вторник, 26 сентября 2017 г.

ЖАДИД Олтинчи боб

МУХТОРИЯТ

      
                                               Мақсад на эди, жаҳона келдинг,
                                               Кайфиятингни баён этиб кет.
                                                                                    Нодира
                                               Мухторият биз учун лайлатулқадр
                                                    кечасидек умидбахшдур
                                                                                           Фитрат

                                                             МУХТОРИЯТ
   
    Қўқон, том маънода ўт ичида эди; эски лойшувоқ уйлар ҳам, кўп қаватли башанг бинолар ҳам аланга оғушида ёнарди. Дашноқчилар зудлик билан ичкари киришар, шоша-пиша қимматбаҳо буюмларни халтага жойлашар, сўнг уйга керосин сепишарди. Гоҳи-гоҳида  залворли замбаракдан отилган ўқлар қулоқни қоматга келтириб қарсиллар ва уй-жойларни, кўз очиб юмгунча хоку туробга айлантирар, сўнг эса ўша жойда катта аланга пайдо бўларди. Ҳеч ким ёнғинни ўчиришга шошилмасди, аксинча, жон талвасасида дуч келган томонга қочишарди.
    Қуюқ тутун орасида душман аскарларининг тўрт-беш кишидан иборат гуруҳи кўзга ташланар ва улар тезда ғойиб бўларди; бир неча таноб ердаги қор қирмизи рангга айланганди; ўлик ва ярадорларни биров қутқарай демасди.
   Шу пайт, ўт кетган уйдан бир аёл дод солганича югуриб чиқди ва мадад истаб аскарлар томон югурди; армани ўсмир эса уни совуққонлик билан   отиб ташлади. Аёлнинг овози тинди, аммо уни ўраган олов ҳамон ёнарди.
  Ана шу тўс-тўполон, аниқроғи,  ҳаёт ва мамот оралиғидаги жанггоҳда бир зиёли киши  изтироб алангасида  юрар, ўлимдан зарра чўчимас, аксинча ажал истаб, тентираб юрган девонаворга ўхшарди. “Тақсир, қочинг!”, деди кимдир, аммо у одам чекинишни хаёлига ҳам келтирмай, ёнаётган аёлни отиб ташлаганлар томон қасдма-қасд, мардона борабошлади.
  Бу жўмард ва аламзада инсон, Маҳмудхўжа Беҳбудий эдилар.
   Тақсир ўлимга рози бўлгандилар. Боиси, инсон табиати ва Яратганнинг хоҳишига батамом зид    бу қиёмат-қойимга гувоҳ бўлишга сабру тоқатлари тугаган  ва мазкур хунрезликларга ўзларини ҳам маълум даражада айбдор деб билгандилар. Тутун ва чанг орасида душманларнинг қиёфалари аниқроқ кўзга ташланабошлади. Муаллим дашноқчилар ҳақида эшитган эдилар. Улар аввал Туркияга қарши жанг олиб боришганини, мағлубиятга учрагандан сўнг, подшо армиясига ёлланиб, болшевикларга қарши курашишганини билардилар. Бугун эса болшевиклар томон ўтиб, тинч аҳолига қирон келтиришмоқда. Уларнинг ҳам муқаддас китобларида, инсонни ўлдириш гуноҳи азимлиги қайта-қайта битилган, ота-оналари ва муаллимлари одам қонини тўкиш не оқибатларга олиб келишини уқдиришган, албатта. Аслида,  аниқ эътиқоддан мосуво бўлган бу худобехабар даҳрийларнинг мақсад муддаолари талон-тарож қилиш, бойлик орттириш бўлиб қолганди.
  Хуллас, у киши ўша жаллодлар томон ўлим излаб одимлаётган заҳоти ғалати тасодиф юз берди. Бир бой ўт тушган уйидан энг зарур ва муқаддас бойликлари солинган жомадонини қучоқлаганича қочаётганда, аскарлардан бири уни илғаб қолди  ҳамда ўша томон имлаб, ўз тилида алланима деди. Жон талвасасида қочиб кетаётган бойни мўлжаллаб бирайўла уч киши ўқ отди.  Ҳалиги одам юзтубан бўлиб йиқилиши билан дашноқчилар ўша томон югуришди, талашиб-тортишиб. унинг чўнтаги, жомадони титкилаб, қимматбаҳо буюмлар ва пулларни олишди; уларни орқаларига боғланган брезент қопга  жойлаштиришди.
   Эски шаҳарнинг тор кўчаларида умуман юриб бўлмасди, тутун ва чанг орасида ёнаётган тўсинлар ҳам ана шу тор йўлакларга тушарди. Шунга қарамай, муфти жаноблари ажал коми сари саргардон бўлиб борардилар.  Очиқроқ майдонларда эса замбараклар, ҳарбий автомашина ва техникалар анчагина эди. Улар тинч аҳолини ўлдириш, шу усул билан Туркистонни ваҳимага солиш, кимки бош кўтарса, шундай забун ҳолга тушиши мақаррарлигини намойиш қилиш учун ташиб келтирилганлигига, у киши ишонч ҳосил қилгандилар.
   Ўша таниш биржа биноси олдида шаҳар горнизонига қарашли казак аскарларида изғиб  юришарди. Улар ҳам хонадонларга кириб, қимматбаҳо буюмларни олишаётганлиги, кейин эса уйга ўт қўйишаётганлигини кўриб, Беҳбудийнинг нафратлари чандон ошди. Бу бетайинлар, асосан казаклардан ташкил топган бўлиб, яқингача  аркдаги ҳарбий горнизонда подшога хизмат қилишар, болшевикларга  қарши кураш олиб боришарди. Подшо тахтдан тушгач, болшевикларга хизматга ёлланишди. Аслида буни “хизмат” дейиш ноўрин бўларди, чунки бу  мунофиқларнинг ҳам ҳушу хаёли талончиликдан бошқа нарса эмас эди.
   Шу пайт бир ўсмир катта кўчани кесиб, югурганича ўтабошлади.
   – Мерганлар қани,- сўради командирбашара казак.
  Ўсмирга қараб, бир неча аскар ўқ отди, аммо тегизишаолмади. Кейин нобарор мерганлар устидан қаҳ- қаҳ отиб кулишди, бир-бирларини айблашди.
   – Сен айт, сен айт,- деди казаклардан бири дашноқчилар томон юзланиб, мен кеча бундан ҳам тез югураётган учта сартни отиб қулатган эдим а?
   Шунчаки эрмак учун, мерганлик маҳоратини намойиш қилиш учун   инсонни нишонга олишаётганлиги, одам зотини ёввойи қуёнга тенг кўришаётганлиг60 ҳар қандай қабоҳатдан ҳам қабоатлироқ эди, албатта! Беғубор ва мутлақ бегуноҳ бўлиб дунёга келган одам зотининг бу қадар тубанлашиб, гуноҳларга ботиши  сабабларини англаш, тушунтириш мушкул эди. Булар, ўша Бухоро жаллодларидан юз карра бераҳм, бешафқат бўлиб кетишларининг сабаблари фақат худога аён. Жаллод фақат амир фармойишига биноан одам ўлдиради, зеро унинг вазифаси шундан иборат. Булар эса, ана шу юмушни, шунчаки кўнгилхушлик учун қилишади. Яратгандан ҳам, виждон азобидан ҳам чўчишмайди; бу дунёда ҳамма қилмишлар учун жавоб бериш соати етиб келишини ўйлашмайди ҳам. Ваҳоланки, буларнинг ҳам онаси алла айтиб, савоб ишларга даъват этган, раҳмдил, шафқатли бўлишга чорлаган, муаллимлари барча зарфу зафарлар, ташвишлар ва курашларимиз инсоннинг бир томчи қонига арзимаслигини уқдиришган. Астағфурилло!
   Аслида, бегуноҳ одамларни ўлдириш, уларнинг уйига ўт қўйишга буйруқ беришдан муддао, халқнинг мухториятчиларга бўлган ишончини йўқотиш ва нафратини оловлантириш эканлигини фаҳмлаш ҳам қийин эмасди.
  “Балки, бу ғайриинсонийликдан Петроград бехабардур, ўртоқ Ленин билан Сталин билишмас,” деб ҳам ўйлардилар у киши гоҳида...
   Муфти ҳазратлари тағин нарироқда шаҳар касалхонаси бемору ҳамширалари билан ёқиб юборилганини кўриб, юракларига оғриқ кирди. Бир азобда чеккароқа чиқиб, ғужанак бўлиб йиқилдилар. Замбарак ва милтиқ овозлари ҳам бора-бора тинчигандек бўлди. Кейин эса барини унутиш ва Самарқандга қараб жўнашга, аниқроғи, бу фожиалар, ваҳшийликлардан тезроқ бош олиб қочишга қарор қилдилар.
   Поездда эса, виждонлари билан яккама-якка қолиб, дўстларни эсладилар:  М устафо Чўқаев қаерда экан?  Убайдулла акачи, Камолқори ҳожи тирикмиканлар... Қаерда экан, бу бахтиқаролар, бошларига не кулфатлар тушдийкин.
   Ажабо, Қўқон шаҳар кенгаши ва ҳукуматнинг  бошқа амалдорлари мухторият эълон қилишга қарши эмасдилар, улар бу ташаббусни қўллаб қувватлагандику. Кейин эса... Қайси ҳаромиваччага ёқмади экан, бу ҳуррият эпкини? Падарига лаънат, барининг!
   .Поезд ҳамон илгарилаб борар, ташқарида деҳқонлар ҳеч гап бўлмагандек, анжирзорларга яхоб суви оқизишарди. Тақсир уларнинг, руҳий азоблардан батамлом холи бўлган ҳаётларига ҳавас билан қарадилар.
   Кейин раҳматли дадаларининг айтганларини эсга олдилар.
   “Жами динлар одам ўлдирмоқни қаролашади, локинда насроний ҳам, аҳли  муслим ҳам қон тўкмоқдин ўзини тиёлмайди. Адолатсизликни кўргинки, жиллагина жиноят қилғон зиндонга  тушади, аммо урушни бошлаб, ҳазорон кишиларнинг ўлимига, ногирон, ватангадо бўлмоғига сабаб бўладурғон падарлаънатнинг  номи,  тарихда қоладур. Товба! Товба! Ўшанда биз, аҳли Самарқанд белкурак, кетмон кўтариб, Чўпонота тамон чопдик. Бир маҳал ўрислар оломон устига от солиб, бандаларнинг бошлари, қўлларини бераҳмона чопиб ташламоқни бошладилар. Ҳарёқни одамларнинг фарёди тутди. Иби, иби, инсон ҳам шу қадар бераҳм бўлурму? Алар отган замбарак заминни ларзага келтирур эрди, алангаси хонадонларни хоку туроб этар эрди...”
    Бу, 1868 йилдаги рус босқини ҳақида эди.
   1917 йил қишида, яъни орадан салкам эллик йил ўтиб, уларнинг Қўқондаги қирғинига эса Беҳбудийнинг ўзлари гувоҳ бўлдилар. Бундай камситишлар, хавф хатарлардан қутулишнинг ягона йўли озодлик эканлигини у киши анча эрта идрок этгандилар. Ва, айнан шу боис мухторият тарафдори бўлгандилар.
    Беҳбудий ҳазратлари, бир вақтлар кемада у кишига ҳамроҳ бўлган яҳудийнинг  озодлик ҳақидаги гапини эслаб, унга таҳсин айтган бўлдилар. “Озодлик машъали, энг аввало уни кўтарганларнинг қўлини куйдиради”.   Фақат қўлинимас, бор-будини, ҳатто виждонини ҳам ёндиради, қўшиб қўйган бўлдилар ўзларича.
   
                                                   *  *  *
    Ибтидоси эса анчайин силлиқ кечганди. Мустафо Чўқаев йўллаган телеграммада: “Муҳтарам Беҳбудий жаноблари. 1917 йил 26-29 ноябр кунлари содир бўладурғон  ўлка мусулмонларининг тўртинчи фавқулодда қурултойига ноиб сифатида  иштирок этишингиз сўраладур.” деб ёзилганди.
   Муфти ҳазратлари Қўқонга бир кун илгари етиб келдилар ва янги шаҳардаги меҳмонхонадан жой олдилар. Шаҳарда одатдаги хотиржамлик ҳукм сурарди, дўкон ва бозорлар гавжум эди. Аммо эртаси қурултой ўтадиган эски шаҳардаги биржа биносига етиб келганларида, одамларнинг чеҳрасида, аллақандай зоҳирий севинч, нигоҳларида ногаҳоний муждалар мавжудлигини сездилар. “Мухторият” деган ширин,  ҳаловатбахш бир калом бағоят эҳтиром, эҳтиёткорлик билан тилга олинаётганлигини фаҳмладилар ва ўзлари ҳам ички ҳис туйғуларини жиловлолмайлар, атрофдагилар билан ҳазил-мутойибалар қилдилар.
   У кишини ичкарига таклиф этишди. Бу ердаги хонада Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев, Ҳожи Камолқори сингари қадрдонлар билан қучоқлашиб кўришдилар. Кейин ҳаммалари залга ўтишди.  Ўриндиқлар тўлиб, орқада ва эшик олдида одамлар тирбанд туришларига қарамай, олдинги қатор  бўлажак ҳайъат аъзолари учун бўш турарди.
    Раислик қилувчи қурултой ишини очиқ деб эълон қилди ва унинг ҳайъатига  Мустафо Чўқаев, Маҳмудхўжа Беҳбудий,   Убайдулла Хўжаев,  Юргули Оғаев, ҳожи Камолқори, Абдураҳмонбек Ўразаев. Соломон Гердцфельд, шаҳар ҳокими ва бошқалар очиқ овоз бериш йўли билан сайландилар. Асосий масала, Мухторият масаласи эди. Биринчи бўлиб сўз олган шаҳар ҳоким: «Туркистон мусулмонларининг  ўлка қурултойини чин қалбдан қутлайман ва у Туркистонга мумкин қадар кўпроқ фойда келтириб,  тарихимизда чуқурроқ из қолдиришини истайман. Шубҳасиз, бизга эркин мухторият зарур”, деди.
    Бу эътирофдан Беҳбудий бағоят сарафроз бўлдлар. Боиси: ҳукумат вакилининг мухториятни қўллаб-қувватлашидан дилларидаги  умидни тағин оловлантирган эди. Демакки, ҳукумат мухториятга зид эмас, баракс унга мойил, тарафдор.
     Кейин сўз олган Убайдулла Хўжаев Россияда ҳозир бошбалдоқлик эканлигини, айни пайтда ҳақиқий ҳукумат мавжуд  эмаслигини ва ҳозирча Россия таркибидаги Мухторият бошқарувига ўтиб, болшовойларга қарши курашиш зарурлигини таъкидлади.
   Бошқа нотиқлар ҳам Мухториятни қўллаб қувватлаб гапирдилар. Кейин Беҳбудий жаноблари сўз сўрадилар.
   “Муҳтарам ватандошлар! Энг аввало, Қўқон мухторияти деб эмас, балки Туркистон мухторияти демоқларингизни сўрар эрдим. Ҳужжатларда ҳам шундоқ қусур кўрдум. Айрим муҳтарам бародарларимиз бошқарувда фақат мусулмонлар бўлмоқлари зарур демоқдаларким, камина бу фикрга ҳам зиддурман. Якчанд араб шаҳарларида бўлдим. Араб, яҳудий, турк, юнон ва дигар халқлар бир мушт бўлуб, юртларини бисёр обод ва фаровон этибдурлар, биз алардан чандон орқада қолибдурмиз. Биз бугун Россия таркибидаги мухториятни қўллаб қувватлаб турибмиз, аммо бу чин маънодаги озодлик, мустақиллик  учун босган илк мунаввар ва табаррук қадамимиздур. Ўша кунларга етмоғимизни ҳам Худои таоло насиби рўз айлаган бўлсин!
   Залдагилар у кишини давомли қарсаклар билан олқишладилар.
    Қурултой эртаси ҳам кечгача давом этди ва кечқурун, раислик қилувчи Туркистонни мухтор жумҳурият, деб тантанавор эълон қилди. Тўпланганлар ўринларидан туриб, алламаҳалгача бу муждани олқишладилар. Қуръон оятларини ҳамжиҳат бўлиб, баланд овозда қироат этдилар. Кейин байрам туси шаҳарга кўчди. Байрамни хуш кўрадиган қўқонликлар бир зумда кўчаларга чиқиб, тантаналарни бошлаб юбордилар.
  Муфти жаноблари беҳад бир қувонч, сурур билан меҳмонхонага қайтар эканлар, тезроқ ҳукумат билан шартномалар тузиш, ғалла, пахтани истаган мамлакатга сотиб, халқни яқинлашиб келаётган  очлик балосидан қутқариб қолиш режаларини тузардилар. Шунда у кишинингг ёдларига беихтиёр бир вақтлар кемада у кишига ҳамроҳ бўлган яҳудий билан, туркиялик башоратчи аёл тушди ва ўзларича уларни калтабинликда, қаллобликда айбладилар.
   “ Халқларинг  тайёр эмас! Бунинг учун ўз-ўзини бошқаришга қодир бўлган халқ керак. Оломонга ишониб, боши кесилган қаҳрамонларни ҳам, жабр кўрган аҳли улусни ҳам кўп кўрганман. Озодлик машъали, энг аввало, уни кўтарган қаҳрамонларнинг қўлини куйдиради. Бу аҳволда озодлик  эълон қилиш мумкиндир, аммо уни  сақлаб қолиш қийин. Россия калтабин эмас, шундай бебаҳо хазинани осонлик ила қўлдан чиқариб юбормайди. Бунинг устига  ҳарбий кучларинг ҳам йўқ. Ҳокимият эса, ҳамиша ҳарбий куч соҳиблари ихтиёрида  бўлади. Милтиқли кишига мушт ўқталиш, довдирликдан бошқа нарса эмас!”

  Туркиядаги башоратчи аёл ҳам шунга яқин гапни айтганди.
   “ Озодликдан умид ҳам қилманглар! Худонинг ўзи раво кўрмагунча, унинг учун курашманглар ҳам.. Аёл боласини тўққиз ой, тўққиз кун кўтариб юриши шарт.! Одамларга тез юрадиган соат керакмас, тўғри юрадиган соат керак”
    Ўша жуҳуд билан фолбин аёл бугунги тантанани, халқнинг кайфиятини кўрганда эди, ҳижолатдан ерга кириб кетарди, деб ўйладилар.
   Эртаси эрталаб  Мустафо Чўқаев хонасига кирганларида, бошлиқ бир неча ҳожилар, имом-хатиблар, мударрислар билан гаплашаётганини кўриб қолдилар.
    – Ҳожи ака, киринг,- деди у муфти ҳазратларига,- сизга одам юбормоқчи бўлғон эрдим, деди у ва аҳли уламо билан гапини давом эттирди. – Тошкентнинг жами жоме масчидларида бўлмоқларинг керак. Аларга мухторият, мустақиллик моҳиятини  обдон тушунтирмоқ лозим. Кейин мухториятни қўллаб кўчаларда тинч намойиш ўтказмоққа даъват этингиз. Бунинг учун, аввал маҳаллий ҳукуматдан рухсат олмоқ шарт. Огоҳ бўлингиз: намойишчилар полис билан зинҳор ва зинҳор зиддият қилмасунлар. Мухториятни қўллайдурғонлар қанча кўп бўлса, шунча яхши.
   Бошлиқ уларга рухсат бериб, Беҳбудий томон юзланди.
    – Ҳожи ака. Биз қурултойимизга Олмаота, Еттисув ва дигар шаҳардардан қазоқ дўстларни ҳам таклиф этиб эдик. Аммо алардан дарак бўлмади. Эҳтимолки, алар ўруслар билан муносабатни бузишдан хавотирдадирлар, балки биз сартлардан кўра русларни устун кўрарлар. Аларга бағишлаб бир очиқ мактуб битмоғингизни истар эрдим. Ани газетларда эълон қилурмиз ва ўзларига ҳам юборурмиз. Мактубда аларнинг турк қавмидан эканлигига, мусулмонлиғиға урғу бермоқ зарур.  Юрагига бориб тегадурғон гаплар битинг.
  – Тузук, Шундай қилурман. Аммо хавотирим башқа нарсадан.
   – Хуш?
    – Тошкентда намойишга дастлаб озроқ одам чиқмоғи маъқул. Меъёрнии бузмоқ чикора. Боиси, болшовойлар ҳукуматининг рафтори бизга қоронғу.  Мусулмонларнинг кўп бўлиб чиқмоқлари аларни қурқувга солмоғи мумкин.
   – Гап шунда, алар қўрқсинлар! Мусулмонлардан қўрқсалар, ҳурмат ҳам қилурлар..
   Беҳбудий бир нима демадилар ва тағин ётоққа қайтиб, очиқ хатни ёзмоққа киришдилар. Кечга яқин унга нуқта қўйдилар.
   Ўз моҳиятини замонлар оша ҳам йўқотмайдиган битикнинг  тўла матни қўйидагича чиқди.
  


               ҚАЗОҚ   ҚАРИНДОШЛАРИМИЗГА   ОЧИҚ   ХАТ



     Азиз юртдошларим!  Мусулмон  биродарлар!  Хаммангизга маълумдирки, Туркистон, демак – туркий эл бўлиб, мундаги  халқннг қазоги, қиргизи, сарти, ўзбеги, туркмани, татари – хаммаси  аслан ...  Жаҳонгир ... Темурнинг авлоди ёки оға- инисидурлар. Туркистондаги араб. хўжа  ва сайидлар-да  ўз  тилларини йўкотиб, балки билқулли турклашиб ва ҳатто арабликларини эсларидан чикариб ...  ҳар жихатдан бирлашиб кетгандурлар  Туркистоннинг  оз шаҳарларида  ва баъзи тоғларида  форсизабон, яъни тожиклар борки,  алар хам камолан мусулмон ва сиз ила хаммазҳабдурлар. Тирикчиликларининг  ўзбеклардан фарқи йуқ даражададур.
        Бовурлар! Билингларки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингларки. ҳақ  олинур, берилмас. Инчунин, Мухторият-да олинур. берилмас. Яъни  мухториятни Туркистон балаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта. башқалар тарафидан берилмас. Башқаларнинг қулидан келса бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халклар бирлашиб, Мухторият йулига саъй қилмасак, албатта, хозирги қоғоз устидаги мухториятимизни хам йук қилурлар. Бул албатта, шундайдур ва бул сўзга ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур.
                 Энди ишлар шу ҳолда экан, биз хаммамиз, яъни қирғиз, қазоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас Туркистондаги , Қазоқистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва мундаги яҳудийлар ва христианлар бирлашиб.иттифоқ ила шу мухториятнинг амалга келишига саъй ва эҳтиром этмоғимиз лозимдир. Агарда бизга ўз бошимизға шариат, урф ва одатимизға мувофиқ тирикчилик қилмоқ керак бўлса, хаммамиз вақтли низооъ ва “манман”ликни қуйиб, ҳамма нарсани эсимиздан чиқариб, ёлғуз “Мухторият”  учун ҳар нима нарсамизни фидо этмоғимиз лозимдур. Мундай фурсат ва замоннинг бизға қайтиб келиши маълум йук. Қадрини билиб ишламоқ керакдур. Вақт ўтгандан  сўнгра ўкинмок фойда этмас.
            Шуни-да билингки, қазоқ ўз бошиға, шаҳар халқи ва атрофи ўз бошига ойрилиб, башқа-башқа мухторият қилмоқчи бўлганда, иккиси ҳам муддаосиға етмайдур. Сиз қазоқ қариндошларимиз чўлдасиз. Аммо сиздан  кўп халқлар ҳам шаҳарларда ва шаҳарлар теварагиндадур. Тирикчилик  шундай нимарсаки, чўл ила шаҳар ва кишлоқ халқини бир- бирига боғлагандур. Бир-биридан ажралиб яшаёлмайдур.Шаҳар халқи ила бирлашиб мухториятни бошкарғанда сизларга зарар келмай, балки фойда келур.
               Мухториятни бошкармоқ учун ёлғуз  сиз-да кифоят этмаганиингиз каби, ёлғуз шаҳар ва атрофдаги халойиқ ҳам кифоят эмас, балки иккингиз-да кераксиз. Шуни-да билингизки. сизлар турғун халк ила бирлашиб мухторият қилган ила сиз ила турғун халқ учун биргина навъ қонун бўлмай, балки сизнинг тирикчилик ва одатингизға мувофик алоҳида сиз учун нафълик қонунлар ёзулур. Шариат ҳам кўчма ва чўл мусулмонларининг урф ва одатлариға кенглик берғондир. Сиз уйламангки, турғун халқи ва ё шариъати бизни қисадур. Йуқ, билъакс, сизға кераклик одатларингизни сизға қолдириб, сиз учун сизнинг зиёли вакилларингиз қонунлар тузайдурлар. Тоғ ва шаҳар халқлари учунда бошқа-бошқа қонунлар тузалур.
              Хатто, Туркистондаги баъзи уезд ва шаҳарлар учун алоҳида қонунлар тузалур. На учунки, ҳаммамизнинг тирикчилигимиз  бир эмасдур. Яҳудий ва христианлар  учун-да башқа қонунлар тузалур. Ҳар бир халқнинг одат ва мазҳабиға риоя қилинур.  Хулоса: Мухториятни миллат мажлиси ҳар бир ҳалқнинг нафъини кўзда тутуб  қонун чиқарар. Агарда сиз қазоқ биродарлар турғун халқдан ажралиб, ўзга мухторият қилурмиз десангиз, мундан сиз-да ва турғун халқда зарар курар ва эҳтимолки  иккингиз-да мухториятдан насиб бўлмас, азбаски куч таралур.
            Бобокалонларимизнинг машҳур насиҳати бор. У  ўгиллариға насиҳат қилиб эдики, бирлашингиз. Масалан бир даста таёқни бирга богласангиз, кимки синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бирин-бирин хар ким синдурур. Мана, бобонгизнинг буйруғи.
           Чироқларим! Бошқа халқлар, масалан  серблар, италянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар,  ҳатто дунёнинг   у  учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, башқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлиб, ютилиб, ҳатто  тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдур, аҳмоқлиқдур. Турк томириға болта урмоқликдур.
            Онгли қазоқлар уйласинлар, тарихга қарасинлар, зиёли қазоқлар. Оврупанинг ихтилоф солиб, миллатларни ажратмоқ сиёсатиға ва икки юзлигига  қарасинлар эди. Бирлашғон Туркистон халқининг бўлинмоқиға ўзимиз сабаб бўлмасак эди. Барча ихтилофчилар ва бошқалар-да, албатта зарар курарлар ва алар ила баробар татарлар-да, биз-да, мундан зарар кўрурмиз ва ихтилофимизнинг жазосини тортармиз. У кунларимиза йиғлармиз, аммо фойда этмас.
              Чироғларим,  бирлашайлик ! Кўрасиз, бу кунги русларда бирлашмоқдадурлар.Энди бирлашмоқ замонидир. Агарда сиз айрилсангиз, туркман қариндошлар-да айрилса Туркистон турклари уч ерга бўлиниб кетар ва барчаға мухтриятдан насиба чиқмай қолур. Еттисувдаги мусулмон қариндошларга ҳам айтатурғон сўзим шулдур.
                 Ондаги христианларға келгунча алар билсунларки, Еттисувда кўп бўлсалар-да бутун теваракларини мусулмонлар айлантириб олғон ва аларнинг-да бизнинг мухториятга кўшилмоқлари, албатта  ўзлари учун лозим булғонидек, Туркистоннинг башқа жойларидаги руслар учун-да фойдаликдур.Чунончи, алар кўшилса, миллат мажлисинда рус аъзолари купайур. Бизнинг мухториятимиз жорий бўлғондан сўнгра Еттисув русларининг қўшилмасликлари асло мумкин эмасдур.
                Ёлғуз сиз ила биз эмас, бутун Русия мусулмонларининг бирлашмоқлари шаръан ва ақлан фарздур.
               “Оллоҳнинг ишига бирлашингиз ва тарқалиб кетмангиз”  Тангрининг сўзидир.
                       Башқа газеталарнинг кўчирмакларига раво ўлинур.
                                            *  *  *

   Муфти жаноблари, мана ўн беш кундирки, Қўқондалар. Бу орада бир бор Самарқандга бориб, жамоа ишларидан, рўзғордан хабар олиб қайтдилар. Боиси, бу ерда у киши бажарадиган юмуш бисёр эди. Бошлиқ ҳам,  ҳайъат ҳам у кишини бот-бот чорлар ва маслаҳат, мадад сўрарди.
    Айнан ўн беш кундан сўнг Тошкентдан келган нохуш хабардан бу ердаги аҳли мусулмон чўчиб тушди.  Мухториятни қўллаб намойишга чиққанларни нокас аскарлар ўққа тутишибди. Ўн  беш киши қурбон бўлибди.
    Чўқаев ўша куннинг ўзидаёқ, ҳукумат бошлиғи Табулин ҳузурига кириш, норозилигини  билдириш учун Тошкентга жўнаб кетди. Аммо тез орада, намойишчиларни мўлжаллаб отилган ўқ бутун мухториятга, Туркистон озодлигига қарши отилганлиги аён бўлиб қолди. Шундан кейин шошилинч тарзда Қўқон атрофига кўплаб қуролли дашноқчилар, казаклар пайдо бўлдилар; замбараклар ташиб келтирилди. Шу билан бирга, мухториятчиларга қарши тўҳматлар тўқиш, фисқу фасодлар тарқатишга зўр берилди.
    Кунлардан бирида, мухторият идорасига қуролли кишилар бостириб кирдилар, у ердагиларни ҳибсга олдилар ва энг даҳшатлиси,  Қўқонга ўт қўйиш ва уни ёқиб юбориш операцияси бошланди. Бу эса кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийлик эди. Тез орада, Петрограддан, айнан шундай  буйруқ келганлиги ҳақида гаплар ҳам тарқалди.
   Беҳбудий жаноблари купеда ёлғиз ўтириб кетар эканглар, ёнаётган уйлар, ваҳшийларча отилаётган бегуноҳ кишилар кўз ўнгиларидан кетмасди; инсон боласининг худодан қўрқмай, гуноҳи азимларга қўл уришидан изтироб чекар эдилар. Не-не умидларда қўлга киритилган муқаддас мухториятдан мосуво бўлиб қолиш дарди эса  жуда-жуда оғир эди. Буёғи нима бўлади, деган сўроққа ўзларича жавоб излардилар.
   Мазкур поезд  Тошкент томон кетиши боис, чўлда ундан тушиб, Самарқандга борадиганини кутишга тўғри келди. Бекатда одамлардан ўзларини чеккага олиш, ҳарбий кишиларнинг кўзига кўринмаслик инстикти бошланганди. Поезд кутаётган бир чапани киши шанғи овозда гапирарди.”Қўқонни хароб қилишди, даюслар! Барига Чўқаевнинг одамлари айбдор. Туппа-тузук яшаётган эдик. Хон –у монумизни куйдиришди, худобехабарлар! Каззоб Чўқаевнинг ўзи Қашқарга қараб қочган эмиш. Бошқалари ҳам шу. Ҳукумат барини топиб олади.”
   Беҳбудий туриб, нарироқ кетдилар.
   Ҳарқалай, Самаркандга борадиган поезддаги купе бўш экан. Алғов-далғов хаёлларга берилиб, ўзларини қандай қисмат кутишини хаёлдан ўтказардилар.
  Навбатдаги бекатлардан бирида у кишига икки русизабон  хамроҳ бўлди. Уларнинг бири ҳарбий либосда эди, иккинчиси, рус тилини бузиб гапиришига қараганда хорижлик эди. Муфти ҳазратларини ногаҳоний хавотир аралаш, бошларини хам қилиб, юзларни яширишга ҳаракат қилардилар.
  Янги шериклар яқинда Петербургда бўлишган, шекилли, у ердаги таассуротларни такрорлашарди. Уларнинг гапларидан Ашхободга боришаётганини, болшевикларни ёмон кўришларини ҳам фаҳмлаб олдилар.
  – Болшевиклар ҳокимиятга қон тўкиб келишди ва  узоқ вақт ҳукмдорлик қилишади,- деди ҳарбий
  – Бу мантиққа зидку,- деди шериги, бундай зўравонларнинг умри қисқа бўлмоғи керак.
  – Тарихга қара, Македонский, Чингизхон, Грозний ва бошқа ўта золимлар одамларни ваҳимага солиш ҳисобига йиллар оша ҳукмронлик қилдилар. Улар одамларни тириклай кўмиш, ёқиб юбориш, дорларга осиш, инсон бошидан миноралар тиклаш билан  ваҳимали жамиятни шакллантиришди. Болшевиклар ҳам шундай  йўл тутишни маъқул  топишганга ўхшашади.        
  – Улар Қўқондаги касалхонани беморлари билан бирга ёқиб юборишганини эшитдингми?
  – Йўғ-ей...
  Шу ўринга келганда Муфти жаноблари жим туролмадилар.
  – Шундай бўлди, камина ўша ерда эдим.
   Меҳмонлар бирданига эътиборларини тақсирга қаратиб, саволга кўмиб ташлашди. “Дашноқчилар қачон пайдо бўлди?” “Қанақа қуроллар билан отишди?” “Одамлар қаёққа қараб қочишди?” ва ҳоказо.
   – Қўқонликлар бу борада Ленин билан Сталинга мурожаат қилишаётган экан. Мазкур хунрезлик, айнан Ленин ёки Сталиннинг буйруғи билан амалга оширилганини идрок этишолмайди, шўрликлар.
   – “Ҳокимият  ҳамиша ҳарбий куч соҳиблари ихтиёрида  бўларканда.” пароходдаги яҳудийнинг гапини эсладилар у киши.
  – Бу табиий ҳол қўшилди чет эллик. Мухториятчилар қўлида на маблағ бўлган ва на қурол. Сувни кўриб этик ечиш керак эди.
– Халқимиз ҳам  тайёр эмас эди,­- тағин яҳудийни фикрини такрорладилар устоз. Бунинг учун ўз-ўзини бошқаришга қодир бўлган халқ керак.
  – Россия калтабин эмас, шундай хазинани қўлдан чиқариб юбормайди,- деди ҳарбий киши.  Бу аҳволда озодлик  эълон қилиш мумкиндир, аммо уни  сақлаб қолиш қийин. Ҳукумат ғирромликни хуш кўради.
 – Тўғри, туғри маъқуллашди меҳмонлар. Орага жимлик чўкди. Уни Беҳбудий буздилар.
  – Болаларни ўқитишимиз керак...
  Тағин жимиб қолишди. Сукунатни паровознингдавомли чинқириғи бузди.
   Поезд Самарқандга яқинлашиб қолган эди.
 

Комментариев нет:

Отправить комментарий