№ 7
Бадаз намози аср, ногаҳон хотиримга Мурод муаллим намоён ўлди ва якчанд сана ўтуб, ул хокисор, ҳақгўй банда бирла рўбарў бўлмағонимдан надомат тортдим. Боиси, ул мардак кундуз мактаб қатнаб ва бадазон қаравуллик қилгани боис деҳага кам келур эрди. Кел-ей, Калвак, шу инсонни бир зиёрат эт, кўнглуни кўтар, деган аҳд бирла эмдиликда “дача” деб аталадурғон Шўро бобонинг боғи тамон равона ўлдум.
Бу фоний дунёнинг ишлари ғалат. Мурод муаллим адолат, ҳақиқат ва кори савоб ниятинда амалдорлар эшигига сарғаядур, юқорига шикоятлар ёзадур. Қисса кўтоҳ, шу мардум, шу юрт, деб жон сўзон қиладур. Аммо бечорани “ёзувчи” деб маломат қилурлар. Таажжубки, нопок бандалар ҳам, амалдорлар ҳам анга нафрат нигоҳи бирла қарайдурлар. Тоҳаттоки жоҳил, қалоқ бандалар ҳам бунинг моҳиятига етмай, муаллимни ғийбат қиладурлар.
Боғнинг этак тамонидан кирдим. Бу манзиллар чала қурулган иморатлар бирла банд бўлуб, теграсинда ғишт, шағал бисёр эрди.
Боз андак юруб, бир маҳалллар тегирмон турган масканни танидим. Бу жойни гум деюрдик ва хандон отиб чўмилур эрдик, тошлар тагидан қўл бирла балиқ тутур эрдик. Эмдиликда ариқдан ном-нишон йўқ, чуқурга андова учун қаро қум тўкулган эрди. Боз давом бердим. Якчанд янги ҳавлиларнинг дарбозасига бўрибашара кучукнинг расми акс этган ўлуб, аларнинг қопағонлиги ва огоҳ бўлмоқ зарурлиғи битилғон эрди. Бадазон рўпарўмдан бир иморат чиқди ва камина “Ё, тавба” деб яқо тутдум. Тахмин йигирма сотих замин девол қилинган ўлуб, чор бурчида худди қамоқхона янглиғ, соқчи турадурғон хонача бунёд этилғон эрди. Иморатнинг пештоқи Биби Хоним масчит мадрасаси тархига таққос этилғон, яънеким дарвоза усти ярим доира шаклида бўлуб, дарун тамонда экки гумбаз кўзга намоён бўлурди. Рост тарафда чорқабата иморат бўлуб, ул ҳам башқа бинолар мисол кошин бирла зеб қилинган. Ушбу боҳашам иморат ўйми, мачитми, мадрасами, тамошогоҳми - фарқини англамоқ душвор кечур эрди. Темир дарвозага қулф солинган, анинг ўнг тамонига қайбирам бебош кўмур парчаси бирла бош чаноқ ҳамда тирсак устихонлари расмини чизган, тагига: “Мана оқибат, мана оқибат!” деб битғон эрди.
Мурод муаллим қаравуллик қиладурғон дуқавата ва дударвоза иморатни топмоқ мушкул кечмади. Муаллим каминани кўруб, бисёр мамнунлиғ тобди ва ичкари кирмоққа даъват қилди. Ҳавли тахмин ўн беш сўтухлар чамаси бўлуб, пеш қисми гулзор қилинган, ундан нарисига жўяк олиниб, картошка, бодринг ва диган зироатлар экилганди. Араликдаги ниҳоллар ҳам мевага кирганлиги аён эрди. Булар бари муаллимнинг меҳнати боиси бўлғонлиғини тахмин қилдим.
“Муаллим савол айладим, бадаз гуфтигўй, ул чорқабата иморат нимадур, кимга тегишдур фаҳм қилмадим.” “Эй, ул баднафс вилоятга ҳоким эрди, қамоққа олдилар, шўрлукка бу қаср насиб қилмади.” Бундан тахмин тўрт-беш йил муқаддам “Даракчи” отлиғ газитда вилоят ҳокими қўлга тушганини ўқуганим хотиримга тушди. Анинг жами кирдикорларини батафсил битган эрдилар. Надомат чекиб, вилоят сарвари шу қадар нопок ўлса, дигар майда каламушлардан не умед, деб дилим хуфтон бўлғонди.
Бадазон қаравулхонага кирдук. Бу жойда экки киши ўлтирур эрди. Бири азимжусса, полвонсифат бўлуб, дигари анинг акси - нимжонгина мардак бўлғонлиғини айтмоғим лозим. Алар ҳамсоялар ўлуб, равшанфикр бандаларга монанд эрдилар.
Мурод муаллим каминани аларга шинос қилди. Даме ўтмай дағи экки банда ташриф қилди алардан бири жиккак, синчкав, ҳозиржавоб бўлуб Жамил дер эканлар. Қайбирам олийгоҳга сабоқ бермоғи аён ўлди. Эккинчиси камгап ва андак эҳтиёткор бўлуб, алар бари кўҳна улфат бўлғонини фаҳмлаш душвор эмас эрди. Дастархонга ноз-неъмат қўйдилар.
Гапзанон нечундур, беихтиёр қимматчиликдан, пулнинг рўз-барўз беқадр бўлиб бормоғидан бошланди. Бултур шу кунга нисбат гўшт, нон, ёғ, дору дармон нархи чандон ошгонлигини исбот қилмоққа зўр бердилар. Чамалаб кўрсам, дарҳақиқат рост. Билинар-билинмас, нархларни баланд қилибдурлар ва бу ҳолдан бехабар қолибдурман.
“Тўғри, нархлар андоқ қиммат, аммо шукр қилмоқ керак, юрт тинч, хунрезлик ёхуд қаҳатчиликдан холимиз”, фикр билдирдим ғийбат кўпаймоғидан хавотир тортуб. “Илло, рост, ҳамфикр бўлди Мурод муаллим араб юртларини, афғонни кўрунглар. Бир жанжол қўпдими, бад тинчитмоқ бисёр мушкул кечур. Бегуноҳ бандалар хонумонларидан жудо бўлурлар. Боре тоат-ибодатларимиз бандасининг бир чакка қонига арзимайдур” Башқалар ҳам маъқул қилдилар ва то ҳаттоки, бу илтифот, хушбахтлик учун ҳукуматга ҳамду-сано ўқудилар. Ўзум ҳам сарафроз ўлдумки, арзу-додларга роҳ бермай, бу бандаларни шукроналикка даъват қилдим.
Бадазон аҳли давра мардакларга хос фел бирла ўзларини андак сифатламоқ ва ҳаттоки мақтамоқ кўйига эш ўлдилар. Ҳолиги азимжусса, калхоз замони полвон бўлғонлигини, кураш тушуб, фалон-фалонларни мағлуб этгонини гапурди. Раис анга маош тайин қилиб, якчанд балаларни, аз ин жумла экки ўғлини ҳам анга шогирд қўйғонини айтди. “Ул замонлар хуб эрди, якун қилди полвон, мўҳтож бўлуб қолган бечорага раис дон, ақча берур, юмуш бирла таъмин этур эрди. Фермер нима бу? Хеш-ақрабосини ишга олиб, дигарларни пеш қилди. Ўн йилки, бизнинг деҳада на газ бор ва на элект лампа. Боре аҳли деҳа мол боқиб, рўзгурзонлик қиладур”. Суханидан боз шу нарса аён ўлдики, экки йил сана бери ҳамсоя ҳавлига қаравуллик қилур эркан. Соҳиби ҳавли бисёр хушфеъл мардак ўлуб, доруфурўшлик бирла банд бўлғонини гапурди.
Гапдан-гап чиқиб, аҳли давра андак ташвишталаб бир масала хусусинда ҳам суханронлик қилдиларки, то ин маҳал бу борада фикр этмаганимдан надомат тортдим.
“Бугун шаҳр ва деҳаларда қизларнинг ёши ўтиб бормоқда”, деди, ҳолиги Жамил деганимиз. Боиси, ўғул балалар башқа юртларға нон-у насиба охтариб кетурлар. Гоҳида ўша жойдан хотун олурлар. Ёхуд бадаз чанд сол келурлар ва имкон қадар ёшроқ қизга ўйланурлар. Эмдиликда гулдак қизларга эр йўқлиги бисёр нохушдур. Камина бирла олийгоҳга таҳсил топган якчанд бофаросат, ҳусндор қизлар то ҳозир эрсиздурлар. Бизни гузардан якчанд куявбаччалар қўлларига грант киритуб, Амрикога равона ўлдилар, эмди қайтгилари келмайдур. Бу жойда хотун ва бала-чақа аларга зор бўлиб яшайдурлар. Шавҳари Уруссияга кетган бир келинчакни билур эрдим, тоқат қилмай талаба бала бирла қочиб кетди.”
Бу одамнинг салоҳияти ғани, суханлари тагдор, эл ташвишини тортмоғи аён, локинда нечундур амалдорларни нафратламоқни хуш кўрур, боре кўргулукларга аларни айбдор, деб билур ва тахминимча, буни ошириб юборур эрди.
Шу маҳал дағи бир мардак пайдо ўлди. Бунинг либослари ҳам рафтори ҳам дигаргун эрди. Аёғида этик, бошида катта самон шляпа, гаплари қатъий, либослари зебо, кўрунишидан гоҳ хушчақчақ, гох серзарда, дангал, локинда башарм гапларга андак мойил эрди. “Салом халқу халойиқ”, авоз берди меҳмон.
Аён ўлдики, номи Самандар ўлуб, Мурод муаллим бирла олийгоҳда таълим олғон, эмдиликда йўл ва кўпрук қурилмоғига муҳандислик қилур эркан. Бадаз салом-алек меҳмон киссасидан “Аргументы и факты” отлиғ газит чиқорди ва андак ғурур ила огоҳ этди. “Буни ўқунглар: Уруссия бу йил биздан экки ҳисса мўл мошин харид қилмоқчи. Путин мошинларимизга тан берғонини битганлар.” Меҳмоннинг ҳаяжон ила айтғон гапига нечундур тузук эътибор этмадилар. Бо ин сабаб суханни башқа тамон равона қилди. “Биз ўқуш маҳали Мурод муаллим бирла Гулсанам отлиғ бир қизни яхши кўруб қолғон эрдик. Эккимизга ҳам тегмади. Муродни пессимист, мани оптимист, яъне ҳавойи деб айб қўйди. То ҳоли анга эр йўқ, ...га зор бўлуб яшайдур” У суханига якун ясаб, хандон отиб кулди. Башқалар ҳам анга жўр ўлдилар.
Бу одамнинг ташрифи боис даврага дигаргунлик, яъни андак хуррамлик, эҳтиёткорлик содир ўлди. Бадаз якчанд ҳазил-мутойибалар, боз беихтиёр норозиликлар, арзу додларга мойил ўлдилар. Ул мардак жиддийлик ихтиёр этиб давом берди. “Инсонга бева нолишлар эмас, катта мақсадлар даркор, эрта не юмуш бирла банд бўлмоғини билмаган банда омадсиздур. Ҳар бир инсон ўзи ўтқазган дарахт мевасини кўруб қувонмоғи, тиклаган иморатидан роҳат томпоғи шарт. Баракс тирикликнинг мазмуни қолмайдур. Гоҳида ман қурган кўчадан зебо либос кийган навқирон куявча ёнига нозанин келинчагини миндириб, ўз “Nexia”сида шамолдек учуб ўтмоғини кўрсам дилим ҳипқириб кетур, бисёр шодликка тўладур. Алар бирданига олти қатор мошин юрадурғон бу кўпрук ва кўчани ман бунёд қилганимдан бехабарлар, албат. Локинда, майли, дейман. Гоҳида хаёлан аларга мурожаат этурман. “Ҳой йигитча, сал нарида ҳордиқ оладурғон жой ҳам қурганман. Шу жойга тўхта, келинчагингга яхдак ичимлик олиб бер, бад лабидан бўса ол ва йўлда давом эт! Биз бундоқ кўчалар, кўпруклар, сайлгоҳларни санга ўхшаганлар учун бунёд қилдик. Сан меросхўримизсан ва бу ватанни санга топшириб кетурмиз!”
Самандар отлиғ киши юракдан кўйуб-ёниб гапурса ва анинг суханида зарра мақтанчоқлик, ҳавобаландлик бўлмаса ҳамки, аҳли давра беэътибор ўлуб, ўз юмуши, хаёли бирла банд эрди. “Биз қурган бу кўчалар, давом этур эрди ул, Ўзбакистон тараққиёти йўлида хизмат қилур. Тахмин ўн, ўн беш йил сана ўтуб, иншоолоҳ, юртимиз жудо ҳам бойиб кетур. Боре кўчаларимиз шу киби равон, сербар ўладур. Биладурсизларми: Оролнинг суви қочган масканларидан пайдо қилинғон газ, нефт конларининг ҳисоби йўқ. О, ўша кунларни кўрсам эрдим...”
“Имкон бўлса, монологингни тўхтатиб тур!”, анинг суханини кесди Мурод муаллим. Ўтур, сабзини тўғра. Бу хушфел, дили некликлар ва орзуларга лиммо-лим одамнинг қайноқ ҳаяжонларига Мурод муаллимнинг бир сатил савуқ сув сепиб юбориши манга ўтуришмади. “Меҳмонни тинч қўйунг, сабзини ман тўғрайман” дедим.. “Майли, бу юмуш эҳтимолки, анинг қўлидан келмас, давом берди муаллим, кеча-кундун тиним билмай кўча, кўпрук қурушни удда қилур, локинда сабзи тўғрамоқдан бехабардур.
Аҳли давра ош пиширмоқ ташвишига бирла банд ўлдилар. Соқи пиёлаларга арақ қуйди. “Ичмоқ ихтиёрий, сухан бошлади ул, аммо айтинглар, биринчи пиёлани нима учун кўтарурмиз?” “Ман таклиф, қилай,” қўл кўтарди Самандар. “Сиёсатни аралаш қилмасанг, амалдорларга ҳамду-сано ўқумасанг, майли”деди Мурод. “Бул қадаҳни Михаил Сергеевич Горбачев учун кўтармоқни таклиф қиладурман” деди у. Давра кутулмаган бу гапдан қаҳ-қаҳ қилиб кулди. “Биладурсизларми: агар Горбачев бўлмаса мустақил бўлмоғимиз бисёр душвор эрди. Ўзларинг мандиқни мададга чорлаб кўрунглар.Ул мардак ошкоралик жумракларини очиб юборди ва магарам ўзи истамаса ҳамки биз ва дигарларга истиқлол насиб ўлди.”
Алар ичдилар ва мардакларга хос эзмалик ила хотунларни ғийбат қилдилар. Аларнинг аёқлари, кўкракларига нисбат бердилар. Бадазон обидаларга таъриф бердилар. Шу фурсат Жамил домло Ўзбакистоннинг етти муъжизасини бошумор қилди ва аларни қоғозга тушуриб олдум.. Биринчи ўрунга ўзумизнинг Регистон, бад Бухородаги Сомоний мақбараси, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Бухородаги Минори Калон, Бибихоним масжиди, Хивадаги Ичан Қалъа мажмуаси ҳамда охирги жойга Тошкандаги опера балет театруси биноси сазовор ўлғон экан. Бу хусусда баҳс этдилар. Самандар ушбу рўйхатга Бухоро арки, Тошкан телеминораси ва дигарлар бўлмоғи жойизлигини гапурди.
Магарамки, бу банда батамом дигаргун фикр қиладурғон ва гоҳ сержоғ бўлса ҳамки, дилимга ўтурушди. Анинг борлиққа, юртга, тирикликка меҳр нигоҳи бирла боқиши каминада ҳавас пайдо қилғон эрди.
“Бу ўрунда катта дўлона бор эрди, деди бир маҳал Мурод муаллим, тирамоҳ фасли гала бўлуб устига чиқар эрдик.” “Манга қара, анинг суханини илди Самандар, шул дўлона ва боғ хусуссинда кўп сухан юрутдинг, оби дийда қилдинг. Дўлонанинг жойи - ана тоғ. Уни ўша жойга ўстирмоқ лозим. Эмди Шўро бобонинг боғи хусусинда айтай. Рост, ўн гектор келадурғон боғ гум бўлди. Аммо сан Янгиариқ тамон чиқ. Ҳар йил эллик гектор боғ бунёд қилмоқдалар. Биз қурган кўчанинг экки тамони шундоқ дарахтзор. Меваси шиғил-шиғил. Ҳозир ҳосилни яхдонга сақлаб, қиш фасли ҳалққа берурлар.Не боис буни кўрмайсан? Охир ушбу бунёдкорлик, дигаргунликлар мустақиллик шарофати йўқми?
Фикр қилсам, Самандар ҳақ. Янгиариқ тамон борган маҳалим бу боғларни кўруб, ҳайратим чандон ошган эрди. Алма, нок, қаролу, анор... бисёр эрди. Ул жойда завод ташкил топган ўлуб, мева шарбатини олмоқ бирла ҳам банд эрдилар.
Гап Москов тамон кўчди. Давра аҳли Московдаги фуқароларимиз аҳволидан шикоя қилдилар ва бу ҳол каминага бегона эмас эрди. “Нодуруст айтарсизлар, эътироз қилди Самандар ва буни исбот қилмоққа кўшиш қилган маҳал анинг суханини кесдим. “Ман ул жойда олти ой зиндагонлик қилдим. Кўча супурадурғон, қор курайдурғонлар аксар бизнинг фуқаролардур”. ”Сиз ҳам мана бу одамлар янглиғ, ойнага боқиб, аввол андаги доғни кўрур экансиз, камина тамон бурулди Самандар. Московдаги “Ўрикзор”, “Самарқанд”, “Бухоро” янглиғ ресторанлар, “Шарқ” “Регистон” савдо мажмуалари салобатини биладурсизми ва алар бизнинг ҳамюртларга тегиш эканлигидан хабардорсизму. Московдаги энг бой одам бизни земляк. Ул зотнинг фалон миқдор ақчаси бор ва бу миқдор ўртача мамлакатнинг йиллик даромадидан бисёрдур. Лондоннинг “Арсенал”ини харид қилди-я, шаввоз. Таассуфки, бунинг моҳиятини ҳамма ҳам чақиб кўролмайдур. Боиси: иқтисод ва бизнес оламидан бехабармиз. Маҳалладан чиққан Қўчқорбой мисол бойбачаларнинг ул жойда ҳисоби йўқ. Бизнинг ўзбеклар бисёр ҳушёр, ишбилармон. Уруссияда корхона очган ўндан зиёд бародарларим бор.”
Аслида. Самандар санаган боҳашам биноларнинг бир-яримини кўрган ва бизнинг бандаларга тобе эканлигини эшитган эрдим, инчунин якчанд ишбилармон ўзбеклар ила шинос эрдим. Аларни нечундир фаромуш этганимдан надомат тортдим. Бо ин сабаб сукут қилдим.
Самандар деганлари Жамил домло бирла ҳам баҳс қилди. “Бир умр қониқмаган, жамият ва ҳукуматдан нолиш қилиб рўзгурзонлик этадурғонларга раҳм этурман. Бул тойифадаги мешчан файласуфлар навқирон ёшларни заҳарлайдурлар. Бундоқ муҳит ва кайфиятга тушган банда тараққиётдан, фаровонликдан завқ тополмайдур, ани ҳис қилмайдур, тан олмайдур, Охир-оқибат қўли ишга бормай, борлиқдан савуб қоладур, юрти, рўзғори учун курашмайдур, умедсизликка тушадур. Мисол келтурай: у полвон тамон ишора қилди, мана шу полвонни чан бор ишга таклиф қилдим, экки баравар зиёд маош ваъда бердим. Кўнмади. Боиси, санларнинг бағоят тушкун, сернолиш ва бозарар дунёбинликларинг бу одамни ҳам заҳарлаган. Оқибатда юрт равнақини хаёлига келтурмай, бойнинг мулкига қаравуллик қиладур. “Мақсад на эди жаҳона келдинг, Кайфиятингни баён этиб кет,” дейду Нодирабегим. Аксарларинг янглиғ бу полвонда ҳам мақсад йўқ. Бизда Чин юртининг якчанд роҳсозлари ишлайдурлар. Ишонинглар, вақтдан қизғониб, тик туруб нонушта қиладурлар. Ман мардикор бозордан якчанд даштлик лакалавларни ишга келдурдум. Маош тайинладим, ётоқ бердим. Ғалатки, бу гўсалалардан биронтасини қайнисими, божасими тўй қилса, уч кунлаб ишга келмайдур. Ҳай авсар, дейман, калланг борму? Сандан яхшиликлар, иморатлар, кўчалар, кўпруклар, дарахтлар қолмаса яшашдан не муддао. Яшамоқ, яратмоқ саросимасида бўл! “Умр чун боди баҳор мегузарад, Бо кор бош-ки бакор мегузарад, дейди шоир. Агар бу суханларим қизил ёинки шалдироқ варсоқилик бўлса исбот этинглар!”
“Ман бунга қўшилмайдурман ва исбот қиладурман, деди Жамил домло, аслан тирикликни ҳаракатга келтирадурғонлар ўша қониқмай яшайдурғон, арзу-додга мойил фидоийлардур. Алар бош кўтариб, адолат ва ҳақиқатни талаб этурлар, мизғиб яшайдурғон бандларни бедор этурлар, нопок амалдорлар ва то ҳатто ҳукуматни ҳам ҳушёрликка, тўғри йўлга чорлайдурлар. Миллатга мамнунбойлар эмас, қониқмаган бандалар кўпроқ наф келтирурлар. Ўша сиз ай тган Нодирабегим ҳам, Беҳбудий ҳазратлари, Муқимий, Файзулло Хўжаюф, Қодирий, Чўлпон ва дигарон қониқмаган одамлар эрдилар. Ман эмди Умар Хайём, Жалолиддин Мангуберди, Кооперник, Пугачов ва дигарларни тилга олмай қўяй.”
Чоғимда олимона ва боасос жавоб айлаган эрди Жамил деганимиз. Самандар андак сукут қилди ва деди: “Хуш, бугун нимадан нолиш-у, ношукурчилик қилурлар? Эмдиликда чорчархасиз рўзғор қолмади, бир хелларда эккитадан мошин бор. Тўйларни кўрунглар, қандоқ тўкун, фаровон. Иморатлар дуқабата. Ҳой гумроҳлар, айтинглар бу нимани шарофати?” “ Башқа юртлар ҳам бадаз мустақиллик қашшоқ бўлиб қолмади, боз фикр билдирди Жамил, Уруссияни, Қазоқни олинг, то ҳаттоки Тожикистонда ҳам тўй, иморатлар дабдабанок. Ҳа эмди шунча миқдор тилло, уран, пахта берадурғон юрт бой бўлмоғи керакда” Самандар боз суханини давом бериб, якчанд мисоллар ва рақамларни саноқ қилди, ҳукуматга чин дилдан тасанно айтди. “Бародарлар ошдан аввол бир қултдан олайлук, боз Самандарнинг суханини ноўрин бўлди Мурод муаллим, шу алпозда баҳс қилсак, бу фидойи жўрамиз мадҳияни ўқушни таклиф этадурғонга ўхшайдур. Биз матнни ёд олмаганмиз.” Ногаҳоний бу киноядан алар хандон отиб кулдилар. Бу ҳол дилимга ўтуришмади, фикримча Самандар ҳам андак ранж топди. Мурод муаллим муддаога ўтди: “Хуш, нима учун ичадурмиз?
Самандар енгил жаҳл бирла киноя қилди: “Ватан мадҳиясини билмайдурғон, локинда қадаҳ тутуб варсоқилик қиладурғон гумроҳлар учун!” Фикри ожизимча, у мўлжални аниқ олғон эрди ва жанговар оҳанг бирла давом берди: билиб қўйунлар, моҳиятига етунглар: бизнинг она юртимиз бор. Не-не инсонлар анинг бир ҳавуч тупроғига зор”... “ Ватан мадҳияси, демоқ ғалат, ани тўхтатди Жамил домло, расман Давлат мадҳияси деб аталур. Бу иборалар ғайри-ғайри тушунчалардур.” “Мани ватаним ҳам давлатим ҳам битта – Ўзбакистон,” деди у андак авоз кўтариб. “Майли, бу қадаҳни ватан учун ва қониқмай яшайдурғон фидойилар учун оладурмиз,” ҳаммабоп суханни топиб гапурди Мурод муаллим.
Ошни келтурдилар. Самандар деганимиз бир-экки қошуқ олди-ю, ёнбош тортган куйи уйқуга кетди. “Майли дам олсун, деди Мурод муаллим юмуши бисёрдур, шўрлук тиним билмайдур. Олам ичра буноқа юртпарварни топмоқ мушкул. Ўзбакистон учун жонингни бер, десалар, дорнинг тагига мардона борадур. Гоҳо бу фидойи инсонга ўзумнинг ҳам ҳавасим келиб, ибрат олмоқ истагида бўлурман, валокин ўша мешчан қайсарлигим роҳ бермайдур. Ўғлум шу жўмарддек бўлмоғини орзу қиладурман.” “Ман баракс, ўғлум бундоқ бўлмоғини истамайдурман”, деди нечундир Жамил домло.
Шу маҳал Самандар ўйқусираб гапурди: “Ватанни севмоқ - иймондан...” “О, боядки, ватан ҳам бизни севсунда, жонидан” деди Мурод муаллим жавобан паст ва эрка авоз бирла гинаомуз. Самандар боз ўйқуга чўмган эрди. Мурод муаллим авоз чиқормай, оҳиста қўзғолди, деволдаги мехга авезон қилинган эски чапонни олиб, авайлаб анинг устига ёпди. Биз ҳам шавқун қилмай, дастархонга фотиҳа қилдук ва беозор қўзғалдук. “Не боис вилоятга шундоқ юртпарварларни ҳоким қилиб қўймайдурлар-у, ўзига қаср қуруб, қамоққа бориб ётадурғонларга имкон берадурлар,” фикр қилур эрдим ўзумча. Хотирингизда ўлса, бир вақт номини “Алибек” деб дигаргун қилган Алиқул лақма хусусида ёзғон эрдим. Ул ғалча тарғибот идорасида хизмат қиладур, бот-бот мардумни жам қилиб ваз айтадур, яънеким бошдан аёқ ҳукуматга ҳамду сано ўқуйдур ва газитдаги чучмал таъриф-тавсифларни такрор қилғани боис зиқ бўлуб кетурсан. Боиси онки, ул варсоқининг вазифаси шулдур. Аммо Самандар дегонларининг ҳар бир иборасида ҳақиқат, самимийлик, замин бор. Бу фидокор юртга меҳрини меҳнати бирла исбот ҳам қиладур ва хусусан, жавонларга ибрат бўладур. Юртга меҳр бул мардакнинг қонига сингиган бўлуб, ани эътиқодидан зинҳор ва зинҳор қайтариб бўлмас!
Ман Шўро бобонинг боғларидан бевақт қайтдим. Ростики, Самандарга дилимда ботиний ва зоҳирий меҳр пайдо ўлди. Шу шариф инсон ташриф этадурғон кунлар боз келишни, келажакда ўғулларимдан бирини анга шогирд қилмоқни дилга тугдим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий