"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан
– Во-ой, онажон! Бийижон, дадажон! Вой қорним! Оғриқ ҳам шунақа бешафқат бўладими?! Ёрдам беринглар!
Менинг фарёдимда ана шундай илтижо мужассам эди.
Ойим товуш чиқармай йиғлашга тушдилар. Бувижоним қорнимни оҳиста-оҳиста босиб кўрдилар-у, барини тушундилар.
– Бунинг қорни оғрияпти!
Ташхис аниқ қўйилганди. У киши мени андак овутгандан кейин ногаҳоний дарднинг сабабларини чамалашга киришдилар.
– Болага кинна кирганга ўхшайди. Уйга кимлар келувди? Аммачам бир неча кишини, жумладан, Лўли момони, Конторчи амаки деган солиқчини, монтёрни тилга олдилар.
– Борасолиб, исириқ билан нон келтир, – буюрдилар у киши.
– Чиқ-чиқ-чиқ! Лўлидан кирган бўлсанг, чиқ! Чўлидан кирган бўлсанг, чиқ! Кантўрдан кирган бўлсанг, мантўрдан кирган бўлсанг – чиқ! Оғзидан кирган бўлсанг, кетидан чиқ! Бўрт этиб-чиқ, жўрт этиб чиқ!...
У киши бир лаҳза тин олдилар. Сўнг бурдаларни аммачамга тутқазиб, тайинладилар.
– Бунинг бирорта ушоғини туширмай, бузоққа элтиб бер!
У киши бурдаларни авайлаб териб олди-ю сўради:
– Бузоқнинг қорни оғриб қолса нима бўлади?
– Оғриса – садқаи сар, – овозларини зардалигина кўтардилар моможоним.
Аммо лаънати оғриқ заррача бўлса ҳам қўйиб юбормас, бураб оғритарди.
– Бунга нима бергандингиз, – синовчан нигоҳларини ойимга қададилар аллалари ҳам кор қилмаган бувим.
– Шишадаги овқатини.
– Аввал татиб кўрдингизми?
__ ...
– Ачиб кетган бўлсачи?! Сўрамайсизми бирорта гумроҳдан?! Сизга таълим берганлар кимёни ўргатишдан аввал болани овқатлантиришни ўргатишса бўлмасмиди?!
Дадам ғалвадан чўчиб, бувимни тинчлантирмоқчи бўлдилар, аммо жавобан боплаб дашном эшитдилар.
– Ўзи сани уриб кетган! Эркак деган зарбини ўтказмайдими бундоқ?!
Шундай қилиб, каминани докторга олиб борадиган бўлишди. Зум ўтмай машина ҳам ёлланди. Вужудим эса бураб оғрирди. Боя индамай кўз ёши қилиб ўтирган ойим энди дадамга таъна-ю маломатлар ёғдиришга киришдилар.
– Жонимга тегди, онангизнинг дашномлари! Бу қанақа ҳаёт?! Яшамайман бу ерда! Яшолмайман!
У киши қишлоғимизни ҳам роса ёмонладилар. Одамларни жоҳилликда айблаб, водопровод, телефон, газ йўқлигини ҳам пеш қилдилар.
Машина ҳар гал силкиниб кетганда оғриқ кучаяр, дарднинг бешафқат чангали вужудимга чуқурроқ ботгандай бўларди.
Қабулхонада талай ота-оналар дард чеккан фарзандларини овутиш билан овора эдилар. Аксига олиб, доктор опа жуда имиллаб ишларди. Мурғак вужудларга чанг солган дардни шартта улоқтириб ташлаш ўрнига узоқдан-узоқ қоғоз тўлдирар, шеригининг қулоғига алланима деб шивирлар, телефонда узоқдан-узоқ гап сотиб қоларди. Анча-мунча расмиятчиликлардан кейин мени қабул қилишди.
Сизга болалар боғчасидаги чеккан уқубатларим хусусида гапириб берган эдим. Лекин нафсиламбирини айтганда бу ердаги азобларим минг чандон устун бўлди. Ойим иккаламизга аллақандай увада кийимлар кийгизишгач, ўнтача кичик кроват қўйилган бадбўй хонага олиб киришди. Мени кўздан кечирган доктор дарҳақиқат, овқатдан касалланганлигимни таъкидлади.
Ғалати, жуда ғалати эди бу ердаги ҳаёт. Докторлар, ҳамширалар, фаррошлар зир-зир югуришар, бечора оналар кун бўйи уларга ҳам, болаларга ҳам илтижо қилишар, дард чеккан гўдакларнинг бири куйиб иккинчиси чинқирарди. Оналаримиз учун кроват қўйилмагани сабаб улар дуч келган жойга – кроватнинг остига, ташқаридаги диванга ётишарди. Ойим дадамга ҳасрат қилаётганда у киши ҳам юзларига солдилар:
– Қишлоғимизни ёмон дегандингиз. Мана сизга– мақтаган шаҳар
Неча кун ётганимни аниқ эслолмайман. Заҳардан тахир дорилар, уколлар... Лекин соғайганимдан ойим қанчалик қувонган бўлсалар, заҳматкаш шифокорлар ҳам шунчалик хурсанд бўлишди. Ҳамшира опа бизни ховлигача кузатиб қўйиб, пешонамдан ўпди. Мен ҳам уни ўпмоқчи бўлдим у кейин фикримдан қайтдим: ҳарҳолда жиддийроқ бўлган яхши.
Эҳ, уйимиздагиларнинг қувончини кўрганингизда эди! Барилари каминани эркалашади, ширинзабонлик қилишади. Бувижоним бўлса мени беланчакка боғлаб, ўша шакаргуфторлик билан гаплашиб кетдилар.
– Мирзо Улуғбек, сизга нима бўлди а? Қорнингиз оғридими? Сизнинг қорнингиз оғригунча мушукларнинг, ҳаккаларнинг қорни оғриса бўлмасмиди?! Сизнинг қорнингиз оғригунча...
Бу шоҳиста меҳрибонликдан ийиб кетаман, дилим беҳудуд завққа тўлади, алланималар дегим келади, аммо бўғзимдан:
– Ға-а-а, ға-а, – деган мавҳум, лекин эҳтиросли садо чиқаверади. Моможоним бундан сарафроз бўлиб, мулоқотни давом эттирадилар:
– Улуғжонга азоб беришибди-да! Ҳаҳ, докторларнинг падарига қусур! Энди набирамга овқатни фақат ўзим бераман!
– Ға-а-а, ға-а...
– – Улуғбек ҳали хушқомат йигит бўладилар, қизлар у кишига ҳавас билан термуладиган бўлади. Мирзо Улуғбекнинг пуллари ҳам кўп бўлади. У киши раис бўладилар, райком бўладилар. Мошинлари билан мани Шоҳи зиндага, Баҳовуддин Балогардонга олиб борадилар.
– Ға-а-а...
Шу пайт мароқли суҳбатимизга шўлп этиб дадам аралашиб қолдилар.
– Райком секретари бўлса, олиб боролмайди–қўрқади.
– Санга гапирганим йўқ, – жеркиб бердилар бувим ва ўша умидвор ва маъруф оҳангда давом эттирдилар: Улуғ – улуғ одам бўлади. Бобосининг қабрини, мани қабримни зиёрат қилиб туради.,,
Санамдек бўлиб сўз юритаётган бувижонимнинг дийдаларида негадир ёш кўринди. Томоқларига тиқилган шўртаккина туйғу гапиришга монелик қилиб қолди. Шунинг учун бўлса керак, юзимни силамоқчи бўлдилар. Мен эса бармоқларини тутиб олиб, оғзимга суққандим, у киши қўлларини беозоргина тортиб олиб, каминани койиган бўлдилар.
– Бекор айтибсиз! Бекорларни айтибсиз!
Комментариев нет:
Отправить комментарий