бўлсам, оддий бўёқчиман.
-
Ахир, мени яхши кўрасан-ку…
-
Бунинг ўзи кифоя эмас-да…
Уч
кундан кейин оила мени меҳмондорчиликка
таклиф этди. Уларнинг муддаоси - каминани кўриш, танишиш эканлигини ҳис этдим.
Меҳмонхонадаги
қимматбаҳо мебеллар, катта фортепьяно, беқиёс қандиллар ва бошқа жиҳозлар
сенинг қашшоқлигингни, хору-хасдан беқадр эканлигингни тинмай шивирлаётгандай
бўларди.
Светанинг
ота-онаси ҳам ҳали жуда ёшдай кўринишарди. Улар каминани имтиҳон қилса керак,
деб уйлагандим, аммо ундай бўлмади. Касбу коримни қаердан ўрганганим, Светага
бўлган муносабатим, режаларимни сўрашди, холос.
Устам
бот-бот таъкидлагандай, тангри кушойиш берди, шекилли, тўй куни ҳам белгиланди.
Бор ташвиш харажатларни улар ўз зиммаларига олишди. Мен унгача расмни чизиб
тугатишга зўр бердим.
Тўйдан
олдинроқ ишимни якунладим, ювиниб, янги либосларимни кийдим ва Светанинг
ота-онасини таклиф этдим. Расмни меҳр билан чизганим сабаб, у ўзимга жуда ёқиб тушганди. Тўғри, иш жараёнида Света анчайин хатоларимни кўрсатган ва уларни инобатга олган эдим. Биргина оёқ қисмини уч
бор ўчириб, қайтадан чизишга тўғри келди. Боиси: фантазиямга кўра соҳилда
ўтирган сув париси − Светанинг иккала оёғи, масалан, делфиннинг дум қисмига ҳам
менгзаб кетиши керак эди. Улар кўп бўлиб келишди ва қизнинг отаси анча нарида
туриб: “Это же, настоящая русалка!” деди, овозини баралла қўйиб.
Черковда никоҳ ўқитишаётганда, атрофда
жуфт-жуфт бўлиб турган башанг эркаклар,
бриллиант тақинчоқларга бурканган, серлутф хонимларга қарайман ва буларнинг
бари тушимда содир бўлаётгандай туюлади. Меҳмонлар орасида мен томондан фақат
Эрнафас хотини (эҳтимол, ўйнашидир) билан келганди, холос. Беқиёс дабдабани
кузата туриб, беихтиёр ота-онамни эсладим. Ахир, менинг тўйимда улар ёнма-ён туришлари
керак эмасмиди? Тўғри, уларни таклиф этганим йўқ, аммо шундай қилганимда ҳам
келишолмасди. Борингки, келганда ҳам, ёнма-ён туришга маънан ҳақлари йўқ эди.
«Чумчуқнинг ҳам ини бузилмасин», дердилар уста Бақо. Улар эса ўз оилаларини
вайрон қилишди, опам иккаламизни бир умрга ўкситишди. Отам безори болаларга,
ойим ўз беморларига ғамхўрлик қилишди-ю бизнинг тақдиримизни ўйлашмади. Света
билан жуда меҳрибон, иноқ кун кечиришимиз, оила учун курашишимиз, фарзандлар
кўриб, уларни вояга етказишимиз зарурдан зарур, деб ўйлардим. Ҳали бу тантиқ
қизнинг анчайин инжиқликлари юзага келиши табиий ҳол деб билардим ва уларни
бардош билан енгишим зурурлигига ўзимни руҳан тайёрлардим.
Асал
ойи (Бизнинг Самарқандда “шакармоҳ” дейишади) нинг асосий қисмини Сочида ўтказадиган
бўлдик. Шаҳарга туташ жойдаги бу дала ҳовли кимга тегишли эканлигини англолмай
қолдим. У жуда ҳашаматли бўлиб, денгиз шундоққина кўриниб турарди. Залда улкан
экранли телевизор, қимматбаҳо мебеллар…
-
Фортепьяно йўқ экан-ку,- эътироз билдирди Света.
Бирор
соат ўтмай, ёнғоқ дарахти ёғочидан ясалган улкан фортепьяно ҳам олиб келишди.
Биз ҳар куни тушликдан кейин денгизда чўмилиб келардик ва маъшуқам фортепьяно
қаршисида ўтириб, дилкаш оҳанглар чаларди. Унинг клавишлар устида кўз илғамас
даражада чаққон ҳаракат қилаётган оппоқ
бармоқларини кузатиб, ана шу сеҳрли
маҳбуба менга тегишли эканлигини
ўйлардим, борлиғим беҳудуд завқ, ғурурга тўларди. Бу мумтоз оҳангларни тинглаб,
дилимда янгидан-янги орзулар ниш урар, коинотда парвоз қилаётгандай бўлардим.
«Оила занжири» деган монументал картинани
яратиш фикри ҳам шу мусиқа
таъсирида уйғонди, шаклланди.
Унда
ёнма-ён тик турган аёл билан эркак ва ораларида ўтириб олиб, уларнинг оёқларини
қучоқлаганича, кулаётган қиз бола акс этиши керак эди. Бу ишни мойбўёқ билан
эмас, бино деворига мозаика қилиш, яъни шиша
ёки сопол парчаларидан бунёд этишни кўнглимга тугдим. Кейинчалик эса
улар ўрнига денгизнинг оппоқ
чиғаноқларини зич қилиб теришни, соч ва либосларни акс эттиришда эса қўнғир
чиғаноқлардан фойдаланишни мўлжалладим. Сўнг бу лойиҳани қоғозга тушириш пайида
бўлдим.
-
Бу аёл менга ўхшаб кетибди-ку,- қаҳ-қаҳ отиб кулди Света эскизга кўз
югуртираркан. - Эркакни ҳам ўзингга ўхшатибсан; демак, биринчи фарзандимиз қиз
бўлишини истайсан…
- У оиламиз занжири бўлсин, дейман.
-
Аммо, мен ҳали фарзандли бўлмоқчи эмасман, кейинроқ…
Устам билан Эрнафасдан ватанпарварлик туйғуси
юққан экан, шекилли, бу ишни Москвада эмас, ўз юртимда, салобатли загс
биносига яратишни ўйлардим.
Бу
орада кема билан Қора денгиздан ўтиб, Туркияга бориб келдик. Қайтиб келгач,
Афон ғори, Сталин дачасини томоша қилдик.
Хуллас, ҳаётимнинг шоҳона кунлари давом этарди.
Шундай
кунлардан бирида ойим телефон қилиб қолди. Унинг овозидаги мунг, зоҳирий дардни
дарҳол илғаб олдим.
-
Бувинг оламдан ўтдилар,- деди ойим,- бел
боғлаб туришинг керак. Сени катта қилганлар…
Аммо
шундай вазиятда, ёш қаллиғимни ёлғиз қолдириб кетишни тасаввур ҳам қилолмасдим.
- Ойижон, келинингиз билан Сочида шакармоҳни
ўтказаябман,- дедим. - Мени кечиринг.
Кейин
виждоним билан яккама-якка қолиб, шўрлик бувимга ачиндим.
Шунга қарамай, Светага бувим оламдан
ўтганини маълум қилдим.
-
Кексамиди?- сўради у.
Мен
маъқул ишорасида бош силкидим. Аслида, шу тобда у билан бувим ҳақида, унинг
ўзига хос феъли хусусида бақамти гаплашгим келганди. Аммо қаллиғимда бундай
хоҳишни илғамадим. Шунда ёдимга Чеховнинг бир ҳикояси тушди. Хотинидан жудо
бўлган извошчи кимгадир ҳасратларини тўккиси келади, лекин унинг дардини
тинглайдиган банда топилмайди. Шунда у
отининг бўйнини қучоқлаб, ғуссаларини бирма-бир тўкиб солади.
Яқиндагина
расмларини чизган отлардан бирортаси ёнимда бўлишини, унга бувим ҳақида
тўйиб-тўйиб гапириб беришни истаб қолдим шу тобда.
Москвага
қайтганимиздан кейин ҳам яшашимиз, шу тариқа - байрамона давом этди. Пул
деганнинг ҳисоби йўқ эди: тортмамизнинг бирида рус рубли, иккинчисида АҚШ
доллари бўлар, биз ундан истаганча фойдаланардик.
Ишга
эса қўлим бормай қолганди - шу шодиёналиклардан воз кечиб, севгилимни ёлғиз
қолдириб, бўёққа булғаниб юришни истамай
қўйгандим.
Бу
гал базмда бир армани йигит Светани
валсга таклиф қилиб қолди. Улар давра айланаётиб, ҳалиги ярамас қаллиғимнинг
қулоғига алланима деб пичирлаганини
сезиб қолдим; рашким келди. Жавобан Света розилик аломатини қилиб, бош силкиди.
Армани унинг яланғоч елкасидан ўпиб олди.
-
Бегона эркакка яланғоч елкадан бўса бериш одобга кирмаса керак,- дедим уйга
қайтатуриб.
-
Мен учун, энг муҳими, озодлик деди у,- қолган барчаси иккинчи даражали.
-
Оилавий бурч деганлари ҳам бор.
Бу
гапимдан у қаттиқ қаҳрга минди ва
гаплашмай қўйди. Кейин ўзим
вазиятни юмшатиб, тағин кўнглини топдим.
Ҳаётимиз
шу тариқа шод-хуррам давом этарди. Кузга келиб, Светанинг буйида бўлди ва
шундан кейин ҳаддан ташқари баджаҳл, серзарда, инжиқ бўлиб қолди. Мен билан
муносабати ёмонлашди; онаси, докторларни ҳам жеркийдиган бўлди. Бунинг сабаби -
ҳомиладорликни оғир кечираётганлиги, деб билардик баримиз. Чунки еганини қайд
қилар, жисмоний, руҳий жиҳатдан азоб чекарди.
-
Сенинг авлодингдан бирор киши руҳий касаликка чалинганми?- сўраб қолди у бир
куни жиддий туриб.
-
Нега бундай деб сўраябсан?- қизиқдим.
-
Шунчаки,- деб қўяқолди у.
Шунақа
касаликка учраб, ўзини осган катта тоғамни эсладим, аммо бу ҳақда гапиришни
лозим топмадим. Нега бундай савол берганини эса бир неча кунгача ўйлаб юрдим.
Хархашалар
кун сайин авжга чиқар, эркалашларим, илтижоларимга терслик билан жавоб
қайтарарди у. Оилани сақлаб қолиш учун буларнинг барига сабот билан чидашим
керак, деб ўйлардим.
- Болани олдириб ташлайман,- деди у бир куни
дуппа-дурустдан.
- Азизим, пушаймон бўласан..
- Сендан фарзандли бўлишни истамайман!
- Нега ундай дейсан?
- Сен руҳий касалсан…
- Нималар деябсан?- жаҳл аралаш унинг сўзини
кесаман.
- Мен бунга ишонч ҳосил қилганман: кечалари
кимлар биландир гаплашиб чиқасан, ўзбекчалаб аллакимларни ҳайдайсан; пойгакка,
пойафзалга қарашга, Азроилни кўргандай
қўрқасан. Кўзларинг ҳам аввалгидек тиниқ эмас, атрофга савдойиларча,
дарвешона боқадиган бўлган!
Айтганини қилди:
болани олдириб ташлади ва уйга қайтиб келмади. Ҳайҳотдай уйда ёлғиз қолиб кетдим.
Ўта зерикарли, мақсадсиз кунлар бошланди. Кун бўйи виски ичиб,
телевизор кўрардим; кечалари эса нохуш хаёллардан уйқум қочар, дилимга зоҳирий
ваҳима тушарди. Қачон, қаерда ҳаётнинг ўгай ўғлига айланиб қолганимни, унинг
ғам-ғуссаси ўзидан ҳам оғирлигини ўйлаганим-ўйлаган эди.
Бу
гал ғусса чекиб ўтирганимда, уни кўриб қолдим. Туфлимнинг ичида тик турганича,
мендан кўзини узмасди. Бу гал чўчимадим ва қора махлуқни кузатдим. Кўз ўнгимда
йириклашиб, маймунга айланди, кўзлари эса чақчайган эди.
-
Мудаонгни айт,- дедим зарда билан.
У
индамади. Уришга шайлангандим, йўқолиб қолди.
Шундан
кейин юртга бориб-келишга қарор қилдим. Қора кўланкадан қутулиш, ойимни,
қавмларни кўриб келиш учун шу йўлни танлагандим.
10
Уйимизда
байрам бўлиб кетди. Айниқса, ойимнинг қувончи чексиз эди. У эртаси бувимнинг
қабрини зиёрат қилишга олиб борди.
- Кўзлари йўлингга тикилиб, жон бердилар,-
деди, дийдаларини тиёлмай.
Кейин
дадам, устам, жиянларимни бориб кўрдим. Олиб келган совға-саломларимни улашдим.
Бирор
ҳафтадан кейин эса зерика бошладим. Зеро шовқун-суронга тўла шаҳар, шоҳона
ҳаётдан диққинафас қишлоққа келиб қолган кишининг ҳолатини тасаввур қилиш қийин
эмас. Тўғри, Москвада ҳам мени ҳеч ким кутмаётганди. Бунинг устига, совуқ кунлар
бошланганди, айниқса ташқарида ишлаш осон эмасди.
Бу
ерда газ бўлмаганлиги, электр токидаги узилишлар сабабли, ойим дарвозахонадаги уйчага кўчиб
ўтганди. Аввал бувим турган бу хонада сандал бор эди.
Шунда
мен фикримни банд қилиб юрган «Оила занжири» лойиҳасини амалга оширмоқчи бўлдим. Шаҳримиздаги янгидан
қурилган салобатли «Бахт уйи»га кириб, унинг раҳбари билан келишишдан олдин,
мозаикабоп ўринни роса чамаладим. Чап
томонда деразасиз, яхлит девор бунинг учун айни муддао эди.
Хушбичим,
хушсухан опахон мени мамнунгина қабул қилди. Муддаомни баён этгач, қўлимдаги
эскизни томоша қилиб, қувонди, саволлар берган бўлди.
-
Бунинг учун девор сувоғини бузиш керакми?- сўради.
-
Фақат расм ишланадиган жойини.- жавоб бердим.
-
Бунинг ихтиёри фақат менда эмас, ҳокимият билан келишиб олай, натижасини
айтаман,- деди ва телефоним номерини ёзиб олди.
Аммо
орадан ҳафталар ўтса ҳамки, ундан садо бўлмади ва мен баттар танг бўлабошладим.
Зерикишим оқибати бўлса керак, уйқусизлик ҳам бошланди. Кўзим илинай деганда, пойгакда ҳалиги малъун
кўзларини чақчайтириб тургандай бўлар ва чўчиб
кетардим.
- Бугун ишим -
иккинчи сменада,- деди ойим, палтосини кияр экан,- эҳтиёт бўл: сандалга
кўмирнинг чўғини солма: лоҳас қилиб ташлайди;
свет ўчиб қолса, российский шамни ёқ – икки соатгача ёнади. Ўзимизники…
Ёлғиз қолиб,
хаёлимга тағин нохуш фикрлар кезабошлади, алланимадан хавотирланишим кучайди.
Дилғашликдан холос бўлиш учун эртароқ ўринга кирдим. Аммо, қани-ку, жилла
мизғисам. «Қарийб бир ҳафтадан бери ухлаганим йўқ, ўйлайман ўзимча, лекин
табиат адолатни хуш кўради - у бир ҳафталик уйқумни қайтариб беради. Ҳозир
ухлайман-у, бир ҳафтадан кейин уйғонаман».
- Айтганинг келсин!
Мен овозни танидим:
бу - ўша иблиснинг товуши эди. Аммо ўгирилиб қарамадим. Йўқ, қўрққанимдан эмас,
бадбахтга нописандлигимни намойиш қилиш, гапига эътибор бермаганим, ғуруримни
кўрсатиш учун шу йўлни тутдим. «Нима у: арвоҳми, алвастими, ёки менинг
хаёлимми» ўйлаб қолдим бир зум.
- Бор нарса
йўқ бўлмагани сингари, йўқдан бор ҳам
бўлмайди. Нима бўлганда ҳам, мен борман, мавжудман!
-
Сендан холос бўладиган кун борми?- дедим, жавобан зарда билан. - Ўлсам
қутуламанми?
Бежизга
бундай демагандим: шу мудҳиш шарпани
қайта кўрмаслик учун, мен бахтиқаро
ўлимимга ҳам рози бўлардим гоҳида.
- Ҳеч ким сенга ўлим тилагани йўқ: тўйиб ухлашинг тарафдориман, холос. Жуда
ширин уйқу...
- Қандай
қилиб?- қизиқдим астойдил.
-
Сандалдаги чўғ устига бир хокандоз кўмир солсанг кифоя.
-
Ўладиган ахмоқ йўқ!- кескин жавоб қайтардим,
ойимнинг сандалга фақат ёғоч чўғини солишни тайинлаганини эслаб.
-
Ҳаёт - ўзга юртда, бировнинг уйида вақтинча яшашдай гап,- давом этди у. - Бу
уйда инсон хор-у хасдай беқадр:
бевафоликлар, алдам-қалдамлар, руҳий,
жисмоний азоблар. Шунга қарамай, одамлар ўзларининг тинч уйларига
қайтишга шошилмасликлари ғалати…
Мен
бу гапни яқиндагина, қайбирам ёзувчининг китобида ўқиган эдим. «Демак, у
шайтони лайин ҳам ўқиган экан-да», ўйлайман ўзимча.
- Катта тоғанг нодон экан,- давом этади у,-
ўзини осиб ўлдирди - беадад оғриқларни бошдан кечирди. Кўмирнинг дуди эса
элитади, ухлатади…
-
Ва ўлдиради-ку,- илиб кетаман.
- У ўлим эмас, уйқу, абадий уйқу. Фарқига
бориш керак.
Тағин кўз ўнгим
қоронғулашди, катта-катта қўлларим шалвираб қолгандай, ноумидликнинг тубсиз
уммонига чўкиб кетаётгандай бўлдим. Сўнг, истар-истамас, ўрнимдан туриб, бир
хокандоз кўмир олиб келдим, сандалдаги чўғ устига бўшатдим. Аммо бу жуда камдай
булиб туюлди. Кейин тағин олиб келдим. Эшикни ичкаридан беркитиб, ўрнимга
чўзилдим. Ҳадемай кўмирнинг бадбўй ҳиди димоғимга урилди. Кўп ўтмай бу ис
борлиғимга ҳаловат бағишлаётгандай бўлди, худди виски симиргандай, кайф
қилабошладим.
Бу ҳол қанча давом
этганини эслолмайман; ногаҳонда, қалтис хатога йўл қўйганимни фаҳмлаб қолдим:
сочларини юлиб йиғлаётган жафокаш онам, меҳрибон опам, дийдаларини тийолмаётган
дадам, изтироб чеккан Светлана кўз ўнгимда намоён бўлишди. Илкис ўрнимдан
туриб, ўзимни ташқарига олишга уриндим, лекин, афсусларки, вақт ўтган,
аниқроғи, юрагим, миям туппа-тузук ишлаётган бўлса ҳамки, вужудим батамом
фалажланганди. Бу аламли эди; мен жон-жаҳдим билан ўнг томонга ағанамоқчи, шу
тариқа эшикка яқинлашмоқчи бўлдим, таассуфки,
қўлимдан келмади; сўнг, бўғзигача ботқоққа ботган нотавондай, дилим
беҳудуд ғуссага тўлиб кетди, қусгим келди, аммо буни ҳам уддалолмадим.
-
Лоақал, алвидо, дегин,- сўради у ўтинч ва гинаомўзлик билан.
-
Алвидо!- дедим, мен дардлигина қилиб.
2008
Комментариев нет:
Отправить комментарий