ШАКУРИЙ
ЁКИ
БИРИНЧИ МУАЛЛИМ ҚИССАСИ
Обимашҳад жарлигига туташ ўтлоқдан келаётган
болакайнинг нигоҳидаги нотабиийлик ва хавотир муаллим Абдуқодир Шакурийнинг
эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди.
− Қаёқдан келаябсан?- сўради одатига кўра юмшоқ ва меҳрибон
оҳангда.
− У ердан,-
жавоб берди болакай катта жийда
дарахти томон имлаб.
− У ерга нега боргандинг?- саволда давом этди муаллим, қизиқувчанлик
билан.
− Чақирдилар.
− Ким?
− У киши.
− Ким у киши?
Бола жавоб бермади. Муаллим жилла қистаган
эди, у йиғлаб юборди. Шакурий болага жавоб бериб, дарахт томон ўтди. Аммо бу
ерда ҳеч ким йўқ эди. У айқашиб ётган шўра, ғумой ва мингдевоналар орасига
синчиклаб назар ташлади, аммо бирор бегона из ёки шубҳали буюмга кўзи тушмади.
Шундан кейин узоқ мушоҳадага борди ва бу иштибоҳли ҳолнинг илдизига етишга аҳд
қилиб уйига жўнади.
Боланинг отасини Орифи орд дейишади, у Галаосиёда
тегирмончилик қилади. Аниқроғи, отасидан қолган тегирмон тошини айлантириш
билан овора эди.
−
Муаллим, “тегирмон” деганини мазмунини биласизми, сўраганди у бир куни
Шакурийдан ва жавобини кутмай тушунтиришга киришганди. “те –бер, дегани, яъни
олиб келган ғаллангни топшир; гир – ол,
яъни тортиб бўлдим деган маънода; мон −
қўй, яъни каминанинг ҳақини қолдириб
кет”. Тирикчилигимиз ана шу “мон”дан”.
− Оллоҳ имон берсин,- деди Абдуқодир муаллим одатига кўра.
Орифи орднинг яшаши тузук. “Бизнинг
авлоддан ҳам ўқиган киши чиқсин, дейман”, зорланганини эслади муаллим, у ўғлини
олиб келганда.
Эртаси болани кўздан қочирмади. Дарс пайти
дафтарини кўриб, мақтаб қўйди. Муаллим
сўраган эди, Бедилдан шеър ҳам ўқиди. Аммо нигоҳлари аллақандай девонавордай
эди.
Танаффус пайтида тағин уни кўздан қочирди.
Хавотир аралаш жийда томон йўл олса, бола пақир ўша ердан чиқиб келаябди.
Ўсмирнинг нигоҳлари олазарак, нохуш эди. Абдуқодир муаллим бу ҳолатда саволга
тутиш ножоиз эканлигини ҳис этиб, унга жавоб берди. Тағин жийда остига борди. Аммо кечагидай ҳамма ёқ
хотиржам эди.
Синфга қайтиб, боланинг батамом тинчланганига
ишонч ҳосил қилгач, бир чеккага олиб ётиғи билан савол берди.
− Сани чақирган киши бобойми ёки ёшми?
− Бобой.
− Либослари қанақа?
−
Катта саллалари бор, бугун шапка кийиб келдилар.
−
Қизиқ, қизиқ, у киши сандан нималарни сўради?
Бола жавоб беришдан бош тортди. Шакурий уни
ортиқча қистамади. Аммо устози
Маҳмудхўжа ҳожи Беҳбудийнинг мактабнинг очилиши куни “Дастор
саллалилардан ҳамда шапка кийганлардан бохабар бўлинг”, деган огоҳлантириши ёдига тушди. Бу ҳол, жадид мактаби душманларининг
ҳийла-найранги, деган хулосага келди
ўзича.
Бу гал у болани пойлаб, пинҳона орқасидан борди. У тиз
чўкиб ўтирганича, мантиқсиз гапирар, гоҳида зорланарди. “Йўқ, йўқ, деди у бир
маҳал оқ от олиб бермасангиз бўлмайди, бошқаси керак эмас...” Унинг қаршисида эса тирик жондан дарак ҳам
йўқ эди. Андак мулоҳаза ва хавотир ила
муаллим енгил йўталди. Бола сесканиб
тушди ва йиғлаб юборди. Шакурий уни бағрига босди. Шўрликнинг савдойи бўлиб қолганига шубҳа йўқ
эди.
У пайтларда ( гап 1903 йил ҳақида кетаябди)
Самарқандда русларнинг шифохонаси бор эди. Мазкур шифохона, дастлаб фақат русларга хизмат қилган
бўлса-да, кейинги пайтларда мусулмонларни ҳам қайтаришмаётганди. Аммо одамлар
улардан кўра Қорабой оқсоқол маҳалласидаги Атоуллохон табибни афзал билишарди. Бу номдор табиб билан муаллим таниш эди,
эътиқод қўйганди.
Болохонали уйнинг пастида навбат
кутаётганлар анчагина экан. Одамларни
аллақандай салобат босгандай, пичирлаб гапиришар, айримлари зўр бериб
болаларини овутишга ҳаракат қиларди. Юқори қаватда беморларни кўздан
кечираётган табиб чорлагандан кейингина
интизом билан зинага оёқ қўйишарди.
Уларнинг ҳам навбат кутишдан ўзга чоралари
йўқ эди. Тушгача ўтиришга тўғри келди. Бу орада
муаллим болани зериктирмаслик, чўчитмаслик учун шакаргуфторликлар қилиб
турди. Аммо тушга яқин болакайнинг кўзида ўша саросималик, қўрқув бошланганини
сезиб қолди.
− Ана у киши келди,− деди бола бир маҳал эшик томон имлаб.
У ерда эса ҳеч ким йўқ эди. Муаллим болани
бағрига олди.
− У ерда ҳеч ким йўқ,- овутишга киришди,-
сан қўрқма, у одамга қарама, мана ёнингда
борман..
Атоуллохон табиб боладан андиша қилиб,
Шакурий муаллим билан арабча гаплашди, аниқроғи беморлик аломатларини батафсил
сўради. Кейин болага ўгирилди.
− Қани чароғим, менинг қўлимга
қарачи,- деди.
Ўнг қўлини жилла юқори кўтариб, соат капкиридай аста-секин қимирлата бошлади
ва ўзи боланинг нигоҳларига синчков
тикилиб турди. Бугун қайси кун эканлигини сўради. У қийналиб бўлса ҳам жавоб
қайтарди.
− Сенга ҳалиги саллали одам оқ от
бераман, дедими?
Бола
бош силкиб маъқуллади.
− Муаллим, буларнинг авлодидан ақлдан озган киши бўлганми,
билмайсизми?- сўради сўнг муаллимдан.
− Бобоси вос-вос бўлиб, ўзини дарёга
ташлаганини эшитган эдим,- деди Шакурий бир оз фикрлаб олгач.
− Уч хил гиёҳ бераман, уларни дамлаб, ҳар
куни ичириш керак, болани бир зум бўлса ҳам кўздан қочирманглар. Лекин бу дарднинг тузалиб кетиши даргумон...
Муаллим минг бир андиша ва надоматлар ила
болани қўлидан етаклаб Орифи орднинг тегирмонига равона бўлди ва унга бор гапни
жилла юмшоқ оҳангда гапириб берди.
Тегирмончи жуда хафа бўлди.
Орадан икки кун ўтгач, жума намозида юзлаб
мусулмонлар жам бўлган масжиди жомъеда имом-хатиб фатво эълон қилди.
− Мусулмонлар! Фарзанди мукаррамларингни
кофирлар мактабига берманглар! У ерда шайтон маскан қурган. Бо ин сабаб, бу
мактабга ўқуганлар муқаррар ақлдан
озурлар..
Имом-хатиб, магарам бунга ҳаққи бўлмаса ҳамки, Шакурийни диндан тонган кофир деб эълон
қилди.
Мачитда айтилган гап мусулмон учун, кўп ҳолларда ҳукми вожибдур.
Эртадан бошлаб, ўқувчилар сони нақ
ярмига камайди. Энг ёмони, Шакурий муаллимни ўлдириш хавфи кучайди. Шунда унинг кўз ўнгида муфти Беҳбудий
ҳазратлари пайдо бўлди. Фақат бу бузург инсонгина бечора муаллимга қалқон
бўлиши, мадад кўрсатиши мумкин эди.
Эҳ,
янги мактабни очиш осон кечмаганди. Отасидан қолган ернинг ярмини,
файтунга қўшиладиган ягона отларини сотишга;
ҳовлидаги хоналарни мослаштириш, ибтидоий ва жўн бўлса ҳамки, парта,
доска, кураи мужассама (глобус), дафтар сотиб олишга тўғри келганди. Дарслар
туркий ва форсийда бўлганлиги боис, икки тилда қўлланмалар зарур эди.
Шакурийнинг кўз ўнгида мактабнинг
очилиш маросими намоён бўлди. Энг аввало, файтунда
Маҳмудхўжа ҳожи Беҳбудий, Сиддиқий Ажзийлар кириб келишганди. Аҳли кабир
жадидлар деб эътироф этадиган бу солиҳ инсонлар Шакурийга жуда қадрдон
эдилар. Ўшанда қадам ранжида қилганлар орасида унинг онаси − Биби Робиядан таълим олган
Вадуд Маҳмуд, Исматулло Раҳматулло,
Кенжа Ҳомидий сингари музаффар зиёлилар
ҳам бор эдилар. У киши бағоят зукко ва ҳушёр аёл эди. Оёқ
шарпасиданоқ ким келаётганлигини англаб оларди.
Ҳовли байрамона тус олганди ўшанда. Атрофда
файтунлар, аравалар, отлар; ўрталикда
эса болакайларни етаклаб олган замон зиёлилари, савдогарлар, батраклар,
чоракорлар...Мезбонлар ўзгача либос ва тавозеда эдилар. Бошқалардан фарқли
ўлароқ, ихчам салла ўраган, чўққисоқол, кўп ҳолларда ёқаси тугмали кўйлак
кийган Шакурий муаллим меҳмонларга пешвоз чиқди, уларни бирма-бир бағрига босиб кўришди.
− Келмоғингиздан беҳад умидвор эдим,- деди муаллим Беҳбудийга,- рақиблар эмди андак андишага борурлар. Оллоҳ имон берсин!
− Келмоғингиздан беҳад умидвор эдим,- деди муаллим Беҳбудийга,- рақиблар эмди андак андишага борурлар. Оллоҳ имон берсин!
Ҳа, бу вақтга келиб, устод Беҳбудийнинг
мавқеи жамоа ва ҳукумат олдида нуфузли эди ва у киши билан ҳисоблашишарди.
Улар янги мактабдан алламаҳалда қайтишди.
Вадуд Маҳмуд ҳамон Биби Робия ҳақида гапирарди.
− Ҳовлилари ҳамон сарамжон-саришта бўларди, бу ерда овоз чиқармай гапириш одат тусига кирганди, бирорта барг ёки хас тушса, уни олишга кўникиб қолгандик. Биз шовқун-сурон билан келсак ҳамки, остона ҳатлашимиз билан жимиб қолардик, ҳатто ҳазил-мутоиба ҳам қилмасдик. Бир кун ўғил болалар келарди, бир кун қизлар...
− Ҳовлилари ҳамон сарамжон-саришта бўларди, бу ерда овоз чиқармай гапириш одат тусига кирганди, бирорта барг ёки хас тушса, уни олишга кўникиб қолгандик. Биз шовқун-сурон билан келсак ҳамки, остона ҳатлашимиз билан жимиб қолардик, ҳатто ҳазил-мутоиба ҳам қилмасдик. Бир кун ўғил болалар келарди, бир кун қизлар...
− Мулло Абдуқодирга осон бўлмас,- деди Саидризо муаллим, фикри ожизимча,
мутаассиблар хуруж бошлайдурлар ва анга туҳматлар ёғдирмоқлик эҳтимолидан ташвиш тортурман.
− Ҳар қандоқ жадид рафторга тўсиқлар бисёр
бўлур,-дедилар Беҳбудий, − Ибн Сино,
Мирзо Улуғбекларга ҳам осон
кечмаган. Лекин алар тафаккур инжуларини
журъат ила баён этдилар. Инсониятни олға тортадурғонлар, жадид сўз айтадурғонлардур. Вазмин вазифалар, улуғ мақсадлардан чўчимоқ ноўрин. Амриколик бир олим, номи хотирамдан чиқиб
турубдур “Оврупо қўлидаги бугунги
машъала мусулмонлар ёқиб кетган шамлар ва чароқларнинг ёғдусидан майдонга
келган”, деб эди. Мусулмонлардан чиққан
олим-у фозилларнинг ҳисоби йўқ. Шу боис ҳам
ислом ғояси ярим дунёни якқалам
қилди. Фақат дин бирла хурофотни фарқламоқ ва буни мактабларга уқдирмоқ лозим
− Ибн Синонинг якчанд ашъорларини туркийга таржима қилмоққа киришдим,- деди Ализода, аларни дарсларда ўқимоқ хўп иш
бўлур эди ва магарам хоҳиш этсаларинг
“Яхшиликнома”дан парча ўқийдурман.
–
Марҳамат қилинг, марҳамат...
“ Деди:
– Ҳеч ким билмайдурғон, кўрмайдурғон,
локинда интиладурғон манзил недур?
Деди:
–
Оқибат.
Деди:
–
Баҳраманд бўладурғон кишини охир оқибат қурбон қиладурғон ширинлик
надур?
Деди:
– Ҳасад.
Деди:
– Хароб
бўлмайдурғон бино надур?
Деди:
– Адолат.
– Деди:
– Қандай либос бир умр эскирмас?
Деди:
– Яхши ном.
Деди:
Деди:
– Қайси душман
боре дўстлардан яқинроқдур?
Деди:
Нафс.
Деди:
– Жами
пастликлардан паст бўлғон баландлик надур7
Деди:
– Кибр.
Деди:
– Жами
шодликларнинг боиси недан?
Деди:
– Бузурглар
сўзидан.”
–
Офарин, офарин,- олқишлашди
Саидризо Ализодани. Гап айланиб, тағин янги мактабларга келиб қадалди.
− Хўш, янги жадид мактабига ҳукумат қандоқ
муносабат қилур деб фикр билдирурсизлар,-
суҳбатга аралашди Ҳожи Муин.
− Ҳукумат рус-тузем мактаби тарафдори. Локинда Шакурий мактабда
туркий бирла форсийдан берун русийни ҳам ўргатурлар ва шул боис ҳукумат зид
бормас. Эски мактаблардан кўра жадид мактаблари уларнинг сиёсатига яқин турур.
− Масаланинг дағи бир томони бор,- деди
Ализода, рус ҳукумати халқни саводсиз ва жаҳолатда тутиб турмоқдан
манфаатдордур. Мусулмонлар билимли бўлсалар, ҳақ-ҳуқуқ талаб қилмоқларидан
ҳавотир тортур.
Хуллас, бошга тушган ташвишдан, яъни мачитда
чиқарилган нохуш ҳукмдан устозни бохабар қилиш, мадад сўраш умидида муаллим
эрталаб Беҳбудийнинг Ёмини маҳалласидаги ҳовлисига боришга шайланаётган пайт, обдон безатилган, оқ от
қўшилган икки кишилик таниш файтун келиб, унинг қаршисида тўхтади. Ундан
Муҳаммадрайимбой тушди. Самарқандликлар Московчи бой деб аташадиган бу ориф,
равшанфикр инсонга пешвоз чиқишди.
Муҳаммадраҳимбой ўғлини Шакурий мактабига олиб келган эди.
Боланинг иқтидорини фаҳмлаган муаллим унга алоҳида эътибор берарди.
− Бор гапни эшитдим,- деди бой
салом-аликдан кейин, кўнгилга олманг. Болохонам бўш турибди, мактабни ўша ёққа
кўчиринг. Алардан андиша этадурғон жойим йўқ! Анжомларга ароба юборурман.
Шакурий муаллим бу ҳидояткорликдан енгил
тортди.
Қўшҳовуз маҳалласидаги икки қаватли бино Оврупоча усулда қурилган бўлиб, Регистон
майдонининг шундоққина орқасида эди. Мактаб очилиши билан узоқ−яқиндаги
равшанфикр мусулмонлар фарзандларини етаклаб келабошладилар. Муаллимлар ҳам
пайдо бўлдилар: рус тилидан Саидризо Ализода дарс ўтадиган бўлди. Андак
хавотирли бўлса ҳамки, умидбахш, завқли кунлар бошланди.
Аммо таассуфки, кўп ўтмай, бечора муаллимни, аниқроғи Туркистоннинг илк
жадид мактабини Обимашҳадда таъқибга олган, сўхтаси совуқ жаҳолат бу ерга ҳам
етиб келди.
Орадан икки-уч ой ўтмай, эрталаб, аҳли
мусулмонни ваҳимага солиб, ҳовлида,
аниқроғи, ҳожатхонада портлаш юз берди. Ногаҳоний
зарбдан бино титраб кетди,
ҳожатхонанинг девор-у томлари ҳар
томонга учиб кетди ва унинг ўрнида каттагина,
бадбўй ўра пайдо бўлди. Даштлик Тоғай деган болани ҳисобга олмаганда,
ҳеч ким зарофат кўрмаганди. Бола бечора харобага айланган ҳожатхонадан
бир неча қадам берида чалқанча ҳолда беҳуш бўлиб ётарди. Абдуқодир муаллим
югуриб бориб, уни кўтариб олди. Энг аввало,
шошилинч кўздан кечириб, бирор еридан қон оқмаётганлиги, ярадор бўлмаганини кўриб, андак хотиржам
бўлди, сўнг даст кўтариб, ётоғига олиб кирди. Кимдир унинг юзига сув сачратган
эди, Тоғай енгилгина сесканди.
Муаллимнинг ёдида: янги жойга кўчиб
келишларининг дастлабки ҳафталари эди. Бир куни мактабхон болалар чувиллашиб,
даштдан “тилбилмас” бола келиб, синфда
ўтирганини, ҳеч ким билан гаплашмаётганлигини, бири қўйиб, бири гапиришга
шошилишарди. Шакурий муаллим синфга кириб, ҳаммадан орқада ҳуркибгина ўтирган, юпун кийинган болакайни дарҳол
илғади.
− Сани исму шарифинг надур?- савол берди,
хушфеъл оҳангда.
Бола муаллимнинг эминлигини ҳис қилиб, жавоб
берди:
− Тоғай.
− Тоғай.
− Сан қайдансан?
− Жомдин келдим.
Жом деганлари шаҳардан эллик чақирим
наридаги тоғ бағридаги қишлоқ бўлиб, боланинг шундай узоқ жойдан мактабни топиб келганлиги
муаллимни баттар қизиқтирди.
− Ялғуз ўзунг қандоқ келдинг?
− Самонфурўшлар ила.
Шакурий муаллим атроф қишлоқлардан туя ва эшакларда ўтин, хашак,
сомон келтириб сотишларини биларди. Унинг қизиқиши эса тағин ошди.
− Нима учун келдинг? - саволда давом этди
ўша табассум ила.
− Ўқимоқ учун.
− Боракалло, қароғим,- қувончини яширолмади муаллим бу жавобдан.
− Атоинг бирла волиданг хабардорларму?
Бола ийманиб, жавоб бермади. Муаллим уни
ортиқча зўрламади. Ноўнғай жимликни Тоғайнинг ўзи бузди.
− Ман Хожа Аҳмад Яссавий ашъорларини ёд
билурман.
−
Тузук, тузук, қани қироат қил-чи.
Бола ҳеч иккиланмай шеър айтишга киришди:
Етти ёшда Арслон бобом бердим салом,
Ҳақ Мустафо омонатин қилди инъом.
Ўшал вақтда минг бир зикрин қилдим
тамом,
Нафсим ўлуб ломаконга ошдим мано.
Хурмо бериб, бошим силаб, назар
қилди,
Бир фурсатда уқбо сари сафар қилди,
Алвидо, деб бу оламдан гузар қилди,
Мактаб бориб, қайнаб, тўлиб тошдим
мано.
Шакурий муаллим боланинг бурролиги,
заковатидан беҳад қувонди.
− Мир Алишер Навоийдан ҳам ашъор
биладурман,- деди Тоғай, тағин шеър
ўқишга шайланиб.
−
Бедил, Саъдий, Ҳофиздан-чи,- сўради
муаллим ҳавас билан.
− Билурман, аммо форсийга фаҳмим
етмайдур,- деди айбдорлардан бошини
хам қилиб.
− Безарар, қароғим, безарар, ўрганиб
кетурсан.
Шакурий муаллим уни аввал ювинтириб, кийинтириш, қолган
саволларни эса кейинга қолдиришга қарор қилди.
− Эмди маним ортимдан юр,- деди жилла
буйруқ оҳангида.
Боланинг ранги ўзгарди, хавотири ошди.
− Мани ҳайдаманг, савод олғани келдим,- деди илтижо оҳангида.
− Бўталоғим, сени пеш қилмаймиз, либос
кийдирурмиз, таом едурурмиз, бадаз он ўқийдурсан,- деди тағин шафиқ оҳангда.
Бола ишонди ва унинг ортидан эргашди.
Тоғайнинг онаси вафот этганлиги, отаси
чўпон эканлиги ва марҳум бувиси саводли бўлиб, унга ҳарф ўргатганини, Самарқанд
ёки Бухорога бориб билим олишини бот-бот насиҳат қилганлигини муаллим кейинроқ
билиб олганди.
Лекин болани
бугун барҳақ ва қодир Оллоҳнинг ўзи сақлаб қолганига имон келтирди.
Чунки портлаш, Тоғай ўша машъум жойга
етиб бормасидан содир бўлганди.
Агар...
Тоғай ҳушига келди, аммо у ҳамон хўрлиги
келиб, ич-ичдан йиғлар ва бошида турган муаллимнинг меҳрибон нигоҳлари, шакаргуфтор овутишларидан ўпкаси баттароқ
тўлиб келарди.
− Майли, қароғим, эмди йиғлама, дилимни эзиб
юборма,- деди Шакурий болани бағрига босиб ва гапни бошқа ўзанга буриш ҳаракатида бўлди.
Сан Мир Алишер ашъорларидан қироат
қилурга ваъда бериб эдинг. Қани, ўқи-чи...Ўқи,
бўталоғим...
Инсон қалби ғаладон эмас, у ҳамма нарсани
ҳам сиғдиравермайди. Зада бўлган икки
ҳамдард дилшикастанинг шу ондаги ҳолатини тушунмоқ қийин эмасди.
Кўкси ҳамон бир маромда енгилгина сесканиб
тушаётган Тоғай муаллимнинг илтимосини ерга
қолдиргиси келмади. Диққатини бир жойга жамлаб, ҳазратдан шеър ўқишга
киришди.
Сўздурки нишон берур ўлукка жондин,
Сўздурки берур жонга хабар жонондин
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин
Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин...
Шакурий Тоғайни бағрига маҳкамроқ босди.
Сўнг эса шакаргуфторликлар ила ётқизиб, устига кўрпа тортди. Ихтиёр унда
бўлса, бор меҳрига қуёшни ҳам қўшиб узатгудек эди унга!
Бола ҳадемай ухлаб қолди.
Абдуқодир муаллим оғир ҳаёлга чўмди. Аввало,
бугунги нохушлик сабабларини чамалади ўзича. Аммо ҳарчанд қилмасин, бир
тўхтамга келолмади. Кейин хаёллари тағин Тоғайга кўчди. Келажакда Туркистон деган ярадор ўлканинг
жароҳатларини тузатиш учун ана шундай зеҳни тез болалар кўп бўлиши зарурлигини,
уларни энди йўлдан қайтариб бўлмаслигини хаёлдан кечириб, бу фикридан ўзи
ҳам мамнун бўлди. Улар туфайли Туркистон
тўкин ва мустақил бир юртга айланишига имон келтирди!
Одамлар тўп-тўп бўлиб, содир бўлган
ногаҳоний воқеани муҳокама этишар, миш-миш, ғийбатлар тафти пасаймас, турли
тахминларни ўртага ташлашарди. Аммо бу – қайси олчоқнинг иши ва ана шу
бузғунчиликдан муддао нелигини ҳеч ким айтиб беролмасди. Ўша
замонларда эса, ҳукуматнинг ҳарбийларидан ташқари ҳеч кимда портловчи
модда бўлмаган. Самарқандда илгари ана шундай нохушлик содир
бўлганини ҳам эслашолмасди.
Тафтиш ишлари эса кун сайин нохуш тус
олабошлади. Маҳкамадан бир неча қирриқ ва баттарин миршаблар келиб, бу
кўнгилсиз ҳолнинг сабабларини эзмалик ва бадбинлик билан ўрганишга киришдилар.
Бор айб Муҳаммадраҳимбойнинг елкасига ағдариладиган бўлди. Унинг уйлари,
ертўлалари бирма-бир тинтув қилиниб, бомбани қаердан олганлиги, нима мақсадда
харид қилганлиги билан қизиқишди. Кейин уни маҳкамага чақиришди. Бойнинг
ҳовлисидаги портлашни ҳукуматга қарши ҳаракат, деб баҳолашди. Шериклари кимлиги билан қизиқишди.
“Бу номаъқулчиликни ё ўзингиз қилган ёки жадид муаллимлардан бировининг иши, деди татарча лаҳжада гапирадиган миршаблар сардори, сиз мусулмонларни
русларга, уларнинг буюк рус императорига қарши қўймоқчисиз”.
Шумшук қиёфали бу зиқна қасамхўрларнинг
дилни узлуксиз ғаш этувчи таҳликали
хуружларидан кейин Шакурий бошқа жойдан ижара излашга мажбур бўлди. Бу бешафқат
ҳақиқатлар унинг руҳини заррача ҳам туширолмаганди. Аммо қайси маҳалладан хона топишмасин, кўп ўтмай, бир ишкали
чиқаверди. Бу саргардонликларни ўз кўзи
билан кўрган Вадуд Маҳмуд кейинроқ
шундай деб ёзганди.
“Миллат
– ғофил, муллалар − мутаассиб, пулдорлар – молу-мулк бандаси, амалдорлар – мансабпараст, ҳукумат ва мустамлака мамлакат залолат
оғушида бўлган шароитда миллатни ким ҳам ўйлар эди”.
Минг қатла
шукурки, Маҳмудхўжа Беҳбудий бор эканлар: ул зоти мукаррам жадид мактабни ўз ҳовлиларига кўчириб кетдилар.
Муфти ҳазратлари турадиган шоҳсупа эса анча
баланд эди.
Туркистоннинг аввалги ва ҳозирги ҳукумат
раҳбарлари, ҳаттоки,
генерал-губернаторлари ҳам бу зоти олийни зудлик билан қабул қилишлари,
у киши билан бақамти гаплашишлари ва салобатидан андак чўчиб туришларини уламо
ҳам, раият ҳам яхши биларди.
Шу боис,
дастор саллалилар ҳам шапка кийганлар ҳам тақсир билан ҳисоблашиб,
муомала қилар эдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий