среда, 10 августа 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ


НОМА № 8

Дачага дубора борганимда Мурод муаллим таклиф этди: “Бу жойда бир пракурорнинг чала иморати бор. Тотор бала қаравул эрди, Уруссияга кетди. Батамом. Пракурорнинг заифаси мандан қаравул даракламоқни сўраган. Ўзунгизми, ўғлунгизми бу юмуш соҳиби бўлсаларинг тузук бўлур эрди. Маоши камроқ, локинда юмуши ҳам ҳаминқадар...”
Ўйга бориб, Найимбекка маслаҳат солғон эрдим: “Тузук, бир ҳафта ман қаравуллик қиладурман, дигарига сиз”, деди. Бадазон эккавлашиб бордук ва Мурод муаллим ул жойни намоён қилди.
Саккиз сўтух келадурғон ҳавли бўлуб, иморат деволи рост қилинғон, локинда томи ёпилмаган, фақат қаравулхона эбга келтурулган, то ҳаттоки ранг қилинган эрди. Ниҳолларнинг пеши ҳосилга кирган, аммо замин парваришга, меҳнатга муҳтож бўлуб, қаблан бул даргоҳда ўғри илиб кетадурғон бир нимарса кўрунмасди. Локинда дачада ҳар бир кишининг қаравул, инчунин боғбон тайинламоғ таомил боз аниқроқ дейдурғон ўлсак зарурат бўлғонди.
Мунинг боиси хусусида жилла батафсил сухан юратидурғон ўлсак, бундан экки чақирим нарида, яънеким ўша Самандар гапурган кўчанинг қибла тамонида бир деҳа мавжуд ўлуб, ани Арабқишлоқ деюрлар. Мардумлари араббашара, локинда батамом ўзбеклашгандурлар. Эҳтимолки, минг йиллар пеш Қусам ибн Аббос бирла келгандурлар, то ҳаттоки бобойлари ҳам арабини билмайдур. Ўн йил аввал Шўро бобо боғида иморатсозлик бошланмоғи бирла, Арабқишлоқнинг чапдаст балалари келтурилган ғишт, тахта, то ҳаттоки, дарахт ниҳолларини ҳам ўмармоқни авж олдурдилар. Газ баллонлари, қазонлар, тавуқлар ҳам гум бўладурғон ўлди. Милиса қўйдулар, наф бўлмади. Бадазон ҳамма қаравул тайинламоқни одат қилди. Ҳозир ҳам бировнинг сув тортадурғон матори, томидаги антеннаси гум бўлиб турур ва давогарлар муни араблардан кўрурлар.
Мурод муаллим ман бирла ўғлумни микрорайонга, яънеким пракурор яшайдурғон домга элтиб, шинос этмоқ лозим деб билди ва роҳ-бароҳ уқдурди. “Хўжайинни мардум прокурор деюр, аммо у киши аслида жонишин, яънеким ўринбосардурлар. Исм-у шарифлари Фидел Арабович Арабов. Детдомда тарбия топганлар. Бисёр ҳалол одам. Шўролар замони Куба подшоси Фидел Кастро Московга келган маҳал бу киши дунё кўрганлар ва бунинг шарофати боис анинг номини олганлар. Сағирхонага у кишини бир араббашара банда топширган, деюрлар ва шу сабаб Арабов аталганлар. Локинда калла зўр. Ўз қувватлари бирла ўқуб, шу даражага соҳиб бўлғонлар. Завжалари урус, асли немис, аммо уруслашган. Локинда тилло заифа. Мария апа деюрмиз. Асл исм-шарифлари Мария Зигерс. Бисёр хушфеъл хотун. Алар олийгоҳда боҳамро таҳсил топганлар.
Мария апа деганларининг рафтори бизга ҳам манзур ўлди. Ўйига таклиф қилиб, дастархон ёйди. “Иморатнинг устини то ин вақт ёпган бўлур эрдик, аммо элликдан зиёд бололимизни араблар ўғурлар кетдилар. Фидел милиса юборди, аммо нишони чиқмади”, деди аёл урусилаб. Бо ин жумла, истаган миқдор экин экиб олмоққа ҳам ихтиёр берди. “Авволги қаравул баланинг мошини бор эрди, ул-бул юмушимизни ҳам бажарур эрди”, деди. “Биз хам хизматдан қочмасмиз”, жавоб айлади Найимбек ва анинг бу ҳозиржавоб суханидан мамнунлиқ топдим.
Шул тариқа вақт-у имконга қараб, бир ҳафта камина ва дигар фурсат Найимбек ул даргоҳни қўруқлайдурғон ўлдук. Бу арада ерни оғдариб, тирамойи картошка қададик, токларни беаяв хомток навда урдук, бори ниҳолларни шаклу-суробини тузотдук.
Зиндалик шу тариқ давом берур ва шукри Худо қилиб юрур эрдик, локинда саратон аёқлаб қолган кунлар рўзғорда бир дилсиёҳлик юз бердики, бу хусусда тил тишласам, инсофдан ўлмас. Аслида бандасининг тириклик тарзи шуноқа: қисмат деб аталган кўргулук бот-бот бигизини суқиб олмоқни хуш кўрадур ва бунга бардош бермоқдан дигар иложинг йўқ.
Аниқ хотирамда турубдур, рўзи чаҳоршанба эрди, вақти хуфтон Мурод муаллим сим қоқди. “ О, сизлар қанақа қаравул: уч кундан бери қароларинг кўринмайдур,” деди надомат бирла. “Найимбекнинг навбати эрди, ул жойда йўқми?” сўроқ айладим. “Бир кўриниш берадир-у, қочиб қоладур”, жавоб айлади ул. Аниқлик киритмоққа ваъда бердим, локинда хавотирим чандон ошиб, ўғлумнинг ўзига тилфон қилдим. “Найимбек. Яхшисанму, асал? Қаёндасан?” “Дачада”!
Ялғон гапурди, муттаҳам. Локинда бир нимарса демадим, яънеким жилла сир бермадим. “Бала чапга кетган, яънеким ўйнош зиёд қилган бўлмасун,” деган бисёр нохуш фикр келди калламга ва бундин хавотирим чандон зиёд ўлди.
Саҳармардон Мурод муаллимни кўруб, батафсил сўроқ айладим ва ани тинглаб, гумонимни изҳор қилдим. “Мумкин, деди ул, ёш одам...” “Бир хизмат қилинг, муаллим сар хам қилдим илтижо бирла. Баланинг арқасидан пойлаб, қайси эшикка бош суқмоғини аниқламоққа кўмак кўрсатинг.” Ул қайсар беандешалик ва дағаллик ила жавоб қайтарди. “ Айғоқчилик қўлумдан келмайдур!” Бу жавобдан бисёр ранж топдим, боисики, бошингга ташвиш тушган маҳал бародаринг мадад қўлини узотмаса, бу - дард устига чипқондур. Бадаз намози бегоҳи ҳамсоямиз Мўминжоннинг эшигини қоқдум. Баласини қўлидан тутуб чиқди ва каминани кўруб сарафроз ўлди. Науфал каминага салом берди ва истиқболимга чопди. Бу ҳолдан эккимиз ҳам бисёр хушнудлик топдик. “Фақат сиздан бегонасирамайдур, деди Мўминжон, башқалардан қочадур. Яввойи.” Дарҳақиқат рост. Балакай ҳавлимга бориб, чўжаларга дон бермоққа кўнуккан. Лақаби жет аталган лайча кучугимизни ҳам дўст тутадур. “Бу балалар шундоқ ялғуз шароитда вояга етган, дедим иккимиз қолғач, одамларға эш бўлмоғи душвор кечур. Сиз анга яхши кучукбачча, канарейка, тавушқон савғо қилинг. Жаниворларни дўст тутса, бад одамларга ҳам кўникур, меҳр намоён қилур”. Фикрим анга маъқул тушди.
Бадаз бир пиёла чой муддаога ўтдум. Дедимки: шундоқ ташвиш пайдо қилдук. Эмди мадад кўрсатсангиз, яънеким, вақти шом мошинингиз бирла ани арқасидан юруб пойласак, қай даргоҳга кирмоғини аниқ қилсак. Мурод муаллимдан озор топдим, ул қайсар рад қилди.” “Биринчидан, муаллимдан ранжимоқ нодуруст, жавоб қайтарди Мўминжон, илло, ул охир-оқибат ўғлингиз бирла хафалашиб қолмоқдан хавф тортадур. Эккинчидан, Найимжонни арқасидан пойламоққа ҳожат йўқ, қайси ўйга кирмоғини биладурман”. “Иби, дедим о, барвақтроқ бизга аён этмайдурсизми? “ “Ўғлунгизни мошини гоҳи шаби дароз ошхона поёнидаги дом рўпарасида турадур. Локинда Найимжон не муддао бирла қайбир эшикка кирадур – каминага қаронғу”. “Мўминжон, илоҳо умрингизга барака ато этсун! Қолғонини ўзум ҳал қилурман,”дедим. “Локинда бу гапни сизга ман айтмадим...”деди ҳамсоям.
Эртаси вақти шом Мўминжон ишора қилғон жойга бориб, паналаб ўтурдим. Тахмин экки соатлар ўтуб, “Matiz”имиз пайдо ўлди. Найим саросима бирла тушуб, мошинга қулф урди ва сарафрозлик, хушбахтлик ила биринчи қаватга кириб, тўғридаги эшик тугмасини босди. Эшикни аёл очди ва нокас ўғлимиз кириб кетди. Бисёр қўрқув ва хавотир бирла вужудимга ларза кирди. Фикру ўйимни саришта қилолмай, гаранг бўлуб қолғон эрдим. Бадаз якчанд дақиқа ўзумни қўлга олиб, боз тилифон қилдим. “Найим, тузукмисан? Қаёндасан?” “Дада, дачадаман”, деди мунофиқлик ила. Бир нимарса демай ўйга қайтдим.
Жамила каминани кўруб қўрқуб кетди. “Дадаси, сизга нима бўлди, рангингиз учган, хотирингиз бисёр паришон” “Сўрама, жонидан,” маюс жавоб айладим. Хотун хавотир бирла арқамдан кирди. Боре кўргуликни изҳор этмоқдан дигар чорам йўқ эрди.
Заифамиз ҳам қаҳр-у ғазабга минди. Дедики: “Ҳозир борадурмиз, шарманда қиладурмиз.” “Шошма, бу юмушни эртага қолдурсак, тузук бўлмасму?”жавоб айладим хавотир бирла. “Зинҳор бўлмайдур, ҳозир борадурмиз, сабру тоқатим ҳалқумимга келур! Зоту зурёдимиздан буноқа бузуқи ҳайвон чиқмаган эрди,” жавоб айлади ғазаб бирла. Даме кечмай либосини кийиб чиқди. Надоматлар бўлғайким, бу ҳодисотдан келинимиз ҳам ногоҳ хабардор ўлди. Андин пинҳон тутмоққа ҳарчанд кўшиш қилғон эрдим, аммо қай тариқа бохабар бўлди – каминага торик. Бул шармандалик катта қазонда қайнамоғидан ва алалхусус, аларнинг рўзғорига савуқлик тушишидан хавотирим бисёр зиёда бўлди.
Қисса кўтоҳ, уччавлон қаёндасан Лабиғор ошхонаси, деб йўлга тушдук. Такси даме ўтмай бизни ул жойга элтди. Роҳ-ба роҳ бир оғуз сўз қотмадик, баримиз Найимнинг нопок қадамидан бисёр ранж топғон, ғусса тортгон эрдик..
“Matiz”имизни ул манзилда кўруб, заифаларнинг қаҳру ғазаби боз жўш урди. Ларзон панжаларим бирла эшик тугмасини босдим. “Ким у?” хотун киши шоҳиста авоз берди. “Маҳалладан, мусур масаласида келдук,” фикрлаб қўйғон ялғонимни ишга солдум. Эшик очилмоғи баробар, шавқун солиб, ичкари суқулдук ва анда Найимбекнинг пойафзалини кўруб, қаҳримиз чандон ошди. “Қани у сволич, ҳанги? авоз кўтардим, бошини сапчадак узуб ташлайдурман, ифлосни”. Хотуним бирла келиним ул заифани ҳақорат қилмоққа, қарғамоққа тушдилар. “Бузуқ” ҳам дедилар, “жалаб” ҳам... Уччавлон бўлуб Найимни охтарурмиз денг, нишонини топмаймиз. Фикримча, ўзини тиризадан ташлаб, қочган кўринадур, бетамиз. Жувоннинг ранги-рўйи учиб кетган, бир сухан демас, қалт-қалт ларзон эрди. Аёлим бирла келиним шукрки, ул заифага кўл кўтармадилар, локинда шавқун солиб, лаънат қилмоқдан тин олмас эрдилар.
“Вай, қаранглар, деди бир маҳал келиним йиғлаб, мани тилло зебигардонимни ўйношига келтириб берибдур, нокас! Охтармаган жойим қолмаган эрди. Ахмоқ! Кўрнамак!”
Ул бўйунга тоқадурғон забигардонни олиб, боз бир нимарсаларни дарак қилди. “Шу тилло узукни ҳам мани эрим олиб берган, деди ва ани олиб киссасига солди. “Қўйунг, у ўзумники, эрингиз олиб бергани йўқ, деди, жувон кўз ёш бирла, биринчи бора забонга кириб. “Намоқул қилибсан, сан бузуқи, мана шу ҳалқани ҳам ўша олиб берган” деди келин ва ани ҳам қўлга олди. “Жойига қўйунг, инсофингиз борму, деди заифа зорланиб, алар ўзумники.” “Инсоф, дедингми, жаҳлга минди Жамила, сан биравнинг эрини йўлдан урсанг, бу инсофданми, ғар?! Юзинг қурсун сани!
Бадазон ул жувон авоз қўюб, дард бирла йиғлади. “Олинглар, олинглар, майли борини олинглар,” деди иддао ва алам бирла.
Биз бисёр хафагарчилик бирла ўйга қайтдик. Бир-биримиздан ҳижолат чекар эрдикки, чеки йўқдур. Шу боис гапурмас эрдик. Деҳага кирар маҳал келин деди: “Ман бу заифани танийдурман, Ул аввол боғчада Сухайлонинг тарбиячиси эрди. Ҳозир у жойда ишламайдур.
Сухайло, бу – неварамиз. Демакки, ўғлумиз ул занак бирла ўша замонлар шинос ўлган. Падарлаънат! Ота ўғул! Бу – худонинг манга берган жазоси! Московда қилғон зино ишларимни жавоби, фикр қилдим ўзумча.
Найимбек пайдо бўлмади. Вақти шом Мурод муаллимга тилфон қилиб, дарагини сўрадим. Дедики: “Бу жойда қаравуллик қиладур”. Андак хотиржамлик топдим. Аммо заифаларимиз ҳамон ғазаб оғушида эрдилар.
Экки кун ўтуб, қаҳрим андак сустлик топгач, дача тамон равона ўлдум. Найимбек қаравулхонала ўлтурур эрди. Ҳижолат тортур эрдики, онча бор. Ман сўроқ айламай, ўзини оқламоққа тушди. “Ул заифа Сухайлонинг тарбиягари эрди ва экки ойлик пулини бермаганим боис борган эрдим.” “Намоқулни нонини ебсан, жавоб айладим, ундоқ бўлса не сабаб чиқиб қочдинг.” “Сиздан қўрқдум” “ “Гапур: ул заифа ким? сўроқ айладим якчанд дақиқа сукут тутгач. Ўғлумизнинг беҳад хавотир ва андеша бирла берган жавобларидан аён ўлдики, ул жувоннинг исму шарифи Сафия бўлуб, падари Каттақўрғондан экан. Волидасини тоторка деди. Жувоннинг бир ўғли бўлиб,ул бала бобо ва момоси бирла зиндагонлик қиларкан. Заифа қайбирам мактабда сабоқ бериб, боз ўқуркан ҳам. Эри мундан ўн йил аввол Португалия отлиғ юртга иш охтариб кетганлигини аён қилди. Хорижда ошпазлик қилибдур ва қачанки ўз корхонасини очмоқ ташвишига тушган маҳали, ўша юрт фуқаролигини олмоқ зарурлигини таъкид қилибдурлар. Шўрлик шундоқ йўл тутубдур. Эмди Ўзбакистонга қайтмоғи бисёр душвор кечур эмиш. Миршаблар хориж фуқароси, деб қадамда ақча талаб этурканлар. Бундоқ бандани салкам сотқинга баробар билиб, иш ҳам бермас ва бисёр қийноққа солур эрканлар. Шу боис келмас эмиш. Завжасини ул юртга чорларкан, локинда заифа бормоққа рози бўлмабдур.
“Дегин, сўроқ айладим ўғлимни, зебигардондан дигар бирор тиллолик савғо этдунгми” “Баракс, у манга якчанд либослар тақдим қилди”деди. “Сани гулдак келинчагинг, қизинг бор, рўзғоринг бузулишидан қўрқмайдурсанми, номард?!” “У жойга эмди аёғимни қўймайман, дада!” “Қасам ич!” Ул нокас худони арага қўйуб қасам ҳам ичди. Биз боз сукутга чўмдук.“Гап энди бундоқ, диққат қил, дедим бадазон. Сан қарзимни элтган эрдим, деб ялғон гапурдинг. Аммо эков хотунинг бирла бийингни шу гапга ишонтирмоғимиз зарур. Дигар илож йўқ. Ман сан тараф ўтуб, суханингни тасдиқ этадурман, шул гапда маҳкам тур! Шундоқ йўл тутайликки, бу гапни иси чиқмасун. Зурриётимиз бирла бадном булурмиз, бала! Рўзғоринг вайрон бўлмоғидан бисёр қўрқадурман.
Ўйга келиб, хотун бирла келинни чорладим. Дедимки: “Кеча биз қаҳр -ғазаб устида андак ошириб юборганга ўхшайдурмиз. Найимбек экки ойлик ақча қарздор экан, ведомусни кўзум бирла кўрдум. Фикри кўтоҳимча, шу пулни олиб борган. Ниятбузуқлик бўлганми, йўқми – худо биладур. Анга бисёр зуғум этмайлук”. “ Мани зебигардонимчи?” сўроқ айлади келин ва дард бирла йиғлаб юборди. “Келинжон, вазмин бўлмоқ зарур, мулойим гапурдим. Мунинг ҳам тагига етгандакман. Ул заифа тиллошунос эрмиш: кўрсатмоққа элтган. Тиллони ҳам, тошни ҳам тоза нарса, дебду ва бугун нархи фалон ақчага ошганлигини айтибдур.
Бу ўйдурмаларимга келиним кўпроқ, завжам камроқ бовар қилди. Локинда шунинг ўзи кифоя эрди. Рўзғорга савуқлик тушиши, гап тарқалишини имкон қадар чеклаган эрдим. “Эмди, келинжон йиғламоқдан тин олинг ва ул заифани буюмларини чиқориб беринг. Элтиб топширурман. Бизга ҳаром муюм керак йўқ!
Эртаси боз вақти шом, хавотир аралаш ул жувоннинг эшигини қоқдим. “ Ман Найимбекнинг дадаси бўлурман, дедим мулойим авоз бирла, кеча тиллоларингизни ноҳақ олғон эканмиз, келтурдим.” Ул заифа эшик очди. Фикримча кўп йиғлаган эрди, қабоқларида шиш кўрунди. Раҳмим келди. “Дедимки, биз кеча жаҳл бирла андак бадқаҳрлик қилдук. Ман муюмларингизни кетурдум. Олинг!”
Шундоқ деб, анга тагдан назар ташладим. Ул хушқомат, хушрў, оқбадан эрди ва қиёфасида оврупоча ва осиёча рангу шамойиллар жобажо бўлуб, бисёр зеболиқ топғон эрди. Бир маҳал кўзум анинг аёқларига тушди ва беихтиёр Марямхонни ёдга олдим. Анинг ҳам аёқлари шундоқ бўлуқ, аппоқ, сонлари ларзон эрди, Меҳр, шавқ ва эҳтирос бирла аларни силар эрдим.
Шу фурсат ногоҳ фаҳмлаб қолдимки, чап елкамдаги шайтон мани фикримни бузмоқ ниятиндадур. Анга ҳай бердим ва хайр-хуш қилиб, чиқиб кетдим.
Йўлда давом берур эканман, хотиримга Москов бозорида бахту тахтимдан фол очган жўги занак тушди. “Агар бир рубл берсанг, бисёр ҳикматли гап айтурман, деган эрди ул. Ҳангоматалаблик ила кафтига бир сўм қўйдум. Ул деди: “Бегона заифа бирла танишмоқдан кўра, андин ажрашмоқ мушкул кечур. Хотунлар бисёр маккор келурлур. Огоҳ бўл!”
Эмди падарлаънат Найимбекимизни мана шу нозаниндан ажратиб олмоқ осон кечмас. Ул ҳанги қасамдан андеша қилмай, бу оҳанраболи даргоҳга муқаррар қайтиб келадур.
Қандоқ қилмоқ керакки, бу ташрифнинг иси чиқмасун.
Локин инсоф бирла гапурганда, шу аппоқ ва бўлуқ аёқлар, бежирим, ларсилдоқ сонларни, боз аниқроғи, навқирон, хушрў жувонни, лоақал бир кечага ҳам ялғуз қолдирмоқлик, гуноҳи азимдур.



Комментариев нет:

Отправить комментарий