среда, 27 сентября 2017 г.

3 ҚИСМ: НОМА № 3. НОМА № 4

НОМА № 3

Жамила биқин оғриғидан бот-бот шикоят қилгани боис, уни
машинага миндириб, докторга олиб бордим. “Ўтхалта шамоллаганга
ўхшайди”, деди хотинимни обдон текшириб кўрган врач. Уч-тўрт кун
ётсин, отдай қилиб юборамиз.”
Бу шифохонани “вниик” дейишади. Гап шундаки, шўролар
замонида Бутуниттифоқ қоракўлчилик илмий-тадқиқот институти шу
тўрт қаватли бинода жойлашганди. ( ВНИИК – Всесоюзный научно-
исследовательский институт каракулеводство). Мустақиллик эълон
қилингандан кейин олимлар бир муддат маошсиз қолиб, бу ерга
келмай қўйдилар ва шаҳардаги эски биноларига қатнайбошладилар. У
пайт туманимиз ҳокимаси Раҳима Ҳакимова деган, тутганини
қўймайдиган, уддабурро аёл эди. Депутатлик мавқеидан фойдаланиб,
Тошкентдаги казо-казолар рухсати билан бинони туман тасарруфига
ўтказди ва марказий шифохонага айлантирди.
Бу – ҳокиманинг энг катта ва эзгу хизмати эди! Опанинг бўшалиб
кетганига кўп йил бўлди. Аммо одамлар унинг айнан шу хизматини
бот-бот эътироф этиб турадилар.

Хуллас, тушдан кейин Жамилани шу ерга ётқизиб уйга қайтдим.
Аммо бирор соат ўтар-ўтмас алланимамни йўқотиб қўйгандан,
паришон ҳолга тушабошладим. Кечқурун тағин бордим. У каминани
койиган бўлди. “Келаверасизми энди. Бундан кўра жўжаларга
қарасангиз бўларди. Мен соғ-саломатман , бу ердагилар билан ҳам
қандай муомала қилишни биламан, ҳақимни егизмайман,” деди.
Бундай дейишининг боиси бор. Жамила шўролар замонида медицина
техникумини битириб, бир муддат ҳамшира бўлиб ишлаган эди.
Аммо фарзанд кўргандан кейин рўзғор юмушларига ўралашиб қолди.
Зеро унинг ўша пайтларда оладиган маоши йўл кираси билан
тушлигига ҳам етмай қолганди. “Зерикдим, шунчаки гаплашгани
келдим” дедим ва алламаҳалгача ширин хотираларни титкилаб
ўтирдик.
Эрталаб доктор айтган дори-дармонлар билан иссиқ нон, қаймоқ
олиб бордим. Кечқурун тағин...
Ҳар гал борганимда Жамила, албатта янги гап топиб қўяр, гоҳида
қизиқ латифалар айтар ёки ёшлигимиздаги хотираларни эслаб мени
қувонтирарди.
Бу гал манти олиб борган эдим, таклиф киритиб қолди.
- Қўшни палатада бир аёл касал ўғли билан ётибди. Ўзи
Тожикистондан нотинчлик йиллари келиб қолган. Бу ерда одами
йўққа ўхшайди. Йўқ демасангиз, шу мантининг ярмини уларга олиб
кирардик.
- Ихтиёринг,- дедим, олиб кир.
- Сиз ҳам юринг, энди. Жуда яхши аёл. Гоҳида олдимга келади –
гаплашиб ўтирамиз. Душанбедаги опамни ҳам таниркан...
Аёлнинг ёши ўтиб қолган бўлса ҳамки, хушбичим, хуштавозелиги
ўзига ярашарди. Кароватда мажолсизгина бўлиб ётган йигитчанинг
ранги синиққан, ориқлаган эди. Унинг ягона фарзанд эканлигини ва
жигари оғриганлиги айтишди.
– Аста-аста тузалаябди, овқат еябди,- деди аёл ширин умидлар
билан.
Биз кўп гаплашмадик, Бемор йигитчанинг бу тариқа беҳол ва
мададга муҳтож бўлиб ётиши дилимни сиқабошлади. Аниқроғи, аёлга
ачиниб кетдим. Бу дунёдаги ягона умиди бўлган риштаи жонининг
маҳзун ҳолига қараб ўтириш она учун жуда оғирлигини фаҳмлаш
қийин эмасди.
Хотиним руҳиятимдаги нохуш ҳолатни сезди ва биз хайрлашдик.
- Мен сизга битта шеър бераман,- деди Жамила ташқари чиққач,
Шу аёлга бағишлаб ёзилган. Бу ерда бир қиздан кўчириб олдим.
Ўқинг, жуда таъсирли.. У ҳам бировдан кўчириб олган. Кимнинг
шеъри эканлигини билолмадик.
Палатасига кирганимиздан кейин ўқувчилар дафтаридан йиртиб
олиб, ўз қўли билан кўчилган шеърни узатди. Уни ўша ердаёқ ўқишга
киришдим.
Майли уйга тўлсин тамаки иси,
Майли, май ичсанг ҳам, бўза ичсанг ҳам,
Майли, мен кампирга раҳминг келмасин,
Фақат тезроқ соғай, соғайгин, болам!
Майли олис юртга чиқиб кет уйдан,
Менга у томондан хатлар ёзмагин.
Майли, қайси қизни хоҳласанг уйлан
Ва бевалар билан билганингни қил!
Ардоқлаб ўсдирдим сени ғунчадек,
Кўксим ҳароратин бердим бир олам.
Майли ич, лаънати тамакини чек,
Фақат тезроқ соғай, соғайгин, болам.

Шеър менга ҳам дафъатан таъсир қилди. Кўзимга ёш келди.
Сўнгги йиллар давоми, айнан шеъриятдан бунчалик таъсирланмаган
эдим. Умумун, шеър ўқимай қўйганман. Гапнинг рости, ҳар куни
газеталарда чоп этилаётган, ТВда ўқилаётган ва Мурод муаллимнинг
таъбири билан айтганда: “Ватан ҳақидаги шалдироқ шеърлар”
бадимга текканди.
“Бундай варсақи тизмаларни ватан билан давлат тушунчасининг
фарқига бормайдиган довдирлар ёзишади”, деган эди муаллим киноя
аралаш. Назаримда у ҳақ. Қайси куни биринчи каналдан халқ шоири
чиқиш қилди. Унинг қўлларини серпаб, жазавага тушиб ўқиган
шеърида ватанпарварликдн кўра ҳукуматпарварлик сероброқ эди.
Начора, сарой шоирлари ҳамма замонларда ҳам подшоликка
ялтоқланиб кун кўришган.
Мен мазкур шеърнинг муаллифини аниқлаш, унинг китобларини
топиб ўқишни дилимга тугиб қўйдим.
Аёлим азбарои мени қувонтириш учун шу шеърни ёзиб
олганлигини туйишнинг ўзи хушбахтлик эди. “Ҳар кун келаверманг,
жўжаларга қаранг, болаларни назорат қилинг, уларга иш буюринг”,
деб тайинлади. Аммо эрталабгача тоқатим тоқ бўлди. Майда-чуйда
харид қилиб, машина рулини тағин вниик томон бурдим.
Кеча палатада бир ўзи эди. Бугун ён каравотда ўрта ёшлардаги
кўзлари қув бир аёл ётарди. Остона ҳатлаганимдан кейин, ўрнидан
туриб салом берди. Фаросатли экан: ўзимни эркин тутишим, хотиним
билан гаплашиб олишим учун, бизни холи қолдириб, чиқиб кетди.
- Биқинимдаги оғриқ тўхтади,- деди аёлим, ҳафта охирида жавоб
беришса керак.
- Ҳар қалай сенга шерик беришибди, энди зерикмайсан,- дедим.
У маъқуллади ва негадир сирли кулди.
- Нима бўлган, бу аёлга?
- Сўраманг,- деди кулгиси баттар қистаб.
Менинг эса ҳангоматалаблигим ошиб, якравлик билан унинг
оғзини пойлаб туравердим.
- Қочиб келган, эридан.
- Золим эканми?
- Йўқ, деди ва шарақлаб кулиб давом этди, жони-ҳолига қўймас
экан. Кечаси уч мартагача ўйғотиб, ҳалиги ишни қиларкан. Кундузи
ҳам уч-тўрт бор... Молга қараябдими, кир юваябдими, қатъий назар,
уйга судраб кираркан. Бу аёл келинидан жуда ҳижолат бўларкан.
Иккаламиз ҳам беғубор кулди.
- Бориб турган ҳанги экан-да,- дедим.
- Эрим келиб қолса, чиқиб кетманг,- деб илтимос қилди. У ярамас
шу ерда ҳам менга ёпишиб қолиши ҳеч гап эмас.
Биз тағин кулдик.
- Шукурки, сиз бунақа эмассиз..,- деди хотиним,
хайрлашарканмиз, мийиғида кулиб..
Жамила бўлмаса, рўзғоримда тартиб-қоидалар, таомиллар хуллас,
ҳамма-ҳаммаси бунчалик тез издан чиқади, деб ўйламагандим. Ўтган
шу тўрта кун давомида ҳаммомда кирлар уюлиб кетди, супурилмаган
ҳовлида файз қолмади. Бунинг устига Сухайло ҳам пахтада эди. Биз
тўрт эркак ҳатто қозон-товоқ ювишни ҳам эплолмас эканмиз.
Паришонхотирликдан бўлса керак, бу орада мачитга ҳам чала-чулпа
қатнадим. Кайфи учган одамнинг оти ҳам яхши чопмайди,
деганларидек, ҳатто қафасдаги жўжаларим ҳам ўз-ўзидан
йўқоладиган бўлиб қолди.
Гап шундаки, ветеринария аптекасида учрашган ҳалиги
биродаримдан бройлер тухумлар олиб, инкубаторга қўйган эдим.
Ундан чиққан жўжалар одатдагидан анча йирик бўлганлиги боис
харидорлар талашиб олиб кетишди. Келажакда насл олиш умидида
нақ йигирматасини боқишга қўйгандим. Эрталаб қарасам, аллақачон
иккитаси гумдон бўлибди. Эртаси тағин... Уларни биров ўғирлаши
ёки мушук илиб кетиши мумкин эмасди. Чунки катакнинг тўрт
томони симтўр билан ўралганди.
Бу гал шифохонага борганимда, аёлимга, энг аввало шуларни арз-
дод қилдим.
- Жўжанинг душмани жуда кўп,- деди хотиним. Масалан, илон.
- Йўқ, бу жўжалар илоннинг оғзига сиғмайди, катта.
- Илоннинг оғзи, қорни жуда чўзилиб кетади. Бундан ташқари,
тагдан каламуш, юқоридан бойқуш кириши мумкин Улар ҳам ўзидан
икки ҳисса йирик ўлжаларни овлашади. Юқори очиқ эди, бугуноқ
бориб беркитинг, пастда тешик-пешиклар қолган бўлса, лойланг!
- Йўқ, сани бу ердан олмасдан кетмайман,-дедим қатъий қилиб,
биз ҳисоб-китобимизни, аниқроғи суробимизни йўқотиб қўйдик.
- Ундай бўлса, врачга кириб айтинг,- деди у.
Врач кўп тархашлик қилмади. Тағин ҳафта давомида дориларни
ичириб туришни, оғир ишдан озод этишни тайинлади. Мен жуфти
ҳалолимни ёнимга ўтқазиб, ўзгача бир сурур билан уйга олиб келдим.
Кечқурун уни кўргани қўшнилар, қавмлар кирдилар. Жамила
эртаси каллаи саҳарлаб ишга шунғиб кетди. Бизни ҳам жону-
ҳолимизга қўймай, сафарбар қилди.
Ўша куниёқ катакларнинг устига симтўр ёпдим, пастини
беркитдим. Шу-шу жўжалар камаймайдиган бўлди.
Рўзғорим ҳаёти азалий изига тушди.
Худога шукур!

НОМА № 4

“Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,” деб ёзган эди бир шоира.
Гарчанд, Жамила нимтабассум қилиб турган бўлса ҳамки, дилининг
маҳзунлигини, руҳиятини аллақандай дард тимдалаётганлигини сезиб
олиш қийин эмасди.
– Биқининг тағин оғриябдими,- сўрадим меҳрибон оҳангда.
– Йўқ, ҳаммаси жойида,- жавоб берди у.
Кейин эса карт устидаги конвертга кўзим тушиб қолди. Демак,
Душанбедаги опасидан мактуб олган, эҳтимол, у нохушроқ гапдан
воқиф этгандир, ўйладим ўзимча.
Жамиланинг опаси шўролар даврида Душанбега тўй бўлиб кетган,
аниқроғи, уни бир қариндошлари келин қилган экан. Ўзим аниқ
эслайман: у замонлар Самарқанддан Душанбега ҳар соатда самолёт
учиб турар, билети ҳам арзон эди. Опа гоҳида эрталаб меҳмон бўлиб
келиб, кечки рейсда жўнаб кетарди. Мустақиллик эълон қилингандан
кейин...
Бир айланиб келиб, хатни қўлга олдим. Опа мактубига
одатдагидек, “Соғинчилик салом” деб сарлавҳа қўйган ва каминага,
синглисига, қизим, ўғилларимга номма-ном салом йўллаганди. Ҳар
галгидек, мустақилликни лаънатлаган, Горбачевни қарғашни
унутмаган эди. Мактуб охирида эса кексайиб, “бир оёғи
гўрда”лигини, қон босими ошиб кетаётганлиги бир кунмас-бир кун
ўлиб қолишини изҳори дил этганди. Шу билан бирга, хат сўнгида:
“Ўлсам, Самарқандга элтиб, дадам билан бийимнинг ёнларига
кўминглар” деб ўзича васият ҳам қилганди.
Жамила бундай пайтда опасини жуда қумсар, уни бориб кўриш,
ҳол- аҳвол сўрашга жуда хоҳишманд бўларди, албатта. Аммо
Тожикистонга бориш, Америкага боришдан ҳам қийинлигини ҳисобга
олиб, истагини ошкор этмасди.
Бундан олти йил аввал опасининг эри, яъни божамиз
бандачиликни бажо келтириб қўйди. У киши саксондан ошган бўлиб,
бир умр босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишлаган, қобил-мўмин
инсон эди. Хуллас, бормасак бўлмасди. Аммо телеграмма билан
чегарадан ўтказишмаслигини билардим. Сабил қолгур визани қўлга
киритиш учун эса камида беш-олти кун кераклигини айтишди.
Шунда, Тожикистондаги акасиникига бот-бот бориб турадиган
маҳалламиз оқсоқоли Илҳом милиса маслаҳат бериб қолди.
“Сариосиёда Чўнқаймиш деган қишлоқ бор. Шу ердан от билан
ўтказиб қўйишади. Самарқанддан ўша қишлоққача такси олиб
боради. Бу киракашлар Чўпонота туришади.”
Энди, ўшанда Тожикистонга бориб-келишимнинг тафсилотини
эшитинг.
Эрталаб шошилинч Чўпонотага йўл олдим. “Мен Термезга
бораяпман, деди, илк рўпара бўлган шоферим, сиз ҳув анови рижий
билан гаплашинг”. Бу одам билан тез тил топишдик ва савдолашдик.
“Ўзим чўнқаймишликман, деди у, радной амакимга олиб бораман,
ўтказиб қўяди.” Уйга келиб, Жамилани олдик ва қайдасан Сариосиё
деб йўлга тушдик.
Йўл олис эди. Тахти Қароча довонидан ошганимиздан кейин
шофер билан гапимиз авж олабошлади.
- Чегарадан ўтадиган жойда солдатлар йўқми, мина
қўйилмаганми,- хавотирланиб сўрадим.
- Аскар ҳам бор, мина ҳам қўйилган,- деди у ва батафсил ҳикоя
қилишга тушди.
Унинг айтишича, чегара бир сойликдан ўтган бўлиб, Чўнқаймиш
бу томонда, тожикларнинг Ворошилов деган қишлоғи нари томонда
қолиб кетибди. Лекин азал-азалдан, иккала қишлоқда қиз олиб, қиз
бериш одат бўлган экан, борди-келди қилиб туришаркан. Чегарага
мина қўйилгандан кейин аҳвол таранглашибди. Ўтишнинг иложи
бўлмаса ҳамки, у ёки бу қишлоқнинг жарчилари тоққа чиқиб, бор
овозлари билан тўй ё жанозадан хабар беришни канда қилишмабди.
Аммо бу ҳол икки томонни ҳам жонига тегиб, иложини излашибди.
Излаган – топади, деганларидек, тожиклар тоққа чиқиб, сойликка тош
юмалатишибди. Анча-мунча миналар портлабди. Кейин
чўнқаймишликлар ҳам шундай йўл тутишибди. Шу тариқа уч-тўрт
жойдан йўл очиб, пинҳона борди-келди йўлга қўйилибди. Аммо
чегарачиларнинг сардори қаҳрга миниб, бу ерга бир қатиққўл
майорни бошлиқ қилиб тайинлабди. Бу галварс ишга келган куниёқ:
“Чегарани ким бузса, аёвсиз отинглар!” деб фармойиш берибди, деган
гап тарқалди.. Бахтга қарши денг, Саид полвон деганимизнинг ўғли
тожикистонлик бир студентни олиб ўтаётганда, аскарлар уларни ўққа
тутишибди. Студент қочибди, аммо полвоннинг ўғли ўша ерда нобуд
бўлди.
“Сухсурдан йигитча эди,- давом этарди шофер. Таъзияга кўп
жойдан одам келди. Болани тупроққа топширдик. Биз нима ҳам
қилаолардик, бу ёғи давлатнинг сиёсати бўлса. Орадан десангиз бир
ой ўтмай, жуда ёмон гап бўлди: ҳалиги майорни отиб кетишди. Чўчқа
ўқ калласидан теккан экан, ўша заҳоти ўлибди. Ҳаммаёқ тус-тўполон
бўлиб кетди. Тошкентдан, Термездан казо-казолар келишди. Энг
аввал, Саид полвонни уйини босиб, тинтув қилишди. Йўқ, милтиқ-
милтиқ чиқмади.. Буни қаранг-ки, полвоннинг ўзи Яккабоққа курашга
кетган экан. Ўша ёқдан ушлашибди-ю, кэгэбэнинг ертўласига ташлаб
роса қийноққа солишибди. Аммо полвон, худони ўртага қўйиб, қасам
ичаркан. Нуқул: “Бу гапдан хабарим йўқ”, деб зорланаркан
Икки кундан кейин милисалар унинг уйига тағин тинтувга
келишибди. Полвоннинг хотини – татаркалардан. Локинда
ўзбеклашиб кетган. Ота-онаси шўролар даврида муаллим бўлиб
келиб, Чўнқаймишда қолиб кетганлардан. Аёл хавфсираб, текшириб
кўрса, милисалар кўрпанинг қатига наша қўйиб кетган экан.
Оласолиб, тандирга ташлабди. Ҳалигилар қайта келиб кўришса, ҳеч
вақо йўқ. “Янга, дебди, тинтувчиларнинг сардори, сиз биздан ҳам
зўрроқ чекист экансиз”. Шундан кейин, Саид полвонни чиқариб
юборишди. Исботлашолмади. Майорни нари томондаги тоғдан туриб,
тожиклар снайпер билан отган, деган хулосага келишган экан. Бу
ишни полвоннинг ўша ердаги жўраларидан бирортаси қилган бўлиши
мумкин. Аммо уларни чақириб, тергов қилиб бўлмас экан-ку”.
Ноҳақ отилган йигитчага ҳам, майорга ҳам раҳмим келди.
Уларнинг ҳам бу дунёдан умидлари кўп бўлган, яшашга дахлдор
одамлар бўлган-ку! Шўрлилар...
- Кейин янги командир келди,- давом этарди ҳайдовчимиз. –
Буниси: “Ўтаверинглар, фақат бегоналарга йўл берманглар”, дебди.
Қайда, дейсиз, Энди Чўнқаймишда ҳамма йўловчиларни ўтказиш
ҳисобига кун кўраябди. Кўплар от, эшак сотиб олди. Қишлоқда иш
йўқ. Ёшларнинг кўпи Россияга кетиб қолган.
– Чегарада аскарлар ҳозир ҳам турадими,- қизиқаман ички бир
хавотирлик билан.
- Туради, аммо бировга иши йўқ. Гоҳи-гоҳида паспортларни
кўздан кечиради, холос.
- У томода ҳаёт оғир, дейишади-ку,- сўрайман.
– Ҳа, яхшимас: қишда светлари эрталаб бир соат, кечқурун бир
соат бўлади.
– Сизларда тузукми?
– Бизда ҳам худди шундай. У томонда эркаклар Россияга кетиб
қолган. Ворошиловда божам яшайди. Мен унга Сариосиёдан газ
балон элтиб бераман. Уларда бунақа газ йўқ. “Роғун ишга тушса,
бизда свет пастаянни бўлади, дейди божам. Сизга битта линия тортиб
бераман.”
- Роғун хавфли эмиш-ку?
– Ҳа, хавфли...Телевизорда ҳам айтишди.
Ёз охирлаб қолган бўлса ҳам ҳаво жуда иссиқ эди ва
Сурхандарёга кирганимиздан кейин ҳароратнинг тағин ҳам
ошганлигини ҳис этдик. Гармсел нафасни қисар, ёнбағирдаги гиёҳлар
аллақачон қовжираб бўлган, тошлар олов пуркаётгандек бўлиб
туюларди.
Мен жимгина ўтирган Жамиладан ҳолпурслик қилдим ва
бакалашкадаги сувни унга узатдим.
- Акамнинг ўғли минага дуч келиб, ўлди,- давом этарди ҳайдовчи.
Ўнинчини битирган куни жўралари билан тоққа чиққан. Аслида мина
борлигини ёзиб ҳам қўйишган, аммо уларни ўт босиб кетган,
кўринмайди. Бир жўраси билан лола тераётганда портлаган. Ўликни
олиш апасни экан, эртаси Тошкентдан одам келиб, олиб берди.
Ҳамсоя қишлоқнинг подачиси ухлаб қолиб, моллар чегарадан ўтиб
кетган. Бирнечта қўй, сигир минага дуч келган, қолгани нарига ўтган.
Аммо тожиклар молларни қайтариб беришмади. Тақсимлаб олишган,
ноинсофлар. Шу йил баҳорда бир чегарачи аскаримиз у томондаги
қўйни оламан деб, минага портлаб кетди.
- Энди начора,- дедим шундай қилмаса ҳам бўлмас. Наша, қурол
олиб ўтишлари мумкин-ку.
– Ҳа, мумкин,- қўшилди фикримга. Аммо ҳали бирорта шунақа
шумқадам портлаб кетганини эшитмадим. У даюслар қаердан ўтишни
яхши билишади, чамаси.
Сариосиёдан ўтиб ҳам анча йўл босдик ва унг томондаги шўролар
замонида асфалт ётқизилган, аммо ўйдим чуқур бўлиб қолган йўлда
давом этдик. Машинамиз зўр бериб, баландлик томон ўрлайбошлади.
Чўнқаймиш деганлари одатдаги тоғ қишлоғи бўлиб, уйлар пастак,
бундан қирқ-эллик йил аввал ўтқазилган симёғочлар қуёш ва ёмғир
таъсирида қорайиб, қийшайиб, қолганди, ҳар ер-ҳар ерда гиёҳ излаб
юрган қорамолларнинг ориқлиги сезилиб турарди.
Шофер бизни ўз ҳовлисига олиб борди. Аммо ҳовли кенг ва
сарамжон-саришта бўлиб, зичлаб олма ўтқазилганди.
- Икки йилдан бери сув танқис. Сой майнинг охиридаёқ қуриб
қолган эди. Чашмадан сув ташиймиз. Боғларни суғоролмадик - ҳосил
оз.
Ҳайдовчининг аёли биз билан саломлашгач, дастурхон ёйди; чой,
нон келтирди.
- Сизлар ўтириб туринглар, мен ҳал қилиб келаман,- деди унинг
ўзи.
- Укажон, дедим ўтинч оҳангида, тезроқ бўлинг, жанозага етиб
боришим керак.
Кўп ўтмай, бир мўйловли отлиқ пайдо бўлди, унинг ортидан
ўсмир йигитча ҳам отда келди. Саломлашдик. Ҳол-аҳвол сўрагач,
ҳайдовчи бизни таништирган бўлди.
Янги танишим мендан жилла ёшроқ бўлиб, бу жойларда Эшим
тоғбеги дейишаркан.
- Меҳмон, аввал от минганмисиз,- савол берди у.
- Ҳа, ёшлигимда...
- Мана бу саманга келин икковларинг минасизлар. Бу жуда ювош.
Мен буниси билан олдинда юраман,- деди у.
Мен-ку осонгина эгарга чиқиб олдим, аммо Жамила қийналди. Уй
бекаси келиб, кўтариб қўйгандан кейингина, миниб олди ва
хавотирона белимдан маҳкам қучди. Биз йўлга тушдик.
Эшим тоғбеги деганлари жуда камгап экан. Биздан ўн тўрт- ўн
беш қадам олдинга ўтиб, отини ҳайдаб кетаверди. Бизнинг саман
итоаткорона унинг ортидан эргашди. Аввал анча баландликка
кўтарилдик. Қурғоқчилик бўлишига қарамай тоғнинг юқори қисмида
яшил буталар сероб эди, анча баландликда арчалар кўринар ва
қовжираган олам ичра яшиллик кўзни қувонтирарди.
- Бу ерда ёввойи ҳайвонлар кўпдир,- савол бердим шеригимга,
овозимни андак кўтариб.
- Меҳмон, ярамни янгиламанг,- деди у жавобан анча сукут
сақлагач.
Мен ноўрин савол берганимни ҳис этиб, ҳижолат тортдим. Кейин
пастликка тушабошладик. Эҳтиёткорликни оширииб, эгарнинг
бошини маҳкам тутдим. Жамиланинг хавотири ошиб, мени қаттиқроқ
қучоқлади.
Хотинимнинг белимдан маҳкам қучиб олиши дилимга аллақадай
қониқиш ато этарди. Бу дунёда, уйим-жойим, рўзғорим деган, ана шу
жонсўз аёлнинг мендан ўзга яқин кишиси йўқлигини ҳис этишнинг
ўзи дилга қувват берарди. Зеро, бу дунёда менинг ҳам ундан кўра
яқин ва ғамхўр кишим йўқ эди. У менга фарзандлар ато этди, оғир
дамларимда мени овутди, мададкор бўлди. Аслида: эр-хотин қўш
ҳўкиз, деганлари бежиз эмас. Ҳар бир кишининг рўзғор қуриши -
очилмаган қўриқ. Бу қўриқни ўзлаштириш учун омочни баббаравар
тортадиган қувват керак. Яхши аёлга уйланган эркаккина бу борада
бахтли бўлиши мумкин, деган хулосага келганман.
Бир маҳал аскарлар кўринди. Дилимда хавотир пайдо бўлди. Улар
Эшим тоғбегига хайрихоқ бош тепратиб қўйгандан кейингина анча
тинчландим.
Сойга бир арава ўтадиган йўлак қилинганди. “Огоҳ бўлинг, мина”
деган ёзувга қараганда, аввал ажал уруғи шу ерга кўмилган. Ўзбек
билан тожикнинг дўстлиги бу ярамас қуролдан, аниқроғи, нобоп
рафтордан устун келиб, унинг устига тош юмалатишган.
Негадир, тоғ сайрига чиқиб, минага учган ўсмирни, қўйнинг
ортидан қувиб, ажалга юзма-юз бўлган аскарни эсладим, тўрт ракаат
намозни уларнинг руҳи-арвоҳига бағишлашни кўнглимга тугдим.
Бизнинг жами тоат-ибодатларимиз, яъниким ўринли-ўринсиз
жонсўзликларимиз, ислоҳотларимиз инсоннинг бир томчи қонига
арзимаслигига имон келтирдим.
Кейин баландликка кўтарилдик ва текис йўлга тушдик. Буёғи
энди Тожикистон эди. Эшим тоғбеги бизни киракаш машиналар
турган бекатга олиб келди.
- Булар сизни Душанбега элтишади, деди.
- Хизматингизга қанча берай ,- сўрадим отдан тушгач.
- Ўзингиз биласиз,- деди совуққина қилиб.
Унинг ҳижолат чекканини сездим. Хизмат ҳақини узатгач, қўшиб
қўйдим.
- Кечирасиз, боя ноўрин савол бериб қўйдим, чамаси...
- Меҳмон, нотўғри гапирганингиз йўқ,- деди негадир ўксибгина.
Бу ер аввал лесхозга қарарди. Тоғларда айиқ, архарлар кўп эди.
Ёввойи чўчқалар тўда-тўда бўлиб юрарди. Бари минага йўлиқиб, ўлиб
кетди..
У шундай деди-ю, жуда яқин кишисидан жудо бўлгандек, руҳи
тушиб кетди. Мўйлови шалвираб, лаби-лунжини пастга
осилтиргандан бўлиб қолди. Бечорага жуда ачиндим.
Хайрлашарканмиз, огоҳлантирган бўлди.
- Меҳмон, тожикчани биласизми?
– Биламан, биламан...
– Ҳа, ундай бўлса яхши. Буларнинг таксичилари билан
милисалари жилла миллатчи келади...
Шукурки, жанозага етиб бордик ва божамнинг тобутига елка
тутолганим учун Аллоҳга беҳад шукурлар қилдим.
Биз эртасиёқ қайтдик. Божамнинг бир ўғли ҳарбийда ишларкан. У
ҳужжатларни расмийлаштирди (эҳтимол, қалбакилаштиргандир) ва
постдан ўтказиб қўйди.
Биз Тожикистоннинг чегара постидан осонгина ўтдик. Аммо
шеригимиз Ўзбекистон чегара постида узоқ қолиб кетди.
Мен бу ерда жуда кўнгилсиз бир ҳолнинг гувоҳи бўлдимки,
эсласам, ҳамон вужудим зирқираб кетади.
Биздан атиги тўрт-беш қадам нарида бир тожик жувон дод деб
бақирар, нола-ю фарёди тош дилни ҳам ўртантирарди. Аён бўлишича,
у онаси билан Самарқанддан Душанбега меҳмон бўлиб келган экан.
Улар аввал Тожикистонда яшашган ва нотинч йилларда ўз она
шаҳарларига кўчишга тўғри келибди. Аммо йиллар ўтса ҳам
бояқишларга Ўзбекистон фуқаролигини беришмабди. Дилсияликни
кўрингки, булар бари етмагандек, бечора онаси Душанбеда -
меҳмондорчиликда бандачиликни бажо келтириб қўйибди. Чегара
посбонлари эса Тожикистон фуқароси бўлгани боис марҳумни
ўтказишга ижозат беришмаётган экан. Худонинг зорини қилса,
истаганча пул тўлашга розилигини айтса ҳам якровлик, тошбағирлик
қилишибди!
Эҳтимол, уларни айблаш гуноҳи азимдир. Командирнинг гапини
ўз қулоғим билан эшитдим. “Биродарлар, илтимос қилманглар!
Тушунинглар, ахир! Қоидада шундай деб ёзилган бўлса нима қилай?!
Менинг ҳам бола-чақам бор!”
Бу шавқатсизлик юракларни эзиб юборди. Боиси, жувонннинг
кўз ёшлари, фарёдлари тош дилни ҳам эритадиган даражада эди.
Ёввойи ҳайвонлар минага дуч келиб, қирилиб кетганидан дарди
дилида тўпланиб юрган Эшим тоғбегига жуда раҳмим келганди ,
Аммо буниси ундан чандон ошиб тушди. Кўплар кўзига ёш олди. Энг
ёмони, бу гапдан Жамила ҳам хабардор бўлди ва “Опам ўлиб қолса,
васиятини уддалолмас эканман-да” деган дард дилида тугун бўлди.
Эй, фалак! Қисматларинг бунча мўл ва ранго-ранг бўлмаса!
Биз Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, дафъатан енгил тортдик.
Такрор айтаман, булар бари олти йилча аввалги гап.
Бу йил энди виза олиб, қонуний йўл билан боришга бел боғлаган
эдим. Бунинг учун биладиганлардан йўл-йўриқни обдон сўраб олдим.
Русларнинг ибораси билан айтганда, Жамилага “сюрприз” қилиш
учун билдирмай паспортини олдим ва шаҳарга бориб, чэт элга чиқиш
учун ОВР деган ташкилотдан иккала паспортга ҳам муҳр босдирдим.
Аслида бу ҳам унчалик осон кечгани йўқ. Ҳужжатларни
топшириш учун тушгача навбатда туришга тўғри келди. Тўртинчи
куни борган эдим, арзимас пул эвазига муҳр босиб беришди. Энди
Тошкентга бориб Тожикистон элчихонасидан рухсат олишим керак
экан. Бу юмуш сал мураккаброқ ва қимматроқ бўлди. Тошкентда
меҳмонхоналар ҳаддан ташқари қимматлиги учун икки-уч бор
Самарқандга қатнашга тўғри келди. Виза деган сабил қолгурни қўлга
киритгач, ҳаяжонимни жиловлаб, муҳр босилган паспортларни
хотинимга узатдим.
“Тайёрлигингни кўр, индин Душанбега жўнаймиз, дедим,
босиқлик билан. Қўрқма, бу гал тоғдан ошмаймиз”. Бечора гапимга
ишонмайди, денг. Унинг хурсандчилигини кўриб ўзим ҳам дилхуш
бўлиб кетдим.
Ба гал йўловчи машина бизни тўғридан-тўғри Сариосиё постига
олиб борди. Шу ерга келганда дилимда нохуш ваҳм ўйғонди.
Ҳужжатларимдан бирор қусур топиб, кўнглимни хуфтон
қилишмасин, деб хавотир тортдим. Боиси: бу ерда навбатда турган
аксар одамларнинг юзи, кўзида гўёки ватанини ёв босган ёки табиий
офат юз бериб, дуч келган томонга қочаётган жабрдийда қочоқларга
ўхшарди. Зеро улар, инсон боласига қулоқ тутмайдиган, қулоқ
тутишни истамайдиган чегара кодексининг даққоқ ва сангдил
нозирларига юзма-юз бўлишга маҳкум этилган мусофирлар эдилар.
Бу шавқатсиз дарбонларнинг ихтиёрида “мумкин эмас” деган машъум
чўқмор бор эди ва истаган пайтда ўша билан бошингизга тушириши
ҳеч гап эмасди! Одамлар бир-бири билан ҳазиллашмас, кўлишмас,
фақат жимгина навбат кутишарди. Хотинимнинг ҳам ранги-қуви учиб
кетди.
Навбатимиз келганда, Ўзбекистон томондан аввал бир йигит
билан аёл ҳужжатларимиз, юкларимизни обдон кўздан кечирди.
Ундан кейин тағин икки жойда худди шу тариқа эзмалик билан
саволлар беришди, кийимларимиз орасини эринмай титкилашди.
Оралиқда 500-600 метр келадиган дахлсиз зона бўлиб, бу жойдан
фақатгина пиёда ўтиш талаб қилинарди. Бир рус жувони чап қўлида
боласи, ўнг қўлида оғиргина жомадонини кўтариб кетарди.
Жамиланинг раҳми келди ва югуриб бориб: “ Қизчани менга беринг,
юкингиз оғир экан,” деди, русчалаб. Аммо аёл кўнмади. Зеро, инсон
инсонга бўрига айланган бундай муҳитда бировга ишониш
мумкинми?! Лекин аёлимнинг кўзига қараб олгач, унда некбинлик,
меҳр кўрди, шекилли, боласини берди. Жувон олдинда юрар ва бот-
бот хавотирона ўгирилиб, боласига қараб қўярди. У ҳар гал
ўгирилганда, Жамила боланинг юзидан ўпар ва ширинсуханлик қилиб
қўярди. “Бу қизчанинг қобиллигини қаранг”, “Чиройли, одобли
қизалоқ экан-да”. Тожикистон постига етиб келганимиздан кейин, аёл
боласини қўлига олди ва хотинимга қараб, нимтабассум билан бола
тилидан шакаргуфторлик қилди: “ Тётенка милая, я не девочка, я -
мальчик”.
Мен овозимни баралла қўйиб, қаҳ-қаҳа отдим. Атрофдагилар
менга ажабланиб қарадилар.
Бу постда ҳам аввалги ҳол такрорланди. Уч жойда обдон
текшириб, ўтказиб юборишди.
Мен иккала постда ҳам пул таъма қилишганига гувоҳ бўлдим.
Аммо, эҳтиёткорлик билан синашта бўлган, яъни аввал ўтиб
юрганлардан олишаркан. Демак, пора бериб, истаган нарсани,
хоҳлаган миқдорда ўтказиш мумкин, деган хулосага келдим. Боя
бизни олиб келган шофернинг, наркотик ёки қурол олиб ўтувчилар
ҳақида: “У даюслар қаердан ўтишни яхши билишади, чамаси,” деган
гапи ёдимга тушди.
Мурод муаллимнинг қоровулхонасида бўлган бир суҳбат ёдимга
тушди. Ўшанда Жамил домла: “Диалектика қонунларига биноан
бошланган ҳар қандай нарса охирига етади. Демак, келажакда
давлатлар барҳам топади, чегаралар бекор қилинади”, деган эди.
Келажак авлод чегара постларида бобо ва момоларининг
ҳуқуқлари хору-хасдай паймол бўлганлигини ўқиб, ажабланишса не
ажаб.
Қисқаси, баридан эсон-омон ўтганимиздан кейин чеҳрамиз
очилди, Жамила ҳазил-мутойибалар ҳам қилди. Биз Душанбегача
машина ёлладик.
Бу ердаги қавмлар бизни кўриб, беҳад ва беҳад қувонишдики, бу
ҳолни тасвирлашга қалам ожиз. Жамиланинг опаси қувонганидан
нуқул йиғлади денг. Ўғиллари койиб беришига қарамай, аёл
мустақиллик билан Горбачевни лаънатлади.
Шаҳарга олиб чиқишди. Душанбе худди ўзимизнинг Тошкент,
Самарқанддай Европа шаҳарларидан қолишмайдиган бўлибди. Кўп
ошиёнли бинолар, тураржойлар қад кўтарибди, стадионлар
қурилибди.
Каминанинг тасавуримда, негадир, бу ердагилар анча қашшоқ
яшашади деган фикр ўрнашиб қолган эди. Аммо қайси хонадонга
меҳмон бўлсак, ҳовлида бир ёки иккита чет эл машинаси
турганлигини кўрдик. Бозор-у-дўконлар ҳам фаровон., арзончилик.
Маош ва нафақалари билан қизиқдим - бизникидан кам эмас.
Сиёсат ҳақида ҳам баҳс-мунозаралар бўлди. Аммо мен жим
ўтирдим. Илҳом милисанинг: “Улар бизнинг фуқароларни шпион деб
ўйлашади. Шунинг учун тилингизни тишлаб ўтиринг”, деган гапи
ёдимда эди. Аммо айрим мезбонларнинг фикрлари дилимга
ўтиришганини тан олишим керак.
“Кичик балиқлар нуқул катта балиқларга ем бўлганидек, кучли
давлатлар қудратсизларини босиб олишган. Эндиликда ундай қилиб
бўлмайди. Шунинг учун кичик мамлакатларга ёрдам бериш керак.
Ўзбекистон бизга ёрдам берди. Очарчилик пайтлари нон билан
таъминлади! Қанчадан-қанча қарзларини кечиб юборди. Аммо улар
сарҳадларга мина қўйишганидан кейин, муносабатларга дарз кетди.
Ҳар иккала томондан минглаб бегуноҳ одамлар минага ем бўлди!
Ҳай-ҳай-ҳай! Йигирма биринчи асрда-я!”
“Тожикистонга Африкадан бирор негр келса, кафтларига кўтариб
меҳмон қилишади, аммо Ўзбекистондан келса, айғоқчи деб
ўйлашади.”
“Уларнинг милисалари ҳам бизнинг одамларни истаганча
хўрлашади-ку!”
Икки кун юрамиз, деб чамалаган эдик, аммо бир ҳафтага қолиб
кетдик. Зўрға жавоб беришди ва охирги кун чегарагача кузатиб
қўйишди. Тожикистон чегара постидан қийналмай ўтдик, аммо
ўзимизнинг посбонлар ўн долларликдан ортиқча нарса ўтказиш
мумкин эмаслигини айтишди. Чамалаб кўришса, бизга берилган
совға- саломларнинг ўзи ҳам юз долларликдан ошиб қолган экан.
Нозирларнинг оч эчкидай нигоҳларидан: “Ярмини бизга
қолдирсангиз, биз ҳам инсоф қиламиз,” деган таъмани уқиб олиш
қийин эмасди. Аммо бундай қилгим келмади: барини бизни
кузатишга чиққан қавмларга қайтариб бердим.
Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, Самарқандгача машина ёлладик.


Комментариев нет:

Отправить комментарий