НОМА
№ 5
Бегоҳи якшанба денг, хобгоҳимда гардуни дуннинг ногаҳоний
кўргуликлари хусусинда хаёл суриб ўтириб эрдим,
берун тарафда
шавқун сурон қўпди. Елкамга яктак ташлаб, андак
хавотир ила
чиқсам, кулбамдан тўрт-беш эшик ростда авж
ғала-ғавур. Бир
нимарса фаҳмламай, наздикрок бордим. Қарасам,
серсақол бир урус
мард бирла заифа Одам Ато бирла Момо Ҳаво
либосида, яъне қип луч
эрдилар. Эркак экки қўли бирла авротини ёшуруб
турур, заифанинг
ҳар бири ялтирбош ҳокимимизнинг калласидак
келадурғон аппоқ
сийналари авезон эрди. Алар ваҳм ва ҳижолатдан
дағ-дағ ларзон
эрдиларки, ҳеч бир ҳисоби ёинки таққоси йўқдур.
Бир заифа раҳм
қилиб, аёлнинг устига чойшаб пана қилди, дигари
эркакка яктак
тутқозди. Локинда шу муддат бир шаддод вайсоқи
ва беандеша заифа
аларнинг устидан чойшаб бирла яктакни юлиб отди,
бир
нималарсалар деб авоз кўтарди, жанжол қилди.
Шу фурсат денг, бир эркак шитоб бирла аларнинг
хонасига кирди
ва даме ўтмай узунлиги, Аллоҳу аълам, экки
қулоч, ғафслиги ҳам
одам пойидек келадурғон газандани кўтариб чиқди.
Мардум ваҳм
қилиб чекинди, ғайридинлар чўқунуб олдилар. Бад
ул мардак зарра
қўрқмай, ваҳшатли йилонни тўрбага тиқди ва бозуд
жўнади. Бадазон
миршаблар пайдо ўлдилар ва каминаи ғариб хатга
тушушдан хавотир
олиб, ўзумни кулбамга урдим.
Урус бобой шинос эрди. Ул художўй ҳар якшанба
заифаси бирла
шу кулбага келиб ётур эрди. Қайбирам
урусмачитнинг ( алар черков
деюрлар) имом-хатиби ( алар поп ёки пастор
деюрлар) бўлғони сабаб
ғайридинлар бисёр иззат кўрсатур эрдилар. Айрим
заифалар,
домонлари, қўлларини ўпур эрди. Рўзи шанбе
“Эртага ҳазрат
завжалари бирла келурлар” деб тараддуд кўрур
эрдилар, бо ин жумла
хоналарини сидқидил тозалар эрдилар.Аммо нечун
бундоқ нохушлик,
дилсиёҳлик юз курсатди, фаҳми ожизим ноқис эрди.
Якчанд соат ўтуб, хонамга фаррош заифа кирди ва
уни аста гапга
кирутдим.
- Юзи кўйсун аларнинг: ул мочахар заифа
хотунчаси бўлмай
ўйноши эркан,- гап бошлади у.
Ғийбат борасинда урус аёллар ҳам ўзумизникидан
қолишмайдур.
Эмдики жавради, бу лаққи ҳисоби йўқ. Ул
сержоғнинг баёнидан шу
нарса аён ўлдики, ўйнош заифа ҳам тарки дунё
қилиб, монастир деб
аталадурғон жойда рўзгурзонлик қилур экан.
Шундоқ табаррук жойда
туруб, серсақол поп бирла дон олишиб қолибдур.
Ва алар ҳар
якшанбе келиб, бу ерга шаҳват ва зино қилур
эрканлар. Ҳолиги,
аларни дуои бад қилиб, жанжол қўптурган заифа
попнинг никоҳдаги
хотуни эрмиш ва аларнинг бу ҳаром-ҳариш
қадамларидан воқиф
бўлуб, ғазаб отига минибдур. Бадазон таниш
морбозни тутуб дебдики:
“Алар кўрпага кирган маҳал, сан йилонингни
тиризадан киргизиб
юборурсан. Ман санга фалон рубл берурман.”
Морбоз рози ўлуб,
йилонни хонага равона қилибдур ва даме ўтмай,
ошиқ-маъшуқлар
қўрқуб, ташқари отилмишдурлар.
Во, макри минг туяга юк бўладурғон хотунлар!
Магарам
ашўлаларда аларни хушфеъл, меҳрубон деб
алқасалар ҳамки, баракс
бисёр қасоскор, маккор ҳамда бераҳмдурлар алар!
Эй эркак зоти, магарам ўйношга борадурғон
ўлсанг, зинҳор ва
зинҳор бу намоқулчиликни исини чиқорма. Баракс
попдак шармандаи
шармисор бўлурсан!
Боре гап шу. Бадазон ўйқум келмади. Начора,
уламолар аросинда
ҳам чапга кетадурғонлари бўлур эканда. Биз
бандаи ожизлар нима
ҳам дердук. Одам Ато бирла Момо Ҳаво шу
бемаъниликни қилғоч
дигарлардан не умед?
Мачитимизнинг ҳам бир имом-хатиби бўлур эрди.
Одоб
хусусинда ваз айтса, тукингга жон кирурди. Ўзи
ҳам пайғамбар
ёшидан ошгон бўлуб, мардум бисёр ҳурмат кўрсатур
эрдилар.
Шундоқ одам иславотхонага бориб, бир фоҳишнинг
устида
бандачиликни бажо келтурди. Фоҳишага ақчалар
бериб дедиларким,
тилингни тишла. Аммо гап чиқиб кетди. Ҳай, ҳай,
ҳай... Шуноқа
гаплар.
Попнинг ҳам айтгонини қил, қилганини қилма,-
деса раво бўлур,
фикр қилдим ва устимға кўрпа тортдим.
НОМА
№ 6
Эшитдимки, шаҳар илкиндаги деҳқон бозорда якчанд
бародарлар
тижорат бирла банд эрканлар. Рўзи чаҳоршанбе,
бисмиллоҳ деб ул
тарафга равона ўлдим. Такси тутғон эрдим, соҳиби
хўжа аҳрорлик
тожик бала чиқди. Гапзанон қилиб бордик. Якчанд
сана бул шаҳарда
шу юмуш бирла бандлиғини боз анинг шарофатинда
рўзғор тебратиб
турғонини изҳор қилди ва каминани даме ўтмай
бозор эшигига рўпара
этди.
Ё, навзанбиллоҳ! Бу Масков бозорими ё Ургутнинг
Жумабозори?! Боре одамлар, яъне даллолдан - ҳаммолгача,
қаравулдан - фаррошгача ўзимизнинг мусулмонлар
бўлуб, алар
ўзбеки ёки тожики гапурурлар эрди. Якка-якка
қалтироқ урус
кампирлар, инчунин кафкозликлар ва диган
ғайридинлар ҳам воқе
эрдилар.
Раста аралаб борадурғон маҳалим, ногоҳ
Ғиёсбойтойни кўруб
қолдим ва бисёр сарафроз ўлдум. Ул мусофир ҳам
бағр очиб келди.
Бу қиёмати бародаримнинг асли номи Ғиёсбой, аммо
қайси кун
мўйлаб қўйди, мардум Ғиёсбойтой деб атайдурғон
ўлди. Боз бир
лақаби , Жўражондур. Ким биланки, гапзанон
қилди, каттами кичик
Жўражон деб гапирур. Калхоз маҳали амалдор эди.
Калхоз барҳам
топти ва ул савдо идорасига ўтди. Аммо бу идора
ҳам барҳам бўлди.
Бадазон Ғиёсбойтой ноилож Москов йўлини олди.
Бадаз гарму-жўшон вохўрлик шу нимарсалар аён
ўлдики, бу одам
алафчафурўшлик ( уруслар зелен, деюрлар) бирла
банд бўлуб,
савдогарлар Ўзбакистондан кўкат келтурур ва
булар ани боғча қилиб
сотур эрканлар. Экки қулоч келадурғон пештахтани
бир
озорбойжондан қиммат-қирон ижора олғонини
гапурди. Ул жойда
заифа савдо қилур эрди, жуфти ҳалоли бўлса
лозим. Пештахтада
кўкпиёздан тортиб шибитгача, райҳондан -
отқулоққача ҳар не
гиёҳлар воқе бўлуб, савдо ҳам чапдаст эрди. Бу
ғайридинлар алафни
бамисли эчки хуш кўришларидан гаранг ўлуб,
яқонгни тутасан.
– Жўражон, бултур шу ҳисобдан бир “Нексия”
олдим. Бизнинг
мошин Тошканд-у Самарқанддан Московда экки
баравар арзон. Бо ин
сабаб Московдан харид қилдим. Аммо сарҳаддан
ўтишда бисёр ақча
олдилар, жўражон. Икки ўн беш - бир ўттуз бўлди.
Шу фурсат денг, сўхтаси савуқ бир миршаб
рўпарамга тўхтаб, на
салом ва на алик : “Юз рубл бер”, деди
ўзбекилаб. Боз тожикилаб ҳам
қўшиб қўйди. “ Сад рубл деҳ”. Иби, деди ўзумча
онангни ҳаққи бор
эрдими манга, хотинталоқ! Аммо Ғиёсбойтой
чаққонлик ила
киссасидан пул чиқориб, ҳолиги муттаҳамга
узотди.
– О, нимага ман учун ақча бердингиз,-сўрадим.
– Эй, жўражон, қалпоқни киссага солиб қўйунг. Бу
занғарлар
қалпоқ кийгандан мазахўрак бўлиб қолғонлар. Боре
милисаси бисёр
бадфеълдур ва дағи ҳар балога гирифтор қилурлар.
Шу пул садқаи
сар,- жавоб берди ул.
Боз шуни фаҳмладимки, бизнинг мардумлар
миршаблар бирла
кавкозликлардан қўрқуброқ рўзгурзонлик қилур
эрканлар. Алар бирла
ҳисоб-китоб қилмағонларнинг бошига бисёр
кулфатлар ёғилур
эрмиш.
- Қавушмоғимиз оқсоқ. Бўлмаса урус мамлакатида
бозорчилар,
биносозлар, боз мошин ҳайдайдиғонларнинг бори –
бизнинг
мардумлар. Алар бўлмаса, бу даюсларнинг жами
юмушлари тўхтаб
қолғон бўлур эрди, жўражон. Боиси: ўзлари
майнўшлик бирла
бандлар.
Бир маҳал денг, ногоҳ носфурушлар растасига
ғавғо қўпди. Экки
чапани одам ( лаҳжаси хоразми) сақол қўйган, бисёр
хушфеъл
кўринадурғон, художўй мусулмон мўйсафедни
гирибонидан тутуб,
ҳақ талаб қилур эрдилар. “ Ё навзанбиллоҳ,
деюрди отахон, ман аппоқ
сақолим билан шундоқ қиладурманми? Мусулмонлар,
бу қандоқ
бедодлик?”
Одамлар арага тушдилар ва экки хоразми надомат тортиб
кетди.
Таажжуб бирла Ғиёсбойтойга қарадим.
– Бу ҳожини Асрори кафт, деюрлар. Нос савдоси
бирла банддур.
Ўзбакистону, Тожикистондан носни қопи бирла
келтуруб, майдалаб
соттирур. Ургут-у, Самарқанд-у, Московда ҳам
ўй-жой солдирғон.
Хотун ҳам Аълло-ҳу аълам, учтадур, жўражон. Уч
бор ҳаж қилди.
Аммо бир бедаво касали борки, зинҳор ва зинҳон
андак воз кечмас.
Яъне носни кўтара харид қилиб, пул санаб
берадурғон маҳал кафаки
қилур. Мазмуни бундоқдур: пулни харидорға
кўрсатиб, ҳаввор
санайдур ва узатодурғон маҳал, морбозлик қилиб,
минг рублдан ками
икки юзини кафтига қисиб қолур. Кўзбайлоғуч ҳам
бунинг олдида
ожиздур. Магарамки, харидор олғон пулини боз
санайдурғон ва
камомадни фаҳмлайдурғон ўлса, “ Э, шундоқ
бўлибдурми, гумроҳлик
каминадан ўтибдур” деб пулни қўлга олур,
киссасидан намойиш
қилиб икки юз чиқориб қўшур ва узотадурғон маҳал
дағи кафаки
қилур, харидорни қақшатур.
Жўражон бирла гапзанон қилдук. Етти киши – зану
мард кавакдак
хонада ётур эрканлар.
– Топишим яхши, жўражон, аммо балалар
Самарқандда, аларни
кўрганимга йил ўлди,- ҳасрат қилди бояқиш.
Кетар маҳали аравача тортиб борадурғон одамға
ишора қилди.
Аравасига қавун, каду, тўрба ортилғон эди,
ёнидағи урус кампир
жеркиб йўл ишора қилурди.
– Бўлмайдурғони экки дунёда ҳам шулдур. Бу
хуноса куни бирла
пишқириб арава тортур, ақча топур, бад бориға
майнўшлик қилур ё
фоҳишага борур. Самарқандда бала-чақам бор, деб
хаёл қилмас,
жўражон.
Пеш аз паноҳи худо қилмоқ Ғиёсбойни тилифонини
ёзиб олдим
ва биз хайр-хуш қилдик.
Тушимда шўрлик Ғиёсбойтой кучук азобинда аравача
тортиб
борур эрди. Раҳм қилиб лаб жуфтладим: “Жўражон,
юртга қайтмоқ
жоиздур. Эмди зинҳор ва зинҳор йигитча
эмасдурсиз. Ватанни севмоқ
иймондандур”. Дебдики: “Бояд, ватан ҳам биз
ғарибларни севсун”
Бадазон урус кампир авоз кўтариб, бизни саҳройи,
тегинхур, деб
ҳақорат қилибдур. Шу фурсат денг, аравача
“Нексия”га айланибдур
ва Ғиёсбойтой бирла кампир анга миниб, равона
бўлибдурлар.
Ҳарчандки зўр бердим, туш таъбирини фикр
қилолмадим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий