НОМА
№ 1
Яратган эгамга ҳазорон ва ҳазорон шукрларким,
Ватандаман ва
инчунин, ўз гўшанг қадри-у қиймати мусофирлик
ситамин тортиб,
соғинчи ошгон бандага зоҳиран бисёр ва бисён
аёндур.
Машойихларнинг: ўз ўйим – ўлан тўшагим, демиш
ибораларини
дилдан такрор ва такрор идрок этурсан. “Ватандан
ўзга ёр ўлмас”,
деган қўшуқни хиргойи қилмоқни хуш кўрадурсан.
Экки ҳафтадурки, набирам бағримда, фарзандлар
паҳлуйимда,
Жамила бонум атрофимда. Хеш-ақраболар, ҳамсоялар
бот-бот
ҳолпурслик қилурлар ва бу ҳолдин беҳад сарафроз
ўлурман.
Аввало, ўйимдаги дигаргунликдар хусусинда сухан
юрутай.
Арадан ўтғон олти ой мобайнида Московдан рўзғор
харжи ниятинда
уч минг доллар юборғон эканман ва Жамила бир
тангасини ҳам харж
қилмай сақлабдур. Ана санга заифаи доно! “Аз
савдогари Ҳиндустон,
сарфагари сари оштон хуб аст” яъне ким,
Ҳиндистон савдогаридан,
ўчоқ бошида исрофга йўл қўймайдурғон заифа
баланддур, дейдилар
машойихлар ва аларнинг садақаси кетсанг арзир.
“Дедимки: о, рўзғорни қандақ боқдинг, жонидан?”
Аён ўлдики,
ҳавлининг бир яғига кўкат экибдур, дигарига
саримсоқ пиёз қадабдур.
Аҳли тижорат келиб, шу жойда харид қилур
эрканлар. Мани
каллаварам боре маблағимни анинг ихтиёрига
юборсам, нопок йўлға
аёқ қўймасам, беҳад тузук ва адолатпешалиқ бўлур
эрди. Эмди
қилмишимдан, хусусан, анинг ошкор ўлмоғидан он
қадар хавотир ила
надоматлар чекурманки, ҳадди-ҳисоби йўқдур.
Боз: шўролар замони бир “Жигули” олғон эрдим,
локинда тўкулиб
қолғон ҳолатга тушгонди. Катта ўғул - Найимбек
ани таъмир қилиб,
киро ишламоққа чиқибдур ва рўзона насибасини
пайдо қилур экан.
Бу жойда Найимбек хусусинда андак сухан қилай.
Ани
Маҳалламизда Найнав ҳам деюрлар, боисики, бисёр
қаддароздур.
Бала дунёга келган замон Найимқул деб ном қўйғон
эрдик. Сабабики,
Худо раҳмат этгур, бобокалонимиз шундоқ аталур
эрдилар. На бўлди-
ю, деҳамизда рўзгурзонлик қиладурғон Алиқул
лаққи отлиғ бала
тарғибот идорасига хизматга кирди, халойиқни жам
қилиб, ваз
айтадурғон, ҳукуматни мақтайдурғон, анинг
мардумларға беҳад
раҳму шафқати ва боре хубликларини санайдурҳон
ўлди. Инчунин,
номини Алибек деб ислоҳ қилди ва шу тахлит
бошпурт олди. Газетда
Алиқулнинг суратини чоп этиб, ёздиларки,
маҳаллаликлар шўролар
замонида қул эрдилар ва эмди мустақиллик боис
бек бўлдилар.
Бадазон маҳаллалик башқа авсар-у, лакалавлар ҳам
беланг олуб,
шундоқ йўл тутдилар. Қулмуҳаммад – Бекмуҳаммад,
Қаҳҳорқул –
Қаҳҳорбек ўлдилар. Ўғлимиз хоҳиш қилдики, ани
минбад Найимбек
деб атасунлар. Локинда Маҳаллада Найимбеклар
бисёр бўлғони
сабаб, Найнав атайдурғон ўлдилар.
Ўқушга тоби йўқ эрди ва мошин ҳайдайдурғон ўлди.
Московда Қўчқорбойнинг юмушига кўмак бергоним,
анинг
фармойишини ижро этғоним ва шу тариқа маош
олғонимни ўғулга
аён этғон эрдим, “Дада, деди, жойингизга ман
борурман, шалақ
чорчарха мани хун қилди.”
“Ўғлум, дедим, санга экки минг доллар берурман,
“Жигули”ни
сот, жойига “Маtis” харид қил. Аммо зинҳон ва
зинҳор уруслар
шаҳрини орзу этмагинки, мусофирчиликда хор-у -
зор ўлурсан”.
Бу гапга у рози ўлди ва инчунин сарафрозлиғини
намоён этди.
Хотирингиз панд этмаса, муқаддам, молдухтурлар
мактабини
тамомлаб, бир муддат парранда фабрикасида, чўжа
чиқорадурғон
шўбада хизмат этгоним ва инкубаторни азхуд
қилгонимни айтғон
эрдим. Ул корхона барҳам бўлғач, эккиюзта тухум
сиғадурғон
инкубатор харид қилғоним ҳамда анга бостурган
тухум нақ йигирма
бир кунда чўжага айланиб, нархи беш баробар
қиммат бўлурини
ёдовар қилғонман. Аввол чўжаларни бозор чиқорар
эрдим. Муддат
ўтуб, савдогарлар олиб кетадурғон ўлдилар.
Шунинг арқасидан
иморат солиб, каттасига келин келтурғон эрдим.
Локинда камина Москов кетгач, электр чироқ бисёр
канда
бўлғони боис ўғул андан воз кечгон эрди.
Сафардан сўғун , каминага маслаҳат бердиларки,
ҳамсоя деҳадан
симчўп тортсам, боз ток берадурғон матор харид
қилсам, ишни дағе
юритмоқ мумкин.
Шул маслаҳатларга амал қилдим ва қолган ақчани
мазкур
юмушларга харж ладим. Яънеки, мантўрни топиб,
киссасига сўлкавой
тиқдим. Матўр ҳам пайдо қилдим ва ҳафта ичи
инкубаторга тухум
бостурдук.
Аммо-локин, таассуф бирла тан олмоқ керакки, бу
сана ичи, яъне
арадан кечган олти ой аросинда гузарда
дигаргунлик ёки бирор
ислоҳот кўрмадим. Йўллар чуқур-чақир, газдан
нишон йўқ, Аллоҳу
аълам электр чироқ ҳам бисёр ўчуб ёнадур.
Ўтган чаҳаршанба чойхонамизда бир анжуман бўлди
ва бисёр
баҳсу мунозараларга воқиф ўлдим.. Маҳалламиз раиси
( ани фуқаро
Илҳомбек милиса атайдур) ҳисобот қилди.
Илҳомбек милиса хуб одам. Якчанд йил
миршабхонада хизмат
қилиб, нафақага чиқди ва ани гузарга оқсақол
эълон қилдук. Ҳар йил
шу маҳал анжуман йиғиб, ҳисоб берадур ва бизни
зиёфат ҳам
қиладур. Боз, ариза битиб, шул серғалва юмушдан
озод этишимизни
сўраган бўлур. Локинда халойиқ бот-бот анга авоз
берадур.
Бу бор мажлисимизга ҳокимнинг ўнг қўли, яъне
ўрунбосари, газ ,
электр идораси ва дигар жойлардан ҳам казо-казо
каллажумон
амалдорлар ташриф этғон эрдилар. Аз ин жумла,
мижғав миршабимиз
ҳам пайдо бўлғон эрди. Таомилга озор бермай,
Илҳом милиса аларни
ҳайъатга чорлади. Ва суханини ҳукуматнинг халққа
иъном этиб
турған беҳад ғамхўрликларидан бошлади. Бу
фаровон ва осойишта
саналарнинг қадрига бормаган банда нонкўр
бўладур, деди. Бадазон
деҳа обод бўлғони, ҳар хонадонда чорчарха пайдо
бўлғони, маракалар
дигаргунлик касб этғони, қоидабузарликлар фалон
фоиз
камайгонлигини шанғи, нофорам авоз бирла санади.
“Аммо
нуқсонларимиз ҳам муҳайёлигиндан кўз юммаймиз, давом
берди ул,
истар эрдикки, кўчаларимиз равон ўлса,
ўғулларимиз Уруссияга
бормай шу жойда юмуш қилсалар ва юртни обод
этсалар, газ, электр
таъминоти тартибга тушса ва дигар”.
Бадазон Жониқул жонсарак панжа баланд қилиб,
минбар минди.
Бу қоқбош, ўпкабой шўролар замони биргад эрди,
бадаз истиқлол
бояқишни фермер атайдурғон ўлдилар. Аммо, хар
ҳамун, пордум
дигар, деганларидай, ислоҳотни ёки беҳбудликни
фаҳмламадик,
якчанд ҳолатлар баракс бўлди. Калхоз даври
мардумларимиз деҳа
атрофиндаги токзорларда меҳнат қилур ва бир сўм,
ярим сўм чойчақа
олур эрдилар. Эмди бўлса, бечораларға шимилдириқ
ҳам тегмайдур.
Боз: баччағар биргаднинг феъли хўйи ҳам дигаргун
ўлди. Аволлари
жонсараклик ила югурар, хизмат қилур эрди. Эмди
беғам, вазминлик
бирла иш юритур. Йилига экки-уч кишига иморат
учун замин пуллаб,
яхши даромад қиладур.
Жонсарак ҳам аввол ҳукуматга, бадазон вилоят,
туман
ҳокимларига бирма-бир ва бисёр ҳамду санолар
ўқуди.
Ростини гупурсам, бундоқ рафтор дилимга зинҳор
ва зинҳор
ўтурушмайдур, зоҳиран сиқиладурман. Ва хотиримга
ҳар сафар
шоири зукко Ғафур Ғуломнинг “Ҳасан Кайфий” деб
ном олған
ҳикоятлари тушадур.
Мазмуни бундоқ: қадим вақт Тошкантнинг Чорсу
бозорида
ямоқчилик қиладурғон Ҳасан Кайфий бечоранинг
кулбасига, ногоҳ
уламо либосини кийиб, анинг қиёфасига кирган
подшо ташриф
буюриб қоладур ва ўзини Хўжаи Хизир деб
таништирадур. Ҳа эмди,
Кайфий ҳам такаллуф намоён қилиб дастархон
ёзадур, борини анга
қўядур. Гап-гаштак қилурлар. Меҳмони
муҳтарамайннинг “Сиз нима
юмуш қиладурсиз” сўроғига Ҳасан Кайфий: “Ҳа эмди,
ақл бирла
меҳнат бор бўлсун”, деб гап бошлайдур ва
ямоқчилик қилмоғини, ҳар
кун бир танга топмоғини айтадур. Гуфтигу вақти
ўша каломни боз
такрор қилғон маҳал меҳмон таассуф ва таъкид
бирла: “Сиз бот-бот
ақл бирла меҳнат деюрсиз, на худо ва на подшони
эсламайдурсиз?”деб зарда қиладур. “Эй тақсир,
жавоб берадур
Кайфий, шу майдагина рўзғоримга аларни
аралаштириб нима
қилдим? Худога закот, подшога ўлпон тўламасанг
бўлмайдур.
“Мабодо подшоҳингиз: манинг мулкимда ямоқчилик
бекор, деб
фармойиш чиқорса, қандоқ қиладурсиз?” бадаз
сукут, заҳархандалик
бирла савол берадур ногаҳоний қўноқ. “Шу маҳал
ҳам ақл бирла
меҳнат бор ўлса илож топилур”, жавоб қайтарадур
Кайфий.
Кун ўтиб, эртаси подшонинг: “Мамлакатда
ямоқчилик бекор,
кимки бу юмушга қўл урса, боши дорга” , деган
мазмунда фармойиши
чиқадур. Кайфи учган Ҳасан ямоқчи ноилож ота
мерос бир аррани
қўлтуққа, болтани елкага олиб, ўтун бозорга
равона бўладур. Ўтун
ёрадур, ҳезумкашлик қиладур, гапнинг индаллоси,
авволгидак бир
тангани пайдо қилиб, кулбайи вайронасига қайтадур.
Дафъатан эшик тақиллайдур ва Кайфий таомилга
озор бермай:
“Бу эшикнинг қулфу занжири йўқ, кираверинг”,
дейди. Дағе ўшал
банда юз кўрсатадур. Меҳмон – атои худо. Кайфий
боз дастархон
ёзадур, илтифот намоён қиладур. “Хуш Ҳасан
Кайфий, эмди тириклик
қай тариқа кечур, савол берадур подшо,” бир
пиёла чой нўш этиб. “
Сўраманг тақсир. Занғар подшо ямоқчиликни бекор
қилди, эмди
ўтунфурушлик қиладурман”, жавоб берадур мезбон.
“Хуш, магарам
подшо ўтунфурўшликни ҳам бекор деса, қандоқ йўл
тутадурсиз?”
“Тақсир, нафасни иссиқ қилинг, жавоб қайтарадур
Кайфий, ўшанда
ҳам ақл бирла меҳнат бор ўлса, иложи топилур”.
Буни кўрунгки,
мамлакатда ўтунфурушлик ҳам ман қилинадур. Ҳасан
Кайфий
беилож сув сотмоқни касб қиладур. Боз денг, ўша
ҳол...
Қисса кўтоҳ, шаҳаншоҳнинг пинҳоний фармойиши
бирла Ҳасан
Кайфийни саройга хос навкар қилиб оладурлар.
Анга от, савут, қилич,
навкар либосини инъом этадурлар ва дейдиларки,
муҳтарам зоти
олийнинг муҳофаза қиладурсан, маош фалон танга,
ани ойни охирида
олурсан.
Ҳафта ўтуб, эшик такрор садо берадур ва шинос
меҳмон пайдо
бўладур. Кайфий боз ҳурмат эҳтиром намоён
қиладур, гап-гаштак
бошлайдурлар. “Хуш, Ҳасанбой, бу замонлар не
юмуш бирла
бандсиз” қитмирона савол айлайдур меҳмон.
“Подшога хос
навкарман: ул бетамиз, золимни қўруқлайдурман.”
“Ха, шундоқми?
Рўзгурзонлик қандоқ”?
“Тақсир сўраманг, Сизга нима гапники айтдим,
бошимга бало
ёғилур”. ”Майли эмди айтинг, сир тутмакка сўз
берадурман,” жавоб
қайтарадур меҳмон. “Мана бу Исфахон қиличини
пичоқсозга элтиб
дедимки, анинг тиғини сотурман. Пўлоти тоза.
Савдо қилдук ва фалон
ақчага келушдук. Жойига чўпдан тиғ ясаб, ғилофга
жойладим.”
“Ҳасан Кайфий, боз нохуш сўроғини такрор этадур
меҳмон. “Ул
паноҳгоҳи олам: “Фалончининг бошини ол”, деса,
бу тахта қилич
бирла қандоқ йўл тутурсиз?” “Ҳай-ҳай, тақсир,
авозингиз бундоқ
савуқ. Худо кўрсатмасин-у, аммо шундоқ бўлганда
ҳам ақл бирла
меҳнат бор ўлса, қоқулмасман”, жавоб қайтарадур
Кайфий.
Воқеанд, кун кечмай, подшо вазирига дағдаға
қиладур: ” Не боис
Алабайтал деҳасига устама солиқ солмадинг?”
Вазир дейдурки:”
Тақсири олам, бир қошуқ қонимдан ўтунг, аларни
рўзғори бисёр
забун, емоққа нонлари, киймоққа либослари
йўқдур.” “Ҳасан!
чорлайдур подшо, бисёр бадқаҳрлик ила, бозуд
буни бошини
танасидан жудо қил!” “Тақсир дейди Ҳасан Кайфий,
бир лаҳза гаранг
бўлуб, ноҳақ қон тўкмоқлик гуноҳдур, ман худога
нола қилиб вазир
ҳақ ё ноҳақлигига ваҳи сўрасам майлиму? Шундоқ
деб қўлни дуога
очибдур ва кўкка боқиб, зорланмоққа тушубдур.
“Эй парвардигори ўн
саккиз минг олам! Магарам вазиримиз ҳақ ўлса,
қиличимни теғини
чўпга айлантур”. Бу илтижони айтиб, қиличини
қиндан чиқорса...
Аҳли сарой ҳайрат қилибдур. Подшо ҳам ноиложлик
ила вазирнинг
гуноҳидан ўтуб, Кайфийга ўзини шинос қилибдур.
Қиссадан ҳисса булким, Илҳомбек милиса бирла
Жониқул
Жонсарак ақл бирла меҳнатни тан олмай,
бисмиллоларини ҳукумат-у,
катта кичик амалдорлар шарофати, мадади,
хосиятидан
бошлайдурлар, аларга ҳамду сано ёғдурмоқдин
чарчамайдурлар.
Эҳтимолки, бул бандаларға айб тақамоғим
ножойиздур. Сиз радио
ё тилвизорни қўйунг, лубой амалдор чиқса, шу
тариқа йўл тутадур.
Боядки, тартиб-таомил шу тариқадур. Мани гумроҳ
Илҳом милиса
бирла Жонсаракка ноҳақ айб қўйуб, гуноҳи азим
қилган ўлсам, ўзи
кечирсун.
Шўролар замони бир хушрў, локинда серзарда ва
андак алдам-
қалдам бир хотун саркотибимиз эрди. Заифу мард
ани “Ойтимулло”
деб эҳтиром кўрсатар ва бисёр бандалар зоҳиран
қўрқур эрдилар.
Такрор айтурман, гап-у тавозени кифтини
келтирур, порани ... Тан
олмоқ керак, анча ободонлик юмушларини ҳам
уддалади, аз ин жумла
Хўжайи Аҳрор ҳазратлари хобгоҳларини обод қилди,
туманни
кўчалари дутарафа бўлди , янги бозор барпо этди
ва дигар, локин
зуғуми ва ҳайла-найранги ҳаддан ошур эрди.
Камина ҳам бир бор ул аёл бирла рўбарў бўлғонман
ва магарам
мавруди тақозо қилса ва фаромуш этмасам, айтиб
берурман.
Бошқа майда амалдорларга монанд Илҳомбек милиса
бирла
Жонсарак ҳам ўша апани кўрсалар, сабук ларзага
кирур, қад хам
қилиб, таъзим бажо этур эрдилар. Боиси: аёл
бундоқ рафторни бисёр
хуш кўрур эди. Ул хотун амалдан кетди-ю,
шўрпешона заифани
қараламоқ, ғийбат қилмоққа ўтдилар. “Бисёр золим
эрди, порахўр
эрди, ёшлигида ундоқ бўлган, бундоқ бўлган...”
ва дигар. Начора,
амалдорчилик – дурўячилик, деюрлар.
Ман гунаҳкорни авф этинг. Маҳаллалигимга бориб,
башқа
тамонга ўтлаб кетибман. Хотири ожизимча,
Жонсарак минбар миниб,
нутқ ирод қилғонини айтиб турғон жойим эрдим.
“Лозимки, ҳар биримиз жойимизда бўлайлук ва
вазифамизни
бажону дил ижро этайлук, давом берди ул. Тан
оладурман, соли
гузашта анжуманда ваъда бериб эрдимки, кўчамизга
шағал тўкдуруб,
текис қилмоқ ман тан, деб. Аммо винзавод экки
йилдан бери
ақчамизни бермоқдан бош тортадур. Аларнинг
гуноҳи боис, шу сана
ичи токзорга ишлайдурғонларга ҳақ беролмадик.
Локинда моллари
учун бегона алаф дейсизми, ўтун дейсизми,
марҳамат дедик.
Ҳокимиятдан келган акахонимизга тавалло қилур
эрдикки, ақчамизни
ўндиришга мадад кўрсатсалар...”
Шу маҳал ул амалдор киссасидан дафтар, қалам
чиқорди ва
Жонсаракни сўроққа тутди. “Завод не деб
ҳақингизни бермайдур?”
“Винони сотолмай
хунобмиз, дейди. Хорижга чиқармоққа ҳукумат
йўл бермайдур, деб важ қилур”. “Судга беринг!”
Жонсарак бу суханни дигаргун фаҳмлади. Нофаҳмлик
ила
ҳайъатга қаради. “Ҳай, ҳай, ҳукуматними?” деди
хавотирлик бирла.
Бу сўроқ соҳиби амални жаҳл отиға миндирди.
“Анқав-у лакалав
чиқдингиз-ку! Маҳаллалигингизга бордингиз. Ман
ҳукуматни
айтмадим, винзаводни катта кучугини дедим.”
Аҳли мажлис кулди. “Ҳамсоя фермерлар шундоқ ҳам
йўл тутиб
кўрдилар, аммо наф бўлмади чоғи, хавотир аралаш
жавоб қилди
Жонсарак ва суханни башқа тамонга бурди: Шу
Уруссия бирла
Қазоққа бориб ишлайдурғонлар масаласи.
Бародарлар, бу бисёр
хатодур. Алар тўй маракада йўқлар, ҳамсоя
деҳадан бир баланинг
ўлуги ҳам келди. Ман ваъда бераман, алар юртга
қайтсалар, камина
борига даладан иш топиб берадурман...”
Бадазон газ масаласи қўзғолди. “Бу қандоқ гапки,
деди Мурод
муаллим деганимиз, Ўзбакистонда рўзгурзонлик
қилсаг-у,
балаларимиз қишда савуқ қотса. Мактабга,
боғчага, балнисага ҳам газ
бермайдурлар. Аммо хорижга сотурлар. Шўролар
даврида таъминот
тузук эрди-ку!”
Одамлар ғала-ғавур қилдилар. Илҳом милиса бирла
миршабимиз
хавотир аралаш тартиб талаб этди.
Бадазон газ идорасининг каттакони минбар минди.
“ Азиз
биродарлар, деди у айрим кишилар нодонлик ила
гапирурлар ва бу
бисёр хатодур. “Шўролар замонида таъминот тузук
эрди, эмди ямон”
деди муаллим. Бу сиёсий хатодур, кўрнамакликдур.
Шу саводи бирла
бу одам балаларга сабоқ берадурми?! Билиб
қўйунг, Маҳаллага
минбад ҳам газ бермайдурмиз, боиси, идорамиздан
фалон миллион
қарздордурсизлар. О, пулни беринг! Мана ман
қарздор бўлғон
бандаларнинг рўйхатни қироат қиладурман...”
У шундоқ деди ва ҳижжалаб ўқумоққа киришди. Бир
маҳал
“Махсумов Калвак экки юз минг қарздор,” демоғи
бирла, тоқат
қилмай қўл кўтардум. “Ёз маҳали тўрт ой газ
бўлди, ақчасини тўлаб
каптонсасини олғанман. Бу қандоқ бўлди?” ”Тартиб
қоида бор, давом
берди амалдор, газ тамом бўлғон заҳоти арза ёзиб
бормоғингиз ва
бизнинг одам келиб кўрмоғи, қубурингизни кесмоғи
жоиз эрди. Буни
қилмагансиз ва қарзингиз зиёд ўлган. “Нима, бу
емаган самбусага
пулми?” авоз кўтардим.
Шу фурсат миршабимиз боз хавотир аралаш қўзғолиб,
каминага
пўписа қилди. “Акои Калвак не деб тартиб
интизомни бузурсиз?!
Ўтурунг!”
Бу занчалиш, давдирнинг феъли шуноқа. Гузаримиз
заифалари
ани киноя бирла “қайнота” деюрлар. Боиси, ҳар
бир юмушга кордор.
Эмдиликка келиб, мардумнинг тўпланмоғига зид чиқадурғон
хунук
одат пайдо қилди. Тўрт-беш банда бир жойга жам
бўлса,
“Тарқалинглар!” деб авоз кўтарур ва юқоридан
шундоқ фармойиш
бўлғонини важ қилур эрди. Заифаларнинг араби
китоб ўқуганларини
фаҳмласа, роса пўписа қилмоғи тайин эрди.
Ман ўтурдим, аммо аҳли мажлис каминани қўллаб,
якдил ғавғо
қилдилар. Аён ўлдики, башқалардан ҳам емаган
самбўсага пул
ўндирмоқ пойида бўлғон экан бу нокас-у
ножинслар. Анжуман
аҳлидан бирор инсон ҳам на бадқаҳр миршабга ва
на Илҳом милисага
қулоқ тутмай, инсоф-у диёнат талаб қилдилар.
Бадазон ҳокимиятдан
келган каттакон жойидан турди, зарда бирла
интизом сақламоқни
талаб қилди. Газ идораси каттасини нописанд
турғузуб дедики: “
Минбад одамингиз аввол келиб кўрсун, магарам газ
ўлмаса, акт
тузсун ва мардумлардан тийин ҳам талаб қилмасун.
Бугундан
эътиборан зиёти қарзларни учурунг! Токи
кирдикорингиз фош
ўлмасун! Гап тамом!”
Бадазон мачитимизнинг имом-хатиби сухан олди. Бу
зот магарам
жавондур, локинда бисёр доно, камтарин ва
хушфел. Тошкантдаги
муллобаччалар мактабига таҳсил топиб
келғонлардан. Тўкулуб
қолғон бир масжидимиз бор эрди, халойиқни
ҳашарга чорлаб, ани
таъмир қилди. Ўзум ҳам беш маҳал фарзи худони шу
жойга бориб адо
этадурғон ўлдим. Имом-хатибимизнинг қироати ва
амри маъруфи
бисёр форам эрди. Аммо-локин йил ўтмай, мачитни
ёпдилар.
Фармойиш бердиларки: мачити жоме ҳамсоя деҳада,
яъни
Оқмачитдадур ва ул жойга бориб, намоз ўқунглар.
Аввол
мачитимизга ўғрунча кириб-чиқиб турдик, аммо
нокас миршабимиз
келиб, авоз кўтарадурғон, ғавғо қиладурғон ўлди.
“ Деҳамизда фалон миқдор аҳоли бор, сухан қироат
қилди
мулломиз, алардан шунча миқдори намозхон.
Қоидага биноан
мачитимизни жоме атамоқ жойиздур, локинда арзу
додимизга қулоқ
тутмайдурлар...” “Рост айтадурлар, рост
айтадурлар!” авоз бердик
биз. Ҳокимнинг одами бадқавоқлик бирла боз тик
турди. Зарда қилиб
дедики: “Бу гапни айтиб юрманглар, ҳал
бўлмайдур. Оқмачитга бориб
келсаларинг, бир бало урмайдур, наабарот
бадантарбия бўладур. Гап
тамом!”
Электр масаласида ҳам жилла ғала-ғавур бўлди. Ул
идорадан
келган минғир амалдор симчўплар-у, симлар барпо
бўлғонига қирқ
йил ўтғони боис ишдан чиқиб қолғонини, аларни
янгиламоқ учун
маблағ танқислиғин изҳори дил қилди. Аз ин
жумла, светни
ўғурлайдурғонлар, ҳақ тўламайдурғон беинсофлар
бисёрлигидан
арзу-дод қилди. Аммо аҳли мажлисдаги бирор банда
эътироз
қилмади. Ўзум ҳам нафас ютуб турдум. Боиси,
инкубатор ўғурлик
ҳисобига амал қилур эрди.
Илҳом милиса анжуманни поёнига етказмоқ маҳали,
ҳар йилги
мисол, ани вазифадан озод этмоғимизни сўради.
Аммо ишламоққа
илинжи борлиғи манаман деб турур эрди. Боиси,
бундоқ иззат-
ҳурмат, эҳтиромдан воз кечмоқ душвоз юмуш, боз
дағе, ҳар қоғозга
муҳр босгони боис, мардум фалон сўмдан ақча
берур эрди.
Вақти зиёфат меҳмон-у, мезбон, заиф-у мард
сарафроз бўлуб,
хушчақчалик ила ўтурдук. Миршабимиз манга ҳазил-рост
қилиб,
“Акои Калвак Москов бориб, бузулуб келибдурлар!
Авволлари
бундоқ бетгачопарлик қилмас эрдилар...” деди. Бу
гап Илҳом
милисага ҳам маъқул тушди. “Акои Калвак Москов
бориб, бир-ярим
жононни топган ўлсалар, ўша айнитиб юборган
бўлмоғи эҳтимол.”
Даврага ҳангома зарур эрди ва шу боис хандон
отиб кулдилар.
Белига дарди борнинг аёғи титрайду, деюрлар.
Камина
Московдаги нохуш қилмишларим фош бўлмоғидан
бисёр хавотир
тортуб, калламни хам қилдим. Шукрлар бўлғайким,
гап дигар тамонга
бурулди.
НОМА
№ 2
Бугун – Наврўз. Мелодий 2011 йил 21-март, ҳижрий
1342 йил
ҳамал ойи.
Бир ҳафтадурки, тилвизорда сумалак-у,
кўпкариларни ва кўклам
хуррамликларини намоён қиладурлар. Бисёр ҳам
нозанин
сухандонлар Шўролар замонида бу ийд ман
қилинғонини такрор
этмоқдин чарчамайдурлар.
Локинда, бу – ялғон гап. Бизнинг бобо-ю,
момоларимиз Некалай
замонида ҳам, Сталин подшолигида ҳам, иншоолло,
байрам
қилганлар. Хрушчев, Брежнев, Горбачев ҳукмдор
бўлғонларини
эслайдурман. Чойхона чиқиб, то саҳар сумалак
пиширур, дилхушлик
қилур эрдик.
Фақат истиқлолдан экки йил аввол бир мусулмон
занакча
тилвизорга чиқиб, урусилаб дедики: “Эмди Наврўз
байрам – бекор. Бу
бизнинг байрам йўқ. Наврўз, форсийларнинг
идидур. Аталмоғидан
аён. Ани Туркияда ҳам нишон қилмайдурлар.”
Эшитдимки, бу занакча арбобдур, эмди жанозани
ҳам
таъқиқлайдур.
Ана – бетамизлик! Фикр қилдимки, узоққа
бормайдур. Ўша баҳор,
ноилож Панжакент боруб байрам қилдук. Ул
шаҳрдаги қавмлар
дедиларки: “Уруссиянинг Янги йили, 8-Мартини
нишон
қиладурсизлар-ку, эмди Наврўз бегонами? Охи, биз
бир халқ-ку! Боре
таомилу, байрамларимиз маники ё саники бўлмаган.
Не боис исён
қилмайдурсизлар?”
Йил ўтуб, Ўзбакистон тахтига муҳтарам ...ов
ўтурдилар ва
ҳазорон шукрки, Наврўзни катта байрам деб эълон
қилдилар.
Йўқ. Ул зоти бобаракнинг илк фармойишлари
мардумларга
томорқа-ер ажратмоқ борасида эрди. Локинда бу
хусусда ўтлаб
кетсам ва сиз дағе дилтанг-у дилғаш бўлурсиз деб
андеша этурман.
Бақиясини фурсат топиб айтурман.
Зеро сухан Наврўз хусусида эрди.
Ўйимизда тараддудни бир ҳафта пеш бошлаган
эрдик. Аввол
ўзимиз ва келиннинг ўйидаги темир печларни
чиқордук. Мана, тўрт
йилки, бу матолар жонимизга оро кирур.
Аларни ҳавлига чиқорадурғон маҳалимиз мавлоно
Муқимийнинг
“Таърифи печ” отлиғ ашъорларини хотирамда
тикладим ва боғчада
тарбиятчи бўлуб ишлайдурғон келинимга савол
бердим. “Сиз
Муқимийни биладурсизми?” “Эшитганман,
локинда...” Ўғлум, бо ин
жумла, тўққузинчида ўқуйдурғон қизимиз Сухайлога
берган
сўроғимга ҳам худди шу тариқа тумтоқ жавоб
олдим. “Агар
истакларинг ўлса, ул зотнинг шеърларини қироат
қилиб берур эрдим”
дедим. “Давай, давай”, деди Найимбек.
Савуқ қаҳр қилса, оромижон печ,
Дегайлар баъзи нодонлар: ямон печ.
Эшикдан қалтираб кирсанг иситгай,
Ки мушфиқ волидангдек меҳрибон печ.
Зимистон фаслида қурсанг ўйунгга,
Ҳузури дил, чун боғ-у бўстон печ
Чу тортиб келса лашкар қору борон,
Ўзи танҳо қочурғай, қаҳрамон печ.
Келур на сандали тўғри, на гулхан,
Чиқарғонин Муқим, этсун амон печ.
Бадазон волидайи муҳтарамайнни хотирладим. Ул
меҳрибоним
араби ҳарфни равон ўқур эдилар. Жамшед номлиғ подшонинг
Наврўзи ажамда қилғон базми жамшедлари, ҳафталаб
давом берган
шоду хуррамликларини ўқуб берур эрдилар. Буларни
баён этдим ва
жигарларим одоб сақлаб гўш қилдилар. Бул
рафторимдан ўзум ҳам
сарафроз ўлдум.
Наврўздан ҳафта аввол дедиларки, рўзғор боши
йигирма минг
сўмдан йиғурмиз, ҳалиса пиширурмиз, артислар
келур, зану мардга
зиёфат берурмиз! Бад бу гап бекор ўлди. Хабар
бердиларки,
Московдан Қўчқорбой келиб, жаъми харажотни
гарданга олибдур,
боз якчанд детдом балаларни қўлини ҳалол қилур
экан.
Бул хушхабардан хуррамлик топдук.
Мани гумроҳ бадаз бул хабар, ўйига бориб, ани
кўрмоғим,
муборакбод этмоғим зарур эрди. Аммо Московдан
хайри хушни
насия қилиб қочгоним, бир замонлар ани иддао
бирла “ҳанги” деб
урушгоним ва фурсат кечиб, ул жойдаги зино
ишларим боис
дилимдаги зоҳирий хавотирликдан андеша қилдим.
Дейдиларки,
белида дарди борнинг аёғи қалтирайдур.
Авволи шаб ҳаммомга алав ёқдук, майда-ю катта
тозаландук.
Саҳар туруб, сақол олдим ва бомдод намози
савобини кўзумга ёш
бирла падари бузруквор, модари муҳтарамайн
хотираларига бахшида
қилдим. Бадазон Жамилага дедимки: “Жонидан,
фасон бўл, сурмани
сурт, лабингни ранг қилсанг ҳам тузук бўлур
эрди.” Шундоқ
фармойиш бердим-у, назаримга Московдаги Марямхон
намоён ўлди.
Бояқиш хушрў ва хуб занак эрди, каминани дўст
тутур эрди. Хай,
эмди, худонинг ўзи кечирсун...
Шул маҳал чойхона тарафдан карнай-сурнай авози
келди.
“Ҳаммаларинг чиқинглар, кетдук”, фармойиш
бердим.
Дарбозани беркитар маҳалимиз ҳамсоямиз Мўминжон
ҳам келин
бирла пайдо бўлди.
Эмди Мўминжон хусусинда айтадурғон ўлсам бисёр
мўмин-
мусулмонлиғини таъкид этмоғим зарур. Якчан
солки, шаҳрдаги
“Лабиғор” ошхонасида (Садриддин Айний ўйлари
биқини) лағмон
пиширадур. Аммо-локин лағмонни кифтини
келтирадур. То ҳаттоки,
дигар даҳа-ю, кентлардан ҳам бу жойга
лағмонхўрликка келадурлар.
Локинда ҳазорон таассуфлар бўлғайким, худо бу
рўзғорни қулоқдан,
боз аниқроқ дейдурғон ўлсам, тирноқдан қисган.
Духтур-у,
азойимхонларга бисёр пул тўкдилар - наф бўлмади.
Бот-бот ўзум ҳам
аларга фарзанд ато эт, дебон худога зорланурман.
Наврўзгоҳимиз одамга тўлиб кетган эрди. Сариқ
сочлари
шаббодада паришон бўлган, хушқомат, хушрў заифа
қўшуқ айтар
эрди:
Оҳ этарман, оҳ этарман, оҳларим тутсун сани,
Кўз ёшим дарё бўлуб, балиқлари ютсун сани...
Хотирамга лоп қилиб, боз Марямхон тушди. Фикр
қилдимки, ул
париваш манинг ҳажримда фарёд чекадур. Дорбозлар
ҳам таклиф
этилган чоғи, дор тиклабдурлар. Аммо алар
тамошони то ҳануз
бошламаган эрдилар.
Бир маҳал, қарасам Илҳомбек милиса бирла
Қўчқорбек гапзанон
қилиб турибдурлар. Каминани кўруб, жиянбаччамиз
бағр очиб келди.
Ман ҳам ачош қилдим ва дийдамга ёш келди.
“Даданг бобаракат
инсон эрди”, дедим йиғлаб.
Гап бундаки, Қўчқорбойни жиян атасак ҳам, асли
жиянбаччадур.
Раҳматлик катта апамизни катта қизини фарзанди.
Дадаси жарроҳлик
маҳали, шундоғ теғ тагида бандаликни бажо
келтурди. Бала у вақт
Московда ўқурди. Ўлукни моргдан ўзум келтириб,
ўзум тупроққа
қўйдум. То унгача Қўчқор етиб келарму деб бир
кун меҳмон ҳам
қилдук. Аммо чамаси, ноиложлик бўлди.
“Тағо, о не боис қочиб келдингиз Московдан”,
сўроқ айлади
кулиб “Шул эрдиму сиздан умед?” “Ҳа эмди, шундоқ
бўлди”, дудмал
жавоб қилдим. “То ҳаттоки, охирги моянангиздан
ҳам воз кечиб,
қочибсиз. Кассир манга бериб юборди.” У шундоқ
деди-ю,
киссасидан бир даста пул чиқорди. Кўк пулни
кўруб кўзум ўйнаб
кетди. Одамлар кўрмасун, деган андеша бирла
бозуд қўлтуқ киссамга
тиқдим. Боисики, бу бандаларнинг аксари долларни
кўрмаган ва ани
тамошо қилмоқ иштиёқини пайдо қилса, нохушлик
бўлур деб фикр
қилдим.
Бизни усталга таклиф қилдилар. Аввол марду заифалар
алоҳида
ултурур эрдилар. Эмдиликда ҳар киши рўзғори
бирла ўтурмоғи
таомилга киргони боис боримиз саҳнага наздик
жойдан ўрун олдук.
Дастархонга ноз-неъматлар тортилғон эрди, боз
келтурдилар.
Ашўлачи заифа жойига бир мардак чиқди ва
раққосага имлади.
Атроф ғала-ғавур ва ханда, локинда калламга бир
нимарса
кирмас, хаёлим бисёр паришон эрди. Боиси,
киссамдаги Амриқо
ақчаси алав бўлуб дилимни кўйдирур, пишак бўлуб
тирнар эрди, боз
тушуб қолмасун, кимса билмасун, деб хавотирим
ортур эрди. Хусусан
анинг миқдорини аниқламоқ ҳирси ором бермас, бу
жумбоқни бозуд
билгим келур эрди. Кўзум раққосада хиромида
бўлса ҳамки, қўлум
киссамга эрди ва пулнинг салмоғини бот-бот
тахмин қилур эрдим.
Инсон пулни кашф этгандан буяғига унга зориқиб
яшайдур,
дейдилар. Бепуллик, мўҳтожликдан ўзи сақласун!
Бундоқ нохушлик
бамисли чилвир кекирдагингни қисур, ғуссангни
чандон оширур.
Киссамдаги маблағ бамисли орзу ниятларим,
ҳавасларим,
саодатим сароби эрди ва каминани алавлантирар
эрди. “Ўтуруб
туринглар, бир ўйга бориб кўрай, инкубаторни
ёпдимми-йўқми, деб
гумон қиладурман” баҳона қилдим. Ва дарвозадан
кирган маҳали
лелаларим ларзон бўлуб пулни санадим. Нақ минг
доллар чиқди.
“Қўлларинги ўпурман, Қўчқоржон, деюр эрдим
ғойибона, сан учун бу
чойчақа мисолдур, локинда Ўзбакистонда бисёр
қулфларни очадурғон
калитдур.”
Қайтиб борсам, Илҳом милиса ҳазилу рост аралаш
таҳдид бирла
башорат бармоғини тебратиб деди: “Акаи Калвак,
секретингизни
биладурман. Кўкини ёшурун жойга қўюб келдингиз.
Ҳа, пул ўлсун!”
“Зар пинҳон, зан пинҳон”, жавоб бердим Боз бир
секретингизни
биладурман, аммо...” Дилимга алав тушди, бу
баччағар Московдаги
рафторларимдан хабардор ўлмаган бўлсун, деб
хавотирим зиёд ўлди.
Шул маҳал дорбозлар сардори халққа мурожаат
қилди.
“Муҳтарам мусулмонлар! Илтижо қиладурман,
қўлларингни
дуога очинглар. Ҳозир мана шу гўдагим сим устига
чиқадур ва ҳунар
кўрсатадур. Илоҳо Оллоҳим ани ўз паноҳига олган
ўлсин! Омин!
Оллоҳу Акбар!
Шу дам бир бала қўлида лангарчўп денг, ғизиллар
сим устига
чиқиб кетди. Халойиқ ҳайратдан яқо тутди. Бад
бала чунонам
ҳунарлар намоён қилдики, тасаннолар дедим. Аз ин
жумда кўзини
боғладилар ва ул боз нописанд, сим устида сурнай
бирла ноғора
оҳангига ҳамоҳанг рақс қилди.
Бадазон саҳнага бир урус заифа тўрт ўғул балани
олиб чиқди.
Алар тўрт-беш ёшларда бўлуб, ранглари андак
синиққан, хомушроқ
эрдилар ва бегоналардан хавотир тортур эрдилар.
Бундан
фаҳмладикки, бу бегуноҳлар детдомнинг етимчалари
ва бугун қўлини
ҳалол қилурлар. Умрингдан барака топгур
Қўчқорбой балакайларга
бирма-бир заррин чапон кийгизди, шойи белбоғ
боғлади, тоқи
кийгизди ва бағрига олиб бўса қилди. Сурнай
андоқ нола қилур
эрдики, заифу мард дийдасига ёш олди.
Аволлари камбағалроқ мардумларнинг ўғулларини
тўй қилур
эрдилар, аммо эмдиликда ундоқ кишилар ор
қиладурғон ўлдилар ва
ҳар наврўз тўй қилмоқ учун детдомдан бала
келтирурлар.
Шу муддат бисёр қизиқ, ҳаяжонбахш воқеа содир
ўлди.
Ҳамсоямиз Мўминжон саҳнага чаққон чиқиб, бир
балани ачош қилиб
кўтарди ва мардумларга, Қўчқорга зорланиб
тавалло қилди:
“Бародарлар, Қўчқоржон, бу балани манга олиб
беринглар!
Аҳволимни билурсизлар! Анга тарбия берурман,
бобахт қилурман!
Чароғимни ёқадурғон бўладур.”
Буниси поён топмай, гуркобимиз Рауфбек ҳам чопиб
чиқди.
“Биродари азизлар, деди, ман ўлсам, гўрларингни
ким қазийдур.
Бунисини манга олиб беринглар”...
Гап бундоқки, Рауфбекнинг аёли тўрт қиз туғди,
аммо ўғул пайдо
қилмади. “Ман бу балани тарбия қиладурман,
гуркобликни
ўргатурман” давом берур эрди бечора, нолиш ва
тавалло бирла.
Саҳнага боз уч-тўрт одам саросима чиқиб,
балаларга соҳиблик
қилди. Бир маҳал бирав либосимдан тортиб қолди.
Қарасам, Жамила,
ашки шашқатор: “ Дадажониси, тез чиқинг,
биттасига эга бўлунг!
Ўзум чўмилтурурман, бағалимга олиб ётурман.
Аларнинг кўзига
боқинг. Шавқатингиз борму? Бўлунг, баракс бизга
етмай қоладур.” “
Шукр, уч ўғлимиз бор-ку, жонидан” “Оббо,эмди
ўзим чиқурман”, деб
тараддуд кўрган маҳал, Илҳомдек милиса мардумни
тартибга
чорлади: “Қани, ҳамма ўтурсун, тез-тез деб
турубман”, андак авоз
кўтарди. Халойиқ ўтурди ва диққат қилди. “ Қулоқ
беринглар, бу
балалар қўй ёки эчкимики, тақсимлаб берадур.
Давлатнинг тартиб-
қоидаси бор. Балани олмоқ учун ҳужжат лозим,
рухсат талаб
қилинадур. Мана, детдомдан келган апамиз ҳозир
бу хусусда
батафсил фикр берадурлар.
Урус занак ўз забонида тушунтирмоққа киришди. “
Во-первый,
ман бу етимчаларни олиб келдим ва элтиб
топширмоққа мажбурман.
Во-второй, мана бунисини онаси бор, Арабистонга
эрга теккан. Йилга
бир келиб, хабар оладур. Бунисини ҳам эгаси бор.
Дадаси тирик, аммо
кўп ичадур, алкашдур. Шул боис бала бизда
яшайдур. Эккитасини
одами йўқ, локинда аларни қўлга киритмоқ учун
ҳайъат рухсати ва
албат, сардоримиз ижозати керакдур.
Шу маҳал Қўчқорбек бошиддат саҳнага чиқди, занак
бирлан
гуфтигу қилди ва тахмин детдомнинг сардорига сим
қоқди. Кўҳна
шинослар экан чоғи, қуюқ салом-алек қилдилар. “
Келмадингизку? Ҳа
шундоқми? Билурсиз тўрт ўғлингиз бизда, аларни
суннат тўй қилиб
турибмиз. Локинда эккитасини олиб қоладурмиз.
Ҳа,ҳа, иложини
топинг. Бисёр ибратбахш рўзғорлар. Айтган
қағозингизни Илҳомбек
ака етказадурлар. Биз хизматингизга бормиз. Ман
гарантия
берадурман. Бўлдими? Эмди бу гапни аёлга
ўқдурунг.”
У шундоқ деб тилифонини урус занакка берди.
“Ладна, ладна”
деди бадаз гуфтигў бу ҳам ноилож.
“Мўминжон ака, Рауф ака, чорлади аларни
Қўчқорбек, олинглар
бу балалар эмди сизнинг фарзанд!”
Мўминжон бирла ака Рауф кўзда ашк бирла экки
ўғулни бағрга
босиб шодон кетар маҳали Илҳобек милиса огоҳ
қилди. “О,
тўхтанглар, қўлини ҳалол қилайлук.” “Ўзумиз
суннат қиладурмиз,
халққа тўй берадурмиз” дедилар алар баравар авоз
бирла.
Ўйга бадаз пешин қайтдук. Аввол пулдан хабар
олдим – турубдур.
Хотиржамлик топиб, инкубаторни очсам, якчанд
чўжалар пайдо
бўлибдурлар.
Оҳ, аларнинг тухумдан чиқмоғини тамошо
қилсангиз, беҳад
сарафроз ўлурсиз, завқингиз чандон ошур. Чўжа
сариқ тумшуқчаси
бирла тухумни тешур ва бесабрлик ила авоз бериб,
ўзига йўл очур.
Бир машаққат бирла берун чиқиб, онасини ахтарур.
Ва нимаики
жонзод ёхуд бежон ҳаракат қилса, анга эргашур.
Сайисхонадан бедонани эски қафасини топиб,
тўрттасини анга
жойладим. Бадазон Мўминжоннинг эшигини қоқдум. “
Мўминжон,
дедим у пайдо бўлмоғи баробар, ўғлингга чўжа
келдурдум.” Шод
ўлди, бояқиш. “Науфал, кел амак санга чўжа
келтирибдурлар,” авоз
берди. Бала андак бегона кўруб, наздик келди.
Номини айтмоққа
забоним келмагани боис савол айладим: “Сани
Найимбек атасам
майлиму?” “Истамайман, қавоқ очмай жавоб берди
ул, номим –
Науфал.” “Хуп, майли, жавоб қилдим, Науфалжон,
бу чўжаларни
санга келтурдум. Парвариш қил, отажон,”
Бала ним табассум бирла аларни олди.
Ўзум ҳам сарафроз ўлдум.
Комментариев нет:
Отправить комментарий