пятница, 30 сентября 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

УЧИНЧИ ҚИСМ


№1


Асарни янги қисмдан бошлашимга холис бир китобхоннинг фикри туртки бўлганлигини таъкидлашим зарур. У мазкур “номалардан” мамнунлиги ва эътирофларини таъкидлагач, каминани ўзбек адабий тили қоидаларинига кўпроқ риоя қилишга чорлагандай бўлди.
Аслида, Абдулла Қодирий қаҳрамонларини тирилтириш ва уни ўз забонида, яъни эски ўзбек тилида сўзлатишда бир қусур бўлмаса керак. Аммо фикрлаб кўрсам, қадимий тил кўпроқ сатира ва юмор талабларига жавоб берадигандай.
Менинг қораламаларим эса тобора жиддий тус олаябди ва бундан кейин (бошимни кундага қўйиб бўлса ҳамки) публицистик руҳни кучайтириш, аниқ шахслар, бўлиб ўтган воқеалар, расмий рақамлардан фойдаланиш ниятидаман. Жиддий масалани ёритиш учун эса жиддий ва устивор забон керак.
Асарнинг давоми ҳақида жавобим битта:
“Замондош” сайти уни кўчириб босишни тўхтатмагунча
ёзиш ниятидаман.

Муаллиф






Кечки овқатдан кейин ўғилларим Сардор билан Сарварни ёнимга таклиф этдим.
– Телефонларингни ўчиринглар, қулоқларингдаги симни олиб қўйинглар,- дедим буйруқ оҳангида.
Улар итоаткорлик билан ижро этишди.
– Сизларга эртак айтиб бермоқчиман,-дедим.
Болалар ажабланишди. Чунки, ҳали бирор бор уларни ҳеч ким эртак айтиб бериш учун чорламаганди.
– Бир бор экан, бир йўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, тошбақа тарозибон экан, қурбақа ундан қарздор экан.
Раҳмати бувим шу гапларни айтишлари билан қулоғимиз динг бўлиб, эътиборни оширардик. Аммо ўғилларим бу даромад гапдан кейин ажабланиб, тиржайиб қўйишди.
Мен давом этдим.
– Жуда қадим замонда, узоқ бир мамлакатда бадавлат киши рўзгурзонлик қилар экан. Унинг яйлов-яйлов қўйлари, қанчадан-қанча малайлари, чўпонлари бор экан. Бойнинг хотини нуқул ўғил туғаркан. У бир куни худога илтижо қилиб, бирорта қиз ато этишини сўрабди. Аммо хотини бу гал ҳам ўғил туғибди. Шунда у худога шак келтириб, “ Намозингни ўқиябман, закотингни тўлаябман-ку,” деб иддао қилибди.
Ниҳоят тўққиз ўғилдан кейин хотини қиз туғибди. Бой қувониб, халойиққа етти кечаю-етти кундуз тўй берибди.
Аммо чақалоқ ғалати экан. Бурни қирғийникидек илгакли бўлиб, қозиқ тишлари оғзидан чиқиб турган экан. У жуда баднафс бўлиб, нуқул гўшт беришларини талаб қиларкан.
Бир куни кенжа ўғил қўйларни қўриқлаб ётса, шарақлаган овоз эшитилибди. Қараса чақалоқ бешиги билан келиб, бир қўйни тутиб олибди ва ўша ернинг ўзида еб қўйибди. Кенжа ўғил синглиси ялмоғуз бўлиб туғилганини фаҳмлаб, жуда ҳам хафа бўлибди. Кейин ўйлаб-ўйлаб, бу манзилдан бош олиб кетишга қарор қилибди. Отини миниб, итини эргаштириб, узоқ йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Бир манзилни танлаб, рўзгурзонлик қилишда давом этибди.
Орадан йиллар ўтиб, бир куни тушига ота-онаси кирибди ва уларни жуда кўргиси келибди. Қадрдон отини миниб, содиқ итини уйда қоровулликка қолдириб, киндик қони тўкилган юртига қараб, “Ё раббий!” деб йўл олибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Қишлоғига етиб келса, ҳаммаёқ хароба, тирик жондан эса нишона ҳам йўқ эмиш. У ҳовлиси томон шошилибди. Отини дарахтга боғлаб, ичкари кириб қараса, бадбашара бир кампир ўтирган экан. “Ассаломалайкум” дебди унга эҳтиром билан. “Ассаломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим”, дебди кампир. У қўрқиб ўзини таништирибди. Ялмоғиз эса дарҳол ёғ доғлашга тушибди.
Бир маҳал кампир ташқарига чиқиб келиб, унга савол берибди. “Ака, отингни оёғи тўрттамиди ёки учта” Бу очофат қадрдон отининг бир оёғини еб қўйганлигидан жуда ўксиган бўлса ҳамки, қўрққанидан: “Учта эди” дебди. Ялмоғиз кампир зум ўтмай тағин ташқарига чиқиб келибди ва укасидан сўрабди. “ Ака, отингни оёғи учтамиди ёки иккита?” “Иккита эди,” жавоб берибди кенжа ўғил. Бу гал синглиси чиқиб келиши билан:”Отимнинг оёғи битта эди,” дебди. Ниҳоят ялмоғиз “Сени отинг бормиди ёки йўқмиди”? деб сўрабди. “ Отим йўқ эди”, деб жавоб берибди акаси.
Шу пайт бир сичқон пайдо бўлибди ва унга: “Бу жойларда мендан ўзга бирорта тирик жон қолмаган. Сен ҳам зудлик билан қочиб қол! У ёғни сени қовуриб ейиш учун доғлаябди, дебди. “Қандай қилиб,” қўрқибгина сўрабди кенжа ўғил. “Мен дутор чертиб ўтираман,” деб томга чиқ. Дуторни мен тингиллатиб тураман, сен қочиб қоласан. Этигингни қумга тўлдириб, томнинг лабига илиб қўй. Уни кўриб, хотиржам бўлади.
Меҳмон халоскори айтганларини бажариб, жўнаши олдидан сичқон бир дона тароқ, қайроқтош ва кузгу берибди ва магарам ялмоғиз кампир уни қувиб етай деганда, уларни бирма-бир орқага ташлаб юборишни маслаҳат берибди.
Ялмоғиз кампир ёғни обдон доғлагач: “ Ака, энди пастга туш!”, дебди буйруқ оҳангида. Аммо садо бўлмабди. Ялмоғиз такроран талаб қилса ҳам жавоб бўлмабди. Шунда у қаҳрга миниб, акасининг этигини зарб билан силтаб тортибди ва кўзлари қумга тўлибди. У кўзларини шоша-пиша тозалаб олгач, жаҳл билан акасининг ортидан қувишга тушибди. Кўп ўтмай, ўлжасига яқинлашиб ҳам қолибди. Шунда укаси тароқни ташлаб юборибди. Ортда сарҳадсиз тўқай пайдо бўлибди, Нари тарафда қолган ялмоғиз: “Тўқайни кемириб ўтаман”, деб наъра солибди ва укаси унчалик узоққа кетмаёқ, тиканзорни кемириб, ўзига йўл очибди. Ялмоғиз бу гал яқинлашганда, қайроқ тошни ташлаб юборибди. Оралиқда ўлкан тоғ пайдо бўлибди. “Тоғни тешиб ўтаман”, дебди ялмоғиз. Дарҳақиқат укаси унча узоққа бормай тоғни тешиб ўтибди. Бу гал укаси кузгуни отиб юборибди. Ўртада денгиз пайдо бўлибди. “Денгизни ичиб ўтаман,” дебди ялмоғиз ва зум ўтмай уни қуритиб, акасига яқинлашиб қолибди...
Эртак шу ерга келганда бирдан тин олдим ва болаларнинг нигоҳларига қарадим. Улар ташналик билан давомини кутишарди.
- Айтинг, айтинг, - дейишди илҳақ бўлиб.
- Айтмайман,- жавоб бердим анча кескин. Мана шу сизлар совға этган “Ўзбек халқ эртаклари” китобида давоми бор. Ўзларинг ўқинглар.
Улар китобни шошибгина қўлга олишди ва мазкур эртакни топиб, фақат ўшанинг давомини ўқишди. Аммо мен бошқа бир ҳолатдан умидвор эдим. Улар китобдаги қолган шавқовар маталларни ҳам иштиёқ билан ўқишга киришади, деб ўйлагандим. Афсуски, ундай бўлмади. Аввалгидай, тағин ўша қўл телефонларига ёпишиб олишди. Мен зоҳирий надомат чекдим. Булардай ўсмир пайтимда “Робинзон Крузо”, “Ўн беш ёшли капитан” деган китобларни бир ўтиришда ўқиб тугатганим ёдимда. Қишлоғимиз кутубхонасига бориб,”Ўткан кунлар”ни сўраганимда, ўн беш киши навбатда турганлигини айтишганди ва тахминан экки ойлардан кейин олиб ўқигандим. Кейин “Фарғона тонг отгунча”ни бир танишимдан ялиниб –ёлвориб олгандим.
Наҳотки келажагимиз соҳибларининг китобдан юз ўгиришига шу митти матоҳ сабаб бўлса.
Бу хусусда бош қотириб юрган кунларимнинг бирида Россия ТВсида мазкур мавзуга бағишланган баҳс-мунозарага гувоҳ бўлиб қолдим. Кекса ёзувчи билан ёш файласуф олим бир-бирини инкор этиб, нуқул ўзиникини маъқулларди.
“Диалектика қонунларига биноан, дерди олим, бошланган ҳар қандай жараён охирига етиши керак. Бир замонлар инсон китобни кашф этган. Эндиликда унинг умри тугаб бораябди. Инкорни инкор қонунига биноан у ўзи яратган ТВ ва интернетга курсисини бўшатиб бермоқда. Буни тўғри тушунмоқ ва қабул қилмоқ керак...” “Инсониятнинг китоб ўқимоқдан тўхташи, тағин ғорларга қайтиши деган гап,” енгил жаҳлга миниб, унинг сўзини бўларди адиб! Интернет ҳеч қачон китоб ўрнини босолмайди, буни ҳаёт кўрсатди. Чунки, ўргимчак тўрида ўқувчини чалғитадиган омиллар бисёр. “Сичқонча”нинг елкасига нуқиб қўйишингиз билан дунё янгиликлари, латифалар, тўҳматлар, нимлуч аёллар, дилхуш қўшиқлардан баҳраманд бўлиш мумкин. Бундай вазиятда фикрни жамлаб асар ўқиш мумкин эмас! Китоб содиқ ҳамроқ ҳам: уни истаган жойингизга олиб юришингиз мумкин.”
“Ҳозир компютер, ТВ ва қўл телефонининг бирлашиш жараёни бошланди, жавоб берди олим. Эндиликда қўл телефон Интернетга боғланди ва унда истаган нарсангиз муҳайё. Пушкинни ёки Толстойни ўқийсизми, латифага хушингиз борми, тарихий саволга жавоб излайсизми – марҳамат. Ўзингиз тасаввур қилинг: бу инсониятнинг нақадар мислсиз кашфиёти! Энг муҳими, мобил телефонни олиб юриш, китобдан кўра ўнғай ҳам. Тан олмоқ керак, бу прогрессни ҳеч қандай куч тўхтатолмайди. Инсоният қўл телефонига батамом боғланиб қолади.” “Оқибатичи?”, қониқмади ёзувчи. “ Ваҳимага ҳожат йўқ, эътироз билдирди рақиби, одамлар жаъми ахборот ва маънавий озиқни телефон орқали тез ва сифатли олади ва табиийки, шу тариқа ўлкан тараққиётга эришади. Лекин китоб ҳам йўқолиб кетмайди. Бир замонлар чироқ кашф этилганда, энди шамга ҳожат йўқ деб ҳисоблашган, электр лампа пайдо бўлганда эса, инсоният чироқдан батамом воз кечади, деб ўйлашган. Аммо кўриб турибсизки, шам ҳам, чироқ ҳам керак бўлаябди.,” “Сиз ўз-ўзингизни инкор этаябсиз,” қўшилмади адиб, ҳозиргина диалектик қонунларни пеш қилиб, кишилик дунёси китобдан воз кечади, деб даъво қилгандингиз. Энди эса.. Мен, барибир, фикримда қоламан, қўшилмади ёзувчи. Китоб жавонимда энг қадимий “Библия”, рус армиясининг муғул-татар босқинчиларига қарши курашиши кундаликлари, Чеховнинг Х1Х асрда чоп этилган китоблари бор. Мен бу муқаддас китобларни бот-бот олиб варақлайман ва дилим фахру-ғурурга тўлади. Ҳеч қанақа қўл телефони ёки Интернет бу эзгу ва шавқовар миссияни бажаролмайди! Бугун ҳар бир мусулмоннинг уйида “Қурони Карим” бор. Гуржи қизнинг бисотлари орасида Шота Руставели китоблари бўлмаса, нохуш гап кўпайиб кетади. Тожиклар “Таджики” деган китоби бўлмаган миллатдошларини хунасага чиқаришади. Ишончим комилки, бошқа миллат ва элатларда ҳам муқаддас ҳисобланган ана шундай китоблар йўқ эмас!”...
Узоқ давом этган бу мубоҳасалардан кейин ҳам фикримни жамлаб, аниқ бир тўхтамга келолмадим.
Мурод муалимнинг қоровулхонасига борганимда, у ердаги “донишманд”ларни қўзғаб қўйиб, мунозарани давом эттиришни кўнглимга тугим қўйдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий