четверг, 1 сентября 2011 г.

МОҲИНБОНУ


"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан


Ногаҳонда ойим ғойиб бўлиб қолдилар. Бир-икки кунгача у кишини интиқлик ва инжиқлик билан кутдим-у кейин бувим жуда меҳрибонлик қилавергач, индамай қўяқолдим. Бирор хафта ўтар-ўтмас бийим жажжигина чақалоқ кўтариб келдилар: номи – Моҳинбону. Барилари унга парвона бўлиб қолишди. Чақалоқ бўлса кўзларини юмиб олгунча ўзини уйқуга солиб ётибди. Ҳар замонда тамшаниб ҳам қўяди. Бувим уни кўтариб олиб, ҳамду сано ўқий бошладилар.
– Кўзлари қоп-қора, қошлари камондай...
Мени эса батамом унутишди. Уларга яқинлашиб, турфа қилиқлар қилсам ҳамки хушламай тураверишди. Бунинг барига чақалоқ сабаб эканлигини ҳис этдим ва унинг юзига чанг солдим. Ҳаммалари бақириб, мени уриша кетишди. Овозимни баралла қўйиб, йиғлашга тушдим. Аммачам бўйнимга, осилган эмизакни оғзимга суқди.
– Ма, сигаретингни чак!
Зарда билан оғзимга суқилган резинани жаҳл билан пуфлаб ташладим-у тағин йиғлайвардим. Ҳарқалай, бувим мани тушундилар.
– Вой, мани боламга қарамай қўйишдими?! Эсдан чиқаришдими?! Бераҳмлар! Золимлар! Ҳаҳ, чақалоқ ёмон! Моҳинбону ёмон!
Мен ийиб кетдим, беихтиёр юзимни у кишига яқин тутдим-у киши меҳр билан ўпдилар.
Каминага шунинг ўзи кифоя эди.
* * *
Момом мени чўмилтирмоқчи бўлдилар. Сувни шалоплатиб ўйнашни хуш кўраман-у лекин совун... Мени кўндириш илинжида у киши ҳамон шакаргуфторлик қилардилар.
– Қани тишингни кўрсат, қани... Бармоқларимни оғзимга суқиб, оппоқ тишларимни кўрсатаман.
– Балли, балли, – алқашда давом этадилар у киши,– Улуғбек – баҳодир йигит: у чўмилишдан чўчийдиганлардан эмас...
Тоғорага сув солиб, мени қип-яланғоч қилиб ечинтирдилар-у совун излашга кетдилар. Совун урилгандан кейин кўзимни юмиб ўтиришни ўйлаб, дилим андак хуфтон бўлди. Бир неча сония бўлса ҳамки мовий осмонни, яшил дарахтларни, бувижонимнинг нуроний чеҳраларини кўришдан маҳрум бўлиш... Таваккал қилиб қочдим.
Кўчада машиналар занжири узилмасди. Улардан заррача чўчимай, кўчанинг нариги томонига югурдим, аммо ўртага борганда гангиб қолдим. Машинадаги одамлар мени кўрсатиб, алланима дейишар, устимдан кулишарди. Бир шофёр кабинадан бошини чиқариб, бақириб берди:
– Ҳой тирмизак, уйларингга жўна! – Нега бақиради бу ўпка?! Бирпас тўхтаса осмон узилиб ерга тушибдими?! Ахир, кўчадан мен – Инсон ўтяпман-ку! Бунинг устига мен боламан! Болалар ва кексалар, меҳмонлар ва беморлар, мажруҳлар ва болали аёллар ер юзининг барча қитъасида ҳам эъзозланмоғи керак! Улар мададга, эзгуликка муҳтож, дахлдор одамлар!
Майли, садқаи асаб! Шофёрлар ўзи андак бадфеъл бўлишади, шекилли. Кимдир мени даст кўтариб, кўчанинг нарёғига ўтказиб қўйди. Ёдимга совун тушди-ю тағин қочдим. Дуч келган бир эшикни очган эдим, қўзим чипор товуққа тушди. Мен уни тутмоқчи бўлиб қуваётганимда бувимнинг овозлари эшитилиб қолди. Роса танбеҳ эшитдим. Кечқурун дадамга шикоят ҳам қилдилар:
– Бу шатрама кўчага чиқиб қочди. Усто Субҳоннинг ҳовлисидан тутиб келдим.
Дадам юзларига жиддийлик суртиб, кўзларини олайтирдилар.
– Минбад шундай қилсанг...
Индамай қўяқолдим. Катталар билан ўчакишиш одобдан эмас.

Комментариев нет:

Отправить комментарий