суббота, 20 августа 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ


№ 9

Хотирингиз панд бермаса, деган эрдимки, қисмат деган шумшук кўргулук вужудингга бигизини бот-бот суқиб олмоқни хуш кўрадур. Гоҳида ноарзанда яънеким заррадай хушбахтлик ато этиб, эвазига катта дилсияҳликка рўбарў этадур.
Начора: ҳар нимарса учун жавоб бермоқ керак – тоҳатто ногаҳоний сархушликлар учун ҳам.
Якшанба дачада экинларни суғорар маҳалим эшик очилиб, Мария апа кириб келди ва бадазон кўзойнак тоққан, бисёр озода либос кийган, хуштакаллуф, аммо зоҳиран ҳуркак мардак намоён бўлди. Бу одам Фидел Арабов бўлғонин бозуд фаҳмладим. Алар камина бирла қўл бериб кўрушдилар. Бадаз ҳолпурслик, эр-хотун гул-у, экинлар аралаб, гулгаштлик қилиб юрдилар ва иншоллоҳ, мамнунлиқ топдилар. Бу ҳолдин камина ҳам бисёр сархушлик топдим, аларга эҳтиромлар намоён этиб, ўтуруб ҳордиқ чиқармоқлари ниятинда жой тайёр қилдим, алма, олболу тердим, қисса кўтоҳ дилларини топмоқ ташвишига тушдум.
Локинда ҳарчан қилсам хамки, мардак ўтурушга хоҳиш бермади. Ман меваларни аларнинг мошинларига солдим. Боз дедимки: “Эртага Найимбек ўйларингга картошка бирла памидор элтиб берадур.”
Бадазон бу беозор, локинда табиати жумбоқ мардак хусусида бот-бот фикр юритадурғон бўлдум. Фикри ожизимча, бул банда ўз юмушини хуш кўрадурғон, сидқидил, ҳалол бажарадурғон, хуб одам. Аммо атрофдагиларга эш бўлмайдурғон, улфатчиликка кўникма қилмаган, ялғуз кишидур. Ул шундоқ муҳитда, яъне детдомда тарбия топгони, хотун ҳам урус ( аслан немислигини ёдовар этғон эрдим) бўлғони боис ҳамма урфу таомиллари ғайричадур. Худо аларни фарзанддан ҳам қисганлигини билур эрдим. Аслан бала-чақа маҳалла, боғча, мактаб боис кишини дигарлар бирла вобаста қиладурғон, узлатдан тортадурғон занжирдур.
Қисса кўтоҳ, бир кун Найимбек дедики, Фидел амакини вазифадан озод этибдурлар. Ушбу ахбордан бисёр ранж топдим. Боиси: умри дароз бир идорада хизмат этган ва бунга дилдан кўнуккан, диган бирор юмуши, улфат, ҳангомага соҳиб бўлмаган мардакнинг қисматидан ташвиш тортур эрдим. Мурод муаллим бирла гуфтигу қилиб, истеъфоси сабабларининг ҳам тагига етдим.
Тошканда катта арбоблардан бири нутқ ирод қилиб дебдики: “Давлат тилини жорий этгонимизга фалон сана бўлди. Локинда бир хел нобарор амалдорлар то ҳануз ҳужжатларни урус забонида битурлар.” Мисол тариқаси якчанд айбдорлар исму шарифини тилга олибдур. Ноомадликни кўрунгки, булар арасида “Фидел Арабов” ҳам бор экан.
Мадомики, шундоқ бообрў арбоб бу суханни айтгон экан, зеро чора кўрмоқ ҳам қарз, ҳам фарздур. Боиси: юқорига алар қониқадурғон жавоб йўлламоқ жойиз. Фидел Арабовга дебдиларки: “Сизни вақтинча бўшатурмиз, бад арқаси савуса, боз вазифангизга ўтқазурмиз.”
Шу тариқа юмушидан жудо бўлибдур. Эмдиликда кунаро дачага келадурғон бўлди. Домда танг бўлмоғи аниқ, боз устига дигар борадурғон жойи бўлмагач нима ҳам қилсун. Ман кўрдумки, бул бечора мардак рўзба-рўз дилтанг-у, дилғаш бўлур, яккалик сезур, ўзум эътибор кўрсатмоққа жазм қилдим. Номини айтмоқ андак нораво бўлғони боис анга “тақсир” деб мурожаат қиладурғон бўлдум. Тавозелар намоён қилиб, бо миқдор бисёрроқ мулоқот қилмоқ ниятида бўлур эрдим. Шу тариқа камина бирлан дил очиб суҳбат қурадурғон ўлди. Бад анга дедимки: “Тақсир, бул жойда Мурод муаллимнинг қаравулхонаси мавжуд. Анда ҳурфикр бандалар, хушфеъл улфатлар жам бўлурлар ва истар эрдимки ташриф қилсангиз.” Ул бадаз бисёр мулоҳазалар рози бўлди. Қаравулхонадаги бандаларни ҳам огоҳ қилдим: “Бисёр нозик меҳмон келтирурман. Ул зотнинг исму шарифини, қай жойданлиги, зоту зурёди, хизмат жойини сўрамоқ ножойиз. Дилига қаттиқ олур. Боиси, шундоқ, шундоқ. Ўзи бисёр боодоб банда, шу боис ножойиз ва ҳақорат гаплар бўлмасун.
Умри дароз гузарга чиқмаган, чойхона кўрмаган, улфатчиликдан йироқ банданинг ҳолатини тасаввур қилмоқ қийин эмас эрди. Ул сукут сақлаб ўлтирур ва дигарлар ҳам андеша бирла нима демоқни билмас эрдилар. Меҳмонга такаллуф бирла май узотдилар. Локинда рад этди. Башқалар андак қонни қизитдилар ва гапзанонлар, буҳсу мунозаралар авжига чиқди. Мурод муаллим ҳукуматдан шикоят қилди, Самандар Ялта шаҳринда Мария номли нозанин урус аёлни қўлга киритгонни эзмалик бирла гапурди, ман даврани одобга чорлаш ниятинда бугун жума намозида имом хатибимизнинг амру маъруфини гапурдим, аммо локин буларнинг бирортаси меҳмоннинг дилига зарра ҳам ўтуришмади. Одоб билан турмоққа рухсат сўради. Ман боҳамро чиқиб, хайр-хуш қилдим. Фикр қилдимки, эҳтимол бу одам ҳақдур ва бизлар маънан бузулган, одоб чорчўпасидан чиққан гуноҳкорлардурмиз. Шу боис қавушмоқ мушкул кечур.
Арадан якчанд ойлар ўтсада, ҳамкасблар ани бирор юмушга таклиф қилмадилар, ёддан фаромуш қилдилар. Зеро миллатимиз зиёлиларининг қисмати ҳам андаки, аксарида меҳр-оқибат оқсоқ, анчагина худбиндурлар. Мани тақсирим бўлса рўзба рўз сиқилар, озор тортарди.
Ва ҳамкасблардан умедини канда қилиб, хусусий натариус идораси очмоққа жазм қилди.. Идорама-идора бисёр авора бўлуб, рухсат олган маҳал ўша гўдаклигида норасидаги таъқиб қилган шамшак қисмат бу жойга ҳам ҳозир бўлди. Яънеким, ҳукумат хусусий нотариусларни ман қилди.
Магарам эътибор қаратган бўлсангиз, шўролар замонида бир хел зиёлилар юз кўрсатдилар. Алар уруси фикр юритур, рўзғорда шу забонда сухан қилур эрдилар. Якчандларининг заифалари ҳам ғайридин бўлуб, балалари бизнинг забонни билмас эрди. Таассуфки, бундоқ тоифаларга омад бот-бот дастпанжасини узотур ва алар баланд лавозим-у амалларга осон эришур эрдилар.
Аслан, Фидел ҳам шу тоифага мансуб эрди. Локинда тафовут бундаки, бу ғариб банда дунёга келган фурсатидан эътиборан қисмат таъқибига рўбарў эрди.
Ман фикримнинг поёнига етмас эрдим. Хуш. Бу бандада не гуноҳ? Ношуд ота-она уни дунёга келтурган ва шу заҳоти номардлик ила бечорадан воз кечган. Бала етимхонада тарбия топган ва қисматга қасдма-қасд кураш олиб борган, сабот бирла ўқуган, ишлаган, ўйланган. Ҳалол хизмат қилган. Дунёга келиб, кўз очган заҳоти ношуд ота-она воз кечган бандадан бугун жамиятнинг, боз аниқ айтадурғон бўлсак ҳамкорлар-у, ҳамкасблар ҳам воз кечмоғи бедодлик эмасму?! Таассуфларким, бул бегуноҳ банда табиатан ялғуз эрди, дағе борлиқ чап қўлини узотди ва яккалик бағрига ҳавола этди. Анга раҳмим келур, мадад кўрсатмоқ илинжида режалар тузур эрдим.
Шул арада ҳадисда ибратбахш гап ўқуб қолдим.
“ Дилида худони жо қилмаган ҳар қандоқ банда ялғузлик азобин тортур”!
Илло, ботаъсир ва ҳақ гап! Ҳар бир банда Худони танимоғи зарур! Бусиз анинг зиндагонлиги дўзахга айланмоғи муқарар! Яратганнинг ўзигина бандасидан зинҳор ва зинҳор воз кечмаган, ани ялғузлик азобига гирифтор этмагай!
Шул дақиқадан эътиборан ман ўзига вобаста бўлмаган ҳолда, тириклик чорраҳаларида андак адашиб қолган бу мардакнинг дилига нури мунавварни жо этмоққа камарбаста бўлдум.
Кун ўтуб, тилифон қилдим, Мария апа кўтарди. “Сингилжон, дедим, ман тақсиримни бир жойга зиёратга элтур ниятиндаман, бемалол бўлса, тайёр бўлсунлар.” “Борадур, деди заифаси, бу жойда зиқ бўлуб, нима қилмоқни билмай ўтирибдур.” “Matiz”ни ўзум ҳайдаб бордум. Тушуб, салом-алек қилдик ва эҳтиром ила эшик очдим. Бир сухан демай ёнимга ўтурди. Тўғри Хўжа Аҳрори Вали ҳазратларининг зиёратгоҳлари тамон ҳайдадим.
Ўзум бу азиз жойдаги мачитга ойига бир-экки бор намози жумани ўқугани келадурман. Ва ҳар сафар каминани ботуний ва зоҳирий салобат босадур, ҳаяжоним жўш урадур, эътиқодим чандон ошадур. Ҳавлига кирмоғингиз бирла осмонранг гумбазлар, кошинкор пештоқлар, якчанд асрни кўрган чинорлар ҳайратингизга ҳайрат қўшадур. Бу жойдаги қадима мачит ҳам салобатнок бўлуб, устунлари батамом ўймакорлик. Чапда Афғон подшосининг боқий хобгоҳи.( Бир замонлар бу одам қабрини Хўжа аҳрори Вали ҳазратларининг пойларига қўймоқларини васият қилган.) Бадазон ҳазратнинг ва хеш-ақраболарининг қабрлари. Чан аср пеш тошга майда ҳарфлар ила арабилаб, нақшинкор қилиб, бу зоти бобаракот хусусида батафсил битганлар. Бу масканда табиат ҳам дигаргун. Мудом шаббода эсиб турадур. Дарахтлар ва паррандаларнинг ҳисобига бормайдурсан.
Таассуф бирла муни кўрунгки, бародари азизимиз Фидел бир чақирим қиблагоҳда ярим аср рўзгурзонлик қилиб, бу муқаддас жойга қадамранжида этмаган экан. Шу боис ҳар қадамда пушмонлик қилар ва ҳайрат-надомати ошар эрди. Мачит устунлари, чинорларни қучоққа олар, тош ва кошинларга битилган гуллар ва хатларга тикилмоқдан чарчамас, аларнинг мазмун-моҳиятини чақмоқ орзусида бўлурди.
“Тақсир, дедим сиз тамошо қилиб турунг, ман экки ракат намоз ўқуб чиқай.” Роҳба роҳ фикр қилдим, бу одамни аста секинлик бирла намозхонлар сафига тортмоғим лозимдур.
Фарзи муслимни адо этиб чиқсам, ҳамроҳим ҳавуз бўйидаги дўкончадан китоб хариб қилиб турган экан. “ “Султонларга таъкидларим” деган мана бу китобчани Хўжа Аҳрори Валининг ўзлари ёзган эканлар. Буниси ул зоти бобарокатнинг таржимаи ҳоллари, ҳаётлари хусусида. Муни Ботурхон Валихўжаев битган эканлар”, деди завқ бирла. Андаги мамнунлик каминага ҳам юқди ва сарафрозлик ила ўйига элтиб қўйдум.
Кун ўтуб, оғойи Фидел манга сим қоқди. Бу анинг каминага илк бор тилифон қилмоғи эрди. “Акои Калвак, деди, ман ҳазратнинг китобларини ўқуб чиқдим. Бул таъкидлар бугунги султонларга ҳам раво ва тааллуқлидур. Қулоқ тутинг: аларга нимани таъкид киладурлар: ”Магар сан султон бўлган замонда бирор банда ноҳақ жазо топса, қози эмас сан айбдорсан! Магар сан султон бўлган замонда бирор заифани ғулом қилиб сотсалар, гуноҳи санинг гарданингдадур!” Шу тариқа якчанд саҳифани шавқ-у-завқ бирла берилиб ўқиди. Бадазон сўроқлар берди. “Не боис подшолар бу зотга ин қадар бош эгканлар?” “Чунки, дедим, мардум энг аввало подшогамас, ул муҳтарам зотга эргашган. Боиси: мартаба шу даража ғани бўлган. Бундоқ алломалар подшоларга нисбат Яратганга анча яқин турадурлар.” Шу тариқа якчанд дақиқа савол-жавоб қилдик.
Туни дароз уйқум келмади. Бир мўминнинг дилига сочган доннинг ниш урмоғигап гувоҳ бўлмоқ бисёр мамнунлиқ эрди, албат. Бу гал укахонимизни Исмоил ал Бухорий зиёратгоҳларига элтишни дилга тугдим. Кун ўтуб, вақти шом боз тилифон қилди. “Ака, деди, ман Хўжа Аҳрори Вали зиёратгоҳларига боз бир бор бориб келдим. Бу гал ҳам муллони чорлаб, қабрлари қаршисида дуо ўқутдим. Ул дўконда якчанд китоблар кўрган эдим. Аларни харид этдим. Надомат бўлсунким, Хўжа Аҳрори вали тожикилаб ёзган эрканлар, тишим ўтмай турубдур.” “Ўзбекига оғдарилганлари манда бор, мамнун этдим ани, сизга етказурман”.
Исмоил Бухорий зиёратгоҳларига борар маҳалимиз, ўзини каминага бисёр яқин тутди. Роҳ-бароҳ дилдан беғубор сўҳбатлар қурдук. Анинг суханлари пурмазмун, ўзини тутмоғи ибратбахш бўлуб, зукколик бирла хокисорлик жамулжам-у жобажо эрди. То ҳатто фикр қилдимки, бу бандани мардумдан жудо қилиб турган нарса айнан анинг ақли бисёрлигидур. Ваҳоланки, бундоқ инсонни бор меҳр ила яхши кўрмаслик мумкин эмас эрди! “Тушумда акамни кўрубман. Ани бисёр ахтариб, эмди топган маҳалим кучуклар галаси пайдо бўлуб бизни ғажибдур...” деди бечора.
Рости гапки, ул кўрган туш дилимга ўтуришмади. Таъбири қандоқ бўлди экан, деб ҳаёл ҳам сурдим. Эҳтимол, қайбирам масканда акаси, укаси бордур, жигарини дараклаб юргандур. “Инсон зоти бир-бирининг жигаридур,” дейдилар Саъдий ҳазратлари. Ростми ялғонми, ул зоти бобаракотнинг уш бу суханлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти идораси пештоқига ҳам ҳам битилган деюрлар. Зеро инсоният Одам Ато ва Момо Ҳаво зурриётларидур. Мадомики, бул хушфеъл, бегуноҳ одам каминани “Ака” деб зорланган экан, ул манинг укам, жону жаҳонимдур.
Бул зиёратгоҳдан ҳам укамиз катта таассурот олди.
Кун ўтуб, майда чуйда харид қилиб, ўйига бордум. Эр-хотун бисёр ҳам сарафроз бўлдилар. “Ака, деди ҳаяжон бирла ман Бухорий ҳазратлари ҳадисларини ўқуб турибман. Ҳайратим бесарҳаддур. Аммо сиздан дигар илтимосим бор. Каминага якчанд дуолар ёзиб беринг, азиз жойларга борган маҳал, домло дараклаб авора бўлмайин.”
Водариғ-о! Водариғ-о! Водариғ! Қисмат бешафқат бигизини нақ юракни мўлжал қилмай суқса не қилур эрди?!
Пешин намозидан турган маҳалим эрди. Мария апа тилифон қилди ва йиғлаб дедики:: “Акои Калвак, бозуд келинг, Фидел Арабовичдан жудо бўлдук”. Рости гапки, дилу жигарим узулгандак бўлди. Саросима бирла етиб борсам, эшик олдинда якчан кишилар хомуш турубдилар. Ичкари кирдим, Мария апа елкамга бош қўйиб йиғлади, ўзумнинг ҳам дийдаларим шашқатор бўлди. Аён ўлдики, бародари азизим, Шоҳи Зинда зиёратига бориб, анинг зиналаридан чопиб чиқибди ва ўша жойда йиқилиб, бандаликни бажо келтурибди.
Дилим ҳасрат-у, надоматга тўлуб кетди. Бу қандоқ қисмат, қандоқ бедодлик?!
Мария апа дедики: “Акои Калвак, илтимос қиладурман, маракага бош-қош бўлуб турунг, одами йўқ демасунлар. Фидел Арабович одамларга кўп яхшиликлар қилган.” “Дедимки: “Ул манинг укам эрди.”
Чиқиб маҳалла оқсақоли бирла қизиқдим. Тилифонда гапуриб турган мардак тамон имладилар. “...Жўқ жўқ, боролмайман, давом берарди у, биттаси ўлиб қопти. Ўрис амас, детдомский. Гузарга бир тийинник пойдаси тиймас эди, аралашмасди ҳам. Ўзим бўмасам бўмайди! Ҳали моргда. Одами жўқ!”
Оқсақолнинг бефаҳмона гапларидан қаҳрга миндим. Бу одам даштдан кўчиб келганлиги, у жойда ферма мудир бўлғонлигини айтдилар.
Ман билган аксар оқсақоллар борки, шуноқа калондимоғ! Бориси мардум аларга бош эгиб, қалтираб турмоғини истайдурлар ва гўё аларсиз ўлук кўмилмай қоладурғондай. Жаҳлимни жилавлаб, унинг наздига бордим. “Тақсир, дедим одами жўқ деманг, ман укаси бўладурман. Радной. Зарур юмушингиз бўлса, бормоғингиз мумкин”. Пўсти ғасф экан, бефарасот, тўқумтабиатнинг, суханим таъсир ҳам қилмади. Бадазон ўғулларимни чорладим, дедимки, бу жойда туруб бел боғлайдурмиз. “Амакижоним”, деб, дилхунлик ила фарёд чекасанлар. Маҳалладаги бародарларни ҳам чорладим, бирини гўркобга, дағе бирини мурдашўга юбордим, ўзум кафанликларни муҳайё қилдим. Моргдан ўлукни келтириб, вақти жанозани эълон этдим.
Мария апа чорлаб дедики: “Харажотларни ўзум тўлайдурман”. Дедимки, зарур бўлса айтарман, ҳозирча ўзумда бор.
Тобуткаш кам бўладурми деб хавотирим бор эрди, шукрки ундоқ бўлмади. Идорасидан, маҳалладан, марҳумдан хубликлар кўрганлар, инчунин таниш- билишлар келдилар. Бир сипо одам ( бад билсам прокурор экан) мани чеккага чорлаб дедики, “Неки зарурат бўлса, манга айтинг муҳайё этурман.” Анга қуллуқ қилдим, тавозе намоён этдим. Жаноза ўқур маҳали, домулло марҳумнинг қавмини сўрамоғи бирла Найимбек анга наздик бўлди ва таомилга озор бермай, каллажуммонлик қилиб турди. Тобутни кўтармоқлари бирла пешкашлик қилиб, авоз бериб йўлга тушдук.
“Гўрга ким кирадур, деди у жойдан туфроққа ботиб чиққан гўркоб. “Ман, кирурман, жавоб бердим ва чаққонлик бирла пастга тушдум. Бадазон лаҳатга кириб, марҳумни беозор тиззамга олдим, бошини қибла тамонга қўйуб, бош ва аёқ тамондаги белбоғларни чечдим. Боре юмушларни рисоладагидак уддалаб, лаҳатдан гўрнинг айвонига чиқдим-у, ўпкам тўлуб кетди. Жаме алам-у, ситамлар жамул-жам ва сарбасар бўлуб, вужудим ва руҳимни мавҳ этган эрди. Ногоҳ ақлу вужудимни идора этолмай, фалаж бир ҳолатда қабр деворига такя қилиб қолдим.
Шаккоклигимни ўзи кечирган бўлсин, ҳазорон ва ҳазорон тавба, тазарру қиладурман. Локинда бу беайб ва зукко инсонни дунёга келтурган ота-она ҳам, ҳамзамин-у, ҳамзамонлар ҳам андин воз кечган маҳал, охирги нажот деб, Парвардигор тамон югурса-ю, Аллоҳ ҳам анга ўнг қўлини узотмай, Азроилни юборса, бу беҳисоб бедодлик, адолатсизлик эмасму ахир?!
Нима боис бундоқ бўлиши керак, нимага, нима учун?! Кемаси ногоҳ ғарқоб бўлган ёхуд ботқоққа буғзи қадар ботган бандадай жаме умедларим барбод ўлуб, бу дунёйи бебақодан кўз юмгим келди. Бор авозимни қўйиб фарёд чекмоққа киришдим.”Во, жигаре-ем! Во жигаре-ем! Во жигаре-ем!” Ака-ука эмди топишганимиз маҳал кучуклар ғажимай турса нима бўлур эрди?! Во жигаре-ем! Во жигаре-ем!”
Бу забун ва бисёр тушкун ҳолимдин юқори турган ўғлимиз Найимбек қўрқуб кетди чамаси, “Дада, дада” деб чорлади ва чаққон ёнимга тушди. Бад қўлтуғимдан олиб кўтарди. Баланддагилар дастпанжаларимдан тутуб тортдилар. Вужудим бўшашиб кетган, фалажланган эрди ва бо ин сабаб тупроқ устида ўтуриб фарёд тортар эрдим: “Во жигаре-ем! Во жигаре-ем! Во жигаре-ем!”
Тупроқни тортиб бўлдилар. Қайтар маҳал экки ўғлум экки тамонимга кириб, қўлтуғимдан такягоҳлик этдилар, хавотир ила шакаргуфторликлар қилдилар. Ўлукхонага етар маҳали Найимбекка савол айладим. “ Гўркоб бирла муллони рози қидингми?” “Рози қилдим, дадажон,” ҳозижавоблик қилди ўғлимиз.
Эртаси ҳам вақти саҳар ўғуллар бирла қабр бошига бордик, дуойи фотиҳа қилдик ва то вақти шом бел боғлаб, ташриф этганларга таъзим бажо этиб турдук.
Бегоҳи се ҳалққа ош бердик, йигирма, қирқига ҳам ўзум сару-бар бўлдум. Бу арада Найимбек мошини бирла Мария апанинг юмушларини уддалаб турди.
Бул дилсияҳликлардан тахмин экки ойлар ўтуб, Мария апа Найимбек эккимизни чорлади. Дастархон ёйди, эҳтиромлар намоён этди. Фикр қилдимки, зарур сухани бор. Қисса кўтоҳ, кўзга ёш олиб дедики: “ Ман эмди кетурман. Қазоқда бир апам рўзгурзонлик қилур эрди. Ул жойдан Гирмонга кўчди. Эмди мани жону ҳолимга қўймай таклиф этур.Ўша жойга кетурман. Бу ўйда Фиделсиз зиндагонлик қилмоғим мушкул. Ўйни сотурман. Дачани Найимжонга савғо қилурман. Боиси: катта харажот қилдиларинг.”
Бундоқ гап-у, рафтордан умедвор бўлмаган эрдик. Ва магарам, Шўро бобо боғидан ер олмоқ якчанд саналик орзуйи муддаомиз бўлса ҳамки, дафъатан шод бўлмадик. Боиси, бу бизнинг Фидел боис тортган жамеки ғусса-ю, мусибатларимиз, харажотларимиз сабаб берилган бамисли ҳақ эрдики, камина ҳам, ўғлимиз Найимбек ҳам бундоқ манфаатни фикрламаган эрдик. Нима демоқни билмай, сукут тутдук.
“Боз пича пул қолдирурман, давом берди заифа. Вақти келиб ошсол қилурсизлар, қабрига тош қўюрсизлар” “Апажон, қаҳримизни келтурманг, деди ўғлимиз зорланиб. Шунчасини қилдик, буяғини ҳам уддалармиз. У киши жигаргўшамиз эрди! Сиздан копейка ҳам олмайдурмиз! Бу – бир, эккинчидан, биз дача учун ҳақ тўлайдурмиз. Баракс, даркори йўқ!” “Хай майли, концода-концо, общий язык топармиз”, деб мунозарага чек қўйди Мария апа вазминлик ила..
Арадан якчанд сана ўтуб, вақти саратон бутун рўзғоримиз вакзалга чиқдик ва қавмимизга айланиб қолган, бисёр саховатпеша, доно бу заифани шашқатор дийдалар бирла кузотиб қўйдук.
Илоҳо, Худо ани ўз паноҳида асраган бўлсун!

Комментариев нет:

Отправить комментарий