среда, 27 сентября 2017 г.

3 ҚИСМ: НОМА № 1. НОМА № 2

УЧИНЧИ ҚИСМ


Асарни янги қисмдан бошлашимга холис бир китобхоннинг
фикри туртки бўлганлигини таъкидлашим зарур. У мазкур
“номалардан” мамнунлиги ва эътирофларини таъкидлагач, каминани
ўзбек адабий тили қоидаларинига кўпроқ риоя қилишга чорлагандай
бўлди.
Аслида, Абдулла Қодирий қаҳрамонларини тирилтириш ва уни ўз
забонида, яъни эски ўзбек тилида сўзлатишда бир қусур бўлмаса
керак. Аммо фикрлаб кўрсам, қадимий тил кўпроқ сатира ва юмор
талабларига жавоб берадигандай.
Менинг қораламаларим эса тобора жиддий тус олаябди ва бундан
кейин (бошимни кундага қўйиб бўлса ҳамки) публицистик руҳни
кучайтириш, аниқ шахслар, бўлиб ўтган воқеалар, расмий
рақамлардан фойдаланиш ниятидаман. Жиддий масалани ёритиш
учун эса жиддий ва устивор забон керак.
   Бу асар Мустақилликнинг дастлабки йилларида ёзилганлигини ва мазкур қийинчиликлар табиий бир ҳол эканлигини ҳисобга олишингизни ҳам сўраб қоламан.


НОМА №1

Кечки овқатдан кейин ўғилларим Сардор билан Сарварни ёнимга
таклиф этдим.
– Телефонларингни ўчиринглар, қулоқларингдаги симни олиб
қўйинглар,- дедим буйруқ оҳангида.
Улар итоаткорлик билан ижро этишди.
– Сизларга эртак айтиб бермоқчиман,-дедим.
Болалар ажабланишди. Чунки, ҳали бирор бор уларни ҳеч ким
эртак айтиб бериш учун чорламаганди.
– Бир бор экан, бир йўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул
экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, тошбақа тарозибон
экан, қурбақа ундан қарздор экан.
Раҳмати бувим шу гапларни айтишлари билан қулоғимиз динг
бўлиб, эътиборни оширардик. Аммо ўғилларим бу даромад гапдан
кейин ажабланиб, тиржайиб қўйишди.
Мен давом этдим.
– Жуда қадим замонда, узоқ бир мамлакатда бадавлат киши
рўзгурзонлик қилар экан. Унинг яйлов-яйлов қўйлари, қанчадан-
қанча малайлари, чўпонлари бор экан. Бойнинг хотини нуқул ўғил
туғаркан. У бир куни худога илтижо қилиб, бирорта қиз ато этишини
сўрабди. Аммо хотини бу гал ҳам ўғил туғибди. Шунда у худога шак
келтириб, “ Намозингни ўқиябман, закотингни тўлаябман-ку,” деб
иддао қилибди.
Ниҳоят тўққиз ўғилдан кейин хотини қиз туғибди. Бой қувониб,
халойиққа етти кечаю-етти кундуз тўй берибди.
Аммо чақалоқ ғалати экан. Бурни қирғийникидек илгакли бўлиб,
қозиқ тишлари оғзидан чиқиб турган экан. У жуда баднафс бўлиб,
нуқул гўшт беришларини талаб қиларкан. То ҳатто, бир куни жаҳл
билан онасининг маммасини ҳам тишлаб узиб, еб қўйибди.
Бир куни кенжа ўғил қўйларни қўриқлаб ётса, шарақлаган овоз
эшитилибди. Қараса чақалоқ бешиги билан келиб, бир қўйни тутиб
олибди ва ўша ернинг ўзида еб қўйибди. Кенжа ўғил синглиси
ялмоғуз бўлиб туғилганини фаҳмлаб, жуда ҳам хафа бўлибди. Кейин
ўйлаб-ўйлаб, бу манзилдан бош олиб кетишга қарор қилибди. Отини
миниб, итини эргаштириб, узоқ йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл
юрибди. Бир манзилни танлаб, рўзгурзонлик қилишда давом этибди.
Орадан йиллар ўтиб, бир куни тушига ота-онаси кирибди ва
уларни жуда кўргиси келибди. Қадрдон отини миниб, содиқ итини
уйда қоровулликка қолдириб, киндик қони тўкилган юртига қараб, “Ё
раббий!” деб йўл олибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди.
Қишлоғига етиб келса, ҳаммаёқ хароба, тирик жондан эса нишона ҳам
йўқ эмиш. У ҳовлиси томон шошилибди. Отини дарахтга боғлаб,
ичкари кириб қараса, бадбашара бир кампир ўтирган экан.
“Ассаломалайкум” дебди унга эҳтиром билан. “Ассаломинг бўлмаса,
икки ямлаб бир ютардим”, дебди кампир. У қўрқиб ўзини
таништирибди. Ялмоғиз эса дарҳол ёғ доғлашга тушибди.
Бир маҳал кампир ташқарига чиқиб келиб, унга савол берибди.
“Ака, отингни оёғи тўрттамиди ёки учта” Бу очофат қадрдон отининг
бир оёғини еб қўйганлигидан жуда ўксиган бўлса ҳамки,
қўрққанидан: “Учта эди” дебди. Ялмоғиз кампир зум ўтмай тағин
ташқарига чиқиб келибди ва укасидан сўрабди. “ Ака, отингни оёғи
учтамиди ёки иккита?” “Иккита эди,” жавоб берибди кенжа ўғил. Бу
гал синглиси чиқиб келиши билан:”Отимнинг оёғи битта эди,” дебди.
Ниҳоят ялмоғиз “Сени отинг бормиди ёки йўқмиди”? деб сўрабди. “
Отим йўқ эди”, деб жавоб берибди акаси.
Шу пайт бир сичқон пайдо бўлибди ва унга: “Бу жойларда мендан
ўзга бирорта тирик жон қолмаган. Сен ҳам зудлик билан қочиб қол! У
ёғни сени қовуриб ейиш учун доғлаябди, дебди. “Қандай қилиб,”
қўрқибгина сўрабди кенжа ўғил. “Мен дутор чертиб ўтираман,” деб
томга чиқ. Дуторни мен тингиллатиб тураман, сен қочиб қоласан.
Этигингни қумга тўлдириб, томнинг лабига илиб қўй. Уни кўриб,
хотиржам бўлади.
Меҳмон халоскори айтганларини бажариб, жўнаши олдидан
сичқон бир дона тароқ, қайроқтош ва кузгу берибди ва магарам
ялмоғиз кампир уни қувиб етай деганда, уларни бирма-бир орқага
ташлаб юборишни маслаҳат берибди.
Ялмоғиз кампир ёғни обдон доғлагач: “ Ака, энди пастга туш!”,
дебди буйруқ оҳангида. Аммо садо бўлмабди. Ялмоғиз такроран
талаб қилса ҳам жавоб бўлмабди. Шунда у қаҳрга миниб, акасининг
этигини зарб билан силтаб тортибди ва кўзлари қумга тўлибди. У
кўзларини шоша-пиша тозалаб олгач, жаҳл билан акасининг ортидан
қувишга тушибди. Кўп ўтмай, ўлжасига яқинлашиб ҳам қолибди.
Шунда укаси тароқни ташлаб юборибди. Ортда сарҳадсиз тўқай
пайдо бўлибди, Нари тарафда қолган ялмоғиз: “Тўқайни кемириб
ўтаман”, деб наъра солибди ва укаси унчалик узоққа кетмаёқ,
тиканзорни кемириб, ўзига йўл очибди. Ялмоғиз бу гал
яқинлашганда, қайроқ тошни ташлаб юборибди. Оралиқда ўлкан тоғ
пайдо бўлибди. “Тоғни тешиб ўтаман”, дебди ялмоғиз. Дарҳақиқат
укаси унча узоққа бормай тоғни тешиб ўтибди. Бу гал укаси кузгуни
отиб юборибди. Ўртада денгиз пайдо бўлибди. “Денгизни ичиб
ўтаман,” дебди ялмоғиз ва зум ўтмай уни қуритиб, акасига яқинлашиб
қолибди...
Эртак шу ерга келганда бирдан тин олдим ва болаларнинг
нигоҳларига қарадим. Улар ташналик билан давомини кутишарди.
- Айтинг, айтинг, - дейишди илҳақ бўлиб.
- Айтмайман,- жавоб бердим анча кескин. Мана шу сизлар совға
этган “Ўзбек халқ эртаклари” китобида давоми бор. Ўзларинг
ўқинглар.
Улар китобни шошибгина қўлга олишди ва мазкур эртакни топиб,
фақат ўшанинг давомини ўқишди. Аммо мен бошқа бир ҳолатдан
умидвор эдим. Улар китобдаги қолган шавқовар маталларни ҳам
иштиёқ билан ўқишга киришади, деб ўйлагандим. Афсуски, ундай
бўлмади. Аввалгидай, тағин ўша қўл телефонларига ёпишиб олишди.
Мен зоҳирий надомат чекдим. Булардай ўсмир пайтимда “Робинзон
Крузо”, “Ўн беш ёшли капитан” деган китобларни бир ўтиришда ўқиб
тугатганим ёдимда. Қишлоғимиз кутубхонасига бориб,”Ўткан
кунлар”ни сўраганимда, ўн беш киши навбатда турганлигини
айтишганди ва тахминан экки ойлардан кейин олиб ўқигандим. Кейин
“Фарғона тонг отгунча”ни бир танишимдан ялиниб –ёлвориб
олгандим.
Наҳотки келажагимиз соҳибларининг китобдан юз ўгиришига шу
митти матоҳ сабаб бўлса.
Бу хусусда бош қотириб юрган кунларимнинг бирида Россия
ТВсида мазкур мавзуга бағишланган баҳс-мунозарага гувоҳ бўлиб
қолдим. Кекса ёзувчи билан ёш файласуф олим бир-бирини инкор
этиб, нуқул ўзиникини маъқулларди.
“Диалектика қонунларига биноан, дерди олим, бошланган ҳар
қандай жараён охирига етиши керак. Бир замонлар инсон китобни
кашф этган. Эндиликда унинг умри тугаб бораябди. Инкорни инкор
қонунига биноан у ўзи яратган ТВ ва интернетга курсисини бўшатиб
бермоқда. Буни тўғри тушунмоқ ва қабул қилмоқ керак...”
“Инсониятнинг китоб ўқимоқдан тўхташи, тағин ғорларга қайтиши
деган гап,” енгил жаҳлга миниб, унинг сўзини бўларди адиб!
Интернет ҳеч қачон китоб ўрнини босолмайди, буни ҳаёт кўрсатди.
Чунки, ўргимчак тўрида ўқувчини чалғитадиган омиллар бисёр.
“Сичқонча”нинг елкасига нуқиб қўйишингиз билан дунё
янгиликлари, латифалар, тўҳматлар, нимлуч аёллар, дилхуш
қўшиқлардан баҳраманд бўлиш мумкин. Бундай вазиятда фикрни
жамлаб асар ўқиш мумкин эмас! Китоб содиқ ҳамроқ ҳам: уни
истаган жойингизга олиб юришингиз мумкин.”
“Ҳозир компютер, ТВ ва қўл телефонининг бирлашиш жараёни
бошланди, жавоб берди олим. Эндиликда қўл телефон Интернетга
боғланди ва унда истаган нарсангиз муҳайё. Пушкинни ёки
Толстойни ўқийсизми, латифага хушингиз борми, тарихий саволга
жавоб излайсизми – марҳамат. Ўзингиз тасаввур қилинг: бу
инсониятнинг нақадар мислсиз кашфиёти! Энг муҳими, мобил
телефонни олиб юриш, китобдан кўра ўнғай ҳам. Тан олмоқ керак, бу
прогрессни ҳеч қандай куч тўхтатолмайди. Инсоният қўл телефонига
батамом боғланиб қолади.” “Оқибатичи?”, қониқмади ёзувчи. “
Ваҳимага ҳожат йўқ, эътироз билдирди рақиби, одамлар жаъми
ахборот ва маънавий озиқни телефон орқали тез ва сифатли олади ва
табиийки, шу тариқа ўлкан тараққиётга эришади. Лекин китоб ҳам
йўқолиб кетмайди. Бир замонлар чироқ кашф этилганда, энди шамга
ҳожат йўқ деб ҳисоблашган, электр лампа пайдо бўлганда эса,
инсоният чироқдан батамом воз кечади, деб ўйлашган. Аммо кўриб
турибсизки, шам ҳам, чироқ ҳам керак бўлаябди.,” “Сиз ўз-ўзингизни
инкор этаябсиз,” қўшилмади адиб, ҳозиргина диалектик қонунларни
пеш қилиб, кишилик дунёси китобдан воз кечади, деб даъво
қилгандингиз. Энди эса.. Мен, барибир, фикримда қоламан,
қўшилмади ёзувчи. Китоб жавонимда энг қадимий “Библия”, рус
армиясининг муғул-татар босқинчиларига қарши курашиши
кундаликлари, Чеховнинг Х1Х асрда чоп этилган китоблари бор. Мен
бу муқаддас китобларни бот-бот олиб варақлайман ва дилим фахру-
ғурурга тўлади. Ҳеч қанақа қўл телефони ёки Интернет бу эзгу ва
шавқовар миссияни бажаролмайди! Бугун ҳар бир мусулмоннинг
уйида “Қурони  Карим” бор. Гуржи қизнинг бисотлари орасида Шота
Руставели китоблари бўлмаса, нохуш гап кўпайиб кетади. Тожиклар
“Таджики” деган китоби бўлмаган миллатдошларини хунасага
чиқаришади. Ишончим комилки, бошқа миллат ва элатларда ҳам
муқаддас ҳисобланган ана шундай китоблар йўқ эмас!”...
Узоқ давом этган бу мубоҳасалардан кейин ҳам фикримни
жамлаб, аниқ бир тўхтамга келолмадим.
Мурод муалимнинг қоровулхонасига борганимда, у ердаги
“донишманд”ларни қўзғаб қўйиб, мунозарани давом эттиришни
кўнглимга тугим қўйдим.

НОМА № 2

Бугун – 2011 йилнинг 25 сентябри. Якшанба.
Эрталабданоқ Пастдарғомга - Сухайлони кўргани боришга
тараддуд кўрабошладик. Унинг пахта теримига кетганига ўн беш
кундан ошди. Найимбек машинага бензин тўлдириб келди. Жўнаш
олдидан каттароқ қозонда ош дамлаб, лаганга солиб олдик. Бир оз пул
ҳам олдим. Чунки, Сухайлони олиб келадиган бўлсак, “пахта пули”ни
бериш кераклигини айтишганди.
Коллежни сафарбарликка эълон қилишганда ҳам, атиги 200
доллар билан теримдан қолдириш мумкинлиги аён бўлганди. Гарчанд
бунча маблағ уйда бўлмаса ҳамки, топишим қийин кечмасди. Аммо
Сухайло, дугоналаридан четда қолмасликни зорланиб сўрагач, ойиси
иккаламиз кўниб қўяқолдик. Юкларини машинага ортиб, чиқариб
кузатиб ҳам қўйдик ва қизимиз ўша куниёқ, кечки маҳал телефон
қилиб, Пастдарғомдаги бир мактабга жойлаштиришганини, кайфияти
яхшилигини билдирди. Биз хотиржам бўлдик.
Ундан кейин у деярли ҳар куни телефон қилиб турди. Норма – 70
килограмм эканлигини, аммо у 50 килодан оширолмаётганидан
нолиганини ҳисобга олмасак, бошқаси жойида эди.
Бугун у билан боғланиб, кўргани бораётганимизни маълум
қилганимизда, кеч соат еттигача далада бўлишларини билдирди ва шу
сабаб кўп ҳам барвақт келмаслигимизни тайинлади.
Самарқанддан чиқишимиз билан фақат шаҳар эмас, унинг
атрофлари ҳам жуда обод бўлганлигига гувоҳ бўларди киши.
Пастдарғомга кета-кетгунча икки томонлама кўча бунёд этишибди,
унинг атрофида шундай муҳташам бинолар қад кўтарганки, қойил
қолмай иложингиз йўқ.
Бу кўчалардан аваллари ҳам ўтганман. Йўллар уйдим-чуқур,
атрофда, аксар ҳолда пахсадан тикланган пастак уйлар бўларди.
Эндиликда текис, кенг асфалт кўчада машиналар бир-бири билан
пойга ўйнаётгандек, шиддат билан ўтиб кетарди. Уларнинг деярли
бари ўз юртимизда ишлаб чиқарилганини туйиш дилингга ғурур ато
этарди. Шу пайт рулда гўзал келинчак ўтирган “Спарк” ҳам бизни
ортда қолдирди.
- Ўзбечкалардан ҳам шоферлар кўпайиб қолди а,- қўзғаб қўйдим
хотиним билан ўғлимни.
- Ҳа, айниқса, сўнгги уч йилда кўпайди, гапимни тасдиқлади
Найимбек.
- Лекин ярашади,- дедим.
- Мана шу қурилишлар ҳам кейинги уч йилда қад кўтарди,- давом
этди Найимбек. Ҳазил эмас!
Ҳадемай пахтазорлар ҳам бошланди. Ғўзалар пастак бўлса ҳамки,
оппоқ бўлиб очилганди. Узоқда ҳашарчи болалар кўзга ташланарди.
Жамиланинг баҳри-дили очилиб кетди.
- Вой, бу пахталарни қаранг: оппоқ бўлиб очилибди. Тезроқ териб
олиш керак. Ёмғир-помғир ёғмасдан...
- Энди, болаларга тердирмаслик керак-да, - норозилигимни
яширмадим. - Ўзлари теришсин, аввалгидай машиналарни ишга
солишсин.
- Ҳеч бало урмайди,- фикримга қўшилмади хотиним. - Бу курорт-
ку. Мусофирликни кўради, чиниқади...Ўзимизни ҳам икки ойлаб олиб
кетишарди. Совуқларда қолиб кетардик. Бир жойимиз кам бўлмади.
- У шўролар замони эди,- мен ҳам уни инкор этдим. Эндиликда
болалар ўқиши керак, Мен бундан норозиман, юқорига ёзаман,-
дедим, уни тергаб қўйиш илинжида, ҳазил-чин аралаш.
- Фақат шу ишингиз қолувди,- киноя қилди Жамила. Кошки
ўзингиз беайб бўлсангиз?! Хатоларингизни топишади-ю, қамаб
юборишади.
– Хўш, менинг нима гуноҳим бор, жуда қамаб юборадиган иш
қилмагандирман,- чинакамига қизиқиб сўрадим.
- Бор...
- Масалан?
- Масалан, бир йилдан бери светни ўғирлайсиз. Инкубаторга. Бу –
бир. Иккинчидан, ота-бола мошин билан кира ишлайсизлар, аммо
налог беришдан қочиб юрасизлар.
Бу гапдан кейин Найимбек, негадир қаҳ-қаҳ отиб кулди. Мен
андак ҳижолат чекиб, сукут сақладим.
Туман марказидан ўтиб ҳам анча йўл босдик ва ниҳоят чап
томонга бурилдик. Шўролар даврида ётқизилган асфалт йўл ўйдим-
чуқур бўлиб қолганлиги сабабли ўғлимиз тезликни сусайтириб,
уларни эҳтиёткорона четлаб ўтиш пайида бўларди. Кейин илма-тешик
асфалт тугаб, тош тўшалган йўл пайдо бўлди. Тағин икки-уч
километрдан сўнг у ҳам охирига етиб, тупроқ кўча бошланди. Айрим
жойларда тупроқ қалинлиги бир қаричдан паст эмасди. Ҳар қанча
суст ҳайдасак ҳам ортимизда қуюқ чанг қолабошлади. Шу пайт
қаршимизда трактор пайдо бўлди. Унинг тележкасига пахта
ортилганди. Трактор ўтиб кетгач, алламаҳалгача ҳавода муаллақ
бўлиб осилиб қолган чангнинг тарқалиб кетишини кутишга тўғри
келди.
Ниҳоят манзилга ҳам етиб келдик. Пештоқига қизил ҳарфлар
билан “Пахта штаби” деб ёзилган мактабнинг йўлига тош тўшалган,
сув сепилган эди. Ёрдамчилар шу мактаб синфларига
жойлаштирилган экан. Кейинроқ менга аён бўлишича, бу ерда айни
пайтда фақат тўртинчи синфгача бўлган болалар ўқишаркан.
Қолганлар теримга сафарбар этилган экан.
Биринчи учрашган кишимиз ошпаз аёл бўлди
- Сизлар биринчи курсдаги Сухайлонинг одамларими,- қувониб
сўрашди биз билан. – Қизларингиз жуда одобли, яхши
тарбиялагансизлар. Менга ёрдамчи бўл, дедим - кўнмади. Теримга
чиқиб кетди.
Опа кечки овқат учун макарон шўрва пишираётган экан. Бизни
такаллуф билан столга таклиф этиб, олдимизга чой қўйди. Дилимизда
унга нисбатан илиқ меҳр ўйғонди. У киши шўролар даврида ҳам шу
даргоҳга ошпаз бўлиб ишлаганини айтди. Бу ерда шогирдлари билан
ўқувчиларга овқат тайёрларкан. Шунингдек, директорини сифатлаб
қўйишни ҳам унутмади.
- Қизларимизнинг оёғига тикан ҳам кирмасин, дейди. Қўшни
коллежларнинг директорлари пахта сотиб олиб, мукофотларга эга
бўлишади. Ҳокимиятдан тазйиқ қилишади-да. Бу киши унақамас.
Майли, гап эшитсак ҳам, бизга кейинги ўрин бўлаверади, дейди.
- Пахта сотиб олиш ҳали ҳам бор экан-да,- қизиқиб, тергаб
қўяман.
- Ҳа, ўғлим институтда ўқийди. Уларда норма саксон кило.
Бажармасанг, сотиб ол, дейишаркан. Ҳар ўн кунда юз минг кетаябди.
Учинчи курсдан бир студент домласини пичоқлаб ташлабди. Зулм
қилган бўлса керак.
Соат еттидан ошиб, қоронғу тушди, аммо болалардан ҳамон дарак
йўқ эди.
- Бугун узоққа олиб кетишган,- деди опа. - Йўлда бир соат
вақтлари кетади. Аввал солдатлар келади, кейин улар. Шўрлик
аскарларга қийин – нормалари юз кило. Уддаламаганини золим
командирлар ҳар балога гирифтор қилишади.
Аён бўлишича, қўшни далада аскарлар ҳам пахта теришаётган
экан.
Ҳадемай, қоронғуликдан қадам товушлари эшитилди ва чанг,
тупроқ орасидан елкаларига фартук тақиб олган, ҳорғин аскарлар
сафи кўринди. Улар ёруғликка, тош тўшалган йўлга чиққач, сергак
тортиб, биргаликда қўшиқ бошлашди.
“ Олға бос, олға бос, эй ўртоқ, Биз учун муқаддас бу тупроқ...”
Аскарлар ўтиб кетгач, чанг орасидан қизлар сафи кўринди.
Уларнинг олдида аскар либосидаги сарбон ҳам бор эди. Куни билан
пахта териб, шунча йўлдан пиёда келаётган ёшгина-ёшгина қизларга
дафъатан ачиниб кетдим, беихтиёр қаҳрим келди. Бир тарихий фильм
кўрган эдим: олдинда ва орқада милтиқ кўтарган соқчилар назоратида
саф тортган маҳбусалар маҳзунгина қадам босишарди. Уларнинг
орасида ёш қизлар ҳам бор эди ва тақдирга тан бериб, тиззагача лой
кечган ҳолда орқага қолмасликка ҳаракат қилишарди. Шуни эслаб,
муштимни туйган маҳалим, хотиним авзойимдаги ўзгаришни сезди.
– Тағин сариқлигингиз тутаябди-а? Ҳеч бало урмайди, қайтамга
чиниқади. Кўпга келган тўй...
Аён бўлишича, булар - иккинчи курс қизлари экан. Улар ўтиб
кетгач, ёдимга ургутлик бир таниш шоирнинг шеъри тушди.
Ўзбекистон!
Асра болаларингни.
Улар улғайишар
Ва даволашар
Сенинг кўп йиллик
Яраларингни!
Ўзбекистон!
Дардингни олай!
Асрагин,
Асрагин,
Болаларингни...
Сухайлони кўриб, нохуш хаёлларим ўз-ўзидан тарқалиб кетди. У
“Дадажон” деб бағримга отилди. Қизимиз қуёшда андак қорайган,
кайфияти яхши эди. Ётоқларини кўрдик. Эшик, деразалар ичкаридан
илгаклади. Озода...
- Кечки овқатга бориб юрма,- деди ойиси, ош дамлаб келганмиз.
Дугоналарингни ҳам чақир.
Ҳадемай радиокарнай хириллади ва гапга кирди. “Муҳтарам
ўқувчилар! Мустақиллигимизнинг йигирма йиллигига йигирма тонна
пахта териш мажбуриятини олган иккинчи “Б” бугун маррага етиб
келди. Уларни муборакбод этамиз! Бу азаматлар ватан хирмонига
йигирма тонна “оқ олтин” бўшатдилар. Ана шу ватанпарвар қизлар
мавсум охиригача тағин йигирма тонна пахта теришга сўз бердилар.
Иккинчи “Б”дан ибрат олинглар!. Шунингдек...”
Сухайлонинг дугоналари билан бирга ўтириб, ош едик. Уларнинг
аксари шаҳарлик ўзбек, тожик қизлар эди. Қизларнинг ўзини тутиши,
одоби дилимизга ўтиришди ва бу ҳолдан ҳам таскин топдик..
- Биз сени олиб кетмоқчимиз,- дедим, қизимизга, дастурхонни
йиғиштиргач.
- Мен бормайман,- деди Сухайло, андак сукунатдан кейин,
аллақандай хавотирлик билан – Охиригача тераман!
- Нега?
- Кетсам, дугоналаримга қийин бўлади,- деди ва негадир кўзида
ёш айланди. - Терганимиз ҳали ўн беш тоннага ҳам етгани йўқ.
Биз уни ортиқча қистовга олмадик.
Пахтазордан кеч қайтдик.

Комментариев нет:

Отправить комментарий